Ҳамиша афсонавий бўлиб келган Шарқ ўз адабиёти ва санъати билан ҳам Европа халқларини мафтун этганлиги сир эмас. Шарқ адабиётининг даҳолари – Рудакий, Фирдавсий, Ибн Сино, Хайём, Низомий, Аттор, Румий, Саъдий, Ҳофиз, Жомий, Навоий, Бобур ва Бедилнинг инсонпарвар ва ҳаётсеварлик ғоялари билан йўғрилган адабий-илмий мероси Ғарб шоир ва ёзувчиларини илҳомлантириб келган. Аммо ана шу улуғ мутафаккирларимиз орасидан буюк шоир, мутафаккир, “Мавлавия” тариқатининг асосчиси Мавлоно Жалолиддин Румий (Балхий) номи ва маънавий мероси европаликларга кўпроқ таниш. Машҳур румийшунос олима Аннемарие Шиммел таъбири билан айтганда, “Ғарбда ислом орифларидан ҳеч ким Жалолиддин Румий даражасида танилган эмас». Хўш, улуғ олмон файласуфи Гегелнинг диалектика ҳақидаги назарияси учун сарчашма бўлиб хизмат қилган Румий тафаккури Европа адабиёти, фалсафаси ва умуман, маънавий ҳаётида қандай ўрин тутади?
Румий ва Англия
Румий ҳаёти, ижоди ва қарашларини таҳлил ва тадқиқ этиш йўлида АҚШ ва Ғарбий Европада кўзга кўринарли жиддий илмий ишлар амалга оширилди. Румийшунослик билан жиддий шуғулланган инглиз олимларидан биринчи бўлиб Ринальд Никольсонни (1868-1945) эслаш жоиз. У аслида юнон ва турк тиллари бўйича мутахассис эди, бироқ форс тилига жиддий меҳр қўйганлиги, қатъий ва тиниб-тинчимас саъй-ҳаракати боис форс тилини, сўнг араб тилини ўрганиб олди. Ўттиз ёшлик пайтидаёқ Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавийи маънавий” ва “Девони Кабир”ини мутолаа қилди. Шу мутолаа натижаси ўлароқ, унинг шеърларидан танлаб бир тўплам нашр эттирди. Никольсон шоир девонларидан танлаб олган ғазалларни фалсафий маъноси ва хусусиятига қараб таснифлади ҳамда 1898 йилда “Жоннинг жони” номли тўплам шаклида нашрдан чиқарди. Мазкур мажмуа 1977 йилда қайта чоп этилди. У 1924 йилда “Осиё салтанати жамияти” журналида Румийнинг “Фиҳи мо фиҳи” (“Ичиндаги ичингдадир”) асарини таништириб, унинг баъзи қисмларини таржима қилди. Никольсон амалга оширган ишларнинг энг муҳими “Маснавий” таржимаси ва шарҳидир. У ёзади: “Маснавий” Жалолиддиннинг шеъриятдаги ҳайратга солувчи истеъдоди кенгликларини “Девони Шамси Табриз”дан кўра тўлароқ намоён этади. Мавлоно ғазаллари ҳақиқат, завқ-шавқ ва жозибага ундовчи шеъриятнинг энг баланд чўққиларида парвоз этиб, уни ирфон мулкининг малик уш-шуаросига айлантирди. Аммо бу ғазаллар шундай бир оламда сайр қиладики, ҳаётнинг оддий мушоҳадалари билан унинг орасида анча масофа мавжуд. Ғайб ва аҳлидан бошқа ҳеч ким бундан огоҳ эмас. Гап шундаки, “Маснавий” биринчи навбатда ана шундай масала ва тушунчаларга назар солади, инсон ҳаётининг мазмун-моҳияти ҳамда турмуш тарзи билан алоқа ўрнатади”.
Никольсон 1925-1940 йиллар давомида “Маснавийи маънавий”нинг илмий-танқидий матнини тайёрлаш ва байтларини шарҳлаш билан шуғулланди. Ниҳоят, жиддий саъй-ҳаракат ва бир дунё меҳр-муҳаббат билан кўнглига тугиб қўйган ниятини амалга ошириб, саккиз жилдлик китобни жаҳон илмий ва адабий жамоатчилигига тақдим этди.
