Ноёб роллар эгаси (Лутфулла Назруллаев)

Ўзбек профессионал театрининг ташкил топиши ва унинг дастлабки санъаткорлари ҳақида гап кетганида, энг аввал ёдимизга Маннон Уйғур, Етим Бобожонов, Аброр Ҳидоятов, Обид Жалилов, Олим Хўжаев, Шукур Бурҳонов, Наби Раҳимов, Миршоҳид Мироқилов каби юксак истеъдод эгалари келади. Улар ҳа­қида гап кетганда эса, табиийки, санъаткорларнинг шоҳ роллари тилга олинади, ўзига хосликлари эътироф этилади. Булар орасида ўзига хос иқтидори, юксак салоҳияти билан танилган атоқли санъаткор Лутфулла Назруллаев ҳам бўлиб, таассуфки, бугунги кунда актёр номи бир қадар ёддан кўтарилгандай. Аслида эса, ўзбек театри ривожланишининг илк босқичини бу санъаткор фаолиятисиз, унинг ажойиб ижроларисиз тасаввур қилиб бўлмайди…

Лутфулла Назруллаев 1903 йилнинг 15 июлида Бухорода туғилган. Санъатга бўлган иштиёқи туфайли ўн саккиз ёшида Бухоро театри труппасига актёр бўлиб ишга киради. У ўзидаги кучли иштиёқ, қобилияти билан театрнинг таниқли санъаткорлари, хусусан, ўзи ташкил этаётган драматик труппа учун иқтидорли ёшларни тўплаётган Маннон Уйғурнинг эътиборига тушади. Улуғ театр арбоби Маннон Уйғур ёш актёрнинг меҳнатсеварлиги, роль устида тинимсиз изланиши, қаҳрамони ҳақиқатини топишга бўлган интилишига алоҳида аҳамият қаратади ва унинг ижодий ўсишига кўмаклаша бошлайди.

