Италиялик машҳур бастакор, скрипкачи, беназир созанда Николло Паганини 1782 йил 27 октябрида Генуя республикасининг Генуя шаҳрида туғилди. У мусиқа романтизми асосчиларидан бири. Скрипкачилардан биринчи бўлиб 24 мусиқа ва 5 концертни ёддан ижро этган ноёб истеъдод соҳиби ҳам эди. У ҳақда улуғ композитор Ференц Лист шундай деганди:
“Ҳеч кимнинг шуҳрати унинг мавқеи билан, бирорта одамнинг номи унинг номи билан тенглаша олмайди… Унинг бебаҳо асарлари билан ҳеч кимнинг асарлари бўйлаша олмайди… Мен заррача ҳам иккиланмай айта оламанки, иккинчи Паганини туғилмайди. Бундай улуғвор истеъдод ва ўзига хос ҳаёт йўлининг уйғунлиги уни шуҳратнинг энг юксак чўкқисига кўтарди – санъат тарихида бу такрорланмас бирдан-бир ҳодисадир”.
Отаси Антонионинг денгиз портида кичик бир дўкони бўлиб, тижорат билан шуғулланарди. Аслида, у савдо-сотиқни ёқтирмас, мусиқачи бўлишни орзу қиларди. Мандолина ва скрипкада енгил халқ қўшиқлари ва лапарларини ижро этарди. Халойиқ эса олқишлар билан кутиб оларди. Аммо у тижорат, рўзғор ва беш болали оила билан ўралашиб, мусиқачи бўлолмади. Юрагида колган катта армон соғлигига ҳам таъсир кўрсатиб, жаҳлдор бўлиб қолди. Николлонинг онаси Тереза 17 ёшида ўзидан 7 ёш катта бўлган Антониога турмушга чиқиб, 10 йил мобайнида беш фарзанд кўришди.
Николло оилада иккинчи фарзанд бўлиб туғилади. Унда болалигидан мусиқани илғаш қобилияти кучли бўлган. Бир куни отаси мандолинада куй чалаётганда адашиб қоладию, тўрт яшар ўғли уни тузатишга ундайди. Шу чоғда у ўғлида ушалмай қолган орзуси рўёбини кўради. Николло 9 ёшга кирганда отаси мусика дарсларини кунига бир неча соатгача кўпайтиради. Боласининг “чарчадим” дейишига ҳам қулоқ солмай, тинимсиз машқ қилдиради.
Йиллар ўтиб, болада скрипкага қизиқиш, мусиқа асбобидан завқланиш ҳисси кучайиб борди. У бу мўъжазгина чолғу асбобини чап елкасига, даҳани остига тираганча матонат билан соатлаб қайта-қайта машқ қилаверарди. Кейинчалик у ўзининг ҳаёти ҳақида китоб ёзмоқчи бўлган Шоткага шундай деганди:
– Мен соз чалишдан жуда катта завқ олардим, бармоқларим учун қандайдир бутунлай янги пардаларни, ҳеч кимга маълум бўлмаган нуқталарни топишга уринар, одамларни ларзага соладиган товушларни чиқара олишга ҳаракат қилардим…
Ўғлига илк сабоқни ўзи берган ота кейинчалик уни Жованни Черветто исмли скрипкачига шогирдликка беради. Николло тез орада черков мусиқачилари сафида скрипка чала бошлагач, генуялик бастакор Франческо Ньекконинг назарига тушади. У эса ўз навбатида Николлога Жакомо Коста исмли скрипкачидан дарс олишни тавсия қилади. Николло Костадан ярим йил давомида ўттиз мартача сабоқ олади, холос.
Генуянинг жуда машҳур бир черковида ибодат пайти айтиладиган қўшиққа скрипкаси билан қўшилганда, унинг ижроси бутун жамоани ларзага солади. Эртасига ўша даврнинг “Аввизи” номли газетаси: “Ўн бир ёшли бир йигитча – синъор Николло Паганини томонидан бир гармоник мусиқа ижро этилдики, бу ҳаммада катта завқ уйғотди”, – деб ёзади.
Николло 13 ёшга кирган вақти эди. Ўша “Аввизи” газетасининг 1795 йил 25 июн сонида шундай эълон босилиб чикади:
“Келаси жума куни Сант-Агостино театрида катта концерт бўлади. Ёш бўлса ҳам скрипкани сайратиб юборадиган генуялик ватандошимиз Николло Паганини концерт беради. У энди машҳур ўқитувчи Александро Ролла раҳбарлигида ўз маҳоратини янада такомиллаштириш учун Пармага жўнаб кетмоқчи. Керакли харажатларни қоплаш имконияти йўқлиги сабабли, у ўз юртдошларини концертга таклиф қилади. Тингловчиларни завқлантира олишига умидвор бўлиб, ўз лойиҳасини амалга оширишда мадад беришларини сўрайди”.
Ушбу эълондан сўнг 31 июнда театр ихлосмандлари ҳузурида концерт беришга ҳозирланди. Онаси унга қора барқут костюм кийгазиб, юзлари чиройли кўринсин дея, ўсиқ сочларини бармоқлари билан жингалак қилди. Ота-она Николлони Сант-Агостино театрига олиб борди.
