Ҳамидулла Акбаров. Қувонч ва ташвишлар

Ўзбек киноси жаҳон миқёсида шуҳрат қозониши “Тоҳир ва Зуҳра”, Хўжа Насриддин ҳақидаги фильмлардан бошланган. Бу тасмаларнинг ижодкори режиссёр, сценарийнавис, актёр, ўлкамизда кино ишлаб чиқариш саноатини ташкил этган Наби Ғаниев қисқагина (49 йил) умр кўрган. Унинг бир қисмини зиндонда, кейин эса НКВД вакилларининг назорати остида ўтказган…

Наби Ғаниев ижодига бағишланган рисолада профессор Ҳамидулла Акбаров бу санъаткорнинг фаолиятини ўша даврда ҳукм сурган кинематографик муҳит билан боғлаган ҳолда кўрсатишга жазм қилган. “Ижод дунёси” нашриётида чоп этилиш арафасида бўлган мазкур қўлёзмадан олинган парчани журналхон эътиборига ҳавола этдик.

Мен, Ғаниев Наби, Тошкентда 1904 йили қассоб оиласида туғилганман. Отам 1925 йилга қадар қассоблик қилганлар, сўнгра менинг қарамоғимга ўтганлар. Онам уй бекаси эдилар. 1915 йили вафот этганлар. Отам 1942 йили оламдан ўтганлар.

1917 йилга қадар диний мактабда ўқидим. Октябрь инқилобидан кейин биринчи совет мактаби – “Намуна”да таҳсил кўрдим. 1920 йили тугатиб, бадиий ўқув юртида таълим олдим. Сўнгра ўқишни давом этдириш ниятида Москвага кетишга қарор қилдим. Отам рози бўлмадилар. Сўзимдан қайтмадим. 1921 йили ВХУТЕМАС га ўқишга кирдим. Уни 1925 йили тугатиб, Тошкентга қайтдим. 1924 йилнинг декабрь ойида Туркистонда миллий-давлат чегараланиши амалга оширилганидан кейин Тошкентда “Ўзбеккино” таъсис этилди. Шу кундан бошлаб умрим ўзбек кинематографияси билан боғлиқ бўлди…

Наби Ғаниев”.

Н.Ғаниев ёзган, имзо чеккан “Таржимаи ҳоли” шундай бошланади. Кўк сиёҳда рус тилида ёзилган бу муҳим ҳужжат биринчи марта эълон қилинмоқда. У 1952 йилнинг 22 сентябрь куни ёзилган. Буни қарангки, орадан бир йил-у, бир ой ва бир ҳафта ўтгач, Наби ака бандаликни бажо келтирганлар. Бинобарин, бу – уч ярим саҳифадан иборат “Таржимаи ҳол”да бир умрга, ижодга якун ясалган. Унда бизга номаълум бўлган фактлар келтирилган. Наби ака ёзган ва 43 йил давомида Маҳсума ая (Н.Ғаниевнинг рафиқалари) қўлида сақланиб келинган бу ҳужжат кўп тахминларни текшириб кўришга, маълумотларни аниқлашга ёрдам беради.

Демак, Н.Ғаниев 21 ёшида Москвадан қайтганида “Ўзбеккино” ташкил топган, ижодий режаларга тўлиб-тошган йигитча унинг биринчи директори этиб тайинланган. Ўша муҳитни, Шайхонтоҳурнинг кўринишларини, кино ширкатининг кундалик ҳаётини тиклаш бизга жуда қизиқарли туюлди. Наби ака ўз мақолаларида бу ҳақда ҳеч ёзмаган. Шу боис матбуот саҳифаларини қайта-қайта варақлаб, ўрганиб, айрим маълумотларни топдикки, улар Наби Ғаниев кино ширкатига кириб келган кунларга бирмунча тавсиф беради. Мазкур мақолаларни келтиришдан олдин қуйидаги маълумотларни беришни зарур деб биламиз: “Ўзбеккино” фильм ишлаб чиқариш билан бирга кинолаштириш (яъни шаҳар ва қишлоқларда кино томошалари қўйиладиган биноларни қуриш, таъмирлаш, сайёр кино гуруҳларини вилоят ва туманларга юбориш) ҳамда фильмларни ижарага бериш билан ҳам шуғулланган. Айни вақтда аҳолига маиший хизмат қилишни ҳам йўлга қўйган. Бу юмушни қисман маҳаллий миллат вакиллари бажарган. Кино ишлаб чиқариш билан эса марказдан ва айрим республикалардан келган режиссёрлар, операторлар, актёрлар банд бўлганлар.

