Умберто Эко. Постмодернизм, киноя, мамнуният

1965 йилдан то ҳозирги кунга қадар икки хил қараш очиқ-ойдин кўзга ташланарди. Бошқа ҳикоя қилинаётган адабиётда сюжет ичидан сюжет излаш ва у ҳикоя қилинувчи сюжетдан кўра кўпроқ муросасоз сюжет мавжуддек туюларди. Демак, исёнкорлик руҳида ҳам етарлича муаммоларга бой ва албатта, ёқимли роман ёзиш мумкин экан.
Америка постмодернизми назариётчиларининг фикрича, нафақат сюжет излаш, балки асар кўнгил овлаш вазифасини ҳам бажариши даркор.
Афсуски, “постмодернизм” атамасини қандай маъқул бўлса, шундай – исталган нарсага нисбатан қўллашмоқда. Гоҳо унинг маъносини ўтмишга олиб бориб тақашга уринишмоқда. Ҳолбуки, постмодернизм аввало баъзи ёзувчи ва санъаткорлар ижодида кейинги йигирма йил ичида кўрина бошлади. Кейин аста-секинлик билан аср боши, кейинроқ эса олис ўтмишга бориб тақалди. Яна олислашда давом этмоқда. Ҳатто Ҳомернинг ўзини ҳам постмодернист деб аташмоқда.
Умуман, постмодернизм шундай бир йўналишки, уни аниқ бир давр ёки замонга тақаб бўлмайди. Бу руҳий даража, аниқроғи, санъатга кучли иштиёқ, таъсир қилиш усули. Шуни айтиш мумкинки, ҳар бир даврнинг ўз постмодернизми мавжуд, худди шунингдек, ҳар бир даврнинг ўз услуби менимча, постмодернизм кўпроқ – маньеризмнинг замонавий муқобили бўлиб кўринади. Шундай ўйлашга тўғри келяптики, Ницшенинг “Бевақт туғилган мулоҳазалар” асарида тасвирланганидек, ўтмиш ва ҳар қандай давр изланишларида инқирозли лаҳзалар юз кўрсатяпти. Ўтмиш бизга талаблар қўяди, бизни эса қўйиб юбормайди, дўқ-пўписа қилади. Ўтган давр авангардизми ўтмиш билан ҳисоб-китоб қилишга уринади. Футуристларнинг шиори “Ой шуъласи йўқолсин!” – хоҳлаган авангарднинг типик дастури, ой шуъласини фақат бирор-бир арзийдиган нарсага алмаштирсагина бўлади. Авангард анъанавий образлиликни парчалайди: “Авиньонлик қиз” – типик авангардча ишора. Бундан сўнг авангард образларни парчалаб, тугатиб, мавҳумлик, шаклсизлик, тилка-пора бўлган бўз мато чегараларигача илгарилаб кетди. Меъморчиликда бу деворларни тўлдирадиган, ёдгорлик тоши кўринишидаги бино, асил параллелепипед кўринишидадир. Адабиётда бу нутқий камчилик оқими тўлиқ сукунат ёки тоза қоғозгача давом этмоқда. Мусиқада эса нооҳангдошликдан шовқингача, яъни тамомила жимликкача у намоён бўлмоқда.
Шундай лаҳзалар бўлдики, авангард (модернизм)га ҳеч қаерга бориш мумкин бўлмаганда, у ўзининг шахсий ва имконсиз нутқини яратди ва унда имкониятдан ташқари матнлар юзага келди. Постмодернизмнинг модернизмга жавоби ўтмишни тан олишдадир: ундан юз бурмаслик лозим, ана ўшанда биз тўлақонли жимликка эришамиз, гўллик билан эмас, унга кинояли тарзда қараб иш кўрамиз. Постмодернизмга муносабат худди инсонга, севимли инсонга муносабатдек бўлмоғи зарур. “Мен сизни телбаларча севаман”, деб айтолмаслигини билди. Яна у биладики, Лиала аллақачон шундай деб ёзган. Барибир чорасини топса бўлади. У айтиши мумкин эди: “Лиала айтганидек, мен сени телбаларча севаман”. Худди шундай ёлғон маъсумлик ҳақида очиқ фикр юрита туриб айтиши мумкин, энди маъсум суҳбатлар қуролмаймиз. У ўшандаёқ аёлга уни севишини, йўқотилган беайб вақт билан севишини айтганди. Агар аёл ўйинни давом эттира олса, бу тан олинган севги изҳори, деб қаралади. Ҳеч ким ўзини айбдор ҳис қилмайди. Иккаласи ҳам буни ўтмиш даъвати, ким томондандир айтилган ва енгилмас даъват деб билади. Иккаласи ҳам ақлу ҳуш ва мамнуният билан кинояни давом эттиради. Уларда яна муҳаббат мавзусида суҳбатлар қуриш имкони бор.
