Ёхуд Алихонтўра Соғуний таржималари устидаги ўйлар
I
Бемор шифо излайди. Дунёда нима кўп – бемор кўп. Биров жисман бемор, биров эса қалбан. Жисми беморлар шифони табобатдан изласа, қалби, руҳи беҳаловатлар китобдан шифо излайдилар, деб эскартган донишмандлар. Ажойиб ёзувчи ва табиб Баҳодир Муродалиевда ҳар икки хасталикни ҳам даволаш қобилияти бор, деб эшитганимдан у дўстимизнинг ҳузурларига ошиқдим. Баҳодиржон билан узоқ йиллардан буён салом-алигимиз борлиги учун очиқ чеҳра билан кутиб олди. Суҳбатимиз қизиди. Ҳатто касалимни ҳам унутдим. Эшитган эдимки, Алихонтўра Соғунийнинг “Шифо ул-илал” (“Иллатлар шифоси”) китобига Баҳодиржон муҳаррирлик қилган. Ана шу китобнинг нашр этилиш тарихини суҳбатдошимдан сўрадим.
– Тўқсонинчи йилларнинг боши эди, – деб эслади Баҳодиржон. – Мен “Ислом нури” газетасида бош муҳаррир ўринбосари вазифасида ишлардим. Соғуний ҳазратларининг набираларидан бири Абдуллахон: “Қўлимда бир қўлёзма бор. Бувамларнинг ёзган китоблари. Номи “Шифо ул-илал”. Шу китобдан газетада парчалар берсак, қандоқ бўлар экан?” – деб қолди. Мен ундан ўша китобни олиб келишини сўрадим. Китоб Абдуллахоннинг отаси Аслхонтўра томонидан кирилл ёзувига ўгирилган экан. Ундан бир қанча бўлимларни газетада босишга муваффақ бўлдик. Кейинчалик мен “Шарқ юлдузи” журналига ишга ўтганимдан кейин китобни мазкур журналнинг 1996 йил 6-сонида ҳам чоп этдик. Шундай қилиб, ҳазратнинг ушбу китоби халқ мулкига айланди. Мен учун эса беқиёс қўлланма бўлиб қолди. Табобат билан илгаритдан шуғулланиб келаман. Аммо “Шифо ул-илал” қўлимга теккач, бу соҳадаги билимим янада ошди. Китобнинг қимматли томони шундаки, унда шифо усулларининг барчаси бевосита Соғуний ҳазратларининг ўз тажрибаларидан олиб ёзилганидадир. У киши бирон касалликнинг шифоси ҳақида гапирар экан, фалон ҳаким бундай деган ёки писмадончи табиб ундай деган, деб эмас, фақат ўз тажрибаларидан келиб чиқади. Китобнинг сўз айтиш, ифода услубини айтмайсизми! Шундай миянгизга жойлаб қўя қолади. Ўзи, ҳазратнинг турк, араб, форс тилларини чуқур билишлари ҳақида бир ривоят эшитган эдим. Айтишларича, Алихонтўра Соғуний ҳузурларига Арабистондан бир одам зиёратга келибди. Зиёратчи ўзини таништирар экан, Соғуний домла ундан: “Арабистон ярим оролининг фалон вилоятиданмисиз?” – деб сўрабди. Зиёратчи тақсирнинг ўзи туғилган вилоятни аниқ айтганидан ҳаяжонга тушиб, зўрға бош ирғабди, холос. Суҳбат давомида яна Соғуний домла зиёратчига қарата ўша вилоятнинг фалон ноҳиясида туғилган кўринасиз, деганда зиёратчининг кўзларидан ёш чиқиб, тақсиримизнинг араб тили билимдони эканига таҳсинлар айтган экан…
…Менинг хаёлимдан эса Соғуний ҳазратларига тақдирдош бўлган бир қур одамлар ўтди. Ёқуббек Яквалхўжаев билан “Ўзбекистон маданияти” (ҳозирги “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”) газетасида бирга ишлашганмиз. Алихонтўра Соғуний ҳақида биринчи марта ана шу Ёқуббек аканинг оғзидан эшитганман. Бу кишининг тақдири ҳам Шарқий Туркистон билан боғлиқ кечган. Ундан “Қайтар дунё”, “Уч кўчанинг охири” деган романлар ва фарзандлар ёдгор қолди.
– Мактабимизнинг номи “Намуна” эди, – деган эди ўшанда Ёқуббек ака. – Ғулжа шаҳридаги ўзбек мактабларидан бири. Бизга айтишдики, эртага мактабимизга Ғулжа халқининг ҳурматли кишиси Алихонтўра Соғуний келар эмиш. Ўша йиллари биз истиқомат қилаётган Ғулжадагина эмас, Шарқий Туркистоннинг бошқа шаҳар-қишлоқларида ҳам алғов-далғов замонлар эди. Қандайдир қўзғолонлар юз бериб, ҳар томондан “Гоминдан йўқ бўлди”, деган гап-сўзлар эшитилиб турар эди. Шаҳарда бўлаётган ўзгаришларни биз – болалар катталарнинг хатти-ҳаракатларидан, узоқлардан ҳар замонда эшитилиб турган ўқ овозларидан, дастурхонга қўйиладиган егуликларнинг танқис бўлиб қолганидан ҳам сезар эдик. Бир пайт бизнинг олдимизга ўрта бўй, соқоллари калта қилиб кузалган, ҳарбий кийимдаги одам чиқиб келди. Бу одамнинг ўша пайт айтган гапларини жуда ҳам узуқ-юлуқ эслайман. Масалан: “Болаларим, душманни юртимиздан қувяпмиз. Бу ишларнинг ҳаммаси сизлар учун, сизнинг келажагингиз учун қилиняпти. Сизлар эса ўқишларингиз, билим олишларингиз керак…” Ўша гапларнинг маънисини, гап нимада эканлигини мана бугун (70-йиллар назарда тутиляпти. – Ё.Х.) тушуниб турибмиз. Кейин билсак, 1944 йилда Ғулжа, Олтой ва Тарбағотой вилоятларида Хитойнинг ўша пайтдаги ҳукмрон партияси гоминдончиларга қарши инқилоб бўлиб, унинг бошида ўша болалигимизда кўрганимиз Алихонтўра Соғуний ҳазратлари турган экан. Бу одамни Шарқий Туркистонда ҳамма билар ва севар эди. Бу ерда эса ҳамма ҳам билмайди ва ҳамма ҳам севмайди…
Баҳодиржоннинг: “Ёқубжон ака, эшитяпсизми, асарларининг, қилган таржималарининг тилини айтаман. Арабларнингки, ўнлаб шеваларини билган одам ўз тилини билмайдими?!” – деган хитоблари хаёлимни жойига келтирди.
Ҳа, бугунги келиб Алихонтўра Соғунийнинг асарларини, таржималарини кўнгилларида ўзининг кимлигини, қаердан келиб, қаёққа кетаётганини билиш истаги бўлган одамки, бор, ҳаммаси ўқияпти, уларнинг устида фикр юритяпти. Шу ўринда Алихонтўра Соғуний ҳақидаги расмий маълумотга эътибор қаратсак: Алихонтўра Шокирхўжа ўғли Соғуний 1885 йил 21 мартда Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Арабистон (Мадина)да ва Бухоро мадрасаларида таҳсил олган. Чор маъмуриятининг ерли аҳолини мардикорликка олиш сиёсатига қарши чиққанлиги учун подшо махфий полицияси таъқибида бўлди. 1916 йил қўзғолони шафқатсизларча бостирилгач, сиёсий муҳожир бўлиб Қашқар (Хитой)га кетади, кейин Шарқий Туркистон (Ғулжа шаҳри)га боради. Омма орасида ҳуррият ғояларини тарғиб қилганлиги сабабли 1937 йил Хитой маъмурлари томонидан ҳибсга олиниб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилади. 1941 йил адлиявий тафтиш натижасида озод қилинади. 1944 йил 12 ноябрда Шарқий Туркистон жумҳурияти эълон қилиниб, Алихонтўра Соғуний Муваққат инқилобий ҳукумат раислигига сайланади. Миллий қўшин ташаббускори бўлиб, унга қўмондон этиб тайинланади. 1946 йил июнда шўро айғоқчилари томонидан махфий равишда тазйиқ билан Ғулжадан олиб чиқиб кетилган Алихонтўра Соғуний умрининг охиригача Тошкентда яшайди. Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақое” асарини, Дарвиш Али Чангийнинг “Мусиқа” рисоласини, шунингдек, “Темур тузуклари” ва бошқа асарларни таржима қилган. Унинг “Девони Соғуний” шеърий тўплами, “Тарихи Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси”, “Шифо ул-илал” (“Хасталиклар давоси”) ва бошқа асарлари бор. 1976 йил 28 февралда Тошкентда вафот этган. Лекин юқоридаги асарлар қандай шароитларда, қандайин тазйиқлар остида ёзилганини, таржима қилинганини кам одам билади. Бу асар ва таржималар ёвуз совет исковичларининг назарига тушиб қолишидан хавфсираб, минг таҳликалар, минг бир азоб-уқубатлар остида яратилганини кўпчилик билармикан? Ёзган китобларини-ку, совет даврида чоп этишни хаёлларига ҳам келтирмаган. Бу китобларни ёруғ кунларга қандай етказишни ўйлаган, холос. Ана шундай кунлар, Ватаннинг зулмдан озод бўладиган кунларини интиқлик билан кутган ва бунга ишонган. Ватаннинг бир кун албатта озод бўлишини хаёлига ҳам келтирмаган қанча одамлар эса ўз туйғуларини, балки олтин фикрларини ўзлари билан олиб кетишди… Алихонтўра Соғуний эса бир кун албатта Ватаннинг зулмдан озод бўлишини бутун вужуди, борлиқ-шуури билан англар эди. Шу боис ҳам у ўзининг “инсонпараст”лигидан қайтмади. У ҳатто туғилган юртидан жудо бўлиб, қочқинга айланиб, Тангритоғ довонларида саргардон юрган чоғларида ҳам ёзди. Масалан, “Шифо ул-илал” китоби, маълумотларга кўра, 1937 йил июнь ойларида Шарқий Туркистоннинг Ғулжа шаҳрида, Кунас тоғларида – Тойошув, Қўйошув деган ерларда қирғиз биродарларининг орасида ёзилган.
