Дунёни ўзгартираётган кашфиётлар

Бугунимиз ўтмишга айланаётгани каби ўтмишда ҳам худди ҳозирги давр cингари кун, ой, йиллар силсиласида аждодларимиз умргузаронлик қилган. Ҳар қайси даврнинг ўз буюк шахслари бўлганки, улар оламшумул кашфиётлари билан инсоният тарихида из қолдиришган. Ҳаётдаги қайси соҳани олиб қарамайлик, унинг илк асослари қайсидир замонда яратилган бўлиб, асрлар оша такомиллашган ва бугунги даражасига етган. Қуйида шундай ихтиролардан айримларига тўхталиб ўтамиз.

Вакциналар тўғрисидаги кашфиёт инглиз доришуноси ва жарроҳи Эдуард Женнер фаолияти билан боғлиқ. У Европа аҳолиси ўртасида кенг тарқалган қора чечак касаллигининг олдини олиш учун 1796 йилнинг 14 майида илк бор саккиз яшар Жеймс Фипсни эмлади. Натижада бола танасида бу касалликка қарши иммунитет ҳосил бўлди. Шундай қилиб, дунёда дастлабки эмлаш тажрибасига қўл урилди. Орадан бир аср вақт ўтиб, франтсуз микробиологи ва кимёгари Луи Пастер эмлашнинг илмий асосларини тавсия этди. Олимнинг аниқлашича, турли юқумли касалликларнинг келиб чиқиши организм­га заифлашган ёки ўлган микробларнинг тушиб қолиши билан боғлиқ бўлиб, улар танани заҳарлайди, ҳеч бўлмаганда, салбий таъсир кўрсатади. Пастер уларга қарши препаратларни вактсина деб номлади, протседура, яъни даволаш тадбирларини эса эмлаш, деб аташни таклиф қилди. Ана шу кашфиётнинг самараси ўлароқ, иммунология фанига асос солинди.

Натижаси:
Женнернинг кашфиётидан сўнг эмлаш билан боғлиқ ишлар тараққиёт босқичига чиқди. ХХ асрнинг ўзида Америка, Осиё, Африкада 500 миллион одамнинг ёстиғини қуритган қора чечак бунга сабаб бўлган бўлса, ажаб эмас. Фақат 1980 йилдагина Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти қора чечак устидан қозонилган ғалабани расман эълон қилди. Полиомиелит, қизамиқ, бўғма, кўкйўтал, қизилча ва бошқа юқумли касалликлар ҳам ўтмишда қолди. Сил, қутуриш, қизилча ва бош­қа юқумли хасталикларнинг хавфлилик даражасини камайтиришда эмлашнинг фойдаси катта. Ҳозирги вақтда олимлар саратон, ОИТС каби охири ўлим билан тугайдиган дардларга қарши эмлаш олиб бориш мумкинлиги хусусида ҳам бош қотиришмоқда.

Нефт таркибидаги фойдали бирикмалар биринчи бўлиб, Россияда аниқланган. Уни бой ака-ука заводчи Дубининлар ва америкалик кимёгар Силлиман кашф қилишди. ХVIII аср ўрталарида улар бир-биридан мутлақо бехабар ҳолатда нефт таркибидан ёритиш мақсадига хизмат қилувчи керосин ажратиб олиш мумкинлигини исботлашди. 1877 йилда эса таниқли рус кимёгари Дмитрий Менделеев нефтни қайта ишлашда парчаланиш жараёнини кузатди. Айнан шу вақтда яна бир таниқли рус кимёгари Владимир Марковников «қора олтин»даги углеводородларнинг янги синфи – нафтенларни кашф қилди. Унинг сафдоши Л.Гуревич нефт ва нефт маҳсулотларини тозалашнинг физикавий-кимёвий асосларини ишлаб чиқди ва бу усулларни такомиллаштиришнинг аҳамиятини ҳам кўрсатиб берди. 1918 йилда кимёгар олим Николай Зелинский нефт чўкмаларидан каталитик усулда бензин олиш ҳақидаги таклифини ўртага ташлади. Олим Сергей Наметкин нефт таркибини гуруҳлаш ҳақидаги ғояни илгари сурган бўлса, Владимир Шухов нефт қувурларини яратиш, нефтни сақлаш ва қайта ишлаш учун асбоб-ускуналар зарур эканини таъкидлади. 1861 йилда дунё бўйича нефт ва нефт қолдиқларини қайта ишлаш усули билан шуғулланувчи саноат шаҳобчаси вужудга келди. 1879 йилда эса Бокуда илк бор нефт қувури ишга туширилди.

Натижаси: нефт инсоният ҳаётида муҳим аҳамиятга эга. Ана шу маҳсулот туфайли биз автомашинада истаган манзилимизга борамиз, самолётда учамиз, синтетик толали ки­йимларга эгамиз, бўёқлардан фойдаланамиз, кир ювиш воситалари туфайли мушкулимизни осон қиламиз. Ҳозирги вақтда тараққиётнинг юқори босқичига эришган инсоният энергия манбаининг нефтга муқобил вариантларини ўйлаб топган бўлса ҳам бу маҳсулот ҳамон одамзот эҳтиёжлари рўйхатида 48 фоизлик кўрсаткични ишғол этмоқда.