Киноя, нутқий ўйин, тўртбурчак оралаб ҳикоя қилиш. Шунинг учун ҳам модернизмда ким ўйин қоидасини билмаса, ўйинга қўшилолмайди ва оқибатда инкор қилишга ўтади. Постмодернизм қоидасига кўра ўйинни тушунмасдан ҳаммасини жиддий қабул қилиш зарур. Бу, шунингдек, киноянинг ҳам муҳим фазилатидир. Пикассо, Хуан Грис, Брак асарлари модернизмга хос. Шунинг учун ҳам уни оддий ўқувчи қабул қила олмади. Макс Эрнест асарлари постмодернизмга дахлдор. У ХIХ аср ўйма нақшларидан парчалар яратди. Уларни фантастик ҳикоя тарзида ўқиш, ўйма нақшлар қиссаси ва ҳатто айтиб берилган туш эканлиги ҳам англанмаслиги мумкин. Агар булар модернизм саналса, нимага Стерн ва Рабле постмодернизм намояндаси, Борхес очиқдан-очиқ шу йўналишга мансуб деб қаралади-ю, бошқа бир санъаткорда муроса қилишга тўғри келади, модернизм ва постмодернизм элементлари алмаштирилади. Мана, Жойсда нималар юз берганига эътибор қилинг. Унинг уриниш тарзида ёзилган “Портрет”и модерн руҳида. “Дублинликлар” ундан олдин ёзилишига қарамай, модернга яқинроқ. “Улисс” қайсидир чегарада. “Финнеган хотиралари” эса постмодернизм, кўпроқ постмодернизмнинг бошланиши. Уни инкор қилишдан олдин киноявий фикрларини тўғри тушуниш лозим.
Постмодернизм ҳақида аввалбошданоқ ҳамма фикрлар айтилган эди (Жон Бартнинг “Адабиёт ва ниҳоя” очерки, 1967 йил). Албатта, ҳаммаси ҳам постмодернизм назариясига тўғри келавермайди, ахир ёзувчи ва санъаткорларга бу постмодернизмга тўғри келади, буниси тўғри келмайди деб ёрлиқ илиб чиқиш шарт эмас. Мени унга хос бўлган қоидалар, постмодернизм назарияси сифатида олиб чиқилаётган фикрлар қизиқтиради: “Менинг идеал ёзувчим постмодернни таг-туби билан кесиб ташлашга уринмайди ва йигирманчи аср адабиётига мансуб оталарини, ўн тўққизинчи асрдаги боболарини инкор этмайди. Эҳтимол, бу ёзувчи Жеймс Мичинер ва Ирвинг Уоллес ўқувчиларининг эътиборини жалб этишни орзу қилмас. Улар оммавий фикрлар билан китобхон қалбига упа-элик суриб, пардозлаб бўлишган. Бироқ улар китобхон меҳридан, янада каттароқ аудиторияни қамраб олишдан умидвор бўлмоғи лозим. Бу каби санъат ишқибозларини Томас Манн илк насронийлар деб атайди…”. Идеал постмодерн роман реализм ва нореализм, формализм ва сюжетлилик, “адабиёт адабиёт учун” ва “таклиф адабиёти”, сара ва оммавий адабиётлар ўртасидаги кескин танқидни бардош билан енгиб ўтиши керак. Мен яхши жаз ва мумтоз мусиқани таққослаб кўрган бўлардим: қайта тингланаётганда ёки партитура ўқилаётганда олдинги гал илғанмаган жиҳатлар юзага чиқади. Бироқ энг биринчи галги тинглашни такрорига мослаштиришга тўғри келади. Бу мутахассис ва шинаванда учун ҳам бирдай ҳақиқатдир”. Барт 1980 йилда бу мавзуга ана шундай ёндошган эди, энди бу мақолани “Мукаммал адабиёт” деб номлади. Албатта, Лесли Фидлер каби бу мавзуга чуқурроқ ёндошиш, шубҳа билан қараш ҳам мумкин. “Калибано” журналининг 1981 йилги худди ўша сонида унинг очерки эълон қилинган, “Сояли чизиқлар” журналида унинг бошқа америкалик муаллифлар билан қилган мунозараси ўрин олган. Албатта, Фидлер уларга таклиф киритади. У “Сўнгги могиканлик”ни, саргузашт, готик услубдаги адабиётларни алқайди, танқидга нисбатан нафрат қўзғашини, бироқ афсона яратувчилар жуда кўп ўқувчилар авлодининг ўй-хаёлини банд этаётганига эътибор қаратади. Ошхона, меҳмонхона ё болалар хонасида бирдай қизиқиш ила мутолаа қилиш учун қачонлардир “Том тоғанинг кулбаси”нинг бошқачаси яратиладими, деб савол ташлайди. У Шекспирга шунинг учун ҳам дахлдорки, ким агар кўнгил овлаш иқтидорига эга бўлса, асарни “Шамолларда олиб кетилган” билан бир сафга қўя олади. У жуда зийрак танқидчи сифатида танилган, афсуски, ўзи ҳам бунга инонади. У шунчаки, санъат ва кўнгиловлар адабиётлар ўртасидаги деворни бузиб ташлашни хоҳлайди. Айни пайтда кенг китобхон оммаси эътиборини жалб этиш ва уларнинг орзулар мундарижасини бойитиш – демак, авангардчасига ёзмоқ демаклигини тушуниб туради. У бизга шундай имконият яратиб бермоқдаки, китобхон орзулар мундарижасини бойитиш – муросасозлик дегани эмас. Айтиш мумкинки, бу китобхонни янаям муккадан кетишга чорловдир.

Рус тилидан Гўзал Бегим таржимаси
«Жаҳон адабиёти», 2014 йил, 6-сон