Амударё Каспий денгизига қуйилган…

“Аргументы и факты” газетаси яқинда Азов ва Каспий денгизларини канал орқали сув йўли билан боғлаш бўйича лойиҳа яратилганлиги ҳақида хабар берди. “Гидротехэкспертиза” марказининг маълум қилишича, бу канал Азов денгизидан бошланиб, Ставропол ва Краснодар вилоятлари, Қалмоғистон ва Доғистон ҳудудлари бўйлаб ўтиб, Каспий денгизига туташар экан. Хабарда ҳозир лойиҳа экологик экспертизадан ўтаётгани маълум қилинган.
Мақолани ўқиётиб бир замонлар бизнинг Амударё Каспий денгизига оққани ҳақидаги маълумотлар эсга тушди. Ҳозир ҳам шундай бўлганда мустақил Ўзбекистонимиз ўз кемалари билан Каспий ва Азов орқали жаҳон уммонларига чиқиши мумкин эди. Бу энди хаёлдан ўтган орзу-армон-да… Хўш, бир пайтлар Амударё ўз сувларини ҳақиқатдан ҳам Каспий денгизига қуйганми?
Турли даврларда Окс, Ўкуз, Аракс, Амуй, Омул, Термиз дарёси, Балх дарёси, Жайхун деб аталган Амударё фақат Осиёдагина эмас, жаҳондаги йирик дарёлардан бир ҳисобланади. Унинг узунлиги бошланиш қисми билан биргаликда 2450 километрни ташкил этади. Маълумки, Сурхондарё ва Қорасув, Туркманистон ҳудудидаги Кўҳитанг дарёлари Амударёнинг охирги ирмоқлари ҳисобланади. Кейинги 1200 километр масофада унга битта ҳам ирмоқ қўшилмайди. Қадимда Зарафшон ва Қашқадарё сувлари ҳам бир-бири билан қўшилиб Амударёга қуйилган. Ҳозир дарё Қорақум ва Қизилқум чўлларидан ўтиб, сувини Орол денгизига қуяди.
Амударё қадимдаёқ жуда машҳур бўлган. Араблар уни жаннатдан оқиб чиқувчи тўрт дарёдан (Дажла, Фрот, Нил ва Амударё) биттаси деб ҳисоблашган. Қадимда Жайхун номини олган бу дарё жуда тез оққанлиги сабабли қирғоқларини кўп емиради ва ўзанини тез-тез ўзгартириб туради. Бир замонлар унинг суви Сариқамиш кўлига қуйилгани ҳақида ҳам маълумотлар сақланиб қолган. Қилқуйруқ (скафарингус) деган ноёб балиқ дунёда фақат Амударё ва Шимолий Америкадаги Миссисипи дарёсида учрайди. Сталин АҚШ президенти Трумэннинг бу балиқни жуда яхши кўришини билиб, Амударёдан, икки бочка қилқуйруқ тутдириб совға қилиб юборганида, у жуда ҳайратда қолган экан.
Амударё қадим замонлардан бери муҳим сув йўли бўлиб келган. Айниқса, Амударё Каспий денгизига сувини қуйган пайтда унинг аҳамияти янада ортган. Баъзи манбаларга қараганда, Амударё XIII аср бошларидан, яъни мўғуллар босқини давридан токи XVI асргача — 300 йил давомида сувларини Ўзбой ўзани орқали Каспий денгизига қуйган. Таниқли тарихчи ва шоир Абулғозихон “Шажараи турк” асарида ёзишича, XVII асрда — у туғилишидан 30 йил илгари Амударё Орол томонга бурилган экан. Де Гуе тадқиқотларида Амударёнинг эски ўзанлари хусусида фикр юритилади. Унда дарёнинг Орол денгизига қуйилганлиги ва қуйилаётганлиги хусусида бир қанча муаллифларнинг гувоҳликлари келтирилади. Амударёнинг эски ўзани ўрнида қадимги Хоразм экин майдонлари барпо бўлганини таъкидлайди у. Бундан ташқари, Де Гуе XIII, XIV ва XV асрларда Амударёнинг Каспий денгизига қуйилганлиги ҳақидаги манбаларга тўхталган. Дарвоқе, юнон тарихчиси Геродотнинг ёзишича, Аракснинг 40 та ирмоғи бўлиб, фақат биттаси Каспий денгизига қуйилади, қолганлари ботқоқлик ва қумликларда йўқолади.
Амударёнинг Каспийга қуйилган-қуйилмаганлиги масаласи билан геологлар ҳам шуғулланишган. Хусусан, немис геологи Валтер тадқиқот олиб бориб, Амударё ҳеч қачон Каспий денгизига ўз сувларини қуймаган деган хулосага келади. Чунки, айтилган ўзанларда дарё жониворларининг бирон-бир қолдиғи қолмаган экан. У Ўзбой ўзани бошқа йўл билан ҳосил бўлган деган фикрни билдиради. Рус геологи А.Мушкетов ҳам шу нуқтаи назарни ҳимоя қилиб чиққан. Шу билан бу баҳсларга чек қўйилгандай, Амударёнинг ҳеч қачон Каспийга қуйилмаганлиги аниқ бўлгандай эди.