Атом энергияси. 1896 йилда франтсуз физиги Анри Беккерел фотопластинкаларнинг қорайишига қараб, уран тузининг жисмлар ичига кучли даражада кира олиш хусусиятига эга эканини ва кўринмас нурлар чиқаришини аниқлади. Бу ҳодисага “радиоактивлик” деб ном берилгандан сўнг Д.Менделеев даврий жадвалидаги энг оғир элементларнинг деярли ҳаммаси шундай хусусиятга эгадир, деган хулосага келинди. Орадан икки йил ўтиб, Нобел мукофотини олишга сазовор бўлган Пер Кюри ва Мария Складовс­кая уран минералидан торий элементини “йўлда қолдирадиган” полоний ва радий ажралиб чиқишини, бу моддаларда радиоактивлик жуда юқори эканини исботлашди. 1911 йилда британиялик физик Эрнест Резерфорд атомнинг ядровий моделида радиоактив нурланиш ҳосил бўлишини айтиб, замондошларини ҳайратда қолдирди. Шу тариқа ХХ асрнинг 30-йилларида сунъий радиоактив моддалар яратишга асос солинди.

Натижаси:
1945 йилнинг 16 июнида АҚШнинг Ню-Мексико штатида атом бомбаси синовдан ўтказилди. 1945 йилнинг августида “Кичкинтой” атом бомбаси Япониянинг Хиросима шаҳрига ташланган бўлса, уч кун ўтиб, Нагасаки аҳолиси ҳам бу балога гирифтор бўлди. Ҳар иккала портлатиш ядро қуролини синовдан ўтказишнинг биринчиси ва охиргиси бўлди. Бу эса инсоният тарихига мудҳиш воқеа сифатида ёзилди. Япония ҳукумати ана шу кўргулик туфайли иккинчи жаҳон уруши ниҳоясига етганини тан олди. Атом бомбаси қандай мусибатлар келтирганини кўриб турса ҳам, икки гегемон мамлакат – собиқ иттифоқ ва АҚШ ядровий пойгага киришди. Кейинчалик улар сафига Буюк Британия, Франция, Хитой, Ҳиндис­тон, Покистон ва Шимолий Корея давлатлари ҳам қўшилди. Қуролнинг бу тури бир неча дақиқа ичида Ер юзини яксон қилишини билган давлат раҳбарлари “ядровий хавфсизлик”нинг олдини олиш учун ҳам бу ҳаракатга қўшилдилар. 1984 йилда рўй берган Чернобл ҳалокати тарих саҳифасига инсониятнинг атом энергиясидан эҳтиётсизлик билан фойдаланишдаги хатоликларидан бири сифатида битилди. Ҳозирги вақтда эса атом электростанциялари энергия олишнинг энг қудратли манбаи ҳисобланади.

Полиетиленнинг кашф қилиниши немис кимёгари Герман Штаудин фаолияти билан боғлиқ. У полимерларнинг ковалент боғланиш билан бирикувчи катта молекула ва атомлардан иборат эканини исботлади. ХХ асрнинг 30- йилларида Сергей Лебедов ва Борис Бизов синтетик каучук олиш технологиясини яратдилар. Кейинчалик немис кимёгарлари Карл Волдемар Сиглер 40-йилларда Кайзер илмий тадқиқот институтида ишлар экан, кўмир саноатидаги иккиламчи маҳсулот – этилендан фойдаланиш муаммолари устида изланди. 1952 йилда у паст босимдаги полиетиленни олишга муваффақ бўлди. Кимёгарларнинг бу ишланма бўйича тадқиқотлари бесамар бўлаверди. Аммо кутилмаганда колбадан полимер эмас, димер (икки молекуладан иборат этилен бирикмаси) – алфа-бутен сирғалиб тушди. Бу воқеа олимларни эсанкиратиб қўйди. Маълум бўлишича, талабалардан бирининг пробиркани яхшилаб ювмагани оқибатида унинг деворига ёпишиб қолган никел тузи туфайли лаборатория иши шу тариқа якун топган. Қизиғи шундаки, никел тузининг ўзи ҳеч қанақ
а ўзгармасдан туриб реакцияда катализаторлик вазифасини ўтаган. Бу ҳолатни кўрган профессор Сиглер муваффақият ўз қўлида эканини англаб етди. Ушбу метал тузи иштирокида полиетиленни юқори босим ва катта ҳароратсиз, яъни бир қадар арзонлашган ҳолатда ишлаб чиқариш мумкин экан. 1953 йилда Карл Сиглер ўзи кўпдан бери орзу қилган триетилалноминий ва галогенид металл аралашмасидан иборат универсал катализаторни топишга муваффақ бўлди. Сиглернинг бу кашфиёти ҳақида эшитган “Монтекатини” компанияси ходими итал­ян кимёгари Жулио Натта нефтни қайта ишлаш натижасида ҳосил бўладиган қўшимча маҳсулот – пропиленни кашф қилди. Унинг универсал катализатор билан боғлиқ тажрибалари барча молекулалари бир хил шаклдаги пропиленни ҳосил қилишга ёрдам берди.