Р.Никольсон тахминан умрининг қирқ етти йилини “Маснавийи маънавий” асари танқидий матнини яратишга сарфлади. Бу давр давомида у Румий вафотидан сўнг юз йил ичида кўчирилган ва ҳозирги кунда турли кутубхона ва музейларда сақланаётган қўлёзма нусхаларни солиштириб, “Маснавий”нинг илмий-танқидий матнини яратди, Мавлоно ҳаёти, ижоди ва қарашларига доир “Мавлоно Румий: шоир ва ориф” (Лондон, 1950) номли китоб ёзди.
Никольсон бошлаб берган инглиз румийшунослик мактабини унинг ҳаракатчан ва фаол шогирдларидан Артур Жон Арберри (1905-1959) давом эттирди. У “Маснавий”ни мутолаа қилиб, ўзи учун янги бир хазина топди. Унинг 1927 йилда Никольсон билан учрашуви ҳаётида катта бурилиш ясади. У бошида Мавлавийнинг бир неча рубоийсини инглиз тилига таржима қилди, сўнг “Фиҳи мо фиҳи”ни ўрганишга киришди. Бу пайтга келиб, Арберри шарқ тилларидан таржима қилиш соҳасида катта тажриба орттириб бўлган эди. Жумладан, “Қуръони карим”нинг инглиз тилига таржимаси ҳам у амалга оширган энг жиддий ишлар сирасига кирарди. Шу билан бирга “Маснавий”даги икки юз ҳикоятни ҳам оммабоп тилда таржима қилиб, Румийни англаш ва таништиришга катта ҳисса қўшди.
Арберри амалга оширган ишлардан “Маорифи Баҳо Валад” асари нашрини ҳам қайд этиб ўтиш зарур. Бу асар “Асл матндан тузилган ислом тамаддуни йўналишлари” китобига ҳам киритилган.
1963 йилда “Форсий мерос” нашриёти ва “Доират ул-маориф” журналининг бош муҳаррири Эҳсон Ёршотир Арберридан Никольсоннинг ишларини давом эттиришни сўради. Чунки Никольсон ундан олтмиш йил олдин Шамс девонидан 48 та ғазални таржима қилган эди. Мухлислар қўлида фақат ўша таржималар мавжуд эди. Арберри ана шундай бир улкан ва мураккаб ишга қўл урди ва бу саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ, ирфоний ғазаллардан иборат икки жилдлик китоб дунё юзини кўрди. Ушбу китобда у Румийнинг 400 та ғазалини инглиз адабий тилига, мухлислар учун тушунарли тарзда таржима қилишга эришди (Румийнинг мистик поэмалари, Чикаго университети наш-риёти, 1979). Дарҳақиқат, зикр қилинган бу икки китоб Европа халқларининг Жалолиддин Румий ва унинг ирфоний меросига бўлган қизиқишларини янада орттирди.
Уильям Жонс (1746 – 1794) ҳам форсий матн таржимаси билан алоқадор ишларни амалга оширишда анча заҳмат чекди. Бу кўпчилик инглиз тадқиқотчиларининг Шарқ маънавий меросига меҳр қўйишларига сабаб бўлди. У. Жонс Мавлоно Жалолиддин Румийнинг “Маснавий” таржимасини мутолаа қилар экан, ўзгача бир кайфиятга тушиб, барча ишларини бир чеккага йиғиштириб қўйди ва ўзи ҳам Мавлавий асарлари таржимасига киришиб кетди.
Арберри “Маснавий” ҳажвий китоб эмаслиги, агар мабодо қисқагина ҳажв ишлатилган бўлса ҳам у ўзига хос бир маъно юкини кўтаришини англамаган кўринади. Бундан ташқари, муаллиф Румийни Жеффри Хаусер ва Шекспир билан қиёслайди, бу умуман тўғри келмайдиган муқоясадир, чунки инглиз шеъриятининг отаси – Жеффри Хаусер Ҳофиз Шерозий билан замондошдир. Хаусерни Рудакий билан қиёсласа бўлади, чунки бири форс-тожик шеъриятининг, иккинчиси инглиз шеъриятининг асосчисидир. Фақат улар орасидаги фарқ шундаки, Хаусернинг барча асарлари ёзиб олинган, ваҳоланки, Рудакийнинг энг камида юз минг байтдан иборат шеърий меросидан бор-йўғи минг байтдан кўпроқ шеър бизгача етиб келган, холос.