“Ўзбеккино”нинг биринчи асари – “Пахтаорол” 1925 йили яратилгани ҳам бу кино ширкати баҳор ойлари ташкил топганидан далолат беради. Зеро, сценарийни тайёрлаш, уни Москвада тасдиқланиши, маблағ топиш, фильмни ишлаб чиқаришга тушириш, ниҳоят монтаж қилиб тайёр бир ҳолатга келтириш учун камида ярим йил зарур бўлган…

Ўша кунлардаги кинофабриканинг аҳволи ҳақида янада тўлароқ ахборот бериш, бинобарин, Наби Ғаниев ўш даврда ижодий, инсонийлик жасоратини кўрсатганини исбот этиш ниятида “Ер юзи” журналида 1926 йили чоп этилган яна бир мақоладан лавҳалар келтирамиз: “Ҳозир Ўзбекистон давлат кинотрести ижарачиликдан ташқари ўзининг ҳосилини чиқариш ишларига ҳам уринади… Бу ишни хурсандчилик билан қарши олишдан бошқа айтадиган гапимиз бўлмаса керак. Албатта, биринчи даврларда Ўзбекистоннинг шароити юзасидан кенг ишлаб чиқариш ишларига киришиш мумкин эмас. Ўзимиздан киноартистлар, усталар чиқмагунча биз ўз тирикчилигимиз ва ўз турмушимизнинг чинакам тарзини… киноленталарда кўрсата олмаймиз… Ўзбекистон кинотрести ҳам бир чеккада шундай тайёрлик ишларига киришиб бормоқда. Ўзимиздан киноартистлар чиқариш ва кино асарлари ёздириш йўлида ҳаракатга тушди…”

Муштарий кинода ижод эта оладиган ижодий-техник кадрларга катта эҳтиёж мавжудлигини қайд қилади ва актёр, сценарийнавис, кино ишлаб чиқариши ходимларини тайёрлашни биринчи галдаги вазифа деб биладики, бу ҳол жамоатчилик кино ишларидан воқиф эканлигини, унинг истиқболи ҳақида қайғурганини кўрсатади. Наби Ғаниевнинг ўша кунлардаги фаолиятини ўргансак, бу масалага у янада кенгроқ қараганини кўрамиз. Ёш директор аввало ўзбек фильми ўзбекона, халқчил ва ҳаққоний бўлишига эришишни мақсад қилиб қўяди. Иккинчиси – бевосита образ яратадиган санъаткор – актёр танлашга, у билан ишлашга алоҳида аҳамият беради. Шу ниятда у кино ширкатига маҳаллий халқ вакилларини тортади. Баъзиларига рол беради, баъзиларидан ишлаб чиқаришда фойдаланади. Уларни тарбиялайди ҳам. Талабчанлик қилади. Яқиндагина Москвада тасвирий санъат сирларини ўрганиб қайтган Ғаниев кинонинг имкониятларини кўра билади, улардан фойдаланиш йўлларини излайди. Шу боис у директорлик лавозимида ҳам ишлайди, миллий масала бўйича маслаҳатчи ҳам бўлади, режиссёрга ёрдамчи сифатида фаоллик кўрсатади, ижрочилик санъатига меҳр қўяди. Роллар ўйнайди. Истеъдодини намойиш этади.

Н.Ғаниев ва унинг ҳамкасблари учун ўша пайтлар суратга олинаётган фильмлар ижодий мактаб ролини ўйнайди. Уларнинг ёнларида катта санъаткорлар бўлмади. Меҳрибон устозлар ҳам. Кино яратилиши жараёнининг ўзи катта бир дорилфунун хизматини ўтади. Наби Ғаниев Бутуниттифоқ санъат бошқармаси бошлиғи Кержанцевга йўллаган хатида бу ҳақда очиқ ёзади. Мактуб 1937 йили Москвага юборилганини эсласак, Наби аканинг жасоратига қойил қоламиз. “…Ўзбек киноси 1925 йилдан бошлаб ривож эта бошлади. Бу янги санъатни ўзлаштириш даври оғир ўтди. Бошқа жумҳуриятлардан таклиф этилган режиссёрлар аввало пул кетидан қувдилар. Улар миллий кадрларни тарбиялаш борасида ҳеч қандай иш олиб бормадилар. Бундан ташқари Ўзбекистонга 1935 йилгача ташриф буюрган режиссёрларни бугунги кунда кинематографчилар рўйхатидан топа олмайсиз. Сабаби – уларнинг дунёқараши, совет кинематографиясига бўлган муносабати тўғри келмаслигида. Шу боис фаолиятимнинг илк палласида мен кинонинг фақат техникасини ўзлаштиришга эришдим…”, – деб ёзган эди Н.Ғаниев Бутуниттифоқ санъат Бошқармаси бошлиғи Кержанцевга йўллаган хатида.