Аммо академик В.Бартольд муаллифларнинг бир-бирига қарама-қарши фикрларидан шубҳаланиб, тадқиқотларни давом эттиради. Шуниси аниқ бўлдики, XIII—XV асрларда Амударё ўз сувини Орол денгизига қуяди деб ёзганларнинг барчаси бу маълумотларни X асрда яшаган муаллифларнинг китобларидан олган экан. Мустақил асар ёзганлар эса Жайхун Каспийга қуйилади деб ёзишган. Бунда уруш ҳаракатлари ва дарёдан кечиб ўтиш билан боғлиқ мисоллар ҳам келтирилганлиги диққатга сазовордир. Масалан, манбалардан бирида Мозандарон ҳукмдорлари мағлубиятга учрагандан сўнг кемаларга ўтириб, Амударё Каспийга қуйиладиган Ўғрича деган жойга келишгани ва дарё орқали унинг оқимига қарши сузиб, анча узоққа боришгани қайд қилинади.
XVI асрга оид яна бир гувоҳлик бор. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, 1460 йилда Султон Ҳусайн Каспий яқинидаги Астробод орқали шимолга юриш қилиб, дарёдан кечиб ўтади. Шунингдек, Хондамир Амударё билан боғлиқ яна бир юриш ҳақида ҳам тўхталган. Султон Ҳусайн дастлаб Астрободга кириб, сўнг шимолга қараб йўл олган. Унинг қўшини денгиз яқинлигидан, қирғоқнинг иссиқ буғидан анча азият чеккан, сўнг у Амударёга келиб, Адак деган жойдан дарёнинг Асаф деган тармоғи орқали Хоразм ҳудудига — Вазир деган шаҳаргача келган. Бундан XIII — XVI асрларда Амударё ўз сувини Каспий денгизига қуйган деган хулоса келиб чиқади. Хўш, Амударё суви Ҳазар денгизига оққан бўлса, унинг суви кўпаймаганми?
XVI асрда араб тилида ижод қилган бокулик сайёҳнинг ёзишича, ўша пайтлар олдин қуруқликда бўлган бир қанча бинолар сув остида қолган. Ҳамидулло Қазвинийнинг битишича, Каспий денгизидаги орол Астрободдан бор-йўғи 3 фарсах, яъни 21 верст (бир верст — 2,1км. га тенг) нарида экан. Ҳозирда эса Астрободдан денгиз қирғоғининг ўзигача 30 верст ва Ашур Адэ оролигача 10 верст, жами 40 верст келади. Шундай қилиб, ўша даврда денгиз сатҳи анча баланд бўлган деган хулосага келиш мумкин.
Шуниси диққатга сазоворки, Амударёнинг Каспий денгизига қуйилганлигини исботловчи яна бир далил соҳибқирон Амир Темур билан боғлиқдир. Тарихчи Заҳириддин Маръашийнинг ёзишича, Мозандарон қўшинлари бу ердаги саййидлар раҳбарлигида Соҳибқирон қўшинларига қарши туришади. Жангдан сўнг қалъа Амир Темур қўшинлари томонидан қамал қилиниб, икки ойдан сўнг забт этилади. Бу қамалда Амударёдаги кемаларнинг соҳиблари, кемачилар ҳам иштирок этишади. Бу ҳам Амударёнинг ўшанда ўз сувларини Каспийга қуйганлигини исботлайди. Ўшанда нефт олов олдирилиб кемалардан қалъага отилган. Шунингдек, қамалдагилар ҳам кемадагиларни ўққа тутишган.
Қалъани эгаллаган Соҳибқирон қўшинлари Шарқий Мозандарон ҳудудларига йўл олади. Саййидлар эса кемалар билан Мовароуннаҳрга жўнатилган. Улар Амударёнинг Каспий денгизига қуйилувчи Ўғрича деган жойига келтирилиб, сўнг турли ҳудудларга, жумладан, Хоразмга жўнатилгани ҳақида гап боради. Маълумотларга қараганда, Каспийга қуйилувчи Амударё бўйлаб бошдан-оёқ кемалар қатнайдиган сув йўли бўлган. Дастлаб асирлар дарё йўли билан олиб келиниб, сўнг қуруқликдан ўтилган. Кемалар юра олмайдиган жойларда шаршаралар бўлганлиги эҳтимоли бор.
Руи Гонсалес де Клавихо ўзининг «Самарқандга, Амир Темур саройига саёҳат» кундаликларида Термиз яқинида Амударёдан ўтаётиб, кўҳна Жайхунинг нақадар улуғ дарё эканлигини таъкидлаб, унинг ўз сувини Боку (Каспий) денгизига қуйишини ёзиб қолдирган.
Пётр I даврида Каспий денгизи орқали Амударёга ўтиш ва Марказий Осиёга келиш, шу ердан Ҳинд океанининг илиқ сувларига чиқиш мақсади қўйилган. Ўшанда россияликларда Амударё суви тўғон қурилиб, Орол денгизига буриб юборилган деган тушунча бўлган. Бекович бошлиқ экспедицияга (1717 й.) Амударё тўғонини бузиб, дарёнинг эски оқими бўйлаб, Каспийга оқизиб юбориш вазифаси қўйилганди. Ҳолбуки, ўша пайтларда Марказий осиёликлар қўл кучи билан Амударёдек улкан сув йўли ўзанини ўзгартиришга қодир эмасдилар.

Муҳаммад Азимов,
филология фанлари номзоди
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2006 йил 47-сонидан олинди.