Тошкентда «Алпомиш» достони тўлиқ жонли ижро этилади

Тошкентда илк маротаба «Алпомиш» достони тўлиқ жонли ижро этилади. Достон кечалари 5 кун давом этади.

«OXUS Culture» жамияти Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси ҳамкорлигида «Достон кечаси»ни ташкил этмоқда. Бу ҳақда ташкилотчилар «Газета.uz»га маълум қилди.

Тадбирда халқ меросининг энг машҳур достонлари бўлмиш «Алпомиш» достони Тошкентда илк маротаба тўлиқ, жонли тарзда ижро этилади, ва достончилик мероси шинавандалари «Алпомиш» достонини тўлиқ жонли тинглаш имкониятига эга бўлади.

Достон кечаси 15 январдан 19 январга қадар соат 18:30дан 20:30гача давом этади.

Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижро дастуридан «Алпомиш»достони ва «Гўрўғли» достони туркимига кирувчи бир қанча достонлар, шунингдек достон ижрочилиги йўлидаги халқ қўшиқлари ва термалар ўрин эгаллаган.

Абдуназар бахши ижросидаги бир қанча достон ва қўшиқлар Ўзбекистон телерадиокомпанияси олтин фондидан ўрин олиб мунтазам эфирга узатилиб келинади. Шунингдек, Абдуназар бахши ўз ижоди давомида Франция, Белгия, Швейцария, Тайван, Туркия, Туркманистон, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатларида ижодий сафарларда бўлиб ўз ижодини намойиш этиб, ўзбек халқ бахшичилик анъаналарини дунё халқлари орасида муносиб тарғиб қилиб келмоқда.

OXUS Culture жамияти томонидан 2015 йилдан буён амалга оширилиб келинаётган достон кечаларида Шеробод достончилик мактаби анъаналаридан «Малла савдогар», «Келиной», «Оллоназар Олчинбек» халқ достонлари Ўзбекистон халқ бахшиси Абдуназар Поёнов ижросида, Хоразм достончилик анъаналаридан «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» ҳамда «Гўрўғлининг туғилиши» достонлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Отахон Матёқубов ижросида, шунингдек Қорақалпоғистон достончилик анъаналаридан «Саятхан — Хамра» достони эса Қорақалпоғистонлик ёш бахшилар Гулшинар Кудайбергенова ва Эрисбай Аскаров томонидан тўлиқ ижро этилди.

Ўзбекистон номоддий маданий меросини сақлаш, ривожлантириш ва тарғиб этиш OXUS Culture ўз олдига қўйган асосий вазифалардан бўлиб, халқаро майдонда ҳам бир қанча лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. Жумладан 2016−2017 йилларда Хитой, Латвия, Эстония, Финляндия, Испания, Германия, Белгия, Тайван давлатларида Шашмақом, Фарғона-Тошкент мақом анъаналари ижрочилиги, катта ашула ҳамда халқ мусиқа мероси, достончилик анъаналари, миллий чолғу ижрочилиги асосидаги жами 70дан ошиқ, 2018 йилнинг ўзида эса Хитой, Эстония, Финляндия, Польша ва Швейцария давлатларида 40дан ошиқ концертлар амалга оширди.

Тадбирга кириш бепул. Жойлар сони чекланган. Достон кечасига ташриф буюриш истагида бўлган тингловчилар тадбир ташкилотчилари билан боғланишлари лозим.

Маълумот учун: (+99871)2331420 (Ўзбекистон Тасвирий санъат галереяси), (+99890)1868294 Ҳусниддин Ато (лойиҳа раҳбари) [email protected].