Италия кинематографиясининг жаҳон киносаноатида ўзига хос ўрни бор. Биз Бернардо Бертолуччи, Микеланжело Антониони, Сержио Леоне, Франческо Рози каби итальян кино арбобларини яхши биламиз. Улар орасида маҳоратли режиссёр Федерико Феллини алоҳида мавқега эга. Феллини фақат ва фақат кино учун дунёга келган. Ҳаммага аёнки, кино усталарининг ишига кўпинча, “Оскар” мукофоти ёки бошқа кинофестиваллар мукофотлари билан баҳо беришади. Бу – дарҳақиқат яхши мезон. Шу нуқтаи назардан Федерико Феллинининг ижоди баҳоланса, у жуда кўп маротаба “Оскар” мукофотини қўлга киритган киноижодкор экани ойдинлашади.
Федерико Феллини 1920 йил 20 январда Италиянинг Римини шаҳарчасида Урбано Феллини ва Ида Барбианилар оиласида дунёга келган. Федерико болалигида жуда кўп бетоб бўларди. Шифокорлар унга “юрак етишмовчилиги” деб нотўғри ташхис қўйганлар. Болакай ота-онасининг у ҳақида қайғуришларини жуда яхши кўрганлиги боис кўпинча, уларга ўзини бемор қилиб кўрсатарди…
Федерикога коллежда ўқитиладиган фанларнинг ҳеч бири ёқмасди. У кўп вақтини томошалар учун ниқоб ва либослар тайёрлашга, қўғирчоқларни турли ранглар билан бўяшга сарфлар эди. Айниқса, Риминига гастрол сафари учун ташриф буюрган циркчиларнинг томошалари болакайнинг ҳаётида ёрқин из қолдиради ва кейинчалик яратган фильмларининг кўпчилигида цирк мавзуси асосий ўринга кўтарилади. Федерико 12 ёшида циркчилар труппасига қўшилиб уйдан қочиб кетганлиги ҳақида гаплар мавжуд. Бироқ, кейинчалик Феллини болаликдаги хотираларини ёдга олар экан, ҳар доим воқеаларни бўрттириб айтиб беришни яхши кўрганлигини тан олади. У бир муддат Рим университетининг ҳуқуқшунослик факультетида ҳам ўқиган. Айтиш жоизки, у университетда ҳуқуқшуносликка қизиққанлиги учун эмас, балки армияда хизмат қилишни истамаганлиги учун ўқиган экан.
Шундай қилиб, у 1937 йили Флоренцияга келади ва репортёрлик билан шуғуллана бошлайди. “Фебо” фирмасига карикатурист бўлиб ишга киради. Кейинроқ Рим шаҳрида чиқадиган газета ва журналларга расмлар чизиб, рекламалар учун матнлар тайёрлайди. 1938 йилдан 1942 йилгача антифашистик руҳдаги “Марк Аврелий” ҳажвий журналида қарийб етти юзта асари эълон қилинганидан сўнг, унга сценарий ёзиш таклифи тушади. 1943 йили Феллини ҳаётидаги асосий воқеа содир бўлади. У Рим радиоси учун тайёрлаган Чико ва Полина ишқу муҳаббатига оид ажойиб эшиттиришини экранга кўчириш таклифини олади. Ана шу воқеа Феллинини кинематография соҳасига олиб кирди. У режиссёр Роберто Росселини таклифига кўра, эшиттиришни киносценарийга айлантиради. Фильмни суратга олиш асносида дилбар актриса Жульетта Мазинага кўнгил қўяди ва у билан умрининг охиригача бирга яшайди. Улар фарзанд кўрмаганлар. Шу боис Феллини ўзи яратган фильмларини “менинг фарзандларим”, дея атайди.
Уруш йиллари. Римга иттифоқчилар қўшини кирган. Феллини олдида дўсти Роберто Росселлини келиб, немис фашистлари томонидан отиб ташланган руҳоний Морозини ҳақида фильм олиш ниятида эканлигини айтади. Феллини ушбу фильмнинг сценарийсини ёзиб беради. Фильм “Рим – очиқ шаҳар” номи билан катта муваффақият қозонди ва шу билан кино санъатида неореализмга асос солинди. 1950 йили Феллини Альберто Латтуада билан ҳамкорликда ўзининг илк фильми “Варьете чироқлари”ни яратади. 1952 йили “Оқ шайх” номли фильм сценарийсини ёзади. Фильм режиссёри Микеланжело Антониони бўлиши керак эди, лекин у бундай сценарий асосида фильм яратишдан бош тортгач, Феллинининг ўзи режиссёрлик қилади. Лекин бу фильм муваффақият қозонмайди. Аммо “Онажонисининг ўғилтойлари”, “Шаҳардаги ишқ” фильмлари кино мухлислари ва мунаққидлар томонидан яхши кутиб олинди. “Онажонисининг ўғилтойлари” Венеция кинофестивалининг “Кумуш арслон” мукофотини олди, сўнгра 1953 йили энг яхши оригинал сценарий номинацияси бўйича “Оскар” мукофотига тавсия қилинди.
