Зебинисо Бекмуродова. Виктор Гюго романтизми

XIX аср Ғарбий Европа жамиятида рўй берган йирик ижтимоий-сиёсий воқеалар (1789–1794 йиллардаги француз демократик инқилоби, Париж коммунаси) адабиёт ва санъатга ҳам ўз таъсирини кўрсатмай қолмади.

Аср боши Франция адабиётида турли адабий оқимлар ва йўналишлар, метод ва услубларни кузатиш мумкин. Франция ҳали ҳам маърифатпарварлик ғоялари билан яшар, мамлакатнинг маданий-маърифий ҳаётида Декарт, Дидро ва Вольтер ғоялари таъсири сезилар, театр ва драматургияда ҳам XVII асрдаги ҳукмрон метод – классицизм ўз ўрнини бўшатиб беришни истамасди.

Классицизмга илк зарбани Виктор Гюго (1802–1885) ва Стендаль (1783–1842) бердилар. Бу зарбалар деярли бир пайтнинг ўзида берилди – 1823 ва 1825 йилларда Стендалнинг “Расин ва Шекспир” трактати чоп этилди, 1827 йил эса Виктор Гюго ўзининг “Кромвель” трагедиясини эълон қилди. Ушбу тарихий драманинг муқаддимаси француз романтизмининг манифестига айланди. Жамият ва санъатдаги ривожланишни аниқ ҳис этган Гюго, инсоният турли асрларда турфа синовларга дуч келаётганини, уларнинг ҳар бири санъатга (лирик, эпик ва драматик турларга таъсир қилаётганини таъкидлади. Гюго беш пардадан иборат “Кромвель” трагедиясига ёзган сўзбошисида классицизм ўз умрини яшаб бўлганини, у бундан буён адабиёт, айниқса, романтизм ривожланишига тўсқинлик қилишини баён этган. Зеро, Гюго уч бирлик қоидаси (замон, макон ва ҳаракат бирлиги) каби классик қонунларга қарши чиқади.

В.Гюгонинг “Кромвель” трагедиясида баён қилинган воқеалар тарихий ҳақиқатга асосланган бўлиб, улар XVII асрда Англияда рўй берган. Кромвель 1599–1658 йилларда яшаган, дастлаб Англия парламентининг депутати, сўнг ҳарбий қўмондон бўлган тарихий шахс. Французлар ва голландияликларга қарши курашда қаҳрамонлик кўрсатган. Бироқ кейинчалик қирол билан унинг ўртасида келишмовчилик рўй берган. Кромвель бошчилигида қиролга қарши кўтарилган сиёсий исён йигирма етти соат давом этган. Гюгонинг бу трагедиясида классицизмнинг уч бирлик қоидаларидан бири – замон бирлиги бузилади. Бу трагедия орқали театрда ҳам романтизм тамойиллари қўлланилишига йўл очилди.

ХIX аср адабиётида Виктор Гюго ижоди алоҳида ўринга эга. Гюго дастлаб лирик шоир сифатида майдонга чиқди. Ижоди давомида турли жанрларда йирик асарлар яратганига қарамай, шеъриятдан асло воз кечмади. У ўзининг “Ода ва балладалар” номи остида чоп этилган илк шеърий тўпламини ҳар доим – йилдан йилга тўлдириб, турли номлар остида ўн марта нашр эттирди. Гюгонинг замондоши Шарль-Огюстен Сент-Бёвнинг ёзишича, айтишга арзирли француз шоирлари Ронсан Матюрен Ренье ва Андре Шенье Лафонтен, анча илгари ўтган Эжен Потье ва Пьер Беранже лирик эмас, сиёсий курашчи шоирлар бўлиб, Сент-Бёв замонида В.Гюгонинг ўзи француз шеъриятининг ёрқин юлдузи бўлиб турган. Сент-Бёв Гюго романлари ҳақида ёзганида икки жилддан иборат “Одалар ва балладалар”ини мақтаб ўтади.