Дарҳақиқат, “Пахтаорол” да ҳам, “Бахт қуёши”да (1926) ҳам чуқур бадиий таҳлил эмас, дидактика, примитив сюжет, юзаки образлар кўзга ташланади. “Пахтаорол”нинг яратилишида Н.Ғаниев режиссёр ассистенти сифатида иштирок этгани ҳам маълум. Шу билан бирга “Бахт қуёши”ни бир шахс (Н.Шчербаков) муаллиф, режиссёр ва оператор сифатида яратгани ҳам маълумки, бу ҳол ўзбек санъаткорининг келгиндилар “ижоди” ҳақидаги мулоҳазалари муайян асарларга, уларнинг яратилиши тарихига асосланганини тасдиқлайди.

Худди шу даврда студияда раҳбар сифатида фаолият кўрсатган Наби Ғаниев бадиий кино ва хроника, кинопублицистика ўртасидаги тафовутни ёдда сақлаган кўринади. Агар “Пахтаорол”да кўпдан-кўп ҳужжатли кадрлар учраган бўлса (жумладан, унга байрамнинг нишонланишини кўрсатувчи лавҳалар ҳам киритилган эди), кейинги бадиий фильмлар актёрлар иштирокида, кинонинг мустақил соҳаси талабларига биноан суратга олиниши учун шароит яратилди.

Наби Ғаниев умрининг охиригача бу масала билан шуғулланди. Ўзи ҳам сценарий ёзди (“Ҳокимият кимники?”, “Лотинташтириш”, “Рамазон”, “Фарғона қизи”, – М.Мелкумов билан бирга), ёзувчиларни кинога тортди (Абдулла Қодирий билан “Ўткан кунлар” устида ишламоқчи бўлди, Зиё Саид билан “Қосимовчилар” сценарийси устида ишлади, Комил Яшин билан “Номус ва муҳаббат” сценарийсини тугаллаганини газеталар хабар қилди, Собир Абдулла билан “Тоҳир ва Зуҳра” афсонаси устида ишлади, “Алпомиш”ни экранга кўчириш йўлларини излади. Шунингдек, А.Қаҳҳор, Ғ.Ғулом, С.Аҳмад билан яқин алоқада бўлди). Лекин ҳамиша ҳар ким ўз касбини мукаммал эгаллаши зарурлигини, ҳар ким қўлидан келадиган иш билан машғул бўлиши зарурлигини, хусусан, сценарийни адиблар, кинодраматурглар ёзиши кераклигини турли минбарлардан айтиб келди. Бу масала ҳозир ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Зеро, сценарий танқислиги, ёзувчилар эмас, режиссёрлар ҳам қўлга қалам олишлари ҳеч кимни ажаблантирмай қўйди. “Режиссёр драматург эмас. У сценарий ёза олиши шарт эмас. Мен сценарий ёзилишида иштирок этишимнинг бирдан-бир сабаби шундаки, киностудияга ёрдам бергим келди. Кинодраматургларнинг йўқлиги бинобарин, сценарий танқислиги кино ишлаб чиқариш йўлидаги энг катта тўсиқдир…” – деб ёзди Москвага йўллаган бир хатида.

