1956 йил. Бир-икки мақоласи, тўрт-беш ҳикоясигина босилганига қарамай, бошқа ҳеч қандай машғулотдан бунчалик руҳ ва завқ ололмаган Айтматов, ниҳоят, адабиёт қисмати эканини англаганида йигирма саккиз ёшда эди. Шу кичик, илк асарларининг ўзиёқ уни умидли ёшлар сафига қўшди, Москвада ўқишига йўл очди. У адабиёт сари бутунлай юз бурганда жаҳон, хусусан, собиқ Шўролар иттифоқи тарихида ҳам зўравонликдан жиндаккина тенгликка, эрксизликдан эркинликка, адолатсизликдан адолатга бурилиш палласи бўлиб, кечган воқеаларга келгусини ўйлаб бир қайрилиб қараш, кўпдан-кўп хатоларни тан олиш, тўғрилаб бўлмаса-да, иқрор бўлиш замони эди… Адабиёт аҳли учун ҳам қатор ўн йилликлар оша, жуда қисқа муддатга эса-да, осмоннинг очилишидай кўринарди…
Қаттол “доҳий” ўлиб, неча бир тараддуд, ҳозирланиш, ҳадиксирашлардан кейин биринчи марта унинг сиёсати танқид қилинган, шахсга сиғиниш деб қораланган эди. Демакки, қарийб ўттиз, ўттиз беш йил дунёнинг олтидан бир қисмини эгаллаган мамлакат одамлари бошидан кечирган яхши ва ёмон кўргиликларни бир назардан ўтказиб, қайтадан баҳолаш, шу пайтгача айтиб келинган ҳукмрон фикрнинг асосий ғояларига содиқ қолган ҳолда, ўша ҳукмфармоликни янги ниқобга солиш, вақтинчага юмшатиш замон тақозоси эди. Иккинчи жаҳон уруши мусибатлари, унгача ва ундан кейинги ички душман излаб қилинган пайдар-пай қатағонлардан ҳам жуда безилган эди…
Бу янгиланиш, руҳланиш учун ҳам эски қарашларда суяги қотмаган, зулму зўравонликларда синмаган, ҳур фикрли, ўзига ишонган, янгича қарашли, фикр, тасвир, баҳо, таъсир билан, туғма онг ва туйғудан кўз очганлар керак эди.
Умуман, ҳар қандай янги, асил қарашли ижодкор эркинликдагина кўз очади. Эркинлик – адибнинг туғилиш имконияти. Шундай қилиб, ёш адиб Айтматовнинг бошиданоқ манглайи порлади. 1956 йил уч ёқлама унинг фойдасига кечди. Жамият янгиланишни, тозаришни истади. Зулмни, адолатсизликни, қулликни қоралади. У адабий илмни чуқур эгаллаш учун дунё адабиётининг марказларидан бирига йўл олди.
1957 йил. Ижодий ҳаётида биринчи унутилмас из тушди. У анчадан буён ўйлаб юрган биринчи йирик асарини битди. “Юзма-юз”. Қисса номининг ўзи нафақат кўп нарсани англатар, балки хўб воқеликни ваъда ҳам қилар эди…
У танлаган воқеа одатдаги воқеа эмасди. Урушдан қочган инсон тақдири. Қочоқлик, қўрқоқлик ҳеч қачон, ҳеч қайси жамиятда, ҳеч бир динда оқланмаган. Эл-юрти учун ҳар қанақа кўргиликка тайёр туриш, Ватан учун керак бўлса, жонни фидо қилиш ҳамиша шараф ҳисобланган. Шунинг учун уруш бошлангач, асосан миллий ўлкаларда унуттирилган қаҳрамон шахслар ҳақида ҳам мардликка даъват сифатида асарлар ёзишга рухсат бўлди. Ким ўйлабди дейсиз, шундай пайтда ижодини эндигина бошлаётган ёзувчи қочоқлик мавзусини олиб чиқади деб… Албатта, бу мавзу бутунлай янги эмас, биргина Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” романининг кичик бир эпизодини эслаш кифоя… Бироқ совет адабиётида ҳеч кутилмаган, шу пайтгача кўрилмаган воқеа эди… Ҳолбуки, энг сўнгги уруш қаҳрамонликлари қаторида халқ ичида бу мавзуда ҳам кўп гапирилар, турфа аччиқ ва кулгили ҳангомалар тилдан тушмас эди. Зеро, уруш бу фавқулодда вазият, ўлим билан кутилмаганда юзма-юз келиш экан, ўлимдан қўрқиш, яшашни хоҳлаш туйғуси ҳар бир уруш қатнашчиси кўнглида бош кўтариши аниқ эди.
Айтматовнинг “Юзма-юз”ига асос бўлган воқеа ҳам айни ҳаётдан олинган эди. Қаттол уруш кетаётганда овулдан чиққан биринчи қочоқнинг ожизлиги, яқинларидан тортиб, оғир аҳволдаги қишлоқдошларига, ҳатто тирикчиликлари аранг ўтаётган Чингизлар оиласига кучли таъсир қилган эдики, орадан қарийб ўн олти-ўн етти йил ўтса ҳам бу машъум кунлар хотирасидан чиқмайди. Қандай бўлса, шундай тасаввур қилиш учун қочоқнинг Исмоил деган номини ҳам ўзгартирмайди.
Адиб кўрган-эшитганлари қаторида, бу воқеани қоралаш нияти туғилгач, Исмоилнинг қандай одам бўлганини ҳар томонлама суриштириб, шахсидаги мураккабликлар ва урушдан қочишидаги сабаблар борасида чуқур ўйлаган, албатта. Бироқ бунга ўша замон сиёсати қандай нуқтаи назардан қарашини ҳам унутмаган. Ўз ғоявий мақсадини имкон қадар қоғозга туширган. Бундан қатъи назар, шунинг ўзи ҳам катта жасорат, инсонни тушуниш эди. Истеъдод иш кўрсатиб, қисса ярқ этиб чиқади, холис ва фикрчан ўқувчига жуда манзур бўлади.
Айниқса, меҳр-муҳаббатли, садоқатли Саиданинг эрини тутиб беришидаги ҳолати ҳам тузумнинг хизматкори ёки жазосидан қўрққанидан эмас, балки Исмоил одамийликни бой берганидан кейин жуда қаттиқ изтиробга тушган ҳолатда юз беради. Бу Саида сиймосини яна ҳам нурлантиради.
