Узоқ Жўрақулов. Михаил Бахтин кашфиётлари

Ўтган аср бошларида шаклланиб, бугунга қадар жаҳон илмий-адабий тафаккури, хусусан, назарий адабиётшунослигида авангард бўлиб келаётган Михаил Бахтин (1895–1975) феноменини тасодиф деб бўлмайди. Жаҳон илмий-адабий тафаккурининг узвий бир қисми бўлган бу ҳодиса моҳиятини бир ёки бир нечта омил билан тушунтириш ҳам мумкин эмас. М.Бахтин деган ҳодиса наинки таянч омилларининг кўплиги билан, балки муайян қонуният, аниқ тизимга асосланиши билан ҳам Аристотель, Шекс­пир, Гегель, Достоевский сингари ҳодисалардан кам аҳамият касб этмайди. Шунга кўра, М.Бахтин шахсияти ва ижодий меросига маданий-тарихий, бадиий-эстетик, илмий-назарий жиҳатдан махсус ёндашиш орқалигина муайян натижаларни қўлга киритиш мумкин.

М.Бахтин мансуб рус поэтика илмининг ибтидоси XVI аср охирларига тўғри келади. Мутахассисларнинг қайд этишича, илк бор Лаврентий Зизаний-Тустановскийнинг “Славян грамматикаси…” (1596) китобида тилшуносликка оид маълумотлар қатори шеърий вазн хусусида ҳам ахборот берилган[1]. Бу рус адабиётшунослиги тарихида илмий-назарий фикрнинг дастлабки ёзма ифодаси эди. Аммо айни китобда қайд этилган назарий маълумот қадим юнон поэтика илмидан бошланиб, Европа адабиётшунослари томонидан қайта-қайта ишланган умумлашма-таърифларнинг такрори эди, холос. Бу анъана рус адабиётшунослигида Зизанийдан кейин ҳам қарийб уч юз йил давом этди. Хусусан, М.Смотрицкий, Ф.Прокопович, В.Тредиаковский, М.Ломоносовларга қадар, токи XVIII аср охири – XIX аср бошларигача рус адабиётшунослигининг етакчи тамойили бўлиб келди. Бундай тамойиллар етакчилик қилган уч юз йиллик жараённи, шартли равишда, рус адабиётшунослигининг тақлидий-классицизм даври деб номлаш мумкин. Чунки В.Белинский майдонга чиққунгача бўлган давр рус адабиётшунослиги, асосан, қадим Юнонистон, Европа, айниқса, немис назарий адабиётшунослигининг таъсирида эдики, бу жараённинг кўп ўринларда плагиатгача бориб етгани мутахассисларга яхши маълум. Фақат Белинский даврига келиб, рус адабиётшунослигида тақлидий-классицизм анъаналарига, схематизм ва плагиатга қарши кураш бошланди. Назарий қарашларни баён этишда бевосита адабий-тарихий жараён, бадиий воқеликдан келиб чиқиш тамойили ўртага тушди.

Аммо шунга қарамасдан, Белинский даври рус адабиётшунослигини ҳам классицизм тамойиллари ва ҳатто тақлиддан юз фоиз холи, мустақил назарий адабиётшунослик сифатида баҳолай олмаймиз. Мавжуд далиллар бунга имкон бермайди. Масалан, илмий-адабий фаолиятининг асосий қисмини адабий-тарихий жараёндаги тақлидчилик ва плагиатга қарши курашга сарфлаган Белинскийнинг машҳур “Поэзиянинг тур ва хилларга бўлиниши” асари немис мутафаккири Гегель “Эстетика”сидаги фикрларнинг маълум тартиб, манба ўзгаришлари асосидаги шарҳи, дейиш мумкин. Қолаверса, Белинскийнинг бошқа кўплаб асарларида назарий адабиётшунослик тамойилидан кўра социологик таҳлил ва адабий танқид тамойиллари етакчилик қилади. Танқидчининг адабиётдаги “халқчиллик”, “услуб”, “адабий қаҳрамон”, “ижодкор”, “адабий оқимлар ва методлар” ҳақидаги фикрлари назарий эмас, кўпроқ танқидий тафаккур умумлашмалари тасаввурини беради. Демак, бундан келиб чиқадики, рус адабиётшунослиги ҳатто XIX асрнинг биринчи ярмида ҳам назарий адабиётшуносликнинг бошланғич босқичини яшаётган эди.

Адабиётшуносликдаги Белинский бошлаб берган социологик таҳлил анъаналари XIX аср сўнггига қадар А.Герцен, Н.Чернишевский, Н.Добролюбовлар томонидан изчил давом эттирилди. Бевосита рус адабиёти манбалари асосида қатор адабий-эстетик муаммолар талқин этилди. Гарчи, бу давр рус адабиётшунослиги тақлидчилик ва плагиатдан узилиб, бир неча қадам олға босишга эришган бўлса-да, ундаги етакчи тамойил социологик таҳлиллигича қолаверди. Шуларга қарамасдан, айни жараён рус назарий адабиётшунослигининг шаклланишида икки жиҳатдан таъсир кўрсатди. Биринчидан, Европа адабиётшунослиги минг йиллар давомида шакллантирган илмий-назарий базанинг тизимли равишда ўзлаштирув жараёни юз берди. Иккинчидан, мана шу назарий база негизида рус фольк­лори, А.Пушкин, Н.В.Гоголь, М.Лермонтов, Л.Толстой ва бошқа ижодкорлар асарлари ўрганилди. Адабий-тарихий жараёнга бир бутун ҳодиса сифатида ёндашиш тамойили вужудга келди.

Шу даврларда Европа адабий-эстетик тафаккури негизида шаклланган “академик мактаблар” ҳам рус адабиётшунослиги тараққиётига, назарий фикрнинг мукаммаллашувига хизмат қилди. Мифологик, маданий-тарихий, қиёсий-тарихий, формал, психологик мактаблар фаолияти бу фикрга тўла асос беради. Кейинчалик ушбу мактаблар билан ёнма-ён, Россиядаги ижтимоий-сиёсий вазиятнинг ўзгариши натижасида вужудга келган мар­ксистик методология совет адабиётшунослиги давр тақозосига кўра етакчи нуқтаи назарга айланди. ХХ асрнинг 80-йилларига қадар изчил фаолият кўрсатди. Бироқ XIX аср охирлари – XX аср бошларида шаклланган академик илм шўроча шарт-шароит, шўро адабиётшунослиги таркибида ҳам муайян шакл-мазмунда яшаб келди.

Айни давр илмий-назарий тафаккури хусусида сўз юритишар экан, рус адабиётшунослари, асосан, икки номга урғу берадилар: “XIX аср ватанимиз адабиётшунослик илмини Ф.Буслаев, А.Пыпин, Н.Тихонравов сингари ёрқин ном соҳиблари намоён этишган. Аммо бу кўзни қамаштирадиган фонда икки ном ўзининг тафаккур теранлиги ва оригиналлиги билан ажралиб туради: Александр Афанасьевич Потебня (1835–1891) ва Александр Николаевич Веселовский (1838 –1906)”[2].