Умуман олганда, Арберрининг таржималарини форс адабиёти учун холис хизмат деб баҳолаш лозим. Агар Америка ва Европа шарқшунослари бизнинг адабиётимиздаги теран мазмун ва маъноларни чуқур англаб, идрок қилганларида эди, кўҳна Шарқ адабиёти улуғворлиги билан дунёни бутунлай забт этган бўларди.
Мавлавия тариқатининг ўзига хос жиҳатлари англиялик сайёҳларни ҳам жалб этиб келмоқда. Жумладан, Решад Фильд Туркия ва унинг маданий ҳаёти билан танишиб, сўфийлар зикри ҳақида маълумотлар олгач, Қўнё шаҳрини зиёрат қилади. У 1976 йилда “Огоҳ жон муассасаси” номли уюшма ташкил этади. Бу уюшма бугун ҳам “Мавлоно асоси” номи билан фаолият кўрсатмоқда. Решад Фильд ўзининг “Тасаввуф таълимоти дунёсига сафар” номли асарида Қўнё сафаридан олган таассуротларини ҳикоя қилган.
Румий ва Франция
Румий ҳаёти ва қарашларига қизиққан франциялик илк мухлис Клемент Ҳаворт (1854 – 1926) эди. У француз сайёҳларидан бўлиб, бир қанча муддат Қўнёда яшаган. Айнан ана шу даврда сўфий дарвешларнинг зикру самоъ мажлисларидан олган таассуротларини “Қўнё – дарвешлар шаҳри” ва “Ўрта Осиёга сафар хотиралари” номлари билан ҳисобот тарзида нашр эттирди. Румий ҳаёти ва ижодига бўлган қизиқиш эса уни Афлокийнинг “Маноқиб ул-орифин” асарини (Румий ҳақидаги маноқиб) француз тилига таржима қилишга ундади.
Клемент Ҳавортдан кейин Маурис Боррес унинг асарларига жиддий аҳамият беради. Романнавис ёзувчи ва сиёсатчи Боррес шарқ халқлари ҳаётига ва маданиятига қизиқиб, 1914 йилда Туркияга сафар қилади ва “Шарқ мамлакатларини ўрганиш” номли сафарнома асарини ёзади. Охир-оқибат Боррес шунчалик Мавлавий таъсирига тушиб қолдики, умр бўйи унинг фикри-зикри билан яшади. Уни ҳаммадан ҳам кўп қизиқтирган нарса – дарвешларнинг давра қуриши (айланиши) ва уларнинг зикр тушиши бўлди.
Мишель Рандун 1960 йилда Мавлавий ҳақида “Жалолиддин Румий, тасаввуф, рақс” номли китоб ёзди. Ўз асарига дарвешлар гуруҳининг зикри ва зикр тушувчилар расмини илова қилган. Ҳозирги замон шоири ва ёзувчиси Титус Буркҳорт унга муқаддима ёзган. Таниқли театр режиссёри Маурайс Бежат эса мазкур китобда дарвешлар зикри ҳақида баъзи масалаларни келтирган. Бу асар жаҳон тинчлик рақсларини саҳналаштирувчи устоз Самуил Луисга муносиб таъсир кўрсатди.
ХХ асрнинг иккинчи ярмида Ғарб мамлакатлари ёшлари Шарқда асос солинган мактабларга ўзига хос бир эътибор билан ёндаша бошладилар. Айниқса, шарқ маданий мактаблари орасида қадимги ҳинд мактаблари ва буддавийликдан олинган “Бҳакти” ва “Веданта” каби уюшмалар кўпроқ уларнинг диққатини торта бошлади. Шу билан бирга, дарвешларнинг гуруҳ зикри ёки сўфиёна рақслар ғарбликларга жиддий таъсир кўрсатди. Бу таъсир натижаси ўлароқ, икки китоб, бири – Дунканнинг “Румийнинг мозори Қўнёдадир” ва иккинчиси Жеймс Мууреснинг “Дарвешлар зикри” номли асарлари дунё юзини кўрди.