Саида урушдан қочиб келган эрини биринчи кўрганда унга: “Энамнинг боласи”, деб мурожаат қилади. Бунда эрига эҳтиром, унинг онасига ҳурмат, жигарлик, муслималик ҳаёси киши қалбини ёруғликка тўлдиради. Саида шунақа мусаффо қалб эгасики, у бошқаларни қувонтиришдан қувонади, дардига шерик бўлиб куюнади. Унинг: “Асраса ўзининг бошини асрабди, бу менга Яратганнинг марҳамати”, дея таскин топиши ва одамлардан тобора узоқлашиб, айниқса, Мирзақулга ўхшаганлардан қўрқиб юриш ҳолатлари инсон хатти-ҳаракатининг шунақа нозик ва сирли топилмаларики, асарни ўқиган китобхон қалбида тирик инсон каби ўрнашади.
Шунинг учун унинг бир кечада сочлари оқариб кетганига ишонамиз. Саида Исмоилнинг милтиғига тўғри боласи билан боради, ўзини-да фидо қилиб эрини инсофга чақиради. Шундан кейин Исмоил яширинган жойидан чиқиб, милтиғини синдириб, таслим бўлади. Демак, йўлдан адашган кишига тўғри таъсир қила билинса, у ким бўлмасин, ўзлигига, фитратига қайтади. Беғубор келажак олдида гуноҳини англайди.
Исмоил қўлини кўтариб, Саиданинг рўпарасидан чиқиб келар экан, бутунлай бошқа бир улуғвор аёлни кўрди. Аёлнинг унга тик боққан кўзлари жиққа ёш эди. Бу ёшлар Исмоилга, унинг қисматига ачинишдир.
* * *
Асар янги адиб пайдо бўлганидан дарак беради, аммо кескин танқидга ҳам учрайди. Айтматовга ҳасад қилган қаламкашлар: “Бу ёш бола қирғиз халқини иснодга қўйди, элимиз орасида урушда қаҳрамонлик кўрсатганлар озми, бу эса бир қочоқни қаҳрамон қилиб кўрсатибди”, дея йиғинларда айюҳаннос солдилар. “Юзма-юз” қиссаси, айниқса, адибнинг овулдошларига, хусусан, Исмоилнинг қариндошларига ботади, уларни ноқулайликка солиб қўйгандек бўлади…
Кўп ўтмай “Жамила” қиссаси довруқ таратгач, бир муддат “Юзма-юз” унинг соясида қолгандай бўлди, негадир кўплар биринчи муваффақиятли асар сифатида “Жамила”ни тилга олишарди. Шундан бошлаб беш йил орасида ёзилган яна уч қиссаси қизғин кутиб олиниб, собиқ Иттифоқнинг энг олий мукофотига лойиқ кўрилганда ҳам “Юзма-юз” бу эътирофдан чеккада қолди… Аммо ўқувчи эътиборидан чеккада қолгани йўқ. Қирғизистон драма театри қисса асосида тайёрлаган спектакль томошабинларга манзур бўлди. Спектакль билан ўлканинг чекка жойларигача борилди. Жумладан, “Юзма-юз”ни Шакар овулида қўядиган бўлишади. Юрт пойтахтидан ташриф буюрган машҳур артистларнинг чиқишини кўриш учун кўпчилик йиғилади. Аммо асар бутун овулни уятга қўйган қочоқ Исмоил ҳақидалигини билишгач, томоша жойига ёпирилганларнинг умумий ҳолати кескин ўзгаради. Ким яна Исмоилдан нафратланган, бошқа биров эса адибдан ўпкалаган, ким Саиданинг фидойилигига қойил, ким у эрини ушлаб бергани учун садоқатсизлигидан алағда… Айниқса, Исмоил ролини қойилмақом қилиб ижро этаётган машҳур артист Арсен Умуралиевга нисбатан нафратлари жўшиб бораверади. Ҳатто биров саҳнага тош ҳам отади. Шунда ушбу образ фожиасини чуқур ҳис этган санъаткорнинг миясида бир фикр чақнайди. У асар қаҳрамонини овулдошлари теран тушуниши учун саҳнадан шахд билан тушиб, томошабинлар ўртасига боради ва энсаси қотиб турганларга тўғридан-тўғри мурожаат қилиб: “Ҳа, мен ўша Исмоилман, овулдошларингиз ичидан чиққан қочоқ Исмоил! Сизларни иснодга қўйган Исмоил… Хато қилдим. Аммо бунинг бош айбдори мен эмас, уруш эмасми?! Ҳа, отинг ўчгур уруш! У қанчаларнинг ёстиғини қуритди. Мен ўлишни истамаганимдан хато қилдим. Шунга мажбур бўлмаганимда, яшашни жуда истамаганимда, шундай қилармидим?!” – дейди-да, яна шитоб билан саҳнага чиқиб кетади… Спектакль тугагач, ҳалиги ўпкачи томошабинлар Исмоил – машҳур артистни ўраб олишиб, айбдорни кечиришгандай, уни олқишлашади, гулларга кўмиб ташлашади…
* * *
Ҳаётдаги Исмоил феъли тез, безори, урушдан қочиб, ўн йилга кесилиб кетади. Жазо муддатини ўтаб қайтгач, оила қуриб, ҳамма қатори яшайди. Албатта, унга ҳам Тўрақулнинг ўғли у ҳақида ёзганини оқизмай-томизмай етказишади… Адибнинг хотирлашича, у бундан хафа бўлмаган, балки Чингиз мени машҳур қилиб юборибди, дея кулиб қўйган экан… Ҳарқалай, у ҳам анойи одам бўлмаган, йиллар ўтиб, ўз хатосини шу асар боис ҳам чуқурроқ англаган кўринади. Негаки, анча йиллардан кейин, адиб Исмоилдан хат олади. У хатида шундай ёзган эди: “Мен сендан хафа эмасман. Ўшандаги ҳолатимни яхши тушунасан, деб ўйлайман. Мен урушдан қочган бўлсам ҳам, икки ўғлим аскарликда бўлишди, бири ҳатто денгиз флотида хизмат қилди”. Асар қаҳрамони Исмоил 2003 йили дунёдан ўтади.