В.Гюго поэзияда ҳам, драматургия ва прозада ҳам инсон қадр-қимматини, халқ манфаатларини ҳимоя қилиб, монархия вакиллари, роялист[1]ларнинг жаҳолатга, разолатга ботганини кўрсатади.

В.Гюгонинг романтизм ва реализм ўзаро уйғунлашган асарларидан бири тарихий мавзудаги “Тўқсон учинчи йил” романидир. Романда халқ озодлиги тарафдорлари – ҳаворанглар онани ва унинг уч норасида болаларини вандеячи – қиролпарастларнинг қамоғидан қутқариш учун Тург қасри минорасини қамал қиладилар. Асарда эрини роялистлар отиб ўлдирган, ўзи ҳам ўқ еб, чалажон бўлиб қолган она образи Ватан образи даражасида умумлаштирилган. Онанинг ҳали яхши-ёмонни билмайдиган уч гўдаги – Франция келажаги бўлиб, роман турли ижтимоий-сиёсий, маънавий-гуманистик муаммоларга доир баён, диалог, лирик ва публицистик, фалсафий ўй-мулоҳазалардан иборат. Асарда монархиячи роялистларнинг етакчиси, бурбонлар оила аъзоси, маркиз Лантенак жуда зукко, жасур саркарда сифатида гавдаланган. Лекин бу мураккаб персонаж ўз куч-қудратини халқ бахти учун эмас, балки халқ тахтдан ағдарган золим қиролни қайта тиклаш учун сарфлайди. Ёши етмишдан ошиб, кексайиб қолса ҳам, маркиз Лантенак куч-ғайрати, метин иродаси, ақл-заковати, саркардалик маҳорати билан Вандея вилоятидаги юз минглаб деҳқонларни қироллик ҳимояси учун жангга сафарбар қила олади. У шафқатсизлик билан “Республикачиларни асирга олиб ўтирмай, қириб ташланг!” деб фармон беради, кўнгли бўшлик қилганларни ўзи отиб ташлайди. В.Гюго маркиз Лантенакнинг нутқи ва фикрлари орқали қирол абсолютизми ёвузлигини равшан очиб беради.

Вандеядаги денгиз соҳилида монархиячи роялистлар республикачиларга қарши тарқоқ кучларни жангга солиш учун келган маркиз Лантенакни кутадилар. У келиб, бир зумда қўшинни тартибга солади, жангга тайёрлайди. Монархияни тиклаш учун Англиядан ҳарбий ёрдам сўрайди. У қирол душманларидан кўра, хорижий душманлар яхши, деб ўйлайди. Англия денгиз қўшинлари соҳилга туша олмасин, деб, респуб­ликачилар армияси бошлиғи ёш, моҳир саркарда Говен қўшин билан етиб келиб, соҳилни эгаллайди. Маркиз Лантенак эса республикачиларни қириб ташлаб, Англия кемаларига йўл очишга интилади. Муаллиф Франция инқилоби тақдири хавф остида қолганини кўрсатади.

Даҳо санъаткор В.Гюго бу икки душман саркардаларни, маркиз Лантенакни ва ёш коммуна генерали Говенни ота-ўғил сифатида тасвирлайди. Фуқаролар уруши авж олиб, ота ҳам, ўғил ҳам бир-бирини қўлга тушса отиб ташлашга фармон берадилар. Маркиз Лантенак Сомонлик қишлоғини қамал қилиб, ёқиб юборади. Эртасига роман қаҳрамонларидан бири, гадо қиёфасида юрган Тельмарш чангалзор оралаб келиб, олисдан бурқсиган тутунни кўради. В.Гюго бу фожеа тасвирида тутун ҳақида лирик чекиниш қилади: “Тутун – агар оила ўчоғида қозон қайнатса, нақадар ширин. Тутун – агар уй-жойлар ва одамлар ёқиб юборилса нақадар аччиқ. Меҳмондўстлик ўчоғида ёнаётган олов бўлса биродарларни яқинлаштиради. Тутун агар одамларнинг бахту иқболини бир зумда йўқ қилиб, уй-жойлардан дарахтзорларга ўтса нақадар даҳшатли”.