Наби Ғаниевнинг бундай мураккаб масалаларни теран тушуниб етиши, кинонинг фалсафий, ғоявий, ҳаётий асоси адабиёт бўлишига ишонишида унинг билими, зеҳни, узоқни кўра билиши ҳал қилувчи омил бўлди, албатта. Шу билан бирга, Ғаниев вояга етганида ўлкамизда ажойиб адабий муҳит вужудга келган эди, буюк адибларнинг ўлмас асарлари жамоатчиликка етиб бораётган, “шов-шув”ларга сабаб бўлаётган пайт эди. Абдулла Қодирийнинг романлари, Чўлпоннинг шеърияти ва насрий асарлари, Фитратнинг ўйлари, Ғулом Зафарий, Ғози Юнус, Усмон Носир, Боту… Шундай зотлар чақмоқ каби “ялт” этиб ёнган дамлар эди. Улар тезда ўша чақмоқ каби кўздан ғойиб бўлдилар. Замон сиғдира олмади уларни. Лекин чарақлаб оламни бир зум бўлса-да, ёритган ўша чақмоқ ҳар кимга ёруғлик ато этди, хотирада қолди.

Наби ака шундай зотлар билан ҳамфикргина эмас, яқин дўст ҳам эди. Маҳсума ая умр йўлдошлари билан бир неча бор Абдулла Қодирийнинг Самарқанд дарвозадаги боғларига борганларини эслайдилар. Адиб ҳибсга олинганида эса уни озод этиш ҳақида кўп ўйлаганлари, дўстлари билан маслаҳат қилганларини уларнинг фарзандлари Дўнан Ғаниев хотирлайдилар.

Шу боисдан ҳам Ғаниев адабиёт тажрибасини кинога олиб келишга ошиқди, образлар мукаммал ёзилишини, миллий характернинг аввало адабий ифодаси кучли бўлишини, воқеалар ва улар бир-бирига уланиб яхлит бир композицияни ташкил этишини кўзда тутди. Бу интилишида у ёлғиз эмасди. Тўғри, киночилар орасида у 30 йилларга келибгина маслакдошларини топди (С.Хўжаев, Э.Ҳамраев, А.Исматов кабиларни назарда тутмоқдамиз). 20-йилларда эса уни илғор зиёлилар қўллаб-қувватлаганини матбуот саҳифаларида эълон қилинган мақолалар кўрсатиб турибди.

1925 йил 12 октябрь сонида “Қизил Ўзбекистон” газетаси “Кино суювчи” имзоси билан эълон қилган материалда Ғаниевни ташвишга солган масалалар юзасидан билдирилган фикрни кўриб чиқайлик. “Кино бутун миллатнинг ўз маишатига мувофиқ бўлиши, ўз тили, ўз мусиқаси, ўз урф-одати билан билим берадурғон бўлиши лозим… Ўзбекистон кино ширкатининг вазифаси ўзбеклар турмуши, ерлик халқ санъати билан иш қилиш бўлғонликдан, илгариги Бухоро-рус кино ширкати томонидан вужудга келтирилган хатолар такрорланмаслиги учун бир неча сўз айтиб кетишини лозим топаман… “Ўлим минораси” – бу картинка ерли халқ картинаси эмас (мавзу жиҳатдан эмас, албатта – муаллиф изоҳи). Ерли халқ ўз санъатим, ўз мусиқам, ўз турмушим, ўз ҳаётим деб қарай олмайди. Чунки бунда ҳаётнинг ингичка сирлари, ингичка қиллар билан ошно бўлмағон, уни тушунмағон, уни халққа бера олмайдиғон, ерлик шартларга, ерлик ҳаётга нисбатан жуда тўпори кишилардир. Картинкани ўйновчилар орасида ерли халқдан ва ҳаттоки унинг маиший сирларига тушуна оладирғон, тушунган биргина киши ҳам йўқдир… Нафис, чиройлик, қора сочлик, қора кўзлик, қора қошлик, чаккаси суйри келган ўзбек қизи ўрнига, думалоқ юзлик, зангори кўзлик, сариқ сочлик, пучуқ бурунлик (курносий – муаллиф таржимаси) бир (моржа – муаллиф қавусга олган) типи кўрсатилса, ўзбекнинг мулойим йигити ўрнига тағин шундай хунук, америка картинкаларининг геройларига (қаҳрамонларига – муаллиф қавусга олган) ўхшаш типлар ўйнайди. Унда ерлик киши маишатининг эса ингичка сирлари, ҳаракатлар хира, қўпол, дағал ва бир кулгили ҳаракат қилиниб, ҳаттоки ерлик шуни кўрган пайтда, бундай ҳаракат бизда йўқ-ку деярли, қилиб кўрсатилса, албатта, буни ерлик халқ ўз ҳаётим, ўз кином деб қарай олмайди”.

