ЮНEСКО эътироф этган кўҳна санъат

Озарбойжон маданияти ва тарихида ошиқ санъатининг алоҳида ўрни бор. Бу – назм, наср, рақс ва мусиқа уйғунлигидаги санъатдир. Демак, ошиқ шоирлик, хонандалик ва бастакорликни омихта этган ижодкордир.

Туркий халқларнинг айримларида халқ оғзаки ижоди намояндалари бахши деб аталиши маълум. Озарбойжонда эса соз жўрлигида қўшиқ ижро этувчи фольклор устаси ошиқ (aşıq) деб аталади.

Бу истилоҳ арабча “ошиқ” сўзидан келиб чиққан (ўзаги – ишқ), кейинроқ туркий тилга ўтган. ХII асрнинг улуғ мутасаввиф шоири Аҳмад Яссавий cўфий дарвишларини “ошиқлар” деб атагани бежиз эмас.

Озарбойжонда ошиқ санъати ХV-ХVI асрлардан нашъу намо топди. Аммо бу кўҳна санъатнинг илдизи Х-ХI асрларга бориб тақалади.

Ошиқлар асрлар давомида халқнинг орзу-умидлари, ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғуларини тараннум этиб келган. Бу санъат эпик достон ҳамда қаҳрамонлик, дўстлик ва муҳаббат мадҳ этилган, шунингдек, ижтимоий ҳаёт иллатлари ҳажв этилган сатирик, юмористик қўшиқларни ўз ичига олади.

Мутахассислар уни синтетик санъат деб баҳолайдилар. Негаки, ошиқ ўзи шеър ёзади, мусиқа басталайди, соз чалади ва ўзи рақсга тушади. Кўпинча ошиқ ижрочисига балабан ва пуфлаб чалинадиган чолғулар ансамбли жўр бўлади, лекин ошиқнинг асосий чолғуси бу – соз.

Бу санъатнинг энг кенг тарқалган жанри достондир. Босқинчиларга қарши мардона курашган Гўрўғли ҳақидаги достон айниқса машҳур. Қолаверса, “Асли ва Керем”, “Ошиқ Ғариб” каби муҳаббат қиссалари ҳам тилга тушган.

Мусиқа услубига баланд пардаларда куйлаш, тор ҳажмдаги оҳанглар, ритмик бадиҳагўйлик, банд-нақарот шакллар хосдир. Қолаверса, бу санъат турида импровизация (бадиҳагўйлик) муҳим ўрин тутади. Озарбойжон ошиқларининг ижро услуби ҳудудларга кўра фарқланади ва ҳар бир мактабнинг ўз анъаналари бор.

Ошиқлар нафақат яккахон, балки жамоа бўлиб ҳам ижро этган. Уларнинг репертуари фақат достонлар билан чекланиб қолмайди, у жанрларига кўра ранг-барангдир. Шеърлар эса одатда бешлик ёки иккилик шаклда бўлади.

Илгарилари ошиқлар чойхона, карвонсарой ва бозор майдонларида чиқишлар қилган. Бу санъат авлоддан авлодга ўтган.  Битта таронани турли ошиқлар турли услуб ва талқинда ижро этган.

Ошиқ санъатининг энг қизиқарли шаклларидан бири бу мусиқий-шеърий беллашувдир. Бунда иштирокчилар топишмоқ, савол-жавоблар орқали баҳсга киришади. Рақибига шеърий шаклда жавоб қайтара олмаган ёки топишмоқни топа олмаган мағлуб ижодкор ўз созини ғолибга топширган. Гоҳида мағлуб томон ошиқ унвонидан маҳрум этилган.

Замонавий Озарбойжонда профессионал ошиқлар икки тоифага бўлинади: ошиқ-ижрочилар ва ошиқ-шоирлар. Ошиқ-ижрочилар профессионал бахши бўлиб, шеърий ижод билан шуғулланмайди, аммо зукколиги, топқирлиги боис бадиҳагўйлик ила достонларга турли ўзгаришлар киритади. Ошиқ-шоирлар эса бахшилик ҳамда шеърий ижод билан шуғулланади. Озарбойжонда уларни “устодлар” деб аташади. Устодлар cирасида Қурбони (ХVI), Ошиқ Аббос (ХVII), Хесте Касум (ХVIII), Ошиқ Валех (ХVIII), Ошиқ Алескер (1821-1926), Ошиқ Ҳусайн (1875-1949) каби истеъдодли шоирларни санаш мумкин. Бу ижодкорлар нафақат ошиқлик санъати, балки Озарбойжон ёзма адабиёти ривожига катта ҳисса қўшган.

2009 йили Абу Дабида (БАА) ўтган ЮНEСКО машваратида озарбойжон ошиқ санъати Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган. Бундан ташқари, Озарбайжоннинг мақоми, келагайи санъати, тор чолғуси ҳамда гиламдўзлик ҳунари Инсониятнинг номоддий мероси рўйхатига киритилган.

C.Cалим

Шу мавзудаги мақолалар:

Озарбойжон ЮНЕСКО қўмитаси аъзолигига сайланди. 16.12.2015

Марко Полони ҳайратга солган Озарбайжон шойиси. 04.11.2015