Сюжет тушунчаси кино санъатига адабиётдан кириб келгани азалдан маълум. Айтиш мумкинки, яхлит воқеалар тизимига асосланган филмларнинг пайдо бўлиши кинони мустақил санъат тури сифатида шаклланишига замин яратди. Мавзуси, жанридан қатъий назар бугун ҳеч бир бадиий филмни сюжетсиз тасавур қилишнинг иложи йўқ. Таниқли кинорежиссёрлардан бири таъкидлаганидек, “Бадиий филм сюжети реал воқеликнинг шундай ифодасики, унда инсоннинг ички фазилатларини пайқаш ва юзага чиқариш имконияти мавжуд”. Дарҳақиқат, кино соҳасига қадам қўйган ижодкор борки, теварак-атрофни диққат билан кузатиб, ундан рангин жиҳатлар, бадиий тимсол ва характерлар топиш, ҳеч ким билмаган, эшитмаган воқеалар асосида қизиқарли, мазмундор сюжет яратишни орзу қилади.
Ҳужжатли ёки анимацион турдаги филмлардан фарқли равишда бадиий кинода сюжет бирламчи масала. Сабаби, илмий-оммабоп филмларда баъзан ҳужжатли-хронологик мезонлар, мултипликацияда эса шартлилик, компютер графикаси кучсиз сюжет ўрнини тўлдириб юбориши мумкин. Бадиий кинода эса бунинг уддасидан чиқиш қийин. Аслида бадиий филм суратга олиш бадиий асар ёзишдек нозик ижодий жараён бўлиб, режиссёр худди ёзувчи сингари бой хаёлоти, тасаввурини ишга солади. Бу борада сюжетнинг композицион яхлитлиги, воқеалар занжирининг изчиллиги, фабуладаги ҳар бир эпизоднинг ғоявий мақсадга қаратилиши филм муваффақиятини таъминловчи асосий мезондир.
Ўзбек ва жаҳон кино санъати тарихига назар ташласак, ноодатий услубга эга, фалсафий мушоҳадага чорловчи мураккаб, баъзида содда, тез “ҳазм бўлади”ган оммабоп сюжетларни учратамиз. Маълумки, ҳар бир мамлакат киноси ўзига хос мактабга эга бўлиб, суръатга олинадиган филмларнинг сюжети шу миллатнинг руҳияти, анъана ва услубларига таянади. Айтайлик, рус киноси драматик кескинликка мойиллиги, ҳинд филмлари романтик саҳналар, ижтимоий зиддиятларга асосланиши, француз картиналари эса экцентрик ҳолатлар, ғаройиб ҳодисотлар орқали кулги уйғотиши билан эътибор қозонган. Ўзбек киносига хос хусусият эса инсоннинг ички дунёси, ҳиссиётларини юзага чиқариш, тафаккур ва руҳиятини намоён этиш десак хато бўлмайди. Қолаверса, бизнинг кинода меҳр-оқибат, бағрикенглик, аҳдга вафо, садоқат сингари инсоний фазилатларни тараннум этиш яхши анъанага айланган. Уруш йиллари ўн тўрт етимга меҳр бериб, вояга етказган Маҳкамовлар оиласи ҳақидаги “Сен етим эмассан”, бутун қишлоқни ўз оиласи деб билган меҳр-мурувватли ўзбек аёлига бағишланган “Суюнчи” каби кўплаб филмларда бу жиҳат яққол кўзга ташланади.
Эътиборли жиҳати, мустақиллик йиллари суратга олинаётган филмларда сюжетнинг турфа шакллари, мазмун ва ифоданинг янгича услублари пайдо бўлмоқдаки, бу албатта миллий кино санъатимизнинг миқёси ва қамрови кенгайиб бораётганидан далолатдир. Бугунги киножараёнда кўплаб катта-кичик режиссёрлар сюжетга анъанавий ёндашувдан чекланиб, соф реалистик, фалсафий-рамзий, экцентрик, фантастик, руҳий-психологик жанрдаги филмларни суратга олишга интилаётгани муҳим ҳодиса.
Замонавий ўзбек киносида сюжетнинг оригинал, ўзига хос шакли таниқли кинорежиссёр Зулфиқор Мусоқов ижодида яққол кўзга ташланади. Режиссёрнинг “Абдуллажон”, “Бомба”, “Яратганга шукур”, “Кичкина табиб”, “Осмондаги болалар”, “Ватан” каби машҳур филмлари беғараз юмор орқали инсон ҳаётининг мураккаб жиҳатларини бадиий-таъсирчан ифодалай олиши билан ажралиб туради. “Ватан” филмида уруш домига тортилиб, барча орзу-ҳавасларидан мосуво этилган Қурбон исмли йигит тақдири мисолида халқимиз ҳаётининг оғир йиллари очиб берилган бўлса, миттигина болакайнинг ғаройиб мўъжизалар ила катталар қалбидаги иллатларни даъволаши “Кичкина табиб” картинасида қизиқарли воқеалар тизимида акс эттирилади.
Ижодкорнинг “Қўрғошин” номли филми яқин ўтмиш манзараларини қамраб олиши, реалистик ёндашув жиҳатидан режиссёрнинг аввалги картиналаридан фарқ қилади. Филм сюжетида одатий композициядан воз кечилган бўлиб, воқеалар собиқ раҳбар Рим Марлен (Т.Мусоқов) вафоти олдидан хотиралари ёзилган кундаликни ўғлига топшириши билан бошланади. Қатағонга учраб, шафқатсизларча отиб ташланаётган зиёли инсонларнинг ўйчан нигоҳидан тортиб, “доҳий”нинг вафотигача бўлган барча тафсилотлар Марлен кундаликлари орқали намоён бўлади. Бироқ асар воқеалари пайдар-пай, тадрижий изчилликда ривожланмай, гоҳо тескари, гоҳо такрорий фикрга ундовчи кадрлар, бетартиб саҳналар, мантиқсиз эпизодлар учраб қоладики, буларнинг бари мустабид даврнинг аянч манзарасидан ҳикоя қилувчи ўткир драмага маиший тус беради. Масалан, бош қаҳрамон Умар Қодиров (Б.Йўлдошев)нинг эри жангоҳдан тирик қайтган Гулбаҳор (Н.Каримбоева) билан сой бўйида гинахонлик қилиши, фронт ортида туриб, аёлига бирорта мактуб ёзмаган эрнинг азбаройи садоқатини исботлаш мақсадида қоятош янглиғ кўксига битилган хатларни ўқитиши каби эпизодлар умумий воқеалар оқимига боғланиб кетмайди. Ваҳоланки, сюжет талабларига кўра, воқеа асосини мантиқийлик, шакл аниқлиги ва ўзаро уйғунлик ташкил қилмоғи лозим.
“Қўрғошин”да давр ва муҳит манзарасига мос тушадиган бадиий қуйма образларнинг етишмаслиги сабаб ҳужжатли филмларга хос хусусият етакчилик қилиб, филм воқеалари ўтмишнинг мавҳум хотираларига айланиб қолгандек таассурот уйғонади. Аниқроғи, филмга тарихий ҳақиқатни ёрқин ифодаловчи бадиий сюжет, таъсирчан эпизод етишмайди. Ёдингизда бўлса, “Ватан” филмида урушдан тирик қайтган Қурбон хотини вафот этганини кўриб, аламини зўрға ютганча, камтарона лутф қилади: “Мени бир оз кутиб турмабсан-да, Гунафша. Юзингдаги сепкилларингни жуда соғинган эдим”. Томошабинни мутаасир қилиш, уруш келтирган фожиани ҳис қилиш учун шу биргина сўзнинг ўзи етарли, қий-чув бўлаётган жангоҳни кўрсатиш, совуқ қуролларнинг нохуш овозини эшиттириш ҳам шарт эмас. Негадир “Қўрғошин”да шу каби жонли, таъсирли лавҳалар кўринмайди.
Ўзбек киносида муаллифлик филмлари орқали сюжетга янгича ёндашаётган ижодкорлардан бири Ёлқин Тўйчиевдир. Режиссёр ижодида фалсафий-психологик образлар, мураккаб тўқима рамзлар, метафорага бой тимсоллар кўп учрайди. Масалан, “Орзу ортида”, “Чашма”, “Афғон” сингари картиналарнинг сюжети одатий талқинлардан фарқ қилади. Айниқса, сюжет композициясининг янгича тузилиши жиҳатидан “Илова” картинаси миллий кино санъатимизда чинакам воқеликка айланди. Филмда ташқи зиддиятлардан кўра ички драматизм кучли. Бош қаҳрамон Ҳамид (Н.Тўлахўжаев)нинг руҳий эврилишлари, пинҳоний ҳислари, онгу шуурида кечаётган изтироблар томошабинни чуқур мушоҳадага ундайди.
“Илова”нинг сюжети ниҳоятда мураккаб, тасаввурда сингиб кетиши қийин бўлган ранг-баранг эпизодлар асосига қурилганки, бу маъжозларни фаҳмлаш, илғаб олиш осон эмас. Мисол учун филмнинг машҳур “Жаконда” портрети билан бошланиб, якунда шу асар тасвирланган суратнинг шамолда тўзиб кетиши томошабинни чуқур мулоҳазага чорлайди. Шунингдек, кўча ўртасида одамларга сутра, тўсиқ бўлиб ётган тош, Минотавр ҳақидаги афсона, зулмат хонадаги ярми ёпиқ телевизорлар, шахмат ўйинининг қора доналар билан бошланиши каби рамзий ишоралар ҳам воқеалар ривожида муҳим ўрин тутади.
Айниқса, филм ечимининг афсона-мифлар асосида рамзий талқин қилиниши “Илова” сюжет жиҳатидан ноанъанавий шаклга эга эканини кўрсатади. Бир умр ҳаёт сўқмоқларида дарбадар кезаётган Ҳамид тақдирнинг чалкаш йўлларидан чиқиб кетиш истагида ҳовли ўртасидан ип тортиб, лабиринт ясайди. Барча-барчасидан халос бўлиш, “дод” солса дунёни титратувчи юрагини тўкиб солиш илинжида укаси меҳр бериб катта қилаётган буқани, яъни тасаввуридаги Минотаварни чавақлаб, гўё жирканч тутумларни шууридан қувиб чиқарадию, ботини покланиб, она қорнида шаклланаётган эмбрион, гўдак мисол ғужанак бўлиб кўрпа-тўшакда осуда уйқуга кетади. Субҳидамда, оқ яктакда уйғониб, оиласи билан яхши кайфиятда, ажиб табассум ила нонушта қилади. Филмда оддий кўз билан кўриш қийин бўлган бу каби рамзий лавҳалар талайгина.
Катта авлод ижодкорлари ортидан миллий киномизга кириб келган истеъдодли режиссёр Аюб Шаҳобиддинов ҳам сюжет борасида одатий андозалардан қочишга, фалсафий-романтик, руҳий-ботиний тасаввурдаги филмларни суръатга олишга ҳаракат қилмоқда. Унинг бу йўлдаги изланишлари илк бор “Ўтов” картинасида яққол кўринганди. Таъкидлаш лозимки, филмда шарқона тарбиянинг инсон аслиятини поклашдаги ўрни ҳар бир деталда ишонарли очиб берилган.
Аюб Шаҳобиддиновнинг ёзувчи Эркин Аъзам сценарийси асосида суръатга олинган “Паризод” филми ҳам турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Адабий матннинг пухталиги, поэтик ташбеҳ ортидаги залворли фикрлар, кинобоп тимсоллар мавжудлиги режиссёр сценарий танлаш бобида тўғри йўл тутганини кўрсатади. Шу билан бирга, режиссёр киноқиссадаги юксак хаёлотни кино тилига кўчиришда сюжет имкониятларидан тўлиқ фойдаланган деб бўлмайди. Мисол учун, тилсиз-забонсиз Паризоднинг руҳиятида қандай сир яширин экани, маъсума қизнинг туриш-турмуши мавҳум бўлиб қолган.
А.Шаҳобиддиновнинг нафақат адабий, балки режиссёрлик сценарийси асосида суратга олинган “Кечиккан ҳаёт” ва “Турист” филмларида воқеалар сунъийликка қурилиб, қаҳрамонлар табиати, феъл-атвори нотабиий экани сезилиб қолган. “Кечиккан ҳаёт”да Шаҳодат (Д.Кубаева) ва Гамлет қассоб (Б.Йўлдошев)нинг ўзаро танишиб, оила қуриш жараёни шунчалик тез, тушунарсиз кечадики, натижада воқеалар сохталашиб, сюжетдан табиийлик йўқолади. Пичоқ билан боғлиқ рамзий детал мақсадли топилиб, инсоният бошига ўлим, кулфат солувчи совуқ қурол эмас, меҳр, самимият, турмуш ришталарини боғловчи восита сифатида хизмат қилган. Аммо мазкур ишора фақат Шаҳодат ва Гамлет қассоб қисматига дахлдор эканлиги, Отелло лақабли йигит фитратига монанд фалсафий кўримларнинг йўқлиги сюжет мазмунини хира торттирган. Яқиндагина тақдимоти бўлган “Турист” картинасида ҳам шу каби муаммолар мавжуд. Руҳшона исмли қизнинг кўринишидан ҳиндга ўхшаб кетувчи йигит билан танишиб қолиши нотабиий чиқиб, бу воқеаларнинг кейинги ривожига мантиқий асос яратмаган.
Шундай филмлар борки, уларнинг сюжети руҳий майлларни жунбушга солиб, ҳаётий рангинлик, бахтиёр лаҳзалардан йироқ, тунд кайфият, тушкун манзара, беаёв зарбалар ила томошабинда ачиниш ҳиссини уйғотади. Ҳотам Файзиевнинг “Ёзсиз йил” филми фикримизга мисолдир.
Шуни ишонч билан айтиш мумкинки, филмнинг муваффақиятини айнан таъсирчан сюжет таъминлаган. Ёз билан боғлиқ маъжоз филм қаҳрамонлари, айниқса, Собир тақдирида муҳим ўрин тутади. Маълумки, ёз инсон умрининг навқиронлик пайтига қиёс қилинади. Собир эса йигитлик завқидан маҳрум, гўё ёздан бенасиб. Шу сабаб унинг йиллари ёзсиз, ҳаёти эса нурсиз, зиёсиз. Умид, тасалли берувчи ширин ёлғонларни севади, қопа-қора, зулмат кўчалардан миттигина нурни ахтаради. Таассуфки, фалакдаги беадоқ юлдузлар орасида унинг юлдузи порламайди. Хаста вужуд, шикаста, қалб тузалмайди. Барча ёзғириш, изтироблар аёзли қор бағрига сингиб, муздек сувга, аниқроғи юм-юм ёшга айланиб эриб кетади. Филм сюжети таъсирчан эпизодларга бой, воқеалар динамикаси, қаҳрамонлар тақдири томошабинни ҳаяжонга солади. Беихтиёр ўша оғир муҳитга тушиб қолиб, Собирнинг дардига елкадош бўлгингиз келади. Энг муҳими, бахтли лаҳзалар, ёшлик йилларининг қадрига етасиз.
Давлат буюртмасига асосан суратга олинаётган филмларда сюжет яратиш борасида ўзига хос изланишлар кечаётганини эътироф этиб, хусусий киностудиялар томонидан суратга олинаётган филмларда сюжет кулгу ва тақлид замирига қурилаётгани, мантиқсиз, ишонарсиз кадрлар кўпайиб, кинонинг бадиий жозибаси сусайиб бораётганини таъкидлаш зарур. Лондонда ўқиган қизнинг қишлоқлик йигитни мазаҳ қилиб, сўнгра севиб қолишига бағишланган “Ёндиради, куйдиради”, банан қидирувчи мумсик йигитнинг саргузаштидан сўзловчи “Тундан тонггача”, шаҳарлик олифта қўшиқчининг тўқимфеъл қишлоқи билан “борди-келдиси” ҳақидаги “Мен юлдузман”, одам деса одамга, руҳ деса руҳга ўхшамас, ерга тушавериб, фалакни бездирган “Севги фариштаси”, синашта эр-хотиннинг ўйинлари асосига қурилган “Эр бермоқ, жон бермоқ” каби филмлар бадиийлик жиҳатидан сюжет талабларига жавоб бермайди. Ғарб ёҳуд ҳинд филмларининг сентиментал, ғоявий саёз кўчирмаларини ёдга солувчи мазкур “ижод” намуналарида мағзи тўқ, оргинал сюжетнинг йўқлиги кундек равшан.
Агар кинони яхлит организмга қиёс қилсак, сюжет унинг қон томирлари, юрак тепкиларини белгилаб берувчи асосий омилдир. Табиийки, тана бўйлаб қон меъёрида айланмаса, инсон саломатлиги издан чиқади. Агар сюжет ишонарсиз, ҳаётийликдан йироқ бўлса, филмнинг бадиий савиясига жиддий шикаст етади. Камқон одамнинг юзидан ранг қочганидек, филм мазмун-моҳияти ҳам хира тортади. Демак, сюжет табиийлигига эришиш кино санъати учун муҳим мезон.
Жаҳон кино амалиётида сюжетни баён этишнинг турли кўринишлари мавжуд бўлиб, у баъзан кучли зиддиятлар, драматик тўқнашувлар, баъзида эса ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган оддий воқеалар замирига қурилади. Шу жиҳатдан ўзбек киноси жаҳон экранларини забт этишини истасак, суръатга олинаётган филмлар сюжетини бойитишимиз, устозлар сабоғи, дунё киноси тажрибасидан унумли фойдаланишимиз лозим. Шу билан бирга айрим Болливуд ёки Голливуд филмларига тақлидий ёндашувдан қочиб, сюжетнинг ҳали кўрилмаган, фавқулодда талқинини ўзимиз яратганимиз маъқул. Тўғри, кино пайдо бўлган дастлабки даврларда сценарий тушунчаси бўлмаган, сюжетга бўлган эҳтиёж эса адабий асарлар воситасида қондирилган. Машҳур француз режиссёри Андре Базен таъбири билан айтганда, “Ёш гўдак кимгадир таяниб оёққа турганидек, кино ҳам ўз тараққиётининг илк паллалари адабиётга таяниб, қаддини тиклади”. Бугун кино том маънода оёққа туриб бўлди. Демак, энди унинг ижодий пойдеворига айланган сюжет тушунчасига жиддий эътибор қаратиш, мухлисларга воқеалар тизими бир-бирига ўхшамас, бадиий салмоғи бақувват кино асарлар тақдим этиш давр талабига айланди.
Шоҳруҳ Абдурасулов
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 25-сонидан олинди.