Қатағон қурбони Ҳусайнхон Ниёзий физика ва кимё соҳасида биринчи дарсликлар ёзиб қолдирган миллатимизнинг фидойи, адабиётшунос, шоир ва маърифатпарвар олимларидан бири бўлган.
Ўтган асрнинг 30-йилларида ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетида фаолият кўрсатган физик олим Ҳусайнхон Ниёзийнинг қаламига мансуб “Радиактив моддалар ва уларнинг аҳамияти” номли қўлёзма китоби билан танишдик. Ундаги “1934-1936 йиллар” деган Ёзув асарнинг битилганига чорак кам бир аср бўлганини билдиради.
Бу китобнинг ҳаётимизда қандай ўрни бор, унинг муаллифи ким бўлган деган табиий савол туғилади.
Ўзбекистон Миллий энсиклопедиясининг 11-томи, 399-саҳифаси билан танишиб, Ҳусайнхон Ниёзий атоқли олим, биринчи ўзбек кимёгар ва физик олими, қатағон қурбони эканини билиб оламиз. Ҳ.Ниёзий 1895 йилда Андижонда зиёли оилада дунёга келади. У 1902-1912 йиллар давомида эгизак акаси Ҳасанхон, укаси Салимхон билан отаси Матмусохон Ниёзий (Хаст эшон домла)нинг мадрасасида (кейинчалик “Меҳнат гули” артели) таълим олади, ўзбек, араб, форс тилларини мукаммал эгаллайди. Кейин тўрт йил давомида рус-тузем мактабига қатнаб, замонавий кимё ва физика фанларини, айни пайтда рус ва немис тилларини ўзлаштиради.
Ёшлигидан табиий фанларга қизиққан қобилиятли Ҳусайнхон ҳамиша илмга интилиб яшайди. Москва ва Оренбург шаҳарларига илмий саёҳатларга бориб келади. Қозон, Санкт-Петербург, Боку, Истамбул сингари шаҳарларда чоп этилган даврий газеталар, физика ва кимёга оид китобларни олиб ўқийди. Немис ва рус олимлари томонидан нашр этилган журналларни топиб, мутолаа қилади. У 1915 йилдан эътиборан Андижондаги 4-ўрта мактабда физика ва кимё фанларидан дарс беради. 1916 йилда Тошкентда Табиатшунослик музейи ҳовлисида кичик моторли самолёт — планер ясайди ва уни Шайхонтоҳур майдонидан осмонга учиради. Бу иш учун ёш авиаконструкторни рағбатлантириш ўрнига “аҳолининг тинчлигини бузгани учун” деган айбнома билан қамоққа олишади. Ҳусайнхон Ниёзий Русия подшоси Николай 2 га “бор гуноҳи моторли планер ясагани эканини” исботлаб, рус тилида ёзган аризасига биноан, 3 ойдан сўнг ҳибсдан озод қилинади. Олим 1924 йилда Тошкентга оиласи билан кўчиб келади. Турли курсларда, техникумларда, ўқитувчилар институтида кимё ва физика фанларидан таълим беради. 1932 йили САГУ — бугунги Ўзбекистон Миллий университетининг кимё факультетида иш бошлайди. Ҳусайнхон Ниёзий фанимиз тарихида биринчи бўлиб “Ҳикмат ва кимё дарслиги” (1922 й.), “Кимё дарслиги” (1926 й.), “Физикадан бошланғич мусоҳабалар” (1927 й.), “Кимё” (1929 й.), “Русча-ўзбекча физика терминлари” (1931 й.), “Тупроқ ва ўғит” (1933 й.), “Физика луғати” (1933 й.) сингари асарларини нашр эттирган. Ҳозир бу китобларнинг нусхалари Ўзбекистон Китоб палатасида ва “Қатағон қурбонлари” музейида сақланмоқда. Тахминан 1936 йилда Ҳусайнхон Ниёзийга бажарган ишлари учун экспериментал физика соҳасида профессор унвони берилган.
Мустамлака юртда ўз ҳақ-ҳуқуқини таниган олимлар пайдо бўлиши шўролар ҳукуматига асло ёқмас эди, албатта. Бошқа илм соҳиблари қатори Ҳусайнхон Ниёзий 1937 йилда сохта айб билан яна қамалади ва Андижон вилоят судининг ҳукми билан олий жазога — отишга ҳукм қилинади. Гарчи ўлим жазоси 1942 йилда 10 йил қамоққа алмаштирилган, орадан яна 14 йил ўтганидан сўнг олим тўлиқ оқланган бўлса-да, унинг кейинги тақдири номаълум.
Ҳошимжон Раззоқов, Сайфиддин Жалилов, Ноҳид Ниёзов, Расул Раҳмон, Зуҳриддин Нуриддинов, Наим Каримов, Рустам Шамсиддинов сингари Ёзувчи ва олимлар Ҳусайнхон Ниёзийнинг юксак илмий салоҳияти, асарларининг аҳамияти, Ватанимиз мустақиллигига қўшган ибратли ҳиссаси, фожиа билан якун топган ҳаёти ҳақида ўз китоблари ва мақолаларида баён қилганлар.
Профессор Наим Каримов “Адолат мустақилликнинг тамал тоши” номли мақоласида (“Ҳуқуқ ва бурч” журнали, 2007 йил 8-9 сони) шундай деб ёзади: “Ҳар қандай босқинчилик, тазйиқ ва таъқибларга қарамай, халқимиз ўзининг илмий ва ижодий салоҳиятини ҳатто ХIХ-ХХ асрларда — мустамлакачилик даврида ҳам бой бермай, Ибрат, Сўфизода, Беҳбудий, Мунаввар қори, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Тавалло сингари ижодкорлар, Саидносир Миржалилов, Обиджон Маҳмудов сингари жамоат арбоблари тимсолида маърифат орқали мустақилликка эришиш учун баъзан ошкора, баъзан пинҳона кураш олиб боради.
