Мансурхон Тоиров. XXI аср ҳам физика асри(ми?)

Яқинда пойтахтимизнинг Юнусобод тумани мактабларидан бирига физика фанининг XXI асрдаги равнақи мавзусида ўқувчилар билан учрашувга таклиф қилишди. Ушбу таклифни жондилимдан қабул қилдим. Айни чоқда, бу так­лиф мени ўйлантириб қўйди. Ҳозирги пайтда Тошкент шаҳрининг ўзида Фанлар академиясининг қатор илмий текшириш институтлари, олий ўқув масканлари фаолият кўрсатиб турибди. Улардаги фан доктори илмий даражасига эга бўлган олимларнинг сони бир неча мингни, фан номзоди илмий даражасига эга бўлган юқори малакали олимлар сони эса бир неча ўн мингни ташкил этади ва улар­нинг аксарият қисми физика фани соҳасидаги етук мутахассислардир. Хўш, уларнинг жамиятимиз келажаги ҳисобланмиш мактаб ўқувчилари билан алоқаси қандай? Фақат илмий иш билан шуғулланиб, эришган илмий ишлари натижаларини илмий журналлардагина чоп этиш ва илмий семинар ёки конференциялардагина ушбу ишлари ҳақида ахборот бериб бориш билан чекланиб қолиш  олимликка мутлақо ярашмайди, деб ўйлайман. Республикамиз олимлари турли илм соҳаларидаги ўз фикр-мулоҳазалари, илм соҳасида эришаётган ютуқ ва камчиликларини республика газета-журналларида халқимиз билан, айниқса, ёшлар билан ўртоқлашиб туришса, яхши бўлмасмиди? Қани энди, респуб­лика газета ва журналларида олимлар ўртасида илмий музокаралар ҳам йўлга қўйилса. Агарда ушбу илмий музокараларда мактаб ўқитувчилари ва ўқувчилари ҳам иштирок этишса, нур устига нур бўлар эди.

Бугун фарзандларимиз ва набираларимизнинг таълим олиб жаҳонда тенги йўқ даражада баркамол бўлиб ўсиб-улғайишлари учун барча чоралар кўриляпти. Шоиримиз Анвар Обиджоннинг телевидение орқали тез-тез янграб турган “Бизларга Ибн Сино, ал-Хоразмий, Беруний, Улуғбеклар керак” шеъри жуда ҳам сермаъно. Ушбу йўналишда олимларимизнинг, Фанлар академияси ва олий таълим масканларининг ўрни қай даражада салмоқли бўляпти? Орадан асрлар ўтиб бизнинг замондошларимиздан кимларни, биз Ибн Синоларни эслагандек, “Улуғ алломалар эди” деб эслашаркин? Бу нарса ҳаммамизни албатта қизиқтирса ке­рак. Биз мустақил давлатмиз. Ватанимизда  ёшлар юрагида миллий ғурурни уйғотиш учун  шароит яратиб бериляпти.