А.Потебня машҳур психологик мактабнинг асосчиси. Олимнинг давр, ижодкор, бадиий асар, бадиий образ, бадиий услуб сингари мустақил, айни пайтда, ўзаро боғлиқ феноменларга психологик ёндашув методологияси адабиётшунослик илмига ўзига хос резонанс бағишладики, бу жараён ҳамон давом этяпти. А.Веселовский эса рус, шу билан бирга, дунё адабиётшунослигига “тарихий поэтика” деб номланган янги бир тамойилни олиб кирди. О.Фрейденбергнинг қатъий эътирофига кўра, А.Веселовскийга қадар поэтика илми маҳдуд бир шароитда яшаб келган. Унгача бўлган олимлар поэтик категориялар асосида тарихий категория ётишини тасаввур қилмай, адабиёт тарихини яланғоч назарий базаларга қуришган. Адабий-тарихий жараёндаги изчиллик, поэтик системани эътиборга олишмаган. Шу боис ҳам А.Веселовский кашфиётини бевосита адабиётшуносликнинг янги босқичи дейиш мумкин[3].

Агар рус илмий-адабий тафаккуридаги айни жараёнларни қиёслаб, бир тизимга соладиган бўлсак, замонавий рус адабиётшунослигининг учинчи йирик босқичи сифатида назарий адабиётшуносликни, яъни М.Бахтин адабий-эстетик тафаккурини эътироф этмай иложимиз йўқ.

Таъкидлаш жоизки, М.Бахтин шакллангунгача бўлган рус адабиётшунослиги жаҳон халқлари эстетик тафаккурига оид кўплаб адабий ва назарий асарлар таржимасига эга эди. Унинг таркибида бир эмас, бир нечта хориж тилларини биладиган, шу тилларда фикрлай, ёза оладиган мутахассислар, олимлар, бу билимларни маҳорат билан етказишга қодир моҳир педагоглар бор эди. М.Бахтин мана шундай муҳитда шаклланди. Кейинроқ унинг ўзи ҳам бир нечта хориж тилларини мукаммал ўзлаштирди, адабий ва назарий манбаларни бевосита оригиналда ўқиш имкониятига эга бўлди. М.Бахтин тадқиқотларида ишлатилган илмий терминология, ҳаволаларга эътибор қаратган киши у истифода этган асарларнинг аксарияти лотин, итальян, испан, инглиз, француз, немис тилларида эканига амин бўлади. У талабалик йиллари ва Француа Рабле ижодига доир номзодлик тадқиқотини тайёрлаш жараёнида жаҳон адабиёти, адабиётшунослиги, фалсафаси, эстетикаси ва тарихига доир асарларни ўрганди. Бундай тизимли ўқиш-ўрганиш, адабий-тарихий жараёндаги катта-кичик ҳодисаларни умумлаштириш, таснифлаш ва таҳлиллаш имкониятини берди. М.Бахтин кашфиётлари мана шундай тизимли тадқиқотлар натижаси ўлароқ майдонга келдики, бу бизга олимнинг ижодий индивидуаллиги, юксак истеъдоди, феноменал тадқиқотчилик имкониятларини эътироф этган ҳолда, “Бахтин тасодиф эмас эди, унинг шаклланишида тарихий давр, илмий-адабий муҳит, ўзигача мавжуд назарий базанинг улкан аҳамияти бор”, деган хулосани илгари суриш ҳуқуқини беради.

Бадиий адабиёт нақадар қамровдор ва эркин ижод тури ҳисобланмасин, бу ҳодисага хос янги қонуниятларни кашф этиш осон эмас. Шунинг учун жаҳон адабиётшунослиги Аристотелдан бугунгача қўлга киритган ҳар бир янгилик қиймати Эйнштейн, Ньютон, Менделеев кашфиётларидан кам аҳамият касб этмайди. Адабиётшунослик хазинасига М.Бахтин туҳфа этган кашфиётлар сони эса кўп ҳам, кам ҳам эмас. Балки айнан бир фавқулодда истеъдод эгаси туҳфа этиши мумкин бўлган даражада зарур ва улкан аҳамиятга эга кашфиётлардир. Энг муҳими, бу кашфиётларнинг барчаси инсоният бадиий тафаккури, бадиий адабиёт манбалари, конкрет адабий матнлар тадқиқи ва таҳлили жараёнида вужудга келган.

Бизнингча, М.Бахтин чуқур асослаган, моҳиятан янги назарий адабиётшунослик методологияси учта мустаҳкам таянч манба устига қурилган. Буларнинг биринчиси, Европа илмий-адабий тафаккурида марказий ўрин тутувчи Аристотель “Поэтика”сидан М.Бахтингача бўлган назарий адабиётшунослик, уларда қайд этилган канонлар, категориялар ва критерийлар тизимидир. Истаймизми-йўқми, Одесса университетининг тарих-филология факультетига ўқишга кириб, кейинроқ ўқишини Санкт-Петербург университетида давом эттирган М.Бахтин дастлаб анъанавий адабиётшунослик таъсирида бўлган, уни мукаммал даражада эгаллашга уринган. Бу жараёнда назарий адабиётшунослик илмининг алифбосидан тортиб, энг чигал, мураккаб муаммоларига қадар ўрганган. Бадиий адабиётга оид дастлабки қарашлари шу асосда шаклланган. Иккинчидан, М.Бахтин илмга кириб келаётган даврларда рус адабиётшунослигида рўй берган концептуал ўзгаришлар, “академик мактаблар”, хусусан, А.Н.Веселовский асос солган “тарихий поэтика” – эстетик тафаккурни адабий-тарихий аспектда ўрганиш, назарий ва тарихий аспект синтези натижасида майдонга келган методология – бахтинона назарий тафаккурни ҳаракатга келтирган. Негаки, М.Бахтин тадқиқотларининг бирортаси тарихий ва назарий поэтика синтезисиз амалга оширилмаган. Мана шу икки омил билан ёнма-ён, уларнинг синтези асосида вужудга келган учинчи таянч манба бўлиб, соф бахтинча фалсафий тафаккур, интуитив мушоҳада, бадиий таҳлил, эркин тафаккур хизмат қилган.

Ушбу уч омил натижасида майдонга келган М.Бахтин кашфиётларининг энг муҳимлари, бизнингча, қуйидагилар:

Диалог назарияси. М.Бахтинга қадар ҳам фалсафа, эстетика, адабиётшуносликка доир ишларда диалог тушунчаси ва у ҳақдаги фикр-қарашлар мавжуд эди. Европа фалсафий-бадиий тафаккурининг илк даврларида – Суқрот, Платон, Аристотель асарларида – диалогнинг муайян адабий жанр доирасида қўлланишидан ташқари, фалсафий фикрнинг етакчи ифода шакли экани очиқ-ойдин кўринади. Файласуф ўз қарашларини ўртага ташлар экан, албатта, уни фикрлашга ундовчи, баҳслашувчи, баъзи фикрларини тасдиқловчи суҳбатдошга эҳтиёж сезган. У хоҳ Платон диалогларидаги “яланғоч даҳо” сингари адресати аниқ шахс (Суқрот), хоҳ хаёлий-абстракт суҳбатдош сифатида намоён бўлсин, ҳар қачон ўзининг диалог ташкилловчилик функциясини сақлаб қолган. Моҳиятан ҳар қандай ҳаракат, фаолиятнинг асосида турувчи феномен ҳисоблангани боис кейинчалик барча гуманитар соҳаларда, ҳатто табиий фанларда ҳам асосий категориялардан бирига айланган. Европа фалсафасида ҳар жиҳатдан ишланган, ривожлантирилган диалогиклик ижтимоий ҳаётнинг ҳам муҳим шарти ўлароқ талқин этилган.

