Ўзбек тасвирий санъатининг баҳодири

Ўзбек тасвирий санъатининг Баҳодири дейилганда, бутун умри рангларга бағишланган, хаёлни ҳаётга, ҳаётни хаёлга йўғириб ижод қилувчи, табиат ва инсонни тасвирлар орқали тадқиқ қилувчи санъаткор, улкан тафаккур кишиси кўз олдимизда гавдаланади. Бир парча бўз матода ҳаётни парчаларга бўлиб акс эттира олиш, унда қалбга тугиб қўйилган энг муҳим даъватлар, чуқур-чуқур фикр ва туйғуларни чизиқлар тарамига сиғдира билиш моҳиятан на касб, на ҳунардир, балки бу – аслида ҳар кимнинг ҳам манглайига битилавермайдиган чинакам илоҳий бир рутба. Рассомлик деб аталган шундай улуғ рутба Ўзбекистон халқ рассоми Баҳодир Жалоловнинг умр аъмолидир.

Истеъдодли мусаввир Баҳодир Жалолов 1948 йилнинг 27 майида Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Унинг расм чизишга бўлган иштиёқи Беньков номидаги тасвирий санъат билим юртида таҳсил олишни бошлаган даврларидаёқ туғма уқувдан маҳоратга айланади. Шундан сўнг, у Россиянинг Санкт-Петербург шаҳридаги Илья Репин номидаги рассомлик, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институтида ўқийди ва уни 1974 йилда тамомлайди. Чингиз Аҳмаров, Абдулҳақ Абдуллаев, Рўзи Чориев, Мильников, Королев каби устоз рассомлардан касб сирларини узоқ ва астойдил ўрганади. “Масхарабоз Акром Юсупов” (1974), “Лаҳза ва мангулик” (Ўрол Тансиқбоев хотирасига бағишланган асар. 1977), “Халқ устаси кулол Ҳамро буви Раҳимова” (1975) каби портретлари рассом ижодининг кейинги муваффақиятлари дебочаси, десак бўлади. Тасвирий санъат сирларини қунт билан ўзлаштирган рассомнинг маҳорати унинг баракали ижодий фаолиятида аниқ-равшан намоён бўла бошлади. Шу билан бирга 1974 – 1980 йиллар оралиғида Камолиддин Беҳзод номидаги рассомлик ва дизайн институтида талабаларга тасвирий санъат сирларидан дарс берди ва шу ўқув юрти устахонасининг раҳбари бўлиб ишлади. Баҳодир Жалолов ижодининг мазмуни ҳақида сўз кетганида, унда асосан портрет ва маҳобатли рангтасвир жанрлари анчагина етакчи ўрин тутишини кузатиш мумкин. Рассомнинг ижодий йўли дастлаб портретлар чизишдан бошланган бўлса, кейинчалик бу йўналиш унинг ижодида фаол жанрга айланди. Рассом яратган академик Воҳид Зоҳидов, ўзбек халқининг суюкли санъаткорлари Комил Ёрматов, Малик Қаюмов, Муҳитдин Раҳимов, Акром Тошканбоев, Дамир Рўзибоевлар сиймолари унинг маҳорати орқали тасвирда абадийликка муҳрланди. Маҳобатли рангтасвирда Баҳодир Жалоловнинг маҳорати, айниқса, ёрқин намоён бўлди. У яратган рангтасвир асарларда мусаввир ижодининг ўзига хослиги, тафаккур ва тасаввур кенг­лиги, ҳиссиёт ва ҳаққоният ифодаси, миллийлик ва умумбашарийлик ғояси, шарқ ва ғарб услубларининг янгича уйғунлиги теран бадиийлик касб этди. Шу жумладан, Қарши мусиқали драма театри биносига, Чимён санаторийсига чизган деворий суратлари Баҳодир Жалоловнинг чинакамига машаққатли изланишларининг самараси бўлди. 1982 йилда “Баҳор” концерт зали фойесига ишланган “Рақснинг туғилиши” номли деворий сурати, шунингдек, Киночилар уйи деворига ишланган маҳобатли расмлари, 1987 йилда Қўқон театри фойесига ишлаган йирик асарлари Баҳодир Жалолов маҳоратининг энг баланд чўққиси десак, хато бўлмас. Айниқса, Тошкентдаги “Туркистон” санъат саройи деворига ишланган “Умар Хайём тушлари” маҳобатли сурати рассомнинг кейинги ижод намуналари орасида алоҳида ажралиб туради.

Кейинги йилларда рассом хорижий мамлакатларда ҳам довруғ қозона бошлади. 1988 йилда Баҳодир Жалолов Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридаги мактаб биносида ўзига хос деворий асар яратди, 1990 йилда Бельгиянинг Кортрейк шаҳрида “Кортрейк 200” туркум расмларини чизди. Рассомнинг турли мавзуларда ишлаган суратлари томошабинни ўзига мафтун қилиш баробарида уни ўйлантиради, улар замиридаги сирларни қидириб топишга ундайди. Унинг “Исфарада баҳор”, “Афғонистон – 83”, “Афғонистон тонги”, “Гул ва райҳон афсонаси”, “Бахт қуши”, “Нидо”, “Абадий ва навқирон Ҳиндистон”, “ХХI аср Мадоннаси” ва бошқа асарлари бунинг яққол далилидир.

Баҳодир Жалолов ўз соҳасининг чинакам ва бетакрор устаси, билимдонига айланган бир даврда мустақиллик йилларида унинг меҳнатлари, айниқса, муносиб қадр топди. Чунончи, рассом 1997 йилда Ўзбекистон, 1998 йилда Қирғизистон Бадиий академиялари академиги даражасига эришди. Ўзбекистон халқ рассоми унвонига сазовор бўлди. 65 ёшини қаршилаб турган машҳур мусаввир шу кунларда ҳам дунёнинг кўплаб мамлакатларидаги кўшку саройларни безаб келмоқда, ўз иқтидори билан Ўзбекистон тасвирий санъати шонини оламга ёймоқда. Баҳодир Жалолов оламшумул шуҳратга сазовор мусаввир сифатида, профессор Тилаб Маҳмудов таърифлаганидек, “ўз халқи тарихининг башарият тарихи билан ҳамоҳанг нуқталарини топишга ҳаракат қилган” ва бу борада муваффақиятларга эришган улкан истеъдод соҳибидир.

Мафтуна Муҳаммадаминова тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 5-сон