Ёш Паганини ўз концертига французларнинг инқилобий қўшиқларидай бир куйни ҳам қўшиб ижро этдики, бу унинг ўз ижодидан намуна эди. Унинг фавқулодда санъати ва маҳорати, айниқса, скрипкада ҳурликни ифодаловчи куйлари тингловчиларнинг қалбларини ларзага солди. Бу унинг биринчи улкан зафари эди. Ана шу концертдан кейин у скрипкасидан ҳеч қачон ажралмасликка қасам ичди ва унга абадий боғланиб қолди.
Паганини айни чоғда бир нарсани аниқ ҳис этди: агар у ўзини тўла-тўкис кўрсатмоқчи бўлса, скрипка учун ўзи куй ёзиши керак. Бировларнинг скрипка учун ёзган куйларини ижро этиш билан санъатнинг энг юксак чўққиларини эгаллаб бўлмас экан, деб ўйлади. У мусиқалар ёзиш, янгича ижро усулларидан фойдаланишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.
Бир марта ёш скрипкачи Флоренцияда концерт берганида шунчалик кўп пул ишладики, бу энди унинг оиласи иқтисодиётини кўтарибгина қолмай, Пармага бориб ўқишига ҳам етиб ортарди. Ўшанда ота-бола Паганинилар Парма сарой оркестрининг дирижёри, машҳур скрипкачи Александро Ролла ҳузурига йўл олишади. Ролла касал бўлиб, паришонхотир ётарди. Стол устида эса скрипка ва янги ёзилган ноталари … Николло беморнинг рухсати билан ўша скрипкада янги ёзилган мусиқани шундай усталик билан чалиб берадики, Ролла уни эшитиб: “Мен сенга ҳеч нарса ўргатолмайман. Йигитча, сен композитор Паэрга бор” – деди. Паэр уни яхши қабул килди, кунига икки марта сабоқ берди.
Паэр бир куни уни биргаликда мусиқа ёзишга таклиф қилди. Паганини бир дуэт ёздики, у билан танишган Паэр:
– Бунда биронта хато ҳам, камчилик ҳам кўрмадим, – дейди. Шундай қилиб, Паганини гоҳ она шаҳрида, гоҳ Пармада, гоҳ Флоренцияда концертлар бериб, шуҳратига шуҳрат қўшилаверди.
Паганини 17-18 ёшга кирганида ҳаётида муҳим ўзгаришлар юз берди. Классикларнинг асарларини чуқур ўрганишга аҳд қилди. Бундан ташқари у яшаш шароитини ўзгартириши, эркин ва мустақил бўлиши керак эди. Бу ахир санъати ва шахсияти тўла шаклланиши учун жуда зарур эди. Устига-устак Италияга Наполеон армияси бостириб кирди. Генуя шаҳри таслим бўлгач, 19 ёшли Паганини Луккага кўчиб ўтди. Лукка Италиянинг марказидан алоҳида республика эди. Бу ерда ҳам уни яхши кутиб олишди. У диний байрамлар, кўча намойишлари ва майдонлардаги ярмаркаларда скрипкасини кўтариб айланиб юрарди.
Бу ерда вазият бошқача эди. Тантаналарга қўшилгиси келди. Унга рухсат беришди. Шундан сўнг одамларнинг узлуксиз талаби билан 28 дақиқа концерт берди. Кўча байрамларида гитарачи бир аёлни учратди. Унинг завқ билан гитара чалишлари ва куйлар оламида ҳушини йўқотар ҳолга тушишлари Паганинини мафтун этди. Бутун олам ҳаракатдан қолгандай эди. Уларнинг ўртасида муҳаббат ришталари боғланди.
Паганини бу аёлнинг кимлигини умр бўйи ҳеч кимга айтмай сир тутди. Бундай тортинчоқлик ва сир сақлашларидан унинг ҳурматга лойиқ ва аслзода аёл билан боғланиб қолганлигини англаш қийин эмас. У ўзининг “Умр баёни”да: “Мен бу вақтда деҳқончилик билан шуғулланардим ва бир неча йил мириқиб гитара торларини чертдим”, деб ёзади.
Бельгиялик машҳур мусиқашунос олим Фетич билан суҳбатда, Паганини севгилиси кимлигини аниқ айтмасдан, фақат қаерда учрашиб туришларини айтади. У шундай деб ёзади:
“Паганини ёшлиги гуллаган ва ўз истеъдоди юксак даражада тан олинган пайтда бирдан скрипкадан аввалгидай завк олмайдиган бўлиб қолди. Унинг жўшкин муҳаббати аслзода бир жувонга аталди. Аёл ҳам уни севди ва ҳар иккиси хонимнинг Тосканодаги чорбоғида – хилват бир гўшада яшашди. Хоним гитара чаларди, бу созга Николлони ҳам ўргата бошлайди. Шу билан у уч йил гитара иштиёқида юрди, деҳқончилик, боғдорлик билан машғул бўлди.