Феллинига ҳақиқий муваффақиятни 1954 йилда экранга чиққан “Йўл” фильми олиб келди. Фильмдаги бош ролни рафиқаси ижро этишини хоҳлаган Феллини беш йил давомида тасвирга тушириш ишларини бошлаш учун продюсер топа олмаганди. “Йўл” – дайди цирк артистлари ҳақидаги ғамгин фильм бўлиб, унда қўпол полвон ва ҳар доим ўзи билан бирга олиб юрадиган ёрдамчиси содда, оқкўнгил қишлоқ қизи ҳамда қувноқ дорбоз тақдирлари ҳақида ҳикоя қилинади. Режиссёр фильмнинг аксарият қисмини табиат қўйнида тасвирга туширган. Бош ролларни рафиқаси Жульетта Мазина ва актёр Энтони Куиннлар ижро этишган. Фильм нафақат Феллинига, балки актёрларга ҳам оламжаҳон машҳурлик олиб келди. Жульетта Мазина бугунги кунда ҳам “Юпка кийган Чаплин” деб ёдга олинади. Фильм барча қийинчилик ва чекилган азоблар эвазига режиссёрга элликдан ортиқ турли мукофотлар келтирди. Режиссёр мазкур фильмда реализмдан чекиниб, рамзий ривоятларга ўтди, бу билан кино соҳасида катта бурилиш ясади. Фильмда Эзгулик ва Ёвузлик ўртасидаги муросасиз кураш мистика орқали ўта таъсирчан талқин қилинган. 1957 йили Феллини Мазина билан ҳамкорликда навбатдаги фильми “Кабирия тунлари”ни яратди. Мазкур фильмда ҳақиқий муҳаббатни орзу қилувчи исловотхонадаги аёл ҳаёти гавдалантирилган. Мазина қаҳрамони ўзининг соддалиги, ишонувчанлиги ва ҳамиша тўғри сўзлиги, ҳаётга бўлган чексиз ишончи сабабли томошабинлар, танқидчиларнинг кўнглини забт этди. Фильм Феллинига режиссёрлик иши, Мазинага эса актёрлик маҳорати учун кўплаб мукофотларни келтирди. Уч йил ичида Феллинининг иккинчи фильми энг яхши хорижий фильм номинациясида “Оскар” мукофотини қўлга киритди.
1960 йилда суратга олинган “Ширин ҳаёт” фильмини ҳанузгача кино мухлислари ҳайрат билан тилга олишади. Бу фильм кўпчилик руҳонийлар, Ватикан аҳолиси томонидан рад этилди. Матбуотда фильмни “жирканч ҳаёт”, дея танқид остига олдилар. Аммо кўп ўтмай, бу фильм Италия киносида янги даврнинг рамзи сифатида тилга олинадиган бўлди. Марчелло Мастрояннининг бош ролга таклиф этилиши фильмнинг муваффақиятини таъминлади. Маълум вақтдан сўнг фильм Канн фестивалининг “Олтин пальма новдаси” мукофотини қўлга киритди. Фильмни тақиқлаш тўғрисидаги шов-шувлар томошабинлар қизиқишини орттириб юборди ва картина катта маблағ тўплади.
Аслида Феллинининг ҳар битта фильмини кино санъатида катта ҳодиса десак, муболаға бўлмайди. Масалан, 1963 йилда яратилган “Саккиз ярим” номли фильмни олайлик. Бу фильм режиссёрнинг ўз кечинмалари ҳақида бўлиб, унда Гвидо исмли режиссёрнинг ижоди ва ҳаётида юз берган инқироз, унинг ички кечинмалари, ҳақиқат йўлида чеккан изтироблар курашлари ҳақида ҳикоя қилинади. “Саккиз ярим” фильми бир қатор совринлар, жумладан, “Оскар” ва Москва кинофестивалининг асосий мукофотини қўлга киритди. 1965 йили Феллини ўзининг илк “Жульетта ва арвоҳлар” рангли фильмини яратди. Сценарий Мазина учун махсус ёзилган бўлиб, унда хиёнаткор эр туфайли азият чекаётган аёл қисмати очиб берилган. Ушбу фильмдан сўнг режиссёр барча фильмларини рангли тасмаларга тушира бошлади. 1967 йили Федерико оғир хасталикка чалинади, бир йилдан сўнг “Ўлим руҳи” фильмини суратга олади.
Режиссёр 1969 йили Петроний романи мотиви асосида қадимги Рим тўғрисида “Феллини-Сатирикон”, 1972 йили замонавий Рим тўғрисида “Феллинининг Рими” номли картиналар яратди. Замонавий Рим тўғрисидаги фильм Канн фестивалининг мукофотига сазовор бўлди.
1974 йили Феллини “Оскар” тақдимотида энг яхши хорижий фильм номинацияси бўйича мукофотни қўлга киритган тўртинчи ва сўнгги картинаси “Амаркорд”ни суратга олди. Мазкур фильмда режиссёр яна болаликдаги унутилмас таассуротларини ўзида акс эттирувчи цирк мавзусига қайтди.