Янги қурилаётган мактаб, лисей ва коллежларнинг ҳар бирининг аҳамияти ва салобати келажак авлодимиз учун ҳам, ҳозирги ёшларимиз учун ҳам Бибихоним мадрасасиникидан кам эмас. Энди ёшларимиз қалбини юртимизнинг барча ўрта ва олий мактабларида миллий ғурур руҳи билан алангалатишимиз керак. Қачонгача бизнинг халқимиздан Нобел мукофоти совриндорлари чиқмай юраверамиз? Бизлар ахир ҳеч кимдан кам эмасмиз ва ҳеч кимдан кам ҳам бўлмаймиз. Қачонлардир 24 яшар Эйнш­тейн буюк Нютоннинг нуқтаи назаридан устун бўлган нисбийлик назариясини инсониятга тақдим этар экан, “Кечир мени, Ньютон”, деб сўз бошлаган эди. Инсоният ушбу асрда “Кечир мени, Эйнштейн” деб буюк Эйнштейннинг назариясидан ҳам ўктамроқ бўлган назарияни тақдим этадиган олимнинг етишиб чиқишига катта умид боғламоқда. Инсониятнинг ушбу умидини рўёбга чиқариш учун бизга нима монъелик қилади?! Ушбу улуғ мақсад сари барча ёшларимиз ва олимларимиз қалбини оловлантиришимиз керак, холос! Шунингдек, йирик ил­мий текшириш институтлари кутубхоналари фаолиятини жонлантириш, уларни хорижий илмий журналлар ва адабиётлар билан мунтазам бойитиб бориш, институтда илмий семинарлар давомийлигини таъминлаш ҳам муҳим масалалардандир. Илмий текшириш институтларининг ҳар бир лабораторияси ҳар ҳафта илмий семинар ўтказиши ўта муҳим бўлиши керак. Ушбу илмий семинарларда лаборатория ходимлари олаётган янгиликлар натижасини беришдан ташқари, жаҳонда бўлаётган долзарб илмий ютуқлар доимо олимлар томонидан семинарларда тинглаб  борилиши ва музокаралар қилиниши олимларимизнинг жаҳон олимлари билан тенгма-тенг ва илмий тафаккур бўйича елкадош бўла олишларини таъминловчи зарур жиҳатдир.

Кириб келган асрни кимдир нанотехнология асри бўлади деса, яна бошқаси генетика асри бўлади, дейди. Физика асри бўлади деганлар ҳам талайгина. Жаҳонда бўлаётган бу мунозарали тортишувларда бизнинг республикамиз олим­лари ҳам иштирок этишаётирми? Ёшларимиз-чи?

Мен, XXI аср физика асри бўлади, деган нуқтаи назар тарафдориман. Боиси, ўтган асрлар давомида физика фани қилган кашфиётлар ўз салмоғи жиҳатидан жуда улкан бўлса ҳам, қатор илмий муаммолар ҳамон олимларни ҳаяжон ва саросимага соларли даражада бўлиб турибди.

Файласуфларнинг материяга нисбатан “Киши онгидан ташқарида ва унга боғлиқ бўлмаган ҳолда яшайдиган объектив борлиқ” дея берган таърифи бугунги кунга келиб астрофизикларни мутлақо қаноатлантирмай қўйди.

Маълум бўлишича, барча юлдузлар, сайёралар ва юлдузлараро газ Олам массасининг фақат озгина қисминигина ташкил қилар экан. Материянинг қолган қисми нимадан ташкил топганига астрофизикларнинг ақли етмай ту­рибди. XXI асрда, албатта, унинг табиатини тушунишга эришилади. Ушбу номаълум материя инсониятга на кўринади ва на бирор-бир сезгимизга  таъсир ўтказа олади. Бу материянинг ўзини қуршаб турган оламни, ўта катта грави­тация таъсири ҳисобга олинмаганида, уни “мутлоқ ҳеч нарса” деб атаган маъқулроқ бўлар эди. Астрофизикларнинг ҳозирги замон мо­дели бўйича, оламнинг 73 фоизи қора энергиядан, 23 фоизи – қора материядан ва 4 фоизигина  одатдаги материядан (барион)­ ташкил топган, деб ҳисобланяпти. Коинотда юлдузлар чексиз кўп бўлса, уларнинг ҳар биридан бизга биттадан бўлса-да нур етиб келган   тақдирда ҳам, осмон одамзодга эртаю кеч ярқираб кўриниб туриши керак бўлар эди. Лекин кўриб турганимиздек, ос­мон бизга ундай кўринмайди.

Табиатнинг тузилиши ҳақида гап кетганида, дунёдаги бирор инсон ушбу дунё нега бошқача эмас, айнан шундай тузилганини тушунтириб бера олмайди, чунки буни ўзи ҳам тўлалигича тушунмайди. Қадим замонлардан бери инсониятга иссиқлик, ёруғлик, товуш ҳодисалари, ҳаракат ва гравитация каби кўпгина физик ҳодисалар назариялари у ёки бу кўринишда маълум бўлган. Исаак Нютон ҳаракат қонунларини тушунтириб бергач, ушбу турлича деб тушунилиб келинаётган ҳодисаларнинг бир нечтаси бир ҳодисанинг турли томондан кўриниши экани маълум бўлди. Шундан сўнг физиканинг бир нечта улкан бўлимларини жамлаб, бир бутун содда назария кўриниши берилди. Ушбу назарияга фақат гравитациягина бўйинсунмай қолди!

Физика фани тараққиёти жараёнида Жеймс Кларк Максвелл 1873 йили электр ва магнетизм ҳодисалари ҳамда ёруғлик ва оптик ҳодисаларни бирлаштириб, ушбу ҳодисалар учун умумий бўлган назарияни яратди ва ушбу назарияга биноан, ёруғликни ҳам электромаг­нит тўлқини деб қаради. Шун­дай қилиб,  тараққиётнинг ушбу босқичида ҳаракат қонунлари, электромагнетизм қонунлари ва гравитация қонунлари мавжудлиги инсониятга маълум эди.

Тахминан 1900 йиллари модда нима эканини тушун­тириб бера оладиган назария яратилди. Бу модданинг элек­трон назарияси эди. Ушбу на­зарияга биноан, атомлар ичида майда зарядланган заррачалар мавжуд деб фараз қилинди. Ушбу назариянинг тараққиёти электронлар ядролар атрофида ҳаракатланади, деган тушунчага олиб келди. Натижада атом катталиги даражасида нима ҳодисалар бўлаётганини тушуниш учун ўша давр фан оламида қабул қилинган соғлом фикрлашлардан қутулиш зарурати туғилди. Натижада 1926 йили электроннинг модда ичидаги ҳаракатини тушунтириб бера оладиган назария ишлаб чиқилди. Бу назария “Квант механикаси” деб номланди. “Квант” сўзи табиатнинг соғлом фикрлаш мумкин бўлмаган хусусиятига тааллуқли эди. Квант механикасининг яратилишида ва ривожланишида М.Планк, Л. Де Бройл, Э.Шрёдингер, В.Гейзенберг, П.Дирак, Н.Бор, В.Фок, М.Борн, П.Эренфест каби олимларнинг ишлари муҳим ўрин тутади. Бу олимларнинг П.Эренфестдан бўлак барчаси инсоният олдидаги буюк хизматлари учун Нобел мукофотига сазовор бўлишган. Квант механикаси назарий кимёнинг асосини ташкил қилди. Нобел мукофоти совриндори Ричард Филлипс Фейнман “Фундаментал назарий кимё  аслини олганда, физикадир”, деган эди. Кимё ҳақида шу фикрни ўз даврида яна бир Нобел мукофоти соҳиби Л. Д. Ландау ҳам айтган бўлиб, у яна “ҳозирги замон математикаси бу аслини олганда на­зарий физи­кадир”, де­ган хулосани ҳам бериб ўтган. Квант механикаси инсониятнинг улкан ютуғи бўлиб, у кимёни буткул ва модданинг турли-туман хусусиятларини тушунтириб бера олди. Лекин ёруғлик ҳамда модданинг ўзаро таъсири масаласи ҳал бўлмай қолаверди. Яъни, Максвеллнинг электр ва магнетизм назариясини квант механикаси принципларига мувофиқ қайтадан ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Ниҳоят, 1929 йили қатор буюк физиклар ёруғлик ва модданинг ўзаро таъсири назариясини яра­тишди ҳамда унга “квант электродинамикаси” деб ваҳимали ном ҳам беришди. Квант электродинамикаси яратилишида М.Планк, А.Эйнштейн, П.Ди­рак, В.Паули, В.Гейзенберг, Э.Фермининг хизматлари катта бўлди. Квант механикаси тараққиётига кўп ҳисса қўшган Эйн­штейн ҳаётининг охиригача ҳам ушбу назариянинг кўп ўринларини тан олмади. Электронлар ядро атрофида айланиб унга тушиб кетмаслиги ҳақидаги Бор назарияси ёритилган мақолани ўқиганида, у: “Агар бунинг бариси ҳақиқат бўлса, физика фан сифатида тугабди”, деган хулосасини айтган пайтлар ҳам бўлган. Квант электродинамикасида ҳисоблаш муаммосини 1948 йил И.Ж.Швингер, С.Томанаго, Р.Фейнман ҳал қилиб беришди. Улар ҳам Нобел мукофоти совриндорлари бўлишди.

Квант электродинамикаси яратилганига салкам 80 йил бўлди. Ушбу йиллар давомида бу назария қайта-қайта ўта зийраклик билан турли шароитларда текширилди. Инсони­ят ушбу назария ва экспериментлар натижасида бирор-бир арзигулик тафовут йўқлиги билан мағрурланса арзийди. Ушбу назария гравитация ва ядроларнинг бир сатҳдан бошқа сатҳга ўтишини характерлайдиган радиоактив ҳодисалардан (ядро физикасидан) бошқа физик оламдаги барча ҳодисаларни тушунтириб бера олади. Физика фани ўзининг бутун тараққиёти давомида до­имо турли ҳодисаларни рўёб­га чиқарувчи якдил сабабларни қидириб келмоқда, ўз атрофини бирлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

Немисларнинг машҳур фи­зик олими Герман Людвиг Ферненанд Гелмголц (1821—1894): “Борган сари янги далиллар кўпайиб мураккаблашиб бориши янги фикрларнинг ранго-ранг бўлиб боришига олиб келади ва бу дунёқарашларнинг бирлашмоғига нисбатан бўлган чақириқ амирона бўлиши табиийдир”, де­ган сўзлари билан фан тараққиётининг асосий интилиш йўналишини ёритиб берган. Ҳозирги даврда олимлар барча маълум  ўзаро физик таъсирларни бирлаштиришга уринмоқдалар. Электромагнит, кучсиз ва кучли ўзаро таъсирларни физиклар “Буюк бирлашиш” деб номланган назария орқали бирлаштириб, учала ўзаро таъсир учун ушбу назария орқа­ли бир хил изоҳ беришмоқчи. Ушбу назария ҳали якунига етгани йўқ, лекин унинг бер­ган баъзи хулосаларига бино­ан, протон 1030 — 1033 секунд  вақтдан кейин позит­рон ва нейтрал пи-мезон ёки нейтрино ва мусбат пи-мезонларга парчаланиши керак. Бу хулосалар тажрибаларда текширилмоқда ва агарда  тасдиғини топса, назария тўғри йўлда, деган хулосага келинади. Буюк бирлашиш назария­си, тўртинчи ўзаро таъсир — гравитацияни бирлаштирмайди. Шу сабабдан, қатор назариячилар ҳозирги даврда супербирлашиш назарияси устида ҳам иш олиб боришмоқда. Бунда тўртала ўзаро таъсир – электромагнит, кучсиз, кучли ва гравитация бир манзарани берган бўлар эди, яъни, табиатдаги барча ўзаро таъсир, барча кучлар бир куч, бир қудратнинг турлича намоён бўлиши, деб ҳам қарашимиз мум­кин бўлар эди…