Паганини бу вақтда гитара ва скрипка учун 12 та соната ёзади. Энг бахтли онларини хонимнинг ажойиб гўшасида ўтказади. Аммо кунларнинг бирида Паганини қайтадан уйғонгандек, ўз скрипкасини такрор қўлига олади. 1804 йилнинг охирида Генуяга қайтиб, яна мусиқа басталаш билан банд бўлади.
Паганинидан яккахон гитара ижроси учун 20 та асар, шунингдек, скрипка ва бошқа торли мусиқа асбобларига бир қанча асарлар мерос бўлиб қолди. У бир нота асарида: “Николло Паганини томонидан француз гитараси учун олти соната мелодияси (қисқача бир вальс)” деб ёзиб қўйган. Бошқа бир дастхатининг сўнггида “Очиғини айтаман бу – чин юракдан. Хушомад эмас”, – деган жумла ҳам ёзилган. Тадқиқотчилар, бу севишганларнинг аразлашиб қолганидан кейинги гаплар, – деб тахмин қилишади. Алоҳида бир қоғоз парчасида: “Кичкина телбаларча рақс” ёзувини ҳам топишган.
Скрипка ва гитара учун ёзилган дуэтлар орасида “Муҳаббат дуэти” ҳам бор. Унинг қисмлари эса “Бошланиш”, “Илтижо”, “Розилик”, “Ҳадик”, “Қувонч”, “Баҳс”, “Ярашиш”, “Муҳаббат белгилари”, “Кетиш хабари”, “Ажрашув” деб номланган. Бу асар муаллифнинг ўз севгилисига бағишлови эканлигига шубҳа йўк.
Аёл гитарасини бениҳоя яхши кўрган ва уни чалиб ўтиришни ҳаётининг мазмуни деб билган. Паганини уни хурсанд қилиш мақсадида скрипкасини қўйиб, гитара учун махсус куйлар басталаб берган. Унинг тўлқинланиб, бор маҳорат билан оҳангдор қилиб ижро этиладиган “Бешинчи соната”си гитара ва скрипканинг уйғунлашган дуэти, хоним билан Николлонинг интилишларини ифодалаган дейиш мумкин.
Бу гўзал аёлнинг гитарага муҳаббати Паганинининг ушбу чолғу асбобини ҳам жуда яхши ўзлаштиришига, гитаранинг имкониятларини ҳар томонлама ўрганишига сабаб бўлди. У давраларда бўйнида скрипка, тиззасида гитара билан ўтириб, ҳам гитара, ҳам скрипкани галма-гал чаларкан. Паганини скрипка чалганда, табиийки, чап қўлини ишлатмаган. Гитара чалганда эса чап қўлини ҳам чўзар, кўпроқ ишлатарди. Бу унинг соғлигини тиклашда катта ёрдам бўлган.
Аслзода аёл кимлигига келсак, у Николлодан бир неча ёш катта бўлиб, оиласи бор, йўқлиги маълум эмас. Ҳар не бўлмасин, у ўзининг юксак мавқеидан фойдаланиб, скрипкачи йигит билан бемалол яшаган, уни яхши кўрган ва асраб-авайлаган. Бу севги савдолари уч йилча давом этган. Паганини бутун ҳаёти давомида биронта аёлни бундай теран муҳаббат билан севолмаган. Умуман, ўзига бундай гўзал фазилатларни юқтирган биронта инсонни ҳаётида бошқа учратмаган. Бу аёл унинг учун муҳаббат ва надоматлар билан эсга олинадиган бирдан-бир малак бўлиб қолган.
Паганини кўплаб сайёр мусиқачилар сингари талай ишқий саргузаштларни бошидан ўтказган бўлса ҳам, ҳаётининг охирида ўзини ёлғиз ҳис қилади. У борлиғини скрипкага бағишлаган артист сифатида ҳеч қачон мукаммал бахт нашидасини тотиб кўрмаган. Бироқ, бутун инсоният унинг скрипкачилик ва бастакорлик фаолиятини миннатдорлик билан ёдга олади.
Италияда ҳар йили Паганини номидаги скрипкачилар мусобақаси ўтказиб келинади. Буюк скрипкачи ҳақида турли хил қарашлар ва фикрлар мавжуд. Шундай бўлишига қарамай, Паганини инсоният тарихида буюк скрипкачи сифатида абадий қолди.
Таниқли рус ёзувчиси Анатолий Виноградов Николло Паганинининг ижодий фаолияти ҳақида “Паганини қисмати” романини ёзди. Романда мусиқачининг ҳаёти ХVIII-ХIХ асрлардаги Европа, хусусан, Италияда мавжуд ижтимоий, ҳарбий-сиёсий вазият ва айниқса, диний бошқарув муҳитида акс эттирилган. Асар муаллифи бу даҳонинг фожиавий қисмати, руҳий олами, маънавий дунёсини бор зиддиятлари билан ҳаётий тасвирларда кўрсатишга ҳаракат қилган. Ушбу асар бир неча тилларга қайта-қайта ўгирилган. Аммо бу асарлар бастакор даҳосини билишга бўлган қизиқишларга тўла жавоб беролмайди.
Иззат Аҳмедов тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 10-сон