Таъкидлаб айтиш керакки, XIХ асрнинг охирларигача француз тадқиқот-чилари ва шарқшунослари Румий ҳақида аниқ маълумот ва тиниқ тасаввурга эга эмас эдилар. Улар фақат дарвешларнинг давра қуриб айланиши ва нари борса, сўфийлар истилоҳоти ҳақида озми-кўпми хабардор эдилар, холос. 1970 йиллардан бошлаб Франция адибсеварлари Мавлавий ижоди ва қарашлари билан нисбатан яқинроқ танишдилар, дейиш мумкин. Нега? Чунки Францияда ўқиб, таълим олган бир рус аёли Румий асарларининг таржимасини нашр этиб, илм ва адабиёт аҳлининг эътиборига ҳавола этди. Бу аёлнинг исми Ева Витрау Метерович бўлиб, у Мавлавий ижодининг ашаддий мухлисларидан эди, шунинг учун ҳам бутун умрини мутафаккир асарларининг таржимасига бағишлади. Ева Витрау “Жалолиддин Румий ва Мавлавия тариқати” ва “Румий ва тасаввуф”и номли икки жиддий асар ёзди. Кейинроқ бу китоблар Симон Фаттал томонидан инглиз тилига таржима қилинди. Юнеско томонидан нашр этилган Ева Витраунинг яна бир китоби – “Девони Шамс” ғазалларидан баъзи намуналар таржимаси эди. Юқорида зикр этилган асарлардан ташқари у “Фиҳи мо фиҳи”ни таржима қилди ва бу рисола ҳақида мақолалар ёзди.
Румий ва Олмония
1821 йилда Фридрих Август Деофидус Тоулук (1799-1877) исмли бир протестант поп “Ваҳдати вужуд” фалсафаси ҳақида китоб ёзди. Унга Шарқ шоирларининг орифона шеърлари таржималари ҳам киритилган эди. Тоулук бошқа бир китобида Мавлавийни пир деб билади ва дуо ҳақида бир қанча фикрларини илгари суради. Мазкур китобда Тоулук “Маснавийи Маънавий”нинг учинчи жилдидан байтлар келтириб, “Мавлавий дуолари айнан ижобат бўлади” деган хулоса чиқаради. Кейинчалик диалектика мактаби назариётчиси ва файласуфи Георг Вильгельм Фридрих Гегел (1770-1831) Тоулук асарларини мутолаа қилгач, Мавлавий қарашларининг таъсирига тушиб қолади ва “ваҳдати вужуд” назариясидан “Фалсафий фанлар қомуси”да фойдаланади.
Румий сингари, Гегел фалсафасида ҳам ақл ва тафаккур мутлақлаштирилади, улар инсон ва инсониятга боғлиқ бўлмаган, табиат, замондан ташқаридаги абсолют моҳият сифатида талқин этилади. Гегелнинг диалектика ҳақидаги таълимоти – миқдор ва сифат ўзгаришлари, айният ва зиддият ҳақидаги қарашлари ҳам Румий тафаккуридан сарчашма олади. Румий ҳам, Гегел ҳам дунёни ҳаракатлантирадиган ва тараққиётга сабаб бўладиган нарса зиддиятдир, деган хулосага келадилар.
ХХ асрнинг биринчи ярмида Европа донишмандлари ва уламолари Мавлоно билан танишдилар ва умуман олганда унга нисбатан ижобий фикрда эдилар. Туркиянинг Ватикандаги элчиси Христиан Карл Аннемарие Шиммел берган маълумотга қараганда, Йозеф фон Ҳаммер (1774-1856) ўзининг фундаментал асари – “Эронда бадиий сўз санъати тарихи” китобида Олмонияда биринчилардан бўлиб Румий ҳаёти, ижоди ва қарашлари атрофида алоҳида тўхталиб ўтади. Унинг “Девони Шамс” ғазалларидан амалга оширган таржималарини ўқиб чиққан шогирди – Фридрих Рукерт (1788-1866) Румий ғазаллари услубида “Ғазалиёт” номли тўплам яратди. Бу ғазал жанрининг олмон тилидаги илк намуналари эди (Аннемарие Шиммел. Исломнинг ирфоний жиҳатлари (форс тилида). – Теҳрон, 1375.-Б.496-497).
Аннемарие Шиммел ўзининг “Шамс шукуҳи” деб номланган тадқиқотида қуйидаги масалалар хусусида баҳс юритади: 1) қадимий тарих ва саргузаштнома; 2) Румийнинг тахайюлот дунёси; 3) Румий илоҳиёти: Яратгувчи ва яратилган мавжудотлар ўртасидаги муносабат, Румийнинг инсон ҳақидаги қарашлари; 4) Форсийзабон адиб ва олимларнинг Румий ижоди ҳақидаги мулоҳазалари; 5) Муаллифнинг хотиралари. Бу китоб Ҳасан Лоҳутий томонидан форс тилига таржима қилиниб, 1989 йили Теҳронда чоп этилган.