1924-27 йилларда Қозон театр техникуми ҳамда Москвадаги театр студиясида таҳсил олиб, актёрлик маҳоратини чуқур ўзлаштирган Лутфулла Назруллаев 1927 йилда Маннон Уйғур ташаббуси билан Олим Хўжаев, Ҳикмат Латипов, Шариф Қаюмов каби санъаткорлар қаторида Тошкентда – Карл Маркс номидаги драматик труппада ўз фаолиятини давом эттиради. Шуни таъкидлаш керакки, бу давр актёр ҳаётида янги босқични бошлаб берди. Айнан 1927 йилда театрнинг бош режиссёри этиб тайинланган Маннон Уйғур Лутфулла Назруллаев имкониятларини яхши билгани учун ҳам ундан самарали фойдаланишга ҳаракат қилади. Натижада актёр турли спектаклларда зиддиятли характерга эга бўлган, тақдири мураккаб, курашлардан қайтмайдиган образларни яратади. Лутфулла Назруллаевнинг ҳам миллий, ҳам жаҳон драматургиясига оид асарларда, турли жанрдаги спектаклларда бир хил маҳорат билан роль ижро этишида икки асосий омилни тилга олиш мумкин. Биринчиси, актёрнинг ташқи кўриниши. Унинг келишган қад-қомати, чақноқ кўзлари, қирра бурни ва чимирилган қошлари турли қиёфадаги образларни яратишида унга жуда қўл келган. Иккинчи омил эса, табиийки, унинг ижро маҳоратидир. Актёрда импровизация ниҳоятда кучли эди ва у табиатан қувноқ, ҳозиржавоб бўлгани учун спектаклларда роль ижро этиш жараёнида ўзидаги бу хусусиятдан унумли фойдаланган. У ҳар икки омилни бир-бирига шу қадар уйғунлаштира билганки, томошабин саҳнада актёрни тамомила қаҳрамони қиёфасида кўра олган. Жумладан, унинг Уйғун ва Иззат Султон қаламига мансуб “Алишер Навоий” спектаклидаги Ҳусайн Бойқаро образи ана шундай қаҳрамонлар сирасига киради. Бу спектакль борасида сўз кетса кўпинча Алишер Навоий қиёфасида – Аброр Ҳидоятов ҳамда Олим Хўжаев, Мажидиддин қиёфасида – Обид Жалилов номлари ёдга олинади. Яна бир етакчи қаҳрамон Ҳусайн Бойқаро образини яратган Лутфулла Назруллаев маҳорати ҳақида ҳам баланд пардаларда сўзлашга асос бор. Асар конфликти гарчи Навоий ва унга қарши бўлган Мажидиддин ҳамда Низомулмулк каби кучлар ўртасида содир бўлса ҳам, бу кураш, фитналарнинг барчаси Бойқаро образи оркали ўтиб келади. Драматургик асарда Бойқаро образи бироз иродасиз, билиб-билмай душманлар фитнасига учадиган, бўлаётган воқеаларни мушоҳада қилмай, кўр-кўрона иш кўрадиган қаҳрамон тарзида ифодаланади. Спектаклда актёр Лутфулла Назруллаев ижросида эса у тамомила бошқача қиёфа касб этади. Саҳна асарининг 1944 йилдаги дастлабки шаклида актёр қаҳрамонини маишатга берилган, иродаси суст бир ҳукмдор сифатида ифодалаган бўлса, асарнинг 1948 йилдаги иккинчи талқинида Бойқаро образининг ижобий томонларини кидиришга, унинг инсоний хусусиятларига урғу беришга ҳаракат қилади. Лутфулла Назруллаев бу образни бир муддат талқин қилган актёрлар – Шукур Бурҳонов ҳамда Асад Исматовлардан фарқли ўлароқ Бойқаро шахсини чуқурроқ ўрганишга ҳаракат қиларкан, унинг ёшлигидан Навоий билан дўст бўлганига, улар буюк салтанат қуриш, адолат ўрнатишдек улуғ мақсадларни амалга ошириш орзусида улғайганликларига эътибор қаратади. У дўсти Алишер билан орзу қилгани – Искандар ва Арастунинг ўзаро ҳамкорлигини ҳеч қачон унутмайди. Шу туфайли ҳам қийин вазиятларда Навоийга суянади, доимо унга эҳтиёж сезади. Бу эса, қанчалик хатоликларга йул қўймасин, Бойқаронинг тубанлик қаърида эмаслигини, фақат турли кучлар таъсиридан чиқиб кета олмаётганини билдиради. Шунингдек, Бойқаро – Л.Назруллаев Навоийнинг буюклигини яхши англайди. Яхши англаган ҳолда унинг буюклигига гард юқтирмасликка ҳаракат қилади. Бу йўлда у аламини ичига ютади. Дардини бировга айтолмай, аламини майдан олади. Зеро, душманлар энди унга ўғли Бадиуззамонни ҳам қарши қилиб қўйишганди. Тўғри, бир қарашда бундай курашларга дош беролмай ичкиликка берилган Бойқарони иродасизликда айблаш мумкиндир. Бироқ Л.Назруллаев қаҳрамонининг ўзига хос ҳақиқатини ифодалашга ҳаракат қилади ва Бойқарони қийнаётган дард тожу тахт учун бўлаётган курашларнинг беаёвлиги эмас, балки одамларнинг шу ҳукмронлик учун инсоний қиёфасини унутиб қўяётганида эканини роль ижроси воситасида кўрсатиб беради. Бир ўйлаб кўрайлик, инсонларнинг сохта қиёфалари, тинимсиз хиёнатлар, бу оламда ишончни оқлайдиган инсоннинг ўзи йўқлиги ҳақидаги ўй-хаёллар қайси виждонли киши юрагини зардобга тўлдирмайди? Йиғи келганда йиғлолмаслик, ожизликни қаҳри қаттиқлик билан яшириш, халққа ёрдам кераклигини англаб туриб, кўмак беролмаслик каби чорасизликлар Л.Назруллаев талқинидаги Бойқаро образида ўзининг ёрқин ифодасини топган. Шу боис ҳам Лутфулла Назруллаев мазкур роли учун спектаклнинг бир қатор ижодкорлари билан бирга СССР халқ артисти унвонига сазовор бўлди.