Миллат ва халқ учун жонини фидо қилган ватандошларимиз орасида ака-ука Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийлар ҳам бўлган. Машҳур физик ва кимёгар, педагог, ихтирочи ва шоир Ҳусайнхон Ниёзий 1922 йилда физика ва кимё фанлари бўйича ўзбек тилидаги илк дарсликларни яратган. Ана шу шахс большевикларнинг Туркистонда олиб бораётган ғайри миллий сиёсатини кўриб, “Миллий иттиҳод” ташкилотига аъзо бўлиб кирган, ҳатто шу ташкилотнинг Андижондаги бўлимига раҳбарлик қилган. У шу лавозимдаги фаолияти учун 1923 йилда қамоққа олинади. Аммо амалда большевиклар ҳокимиятига қарши бирор жиддий иш қилмагани учун орадан 3 ой ўтгач, озод қилинади. Аммо 1937 йилда Ҳусайнхон Ниёзий ўша 1923 йилдаги айби билан барибир ўлим жазосига ҳукм қилинади. …Унинг акаси, маърифат тарғиботчиси, география ўқитувчиси, шоир, созанда ва мақом санъати билимдони, Ўзбекистон мустақиллиги йўлида тузилган “Миллий истиқлол” ташкилотининг, жадидчилар ҳаракатининг раҳбарларидан бири Ҳасанхон Ниёзий эса 1938 йил 14 декабрда отиб ташланган. Ҳасанхон ва Ҳусайнхон Ниёзийлар билан бирга ўша пайтда кўзга кўринган барча Андижон зиёлилари отиб ташланган ёки қамоқда чиритилган”.
Ака-ука Ниёзийларнинг илмий-амалий фаолиятига бағишланган материаллар (“Ҳикмат ва кимё дарслиги” китоби, кўзойнаги, ён соати, амперметр, қумсоат ва суворийнинг чинни ҳайкалчаси) пойтахтимиздаги “Қатағон қурбонлари хотираси” музейидан жой олган. Ўзбекистон Миллий университети 2001 йил 21 апрелда “Шаҳидлар хотираси” жамғармаси ҳамда Ўзбекистон телерадиокомпанияси билан ҳамкорликда Ҳусайнхон Ниёзийнинг илмий-педагогик фаолиятига бағишланган илмий-амалий конференсия ўтказган ва бу ҳақда матбуотда кенг ахборот тарқатган эди.
Ҳусайнхон Ниёзийни кўп муаллифлар “халқ профессори” деб атайдилар. Мазкур мақола муаллифларидан бири университетда профессор Ҳусайнхон Ниёзийнинг қўлида 2-3 йил давомида таҳсил кўрган тирик гувоҳдир. Собиқ СССР Бош прокуратураси махсус бўлими “Ҳ.Ниёзовга бажарган ишлари учун профессор унвони берилгани тўғрисидаги ҳужжатни ишга қўшиб қўйиш”ни талаб қилади.
Ҳусайнхон Ниёзий ўз даврида юқорида айтганимиздек, машҳур ўзбек кимёгар ва физик олими эди. Ал Хоразмий, Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек сингари фан даҳоларининг илмий мероси синчиклаб ўрганилаётган шу шукуҳли замонамизда яқин ўтмишда шаҳид бўлган Ҳ.Ниёзийнинг фаолиятига қайтиб иш кўрмоқ савобли ишлар сирасига киради.
Ҳ.Ниёзийнинг эски лотин имлосида ёзилиб, ҳали тугалланмаган “Радиактив моддалар ва уларнинг аҳамияти” деб номланган асарини профессор Ноҳидхон Ниёзийнинг илмий раҳбарлигида домланинг набираси ва эвараси она-бола Судобахон ва Темурмалик Нарзиқуловлар мустақил китоб шаклида нашрга тайёрлаб, Миллий университет Илмий кенгашига топширди. Шуниси аҳамиятлики, олим биринчи бўлиб ўзбек илмий адабиётига радиактив моддалар, радиоелементлар, радиактив нурлар, фотоелемент, атом, шунингдек, уран, радий, ванадий, торий, мезоторий, радиоторий, эманатсий сингари унсурлар ҳақида илк тушунчаларни киритади, уларнинг амалий аҳамияти ҳақида батафсил маълумот беради. Менделеев даврий системасини таҳлил қилади, радиактив моддаларнинг нима эканини, бошқа моддалардан қайси сифатлари билан фарқланишини тушунтириб беради.
Мамлакатимизда фан ва техника, тарих ва адабиёт, маърифат ва маданиятга эътибор кучайган шу кунларда зиёли бобокалонларимиз қаламига мансуб ва ҳали кенг ўқувчилар даврасига номаълум бўлган “Радиактив моддалар ва уларнинг аҳамияти” каби китоблар топилаётгани, улар кенг ўқувчилар оммасига етказилаётгани фақатгина истиқлолимиз шарофатидан эканини ҳамиша эсда тутмоғимиз даркор. Мустақиллик шарофати туфайли кўплаб мана шундай эзгу ишлар амалга оширилаётгани барчамизни хурсанд қилади.
Шомақсуд Исоқов, кимё фанлари номзоди, дотсент.
Муҳиддин Полвон
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).