Озодлик Алихонтўра Соғуний учун нафақат Шарқий Туркистонда, ўз Ватанида ҳам ҳаёт-мамот масаласи бўлиб қолаверди. Агар Шарқий Туркистонда озодлик учун қўлда қурол билан курашган бўлса, Ватанга келгач, сўз билан курашди. Ана шу йўлда “Тарихий Муҳаммадий”, “Туркистон қайғуси” китобларини ёзди. “Ёзди” деган сўз бу ўринда жуда ҳам енгил туюлади. Алихонтўра Соғуний бу китобларни, жумладан, Амир Темурнинг “Темур тузуклари”, Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақое” асарларини жонини гаровга қўйиб, озодлик учун тиниб-тинчимаган юрагининг қони билан ёзди, таржима қилди. Зеро, бу асарларнинг барчаси ерга урилаётган инсон шаъни, қадр-қиммати ҳимояси учун битилган ва таржима қилинган эди. У нафақат ўзи ёзган асарларда, шунингдек, таржималарида ҳам руҳи талаб қилган мавзуларни қаламга олди. Зотан, у яратилишидаёқ илоҳий талаб аҳлининиг муҳиби эди.
Яқинда Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақое” китобини қайта ўқиб чиқдим. Китоб “Фан” нашриёти томонидан 1964 йилда чоп қилинган. Ички саҳифада форс-тожикчадан А.Ҳамроев ва А.Шокиров таржимаси деб ёзиб қўйилибди. “Сўз боши ўрнида” деб берилган мақолада шуларни ўқиймиз: “Наводир ул-вақое”ни форсча-тожикчадан ўзбек тилига таржима қилиш ва уни нашрга тайёрлаш ишлари ЎзССР Фанлар академияси Философия ва ҳуқуқ институтининг ижтимоий-фалсафий фикрлар тарихи секторида бажарилди. Уни Али Шокиров ва тарих фанлари кандидати, доцент Абдураҳмон Ҳамроев таржима қилдилар. Китоб шу асарнинг Бухорода кўчирилган ва ҳозир ЎзССР Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланаётган (инв. № 4266) нусхасидан таржима қилинди…”
Шу орада Соғуний домланинг невараси Равшан Шокиров билан учрашиб қолдик. У бундан бир қанча вақт илгари Дарвеш Али Чангийнинг бобоси таржима қилган “Мусиқа рисоласи”ни излаб юриб санъатшунослик институтида бўлгани ва 60-йилларнинг бошида институт директори Файзулла Кароматов таклифи билан бобоси бу даргоҳда форсча, арабча матнларни ўқиш бўйича маслаҳатчи (консультант) бўлганини аниқлаганини айтиб берди (Бу масалага кейинроқ қайтамиз. – Ё.Х.). Демак, Соғуний домла ўз пайтида консультантлик ҳам қилган. Балки тақсирни “Наводир ул-вақое” таржимасига консультантлик қилиб юрган пайтларида кимдир жалб қилгандир, деган фикрга ҳам бордик. Аммо бундай бўлиб чиқмади. “Наводир ул-вақое”ни Алихонтўра Соғуний 1960 йилдан олдинроқ таржима қилиб тахлаб қўйган экан. Бу “сир”ни анча сўраб-суриштиришлардан кейин ўзининг набираси Абдуллахон Шокировдан билдик. Унинг шахсий кутубхонасида “Наводир ул-вақое”нинг домланинг қўлёзмасидан оққа кўчирилган эски ўзбек ёзувидаги нусхаси мавжудлиги маълум бўлди. Аммо бу нусханинг охиридан бир дафтари йўқолган. Мазкур нусха узоқ йиллар Ўзбекистон диний назорат идораси кутубхонасида ишлаб келган Нодирхон Алоуддинов томонидан оққа кўчирилган. Мана ўша китобдан парча:
“… 1960 йил 6 сентябрь куни Алихонтўра жаноблари олиб келиб, муфтий ҳазратларига кўрсатганларида нусха олиш учун фақирға ҳавола этганлар.
Хатим йўқдир ва лекин хизматим бор,
Келур қўлдан кўтарсам ғайратим бор.
Улул амр ўлса, ҳар ким қилса фармон,
Фаройиздан ўлур деб ниятим бор.
Мабодо баъзи ерда бўлса янглиш,
Тузатур яхшилар деб ҳимматим бор.
(Шеър ва юқоридаги сўзлар хаттотнинг қаламига мансуб. – Ё.Х.)
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Наводир ул-вақое
…Мен бухоролик Носир ўғли Аҳмад Абубакр авлодларидандирман. Ёшлиғимдан бери, бу кенг жаҳонга кўз очган кунимдан бошлаб, замона аҳллари қизиққан ортиқча зийнатли кийим, нақшли салладан юз ўгириб, илм ахтариб, китоб ёзиш, таҳрир қилиш каби қалам юритиш ишлари билан қизиқдим. Ўзим топган фойдалик илмларим ва илм аҳилларининг дастурхонларидан териб олган ҳикматли сўзларнинг якуни идроким хазинасида тўпланган эди. Агарда бирор масалада кўнглимға шубҳа тушса, уни ўзим ўйлаб, кўнглимдан далиллар ахтариб, ҳал қилар эдим. Бу тўғрида бирор кишидан сўраб унга мурожаат қилмас эдим. Ҳар кимдан ҳар бир (бирон-бир) ҳикматлик сўзни эшитсам, агарда ул қисқа бўлса, кенгайтириб, ортиқча узун бўлса, қисқартириб ёзар эдим. Ҳар бир сўз, ҳар бир ишнинг ҳақиқатини (тубини) ахтариб, унга юзаки қарамас эдим. Замона аҳли бундай ишларга қобилиятсиз бўлганлари ҳолда мен ўзим ана шу ишлар билан шуғулландим. Шунга кўра бир қанча илмий ҳангома ва ривоятлар ҳамда эшитган ва кўрган нарсаларим қоғоз парчаларида ёзилиб тўпланди. У ёзган нарсаларимни кўрган замондошларим таажжубланиб олиб ўқир эдилар ва яна қайтариб берар эдилар. Чунки илм ва ҳунар бозори ички ва ташқи бир қанча сабабларга кўра касодликка учраган эди. Замона аҳиллари эса китоб ёзмоқ, илм тўплаш каби ишларнинг вақти ўтган деб гумон қилардилар. Бу ишни қилиш учун кашф этиш кучига эга бўлиш керак. Бу икки сифат топилмаса, китоб ёзиш мумкин эмас, деярдилар, ҳолбуки, Эрон, Истанбул, Фарангистон мамлакатларида ҳар йили турли фанлар соҳаларида беш юздан ортиқ китоблар ёзилади. Бу китобларнинг ёзувчилари ва уларни атаб ёзган подшоҳлари бу кунда ҳам тирикдурлар. Замондошларимиз у китобларни кўрмайдилар ва эшитганларига ишонмайдилар. Балки ўзлари яшаган ердан бошқа ерларга ҳам ишонмайдилар. Саҳифаларда ёзилган нарсаларни топсалар, у асоссиз куч бўлса ҳам, қатъий далил шу деб гумон қиладилар. Қўлларида бўлган китоблардан бошқаларини ёлғон ва ғалат деб биладилар. Шунинг учун бу шаҳарларнинг кўпроқ олимлари бу ишга шуғулланишини мияси айниганликка йўйиб, бу китобни ёзувчига душман бўлиб, қаршилик қиладилар. Бу ёлғон сўз, буни бошқалар воситаси билан тўплаган, деярдилар. Агар менинг сўзларимда ҳикматли, баланд маънога эга сўзларни учратар эканлар, агарда олим бўлсалар, ҳасад юзасидан ранглари ўчар эди. Олим бўлмаганлари бу ҳикматли сўзларни бутунлай инкор қилардилар. Чунки менинг уст-бошим на олимга, на жоҳилга ўхшар эди. Уламолар қаторига кириш учун ўзимга оро берадиган салла ва соқол тароғим йўқ, жоҳиллар сафига ўтиш учун белбоғ билан осган пичоғим йўқ эди. Чунки замона аҳилларининг қилган ишлари менинг назаримда писанд эмас эди. Уларнинг ҳеч қайси ҳаракатлари менга ёқмас эди. Жуда кўнглим олиниб, юрагим торайиб кетганда қайғу-аламларимни чиқариш учун дўстларим ёнига қалам кўтариб келиб, қоғоз юзини қоралаш билан шуғулланар эдим. Бу қоғоз қоралашларимдан ойдин-равшан маънолар келиб чиқар эди. Бошқа китоб ёзувчилар покиза жой, хилват ўрин ахтарганлари ҳолда мен кўпчилик ўртасида, хароботлар ичида, мозор ва қабристонларда ўртоқларим ҳузурида бўлганимда олий маънолар, яхшироқ асарлар топар эдим.
Бировларнинг фаҳми етмай менинг ёзганларимни фойдасиз деяр эканлар, бундан менга нима ғам? Чунки менинг қаламим шавқнинг наққошидир. Оллоҳ таоло коинотни яратди, унда тўнғиз ва итнинг бўлиши Оллоҳга зиёнсиздир. Хулоса, менинг мизожимни билганлар шу ёзилган тарқоқ варақларни тартибга келтирилмаган кўриб, илтимос қилдилар: агарда бу ёзилган нарсалар шу ҳолда қолса, шамолга соврилар, ўтга тушиб ёнар, сувга оқиб кетар. Шунга ўхшаш бирор офатларга учрар. Шунинг учун ёзганларингни бошқаларнинг ёзганларидан ажратиб, бир тўплам қилиб, китоб ҳолига келтиргин. Сендин шу қолади, дўстларинг учун эсдалик бўлади. Йўқлигингда бор бўлиб, ўлганингда тириласан, дедилар. Буни англаб, иложсиз, ёзганларимни дўстларимнинг хотири деб, тарқоқ ҳолдан китоб қилиб ёздим, бу китоб – наводир ул-вақое. Чунки бу китобда ёзилган ҳар қайси ҳикоя бирор сабабга боғлангандур. Ҳар бир ҳикояни ёзиш олдида ўтган унинг сабаби бордир. Ўша қиссадан кейин унга сабабини кўрсатиб ёзилади. Ҳар яхшиликка Оллоҳ ёрдам бергувчидир”.