Актёрнинг театрда ижро этган қаҳрамонлари орасида Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” асаридаги Холмат образи ҳам алоҳида ўрин тутади. Аслида Солиҳбойнинг хизматини қилиб, унинг қарамоғида яшовчи Холмат Лутфулла Назруллаев талқинида ўзига хос айёр, муғомбир киши сифатида гавдаланади. Ширинсўзликни ўзига ниқоб қилиб, бойдан фойдаланувчи Холмат бойнинг хотини билан дон олишиб юради. Худди мана шу образ талқинида Лутфулла Назруллаевдаги импровизация маҳорати яққол кўринади. Зеро, айни бир саҳнада бир ҳолатдан бошқасига ўтиш йўлларини топа билиши, персонажлар билан муносабатда сўзларни ёдлаб эмас, балки вазиятдан келиб чиқиб ифода қилиши актёр маҳоратини белгилайди. Лутфулла Назруллаев ижросидаги Холматнинг характери спектакль воқеалари давомида ўзгариб боради. Асар бошида кун ўтказиш учун бойнинг хоҳишларига тилёғламалик билан кўниб келаётган Холмат асар сўнгига келиб зулмга қарши қатъий гапира оладиган қаҳрамонга айланади. Бу ҳақда академик Мамажон Раҳмонов шундай ёзган эди: “Назруллаев Холмат тимсолида ниҳоятда таъсирчан во­ситалар билан тор манфаатпарастлик дунёсининг қалин деворини ёриб, инсоний ҳақиқат томонига ўтган ажойиб софдил киши образини ярата­ди ”1

Лутфулла Назруллаевнинг театрда ижро этган Дадавой, Қосим ака (“Навбаҳор”, “Ҳуррият”, Уйғун), Оташ (“Муқанна”, Ҳамид Олимжон), Мадазим (“Икки коммунист”, Комил Яшин), Полоний (“Гамлет”, Шекспир) каби бошқа роллари ҳам эътиборга лойиқ. Уларда ҳам актёр бир-бирига ўхшамаган, ўзига хос қаҳрамонлар тимсолларини яратган.

Лутфулла Назруллаев кинода ун­чалик кўп роль ижро этмаган. Бироқ саноқли роллари билан ҳам у кино санъатида халқ эътиборини қозона олган. “Алишер Навоий” (режиссёр Комил Ёрматов) фильмидаги у яратган уста Жалолиддин сиймоси ўзига хос етук образлардан бири сифатида ўша давр томошабинлари хотирасида ёрқин из қолдирган. Актёр “Алишер Навоий” спектаклида шоҳ ролига муносиб кўрилган бўлса, мазкур фильмда унга Жалолиддин роли насиб этди. Унинг ижоди кишилар ёдидан фаромуш бўлди дегунча, тасмаларда қолган ушбу роль хотираларни жонлантиради. Истараси иссиқ, кўзларидан ақл чақнаб турган уста Жалолиддин – Лутфулла Назруллаев доим яхшилик томонида бўлган, унинг тантанаси учун ҳар қандай курашга тайёр халқпарвар инсон. У керак жойда душманга қарши қўлига қилич олиб, жангга чиқиши мумкин (Навоий ва Паҳлавонлар билан бирга шаҳзода Ёдгорга қарши аркка кириб бориш лавҳасини эсланг), зарур бўлса ўзи ёқлаган ҳукмдорнинг адолатсизлигига қарши халқни оёққа турғазиши, бу йўлда ҳеч нимадан тап тортмаслиги мумкин. Энг муҳими, уста Жалолиддин – адолат тарафдори. У шу жафокаш халқнинг осойишта ҳаёт кечиришини, ҳар ким ўз меҳнати билан умргузаронлик қилишини хоҳлайди. Дарвоқе, Жалолиддин роли ҳам актёрнинг Давлат мукофоти билан тақдирланишига сабаб бўлди.

Шу ўринда буюк театр ислоҳотчиси К.С.Станиславскийнинг “Ролнинг катта-кичиги бўлмайди, актёрнинг катта-кичиги бўлади”, деган сўзларида нақадар чуқур маъно борлигига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Зеро, айни бир асарда икки образни гавдалантирган ва ҳар иккаласи учун ҳам нуфузли мукофотларга сазовор бўлган Лутфулла Назруллаев, шубҳасиз, кичик ролларда ўз истеъдодини тўла намоён этаолган актёрдир. У қирқ йиллик ижодий фаолияти давомида бир-бирига ўхшамаган, турли жанрлардаги ўнлаб ролларни ижро этди ва ўз даври томошабинларининг олқишига сазовор бўлди. Замондошлари уни ўзбек театри саҳнасида ота ролларини энг кўп ижро этган актёр сифатида ҳам хотирлашади. Таассуфки, ҳозирда Лутфулла Назруллаев ижоди ҳақидаги манбалар кўп эмас. Вақт санъаткорнинг ноёб ижроларини олисларда қолдириб кетгандир, аммо бу ижроларнинг довруғи ҳамон яшаб келмоқда.

Бахтиёр Ёқубов тайёрлади

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон