Зуҳра Мамадалиева. Навоий ва Софокл

Навоий портрети. Қирғизистоннинг Исфана шаҳридаги Алишер Навоий номидаги мактаб

Тақдир муаммоси азалдан Шарқу Ғарб донишмандларини, файласуфу адибларини қизиқтириб келган. Инсоннинг қисмати азалдан белгиланганми ёки ўз хатти-ҳаракати билан амалга ошадими? Илоҳий ҳукмни ўзгартирса бўладими ёхуд инсон тақдир қўлидами? Бу каби саволларга ҳар ким ўз нуқтаи назари бўйича жавоб беришга ҳаракат қилган. Тақдир муаммосига файласуфлар бир қатор тезисларда, рисолаларда фикр билдирсалар, адиблар ўз асарларининг қаҳрамонлари орқали муносабатларини бадиий тарзда ифодалаганлар. Шундай файласуф адиблардан бири Алишер Навоийдир.

Маълумки, Алишер Навоий улуғ форс шоири Фаридиддин Атторнинг “Мантиқ ут-тайр” асарига жавоб тариқасида “Лисон ут-тайр” деб номланган фалсафий-тасаввуфий асар яратди. Унда қушлар ўз подшоҳлари Симурғни излашлари воситасида инсоннинг илоҳий “мен”ини излаши ва бу йўлда покланиб, ўзида илоҳийликни зоҳир этиши тасвирланган. Ушбу достонда Шайх Санъон қиссаси мавжуд бўлиб, унда Санъон исмли шайхнинг насроний қизига ошиқ бўлгани ва бу ишқ йўлида ўз динидан воз кечиб, расвойи жаҳон бўлишгача етганлиги қаламга олинади. Худди мана шу қиссада Шайх Санъон қиёфасида тақдирга муносабатнинг гўзал намунасини кўришимиз мумкин. Бу ифодага таққослаш учун жаҳон адабиётининг яна бир намунаси – юнон драматурги Софоклнинг “Шоҳ Эдип” трагедиясига мурожаат қиламиз.

Навоий Шайх Санъон ҳақида маълумот берар экан, унинг диний илмларда камолотга етган ва шайх ул-машойих даражасига эришганлигини кўрсатиб ўтади:

Шайх Санъон восили даргоҳ эди,
Кўнгли ғайб асроридин огоҳ эди.
Каъбада автод ила ақтоб аро,
Ўйла эрдиким наби асҳоб аро[1].

Шайх Санъон авлиё зотлардан эди. Кўнгли ғайб сирларини билгувчи эди.

Каъбада абдоллар (тасаввуфда муайян мартабага етганлар) ҳамда қутблар (валийликнинг энг юқори даражасини эгаллаганлар) орасида, гўё пайғамбар саҳобалари билан юргандек юрар эди (Яъни улардан баланд мартабада эди).

Шоҳ Эдипнинг ахлоқи ҳақида Софокл ҳеч қандай маълумот бермайди, бироқ унинг аждар қуш (Сфинкс)ни енгиши, Фивани узоқ йиллар адолат билан бошқариши каби хусусиятлари бизга Эдипнинг ахлоқий камолотини намоён қилади.

Хуллас, биз танлаган икки қаҳрамон нафақат жамиятнинг олд кишилари, балки ўз замонасининг фахру ифтихорлари – бири “остонасининг гадойи шоҳлар” бўлган улуғ зот; иккинчиси эса дайдиликдан подшоҳлик даражасига етган одам.

Ҳар икки қаҳрамоннинг ўз эътиқодлари бор. Шайх Санъон ягона Оллоҳга ишонади ва ҳар бир мусулмон қатори тақдирнинг илоҳийлигини тан олади.Шоҳ Эдип эса юнон илоҳларига – Зевс, Посейдон ва айниқса Аполлонга меҳр қўйган. Бироқ тақдирга мавҳумот деб қарайди, ишонмайди десак тўғрироқ бўлади. Биз қиёсламоқчи бўлган бу икки қаҳрамоннинг тақдирга бўлган муносабати ва аксинча, тақдирнинг уларга муносабати, шунинг натижасидаги уларнинг ҳаётида содир бўлган туб бурилишлар тасвирланади.

Шайх Санъон бир тушни бир неча марта кетма-кет кўради: тушида у бегона юртдаги бутпарастлар ибодатхонасида бутга сажда қилаётганмиш. Албатта, мусулмон оламида бу катта гуноҳ ҳисобланар эди, шайх кўрган тушига қайта-қайта истиғфор келтиради. Бироқ кўз юмса бас, яна ўша туш такрорланаверади. Шунда Шайх “кимсага Каъбами ёки бутпарастлар ибодатхонаси макон бўлганидан қатъий назар, тақдирда борини кўраверади”, деган қарорга келади. Навоийнинг сўзлари билан ўқиймиз:

Ботроқ ул кишварга азм этмак керак,
Ҳар қаён тортар қазо – кетмак керак.
Чунки бўлса бизга ул маъво насиб,
Бошимизға ҳар на келса, ё насиб[2].

(Тезроқ у бегона мамлакатга бормоқ керак, тақдир – қазо қаерни раво кўрса тезроқ кетиш керакки, бошимизга нима келса, қисматга бўйсунамиз, яъни “ё насиб” деб кўраверамиз). Натижа эса аён: Шайх Санъон ўша мамлакатга боради, (бу Рум мамлакати эди) бир насроний қизга ошиқ бўлади. Ишқида ўз ақлу ҳушини йўқотган шайх қизнинг висоли учун унинг барча шартларига рози бўлади. Қизнинг шартлари ўта шармандали ва таҳқирловчи эди. Яъни май ичиш, зуннор боғлаш, Қуръонни ўтда куйдириш ва бутпарастлар динига кириш. Шайх бу шартларга кўниб, нафақат жамиятдаги эътиборидан, балки имон-эътиқодидан, ўзлигидан воз кечади. Шарқ адабиётида Шайхнинг бу ҳолати ишқ йўлидаги вафодорлик деб тараннум этилади. Унинг бу аҳволини кўриб, бирга келган муридлари Шайхдан юз ўгириб, юртларига кетишади. Фақатгина бир мурид (Навоий уни фоний – Ҳаққа етган мурид деб атайди), шайхнинг гуноҳларини сўраб, Тангрига илтижо қилади. Унинг илтижолари ижобат бўлиб, шайхнинг гуноҳи кечирилади. У Каъбага қайтади. Бироқ энди у фақатгина ориф, диндор эмас, ишқ дардини бошидан кечирган, руҳан пок­ланган ва илоҳий ўзликни англаган комил инсон эди.

Шоҳ Эдип трагедиясидаги воқеалар ривожига кўра, Фива шоҳи Лай ўғил кўради. Боланинг тақдири ҳақидаги мудҳиш башоратга кўра у ўз отасини ўлдириши ва онасига уйланиши керак эди. Бу башоратдан қўрққан шоҳ бир чўпон қўлига чақалоқни бериб, ўлдиришни буюради. Бироқ чўпоннинг чақалоққа раҳми келади ва уни Коринф шоҳининг чўпонига бериб юборади. Коринф шоҳи Полиб бефарзанд бўлганлиги туфайли болани ўз фарзандидай катта қилади. Бир куни Дельфадан – Аполлон коҳинларидан (бу сафар Эдипнинг ўзига) унинг қисмати ҳақидаги ўша башорат қайта нозил қилинади. Шунда Эдип Коринф диёридан бош олиб чиқиб кетади:

… Минг бало, кулфатлар қилди башорат,
Тақдирда онамга уйланармишман,
У туққан болалар жирканч бўлармиш,
Отамнинг қотили бўлар эмишман.
Бундай башоратни эшитгандан сўнг,
Мен узлатга кетдим. Коринфдан узоқ,
Волидамдан узоқ, отамдан узоқ,
Мудҳиш тақдиримдан қочдим узлатга[3].

Лекин ўзи билмаган ҳолда Фивага – она шаҳрига келиб қолган Эдип ўзи хоҳламаган ҳолда (ўзини ҳимоя қиламан деб) отасини ўлдириб қўяди. Тахт эгасиз қолгач, Фивага келган бало – аждарқушни ўлдирган киши шоҳ бўлиши лозим эди. Эдип аждарқушни ўлдиради, шоҳ бўлади ва ўша давр анъанасига кўра олдинги шоҳнинг бевасига, демакки, ўз онасига уйланади. Воқеалар ривожи жараёнида Эдип буни англайди, ўзини ўзи жазолайди ва афсус-надомати асносида трагедия ўз ниҳоясига етади.

Ушбу асарларнинг яратилиш замони ва макони турли хил: Шоҳ Эдип антик давр Юнонистон ҳаётидан ҳикоя қилса, Шайх Санъон ўрта аср Шарқи ҳаётидан лавҳа. Муаллиф ва қаҳрамонларнинг эътиқодлари ҳам бир-биридан мутлақо фарқ қилади. Бироқ бизга ушбу асарларни муқояса қилишга ундаган бир нуқта бор, у ҳам бўлса юқорида айтганимиздек, тақдирга муносабатдир.

Эътибор берадиган бўлсак, ҳар икки асарда ҳам сафар лавҳаси бор. Яъни ҳар икки қаҳрамон ҳам ўз юртидан сафар қилади. Айнан ана шу сафар лавҳасида қаҳрамонларнинг тақдирга муносабати биринчи марта ва ёрқин тарзда намоён бўлади.

Навоийнинг қаҳрамони Шайх Санъон бошига нима тушса, тақдирдан кўражагини айтиб, ўзи тақдирга пешвоз чиқади (Румга боради). Софоклнинг қаҳрамони Шоҳ Эдип бўлса, тақдирдан қочиб, сафар қилади. Аниқроғи ўз юртидан қочиб кетади. Айнан мана шу муносабат асарда қуйидаги ўринларда тасвирланади ва қаҳрамон руҳиятини очишга хизмат қилади.

Шайх Санъон Каъбага қайтиб кетмоқчи бўлган муридларига қаршилик қилмайди, лекин ўзи қайтиб кетиш ҳақидаги таклифни рад этди:

Бири дебким: “Румға бўлди сафар,
Каъбани қилмоқ керак эмди мақар”.
Шайх дебким: “Онда қилғонни талаб,
Мунда топдим не чекай ул ён тааб”[4].

Яъни Шайх тақдир ҳукмига ночорликдан эмас, онгли равишда бўйсунади. Ушбу нуқта мусулмон кишининг имондаги бурчини кўрсатиши билан биргаликда, шайхнинг индивидуал эътиқодини, маслагини намоён қилмоқда.

Шоҳ Эдипнинг тақдирга муносабатини баён қилувчи яна бир нуқта – Эдипнинг ҳақиқатни билиш арафасидаги ҳолати. Ўша лаҳзаларда талвасага тушган Эдипнинг хатти-ҳаракатига эътибор берайлик:

Қочиш керак, қочиш… Аммо қаёққа?
Қайта олмаймен мен ўз ватанимга.
Унда мен падаркуш бўлиш хавфим бор.
Туғишган отамни унда ўлдириб,
 Онамни никоҳга олишим лозим;
Худо тайинлаган даҳшатли тақдир,
Шўрлик пешонамдан ўзим қўрқаман[5].

Кўрганимиздек, Эдип ўзи тан олмаган тақдирдан қўрқади, ундан қочиб, ота-онасини ташлаб кетади, шунча вақт ўтишига қарамай, улар билан қизиқмади, унга аталган башорат яна юз кўрсатаётганда яна тақдирдан қочиб, оиласини ташлаб, аллақаерларга кетмоқчи.

Жомийнинг “Нафаҳот ул-унс” асарида Шайх Санъон ҳақида бир ривоят бор, унда ҳикоя қилинишича, Ибн Саққо (Шайх Санъон)нинг ёшлигида бир улуғ авлиёнинг – Ғавснинг ҳузурига боргани ва унга нисбатан ҳурматсизлик қилганлиги учун дуоибад тариқасида унинг динда баланд мартабага эришиши, Рум диёрига бориши ва алал-оқибат бошига тушадиган шармандали воқеалар башорат қилинганлиги айтилади[6]. Бироқ, биз тадқиқ этаётган қиссанинг ҳеч бир ўрнида Шайх ўз бошига тушадиган кулфатлар учун ҳеч кимни – тақдирни ҳам, Ғавснинг башоратини ҳам, атрофдагиларни ҳам айбламайди. Бир сўз билан айтганда, тақдирга индамай бош эгади. Фоний муридининг илтижолари билан гуноҳи авф этилиб, ақлу ҳуши жойига келганда ҳам, Каъбага қайтиб кетаётганда ҳам бирор муридини бегона юртда ташлаб кетгани учун айбламайди, ўзининг ортидан келган насроний қизни ҳам айбламайди – балки унинг сўнгги илтижосини бажаради – қизга имон калимасини ўргатиб, мусулмон бўлишига сабаб бўлади.

Рус адабиётшуноси Куннинг “Қадимги Юнонистон миф ва афсоналари” китобида ёзилишича, Эдипнинг аянчли тақдир соҳиби бўлишига унинг ота­си Лай қилган бир иш сабаб бўлади. Яъни Фива шоҳининг валиаҳди Лай Пелопс шоҳининг даргоҳига боради. У ерда узоқ вақт меҳмон бўлган Лай миннатдорчилик ўрнига мезбоннинг “тузлиғига тупириб”, унинг кичик ўғлини Фивага олиб қочиб келади. Бу кўргуликка чидолмаган Пелопс Лайни дуоибад қилади. Ушбу дуоибадга биноан Лайни ўз ўғли ўлдириши ва онасига уйланиши, ундан жирканч фарзандлар туғилиши, хуллас, авлод тавқи лаънат ичида йўқ бўлиши керак эди[7]. Лай бу башоратга аввалига эътибор бермайди. Менойкейнинг қизи Иокастага уйланиб, бир неча йил фарзанд кўрмагандан сўнг эса бунинг сабабини билиш учун Дельфага – коҳинлар даргоҳига боради. Коҳинлар Аполлон номидан унга яқин орада фарзанд кўришини, бироқ Пелопснинг дуоибади муқаррар амалга ошажагини башорат қилишади. Ушбу башоратдан қўрққан Лай эса юқорда айтганимиздай, фарзандини ўлимга ҳукм этади.