Энди 1964 йилда “Фан” нашриёти томонидан мутаржимлар А.Ҳамроев ва А.Шокировлар қаламига мансуб “ҳашар” таржимани кўриб чиқамиз. Ўқувчиларнинг зерикиб қолмасликлари учун солиштириш зарурияти туфайли юқоридаги Алихонтўра Соғуний қаламига мансуб парчага мутаносиб равишда “ҳашар” таржиманинг фақат биринчи ва охирги хатбошиларини келтирамиз:
“Худони улуғлаб, Муҳаммадга раҳматлар айтганимдан сўнг, мен бухоролик Носир ўғли Аҳмад Абу Бакр авлодидандирман. Ёшлигимдан бошлаб замона аҳллари қизиққан ортиқча зийнатли кийим, нашқли салладан юз ўгириб, илм ахтардим, китоб ёзиш, таҳрир қилиш каби қалам юритиш ишлари билан қизиқдим. Ўзим топган фойдали илмларим ва илм аҳилларининг дастурхонларидан териб олганим ҳикматли сўзларининг якуни идроким хазинасида тўпланган эди.
…Менинг мизожимни билганлар шу ёзилган тарқоқ варақларни, тартибга киритилмаган ҳикояларни кўриб: “Агарда бу ёзилган нарсалар шундай қолса, шамолга соврилур, ўтга тушиб ёнар, сувга оқиб кетур; шунинг учун ўз ёзганларингни бошқаларнинг сўзларидан ажратиб, бир тўплам қилиб, китоб ҳолига киритгин, сендан шу қолади, дўстларинг учун эсдалик бўлади, йўқлигингда бор бўлиб, ўлганингда тириласан”, дедилар. Ёзганларимни дўстларимнинг хотири деб тарқоқ ҳолдан китобга айлантирдим. Бу китобга “Наводир ул-вақое” деб ном бердим…”
Ўқувчига шуни уқтириб қўйишимиз лозимки, бизнинг мақсадимиз аслият билан таржима орасидаги фарқни тадқиқ этиш эмас. Бу ишни дақиқ фикрловчи таржимашуносларнинг бажаргани маъқул. Юқорида Алихонтўра Соғуний қўлёзмасидаги оққа кўчирилган матн билан “ҳашар” таржимадаги матнларни солиштиришдан мақсад эса улар орасидаги фарқни аниқлашдир. Фарқ эса, кўриб турганингиздек, олиб ташланган жумлаларни ва Оллоҳ ҳамда унинг Расулига йўлланган саломлардаги ноқисликни айтмаса, қолгани ҳаммаси, муҳаррирнинг бир чизиқ тортиши билан юзага келган фарқлардир. Демоқчимизки, “ҳашар” таржимага Алихонтўра Соғуний матни асос қилиб олинган. Айрим жумлаларни олиб ташлаш ёки қўшиш, ўзгартириш, бу – муҳаррирнинг вазифаси. Савол туғилади: шундай экан, китоб “ҳашар” қилинмасдан, ўша асос матн тўлиқ ҳолда чоп этилса бўлмасмиди?
Ҳамма гап ана шунда! Бўлмас эди! Ахир қандоқ қилиб бўлсинки, “Хитойдан келган табиб”, “Совет разведкачиси”, “Нақд Сталиннинг ўзи билан алоқада бўлган маршал”, “Хитойлик пошшо”нинг бундай масъул ишни бажаришга бир ўзи қўйиб қўйилса?! Биз “Наводир ул-вақое”нинг таржимасида иштирок этган, унга меҳнати сингган марҳум олим Абдураҳмон Ҳамроевга маломат қилмоқчи эмасмиз. Аксинча, бу одамни Оллоҳ раҳмат қилсин! Қилган меҳнатлари борган жойларида савоби тавфиқ бўлиб, жаннатлардан ато этишига ёрдам берсин! У кишидан қолган авлодларнинг умри ва ризқларига барака тилаб қоламиз. Биз собиқ совет тузумига ва бу тузумнинг қатағон машинасини ҳаракатга келтирган каттадан-кичик одамларга маломат қиламиз. Зотан, Алихонтўра Соғуний сўзи билан айтганда, “… ўз Ватанини бошқалар тасарруфига қолдириб, икки дунёсидан ажраб хорлик билан яшаган ёлғон мусулмонлардан илм, фан, маданиятни ўзлаштириб, бутун ҳуқуқларига эга бўлган кофирлар, албатта, ортиқдур”[1].
Ана шундай мусулмонлардан бўлиб қолмаслик учун у минг хавф билан қилган таржималарини “А.Шокиров” имзоси билан ўзи қилган ишни бошқага шерик бўлиб юзага чиқаришга ҳам рози бўлди. Чунки “Наводир ул-вақое”даги воқеалар, фикрлар, ғоялар унинг ҳам бутун умри давомида қийнаб келаётган дардлар билан ҳамоҳанг эди. Алихонтўра Соғуний агар шу китоб ўзбек тилида чоп этилиб, эл ҳузурига етиб борса, ўша “А.Шокиров” деган имзодан воз кечишга ҳам тайёр эди. Унинг ҳиммати мана шундай баланд эди. Зотан, донишмандларнинг айтишларича, баъзи бировнинг ҳиммати шундай баланддирки, тамом олам унинг ҳиммат кўзи олдида тариқча кўринмайди; бу фоний дунёнинг зебу зийнатларига кўз солмайди. Алихонтўра Соғуний ана шундай олий даражани топиш учун йўлга чиққан талаб аҳлидан эди. Шу ўринда у кишининг фарзанди аржуманди Қутлуғхонтўра Шокиров – Эдиқут айтган бир хотиранинг жойи келиб қолди: “Отамиз раҳмдил бўлиб, кек сақламас эдилар. Бир мисол. Ўша 1938 йилда отамизни тутиб, ортларига маузер нуқиб қамоққа топширган айғоқчи “Уч вилоят инқилоби” вақтида қўлга тушади. Суд уни ўлимга ҳукм қилиб, халойиқ “Алқасосул минал ҳақ!” деб турганда отамиз афв қилганлар. “Беш боласи етим қолмасин, яна буни онаси туққанида яхши ният билан Муҳаммад деб исм қўйган экан”, деб далил келтирган эканлар…” Ёки бошқа бир мисол. “Содиқов деган ТошМИнинг бир профессори, – деб ёзади домланинг набираси Баҳманёр Шокиров “Тарихи Муҳаммадий” китоби қаватида босилган хотираларида, – Бобомизга қадимги бир қўлёзма кўтариб келади. Уни ўқишга ҳали ҳеч кимнинг тиши ўтмаган экан. Бобомиз форсийда ёзилган салкам уч юз йиллик мазкур қўлёзма тиббий асар эканлигини айтиб, уни дарҳол арабчага ва туркийга ўгирдилар ва у кишига қайтиб бердилар. Жаноб профессор дарҳол тақриз ёзиб, асарнинг у ер-бу ерини “тузатган” бўлиб, ўзининг номидан чоп этибди. Воқеадан хабардор бир шогирдлари Бобомизнинг олдиларига келиб: “Анави профессор қўлёзмани каттагина брошюра қилиб, фақат ўз номидан чиқарибди. Сизнинг номингизни ҳатто тилга ҳам олмабди”, – деганида Бобомиз хурсанд бўлиб, “Ҳа, баракалла, китоб қилибдими, а, неча минг дона китоб қилиб босибди, халқ ўқийдиган бўлибди-да, барака топсин!” – деган эдилар”.
Алихонтўра Соғуний ҳаётида учрайдиган юқоридаги каби ҳодисалар хусусида эшитиб ёки ўқиганда бир хаёл кишини ўйга толдиради. Айтайлик, ўша “Наводир ул-вақое”нинг ҳаммутаржими раҳматлик Абдураҳмон Ҳамроев ҳам, ТошМИ профессори Содиқов ва уларга ўхшаган жуда кўп кишилар Соғуний домланинг назари тушган ёки у томонидан таржима қилинган ёки бўлмаса изоҳлар берилган матнларга ўзлари истаганлари ҳолда ҳаммуаллиф бўлган ёки домланинг иштирокини қайд қилмаганлар, деб ўйламайман. Ўша Абдураҳмон ака “Наводир ул-вақое”да таржимон сифатида фақат домланинг номини ёзишни, профессор Содиқов эса салкам уч юз йиллик қўлёзмани ҳеч бўлмаса Алихонтўра Соғуний ёрдамида ўқишга муяссар бўлдик, деб ўз китобида қайд қилишни жуда-жуда хоҳлашган… Буни фақат шўро сиёсати ва бу сиёсатни қўриқловчи КГБ ҳамда уларнинг кўрсатмаларини бажарувчи раҳбарлар хоҳлашмас эди. Бир жойда Баҳманёр Шокиров тўғри таъкидлаганидек, улар Алихонтўранинг номини матбуотда тилга олишдан қўрқардилар. Шу боис токи Ўзбекистон мустақил бўлмагунча, унинг асосий асарлари чоп этилмади. Таржималарда эса имзолари “Али Шокиров” ёки “Алихон Соғуний” тарзида берилди.
Алихонтўра Соғуний собир одам эди. Шўролар ва бошқа истибдод ҳукуматлари томонидан халқи, Ватанининг камситилишига чидамади: бирда қурол билан, бирда қалам билан жанг қилди. Аммо ўзининг камситилишига чидади ва сабр қилди…
II
Нафақат ўзининг авлодлари, шунингдек, бутун ўзбек халқи фахрланса арзийдиган яна бир жасорат кўрсатди Алихонтўра Соғуний. Бу жасорат шўро ҳокимиятининг айни забтига олган, инсон ҳуқуқларини камситаётган, оддий меҳнаткашга бераётган бир бурда нони учун унинг бутун куч-қувватини, устларидан бутифослар сочиб соғлиғини сўриб олаётган даврига тўғри келди. Яна шуни ҳам эътибордан соқит қилмаслик керакки, ўша пайтда Соғуний жасоратига ҳамоҳанг яна бир қур довюрак инсонлар юз кўрсатдики, уларни ҳам унутиб бўлмайди. Бу жасорат ва довюраклик 1967 йили Амир Темур Кўрагоннинг “Темур тузуклари” асари “Гулистон” журналида чоп этилишида ўзини намоён қилди. Бу воқеани, назаримда, фақат Болтиқ бўйи республикаларида ва Россияда ўша пайтларда энди куртак ёзаётган диссидентлик ҳаракати билангина қиёслаш мумкин. Албатта, 60-йиллар шабадасининг ҳам таъсири йўқ эмасди.