Аннемарие Шиммел мазкур асарида Мавлавийнинг ирфон ва илоҳиётга оид фикрларини тадқиқ қилади. Ваҳий, инсон мақоми, моддий дунё акси, ҳақиқий ишқнинг асл илдизи каби мавзуларга оид фалсафий фикрларга жиддий эътибор қаратади.
Аннемарие Шиммелнинг ХIX аср романтизми даврида Мавлоно Жалолиддин Румийнинг немис шоир ва ёзувчиларига таъсири масаласига оид тадқиқоти илм соҳасида кам учрайдиган ҳодисадир. У Мавлавийнинг “Фиҳи мо фиҳи” асарини инглиз тилига таржима қилди. Ундан ташқари Шиммел Мавлавий таълимотига доир кўпгина мақолалар ёзди.
А. Шиммел 1948 йилда “Маснавий”даги тасвирлар ва образлар ҳақида яратилган чуқур ва кенг илмий тадқиқотини олмон тилида чоп эттирди. Бу китоб олиманинг Румий ижодий фаолияти ҳақида узоқ йиллар олиб борган тадқиқотлари самарасидир.
Германиялик тадқиқотчи Фритц Майер (1912-1998) тасаввуфга оид асарларига катта қизиқиш билан қараган. Мавлавийнинг отаси – Баҳовуддин Валаднинг таржимаи ҳоли ва асарларига бағишланган йирик асар яратди. Мавлавий таълимотидаги илоҳиёт масалалари ҳам кенг тадқиқ этилган. Майер бу китобда Шамс мақолалари ва Аҳмад Сипоҳсолор рисоласини ҳам батафсил таҳлил қилди. Шу ўринда Ҳелмут Риттер (1892-1971) номини ҳам тилга олиш керак. У Мавлавий қўлёзма нусхаларини катта заҳматлар билан йиғиб, тўплади ва ўзидан кейинги тадқиқотчилар учун текис йўл очиб берди.
Риттер Мавлоно ҳаёти хусусида мукаммал ва муфассал мақолалар ҳамда “Доират ул-маъорифи ислом” ва “Доират ул-маъорифи туркийи ислом” китобларига батафсил муқаддима ҳам ёзган.
Румий Босния ва Герцоговинада
Усмонли турклар Боснияни эгаллаган пайтдан, яъни XV асрдан буён Босния халқи Мавлавий номи ва асарлари билан таниш. Чунки Усмонли турклар қаерга бормасинлар, ўша ерда хонақоҳлар қуриб, уларда зарур расм-русумларни бажарар эдилар.
XV асрда Исобек Исҳоқович Сараево шаҳрини бунёд этиб, 1469 йилда мусофирлар учун хонақоҳ қуради. Бу хонақоҳ вақфномасида бирон фирқа ёки Мавлавия тариқатининг номи келтирилмайди, лекин бу хонақоҳ Мавла-вия тариқати ва унинг маросимлари учун қурилганлиги ўз-ўзидан маълум.
Усмонли турклар истилосидан кейин Боснияда “Маснавий”асарига қизиқиш кучайди. Бу ҳудудда ижод қилган кўпгина атоқли шоирлар Румий ижодига катта қизиқиш билан қарардилар. Мисол учун Пошшо Боязид Агич “Дор ул-маснавий” мактабини қурди ва унда “Маснавийи маънавий”ни ўқитишга алоҳида эътибор берди. Боснияда “Маснавий” талқинларига бағишлаб, бир қатор шарҳлар ёзилди. Шулардан бири Фавзий Мусторий ёзган шарҳ бўлиб, у халқ орасида, айниқса машҳур эди. Адибнинг “Булбулистон” китоби ҳам Боснияда севиб ўқилган.
Неча асрлардан буён Сараевода “Маснавий” ва маснавийхонлик давом этиб келмоқда. Ҳатто бир гуруҳ қиссахонлар ҳозир ҳам “маснавийхонлар” номи билан аталади. Улар йиғинларда ва тўгаракларда махсус оҳанг – овозда “Маснавий” ўқийдилар. Бу музофот ёзувчиларидан Солиҳ Трако таниқли маснавийхонлардан Таваккулий Дада номини тилга олади.
Усмонли турклар Босниядан кетгандан сўнг ҳам у ерда маснавийхонлик давом этди.