Квант электродинамикаси назарияси 1929 йили инсониятга тақдим этган бир муҳим физик константа (доимий) ҳақидаги маълумот салкам 80 йилдан бери физикларнинг бошини қотириб келмоқда. Бу константани физиклар “алоқа константаси” деб номлашиб, лотинча “е” ҳарфи билан белгилашган. Бу константа реал электрон реал фотонни ютиши ёки чиқариши катталигини (амплитудасини) билдиради. Ўтказилган тажрибларга мувофиқ “е” нинг сон миқдори “0.08542455” га тенг. Одатда физиклар ушбу соннинг тескари қиймати квадратига тенг бўлган 137,03597 сонидан фойдаланишади. Фи­зика қонунларини ифодалаш учун физик катталиклар ўртасидаги ўзаро математик муносабатларни берувчи тенгламалардан фойдаланилади. Кўпинча шундай тенгламаларга  ўзгармас сон кўринишида бўлган физик константалар киритилган бўлади. Масалан, бутун олам тортишиш қонунидаги гравитация доимийси, иссиқлик баланси тенгламасидаги солиштирма иссиқлик сиғими, жисм массаси ва унинг тўлиқ энергиясини боғлаб турувчи Эйнштейн формуласидаги ёруғлик тезлиги шулар жумласидандир. Кўпгина фи­зик доимийлар шартли равишда шу ном билан аталган бўла­ди. Ҳақиқатан ҳам, сув ўрнига спирт қиздирилса, ис­сиқлик сиғимининг бошқа миқдоридан фойдаланишга тўғри келади. Ишқаланиш коэффициенти, солиштирма қаршилик, зичлик ва ҳоказолар мана шундай “нисбий” доимийларга киради. Шу билан бирга, ўз қийматини ўзгартирмайдиган константалар ҳам мавжуд. Бундай универсал константаларга гравитация доимийси, электр заряди, ёруғликнинг вакуумда тарқалиш тезлиги киради. Универсаллиги сабабли бундай константалар оламий ёки фундаментал доимийлар дейилади. Мана шундай фундаментал доимийлар ичидаги энг асилларидан бири “е” константаси ҳисобланади.

Оламдаги барча ўзини ҳурмат қиладиган физик назариячилар кабинетлари деворида ушбу “137” сони ҳар кимга кўринадиган қилиб ёзиб қўйилган ва улар доимо бўш қолди дегунча ушбу сон устида бош қотиришади.

Биз учун физика соҳасидаги Нютоннинг тортишиш назарияси худди “иккини иккига” кўпайтириш каби аёндир, лекин бирор бир физикавий ҳодиса бўйича гравитация каби физик ходиса ҳақида кўп нарса маълум ва шу билан бирга номаълум эмас.

Биз доимо гравитациянинг ўзимизга таъсирини бошдан кечириб турамиз. Лекин унинг табиати шу пайтгача ҳам инсониятга номаълумлигича қолмоқда. Олимлар ҳозирги кунларда ҳам гравитация фавқулода ҳодисаси сирини топиш йўлида бетиним уринишмоқда. Масалан, гравитонлар — массаси бўлмаган ва гравитация таъсирини худди электромаг­нит таъсирни узатувчи фотонлар каби узатувчи гравитация заррачалари мавжудми? Бундай заррачалар шу пайтгача ҳам топилгани йўқ. Квант гра­витация назарияси бизда шаклланган олам тузилиши ҳақидаги назарияни сиқиб чиқара олармикан?..

Элементар заррачалар физикасида кўп нарсалар Хиггс-Бозон каби фаразий заррачаларга боғлиқ  бўлиб қоляпти. Фараз қилинишича, мана шу тасаввурдаги заррачалар элементар заррачаларга масса улашади. Лекин ҳозирча ушбу заррачаларни излаш бўйича барча уринишлар бесамар қолмоқда. 2007 йили Европа ядро изланишлари марказида янги коллайдер (СERN)нинг ишга туширилиши натижасида ушбу тутиб бўлмас заррачаларнинг топилишига олимлар катта умид боғлашган. Балки ушбу заррачалар топилганидан сўнг элементар заррачаларнинг янги қатори — суперсимметрик заррачалар кашф қилинса, ажаб эмас, деган қарашлар бор. Олимлар фараз қилишича, бизга маълум барча заррачаларнинг ўзига ўхшаши мавжуд. Ушбу ўхшашликларнинг кашф қилиниши замонавий физиканинг навбатдаги ғалабаси бўларди. Ҳозирнинг ўзида суперсимметрик заррачалар эга бўлиши мумкин бўлган баъзи хусусиятлар ҳақида маълумотлар бор.