“Гулистон” журналининг 1967 йил 1-сонида “Темур тузуклари” чоп этилгач, нафақат таҳририят, айни пайтда биринчи навбатда Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитаси ходимлари ўз ҳаловатларини йўқотдилар. Бу “бало” (улар учун айнан бало эди)нинг қаердан, ким томонидан пайдо бўлганини аниқлаш учун телефонлар тинимсиз жиринглар, курьерлар хонама-хона изғир, журнал ходимлари турли “эшиклар” остонасида мунтазир ва ҳоказо. Уруш кўрган, турмушнинг жуда кўп аччиқ-чучукларини тотиб, охирида ҳақиқат йўлида фидо бўлишдан бошқа ҳамма нарса икки пулга қиммат эканига иқрор бўлган ҳарбий ёзувчи, журналнинг бош муҳаррири Иброҳим Раҳим ҳам дастлаб бу тўс-тўполондан ўзини йўқотаёзди. Ахир юз йилдан ортиқ давр мобайнида “босқинчи”, “золим”, “каллалардан минора ясаган қонхўр” дея тавсиф бериб келинган одамни бир кунда оқлашнинг ўзи бўладими?! Аммо Иброҳим ака тезда ўзини ўнглаб олди ва жамоани ҳам жипслашишга даъват этди. Шоҳидларнинг гувоҳлик беришларича, журналнинг ҳар сони чиққанида таҳририятга “замбарак”нинг ўқи отилар эди. Телефонда Марказқўмдаги масъул ходимнинг: “Бу зорманда қачон тугайди?!” – деган дағдағали овози келганда таҳририятда сув қуйгандек жимлик ҳукмрон бўлар эди. Ҳамма бир-бирларига овоз соҳибининг кимлигини айтмоқчи бўлгандек им қоқишарди.
“Темур тузуклари”нинг охирги қисми журналнинг сентябрь сонида тугалланиши лозим эди. Аммо Марказқўм масъул ходимининг ҳар гал дўқ-пўписа билан: “Бас қилинглар ўшани, тўйдириб юбординглар!” – дейишлари туфайли “Темур тузуклари” ойномада тўлалигича босилмай, тўхтаб қолади…
…Ўтган асрнинг 80-йиллари эди, ўшанда. “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида сайёр мухбир эдим. Газетанинг топшириғи билан Андижонга йўлим тушди. Андижонда эса Абдухалил Қорабоев, Қамчибек Кенжа, Исмоил Тўлак, Сотволди Ражабов каби дўстларимиз бор. Уларнинг аксарияти билан Тошкент шаҳрида бирга ишлаганмиз. Дўстлар билан шоир Исмоил Тўлакнинг (уни Худо раҳмат қилсин) уйида учрашадиган бўлдик. Унинг ҳовлиси шундай Янгибозорнинг тўғрисидаги маҳаллада эди. Айтилган пайтда тўпландик. Ҳаво анча совуқ бўлгани учун Исмоил Тўлакнинг турмуш ўртоғи Зулайҳо печкаларни гуриллатиб ёқиб қўйган экан. Мен уйга кирганимда хонада Абдухалил Қорабоев, Исмоилнинг ўзи ва яна бир одам бор экан. Сўрашибоқ бу одамни танидим. У машҳур журналист Рустам Раҳмон эди. Рустам аканинг радиоларда овозини эшитиб, телевизорда кўрган бўлсам ҳам ўзи билан бақамти келмагандим. Андижонга ҳар борганда “Бу сафар албатта Рустам ака билан танишиб қайтаман”, деб ният қилар эдиму, бироқ насиб этмаганди. Чунки Рустам Раҳмон Республика радиосининг Андижон вилояти мухбири бўлиб, доим йўлда эди… Эсимда, бир сафар Рустам Раҳмонни Абдухалил ака билан (Абдухалил ака “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг вилоят мухбири эди) кеч соат ўнгача кутганмиз, аммо устоз ҳали ҳам Бўздан қайтмаган экан…
Хуллас, Исмоилникида Рустам Раҳмонни кўриб, ичимдан қувондим. Қўл олишиб улгурмай Абдухалил ака сўз қотди:
– Рустам ака, ҳў ўшанда бир йигит сизни ярим кечагача кутиб, келмаганингиздан сўнг Тошкентга қайтиб кетди, деганим ёдингиздами? Ёқубжон – ўша йигит, – деб таништирди.
Рустам ака “ҳа, ҳа эсимда” деб мен билан қуюқ сўрашди. Бир замондан кейин эса “Қани, Тошкентдан гапиринг”, деб кулди. Мен ҳам жойи келиб қолди, деб:
– Тошкентдан сизлар гапирасизлар-да, – дедим унинг радио мухбири эканига ишора қилиб. Кулишдик. Рустам ака бир пайтлар Ўзбекистон радиосида “Ёшлик” радиостанцияси ташкил этилган пайтларни, Ўлмас Умарбеков, Саъдулла Сиёев, яна кимларнидир эслади. Уларнинг соғ-саломатликлари ҳақида сўради. Суҳбат орасида билдимки, ўтирган уйимиз асли Рустам Раҳмоннинг уйи экан. Кейинчалик дўстларимиздан бири “Шайх Саъдий ёрнинг бир дона холи учун Самарқанд билан Бухорони бериб юборганидек, Рустам ака ҳам жияни Исмоил Тўлакнинг шеърларига шаҳардаги уйини туҳфа қилган”, деб лутф этган эди. Бу ҳақда эшитиб Рустам акага нафақат билимдон, довюрак журналист, айни пайтда сахий, одамгарчилиги улуғ одам сифатида янада меҳрим ошди…
Суҳбатимиз жуда қизиди. Ўз-ўзидан гап айланиб, Рустам Раҳмоннинг (уни Худо раҳмат қилиб, жойлари жаннатдан бўлсин) “Гулистон” журналида ишлаган йиллари ва албатта “Темур тузуклари”нинг чоп этилиши масаласига тўхталди. Шунда Рустам ака бу воқеани қисқа қилиб сўзлаб берди:
– Қайтадан ташкил бўлаётган “Гулистон” журналига шу пайтгача “Қизил Ўзбекистон” газетасида бош редактор бўлиб ишлаб келган Иброҳим Раҳим бош муҳаррир этиб тайинланди. У киши газетада бирга ишлаган бир неча журналистни, шу жумладан, мени ҳам ишга чақирди. Ўтдик. Иброҳим ака бизнинг олдимизга “ўқишли”, “журналхонлар қидириб ўқийдиган” материаллар тайёрлашни вазифа қилиб қўйди. Нима демайлик, ўша йиллари 60-йиллар бошида Москвадан туриб эсган илиқ шамолларнинг ҳали шабадаси бор эди. Муҳарририятимизга дарди ичида бўлган зиёли кишилар мурожаат қилиб туришар эди. Ўшалардан бири файласуф олим, “Ўзбек таомлари” китобининг муаллифи Карим Маҳмудов эди. У киши бир куни редакцияга келиб: “Алихонтўра Соғуний деган олим “Темур тузуклари”ни таржима қилибди. Шуни берсанглар қандай бўларкан?” деди. Бош муҳаррир рухсати билан Соғуний домла ҳузурига бордик. У одамнинг уйлари Себзор даҳасида экан. Карим ака билан узун-қисқа бўлиб, тор йўлаклардан ўтиб, бир ҳовлига кирдик. Чапда бир қадар кўтариб қурилган эшик-ромли уй, ўнгда эса бир нечта пастқам уйлар. Яна бир ҳужрага ўхшаган уйча кўзга ташланди. Домла бизни ўша ҳужрага бошладилар. Хонадон эгаси саксон ёшлардаги ниҳоятда истарали киши экан, бизни электр плита билан иситиладиган сандал атрофига таклиф қилди.
Муддаомизни эшитгач, ўрнидан дадил туриб, ташқарига йўналди ва қўлида оқ дуррага ўралган нарса билан қайтиб кириб, уни олдимизга қўйди:
– Сизлар сўраган нарса шу. Амир Темирнинг ўз қўли билан ёзилган ёдгорлик. Лекин буни сизларга бериб юбормайман. Бу китобни илгари ҳам таржима қилган эдим. Аммо йўқотдим. Шунинг учун мана шу сандал устида, кўз олдимда ўрус ҳарфига кўчириб олсанглар, беришга мен розиман, – дедилар очиқ чеҳра билан.
Бўлиб ўтган воқеани Иброҳим акага етказганимдан кейин, у киши: “Бу ишни энди ўзингиз бажарасиз. Ҳамма нарсани ташлаб шу билан шуғулланинг”, деди менга қараб.
Китобни кўчириш жараёнида биз домла билан ота-бола бўлиб қолдик. У киши менга 20–30-йилларда совет қамоқларида чеккан азоблари, ўғридан қутулдим деб Хитойга қочиб, каззобга учраганлари, Ғулжа ва яна уч вилоятда Шарқий Туркистон Республикасини ташкил қилишгани, бу йўлда олиб борилган жанглар, совет жосуслари томонидан Тошкентга ўғирлаб олиб келингани ҳақида кўп воқеаларни сўзлаб берди. Э, у одамнинг кўрган азоб-уқубатлари туганмас эди, гўё…
Шу жойда Рустам Раҳмоннинг ҳам Алихонтўра Соғуний аҳволига тушиб қолган пайтларини эслаб ўтиш ўринли, деб билдим. Ёзувчи Шодмон Отабекнинг “Адабиёт қисматдир” китобида бу ёзувчининг миллатпарварлиги ҳақида шундай мисол келтирилади: “… Рустам ака ёзган бир киносценарий муҳокама қилинаётганда кимдир “сценарий умуман олганда дуруст ёзилган, фақат Москвадан тажрибалироқ бир муаллифни асарга шерик қилиш керак”, дейди. Табиатан кўнгли очиқ, дилидагини шартта тилига чиқариб қўя қоладиган Рустам ака бу адолатсиз талабга чидай олмайди. “Ахир қачонгача “катта оғаларимиз”ни мингаштириб юрамиз? Нима, биз миллат сифатида ўзимиз мустақил бир иш қилолмаймизми? Бу ҳол яна қачонгача давом этади?” – дея эътироз билдиради. “Тилга эҳтиётсиз” бўлгани Рустам акага қимматга тушади. Вилоятнинг “Коммунист” газетасида Рустам акани миллатчиликда айблаб фельетон босилади. Талай изтироблар, кўнгилсизликлардан кейин, Иброҳим Раҳим каби устозларнинг аралашуви туфайли фельетон нотўғри деб топилади, уни босиб чиқарган бош муҳаррир ишдан четлаштирилади…”
Оллоҳнинг ўзи чевар. “Темур тузуклари”дек бир тарихий ёдгорликни ўз эгаси – халққа етказишда икки бир мунглиқ қалбнинг бошини қовуштиришда ҳам бир ҳикмат бордир, балки…
Менинг Рустам Раҳмон билан учрашишдан мақсадим ҳам ундан “Темур тузуклари”ни журналда чоп этиш билан боғлиқ воқеалар ҳақида сўраш эди. Чунки орадан 10-15 йил вақт ўтган бўлса ҳам, у ҳақдаги гап-сўзлар унда-мунда чиқиб қолар эди. Бундай чоғларда Иброҳим Раҳимнинг қўрқмаслиги-ю Рустам Раҳмоннинг эски қўлёзмаларни яхши тушунадиган бир домладан устида туриб таржима қилдириб келгани ҳақида гап кетар эди. Тўғрисини айтганда, “Тузуклар” чоп этилган журнални кўпчилик тўла ўқимаган бўлса-да, аммо унинг атрофида гап-сўз кўп бўлар эди. Аслида бу халқимизнинг табиатига хос одат. Нима қиламан яшириб, менинг ўзим ҳам ўшандай давралардаги гапларни эшитиб, “Шарқ” нашриёти кутубхонасидаги “Гулистон” журналининг тахламидан узуқ-юлуқ саҳифаларнигина ўқиган эдим. Китобхонларнинг йиртиб-сиртиб олганидан қолган ўша саҳифалар ҳам кишида катта таассурот қолдирарди… Мен Алихонтўра Соғуний ҳақида Ёқуббек акадан эшитганим боисми, дастлаб кўзим унинг “Таржимондан” деган иншосига тушди. Мана ўша мақола:
“Таржимондан
Ҳозирги тарихдан минг йиллаб илгариёқ маданият оламида кўплаб ҳиссалари қўшилган, бутун инсон наслига фойда етказарлик илмий асарлар қолдирган Форобий, Беруний, Ибн Сино каби улуғ олимлар эрса шу юртимизда туғилмишдирлар. Шунга ўхшаш бутун дунёга донғи чиққан, тарихларда достон бўлган Темур каби жаҳонгир ҳам Ўрта Осиёдан чиқмишдир.
Ўзбекистонимизда ўтган улуғ олимлар, устодлар тарихий тараққиётлар орқали эндигина юзага чиқиб танилаётган бўлсалар ҳам, ҳалигача очилмай, кўмилиб ётқон тарихий шарафларимиз яна ҳам кўпдир. Бунинг бирдан-бир сабаблари эса бутун тарих китобларимиз арабча, форсча тилларда бўлиб, ўз тилимиз ўзбекча ёзилган китобларимизнинг камлигидир. Бундай бўлгач, Темур тарихини ва бошқа тарихий ишларимизни билишга қизиққан анчагина ёш Ўзбекистон олимлари ҳозирча Оврупо тилларида ёзилган тарих китобларни ўқишга мажбур бўладилар. Булардаги сўзлар эса қўлдан-қўлга, тилдан-тилга кўчирилиб келганликдан ҳақиқат қоронғулашиб, киши кўнглини қондургудай илмий қаноат бера олмайди.
Биз кўрган арабча, форсча, туркча китобларда Темур устида ҳар турли сўзни ёзадилар. Уларнинг қайси бирлари уни бошига кўтариб мақтасалар, баъзилари уни ерга урадилар. Йигирма етти пойтахтли ерни ўзига бўйсундирган лашкарбоши мазкур китобда ўзининг бутун қилган ишларини қисқача айтиб ўтганидан сўнгра ўз салтанатини сақлаш учун болаларига қўлланма бўлғудек ҳарбий-сиёсий ёсолларини қуриб кўрсатиб, уни “Темур тузуклари” деб атамишдир. Аслида эса бу китоб Темурнинг ўз қалами билан ўзбекча ёзилган бўлса ҳам, бунга унинг меросхўрлари эга бўла олмаганлар. Эшитишимизча, бу китобнинг асл нусхаси Лондон кутубхонасида сақланармиш. Тошкент Диний назорати китобхонасида бундан бир нусха борлигини англаб, уни кўришга қаттиқ қизиқдим. Қарасам, у олтин китоб ўз асли ўзбек тилидан форсчага кўчирилгач, ўз маъносини йўқотмаган бўлса ҳам, ўзбеклик ҳайбатидан ажрамиш эди. Буни ўқигач, Навоийнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” китобида айтган сўзини эскариб, унга раҳматлар ўқидим. Навоий бу китобида ўзбек олимлари ўз тилларини қолдириб, форси адабиётларига берилганликлари учун қаттиқ норозилик билдиради. Ўзбек тилининг ҳар тўғрида форси тилидан ортиқлигини кўрсатиб, ўзбекчадан бир юз оғиз сўз келтиради. Буларга форси шоирлари ўз тилларида таржима тополмайдилар, дейди.
Мен бу сўзнинг тўғрилигини илгаридан билган бўлсам ҳам, айниқса, бу китобни таржима қилиб чиққанимдан сўнгра кўнглимда ҳеч гумоним қолмади. Чунки бу китобнинг асл нусхасидаги бир неча оғиз ўзбекча сўзларга форсида унинг таржимаси топилмагач, у сўзларни таржимон шул бўйича қолдиришга мажбур бўлмишдир.
Ўқувчиларга англатиш учун булардан баъзиларини бу ўринда кўрсатиб ўтамиз.
1) Чори булчор – урушга тўплаш;
2) Соварий – ҳадя;
3) Суюрғол – маош, ер-мулк;
4) Қобу – пайт;
5) Жолду – инъом;
6) Чопул – ҳужум;
7) Чопқулаш – қиличбозлик.
Бундан бошқа аскар ёсолларида қўлланмиш тубандаги сўзларнинг кўпроғи таржимага сиғмагач, ўзларини қолдирмишдир. Масалан, ғўл (уруш чоғида аскар сафларининг энг ўрталиғи), баронғор (аскар сафларининг ўнг қўли), жаронғор (аскар сафларининг сўл қўли), ҳировул (аскар сафларининг олдидаги баҳодирлар тўпи), шоқовул (уруш майдонида эҳтиёт тўпи), чиндовул (уруш сафларининг орқа қўриқчи тўпи).
Булардан бошқа ҳам таржима бўлмағон сўзлари кўпдир.
Энди мен бу китобни бошдан-оёқ кўриб чиққанимда бунинг асли ўзбекча бўлиб, Темурнинг ўз сўзи эканлигини аниқ билдим. Оз бўлса ҳам халқ учун мендин холис бир хизмат бўлармикин, умрим кесилгандан сўнгра кейингиларга ўзимдан эсдалик бўлиб қолармикин деган умид билан ҳар ким тушунарли қилиб, форси тилидан яна ўзбек тилига таржима қилдим. Ёт ерга ўлжа тушиб кетган асаримизни ўз элига кўчириб келтирдим.
Темурнинг ўттиз олти йиллик салтанат даврида ўтказган тарихий воқеаларини қисқача равишда билдириш учун бу китоб етарликдир. Энди буни ўқиб чиққандан сўнгра бу киши ҳақида қандай баҳо беришлари эрса ҳар кимнинг ўз виждони вазифасидир.
Алихонтўра Соғуний”[2].
Мутаржимнинг ўз таржимасига ёзган ўзига хос “тушунтириш хати”ни тўлиқ ёритишдан бир неча мақсад бор. Дастлаб, шуни айтиш керакки, орамизда “Темур тузуклари” китоби ўзи нима ҳақда, деб сўрайдиган юртдошларимиз ҳали-бери бор. Таржимон ўз билдиргисида шу саволга ҳам жавоб берган. Иккинчидан, олим ва тадқиқотчилар ўртасида “Темур тузуклари” XVII–XVIII асрларда Ҳиндистонда, форс тилида ёзилган” каби тортишувлар бор. Алихонтўра Соғуний ана шу тортишувларга қатъий барҳам берадиган даражада аниқлиқ киритиб: “…бунинг асли ўзбекча бўлиб, Темурнинг ўз сўзи эканлигини аниқ билдим”, деб ёзади ва бу фикрини кўп олимларнинг хаёлига келмаган бир тарзда: ўзбек тилининг сўз бойлигидан келиб чиқиб исботлайди. Қолаверса, Алихонтўра Соғуний қаламига мансуб иншо услубидаги очиқ-равшанлик, нафосат ўзбек тилининг нақадар гўзал тил эканлигини намойиш этади. Қаранг: “…Ёт ерга ўлжа тушиб кетган асаримизни ўз элига кўчириб келтирдим”. Кейинги тарихимизда ўзбек тилида мана шундай чиройли, ифодали ёзган ёзувчи кам топилади…
Ўрни келиб қолди, “Темур тузуклари”нинг Алихонтўра Соғуний таржимасидан бир парча келтирайлик-чи:
“Ўз салтанатимни тузатиш ҳақида қилғон учинчи кенгашим
…Бу ишдан кейин яна аҳвол ўзгариб, салтанат қуриш ишларим бир қанча тўсқинликка учради. Шундоқки, меним эришган йўлдошларим ўн кишидан ортиқ эмас эди. Яна булардан уч киши пиёда эдилар. Хотиним – Амир Ҳусайн қариндоши, буни ҳам отга миндириб, бирга олиб юрган эдим. Шу ҳол билан Хоразм чўлларида бир неча кун бош айланиб юрдим. Кеч бўлгач бир қудуқ бошига келиб тушдим. Ичимизда пиёда юрган уч нафар хуросонлиқ бор эди. Бу бевафолар шу кечада уч отимизни миниб қочиб кетдилар.
Энди аҳвол оғирлашиб, етти киши тўрт от билан қолдик. Ишларим ўзгариб, ҳолим кўп оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман, деб ҳеч ўкинмас эдим. Бу қудуқ бошидан ҳам жўнадим.
Шу чоқда Алибек Қурбоний кўп аскар билан устимизга етиб келиб, мени ўз жойига элтиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамади. Бир кеча қуроллиқ кишиларни менга соқчи қилиб қўйди. Олтмиш икки кун бунинг қўлида тутқун бўлиб ётдим. Қарасам, иш оғирлашқани турди.