Ҳақиқат ошкор бўлиб, онасига уйланганини-ю, отасини ўлдирганлигини билган Эдип эса барчани: ўз ота-онасини, гўдаклигида ўлимдан сақлаб қолган чўпонни, Тангрилар башоратини лаънатлайди, лекин бунда ўзининг ҳам айби борлигини, тақдирдан қочиб хато қилганлигини тан олмайди.

Шайх Санъоннинг тақдирга муносабати – мусулмони комилнинг ўз қисматига мардона бош эгишидир. Зеро, исломда бошга мусибат етган лаҳзаларда қилинган сабргина ҳақиқий сабр, деб тан олинади ва у “чиройли сабр” дея улуғланади. Шайх Санъон ёшлигида олган Ғавснинг дуоибад лаънатидан қутилиб, аввалгидан-да улуғланган ҳолда Маккага қайтишига фоний муридининг дуоси восита бўлса-да, аслида мана шу мардоналиги сабаб бўлади.

Шоҳ Эдип эса, отаси Лай бегуноҳ чақалоқни ўлимга буюриб адашгани каби, тақдирдан қочиб хато қилади ва мана шу хато туфайли ўзини ўзи балога дучор қилади. Буни биз унинг охирги иқроридан ҳам билишимиз мумкин. Зеро, трагедиянинг сўнгида абгор аҳволда Фивадан чиқиб кетаётган Эдип:

Нима бўлса бўлар, энди бу ёғин
Тақдирнинг ўзига ҳавола қилдим,

дейди. Бу инсоннинг ўз ожизлигини охири тан олиши, яъни мажбурий сабр эди.

Эдипнинг тақдирга муносабати асрлар бўйи инсонлар онгида “кўчиб юриб” ХХ асрга келиб бутун Ғарбни ишғол қилган экзистенциализм, абсурд каби фалсафий оқимларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмадимикин?!

Шарқлик инсоннинг бу каби фалсафаларни хуш кўрмаслиги ва “эртага нима бўлишини Худо билади” қабилида яшаши сабабининг илдизи Шайх Санъонлар тафаккуридаги тақдирга таҳаммул ва Оллоҳга таваккул туйғуларининг натижалари эмасмикин?!.

Хуллас, бу икки асардаги тақдирга муносабат масаласи бизга нафақат икки даҳо ижодкор тасвирида инсоннинг тақдирга муносабатини, балки Антик давр билан Ўрта аср тафаккури, Шарқ ва Ғарб фикрлаш оламини, демакки, инсониятнинг тақдирга бўлган икки хил муносабатини кўрсатиб беради.

Зуҳра Мамадалиева, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 2-сон

_____________________________

[1] Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. МАТ. 20 томлик. – Тошкент: Фан, 1996. Т.12. – Б.95, 96.

[2] Ўша манба. Б. 97.

[3] Софокл. Шоҳ Эдип. Асқад Мухтор таржимаси. – Тошкент: Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979 й. Б-44.

[4] Алишер Навоий. Лисон ут-тайр. МАТ. 20 томлик. – Тошкент: Фан, 1996. Т.12. – Б-108.

[5] Софокл. Шоҳ Эдип. Асқад Мухтор таржимаси. – Тошкент: Адабиёт ва санъат, 1979. Б-45.

[6] Бу ҳақда қаранг: Авлиёлар султони. Тўплаб, нашрга тайёрловчи: И. Остонақулов. – Тошкент: Янги аср авлоди 2004. – Б.36-37; Ф.Исомиддинов. Шайх Санъон ҳақидаги қиссаларнинг қиёсий таҳлили. Фил.фан.ном.дисс. – Тошкент: 2001. – Б-76; А. Жомий. Нафаҳот ул-унс. Ҳиндистон. Ҳиж. 1289. (Форс тилида) Б-333.

[7] Кун Н.А. Легенды и мифы древней Греции. – Ташкент: Ёш гвардия, 1986. – Ст. 424-425.