В.Гюго романда республикачи коммуначилар Марат, Робеспьер, ­Дантон ва бошқалар ўртасида ҳам бирлик йўқлигини, ўзаро келишмовчилик бошланганини, бу эса инқилобни мағлубиятга учратиш мумкинлигини ўша даврнинг минглаб ҳужжатларини яхши ўрганган ҳолда, конвент мажлисларидаги баҳс-мунозараларда, аёвсиз, инқилоб етакчиларининг оташин нутқларида акс эттирадики, бу ерда адиб ижодида кучайган реализм ҳам француз романтизмининг услубий тамойилларидан бири эканлигини кўрсатади.

Биз Гюгонинг “Кромвель” тарихий трагедияси ҳақида сўз юритдик. Ўша давр театрида романтизмнинг қарор топишида Гюго драматургиясининг аҳамияти бебаҳо эди. “Эрнани” пьесаси саҳнага қўйилиши чоғида (1827 йил) театрда эскилик ва янгилик тарафдорлари ўртасида ҳақиқий тўс-тўполон – қўл жанги бўлиб ўтади, театрга катта зарар етказилади. 1830 йиллардаги Гюго драмалари ҳам монархияга қарши қаратилган. Бу даврда адиб “Қиролнинг дилхуши”, “Рюи Блаз” каби драмаларини яратади.

В.Гюго ижодида романтизм ва реализм услублари уйғунлашиб кетган. Буни унинг қатор романлари – “Париж Биби Марям ибодатхонаси”, “Кулаётган одам”, “Бюг Жаргаль”, “Хўрланганлар” ва “Денгиз заҳматкашлари” асарлари мисолида кўриш мумкин.

“Париж Биби Марям ибодатхонаси” романида адиб XV аср воқеаларига мурожаат этгани бежиз эмас. Чунки бу мамлакат ҳаётида туб бурилиш даври – ўрта асрлардан Уйғониш даврига ўтиш пайти эди. Адиб тарихий воқеалар силсиласи орқали ўша кескин ва ўзгарувчан давр манзарасини акс эттирар экан, унда барча даврларга хос умуминсоний ғояларни, оддий инсон қисмати, унинг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинлигини тараннум этади, ҳукмдор табақа вакиллари ва диндорларнинг ғайриинсоний қилмишларини фош этади, бир сўз билан айтганда, эзгулик ва ёвузлик курашини юксак бадиий маҳорат билан тасвирлайди.

“Инсоният олға силжиши учун ҳар доим ҳаётий муаммолар олдида мардонавор жасорат кўрсатмоғи керак. Тиришқоқлик, муваффақиятсизликка бўйсунмаслик, ўзига содиқ қолиш, қўрқмаслик, хавф-хатарни енгиб ўтиб, ғалаба қозониш маслагида қатъий туриш – булар одамларга ғоят зарур бўлган сабоқлардир. Виктор Гюгонинг “Хўрланганлар” романи шу йўсинда ёзилган бўлиб, унда жасоратга даъват этувчи ғоялар ва келажакдаги ғалабага бўлган ишонч жуда ёрқин акс этган.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш мумкинки, Гюгонинг қарийб барча асарлари орқали ўқувчи оддий деҳқонлар, ҳунармандлар, мағрур аристократлар, умуман, француз буржуа жамиятидаги чиркин ўйинлар билан бирга соф инсоний туйғулар тўғрисида кўп нарсаларни билиб олиши мумкин.

Зебинисо Бекмуродова,

Қарши давлат университети ўқитувчиси 

________________

[1] Роялистлар – монархия бошқарув шакли тарафдорлари ёки маълум бир монархни қўллаб-қувватловчилар.