Диалогик нутқ шакли тарихан ҳар учала адабий тур доирасида яшаб келган бўлса-да, унинг специфик жиҳатдан драматик турга яқинлиги деярли барча назарий адабиётшунослик асарларида қайд этиб келинар эди. Аммо XVIII асрнинг иккинчи ярми – XIX аср ибтидосидан бошлаб, турли маданий, маънавий, ижтимоий ўзгаришлар сабаб адабий турлар спецификасида янгиланишлар кўзга ташланди, тур ва жанрлар аро синтезлашув жараёнлари рўй берди. Хусусан, сентиментализм адабиёти таъсирида нас­рий жанрларга чуқур психологизм, натурализм таъсирида воқеликни деталлаштириб ифодалаш усули кириб келган бўлса, романтизм айни жанрни лиризм билан тўйинтирди. Эндиликда очиқ диалогга асосланган, бир қадар оммавий драматургия ўз ўрнини анчайин маҳдуд, шу билан бирга, элитар ўқувчи эҳтиёжларини ифодалай оладиган психологик насрга бўшатиб беришга мажбур бўлди. Натижада эпик тур, айниқса, роман жанрининг шакл ва мазмун нуқтаи назаридан янги намуналарига нисбатан талаб кучайди. Рус ёзувчиси Фёодор Достоевский насри мана шундай маданий-маънавий, ижтимоий-психологик жараёнларнинг ҳосиласи эдики, М.Бахтин кашф этган диалог назарияси кўпроқ айни манбага таянади.

М.Бахтин мана шундай бадиий тафаккур намуналари таҳлили асосида илгари сурган диалог назарияси фалсафа, эстетика ва адабиётшунослик тарихидаги анъанавий диалог назарияларидан тубдан фарқ қилади. М.Бахтиннинг диалог назарияси бу ижтимоий-психологик, фалсафий-бадиий феноменга нисбатан тамомила янгича ёндашув маҳсули эдики, унинг илмий ва амалий аҳамияти ҳам шунда.

М.Бахтинга қадар диалог ҳодисаси, асосан, икки қарама-қарши қутблар орасидаги ўзаро муносабатнинг диалектик бирлиги деб тушунилган. Бунда диалогик вазиятдаги қарама-қарши таъсир ва бунинг натижасида пайдо бўладиган ҳаракатга урғу берилган. Осмон Ер билан, эзгулик ёвузлик билан, кун тун билан, сув олов билан доимий зиддиятда яшайди, борлиқдаги барча катта-кичик ҳаракатлар, фаолиятлар айни қонуният асосида майдонга келади, деган ягона концепция илгари сурилган. М.Бахтин диалог назария­сининг янгилиги шундаки, у айни ҳодисанинг ягона қутб доирасида воқе бўлиш қонуниятини бадиий асар ва ундаги инсон образи таҳлили асосида очиб берди. Яъни, жуфтлик ҳодисалар ўзаро зид ҳолатда диалогиклик касб этгани ҳолда, якка ҳолатида ҳам (Ер, эзгулик, кун, сув каби) ички диалогик структура ва мазмунга эга. Жамиятда (ёки бадиий асар дунёсида) ўзининг муқаррар антиподига эга одам нейтрал ҳолатда ҳам ўзининг ботиний антиподи билан яшайди. Бу ҳодиса бадиий асарда ички диалог (микродиалог) тарзида кузатилади. Худди шу характердаги инсон образи, М.Бахтин диалог назариясига кўра, бадиий асар чегараларини бузиб, ижтимоий одам ҳудудига кўчиши, унда муайян мақом эгаллаши мумкин. Айни боис диалог чек-чегара билмайди ва ҳар қандай ҳолатда интиҳосиздир.

Олим Ф.Достоевский насридаги диалог структурасини талқин этар экан: “Достоевский бадиият дунёси марказида диалог туриши лозимлиги ўз-ўзидан тушунарли. Унда диалог воситадан кўра мақсад бўлиб хизмат қилади. Бу ўринда диалог ҳаракат майдонига олиб чиқувчи эшик эмас, балки айнан ҳаракатнинг ўзидир… Мавжудлик – мулоқотга киришмоқ. Мулоқот тўхтаган жойда ҳамма нарса тугайди”[4], деган фикрни илгари суради. Демак, М.Бахтин талқинидаги диалог феномени нафақат бадиий асар сюжети, композицион қурилиши, образлари ҳаракатини, балки бир бутун поэтик воқелик моҳиятини ташкил этади. Унинг бевосита тирик жараён, жонли сўз ва айниқса, фаолиятдаги инсон билан спиралсимон муносабатини юзага келтиради. Бадиий асар дунёсида ҳаракатланувчи одам образи доимий мулоқот вазиятида яшайди. Унга оид ҳар қандай нутқ моҳиятида диалог туради. У ҳар қандай ҳолатда, қай шаклда (диалогик, микродиалогик, монологик, полифоник) мулоқотга киришмасин, албатта, қаршисидаги “ўзга” образини ҳис қилиб туради. “Достоевский диалогининг қолипи жуда оддий: одамнинг одам билан – “мен” ва “ўзга” сифатидаги қарама-қаршилигидир”[5], деб ёзади бу ҳақда М.Бахтин. Аммо мазкур қарама-қаршилик абсолют маънодаги икки нуқтаи назарни англатмайди. “Мен” “ўзга” билан мулоқотга киришар экан, ботинидаги ғайри қутбни тасдиқлаши, инкор қилиши, алдаши, авраши, унга муножот қилиши, тазарру этиши мумкин. “Ўзга” функциясини эса “мен”дан бошқа барча – Яратгандан тортиб, ота-она, ака-ука, опа-сингил, ёр, дўст, душман, қўшни, устоз, шогирд бажариши мумкин. М.Бахтин диалог назариясининг ўта нозиклиги ва мураккаблиги ҳам шунда.

Сюжет тизимида ўзининг ҳадди аълосига етган диалог бадиий асар дунёсига сиғмай қолади. Эндиликда у сунъий мулоқот (бадиий, ёзувчи томонидан уюштирилган) мақомидан жонли мулоқот мақомига ўтади. “Гарчи, очиқ-ошкор шаклда бўлмаса ҳам, худди шу “ўзга”нинг қўйилиши, шубҳасиз, Достоевский диалогининг мазмун-моҳиятини белгилайди: улар сюжет воситасида тайёрланган, аммо уларнинг кульминацион нуқталари – диалоглар чўққиси – сюжетдан ошиб ўтиб, абстракт доирага юксалади, одам билан одамнинг чинакам муносабатига айланади”[6]. Олимнинг ушбу фикридан келиб чиқиб шундай хулоса қилиш мумкинки, у кашф этган диалог ҳодисаси фақат адабиёт, фалсафа, эстетика ёки фан ва санъат соҳасига дахлдор эмас. Унинг диалог назарияси кенг маънода ижтимоий, умумбашарий моҳиятга эга.