* * *
Чингиз Айтматовнинг ижодий йўли “Юзма-юз” билан бошланган эса-да, ундан адибнинг ўзи ҳам кўнгли тўлмаган эди. Ҳолбуки, бу асар шу ҳолида ҳам баҳордан дарак момақалдироқнинг биринчи гулдураши каби адабиётни янгилаган, мавзуси-да қалтис асар сифатида бошқаларни ҳам журъатлантирган, худди шу мавзудаги асарларнинг қалдирғочи эди. Эҳтимол, буни собиқ Иттифоқдаги кўпгина халқ адабиётидан ҳам топиш мумкиндир. Дейлик, атоқли адибимиз Саид Аҳмад яратган салмоқли “Уфқ” трилогиясининг бирида талқин қилинган қочоқ Турсунбой фожиасини эслашимиз мумкин. Ҳатто рус адабиёти ҳам бундан мустасно эмас. Эндиликда ХХ аср рус прозасининг забардаст вакилларидан бири Валентин Распутиннинг “Омон бўлсанг, унутма” қиссаси шу мавзуда эканлигидан ташқари жуда кўп персонаж ва образлари “Юзма-юз”ни эсга солади.
Бу икки қисса бир-бирига жуда яқин ва бироқ шу билан бирга бир-биридан жуда узоқ асарлардир. Яна ҳам эътиборли жиҳати бу икки асар бир-бирининг такомили учун хизмат қилган, бир-бирига ижобий таъсир этган кўринади.
Одатда, аввал яратилган яхши асарнинг кейин кўз очганига бевосита ёки билвосита таъсир қилиши тушунарли. Худди шундай Айтматовнинг асаридан қарийб йигирма йил кейин яратилган Распутиннинг “Омон бўлсанг, унутма”си билан “Юзма-юз”даги Исмоил билан Андрей Гуськов, Саида билан Настена қисмати, ҳатто Бексоат кампир билан Семёновна – кимга она, кимга қайноналар, қўшни Тўтиой ва унинг уч боласи, хусусан, Ҳасантой ила ҳамсоя Нодька ва уч чурвақаси, инчунун Петькаси, Мирзақул ва Мишка батракнинг умумий миссияси шунчалик бир хил ва бир хил эмаски, бирининг хатти-ҳаракати, фикр-ўйини кўриб, уни иккинчи асардагига солиштиришдан ўзингизни тия олмайсиз. Албатта, икки адиб ҳам ўз қаҳрамонларини кимдандир улги олиб эмас, ҳаётдан, ўз билган-кўрган кишилари орасидан танлаган. Аммо Распутин Айтматовникидан хабардор бўлган, эҳтимол, елкаси оша “Юзма-юз”нинг қаҳрамонлари боқиб турганини ҳис қилиб турган. Айматов бу асарни йигирма тўққиз ёшида битган, Распутин эса насрда анча тажриба орттиргач, қирқнинг устида. Ҳажм жиҳатидан Айтматовники сиқиқ, Распутинники эса тўрт-беш баробар кўламдор. Распутин асари нашр этилиши билан довруқ таратади, Давлат мукофоти билан тақдирланади. Адиб ижодида ҳам, янги рус насри тараққиётида ҳам ёрқин из қолдиради.
Камина бундан ўттиз йиллар олдин Распутин асари илк бор қўлимга тушганида қўлдан қўймай ўқиган ва у “Юзма-юз”нинг таъсиридан холи бўлмаган ҳолда ундан-да гўзал чиққан, фожиаси яна ҳам чуқур ифодаланган, деган фикрга борганман… Мен икки асарнинг қаҳрамон аёллари Саида ва Настенанинг тақдирларини солиштириб, шу фикрга келганман. Саида Исмоилнинг касрига қолиб, анча-мунча изтироблар чеккан эса-да, охири қочоқ эрини тутиб берди, қайси маънодадир, ўша замон мафкураси руҳида эр-хотинлик бурчига хиёнат қилди. Қўшниларининг бошига тушган кўргиликни ўзиникидан устун қўйди. Боласи омон, ўзи ҳам эҳтимол яна ҳаётини қайтадан бошлаши, ким биландир тақдирини боғлаши мумкин…
Настена эса ўлимга маҳкумни қутқараман деб, охири ўзини, яна ҳам фожиалиси, қорнидаги боласи билан дарёга ташлади, чўкиб кетди…
“Омон бўлсанг, унутма” яратилганидан яна ўн йил ўтиб, ўзининг илк қиссасига қайтган Айтматов шундай эътироф этади: “Дарвоқе, менинг қаҳрамонларим тушган ҳаётий коллизия, кейинчалик, аниғи, салкам икки ўн йилдан сўнг Валентин Распутиннинг “Омон бўлсанг, унутма” қиссасида ўз тасвирини, ҳатто менимча, янада ёрқинроқ тасвирини топди”[1].
Катта адибдагина шундай мардона эътироф бўлади. Ўзи ёзган мавзуда яна бир асар кўз очар экан, у бу асарни бир ўқувчи мухлис, мунаққид, тадқиқотчи сифатида қизиқиб мутолаа қилиши қаторида, албатта, уни ёзувчи сифатида ҳам синчиклаб кўздан кечиради. Ўз асаридан қониқмаган Айтматовга йигирма йил кейин яратилган Распутиннинг “Омон бўлсанг, унутма”си туртки беради. Асар яратилганидан ўттиз йил ўтиб, асарига қайтади. Ҳамма ҳам эътибор беравермайдиган ўзидаги деталь Распутинда қандай ривожлантирилганлигини у шундай баҳолайди: “Мана энди асаримни қайта бичиш пайтида туйқус кўрдимки, икки-уч жумлада бўлса-да, менда ҳам ўша мотив мавжуд экан. Лекин маълум бўладики, гумон тасдиқланмагач, қўрқув унутилади, аёл тинчланади, Распутинда эса бутун ажойиб қисса шу мотив устига қурилган”.