Бундан қутулмиш чорасини излаб ўзимга кенгашдим. Тангри ёрлиқади бўлғайким, баҳодирлиғим тутди. Анинг ёрдами еткач, билагим кучи билан соқчилар қўлидан бирининг қиличини тортиб олиб, аларга ҳужум қилиб эдим, бариси туш-тушга қочиб йўқолдилар.
Қилич кўтарганимча, тўғри Алибек устига кириб бордим. Мени кўргач, ҳуши бошидан кетди. Қилғон ишига ўкуниб, мендан кечирим сўради. Отларимни, яроқ-жабдуқларимни келтуриб, бир қари туя, бир ариқ от менга тортуқ қилган бўлди”[3].
Кўриб турибсизки, Алихонтўра Соғуний нафақат ўзининг мақоласига, шунингдек, “Темур тузуклари”дан қилинган таржимасига ҳам юрак қўрини бергани шундоқ сезилади. Энди, айтинг-чи, юқоридаги парчани қайси ўзбек қўлига луғат олиб ўқийди? Қайси сўзлар тушунарсиз? Албатта, бу парчада бўлмаса, китобнинг бошқа қисмларида эски сўзлар бўлиши мумкин ва бор ҳам. Аммо ўшандай сўзларга бир изоҳ бериш билан муаммони ҳал қилса бўлмайдими? Ёки юқоридаги сўзлар “Темур тузуклари” китоб қилиб чоп этилган даврда (1991) эскириб қолганмиди? Бундан ташқари “қазининг эскиси яхши” деганларидек, сўзнинг ҳам эскиларида қанча-қанча маънолар яширинганини, қолаверса, эски сўзлар халқнинг тарихи, кундалик турмуши билан боғлиқ эканини унутиб қўямизми? Ҳа, рост, Алихонтўра Соғунийнинг таржимаси тўла ҳолда чоп этилмаган. Лекин бунга мутаржим ёки журнал таҳририятининг алоқаси йўқ. Таржима айнан собиқ Ўзбекистон Компартияси Марказий қўмитасининг айби билан тўлиқ босилмай қолган. Ҳа, айнан ўша ташкилотнинг айби билан. Бу гапларимни ўқувчилар “ёв қочганда ботир кўпаяди” қабилида тушунмасликлари керак. Камина шўролар ҳукмронлиги даврида йигирма йилдан ортиқ журналистик фаолият кўрсатган бўлсам, ёзганларимнинг аксарияти муаммоли ёки танқидий мақолалардан иборат бўлган…
Ҳа, майли, Соғуний домла айтганларидек, сўзимизга қайтайлик. Юрт мустақил бўлгандан сўнг “Темур тузуклари”ни китоб ҳолида чоп этиш зарурати туғилганда Алихонтўра Соғунийнинг юрт мустақил бўлмаган, зулм остида қоврилаётган бир пайтда жасорат билан қилган таржимасига “бир қатор жузъий камчиликларга эга”, “тўла тарзда чоп бўлмаган”, “эски ўзбек тилида бўлиб, тушуниш қийин”, “матндан чиқиб кетилган” каби “камчиликлари” кўрсатилиб, яна ўша мақоламизнинг биринчи бўлимида айтганимиздек, бу сафар ҳам “ҳашар” таржима китоб қилинган.
Ўқувчиларда солиштириш имконияти бўлиши учун юқорида берилган Алихонтўра Соғунийнинг “Гулистон” журналида чоп этилган таржимасига мутаносиб равишда 1991 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа бирлашмасида А.Соғуний ва Ҳ.Кароматов таржимасидаги ўша жойларини келтиришни лозим топдик:
“Ўз салтанатимни тузиш йўлидаги қилган учинчи кенгашим
Ўша вақтда давлатимнинг кучи кетиб, салтанатимнинг асоси емирила бошлади. Чунонки, менга эргашган йўлдошларим ўн кишидан ортиқ эмас эди. Улардан еттитаси отлиқ, уч киши эса пиёда эди. Улардан бошқа мен билан ҳеч ким қолмаганди. Муҳтарама жуфти ҳалолим бўлмиш Амир Ҳусайннинг синглисини[4] ўзимнинг отимга миндириб олган эдим. Шу алфозда Хоразм чўлларида бир неча кун саргардон бўлиб юрдим. Кунларнинг бирида кеч тушгач, қандайдир қудуқ бошига келиб тушдим. Ўша кечаси пиёда юрган уч нафар хуросонлиқ бевафолик қилиб, отларимизни миниб қочдилар. Етти киши тўрт от билан қолдик. Аҳволим жуда оғирлашди. Лекин кўнгил тўқ эди. Бу ишни чакки қилган эканман деб ҳеч ўкинмас эдим. Сўнгра бу қудуқ бошидан ҳам кўчдим. Шу вақт Алибек Чун Ғурбоний[5] ёпирилиб тепамга келди. Мени (ўз элига) элтиб, бургаси кўп бир қоронғу уйга қамаб қўйди. Бир неча кишини менга соқчи этиб тайинлади. Олтмиш икки кун мени тутқинликда ушлади. Ундан қутулиш чорасини излаб, ўз-ўзим билан кенгашдим ва Тангримнинг инояти етиб баҳодирлигим тутди. Кучли ва чаққон билакларим иш бериб, соқчилардан бирининг қўлидан қиличини тортиб олдим-да, уларга ҳамла қилган эдим, бариси қочиб қолди.
(Қилич кўтарганимча) тўғри Алибекнинг устига бостириб кирдим. Мени кўргач, (ҳуши бошидан учди). Қилган номуносиб ишидан пушаймон бўлиб, мендан узр сўради. Отларимни, эгар-жабдуқларимни ҳозирлатиб, менга бир ориқ от ва бир қари туя тортиқ қилган бўлди…”
Синчиклаб қаралса, “ҳашар” таржима ҳам ўзбек халқининг тарихини ўрганиш ва уни ўз эгасига етказишда жуда катта меҳнати сингган олим, раҳматли Бўрибой Аҳмедовнинг изоҳлари ва гап тузишдаги айрим ўзгаришларни айтмаса, “Гулистон” журналида чоп этилган таржимадан кўп фарқ қилмайди. Раҳматли Бўрибой ака билан бир неча марта суҳбатлашиш бахтига муяссар бўлганман. Жуда оқил инсон эдилар. Унинг тасаввуримдаги табиатидан келиб чиқиб айтаманки, ўзига қолса, 1991 йилда “Темур тузуклари”ни китоб ҳолида чоп этиш зарурати туғилган пайтда Алихонтўра Соғуний таржимасидаги “аниқланган бир қатор жуъзий камчиликлар”ни (Б.Аҳмедов сўзи) бартараф этиб, мазкур таржимани чоп этиш керак, деган бўлар эди. Аммо шўро мафкурасининг қатағон машинасидан хавфсираш шу даражада қон-қонимизга сингиб кетган эдики, нафақат ўшандай йирик олим, балки кўпчилик мамлакатимиз мустақиллигидан кейин ҳам ўша “қандай бўлар экан”, деган ҳадикдан ҳадеганда қутула олмадик…
III
Алихонтўра Соғуний ўз ҳаётининг зимзиё кунларида нима сабабдан таржима қилиш учун айнан “Темур тузуклари” ва “Наводир ул-вақое”, Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовороуннаҳр тарихи” ёки Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”ни танлади? Ахир у нафақат жангчи, қўмондон, айни пайтда диний уламо ҳам эди-ку! Ўз замонасида қанча-қанча диний китобларни ўқимади, дейсиз. Шарқ оламининг манаман деган олимларининг иншоларини тинчгина таржима қилиб, диний идора кутубхонасига “эсдалик” учун топшириб қўйиб, эл-юртнинг зиёфатларида, тўй-ҳашамларида мазза қилиб, даврини суриб юраверса бўлмасмиди? Йўқ! Бўлмас эди, деб жавоб беришади Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёти ва ижоди билан озгина бўлса ҳам таниш одамлар! Чунки Алихонтўра Соғуний фаолият одами эди.
У дунёнинг янгиланишини, ўз Ватанига илм-фаннинг кириб келишини, халқнинг билимдон ва тадбирли бўлишини жуда-жуда истаган одам эди. Ўзи мутаржимлик қилган асарлар унинг истакларига ҳамоҳанг эди. Амир Темур қўрқмас, билимдон ва тадбирли киши бўлган. Шу боис ҳам ўз юртини мўғул босқинчиларидан озод қила билди. Керак бўлса, бу таржиманинг замирида “Эй ботирлар, қани? Ким бор, шўролар истибдодидан қутқарувчи яна бир Амир Темур топиладими?” деган юрак-юракларни пора қилувчи ҳайқириқ бор эди…
Бу ҳайқириқ бугун юртимизда истиқлолни барқарор этган Юртбошимизни ва унинг фидойи саъй-ҳаракатларини кўз ўнгимизда жонлантиради. Мустақиллик йилларида улуғ аждодларимизнинг номи қайта тиклангани, мероси ўрганилаётгани, ўтмишни инкор этиш эмас, балки келажак учун кўприкка айлантириш тамойили ҳаётга жорий этилгани ҳам Соғуний ҳазратлари илтижосининг бежиз бўлмаганини, юрт тадбирли кишиларнинг саъй-ҳаракатлари натижаси ўлароқ ривож топишидан, илму фан гуллаб-яшнашидан далолатдир.
Алихонтўра Соғуний инсоннинг нафақат жисман, аввало руҳан озод бўлиши учун бутун ҳаёти ва ижодини бахшида қилиб, қалбини “мана кўринглар, унда муҳаббатдан бошқа нарса йўқ”, деб кафтида тутиб турган жангчи-аллома эди.
“Жангчи” сўзи билан “аллома” сўзи бир қарашда қовушмагандай. Аммо, начора, бор гапни айтишимиз керак. Унинг ана шундай “жангчи-аллома” эканлигини тарихий ҳужжатлар ҳам тасдиқлайди. Шарқий Туркистон инқилобчиларига ёрдамга борган йигирма бир совет ҳарбий нишонлари кавалери, ҳарбий мутахассис, тошкентлик Толибжон ака Обидов бир пайтлар шундай деган эди: “Алихонтўра жаноблари жанг бошланишидан аввал аскарлар олдида нутқ сўзлаганларида, йигитлар кўзларидан ўт чақнар, нутқ тезроқ тугаса-ю, жангга отлансалар. Ҳужумга қўмонда бўлгунча уларни зўрға тўхтатиб турардик. Унинг сўзларидан жанговор руҳ ва ғалабага ишонч жуда кўтарилиб кетарди. Тўра отам окоп кўрган ҳақиқий аскарбоши эдилар ва мен ҳавас қилган томони – бундай раҳбарларнинг бахтлиси эдилар. Чунки ҳар бир аскар у кишини чексиз севарди, ҳурматларди, ҳатто илоҳий қувват эгаси деб чинакамига ихлос қўйиб эъзозларди”.