Полифония назарияси. Олимнинг бу назариясига ҳам Ф.Достоевский ижоди асос бўлган. “Биз Достоевскийни бадиий шакл соҳасидаги улкан кашфиётчилардан бири, деб ҳисоблаймиз. Комил ишонч билан айтамизки, у бадиий тафаккурнинг, биз шартли равишда п о л и ф о н и к деб атаган, тамомила янги типини кашф этди”[7]. Полифония истилоҳини М.Бахтин мусиқа назариясидан ўзлаштирган. Полифония бир нечта тенг ҳуқуқли овозларнинг бир пайтда уйғун равишда янграшини билдиради[8]. Мусиқа назариясидан адабиёт назариясига ўтган ушбу термин эндиликда маъно жиҳатидан кенгаяди. Агар мусиқадаги овоз, асосан, мелодия – мусиқий товуш маъносини англатса, М.Бахтин ҳар қандай бадиий овоз (голос) тушунчаси остида мустақил одамни кўради. “Айнан ёзувчи ижодий ниятига кўра, Достоевский бош қаҳрамонлари наинки муаллиф сўзининг объектлари, балки мутлақ маънода ўз сўзларининг субъектлари ҳамдирлар… У асар структурасида том маънода мустақил, энг муҳими, бу овоз муаллиф ва бошқа қаҳрамонлар овози билан бир қаторда қўшилиб оқади”[9].

Полифониядаги ҳар бир овоз мустақил одамни билдиради. У муаллиф овозининг такрори ёки акс-садоси эмас. Бу овоз полифония деб аталган майдон ичида муаллиф ва бошқа қаҳрамонлар овози билан бир қаторда ҳаракатланиши, ўзга овозлар билан қўшилиши, улардан ажралиб чиқиши, уларни тасдиқ ёки инкор этиши, ҳатто ўзга овозларга қарши исён кўтариши мумкин. Ҳар бир овознинг ўз дунёси, нуқтаи назари, ғояси бор. У буларнинг барчасини ҳимоя қилиш, полифония доирасида намоён этиш ва бу майдонда ғолиб ёки мағлуб бўлиш ҳуқуқига эга. Қизиғи шундаки, ҳатто муаллиф овозининг тўла маънодаги мағлубияти ҳам бошқа овозлар фаолиятининг ўзгариши ва сўнишига олиб келмайди. Шунга кўра полифония, баъзи ўзбек адабиётшунослари қайд этганларидек, маъно серқатламлилиги, кўпмаънолилик эмас. Ундаги ҳар бир овоз бир мустақил олам, улкан дунё ичидаги дунёчадир.

Мана шу овозлардан ҳар бири полифония олами ичра мустақил яшаши, бунда тенг ҳуқуқли дунё мақомини олиши учун қуйидаги уч фалсафий-бадиий, руҳий-маънавий компонентга эга бўлиши лозим. Биринчидан, ҳар бир овоз ҳам ташқи, ҳам ички томондан диалогик моҳият касб этади. Бунда у, юқорида тўхталганимиздек, ўзи учун “ўзга” мақомидаги барча овозларга нисбатан оппозицияда туради. Шу тариқа қаҳрамоннинг мустақил диалогиклашуви жараёни асар бошидан охирига қадар давом этади. Иккинчидан, ҳар бир овоз ўз-ўзича идеолог сифатида намоён бўлади. Бадиий асар дунёсида ўз йўли, дунёқараши, позициясини ўртага ташлаш, ҳимоялаш, ўтказиш ҳуқуқи учун курашади. Бунда у ўзи билан тенг мақомда турувчи ғоялар билан диалогга киришуви баробарида, муаллиф ғоясига нисбатан ҳам мутлақ қаршилигини ошкор қила олади. Ҳатто баъзи ўринларда муаллиф мафкурасини инкор этиши, унга тенглашуви, ундан ўзиб кетиши ҳам мумкин. Шу билан бирга, ҳар қайси мустақил овоз – идеолог ўзининг ички полифонияси билан туғилади ва ҳаёт кечиради. Учинчидан, айни полифоник дунёда бир бутун диалогик воқелик сифатида яшаётган, мустақил ғоясини намоён этиб турган овоз (қаҳрамон) сюжет давомида рўй бераётган ҳаракат ҳамда воқеликлар тизимида феноменал қиёфа касб этади, ўзини кашф этади, англайди. Қизиғи шундаки, бу мураккаб жараён маромига етган нуқтада қаҳрамоннинг том маънодаги мустақил ҳаёти бошланади. Натижада у асар бадиият дунёси билан параллел равишда реал ҳаёт, жонли нутқ ҳудудида ҳам яшай бошлайди.

Шундай қилиб, М.Бахтин Ф.Достоевскийнинг “Ака-ука Карамазовлар”, “Телба”, “Жиноят ва жазо” каби асарлари асосида полифония назариясини ишлаб чиқди. Полифоник романнинг тарихий, маиший, биографик романлардан тамомила фарқ қиладиган, янги роман шакли эканини исботлади. Унга хос критерийларни белгилаб берди.

Эпос ва роман масаласи. М.Бахтиннинг қатъий хулосасига кўра, адабий жанрлар ичида романчалик беқарор, шакл ва мазмунини доимий ўзгартириб турадиган, муайян қолипга бўйсунмайдиган иккинчи бир жанрни топиш қийин. “Роман назариясининг фавқулодда қийинлиги мана шундан келиб чиқади. Зеро, бу назариянинг объекти моҳиятан бошқа жанрлар назарияси объектларидан тамомила фарқ қилади. Роман – шунчаки жанрлар ичидаги жанр эмас. Бу – аллақачон суяги қотиб улгурган ва қисман, ҳалокатга юз тутган жанрлар ичидаги яккаю ягона шаклланаётган жанрдир. Бу – жаҳон тарихининг янги даври махсули ва шунинг учун ҳам унинг ўзига бағоят ҳамоҳанг бирдан-бир жанрдир; бошқа жанрлар эса, янги даврга тайёр ҳолда ўтмишдан мерос бўлиб ўтганлар, улар янги ҳаёт шароитларига – бири яхшироқ, бири ёмонроқ тарзда – мослашадилар холос”[10].

Роман адабий жанрлар тараққий этган даврларда рўй берадиган умумий синтезлашув, канонлашув, узвийлашув жараёнларида иштирок этмайди. Адабий жанрларнинг улкан церкулятив ҳаракатларидан четда туради. Айни пайтда бошқа жанрлар тараққиётига ҳам, шакл ва мазмунига ҳам ўз-ўзича таъсир кўрсатади. Бу поэтик таъсирланув ҳодисасидан нафақат насрий жанрлар, балки лирик ва драматик жанрлар ҳам бебаҳра қолмайди. Айни ҳолат романнинг бошқа жанрий шаклланув жараёнларида тобе сифатида эмас, ягона ҳоким куч сифатида иштирок этишини, ўз-ўзича ҳаракат ва ўзгаришдаги, замон ҳаракати, табиати билан ҳамқадам жанр эканини кўрсатади. Яъни, “Роман янги дунёнинг шаклланиш тенденцияларини барча жанрлардан кўра яхшироқ ифода эта олгани учун ҳам янги замон адабий тараққиёти драмасининг етакчи қаҳрамонига айланади…”[11]. М.Бахтинга кўра, роман жанрига хос бундай мураккабликлар адабиёт назариясини боши берк кўчага олиб келиб қўяди. Айни пайтда роман, Аристотелдан бугунга қадар жиддий каноник ўзгаришларга учрамаган бошқа жанрлардан фарқ қилароқ, назарий қонуниятларни ўзгаришга мажбур қилади.