Мақола тагига камтарона “Кино суювчи” деб имзо чекилган бўлса-да, унда кино ҳамда кинонинг миллий кўринишлари ҳақида фикр юритилганини таъкидлаб ўтмоқ жоиз. “Ўлим минораси”га А.Қодирий ҳам шундай баҳо беради (1927). У киноя билан ёзган эди: “…бултур ўйналиб, бир неча ойлаб кино чодирларини обод қилган “Ажал минораси”, “Мусулмон хотин” каби фильмлар ўз навбатларида тўқиб ташланган “афсона”лари билан бизни кулдирган, “турмушимиздаги шундай гапларни биз билмас эканмиз-да!” – деб ўзаро мутоиба қилишган эдик”.

Матбуотда, йиғилишларда, муҳокамаларда шундай кўпдан-кўп муаммолар юзасидан фикр юритилар, йўл-йўриқлар ҳам кўрсатиларди. Кўпчилик кинонинг ўша 20-йиллардаги аҳволи ҳам, истиқболи ҳам актёрга, унинг маҳоратига, ўзбек миллатига тегишлигига боғлиқ эканлигини айтган. Шу мавзудаги маърузалар, мушоҳадалар, мақолалар жамоатчилик фикрини актёрга, унинг имкониятларидан кенг фойдаланиш масалаларига қаратди.

Н.Ғаниев мураккаб бир муҳитда ўзининг ижодий, ижтимоий фаолиятини бошлади. Унинг атрофида узоқ юртлардан келган кино ходимлари бўлди. Лекин ўзбек санъаткори дунёқарашининг шаклланишида, бадиий бисотининг бойишида халқ театри ва оғзаки адабиёти анъаналари, Абдулла Қодирий романлари, публицистикаси, Ғози Юнус, Мунаввар Қори, Маҳмудхўжа Беҳбудий анъаналари муҳим омил бўлди. Наби Ғаниев бирор ерда бу алломаларнинг исмларини келтирмайди, уларнинг асарларига қилган ишораларини ҳам ҳозиргача учратмадик. Шу билан бирга унинг ҳар бир асарининг қурилиши, ғоявий йўналиши, бадиий услуби исмлари зикр этилган истеъдод, заковат соҳибларининг қаҳрамонларини, чуқур фикрларини эслатади. Биз бу ўринда “Рамазон”даги деҳқоннинг соддалигини, “Йигит”даги ишқ ўтининг таърифланишини, экрандаги Насриддиннинг донишмандлигини, “Фарғона қизи”нинг билимга интилишини… назарда тутмоқдамиз.

Абдулла Қодирийнинг поэтикаси, фикр-мулоҳазаларининг ўзбеконалиги, воқеалар тавсифида миллий руҳни сақлаб қолиши, муайян маданиятга, халққа, даврга хос бўлган характер яратиши Н.Ғаниев ижодига таъсир этгани ва унда муҳим ўрин тутганига ишонамиз. Бахтга қарши Ғаниев ҳаётлигида Абдулла Қодирий тўғрисидаги ҳақиқий фикрларини юзага чиқара олмади, “Ўткан кунлар”ни қай тарзда экранга кўчирмоқчи бўлганини айтиш имконига эга бўлмади…

Шундай. Лекин Қодирийнинг ҳам, Ғаниевнинг ҳам асарлари барҳаёт. Улардаги ғоя, образ, воқеалар тавсифини бир-бирига қиёс қилиб, икки ижодкор фаолиятидаги кўпроқ муштарак нуқталар-у, озроқ тафовут ҳақида фикр юритиш мумкин. “Ўткан кунлар” романини ўқиган, уни қадрлаган ва тўла-тўкис ўзлаштирган санъаткоргина кейинчалик “Тоҳир ва Зуҳра” каби миллий кино дурдонасини яратиши мумкин эди. Зуҳрани Кумушга, Тоҳирни Отабекка, Юлдузни Зайнабга, Қоработирни Ҳомидга, Ботирни Қутидорга, Сардорни Юсуфбекҳожига қиёс қилиб кўринг! Улар характер ва талқин йўллари жиҳатидан бир-бирларига яқин. Раънонинг (“Меҳробдан чаён”) шўхлиги, гапга чечанлиги, журъати, гўзаллиги, назокатини Дилбар (“Фарғона қизи”) да сезмайсизми?! Қодирийнинг ҳажвий асарларини ўқиганингизда Ғаниевнинг қаҳрамонларини (Насриддинни, Полвон отани, “Рамазон”даги домлаларни) эсламайсизми? Сўнгги саволимиз: “Ўткан кунлар”даги катта-катта боблар, манзараларнинг тасвирланиши (Хўжа Маъоз мозори чакалаги, тунги кўриниши таърифини эсланг) кинони, бевосита Наби ака яратган фильмларни эслатмайдими?!

“Ўткан кунлар”ни Н.Ғаниев суратга олмоқчи бўлганини тасдиқловчи бирорта ҳужжатга эга эмасмиз. Лекин бу икки санъаткорнинг услуби яқинлиги ва биз юқорида айтиб ўтган бошқа сабаблардан ташқари қуйидаги далилларни ҳам келтириб ўтишни ўринли деб билдик: Комил Ёрматов ўша кезлари Тожикистонда “Муҳожир” фильми устида ишламоқда эди. Сулаймон Хўжаев билан эса Абдулла Қодирий дин масалаларида келиша олмагани маълум. Лекин улар бир улфатчиликда бўлганлар… Актёр Йўлдош Аъзамов ҳали режиссурада кучини синаб кўрмаган эди. Бинобарин, бу ҳисобдан ҳам “Ўткан кунлар”га харидор бўла оладиган бирдан-бир ўзбек кино режиссёри Наби Ғанизода экан… Лекин тез орада Қодирий ҳам, Ғаниев ҳам ҳибсга олиндилар, Кумушбиби ва унинг дардида юрган Отабекнинг экрандаги умрини кўриш уларнинг иккисига ҳам насиб этмади. Орадан 35-36 йил ўтгач, роман сценарийга айланди (муаллиф С.Муҳамедов), сўнгра у фильм шаклига кирди.

Шундай қилиб, Қодирийнинг кинога қизиқиши кучли, бинобарин, кино аҳлига яқин бўлган. Ўзбек фильмларига бефарқ қарамаган. Бу ўринда адиб Ғаниев билан фикрдош, маслакдош бўлганини алоҳида қайд қилиб ўтардик. Зеро, ана шундай бевосита ва билвосита таъсир Ғаниев режиссураси шаклланишида муҳим омил бўлган.

…1927 йили “Ўзбек давлат киноси” беш бадиий фильм ишлаб чиқарди: “Иккинчи хотин”, “Мачит гумбазлари остида”, “Соябонли арава”, “Чодра” ва ниҳоят, “Равот қашқирлари”. Уларнинг айримлари (айниқса “Иккинчи хотин”, “Соябонли арава”) мавзу ва унинг бадиий талқини жиҳатидан Қодирий эътиборини тортган асардан қолишмайди. Лекин, айнан “Равот қашқирлари” тўғрисидаги матбуотда кетма-кет танқидий мақолалар чиқиши миллий маданиятимиз жонкуярининг диққатини тортган кўринади.