Ёруғлик манбаи ҳаракатдами ёки қўзгалмасми, барибир ёруғлик тезлиги доимо бир хил. Бу таажжубли ҳолат, албатта.  Соғлом ақлга зид бўлган фикр устидаги ушбу мулоҳазалар Эйнштейнга 1905 йили махсус нисбийлик назариясини яратишида жуда қўл келди. Ўшандан бери сон-саноқсиз тажрибалар ушбу гипотезанинг ҳақ эканинигина тасдиқлаб келмоқда. Шунга қарамай, охирги йилларда олимлар “ёруғлик тезлигидан кат­та бўлган тезликда ахборот узатиш мумкинмикан?” де­ган масала устида бош қотириб келмоқдалар. Балки XXI асрда олимларнинг изланишлари ёруғлик тезлигидан катта тезликда ҳаракатлана олиши мумкин деб ҳисобланаётган ва “Тахион” деб номланган фаразий заррачаларни топишга имкониятлар очиб берар. Баъзи назарий фаразларга кўра, тахионлар олами бизнинг оламга “параллель” жойлашган, деган хаёлий қарашлар ҳам бор.

Нисбийлик назари­яси пайдо бўлганидан сўнг биз вақт феноменининг нақадар мураккаб ва сирли эканини тобора яққолроқ тушуниб боряпмиз. Эйнштейн формуласига кўра одам қанчалик тез ҳаракатланса, унинг учун вақт шунчалик секин ўтиб боради. Қувватли гравитация манбалари ҳам вақт ўтишини секинлаштиради. Ушбу икки гипотеза ҳам тажрибаларда ўз тасдиғини топган.

Биз оламнинг бир чеккасидан урвоқча еринигина кузатиб турибмиз холос ва шунинг учун ҳам бизларнинг вақт ҳақидаги тасаввурларимиз ўта соддадир. Олам эса улкан ва чексиздир. Қуйидаги саволлар кишининг кўнглидан ўтмасдан иложи йўқ:

Нега энди вақт фақат бир йўналишдагина оқади? Нега у бизларга қайтмас бўлиб туюлади? Табиатни тавсифловчи фи­зиканинг асосий қонунлари вақтга нисбатан инвариант-ку, ахир? Микроолам ва макро олам ўртасидаги чегара қаердан ўтади?

Ҳозирги пайтда ўзини квант олами қонунларига бўйсуниши билан ҳаммани ҳайратга солаётган макрообъектлар олимларни жуда ҳам қизиқтиряпти. Бунга мисол қилиб Бозе-Эйнштейн конденсатини ми­сол қилиб кўрсатишимиз мумкин. Бозе-Эйнштейн конденсатида миллионлаб атомлардан ташкил топган ушоқдек кичик булут ўзини бир бутун атомдек тутяпти. Шу пайтгача материянинг тўрт хил — газ, суюқ, қаттиқ ва плазма кўринишларда бўлиши ҳақида инсоният маълумотга эга эди. Бозе-Эйн­штейн конденсатининг тажрибада олиниши эса материянинг бешинчи кўриниши ҳам оламда мавжуд эканидан далолат бериб турибди.

Ушбу ҳодиса ҳақида 1924 йили ҳинд физиги Шатендранат Бозенинг ҳисоб-китобларини таҳлил қилиб, Алберт Эйнштейн илм аҳлига ўз ахборотини маълум қилган эди. Ушбу конденсат кўп ўринларда, масалан, квант компютерлари элементи сифатида ишлатилиши мумкинлиги эҳтимоли борлиги билан ҳам катта аҳамиятга эга бўляпти. 2005 йили Америка олимлари Рой Глаубер ва Жон Холлнинг Бозе-Эйнштейн конденсати хусусиятларини, аниқроғи, ла­зер спектроскопияси билан боғлиқ ҳодисаларини ўрганишлар Нобел мукофоти би­лан тақдирланиши ушбу конденсатнинг ўрганилиши аҳамияти нақадар катта экани­дан далолат бериб турибди. Бозе-Эйнштейн конденсати кашфиётчиларидан бири, 2001 йилнинг Нобел мукофо­ти совриндори Волфганг Кеттерле конденсатдан бўлакчаларни “бурдалаб” олиш мумкинлигини кўрсатиб ўтган эди. Бу дегани атом лазерини қуриш, яъни, ёруғликни нурлантирувчи лазерни эмас, моддани нурлантирувчи лазерларни ясашга эришиш мумкин деганидир. Бундай лазерлар билан нанометр аниқликдаги ўта ки­чик тузилмаларни ясаш мум­кин бўлади. Бу кашфиёт нанотехнология оламида сезиларли силжишлар бўлишига олиб келди. Алоҳида атомлар усти­да манипуляция қилиш учун атом лазерлари ҳозирги пайтдаги энг аниқ методдир. Ушбу кашфиёт асосида нанотехнология катта равон йўлнинг бошига чиқиб олди, деган хулосани айтишимиз мумкин. Материянинг олтинчи кўриниши Фермион конденсатлари ҳақидаги мақолалар ҳам ора-сира кўзга ташланиб турибди.

Ҳавода, суюқликларда бўлувчи ўрама ҳодисалар фи­зика фанида бир оғиз сўз би­лан “турбулентлик ҳодисаси” деб аталади ва бу ҳақда ҳам шу пайтгача аниқ ҳисоб-китоблар келтирилмаган. Техниканинг турли йўналишлари тараққиётидаги жадал ривожланишлар ушбу ҳодисанинг татбиқи ва сабабларини ўрганиш устида ҳам физикларнинг янаям жиддийроқ бош қотиришини тақозо этади.

Қаттиқ жисмлардаги магне­тизм ва ўта ўтказувчанлик ҳодисалари ҳанузгача инсониятга ўзининг табиатини тўлалигича очиб бергани йўқ. Ўтган асрнинг буюк физиги Диракнинг, оламда магнит заррачалари (Дирак манополиялари) мавжуд бўлиши керак, деб айтган сўзи ҳанузгача инсоният қулоғи остида жаранглаб турибди. Ушбу зарра­чалар мавжудми ёки йўқми —  бу масала ҳам инсоният олдида жумбоқлигича қолиб келмок­да. Баъзи қаттиқ жисмлар электр қаршилигини йўқотиш табиатининг назарияси ҳанузгача маълум эмас. Агарда на­зария йўқ бўлса, қандай қилиб идеал ўта ўтказувчан материалларни олиш мумкин бўларкин? Балки ушбу масала ёритилишида нанотехнология ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшар?

Шундай килиб, 1961 йили таклиф қилинган Олам модели умумий моделнинг хусусий бир кўринишигина бўлиб қоладиган кўринади. Чунки одатдаги стандарт модел кўплаб саволларга қониқарли жавоб бера олмаяпти. Ушбу модел ўзининг ички уйғунлигига ва симметриясига эга бўлмай қоляпти. У модел нега кўпгина эле­ментар заррачалар массага эга эканини тушунтиришга ожизлик қилиб қолмоқда. Бундан ташқари, нега табиатда  бир-биридан таъсир қилиш кўриниши билан тубдан фарқ қилувчи бир нечта ўзаро таъсирлар мавжуд?

XX асрдан XXI асрга ўтган физика олдидаги яна бир жумбоқ — замона­вий физиканинг икки устуни — квант механикаси билан умумий нисбийлик назариясининг кўп ўринлардаги номувофиқлигидир.

Оламнинг танҳо формуласига эга бўлиш физикларнинг азалий орзусидир.

Биз табиат томонидан XXI аср физиклари олдига қўйган ўнтача саркаш жумбоқлар­ ҳақида қисқача тўхталиб ўтдик.      Биз бундай фикрларимиз доирасини яна бемалол давом эттириб бораверишимиз мумкин. Лекин фикримиз ривожига шу ерда нуқта қўйишга қарор қилдик. Ушбу фикримиз доирасини Фанлар Академияси ва олий ўқув юртларининг олимлари республикамизнинг бар­ча мактаблари, лицейлари ва колежлари ўқувчилари билан мунтазам учрашувлар ўтказиб, уларда бўладиган маъруза ва музокараларида ушбу мақола мазмунини янаям бойитиб, кўп ўринларда аниқликлар киритиб боришади, деб умид қиламиз.

“Маърифат” газетаси, 2008 йил 20, 23 февраль