М.Бахтин ўзигача мавжуд роман назариясига оид ишлардан ҳақли равишда қониқмайди. Маълум даражадаги янги фикрларнинг эса кўпроқ адабиётшунослар томонидан эмас, балки амалиётчилар – турли адабий оқимларга асос солган ёзувчилар томонидан илгари сурилганини алоҳида таъкидлайди. Ҳақиқатан ҳам, М.Бахтингача ўртага ташланган аксарият назарий таърифлар роман жанри хусусиятларини айнан ифодалай олмаган, бу таъриф-белгиларни ё бошқа жанрларларда ҳам учратиш ёки романнинг бошқа шаклларида мутлақ топмаслик мумкин эди. Масалан, роман кўппланли жанр дейилгани ҳолда бир планли романларнинг, роман муаммоли жанр дейилгани ҳолда оммавий романларнинг урчиб кетгани, роман ишқ-муҳаббат тарихи дейилгани ҳолда бу мавзуга яқин ҳам келмайдиган кўплаб Европа романларининг мавжудлиги, роман насрий жанр дейилгани ҳолда шеърий романларнинг тўлиб-тошиб ётгани ва ҳ. к. Шунинг учун ҳам “…тадқиқотчиларга романнинг шундай бир аниқ ва мустаҳкам белгисини кўрсатиш насиб этгани йўқки, унда “аммо-лекин”лар бўлмаса ва улар кўрсатилган белгини жанрий хусусият сифатида йўққа чиқармаса”[12].

Хўш, унда М.Бахтиннинг ўзи роман назариясига нима қўша олди?

Таъкидлаш жоизки, олимнинг роман жанри хусусида келган тўхтамлари адабий-тарихий жараённи тизимли ўрганиш, адабий манбаларга тарихий поэтика принциплари асосида ёндашиш натижасидир. У роман жанрининг ўзигача ҳеч бир адабиётшунос қайд этмаган, янги ва асосланган учта хусусиятини белгилаб бердики, бу роман назарияси тараққиётига салмоқли таъсир кўрсатди. “Булар: 1) романнинг ўз таркибида амалга ошадиган кўптилли тафаккур билан боғлиқ услубий уч ўлчовлилиги; 2) роман бадиий образига хос замон координатларининг тубдан ўзгариши; 3) бадиий образнинг романдаги янги қурилиш зонаси ва унинг ҳозирги нотугал замон билан максимал боғлиқлиги”[13].

Роман жанри тиллар ва маданиятлараро қоришув, кўптилли тафаккурнинг натижаси ҳисобланади. Худди шу жиҳатдан бошқа адабий жанрлардан фарқ қилади. Агар бошқа қадимий жанрлар фабулавий қурилиши бир ўлчовли услуб қоидаларига бўйсундирилган, шакл ва мазмун томонлама шу тарзда канонлаштирилган, бадиий тафаккур нисбатан соф тилларда ўзини намоён этган бўлса, миллий тиллар маҳдуд ҳолатда яшайдиган, маданиятлар қориша бошлаган, турли тиллар очиқ майдонда бир-бири билан жонли мулоқотга киришган даврлардан бошлаб, кўптилли бадиий тафаккур майдонга келди. Бундай жараёнларнинг натижаси бўлиб эса роман тафаккури, романга хос кўптилли бадиий тафаккур ишга тушди. Бу кўпроқ миллий тиллар структурасида эмас, ижодкор бадиий тафаккурида рўй берди. Яъни ижодкор бадиий тафаккурида синтезлашди, қайта ишланди ва роман тили, романга хос уч ўлчовли услуб сифатида намоён бўлди.

Олим романнинг жаҳон халқлари бадиий тафаккурида вужудга келган тамомила янги поэтик воқелик эканини бирор бошқа жанр билан қиёсан эмас, айнан энг қадимий ва универсал жанр бўлмиш – эпос[14] билан қиёсан исботлаб берди. Бунинг бир сабаби эпос ва романнинг шакл жиҳатидан нисбий яқинлиги бўлса, бошқа сабаби М.Бахтингача баъзи тадқиқотчиларнинг бу икки жанр ўртасидаги қариндошлик масаласига урғу берганлари эди. Бундан ташқари, олим романга қиёслаш баҳонасида эпос жанри спецификасини ҳам ёритишни кўзлайди ва бунга маълум даражада эришади ҳам.

М.Бахтин тўхтамига кўра, эпоснинг предмети, аввало, миллий эпик ўтмиш ёки “мутлақ ўтмиш”дир. Иккинчидан, эпос муайян шахс (ижодкор)нинг ҳаётий тажрибаси ва шу тажриба асосида туғилган бадиий тўқимадан эмас, азалдан мавжуд, шаклланиб бўлган миллий ривоятлар ва афсоналардан таркиб топади. Учинчидан, эпос замони, ундаги образлар бахши ва тингловчи (ўқувчи)лар замонидан қатъий чегара билан ажратилган бўлади.

М.Бахтиннинг мазкур хулосалари, шубҳасиз, чуқур асосга эга. Ҳар қандай эпос намунасининг асоси башарият ёки миллатнинг ижтимоий, маданий, руҳий-маънавий тарихидир. Жаҳон халқлари образли тафаккурига мансуб барча эпосларни тўплаб ўрганилса, уларнинг сюжет, мотивлар, образ ва деталлари типология қоидасига бўйсунишига, яъни ягона қолипга тушишига амин бўламиз. Буни диққат марказида тутган М.Бахтин эпос ҳақида фикр билдираётиб, муайян миллат ижодиёти намунасини ажратиб кўрсатмайди. Умуман, эпос ва унинг специфик жиҳатлари ҳақида сўз юритади.

Олимнинг фикрича, эпос дунёси “ота-боболар ва бобокалонлар”, “биринчилар” ва “энг яхшилар” дунёсидир. Шунинг учун ҳам бу дунё, унда ҳаракатланадиган қаҳрамонлар, тасвир этилган воқелик мутлақ дахлсиз ҳисобланади. Бу ўринда жанр ҳам, ундаги қаҳрамонлар ҳам юз фоиз канонлаштирилади. Ўзгармайдиган, дахл этиб бўлмайдиган хотира айтувчи ёки тингловчи дунёсидан қатъий чегара билан ажратилади. Уни фақат хотирада сақлаш, айтиб бериш ва унга ҳавас қилиш, ундан ибрат олиш мумкин. Эпик ўтмишни ўзгартириш, қайта идрок этиш, қайта баҳолаш мумкин эмас. Бир сўз билан айтганда, эпоснинг айтувчиси ва тингловчиси мутлақ ўтмиш кишилари, улар бошдан кечирган воқелик билан мулоқотга киришар экан, унга идеал сифатида қарайди, уни ўз замонаси ва шу замондошлари билан солиштиради. Бу жараёнда эса эпос воқелиги ва қаҳрамонларини эмас, ўз-ўзини қайта идрок этади, баҳолайди. Мана шундай рецепция жараёнларида мураккаб психологик ҳолатлар содир бўлади. Замонавий одам гўё ўз-ўзига, ўз виждони олдида ҳисобот беради. Чунки замонавий одам ўз даврини ҳам, замондоши бўлган муайян шахсни ҳам идеал сифатида қабул қила олмайди. У идеал қаҳрамонни унинг ўзи учун бир қадар мавҳум генетик хотирадан, боболар шахсияти, кечмишидан қидиради. Қадим юнон дидактик адабиётининг отаси Гесиод ўзининг “Меҳнат ва кунлар” номли китобида ўтмишни башарий идеаллар, юксак этика нуқтаи назаридан “олтин давр”, “кумуш даври”, “мис даври”, “марду майдонлар даври (Троя даври)” ва “ҳозирги давр (яъни Гесиоднинг ўз даври)” тарзида таснифлаган эди. М.Бахтин эпос назариясида кўзда тутилган ўтмишнинг дахлсизлиги, мутлақлиги ҳақидаги психологик жараён мана шу таснифда ҳам яққол кўринади. Зотан, замонавий одам наздида – ўз замонаси мукаммал эмас, келажак эса мавҳум. Фақат ўтмишгина мукаммал, идеал қидиришга лойиқ дунёдир.

Гарчи, М.Бахтин яшаган шўролар тузуми, қолаверса, олим мансуб материалистик нуқтаи назар бундай хулосани илгари суриш имконини бермаган бўлса-да, эпос борасида қайд этилган жараёнлар фақат психологик ҳолатлар, мавҳум туйғулар ёки мутлақлаштирилган анъаналар билангина боғлиқ эмас. Уларда реал воқелик унсурлари ҳам борки, буни ҳеч иккиланмасдан, башарият узоқ ўтмиш давомида унута бошлаган олий реаллия унсурлари дейиш мумкин. Бундай унсурлар М.Бахтин таъкидлаган барча турғун (романдан бошқа) жанрларда у ёки бу даражада мавжуд. Аммо нисбатан қадимий, абсолют маънода турғун жанр бўлган эпос айни фикрни ривожлантириш учун етарлича асос беради.

Эпосни сюжет, мотив ва образлар типологияси нуқтаи назаридан тизимли кузатиш, булардаги воқелик ва образлар инсониятнинг илк ўтмишига бориб тақалишини кўрсатади. Ўз эпосидаги сюжет, образ ва мотивлар тизимини нисбатан бутунроқ сақлаб қолган қайси миллат эпосини кузатмайлик, уларнинг бирор жиҳати билан илк одам (Одам алайҳиссалом) ва ундан кейин келган пайғамбарлар ҳаётига ўхшаб кетиши аён бўлади. Сўзимиз қуруқ бўлмаслиги учун мисол келтирамиз. Тарихдан биламизки, ҳар қандай расул, пайғамбар ёки наби муайян қавмда кескин зиддиятлар, тартибсизликлар (хаос) рўй бераётган, одамлар мутлақ боши берк кўчага кириб қолган вазиятларда айнан шу жамият ичидан чиқадилар. Янги йўл, янги қоидалар, яъни илоҳий ваҳий олиб келадилар. Маънавий-руҳий таназзулга учраган миллатни ёруғликка, тўғри йўл ва ёрқин келажакка даъват этадилар. Уларнинг туғилиши ва амалга оширажак ишлари ҳақидаги башоратлардан узуқ-юлуқ хабардор қавм эса илк дақиқаларданоқ ўз халоскорларини қабул қилишдан бош тортади. Уларни таъқиб этади, бадарға қилади, ҳатто ўлдиришгача бориб етади. Аммо алал-оқибат пайғамбарлар олиб келган низом жамиятнинг етакчи йўлига, уларнинг шахслари эса идеалга айлантирилади. Пайғамбарлар ҳаётига доир реал воқеалар, оғиздан-оғизга ўтиб келаётган саҳиҳ ривоятлар идеаллаштирилади. Натижада дахлсиз, мутлоқ идеаллаштирилган тарихий сюжет ва образларга эга бадиий асар пайдо бўладики, улар халқ томонидан қисса, сага, достон ёки эпос деб атала бошлайди. Замонлар ўтиши билан реал воқеалар ҳақидаги хотиралар хиралашиб, унинг устини афсона ва асотирлардан иборат қобиқ эгаллайди. Натижада уларни афсона таркибида сақланиб қолган баъзи унсурлар орқалигина таниб олиш, муайян тарихий ҳақиқатга солиштириш мумкин бўлади. Масалан, золим ҳукмдор, уни маҳв этувчи баҳодирнинг туғилиши ҳақидаги башорат, бунинг олдини олиш учун золим томонидан ўша кунларда туғилган барча чақалоқларнинг қиличдан ўтказилиши, танланган чақалоқнинг сават ёки сандиққа солиб сувга оқизилиши, унинг тақдир тақозоси билан ўша золим хонадонида катта бўлиши ва охирида ҳақиқатнинг қарор топиши, золимнинг мағлуб бўлиши мотивини олайлик. Пайғамбарлар тарихида бу мотив Мусо алайҳиссалом ҳаётларига оид реал воқеа деб берилади. Муҳими шундаки, айни реал воқеадаги башорат, чақалоқнинг таъқиб этилиши, сувда оқизилиш, золим хонадонида тарбия топиши сингари мотивлар қатор миллатлар эпосларида сақланиб қолган.

Агар пайғамбарлар ҳаётига доир бизгача етиб келган маълумотларни жаҳон халқлари эпослари билан жиддий муқояса қиладиган бўлсак, бундай мисолларни ўнлаб, ҳатто юзлаб топишимиз мумкин. Аммо бу ўринда бизнинг вазифамиз эпос генезисини ўрганиш эмас. Шу боис юқоридаги мисолнинг ўзи етарли бўлса керак. Муҳими, биз илгари сурган ушбу фикр­лар эпос дунёсининг мутлақлиги, дахлсизлиги, унга тегиб бўлмаслиги ҳақидаги М.Бахтин қарашларини янада мустаҳкамлайдики, башарият учун энг дахлсиз, энг муқаддас ва энг идеал тарих пайғамбарлар ўтмиши бўлиб келган ва бизнингча, шундай бўлиб қолади.

Гарчи, зоҳиран эпос билан бир жинсга мансубга ўхшаб туюлса-да, роман жанри ҳаракатдаги, муаллиф ва ўқувчи яшаб турган ҳозирги замон ҳақида ҳикоя қилади. Роман, М.Бахтин таъбирига кўра, ҳатто тарихий мавзуни ёритганда ҳам бугун ҳақида сўзлайди. Яъни тарих ва ҳозирги замон ўртасидаги чегаралар бузилиб, дистанциялар йўқолган нуқталардагина роман майдонга келади. Эпосдан фарқли ўлароқ роман расмийлаштирилган, муайян шаклга киритилган, турғун воқелик ёки унда ҳаракатланаётган одам ҳақида эмас, балки беқарор, ўзгарувчан, турғун қиёфага кирмаган, тугалланмаган воқелик – ҳозирги замон ҳақида ҳикоя қилади. Айни сабабдан унинг тили ва услуби ҳам қурама, кўпқатламли, кўпқиррали бўлади.

Аристотелдан токи Европа классицизм назариётчиларига қадар адабий жанрлар “юқори”, “ўрта” ва “тубан” тарзида – уч қатламга ажратилган. Дейлик, драматик жанрлардан трагедия олижаноблик ва юксак идеалларни, драма кундалик ижтимоий муаммоларни, комедия эса башариятнинг расмий турмушидан-да тубан бўлган арзимас воқеаларни акс эттиради, деган қараш етакчилик қилган. М.Бахтин романдаги беқарор шакл, ўзгарувчан мазмун, кўптилли қурама тафаккур ҳақида сўз юритар экан, романга хос бундай хусусиятлар ундаги воқеаларнинг айнан комедия қатламида содир бўлишидан келиб чиқишига урғу беради. “Замонавий воқелик, дарёдек оқиб ўтувчи, фоний, “тубан” ҳозирги замон – бу “ибтидосиз ва интиҳосиз ҳаёт” фақат паст жанрларнинггина тасвир предмети эди. Лекин у биринчи навбатда “халқ кулги маданияти” деб ном олган ғоят сарҳадсиз ва бой жабҳанинг асосий тасвир предмети бўлган… Романнинг фольклордаги асл илдизларини айнан шу ердан – халқ кулгисидан излаш керак”[15]. Ҳақиқатан ҳам, Данте Алигьерининг ижтимоий турмуш муаммолари тасвирланган кенг эпик қамровдаги “Илоҳий комедия”си, Франсуа Рабленинг француз халқ майдон театри, халқ майдон кулги маданияти анъаналари билан йўғрилган гротеск-сатираси – “Гаргантюа ва Пантагрюэль” романи, Бальзакнинг юз романдан иборат “Инсон комедияси” М.Бахтин хулосаларининг ҳақлигига гувоҳлик беради.

Халқ майдон кулги маданияти. М.Бахтин француз Уйғониш адабиётининг асосчиси Ф.Рабле ижодини тадқиқ этиш жараёнида асослаб берган муҳим назарий кашфиёт “халқ майдон кулги маданияти” деб номланади. Ушбу масала талқини илк бор олимнинг “Рабле реализм тарихида” номли номзодлик диссертациясида, кейинроқ “Франсуа Рабле ижоди ҳамда ўрта асрлар ва Уйғониш даври халқ маданияти” деган монографик тадқиқотида ўз аксини топган.

Бахтин талқинига кўра, Европа “халқ кулги маданияти”нинг илдизлари қадим юнон назарий адабиётларида қайд этилган “жиддий-кулгили” жанрларга бориб боғланади. Улар бу жанр таркибига мимлар, масаллар, буколик шеърият намуналари, памфлетлар, мемуарлардан тортиб суқротона, лукианча диалогларгача киритганлар. Асосида халқ кулги маданияти ётувчи ушбу жанрлар, М.Бахтин фикрича, роман жанри учун пойдевор бўлиб хизмат қилган.

Халқ майдон кулги маданияти шунчаки қувноқлик ва ҳазил-мутойибадан иборат эмас. Бунинг остида борлиқда рўй бериб турган барча воқеа-ҳодисалар, ижтимоий, иқтисодий, маънавий муаммолар, қолаверса, инсон феноменига халқона нуқтаи назар билан ёндашиш, уларни шу асосда баҳолаш ва талқин қилиш ётади. Бахтиннинг таъкидлашича, халқ кулгиси ҳар қандай жиддий тасвир предмети (воқеа, инсон, деталь ва ҳ.к.) билан тасвирловчи ўртасида мавжуд дистанцияни йўқотади. Бошқача айтганда, тасвирловчи (ижодкор)ни ўзига яқинлаштириш, ўзини ўрганиш имконини юзага келтиради: “Кулги – дунёга қўрқмай муносабатда бўлишнинг асосини тайёрлашда муҳим омил”[16] вазифасини бажаради.

Роман ва унга яқин бошқа жанрлар муаллифлари халқ кулги маданиятидан мана шундай нозик вазиятларни шакллантиришда фойдаланадилар. Образлар тизимини шу асосда қурадилар. Асар тили серқатламлиги ва услуб қурамалигига шу тарзда эришадилар. Шу тарзда турғун сюжет, расмий қаҳрамон, расмий услуб талабидан йироқлашароқ, муаллифлик асарларини ижод қилишга эришадилар.

Данте Алигьери ўзининг “Илоҳий комедия”сида, гарчи вертикал (самовий) дунё декорациясидан фойдаланган бўлса-да, ўз замонасига хос ижтимоий, сиёсий, маиший муаммоларни тасвир этишни мақсад қилди, бу ниятига фақат тарихий ва замонавий қаҳрамонларни яқинлаштириш, халқ кулгиси воситасида мавжуд дистанцияларни йўқотиш орқалигина эришди. Христианча ва сиёсий иерархия оламига комедия орқали йўл топди. Шунинг учун ҳам унинг асари, кейинчалик мухлислари “илоҳий” сифатини тақишганига қарамасдан, муаллиф замонаси ҳақидаги ижтимоий-маиший комедиялигича қолди. Ҳеч бир жиҳати билан илоҳий рутбага эриша олмадики, эҳтимол, Дантенинг асл нияти ҳам бу қадар улкан бўлмагандир. Франсуа Рабле “Гаргантюа ва Пантагрюэль” асари сюжетини мутлақ маънода горизонтал олам (моддий дунё, ҳозирги замон, мавжуд ижтимоий турмуш) тасвирига қурди. Халқ кулгиси асосида баҳайбат қаҳрамонлар хонадонига, ҳатто уларнинг ички дунёсига кириб борди. Уларни эл кўзида қилиб бўлмайдиган ишларни бажаришга, айтиб бўлмайдиган сўзларни гапиришга ундади. Бунга эришди ҳам. Французларнинг ҳайбатли, важоҳатли Гаргантюа, Пантагрюэль ҳақидаги мустаҳкам чегарага эга, улкан дистанция билан ажратилган қарашларини кулги маданияти воситасида ўқувчига яқинлаштирди. Бу каби жараёнларни биз Шекспир, Сервантес, Гёте, Шиллер, Пушкин, Бальзак, Достоевский сингари жаҳоншумул ижодкорлар асарларида ҳам кузатишимиз мумкин. Бундан келиб чиқадики, М.Бахтиннинг “халқ майдон кулги маданияти” ҳақидаги назарий хулосалари диалог, полифония ва роман назариялари сингари универсал аҳамиятга эга.

Хронотоп назарияси. Адабиётшуносликнинг бадиий адабиёт ва унда ҳаракатланувчи инсон феноменига томон максимал даражада яқинлашуви М.Бахтиннинг хронотоп назарияси боис амалга ошди десак, сира ҳам муболаға қилмаган бўламиз. Юнонча chronos (замон) ва topos (макон) сўзларини бириктириш орқали ҳосил қилинган ушбу илмий атама олдиндан математика, физика, химия, биология каби соҳаларда айни шаклда истифода этилган. М.Бахтин ХХ асрнинг 30-йилларида хронотоп тушунчасини бевосита адабиётшуносликка олиб кирар экан, унинг бадиий асар негизидаги жанр, композиция, сюжет, бадиий матн структураси, образлар поэтикасига доир муҳим қисмларни қамраб олиши, бадиий макон ва замонни уйғун акс эттиришини ҳисобга олади. Чунки бадиий асар, ундаги ҳар бир поэтик қисм хронотоп тизимида ўрганилмас экан, муайян асарни мустақил бадиий ҳодиса сифатида талқин этиш мураккаблашади. “Адабиётда бадиий идрок этилган замон ва макон аро уйғунликни х р о н о т о п (сўзма-сўз таржимада замон-макон деган маънони билдиради), деб атаймиз. Ушбу истилоҳ математика илмида Эйнштейннинг нисбийлик назарияси негизида қўллаб келинади. Истилоҳнинг биз учун, математикада қўлланадиган махсус тушунча сифатида аҳамияти йўқ. Уни биз адабиётшуносликка (том маънода бўлмаса ҳам) истиора ўлароқ қабул қиламиз. Муҳими, бу ўринда, истилоҳнинг замон ва маконни уйғун ҳолатда (замонни маконнинг тўртинчи ўлчами сифатида) ифодалашидир”[17], деб ёзади бу ҳақда олим.