Феллини 1980 йилларга келиб, фильмларига продюсер топа олмай, телевидение учун реклама роликларини тайёрлаш билан шуғуллана бошлайди. Режиссёр ижодининг сўнгги йилларида “Федерико Феллини Казановаси” (1976), “Оркестр репетицияси” (1978), “Аёллар шаҳри” (1980), “Кема ҳамон сузмоқда…” (1983), “Жинджер ва Фред” (1986), “Интервью” (1987) фильмларини яратди.
1990 йили Феллини ўзининг сўнгги картинаси “Ой овози”ни тасвирга туширди. Бош қаҳрамон ролини италиялик комик актёр Роберто Бениньи ижро этди.
Федерико Феллини 1993 йил март ойида кино санъатига қўшган улкан ҳиссаси учун сўнгги бор фахрли “Оскар” мукофоти билан тақдирланди. Шу йили 74 ёшли Федерико Феллини инсульт хасталигидан вафот этди. Режиссёрнинг садоқатли рафиқаси ва илҳом париси Жульетта Федерико вафотидан сўнг атиги беш ой умр кўрди.
Федерико Феллини режиссурасининг ўзига хос томонларини бевосита неореализм йўналиши ва унинг фильмларда қай тарзда акс этганлиги билан боғлиқ ҳолда кўриш мумкин. Икккинчи жаҳон урушидан сўнг, Италия киносида “Неореализм” йўналиши пайдо бўлди. Неореализм аслида танқидий реализмнинг янги шакли бўлиб, у фашизм тазйиқидан озод бўлган мамлакат ҳаёти шароитида юзага келди. Аввалига ушбу йўналишда яратилган фильмлар уруш ва урушдан кейинги йилларни акс эттирган. Мазкур фильмлар қисқа ва лўнда, сунъий гўзалликдан буткул холилиги билан ажралиб турарди. Одатда оқ-қора рангларда тасвирга тушириладиган неореализм фильмлари халқнинг ҳақиқий яшаш шароитини намойиш этади. Ғариб қишлоқлар, шаҳар харобалари, жазирамада тош йўллардан юриб бораётган, иши ва уйларидан ажралган одамлар ва ҳоказо. Деталларнинг аниқлиги реал ҳаётнинг асл кўринишини очиб беришга ҳизмат қилади. Неореализм фильмларида профессионал актёрлар билан бир қаторда ҳаваскорларнинг роль ўйнаши ҳам кўп кузатилади. Режиссёрлар адабий итальян тилидан воз кечиб, воқеа содир бўлаётган ҳудуднинг шеваларидан фойдаланганлар. Буларнинг бари неореализм даври фильмларига ўзгача ҳаётийлик бахш этган.
Феллини режиссураси унинг илк фильмлариданоқ неореализм йўналишининг бошқа вакиллари ижодидан фарқ қилади. Унинг фильмлари қаҳрамонлари одатий эмас. Улардаги индвидуаллик бўрттириб кўрсатилган. Фильмларда сюжетдан кўра ёрқин деталларга кўпроқ аҳамият берилган. Цирк ва буффонада мавзулари ҳам илк фильмларидаёқ кўзга ташланган. Феллини ижоди инсонларни бир-бирини тушунишга, ёлғонлар гирдобидан қутулиб, ҳаёт мазмунини қидиришга ундаши билан ўзига хос. “Йўл” фильми экран юзини кўргач, Италияда танқидчилар муаллифнинг неореализмдан оғиб универсализмга ўтиб кетганлигини, фильмнинг сатирадан кўра кўпроқ эртакка ўхшаб қолганлигини айтиб Феллинини кучли танқид остига олдилар. Бунга жавобан режиссёр: “Мен ўзимни маълум бир чекловлардан, яъни боши, ўртаси ва финали бор воқеалардан озод қилишга ҳаракат қиляпман. Менимча, фильм ўзининг ритми ва ўлчамига эга достон бўлмоғи керак”, дейди. Феллини ўз фильмларида янгидан-янги ифода воситаларини кашф қилиб кино санъати тилини метафоралар билан бойита олди. Феллини ижодининг сўнгги йилларида кўплаб мукофотларни қўлга киритиш билан бир қаторда томошабинлар орасидаги машҳурлигини йўқотиб борди. Танқидчилар режиссёр ижодида ўз-ўзини такрорлаш ва реалликдан четлашиш ҳолати кузатилаётганини таъкидладилар. Феллини фильми намойиши бўлаётган бўм-бўш кинотеатрда: “Менинг томошабиним ўлди” – деб айтган эди. Шунга қарамай, Федерико Феллини узоқ йиллик машаққатли меҳнати билан кино санъатида ўчмас из қолдира олди. У яратган фильмлар бугунги кунда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган, бетакрор режиссураси эса, ёш кино режиссёрлар учун ҳанузгача дастурул амал бўлиб хизмат қилмоқда.
Шоқаҳҳор Салимов,
Музаффар Карабаев
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 6-сон