Тошкентлик Турсунбой Ризамат ўғли 1940 йилда Совет Армияси сафига хизматга чиқарилади. Уруш тугаб икки йил ўтгач, 1947 йилда катта лейтенант унвонида туғилган шаҳрига қайтиб келади.
Турсунбой ота турли фронтларда жанг қилди. Яраланди. Даволаниб, яна ўз қисмига қайтади. 1942–43 йилларда унинг қисмини Теҳронга ташлашади. Ўша пайтда Теҳронда Германияга қарши уришаётган мамлакатларнинг раҳбарлари тўпланиб, уруш тугагач, дунёни бўлиб олиш ҳақида суҳбатлашган эдилар. Шундан кейин уларни Хитойнинг Шинжон ўлкасига жўнатишди. Энг қизиғи, ўлкага киришдан аввал, чегарадаёқ ҳарбий кийимларини маҳаллий аҳолининг кийим-бошига алмаштириб, ҳужжатларини ҳам олиб қолишади. Улар гўё ўша юртнинг аҳолисига айланишди-қолишди. Воқеа шундай бўладики, уларни ҳатто ерли аёлларга уйланишга ҳам мажбур қилишади… Ўша йиллари Хитойнинг мазкур ҳудуди нотинч эди. Ҳар ер-ҳар ерда тез-тез қўзғолонлар кўтарилиб турарди. “Сиёсат деганлари ҳам жуда қизиқ бўларкан, – деб эслаган эди Турсунбой ота. – Шўро ҳукумати дастлаб қўзғолонларни бостиришда ерлик ҳокимиятга ёрдам берган экан, 44-йилдан кейин эса қўзғолончилар тарафида турган. 1944 йилнинг нўябр ойида Ғулжада катта исён кўтарилди. Бунинг бошида ўша Себзорнинг “Кохота” маҳалласидаги домла Соғуний турган эди. Шундай бўлдики, бир куни командиримиз мени чақириб, “Сени бир жойга хизматга қўяман. Агар яхши хизмат қилсанг, уйга тезроқ кетасан. Бунинг устига хизмат идорасининг эгаси ҳам ўзбек”, деб қолди. Бизга ҳарбий даврнинг шафқатсиз талабларига биноан қонун-қоидага, юқори унвонларга бўйсуниш қатъий мажбурият эди. Бунинг устига Ватанимга содиқ бўламан, деб қасамёд қилганмиз. Бу ёғи солдатчилик. Ўша пайтда урушдан нари юрганимизнинг ўзи катта давлат эди. Шу боис командиримиз қайси ишни айтса, “хўп бўлади” дейиш қасамли бурч эди. Хуллас, эртасига мени янги хизмат жойимга олиб боришди. Бу ер Ғулжадаги катта бир ҳовли эди. Кейин билсам, мазкур ҳовли қўзғолончилар сафига кирган Мусабоев исмли бир катта бойнинг уйи экан. Алихонтўра хожам ана шу ҳовлини ўзига штаб қилиб олган экан. Мени у киши билан таништиришиб, бу одам сизга жиловдорлик қилади, дейишди. Раҳматли кўп яхши, жасур одам эди. Айни чоғда ўта мулоҳазакор, вазмин, тадбирли, эскичаю янгичадан билимдон, кучли шахс эдилар. У кишининг оқ оти бўларди. Оқ отга минганларида бир томонида маузер, иккинчи томонида эса қилич осиғлиқ турарди. Жуссалари кичикроқ бўлса-да, отга минганларидан кейин салобатли ҳарбийга айланарди-қоларди. Тиним билмас эди: бир қарасангиз Ҳайрон боғ билан аэродромни қамал қилган қўзғолончилар орасида; бир қарасангиз Байтулло ва бошқа масжидларда душманга қарши даъват қилаётган бўларди. Тан олинмаган Шарқий Туркистон Республикасининг ғалабаси негизида, менинг назаримда, Алихонтўрамнинг ана шу даъватлари, ўзининг жасурлик билан жангга кириши ётибди…”
Алихонтўра Соғуний юқоридаги икки асардан ташқари яна Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” ҳамда Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”ни ҳам таржима этгани айтилади. Аммо бу таржималар ҳалигача топилгани йўқ. Бироқ уларнинг тўлиқ таржима қилингани ҳақида ишончли маълумотлар бор. Жумладан, раҳматли Рустам Раҳмон бу ҳақда “Қишлоқ ҳақиқати” газетасининг 1992 йил 1 февраль сонида чоп этилган “Алихонтўра Соғуний” сарлавҳали давомли мақоласида шундай ёзади: “Алихонтўра Соғуний… Ҳерман Вамберининг “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи” номли асарини ҳам таржима қилиб, ҳаттотларга кўчиртириб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг (ҳозирги Ўзбекистон мусулмонлари идораси ўша пайтда шундай аталар эди. – Ё.Х.). кутубхонасига сақлаш учун топшириб қўйдилар. Бу сафар ҳузурларига борганимда айтдилар:
– Вамберининг китобида юртимизда қабила ва давлатчилик бошланганидан то ўрис бостириб келгунга қадар бўлган тарихлар бобма-боб баён қилинган. Вамбери Бухорога қаландар ниқобида келиб, амир даргоҳига етиб шуҳрат топган. Унга мол-мулк, ер-сув инъом қилишганида уларни “қабул қилмай”, хазинангиздаги тарих китобларини ўқишимга ижозат берсангиз, менга бундан ортиқ мукофот йўқ, деб, бу тилагига эришган. Китобда ўн беш тарихчининг асарлари давр-давр билан баён қилинган. Менинг ҳам кўнглимда Туркистон тарихини ёзиш истаги бор эди, аммо мен Вамбери ўқиган эски тарих китобларининг саккизтасинигина ўқиганман. Қолган еттитасини топиб ўқишга имконим йўқ, умрим ҳам етмаса керак. Шунинг учун Вамбери жанобларининг китобини таржима қилиб қўя қолдим”.
Энди Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” тақдири ҳақида. Алихонтўра Соғунийнинг невараси, иқтисодчи Равшан Шокиров маълумотларига таяниб, Соғуний домла Санъатшунослик институтида қўлёзмалар бўйича консультантлик ҳам қилганини юқорида ёзгандик. Равшан Шокиров бобосининг таржималари, хусусан, Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” тақдири билан қизиқиб, Ўзбекистон санъатшунослик илмий-тадқиқот институти архивига боради. У ерда тасодифан 1962 йил санаси билан 550- ва 561-рақамли папкаларни очиб кўрганда, уларда Абу Али ибн Синонинг “Матла ул-улум ва мажма ул-фунун” ҳамда “Аш-шифо” китобларидан Алихонтўра Соғуний қилган таржималар чиқади. Шу архивнинг мусиқа бўлими каталогида 542-рақамли папкада Алихонтўра Соғуний таржимасида Дарвеш Али Чангийнинг “Мусиқа рисоласи”, Омулийнинг “Нафоис ул-фунун фи арроис ул-уйун” асарининг мусиқага оид боблари, Довуди Антокийнинг асарларидан мусиқавий-фалсафий маълумотлар, бундан ташқари, араб ва форс тилларидан таржима қилинган Форобийнинг таржимаи ҳоли мавжудлиги ҳақида ёзилган. Аммо ўша папканинг ўзи йўқ.
– Кутубхоначи Меҳрихон опа бу ерда ўн йилдан буён ишлар экан. “Инвентаризация китобида ҳам ўша 542-рақамли папка илгаритдан йўқлиги ҳақида ёзилган”, деб узр сўради, – дейди биз билан суҳбатда Р.Шокиров. – Аммо биз “Мусиқа рисола”сининг ҳақиқатан ҳам таржима этилганига далил бўлувчи бир опанинг суҳбатида бўлдик. Бу опа санъатшунослик фанлари номзоди Дилбар Рашидова эдилар, – деди Равшанжон.
“Биз бир нечта аспирант ва ўқитувчилар эски қўлёзмаларни ўқишни ўрганиш учун домланинг Себзордаги уйига борар эдик, дейди биз билан суҳбатда опа, – эслайди Равшанжон. – Шерикларим уч-тўрт мартадан кейин боришни тўхтатишди. Мен саводим бошқаларга нисбатан чалароқмиди, билмайман, қатнашда давом этдим, отанинг этагидан маҳкам ушладим. Алихон ота ҳам мени шогирдликка танладилар. Бунинг сабаби бор эди. Биринчиси Дарвеш Алининг рисоласи ниҳоятда қизиқарли эди. Иккинчи сабабини тутинган дадамнинг ўзлари айтганлар: “Қизимни ўқитмай куёвга берганман. Сизни ўқитаман”.
Ёдимда, Имомқулихонга бағишланган қасидани равон ўқиётган эдим, дадам “Фаҳмидед?” (Тушундингизми?) деб сўрадилар. Мен аруз вазнини бузгандирман деб ўйлаб, “Ҳа”, дедим. У киши “Хўш?” деб сўрадилар.
Дарвеш Алининг сатрлари бу эди:
Карда сайти сахми қаҳрат
сурати миқдори кабк,
Сурати микрози котъ
бор пару боли уқоб.
Луғатда сайт – шуҳрат, сахм – камон ўқи, котъ – кесадиган, кабк – тустовуқ, уқоб – бургут, порубол – пат ва қанот, сурат ва қаҳр маънолари тушунарли… Шу сўзларга яраша тушунганларимни айтдим. Аммо дадамнинг (Алихонтўра Соғунийнинг. – Ё.Х.) талаблари байтнинг маъносини чақиб, моҳиятига етиш эди.
– Ҳеч чизро на фахмадед! (Ҳеч нарсани тушунмабсиз!) Укоб патини камон ўқига бойлар эдилар. Ўшанда у ўлжага учиб етиши муқаррар бўлган. Бу сатрларда айтилганки, беозор тустовуқнинг патини кўрган одам, бу бургутнинг пати-ку, деб ваҳимага тушар экан, чунки у жанговор ўқларнинг суратини эслатар экан. Қасиданинг шу сатрларида айтилмоқчики, Имомқулихоннинг жанговор шуҳрати одамлар орасида шу даражада кучли бўлган”.
