Раҳимжон Ҳакимов. Давлатимиз рамзлари — шижоат ва ғурур манбаи

http://n.ziyouz.com/images/uzflag.jpgМустақил Ўзбекистоннинг давлат рамзлари халқимизнинг шон-шарафи, тарихий хотираси ва интилишларини ўзида мужассам этиб, шу азим юртда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур, ифтихор бағишлайди. Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов қайд этганидек, “Биз озод Ўзбекистон фуқаролари учун мустақилликнинг муқаддас рамзлари — Давлат герби, Давлат байроғи, Давлат мадҳияси азиздир. Улар маънавиятнинг энг муҳим тимсоллари ҳамдир. Улар она Ватан — Ўзбекистон Республикасига ифтихор ва чексиз ҳурмат туйғусини тарбиялайди”.

Шу боис, байроғимиз ёки гербимизга назар сол­ганимизда ёки мадҳиямиз янграганда биз руҳан жўшқинликни, азму шижоатимиз ошганини, қалбимизда ғурур ва буюк истиқболга ишонч туйғусининг кучайганини ҳис этамиз.

Миллий рамзларимизга бўлган ҳурмат-еътиборни сақлаш, улар тўғрисидаги қонунларни мукаммаллаштириш давр талабидир. Шу мақсадда Олий Мажлис Сенатининг ўтган йил 3-4 декабрда бўлиб ўтган тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун қабул қилинди. 2010 йил 25 декабрдан кучга кирган мазкур қонун мустақил давлатчилигимизнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлган давлат рамзлари тўғрисидаги қонунларни илғор халқаро тажрибага мослаштириш, бугунги воқелик талабларидан келиб чиқиб, уларни янада такомиллаштиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур қонунга мувофиқ “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг Давлат байроғини кўтаришга оид қоидаларни белгиловчи 5-моддаси ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Қонуннинг Давлат герби тасвирини акс эттиришга оид 4-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Уларда Давлат байроғини доимий равишда, байрам, сайлов ёки референдум кунларида, спорт майдонларида ва бошқа жойларда кўтариш, шунингдек, Давлат гербини давлат органлари биноларида, хизмат хоналарида, қонун ҳужжатлари бланкаларида, давлат органлари ва ташкилотларнинг муҳрлари ва ҳужжат бланкаларида, бошқа объект ва предметларда акс эттириш ҳолатлари кенгайтирилди ва аниқлаштирилди.

Маълумки, давлатимиз байроғида қўлланилган рангларнинг ҳар бирида ўзига хос мазмун ва аҳамият мужассам. Хусусан, ундаги оқ ранг тинчлик ва поклик тимсолидир. “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунга ана шу ранг­га тегишли тавсифларни кучайтириш мақсадида бир қатор қўшимчалар киритилди. Хусусан, қонуннинг 3 ва 4-моддаларидаги “Янги ой ва юлдузларнинг” сўзлари “Оқ рангли янги ой ва ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузларнинг” сўзлари билан, “Янги ой” сўзи “Оқ рангли янги ой” сўзи билан, “юлдузлар” сўзи “ўн иккита оқ рангли беш қиррали юлдузлар” сўзлари билан алмаштирилди.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунга янги 51-модда киритилиб, Давлат байроғи тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш тартиби мус­таҳкамланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаро ҳаво кемалари давлат реестри ёки Ўзбекис­тон Республикаси Давлат ҳаво кемалари давлат реестрига киритилган ҳаво кемаларига, шу билан бирга, Авиатсия маъмурияти ҳисобида турувчи экспериментал ҳаво кемаларига, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда автомототранспорт воситалари ва улар тиркамаларининг давлат рўйхатидан ўтказиш рақам белгиларига, Ўзбекистон Республикасининг асосий чегара белгисига Давлат байроғи тасвирини ифодаловчи белгилар қўйилиши ҳақидаги қоидалар акс эттирилди. Айни пайтда, Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан Ўзбекистон Республикасига тегишлиликни белгилаш мақсадида предметларда, ўқув-тарбия жараёнида, шунингдек, давлат мукофотларининг элементи сифатида фойдаланиш мумкинлиги назарда тутилди. Айнан шундай қоида “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирда баён этилган 4-моддасида — Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвиридан фойдаланишга нисбатан ҳам белгиланди.

Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида”ги Қонунга яна бир янги, 52-модда киритилиб, унда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи элементларини нодавлат ташкилотлар ҳужжатларининг реквизитлари ёки реклама материалларига киритилишига йўл қўйилмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг тасвири туширилган белгилардан ишлаб чиқарилаётган ёки реализатсия қилинаётган товарларни (ишларни, хизматларни) ўтказиш учун тижорат мақсадларида фойдаланиш ман этилиши, қолаверса, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг рамзлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғига ўхшаш бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги қоидалар белгиланди. Бу қоидалар “Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида”ги Қонуннинг 51-моддасида ҳам акс эттирилди.

Давлат рамзлари ҳақидаги қонунларни такомиллаштириш заруратига кўра “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонунга ҳам тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Хусусан, ушбу қонуннинг Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси ижро этилишини назарда тутувчи 3-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш чоғида — у қасамёд қабул қилганидан сўнг; Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сессияларининг ва Сенат ялпи мажлисларининг очилиши ҳамда ёпилиши чоғида; умуммиллий байрамларга бағишланган тантанали йиғилишлар ва мажлисларнинг очилиши чоғида; давлат телевидение ва радиоешиттириш компаниялари томонидан ҳар куни — кўрсатув ва эшиттиришлар бошланишидан аввал ва тугаганидан сўнг, кечаю кундуз кўрсатув ва эшиттиришлар олиб борилганида — соат 6 да ва соат 24 да, янги йил кечасида — соат 24 да; республика ҳаётидаги муҳим тарихий воқеаларни нишонлаш юзасидан, атоқли сиёсий, давлат, ҳарбий арбоблар, халқ қаҳрамонлари, фан, адабиёт ва санъат арбоблари шарафига ўрнатилган ҳайкаллар, шунингдек, монументлар, ёдгорликлар ва бош­қа иншоотларнинг очилиши чоғида; давлат органлари, бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган маросимлар ва бошқа тантанали тадбирлар вақтида Давлат байроғини кўтариш чоғида; расмий сафар билан юртимизга ташриф буюрган хорижий давлатлар давлат ва ҳукумат бошлиқларини кутиб олиш ва кузатиш чоғида — тегишли хорижий давлатнинг давлат мадҳияси ижро қилиб бўлинганидан кейин; ҳарбий маросимларни ўтказиш вақтида — Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг умумҳарбий уставларига мувофиқ; умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасаларида — янги ўқув йили бошланиши ва ўқув йили тугаши маросимлари чоғида; спорт майдонларида — Ўзбекистон Республикаси чемпионатларини, миллий терма командалар иштирокида халқаро спорт мусобақаларини ўтказиш вақтида ҳамда халқаро мусобақаларнинг Миллий терма командалар вакиллари бўлган ғолибларини мукофотлаш маросимларини ўтказиш вақтида ижро этилади.

Қонуннинг 7-моддасига киритилган ўзгартиш ҳам алоҳида эътиборга молик. Унга кўра, Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ҳозир бўлган кишилар мадҳияни тик туриб ва ўнг қўл кафтини кўкракнинг чап томонига қўйиб, ҳарбий ва давлатнинг бош­қа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди. Башарти, Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг кўтарилиши билан биргаликда амалга оширилса, ҳозир бўлган кишилар унга юзи билан бурилади.

Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзларига нисбатан ҳурмат-еҳтиромни кучайтириш, уларни асраш ва эъзозлаш мақсадида қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига янги 2031-модда киритилгани ҳам муҳим амалий аҳамиятга эга. Мазкур моддага кўра, давлат рамз­лари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг давлат рамзлари ҳақидаги айрим қонун ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун давлатимиз рамзларидан фойдаланиш масъулиятини ошириш, уларни янада қадрлаш ва улуғлаш баробарида мустақил давлатчилигимизнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Раҳимжон Ҳакимов,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти гуруҳ раҳбари, юридик фанлар номзод

“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).