Гап, Исмоил урушдан қочиб келгандан кейин, бир сафар Саида боши айланиб кетгач, яна бўйимда бўлиб қолмадими, дея бир лаҳза ташвишга тушиб қолгани ҳақида боряпти. Вазият бир хил бўлгани билан тақдирлар бошқача эди. Айтматовга воқеани бунақа тарзда ривожлантириш керак бўлмаган. Распутинга эса айни шу керак эди. Шунинг учун ҳам бу асарлар вазияти ниҳоятда ўхшаш, аммо бир-бирини қайтармаган ҳолда, бир-бирини юксалтирган ўзига хос гўзал асарлардир…
* * *
“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” адибнинг ўнинчи қиссаси, бу жанрдаги тугал охирги асари. Йигирма йиллик қиссанавислигининг сарҳисоби, хотимаси: 1957–1977. У биринчи асари “Юзма-юз”да ўзи яшаган, ўсмирлик ҳаётида кучли таъсир қилиб, хотирасида ўрнашиб қолган воқеани релистик йўл билан тасвирлаган, албатта, қаҳрамон руҳий оламини психологик чуқур очган эса-да, барибир энг одми, энг кўп қўлланилган реализмда биринчи тажриба, уриниш бўлган эди. “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”да у реализмдан чекинмаган ҳолда фалсафий, рамзий-тимсолий, аллегорик; миф-ривоят, хаёлий-фантастик, туш каби сюжет элементларини ишга солади. Бу уйғунликда ташқи дунёнинг инсон ички оламида қандай кучли таъсир қилиши ва бу жараёнда инсоний қадриятларнинг синовдан ўтишини кўрсатади. Шу пайтгача биз унинг асарлари муваффақияти сабабларидан бири у қаламга олган воқеа, муҳити ва замони, кишиларини ҳаётда яхши билганидан деб билардик. Бу қиссада эса адиб учун ҳамма нарса янги. Объект ҳам, халқ, унинг урф-одатлари ҳам. Теваракка муносабат ҳам фарқли. Вазият эса қалтис ва фавқулодда. Албатта, адиб инсон психологиясини очиш учун ушбу элатнинг халқ оғзаки ижодини ва ҳозирги турмуш тарзини чуқур ўрганган. Шунда ҳам барибир асарда биринчи ўринга кенг хаёлот тасвири чиқади. Чуқур тасаввур кучи қисса ғояси ва сюжети, фалсафаси очилишида ўзини намоён қилади. Ақл ва шуур, нозик ҳис-туйғу, шафқатсиз ҳаёт ҳайбати ичида ундан қолишмайдиган шеърият руҳи ҳаёт учун кураш, йўқолиб кетмаслик ғояси залворини кўтаради.
Дарвоқе, қиссадаги воқеани адиб дўсти Владимир Санги унга ҳикоя қилиб берганини айтади… Владимир Санги – Шимолдаги кам сонли нивх элатининг биринчи ёзувчиси. Асарларини рус тилида ёзишига қарамай, нивх миллати, тили ва маданияти йўқолиб кетмаслиги учун бор фаолиятини ишга солиб, бугун уларнинг йўлбошчисига айланган инсон. У элатининг оғзаки ижодини мисқоллаб йиққан, нивх ёзувини яратган.
Асар Владимир Сангига бағишланган. Бироқ Айтматов ундан воқеани олганидан ташқари асарини бағишлаганининг яна икки сабаби бор, бизнингча. Қиссада озми-кўпми, нивх халқини танишда Санги ижодидан, айниқса, унинг “Кивонглар уйланиши” романидан ижодий таъсирлангани сезилади. Бошқа жиҳатдан эса кам сонли, йўқолиб кетаётган миллат вакили сифатида В.Сангининг тил ва маданиятни сақлаб қолиш борасида қилаётган ишлари ҳам рамзий йўл билан қисса воқеаси – денгизда нивх овчилари бошига тушган табиий офат мисолида ҳаётнинг айни ўзи эканлиги каби уқтирилади. Демак, асар Сангига ўхшаган адиб ва элатларга ҳурмат, уларни тушуниш, қўллаш рамзи ҳамдир.
* * *
Унча-мунча насрий асарлар фалсафийликни кўтариши қийин. Эҳтимол, роман, эпопеяларнинг кенг қамрови, катта ҳажми ва салмоғи сабабли фалсафийлик ўқувчини қийнамайди… Аммо бу жараён ҳамма ўқувчи учун силлиқ кечмайди. Масалан, Лев Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” эпопеясидаги икки қарама-қарши куч драмаси, курашнинг фалсафаси – одам уруш даврида қандай эврилишларни бошидан ўтказадию, фаровонликда ўзини қандай тутади, нималарни режалаштиради. Демак, фалсафий ўйлар табиий суратда реал ҳаётга аралашади. Шу тариқа уруш ва тинчлик орасидаги руҳий-маънавий, ахлоқий зиддиятлар бадиий тасвир майдонига айланади.
Бундай асарларда шафқатсиз реализм фалсафий услубда баён этилади. Ҳажман “Уруш ва тинчлик”дан йигирма баробар кичик Айтматовнинг “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссаси ҳам фалсафий асар дейишга барча асос бор. У фалсафий мушоҳада билан бошланиб, шундай фикрчанлик билан ниҳоясига етади. “Олам олам бўлиб яралгандан буён, тун кундан туғилган, кун тундан туғилган замонлардан буён аҳвол шу – икки қудратли куч ўртасидаги олишув давом этади; бундан буён ҳам куну тун, туну кун, токи ер билан сув бор экан, улар абадулабад шундай курашаверади.
Куну тун, туну кун…”
Қуруқлик ва сувлик. Икки ҳудуд. Икки куч. Икки унсур. Бир-бирисиз яшолмайди, бир-бирини кўролмайди ҳам. Нега курашади? Бу аслида-ку табиатнинг қонуни. Ҳаммаданам денгиз ва қуруқлик ўртасига тушиб қолиб, андармон бўлган одамга қийин…
Инсоният яралгандан буён давом этадиган ана шу ҳолатни адиб тадқиқ этаркан, одамлар аслида фақат қуруқликнинг эмас, сувнинг ҳам дилбанди эканлиги ҳақидаги фикрнинг хаёлий эмас, ҳақиқат эканини мустаҳкамлашга қаратади. Айтматовда одамлар ана шу жангда иштирокчидан кўра яраштирувчи эканлиги ёлқинланади. Зеро, қуруқликнинг ўзи ҳам сув, сувдан яралган, сувда оқиб кетаётган митти уяча деган фикр Лувр ўрдаги ривояти тарзида берилади.