XIX асрнинг охири ва ХХ аср бошларида Ҳожи Муҳаммад Жалолиддин Човушович, Шайх Ҳожи Бойиричлар мавлавийхонликни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб, “Маснавий”ни шарҳ ва баён этувчи йирик асар яратдилар.
Румий ва Америка
Америка аҳли Румий ижоди ва қарашлари билан анча кечроқ танишди. Румий ҳақидаги илк америкача тасаввур гарчи Марк Твен асарлари қаҳрамонлари тилидан янграган бўлса-да, бу улуғ мутафаккир ижодига нисбатан жиддий қизиқиш ХХ асрнинг иккинчи ярмидан сўнг бошланди.
Мавлоно Жалолиддин Румийнинг Америкада шуҳрат қозонишига “Мавлоно Румий” номли китоб ёзган Колеман Баркс сабабчи бўлди. Бу асар қисқа фурсат ичида китобхонлар орасида катта шуҳрат қозонди.
1994 йилнинг декабрида “Пир публикейшн энд Суфи Букс” нашриёти Мавлоно билан Шамс ўртасида бўлиб ўтган мулоқотнинг 750 йиллиги муносабати билан ажойиб бир ташаббусга қўл урди. Унга кўра, ташаббускорлар Рилке, Лорка ва Мавлавий шеърларини куйлаш учун бир гуруҳ хонандалар билан бирга Колеман Барксни “Манхаттен симфоник” клубига таклиф этишди. Улар томонидан Румий достони асосида тайёрланган “Уч балиқ” номли лавҳа америкаликларда катта таассурот қолдирди.
Америкалик матбуотчилардан бири Ричард Бруккер Қўнёда Мавлавий мақбарасини зиёрат қилгач, бутун вужуди билан унинг таъсирига тушди ва “Исломни радикал ва фундаменталист деб талқин қилиш керак эмас”, деган хулосани илгари сурди.
Туркияга сафар қилган кўпгина европалик ва америкалик саёҳатчилар суфий дарвешларнинг зикр тушиши (Мавлавия тариқатидаги зикр ва самоъ мажлиси) ҳақида кўплаб мақола ва китоблар ёзишган.
Эронлик машҳур румийшунос олим доктор Тақий Пурномдориён Америкада инглиз тилида “Маснавий”нинг сайланма матни 250 минг нусхада чоп этилгани, Америкада бозори чаққон китобга айлантиргани ҳақида маълумот беради.
Бугунги кунда Америкада Марьям Бакер Бош муҳаррир бўлган “Мавлоно мухлислари” журнали нашр этилмоқда. Мавлоно ижодини кенг тарғиб қилишни асосий мақсад қилиб олган ушбу журнал бу соҳада кўзга кўринарли ижодий ишларни амалга оширди ва ўз атрофига Мавлоно мухлислари, шайдоларини йиғишга эришди. Америкадаги Румий мухлисларига тегишли веб-сайт соҳибларидан бири “Янги Қўниё” анжуманини тузди. Бу гуруҳ қошида таълим-тарбия курслари ташкил этилган. Уларда талабаларни ислом одоб-ахлоқи ва анъаналари руҳида тарбиялашга ҳаракат қилинади.
Зигмунд Фрейднинг шогирди Эрих Фроммнинг асарлари жаҳонда муносиб шуҳрат қозонган. У Мавлавийни Ҳақ висоли, ҳаёт завқ-шавқи, инсон руҳиятини тушуниш, борлиқ оламдан хабардорлик каби сифатлари ва шу билан бирга ишқни ҳаёт гавҳаридир, деб билгани учун катта ҳурмат билан тилга олади.
* * *
Бугунги кунга келиб, иқтисодий инқироздан ҳам кўра кўпроқ маънавий инқирозга учраган Ғарбнинг нажот излаётган нигоҳлари Шарққа қадалган. Зотан Шарқ тафаккур ўчоғи, ҳикмат булоғи ва маънавият сарчашмаси сифатида машҳурдир. Ана шу сарчашмаларга қайтиш ва ундан кўпроқ баҳра олиш, яъни Румий сингари даҳолар маслагида туриб инсон ва инсониятни севиш ва ардоқлашгина гўзаллик, эзгулик тантанасига йўл очиб беради, деб умид қиламиз.
Жаъфар Холмўминов, фалсафа фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2010 йил, 9-сон.