“Тоҳир ва Зуҳра”нинг бунёдкори кино ширкати остонасини ҳатлаб ўтиб, бир-икки йил малакасини оширмоқчи бўлиб, техник, иқтисодий, ташкилий, ниҳоят, ижодий ишлар билан машғул бўлган чоғларда аҳвол шундай эди. Туркистон минтақасида Ўзбекистон ва бошқа қарам республикалар пайдо бўлиб, бўлажак кўпмиллатли совет кинематографиясининг кичик-кичик гуруҳларини ташкил этиши лозим бўлган дамда “Ўзбек давлат киноси” (1925), “Тожиккино” (1932), “Туркменкино” (1929), кейинроқ Олмаота ва Фрунзе (Бишкек) студиялари таъсис этилди-ю, кадрлар масаласи кун тартибига қўйилди. Наби Ғаниев махсус кинематографик билим юртида таҳсил кўрмаган бўлса-да, кино ширкатида биринчи кунданоқ фаоллик кўрсата бошлади. Бунда унинг тасвирий санъат асосларини ўзлаштиргани, рассомлик истеъдоди ҳамда санъат сифатида шаклланиб келаётган техник ихтиро – кинога бўлган қизиқиши, меҳри ҳал қилувчи омил бўлди. У ўзи қайд қилганидек, ўша йиллари кинонинг эстетик имкониятларини эмас, техникасини ўрганди. “Иккинчи хотин” даги Умар (1927), “Соябон арава”даги Боймат (1928), “Мохов қиз”даги эпизодик рол (1928) Ғаниев – актёр ана шу техникани, аввало ижрочилик техникасини мукаммал ўзлаштириб олганини кўрсатди. Ошни қўлда эмас, қошиқда емоқ афзал, радиони тингламоқ, газетани ўқимоқ, музейларга бориб турмоқ керак – шу каби оддий тушунчаларни Наби Ғаниевнинг қаҳрамони (“Иккинчи хотин”) кўрсатиши талаб этилди. Оддий плакатларни, қўлланмаларни эслатувчи бу кадрларни суратга олиш дамлари ҳаваскор ижрочи учун мактаб хизматини ўтади. Бойнинг дангаса ўғли Боймат келинчакдан ажраб қолганида ўзини қаерга қўйишини билмай елиб-югуриши, ёридан қолган наматни қўлтиғига олиб беҳуш бўлиши, кўзлари олайиб кетиши – буларни йигирма икки ёшли Наби Ғаниев маромига етказиб кўрсатди (“Соябонли арава”). “Мохов қиз” деб аталган тасманинг сўнгги кадрларида эса ёш ижрочи чопқир от минган, беқасам тўнли, саллали бойваччанинг кўчада қолган аёлга бўлган муносабатини, бераҳмлигини тасвирлаши талаб этилди. Бу ўзига хос этюдни ҳам Ғаниев аъло даражада бажарди. Кейинчалик у кинонинг тасвирий-овозли воситаларини, техникасини мукаммал билиш билан бирга актёрнинг имкониятларидан кенг фойдаланиш йўлларини излади. Асад Исматов, Эргаш Ҳамроев, Раззоқ Ҳамроев, Юлдуз Ризаева, Раҳим Пирмуҳамедов, Соат Толипов, Аброр Ҳидоятов, Обид Жалилов санъати ила меҳр-муҳаббат ва адоват, олижаноблик ва худбинлик ҳақида ҳикоя қилишга эришди.

1925-1926 йилларда Н.Ғаниев ижодкор бўлиб етишиши, миллий маданиятнинг ёрқин вакили сифатида камол топишида етук ўзбек зиёлилари алоҳида ўрин тутди. Зеро, ўша йиллар А.Қодирий ва унинг маслакдошларининг ғоялари элимизга кенг тарқалаётган дамлар эди. Кино барчанинг диққат марказида эди. Оддий томошабин ҳам, ижод сирларидан воқиф бўлган зиёлилар ҳам тайёр фильмларни кўриш билан чекланмасдан, кино муаммолари, кадр тайёрлашнинг оғир масалалари, миллий асар яратишнинг мураккаб жараёни ҳақида фикр юритар, кенг жамоатчилик диққатини шакллана бошлаган кинематографик санъатга қаратишга ошиқар эдилар. Кино ширкатининг техникаси ожиз, ҳужралари тор, ходимлари ҳаваскор даражасида бўлса-да, “Равот қашқирлари”, “Соябонли арава” каби асарлар кўпчиликнинг эътиборини тортди ва дастлабки ўзбек кинофильмлари яратилишида миллий кадрларнинг хизмати қанчалик катта эканлигини кўрсатди. Бу ўринда аввало Наби Ғаниев миллий масалалар бўйича маслаҳатчи сифатида фаоллик кўрсатганини алоҳида қайд қиламиз. Щу билан бирга Сулаймон Хўжаев актёр ва маслаҳатчи сифатида ижод эта бошлагани Ғаниевга мадад бўлди. Афсуски, унинг умри ҳам, ижоди ҳам ниҳоятда қисқа бўлди. Комил Ёрматов эса 1928 йили суратга олинган “Мачит гумбазлари остида” асарида Умар образини яратганидан сўнг Москвада ўқиди, Киевда (“Маккадан келган меҳмон”, 1930 йил, эпизодик рол), Тожикистонда (“Муҳожир” 1934 йил, “Дўстлар яна учрашади”, 1939 йил) ижод этди. 1939-1940 йилларда Ўзбекистонга қайтиб, Алишер Навоийга бағишланган фильмни яратишга тараддуд кўра бошлади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 9-сон