Ҳаммаёқ сувликдан иборат бўлган замонда бир қарич ҳам қуруқ жой тополмаган Лувр ўрдаги охири кўксидан ўз патларини юлиб, сув устига тўшайди ва унда уя тиклаб тухумини қўяди. Шу воқеа билан ер пайдо бўлади. Агар шундай бўлмаганда инсоннинг ҳаёти бутунлай бошқача бўлиши мумкин эди, деган фикр ниҳоятда фалсафий, рамзий, киноявий тарзда мушоҳада қўзғайди. Лувр ўрдаги ҳақидаги нақлнинг юки қисса моҳиятидан келиб чиқиб, яралишнинг асли зурриёт, тирик жонзотни асраб қолиш масаласига бориб тақалади…
Диний-дунёвий фанлар оламнинг аввали сув бўлганлигини рад этмайди. Балки ҳамма жонзотлар сувдан, даставвал сувда бунёд бўлганлигини у ёки бу кўринишда тасдиқлайди. Биз тупроқдан яралганмиз, деймиз, албатта. Аммо тупроқ – Ернинг асли сувда, Сувликда вужудга келган бўлса, инсон сув ва тупроқдан бунёд бўлган, деб айтилса, хато бўлмайди. Ахир, тупроқнинг ҳамма унсурлари топилган танамизнинг етмиш фоизи сув – суюқлик эканлиги ҳам аллақачон исботланган! Демак, одамни сув билан қуруқликнинг талашиши, меники деб билиши, одамнинг тобора ерга боғланиб қолгани-ю, денгизга интилишида азалий қонуният, мангу сир яширинганидан баҳс эмасми?
Айтматов ҳақиқатни ривоят билан исботлашни, қувватлашни “Оқ кема”дан бошлаган эди. “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар” қиссасида эса Шимол халқининг тирикчилиги воситасида денгизга боғланишини ўзларининг тушунчаларига кўра “Она балиқ” ривояти билан қувватлайди. Бу ҳам худди “Шохдор она буғу”дагидек бошқа бир тарих мисолида худди шу омил – жониворларнинг инсон қавми асраб қолинишига сабабчи бўлиши асоси, энди фантастик тарзда кўрсатишга мувофиқ бўлинади. Оналик эмас, ёрлик мотивида талқин қилинади: уч ака-уканинг ўртанчаси омадсиз, оқсоқ бўлгани сабабли денгиз қирғоғидан кетолмади. Сувга қармоғини ташлаб, тирикчилигини чор-ночор ўтказар эди… Кунлардан-бир куни унинг тўрига гўзал сув париси илиниб қолади… У шунақа ҳам соҳибжамол хилқат эдики, лаҳзалик висолдан иккиси ҳам ўзини йўқотиб, ишқ шавқига бериладилар. Ўзларига келганида эса қисматлари айрилиқ бўлади, сув париси ҳажрида ёниб қанча ойлар денгиз соҳилидан кетолмай юрган ногирон йигитнинг қулоғига туйқусдан чақалоқ йиғиси чалинади. Менинг отам қани, деб чинқирар эди гўдак. Уни оқсоқ ота бағрига босиши билан тинчиб қолади… Денгиз қирғоғидаги Она балиқ қавми ўзларини ана шу висолдан кўпайган, деб билишади.
Бунда ҳам ернинг уммонга, сувнинг қуруқликка боғлиқлиги, ошиқ-маъшуқлиги, одам қавмининг ўз тарихи ҳақидаги ойдин хаёли ётибди. Айтматов ижодий фалсафасининг бошида ҳам оламни яхлитликда кўриш тадрижини кузатиш мумкин бўлиб, бу қарашнинг кўлами асардан асарга кенгайиб борди. Қуруқлик ва сувликнинг яхлитлиги, бирлиги, бир-бирига боғлиқлиги, бир-биридан эканлиги ушбу воқеа мисолида бадиий тарзда жонланади. Фақат ана шу яхлитлик бир чеккада яшайдиган мана бу инсонларнинг бошқаларникидан фарқли дунёқарашлари орқали кашф этилади.
Айтматов инсон маънавиятига кескин таъсир қилиб, ички дунёсини ағдар-тўнтар қиладиган ғайб оламини илк бор объект сифатида асарларига киритади. Инсонга зоҳиран кўринмайдиган, лекин доимо муносабат-мулоқот, таъсирда бўладиган; шунинг учун биридан ҳимояланиш пайида бўлиб, бошқасига талпинадиган хилқатлар, кўздан ғойиб, ақл-шуурдагина эмас, моддиян ҳам бор олам “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”да фаол иштирок этади.
Эсланг. Биринчи марта денгиз сафарига чиқаётган ўспиринни кузатиб чиққан онаси намойишкорона “яхши бор”, деб ўғлига ўрмон томонни кўрсатади, ортидан таъкидлаб ҳам қўяди: “Яна ўрмонда адашиб-нетиб юрма”. Бу билан у кинрлар – жин-ажиналарни чалғитмоқчи, улар болам денгиз сафарига чиқаётганини билиб қолиб, зарар етказмасин, деган ташвишда эди. Яна, ота-бола бирга сафарга чиқаётганини ёвуз руҳларга билдирмаслик учун уйдан алоҳида-алоҳида чиқишади. Бу ирим-сирим эса Айтматовнинг шу пайтгача бошқа асарларида кузатилмаган ғайб оламининг тадқиқи, Шимол халқларининг сирли, кўринмас ёвуз кучлар билан кураши, тўғрироғи, муносабатлари мисолида акс этади. Ана шу ғайб оламида, кинрлар иштирокида – денгизнинг икки ёқлама сирли фаолияти, одамга дилдошлиги ва арази, Сув париси – Она балиқ сиймосига интилиш ва ундан айролик асарнинг сўнгигача кўринмас ҳолда воқеа жараёнига аралашишини ҳис қиламиз. Ҳолбуки, бунга ўхшаш муносабат ҳамма халқларда, жумладан, ўзбекларда ҳам бор. Масалан, тушунчамизга кўра, фаришта ва жинлар ён-атрофимизда яшайди. Демак, “Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”даги кўринмас махлуқларнинг ҳаётий мавжудлиги Айтматов бадиий оламининг янги топилдиғи бўлиб, шу пайтгача кузатилмаган, аслида бор олам тасвири.
* * *
Айтматов бу асарини собиқ Иттифоқ айни гуллаган бир паллада яратди.Ҳукмрон мафкура бутун мамлакатда ҳоким, миллий тил ва маданият камситилган, кам сонли эл-элатлар йўқолиб кетиш хавфи остида яшар, асарда бу фожиавий ҳолатга муносабатни кўрмаслик мумкин эмасди. Уммон қаршисида бир оила, бир қавмнинг зарра мисоли ҳимоясизлиги, ожизона кураши, сабри, матонати қуруқликка, қуруқликдаги инсонга қай маънодадир айнан ўхшайди.