Алихонтўра Соғуний ана шундай – сўзнинг сувратинигина эмас, балки сийратини, ундаги ботиний маъноларни ҳам парда остида қолдирмайдиган моҳир таржимон эди.
Алихонтўра Соғуний таржималари билан боғлиқ яна бир қатор маълумотлар топилмоқда. Жумладан, бу ҳақда унинг ўғли Қутлуғхонтўра Шокиров шундай дейди:
– Энг аввал сизнинг “Бухоро тарихи…” ва Чангийнинг рисоласини тополмадим, улар аслида таржима қилинганми? “деган саволингизга жавоб берай. Отамиз “Бухоро ёхуд Мовароуннаҳр тарихи”ни Ф.Каримий ва Б.Шараф нусхасидан ағдаргандилар. Бунинг тили усмонли туркча, унинг устига татарча, араб ва форс лисонлари кўп қоришган бўлиб, уни ўқувчининг тушуниши қийин эди. Шу сабабли ўз ташаббуслари билан бу асарни ҳамма тушуна оладиган ҳолга келтириш учун ғайрат қилгандилар. Вамберининг бу асари (адашмасам немисча ёзилган, русчага таржима қилинган, ундан усмонли туркчага) совет замонида хуш кўрилмаганлигидан отамизнинг бу хизматлари рағбат кўрмади ва оила архивига қўйиб қўйилганди ва чоп этилмаган. “Мусиқа рисоласи”га келсак, унинг яхлит дадамлар томонидан қилинган таржимасини кўрмаганман, бир қанча саҳифалар хориж. Бу асарнинг русча таржимасини қилиб, кандидатлик диссертациясини ёқлаган олима тошкентлик Дилбар опа Рашидовадир. Бу асарнинг форсча тили жуда оғир бўлганлигидан уни Ўзбекистонда, балки СССР да ўқий оладиган мутахассис топа олмаган Дилбар опа отамиздан хабар топиб, сўзнинг қисқаси, шогирд тушадилар. Ота-онам уларни ўз қизларидай кўрардилар. Бир неча йил давомида китобнинг таржимасини устозларидан ўрганадилар ва унинг русча таржимасини амалга оширадилар. Демак, бу ерда биз отамиз Чангийнинг “Мусиқа рисоласи” рус тилига таржима этилишига кўнгилли, фи сабилиллоҳ раҳбарлик қилганлар деб айта оламиз. Ўз замонасида бу қийматли китобнинг ўзбекча таржимаси ҳам борми деб отамдан қизиқмаганлигимдан афсусланаман. Олтинчи ё еттинчи синфда ўқирдим. Аммо отамдан шуни сўраганман, нега бошқа мутахассислар ҳатто форс ё тожик бўла туриб таржима қилишолмаган-да, сиз бу ишни қилаётирсиз, деб. Жавоблари шундай бўлганди: “Талабалик йилларимда мусиқага қизиққанман, лекин ҳеч бир мусиқа асбобида чалишни, асар ижро этишни эплай олмадим. Аслида мусиқа санъатгина эмас, балки бир илмдир, бизда унга шундай муносабат бўлган. Аввал бунинг илмини ўрганай деб бу соҳага оид асарлар устида ишлагандим, ўшандан мусиқа илмига ошнолик қолганди. Мана бугун ўша билим ишга яраб қолди. Аммо асбобда чалишни ўрганолмадим, унга Худо берган қобилият керак экан, ёлғиз илм кифоя қилмас экан”, деган эдилар. Отамиз “Мусиқа рисоласи”нинг таржимаси катта аҳамиятга эга эканлигини менга тушунтириб, биз бу қадар катта маданий меросдан ажраб қолганимиздан афсусланиб, шундай дегандилар: “Ўғлим, Оврупода неча хил нота бор? Тўғри, битта. Чангийда эса 7-8 хил нотадан баҳс этилади.” Бу менинг эсимда қолган хотиралар, холос, аслида жуда батафсил англатган эдилар.
Дилбар опанинг диссертация устида ишлаётган бошқа дугоналари ҳам бор эди. Исмлари ёдимда қолмабди. У опамиз ҳам узоқ вақт отамизнинг таржима илмидан истифода этдилар. “Зижи Кўрагоний”нинг таржимаси оғир бўлган матн парчалари устида ишлаганларини эслайман. Бироқ таржима парчаларининг қаердалигини билмайман. Юқоридагилардан бир нарса келиб чиқади: Отамиз, таржимасига қўл урган китобларнинг ҳаммаси шоҳ асарлардир.
Ва ниҳоят, келайлик, Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақое”сига. Ушбу асар таржимасининг қўлёзмаси ва машинкада босилган варианти (таҳрирга муҳтож) оила архивидадир. Терма қисмлари ўтган асрнинг 60-йилларида Тошкентда нашр этилган, бунинг бир нусхаси жияним Абдуллоҳ Шокировда бор. Отамиз ва А.Абдураҳмонов таржимасининг машинка нусхаси Ўзбекистон Фанлар академиясининг Фалсафа ва ҳуқуқ институти (инвентар 42-66)да ҳам сақланаётган бўлиши керак.
Ушбу асар таржимаси ҳақида энг инобатли сўз сўйлаган отамизнинг ўзларига ҳавола қиламиз. Ярим аср аввал шундай савол чиқишини билгандек, унинг жавобини “Наводир ул-вақое” таржимасининг кириш қисмида назм билан берган эканлар, шундоқки:
ТАРЖИМОНЛАРДАН
“Наводир” китобики машҳурдир,
Ани ким ўқур эрса фикрин очур.
Ўқиб кўрса билгай анинг қадрини,
Кетгургай кўнглидан қора зангини.
Китоб ичра ёзмиш неча хил илм,
Илм бирла топган киши ҳар билим.
Илм бу жаҳоннинг чароғи эрур,
На ёлғиз чароғи, кўз қароғи эрур.
Илм топқучилар жаҳон олдилар,
Жаҳонни алар низомга солдилар.
Илмсиз кишилар бўлур хору-зор,
Анинг ҳақлари бўлғуси тору-мор.
Агар истамасдур илмни киши,
Тузалмас жаҳонда анинг ҳеч иши.
Илм бирла топғуси ҳар иш, билинг,
Анинг чун бу йўлда тараддуд қилинг.
“Наводир” китобини ёзган киши,
Анинг оти Аҳмад эрур Дониш.
Ўзи ўлмиш андин қолиб бу китоб,
Агар сўрсанг ул берур шул жавоб:
“Тирик кўп кишилар ўликдек бўлур,
Асар қолса кимдан, тирик ул эрур.
Меним бу китобимни ким ўқиса,
Танишган бўлур ҳам мени кўрмаса.”
Танишмоққа даркор тил бирлиги,
Агар бўлмаса бирлиги – кўрлиги.
Навоийга раҳматлар айтгум келур,
Бу тилни биза қолдуран ул эрур.
Киши ўз тилин яхши билмас агар,
Заҳардир анга бошқа тил гар шакар.
Буни билди Дорул-илм бошчилар,
Биза туркий қилмоққа топширдилар.
Агар билмаса ҳар ким ўзбек тилин,
Буни ўқиб олсун, билур ўз тилин.
Қабул айладик, қўлга олдик қалам.
Келаберди илҳом ила сўз дам-бадам,
Шунинг учун йил ўтмай тамом айладик.
Анинг назмини назм этиб бойладик,
Бу ишда менга ул ки ёрий эди.
Оти Абдураҳмон Бухорий эди,
Манга берди бу ишда ул кўп мадад.
Ўзи эрди илм истаган аҳли дард,
Ва ле ёши элликдин ошмуш эди.
Илм ичра доим курашмиш эди,
Киши қадрини билган эр ул эрур.
Нечук кимда бордур илм, ул билур,
Ёшим етмиш учдин ошибдур билинг.
Китоб ўқиганда мени эскаринг,
Алидир отим, шуҳратим Соғуний,
Ғамим халқ учун, миллатим ўзбеки”.
“Наводир ул-вақое”да Бедилдан шундай бир байт келтирилади:
Ба пасти то на монанд шавқ, жаҳди кунки хун гирди,
Чу ойина дори ранг кардат, пар бурун орад.
Маъноси: Шавқ фақат пастлик билан боғланиб қолмасин. Сув бошқа рангга кирганда, туси ўзгарганда, қанот чиқариб юқорига кўтарилади. Пастликдан оқибат ноқисликдир. Шавқ эса камол талаб қилишдир. Танадаги қондан мақсад камол даражасига етиш, ўзини қобилиятли қилишдир. (Афсуски, Алихонтўра Соғунийнинг бизга маълум қўлёзмасининг мана шу байт келтирилган қисми йўқолган. Аминмизки, у зот ушбу байтни қойилмақом қилиб таржима этган бўлиши керак. – Ё.Х.).
Алихонтўра Соғуний ҳазратларининг шавқлари доим баланд бўлган. Бир жойда ўзлари ёзганларидек, қалам шавқнинг наққошидир. Наққошли қаламга эса фақат камол талабида бўлган талабгоргина эга бўла олади.
Байт:
Талаб аҳлининг бор талаби –
Камолдур аларнинг матлаби.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2016 йил, 3-сон
___________________
[1] Соғуний А. Туркистон қайғуси. – Тошкент: “Шарқ” НМАК, 2003. 56-б.
[2] “Гулистон” журнали, 1967 йил, 1-сон.
[3] “Гулистон” журнали, 1967 йил, 1-сон.
[4] Ўлжон Туркон оғо – Амир Ҳусайннинг синглиси. 1362 йилда Темур унга уйланган. Бу никоҳдан Темурнинг қизи Султон Бахт бегим туғилган.
[5] Алибек – Мохон ҳокими; асарнинг Теҳрон нашрида “Алибек жун Қурбоний” деб ёзилган. Ҳошиясида эса “Жун Қурбоний – туркман тоифаларидан бири” деб изоҳ келтирилган. Шарафуддин Али Яздийнинг маълумотларига кўра бу воқеа 1362 йилда рўй берган. В.В.Бартольднинг ёзишича, Моҳон (илгариги номланиши Моҳувон) кейинроқ Марв (ҳозирги Мари) номи билан машҳур бўлган шаҳар ўрнида жойлашган экан.