Натижаси: Сиглер ва Натта олиб борган тадқиқотлар полимер моддалар олиш имкониятлари нақадар чексиз эканини кўрсатибгина қолмай, янги синтетик материалларнинг вужудга келишини ҳам таъминлади. Елим челак, тоғора, стул, стол ва бошқа шу каби маҳсулотлар ўша тадқиқотларнинг илк кўриниши – полиетилен шаклида бўлган. Ундан тайёрланаётган идишлар, қадоқлар ошқозон-ичак касалликларидан одамларни халос этмоқда. Танганинг иккинчи томони ҳам борлигини унутиб бўлмайди. Фойдаланилган пакетларнинг экологик муҳитни бузаётгани сир эмас. Олимлар фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган полимерларнинг бактерия манбаи эканини ҳам эътироф этмоқдалар.

Электр токининг келиб чиқиши қайси даврга бориб тақалади?

XVIII асрнинг бошида инглиз олими Стивен Грей нарсалар бир жойдан иккинчи жойга ўтганда электр ҳодисаси кузатилишини исботлади. Айнан шу вақтда бошқа бир инглиз олими Роберт Симмер ўзининг ипакдан тўқилган чулкисидан фойдаланиш жараёнида бир-бирини ўзаро тўлдирувчи мусбат ва манфий зарядлар ҳаракатланишини тан олди. Симмернинг фикрига кўра, жисмлар бир-бирига ишқаланганда, уларда зарядлар тўпланади. Бир хил белгидаги зарядлар ўзидан ҳаракатни қанчалик қочирса, хилма-хил белгидаги зарядлар аксинча бир-бирига тортиш кучи воситасида боғланадилар ва бунинг натижасида жисмлар бетараф нарсага айланади. 1785 йилда Шарл Кулон зарядларнинг ўзаро боғланиш қонуниятларини ўрганди. Бу кашфиёт математик усулларда қабул қилиниши керак бўлган электрлаштириш жараёнига катта йўл очди. Қисқа вақт ичида минглаб зарядлар йиғиндиси – жисмлар ўзаро ҳаракатланувчи электр зарядларидан иборат экани ҳақидаги назария пайдо бўлди. Таниқли инглиз физиги Жозеф Томсонннинг 1897 йилда манф
ий зарядлардан ҳосил бўлувчи заррани электронлар деб аташи ана шу назариянинг тўғрилигини яна бир карра исботлади. Англия қироличаси унинг бу хизматини муносиб тақдирлаб, олимга лорд унвонини берди. Кейинчалик бу унвонга атом тузилишига доир тадқиқотлар олиб борган Эрнест Резерфорд, Фредерик Содди ва бошқалар ҳам сазовор бўлишди.

Натижаси:
XIX аср электротехник тараққиёт даври бўлди. Бу асрда яратилган электр батареялари, электромагнитлар, лампочка, телеграф, телефон, электр двигатели, электр генератор, электр транспорти (трамвай, троллейбус, метро) ҳозирга қадар инсониятга хизмат қилиб келмоқда. ХХ асрда ҳар бир хонадонга электр нури кириб келди. Ҳозирги замонни эса нурсиз тасаввур қилиш мутлақо мумкин эмас. Маиший асбоб-ускуналарнинг ишлаши, кўча ва уйларнинг ёритилиши электр нури туфайлидир.

Компютер техникасининг туғилиши математика фани билан боғлиқ. ХVII асрнинг 70-йилларида буюк инглиз физиги, астрономи ва математиги Исаак Нютон математик таҳлил асосларини илмий жамоатчиликка ҳавола этади. 1673 йилда таниқли немис файласуфи ва математиги Готфред Вилгелм Лейбнитс барча замонавий компютерлар учун асос бўладиган иккиёқлама саноқ системасини ўйлаб топди. 1936 йилда инглиз математиги, мантиқшуноси ва криптографи Алан Матисон Мюринг математик масалаларни ҳисоблаш техникаси воситасида аввалдан ечиш мумкинлигини кўрсатиб берди.

Натижаси:
ҳозирги вақтда нафақат корхона ва ташкилотлар, балки хонадонларда ҳам бу замонавий техникадан кенг миқёсда фойдаланилмоқда. Унинг ёрдамида матн териш, филм томоша қилиш, мусиқа тинглаш, ҳисоб-китобни бажариш, ўйнаш, дўстлар билан мулоқотда бўлиш, бутун дунё бўйлаб саёҳатга чиқиш мумкин. Компютер кириб бормаган хизмат тури йўқ. Олимлар жамиятнинг борган сари компютерлаштириш бобида юқори даражага чиқишини башорат қилмоқдалар.

Ҳулкар Тўйманова
“Маърифат” газетасидан олинди.