* * *
“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”ни америкалик адиб Эрнест Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” қиссасига ўхшатганлар бор. Ўринлими? Ўхшайди, таъсири бор деган гаплар қай даражада асосли?
Дарҳақиқат, иккисида ҳам асосий воқеалар бир макон – денгизда кечади. Персонажларнинг ёши, хатти-ҳаракати, нияти, тажрибаси ҳам бир-бирига жуда яқин. Бироқ бу икки асар олдига қўйган мақсади, акс эттирган бадиий ҳақиқати, исботламоқчи, ечмоқчи бўлган масалалари жиҳатидан тамоман ўзгачадир.
Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз” қиссаси 1952 йили ёзилган ва ижодидаги шоҳ асарлардан бири бўлиб, яратганидан икки йил ўтиб, адиб ижоди Нобель мукофоти билан тақдирланади.“Чол ва денгиз”да Америка ёзувчиси инсон иродаси ва ақли билан инсон деб ҳайқиради. Инсонни ҳар куни тенгсиз муҳитда жангга чорлайди. Асарнинг шоҳ байти шу ҳикматдан иборат: “Инсон боласи енгилиб, енгилганига рози бўлиб кетавериш учун яратилмаган. Одамзодни янчиб ташлаш мумкин, лекин уни енгиб бўлмайди!”
Албатта, бу ғояни жуда реалистик тарзда ифодалаганда, ана шу енгилмасликнинг ўзига боғлиқ бўлмаган енгилиш томонини ҳам ҳаққоний кўрсатар экан, чол бошидан кечирган воқеалар одамни маънан уйғотади, ҳушёр, иродали бўлишга ундайди, бор ақлу идрокни ишга солади. Қисқаси, унда инсон матонати нималарга қодирлиги куйланади. Шу боис ҳам ушбу қисса яна бир америкалик адиб Жек Лондоннинг “Ҳаётга муҳаббат”, “Мексикалик” ҳикоялари, “Мартин Иден”романи ё итальян адибаси О.Войничнинг сал кейин яратилган “Сўна” романига издош, воқеаси эса яна ҳам қалтис ва даҳшатли бир асар бўлди. Айтматов қиссасида эса яна ҳам катта залвор бор: бир оила ризқ истаб денгизга тушди. Энг кичигининг денгиз билан биринчи учрашуви. Табиий офат туфайли бошларига тушган воқеа қаршисида яшаб қолиш учун ўзидан боласини, боласидан набирасини устун қўйиши; керак бўлса, ўз ҳаётидан онгли суратда воз кечиб, келажагини асраб қолишга уриниш мақсади – инсоннинг улуғворлиги тараннум қилинади. Шу боис биз учун Хемингуэй қиссасига қараганда Айтматов асаридаги мақсаднинг тоши, салмоғи яна ҳам оғирроқ.
Икки асардаги инсонга: бола ва чолга муносабат ҳам бутунлай бўлакча. “Чол ва денгиз”нинг қаҳрамони Сантьяго саксон тўрт кундан буён денгизга чиқиб, қанчалик тажрибали бўлишига қарамай, қуруқ қўл билан ўлжасиз қайтавергач, қўшнилари уни жуда ҳам омадсиз кишига чиқариб қўйишади. Қирқ кун у билан денгизга чиққан ўспиринни ҳам ота-онаси бошқалар билан овга боришга ундайди. Демак, Хемингуэйни Ғарб дунёсининг ғайриинсоний қараши ўйлантиради: одам қаридими, унинг қўлидан тузук бир иш келмай қолдими, яккалаб қўйишиб, баттар тушкунлик чоҳига рўпара қилишади. Чолнинг қасди эса шунга қарши, одам ўлиши мумкин, лекин уни ҳеч қачон улуғвор ишлардан қайтариб бўлмайди. Инсон улуғвор бир хилқат, у турли тубанликлардан юқори туради. Унга ишонадиганлар ютади. Масалан, софдил, маъсум, яхшиликни унутмас бола – Монолин ундан воз кечмайди. Ҳолидан хабар олиб туради. Чолнинг келажаги, умиди бўлиб, китобхонни тўлқинлантиради.
“…Олапар”даги маънавий муҳит, тобора дунёда нодирлашиб бораётган тартиб – ёши улуғ одамнинг ҳар ишда бош бўлишида кўринади. Денгизда ота-бола деган тушунча гоҳ аҳамиятсиз, гоҳ жуда аҳамиятли бўлгани ҳолда, катта ва кичик деган давомийлик мавжуд. Кичик ҳамиша каттанинг айтганини қилиши, ўгитини асло унутмаслиги керак. Зеро, бу адолатли тартиб пировардида асосий мақсад – келажакни асраш вазифаси ётибди. Шунинг учун кеманинг йўналишини қайиқнинг бир чеккасига ўтирган Ўрхон чол белгилайди. Чапдаст ва эпчил Эмрайин билан Милхун эса эшкак эшишади. Демак, Айтматов бошиданоқ ҳеч бир нарсада Хемингуэй ортидан йўлга чиқмагани гувоҳи бўламиз.
Албатта, икки чолнинг ҳолатлари, хатти-ҳаракати, ўй-мулоҳазаларида қанақадир ўхшашликлар борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Иккиси ҳам туш кўриб юради. Лекин бу тушларнинг рамзий маъноси борасида чуқурроқ ўйлаганда, улар ташийдиган зоҳирий ва ботиний ишоралар бутунлай бошқача эканлигига амин бўласиз. Сантьягонинг тушига кўпинча Африканинг чексиз ўрмонлари, шерлар, кейинроқ ёввойи чўчқалар галаси киради. Шер – йиртқич ҳайвонларнинг энг кучлиси. Бу билан адиб нима демоқчи? Эҳтимол, куч ҳамма нарсанинг ҳукмрони экан, одам сифатида у шер бўлмоқчидир. Ахир, туш ҳаётда амалга ошмаган орзулар, кучли хоҳиш ифодаси-ку. Лекин бошқа жиҳатдан инсон йирқичларнинг йиртқичи, ақлли йиртқич деган маъно ҳам чолнинг хаёллари, мулоҳазаларидан қалқиб чиқади. Чолнинг ўзи энди қари бир шер дейилаётгандай бўлади. Фақат ўзини билгангина эмас, бошқалар устидан ҳукм юритишни истаган кимса ҳам куч-қудратни орзу қилади… Қолаверса, Хемингуэйнинг қаҳрамони бекордан бекорга олис Африка қитъасини туш кўрмайди. Адибнинг ўзи ҳаётида уч марта учоқда Африка сари саёҳат-сафарга чиқади, уч марта ҳам авиаҳалокатга учраб омон қолади, фақат учинчисида бошидан оғир жароҳат олгач, ижод қилиш имкониятидан жудо бўлганига кўниколмасдан жонига қасд қилади…
Ўрхон бобо эса тушида мангу соҳибжамол сув парисини кўради. Бу биринчидан, гўзалликка инсоннинг фитратан интилишидир. Куч ва гўзаллик дунёнинг икки ҳисоблашадиган тушунчаси, аммо буларга талпинишларнинг хаёли, эҳтиёжида катта фарқ бор. Бундан ташқари, Ўрхоннинг Она балиққа интилишида ўзлигига талпиниш рамзини ҳам кўрмаслик мумкин эмас. Уларнинг бир манзилга қараб ошиқишларида зурриётни давом эттириш ишқи, истаги – асосий мақсад.
Ҳа, Сантьягонинг хатти-ҳаракати, фикр-ўйи билан Ўрхонники тамоман бошқача. Хемингуэй инсоннинг устунлиги бўлган ақл-идроки, иродаси ҳам охир-оқибат нафс хизматкори бўлиб қолишидан изтиробини яширмайди. “Хайриятки, шу тирикчилик важида у қуёшни, ойни, юлдузларни гумдон қилишга мажбур бўлмайди”, деб жуда ҳам аччиқ заҳарханда қилади Хемингуэйнинг қаҳрамони бу билан нафси ҳакалак отадиган кимса ҳар қандай тубанликдан қайтмайди, дейди. Одамзодни нафс хатаридан огоҳлантиради…
Ўрхон бобонинг денгизга чиқиши эса юксак инсоний маслагидан ҳам муждалар беради. Бу ерда эзгу қадриятларни асраб қолиш, ҳаётни билиш ва унга суяниш муҳим. Шунинг учун ҳам чол денгизчиларга, айниқса, у билан биринчи марта рўпара келаётган болага нима қилиш кераклигини васиятдай уқтириб боради.
“ – Олапар қайтиб кетди, – деди Эмрайин. Бундан ҳамма жонланиб қолди.
– Чақирсак, қайтиб келармикин? – деди мийиғида кулиб Ўрхон Кирискка қараб.
– Бунинг учун қайиғимизда орқага сузишимиз керак бўлади, – деди Кириск.
– Ҳо, билағон экансан-ку!”
(Олапар – итга ўхшатилганда тош аввал метафора қилинган. Аммо энди “Олапар қайтиб кетди”, дейилаётганда, бу метафора жонлантириш ҳам бўлади. Бу асарга ном бўлгани ҳам бежиз эмас. У қадрдонлик, Ватан, миллат, қавм ошиёни рамзи ҳамдир).
Худди шундай Ўрхон чолнинг муқаддас бурчи ўзидаги бор энг муҳим тажриба, тўпланган билимни авлодларига юқтириб кетиш. У кучли тўлқиннинг рўпарадан келаётганини кўриб, қайиқ учини унга тўғрилашни буюрди. Айтмаганда, шу заҳоти қайиқ ағдарилиб кетиб, ҳамма денгизга ғарқ бўларди. У мудҳиш туман босиб келаётганида ҳам жони борича бақирди: “Шамолнинг йўналишини эслаб қолинглар”. Кейин у болага яна бир нарсани вақтида уқтириб қолади: “Ана у бочкани кўряпсанми, ана шундан ажралма, ундан ажралгандан ўлган яхши”. Бочкада ҳаёт манбаи – ичимлик суви бор эди. Салдан кейин бошланган бўронда эшкакчилар “Чўкаяпмиз, нарсаларни ташланглар”, деб додлаб юборишаркан, ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб қолиб, қарийб барча нарса денгизга улоқтирилган, бола эса бир чеккада бочкани босиб ётганича, бобосининг ўша сўзи билан ҳаётни, демакки, ўзини асраб қолади. Асар ғоясининг энг юксак таронаси чол ўғли Эмрайин ва жияни Милхун, хусусан, набираси Кирискка чучук сув етиши учун табиий офат ўтиб кетгунча сув ичишдан воз кечиши, охири ўзини сувга ташлаб, авлод учун қурбон бўлишидир.
Сантьяго учун эса ўз нафсини қондириш биринчи ўринда туради. “Мен сени яхши кўраман, балиқ, лекин ҳали замон сени гумдон қиламан”[2].
Ўрхон бобонинг ўзини денгизга ташлашида идеал – сув парисига етишиш орзуси ҳам бор…
Мана, ниҳоят чол ақли ва сабри, иродаси ва довюраклиги билан қайиғидан-да уч баробар катта балиқнинг уч кун ортидан сарсон-саргардон эргашиб, тепага чиқишга мажбур қилди, маҳв этди. Лекин бу ўлжасини қўлида сақлаши жуда ҳам қийинлигини у ҳали билмасди. Кўп ўтмай қон ҳидидан из олган акулалар таъқиби бошланди. Улар ҳамласидан ўлжасини ҳимоя қилиш учун чангаги ва ипидан, кейингисида гарпуни, пичоғи, тўқмоғи, румпел ва эшкаги ва ҳоказо, балиқчилик учун керакли барча асбоб-ускуналаридан ҳам ажралди. Денгизда боланинг йўқлиги чакки бўлди, дея неча марта яккаланганини эслаган чол болага: улар мени енгиб қўйишди, деганида ҳам ёлғизлик қилганига иқрори бор. Унинг қирғоққа балиқнинг скелетини бўлса-да келтира олиши ироданинг ғалабаси. Аммо гўштидан бирор мисқол олиб қололмагани нафсининг мағлубияти. Ҳамма балиқчилик асбоблари синиб, йўқолиб, ишдан чиқиши эса қаригани аломати. Акулалар ҳужуми тайёрга айёр бўладиган, улуғвор ишларни бошқалар амалга ошириб, фойдасини олчоқлар кўришининг исботи.
Ҳарқалай, чол узоқ ухлаганда Монолин унинг жароҳатланган қўлини кўриб, йиғлаб борар экан, бу мардлиги, иродасининг ўзига хос самимий баҳоси, қадрланиши ҳамдир.
Чолнинг денгиздаги ҳолати ҳам инсон ички дунёсининг бир калити сифати, у ёлғизлигида ўзлигини англаб, дўстни соғиниб, эшкак чети, кейин ипига қўнган қуш билан, кейин балиқ, акулалар ва охири гоҳ ичида, гоҳ овоз чиқариб ўзининг чап қўли билан гаплашиши Сантьяго чолни бениҳоя жонли сиймо эканига далилдир. ( Ҳаётда ҳам шундай чол бўлган. У билан адиб гаплашиб турган …). У ҳурликни ҳамма нарсадан устун қўяди: “Бу итоаткорлик руҳи қайдан келди деб ўйлади ва ор-номусига заҳа етказмаслигини билгандан кейингина боланинг таклифига рози бўлди”. Унинг ҳаётий фалсафаси ўзлигини сақлашга, ўз кучи, интилиши билан тирикчилигини юрғизишга қаратилган. Шунинг учун ҳам у болани хавфлардан огоҳлантиради: “Аввал қарз сўрайсан, кейин тиланчилик қиласан”. Бахт борасида ҳам аччиқ тажрибаси бор: “Ҳеч бир воқеа икки марта такрорланмайди”.
Аммо Сантьяго шунча ақли ва матонати билан ҳам барибир Ўрхон чол улуғворлигига ета олмайди. Ўрхон чол Кирискка ҳар қандай паллада денгизда яшаш, курашиш ва омон қолиш учун билганини ўргатиб кетди, Монолин эса Сантьягодан энди ўрганмоқчи…
“Соҳил ёқалаб чопаётган олапар”да Ўрхон чол етарли даражада очилганига қарамай, асосий ғоя ташувчи қаҳрамон ўспирин бола. Шу маънода Айтматов қиссасини шартли “Бола ва денгиз…” деб ҳам аташ мумкин. Монолинга қараганда Кириск курашга кўпроқ тайёр ҳам кўринади… Унинг Музлик ҳақидаги ўйлари ҳам келажак авлодни севги билан давом эттиришнинг дилбар талқини.
Милхун образи ҳаётдаги каби мураккаб ва тўлдирувчандир. Унинг ҳаётсевар, ҳазилкаш, чапдаст, ҳаракатчанлиги денгиздаги вазиятга қарши, қуруқликдан зуваласи олинганлигининг ёрқин аломати. У сабрсиз, қизиққон, таъсирчан, чидамсиз феъл-атвори билан инсон табиатини ростакамига намоён қилади ва Айтматов олдига қўйган ғояни кучайтиради.
Айтматовда теваракнинг қарама-қаршилиги, зиддиятида ҳикмат кўриш, қарашларга терс туришда ҳаёт уруғини сочиш бор. Денгизга чиқиб кетаётганда ота-бола сафарга бирга чиқишаётганларини кинрлардан яширишади. Ҳолбуки, қавм ота боласини биринчи марта эркак сифатида денгизга олиб кетаётганидан хабардор, агар яхши ўлжа билан эсон-омон қайтишса, Эмрайин ота деб аталар, бу билан фахрланар, Шомон ер билан денгиз ила Кириск ҳақида гаплашиб бориб, денгизга ҳам дўст тутинганини эълон қилиб, шодон-шодон қўшиқлар айтган бўлур эди. Аммо бочкада жуда оз сув қолган, иккисига етмаслиги аниқ, аввалига Эмрайин улушини ичишдан воз кечди, кейин эса боласи учун ўзини денгизга ташлади.
Кириск образи ниҳоятда улуғвор ва нурли. У шу қадар мард. Бошда бобоси сув ичишдан воз кечиб, майли, ўрнимга Кириск ича қолсин, деганда, ўзингиз ичинг, деб кучли иродани ўзида топа олади. Бобоси йўқлик қаърига йўл олганида, айниқса, отасини йўқотганида катта мусибатни қаршилашида аждодларидан мерос улуғ қалбини кўрамиз.
Мана, у ниҳоят саккизинчи тун осмонда юлдузларни кўрди. Акагуг – қутб бойқушининг учишидан йўналишни тўғрилаб олди. Шу билан у теварагидаги яшаётган олам билан танишди. Шамолни Ўрхон, тўлқинларни аки Милхун, юлдузни Эмрайин юлдузи деб атади. Шуларда яқинлари ҳаётини кўриб, қадрдонлик туйди. Мана унинг ҳаётида тўқиган биринчи ва умрининг охиригача айтадиган қўшиғи:
Соҳил бўйлаб чопаётган Олапар,
Якка-ёлғиз қайтмоқдаман ёнингга –
Бобожоним Ўрхонсиз,
Отажоним Эмрайинсиз,
Оғажоним Милхунсиз,
Улар қайда қолди, сўрагил мендан,
Фақат аввал сув бергил, о, сув…
* * *
– Кўрсичқонча, сув бер… – деб тинмай алаҳсирашида ҳам ташналикдан қийналган боланинг тушда ва ҳушдаги ҳолати аниқ ва жонли ифодаланган.
* * *
Қисса Кирискнинг қўшиғи, рамзий шеърият билан ёлқинлангач, яна ўша фалсафий, дастлабки азалий қонуниятни такрорлаш билан поёнига етади:
“Туну кун, куну тун…”
* * *
Кўрдикки, Айтматовга аввал ҳаёт таъсир қилди ва илҳом берди. Фикрлаган сари унинг қиссалари ана шу ҳаётнинг дилбар ва мусибатли томонларини очди, тўлдирди, лекин ўзини ва ўзгаларни қайтармади. Балки тинимсиз ўрганиб, ижодий хаёли асардан асарга ўсиб, дунёнинг энг мўъжизакор, мард ва оқил қалам соҳибларидан бири сифатида қалбимизни завқ-шавққа ғарқ этди, ақлимизни чархлади, руҳимизни юксалтирди.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 12-сон
[1] Ч.Айтматов қиссаларидан олинган барча парчалар таржимаси Асил Рашидовники (В.Ф.).
[2] Хемингуэй Э. Алвидо, қурол. Чол ва денгиз. –Тошкент: Ғ.Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти,1989. Рус тилидан Иброҳим Ғафуров таржимаси.