“Эстетика ва адабиёт масалалари” китобига “Романда замон ва хронотоп шакллари” сарлавҳаси билан киритилган ушбу тадқиқот 1937–1938 йилларда ёзилган. Тадқиқотнинг “Хулосавий фикрлар” деб номланган ўта муҳим сўнгги бўлимини эса олим 1973 йилда ёзиб тугатган. “Хулоса” 1974 йили “Адабиёт масалалари” журналининг 3-сонида чоп этилган. Мутахассисларнинг қайд этишларича, мазкур иш М.Бахтиннинг Европа “тарбиявий романи” шакллари устида олиб борган кенг қамровли тадқиқоти билан боғлиқ равишда майдонга келган бўлиб, афсуски, ўша китоб қўлёзмаси сақланиб қолмаган[18].

Тадқиқот сарлавҳаси остидан “Тарихий поэтикадан очерклар” деган изоҳ келади. Шу ўринда зукко ўқувчи кўнглига нима сабабдан олим шундай жиддий тадқиқотни очерк жанрига нисбат берди, деган савол туғилади. Ҳақиқатан ҳам, адабиётшунослик луғатларида очерк, асосан, бадиий ва публицистик жанр сифатида кўрсатилади. Унда ҳам ҳикоя ва новелладаги сингари конфликт, характер, образ ва бадиий тасвир сингари поэтик компонентлар воситасида иш кўрилиши таъкидланади. Публицистикада эса юксак ижтимоий-бадиий пафос ҳамда ҳужжатлилик очеркнинг муҳим белгиси экани қайд этилади.

У ҳолда М.Бахтин ушбу тадқиқоти жанрини нега очерк деб белгилади?

Бизнингча, ушбу назарий тадқиқотда очеркка хос ягона хусусият борки, айнан у олимнинг тадқиқот жанрини юксак назокат ва зукколик билан белгилаганини кўрсатади. Бу хусусият Европа романининг турли адабий йўналишлар ва даврлар занжири билан туташган узун йўли бир тадқиқотчи нуқтаи назари орқали талқин этилиши билан боғлиқ. Тадқиқотчи роман хронотопининг муайян даврга хос хусусиятларини тадқиқ этар экан, уларнинг ҳар бирини мустақил ҳодиса, мустақил эпизод тарзида таҳлилга тортади. Асар марказида турган мутафаккир-олим назарий умумлашмалари туфайли ўзаро асрлар, дунёқарашлар, шакл ва мазмунлар девори билан ажратилган бадиий матн намуналари ягона тизимга бирлашади. Уларни бир сафга тизиб турувчи мустаҳкам ришта вазифасини, бу ўринда, хронотоп поэтикаси деб номланган назарий муаммо бажаради.

Бошқа томондан, муаммонинг тарихий поэтика методологияси асосида ўрганилгани ҳам олим олдига илмий очерк услубидан фойдаланиш талабини кўндаланг қўйган бўлиши мумкин. Гап умуман роман жанри хусусида кетар экан, роман хронотопи муаммосини фақат тарихий аспектдагина ўрганиш мажбурияти ўртага тушади. Чунки бундай йирик ва жиддий муаммони бир асар ёки бир миллат романи мисолида тадқиқ этиш мумкин эмас эди. Романга оид бор материалларни бир жойга тўплаш ва таҳлил қилишнинг эса имкони ҳам, зарурати ҳам йўқ эди. Шу ва шунга яқин ҳолатларни ҳисобга олган олим жаҳон романи тарихидаги энг эътиборли вазиятларни, матни сақланиб қолган, поэтик жиҳатдан нисбатан мукаммал манбаларни илмий тасниф этади, тадқиқ қилади.

Ўрганилган адабий тарихий-манбалар хронологик жиҳатдан қарийб бир ярим минг йилни қамраб олади. Мана шундай улкан қамровли роман материалларини кузатиш асносида олим романнинг олти типини ва шу олти типга хос хронотоп шаклларини белгилайди. Тадқиқотнинг “Хулоса” қисмини истисно этганда юнон романидан Раблегача, Рабледан XIX асргача ёзилган романлар тадқиқи олимга улар ўртасидаги поэтик узвийликни белгилаш, шу асосда олти мустақил эпизодни умумлаштириш, айни пайтда, роман типлари билан боғлиқ хронотоп шаклларини белгилаш имконини беради. Ҳар бир типга оид материаллар, кашф этилган поэтик хусусиятлар, таҳлилга тортиш мумкин бўлган масалалар шу қадар кўп эдики, асосий мақсади хронотоп шаклларини белгилашга қаратилган М.Бахтин буларнинг аксариятини кенгайтиришдан атайин ўзини тияди ёки бу ҳақда мухтасар тезисларини баён этиш билан чекланади. Шу маънода бу тадқиқот нафақат хронотоп поэтикаси масалаларини ёритишда, балки роман назарияси ва назарий адабиётшуносликнинг ўзак масалаларини талқин этишда ҳам муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бунинг учун тадқиқот моҳиятига чуқурроқ кириш, йўл-йўлакай ташлаб кетилган илмий йўриқлар, чуқур асосга эга назарий тезисларни ривожлантириш лозим. Албатта, бу бахтиншунослик олдида турган алоҳида масала.

М.Бахтин аниқлаган олти роман типи ва улардаги хронотоп шаклларига қайтамиз. Дастлаб олим юнон романи таркибидаги уч роман типини аниқлайди. Сўнгра шу асосда Европа романининг шаклланиш ва тараққиёт омилларини белгилайди, тарихий жараёндаги адабий таъсир, поэтик синтез муаммолари хусусида фикр юритади. Биринчи типни “синовга қурилган авантюр романлар” деб номлайди. Бундай романлар сирасига Гелиодорнинг “Эфиоплар қиссаси” ёки “Эфиопика”, Ахилл Титийнинг “Левкиппа ва Клитофонт”, Харитоннинг “Хэрей ва Каллирой”, Ксенофонт Эфесскийнинг “Эфесслар қиссаси”, Лонгнинг “Дафнис ва Хлоя” асарларини киритади.

Биринчи тип юнон романи бошдан-охир авантюра (хавф-хатарга тўла саргузашт)га қурилган. Ундаги композиция, сюжет, қаҳрамон, образ, характер, деталь, фабула, услуб, яъники барча бадиий компонентлар олдидан авантюра истилоҳи қўлланилиши шарт (авантюр сюжет, авантюр қаҳрамон, авантюр услуб сингари). М.Бахтиннинг таъкидлашича, авантюр қаҳрамон тасодифлар ихтиёрига ташлаб қўйилган одамдир. Унинг авантюр сюжет сўқмоқлари бўйлаб босган ҳар бир қадами тасодиф синовларидан иборат. Кутилмаган тасодифлар оловида тобланиб, оғир синовларга дош берган ва оқибат висолга эришадиган ошиқ-маъшуқа авантюр роман марказида туради. Авантюр роман синов тарозисига ошиқ-маъшуқа муҳаббати қўйилади. Айрилиқдан висолга қадар босиб ўтилган синовлар йўли роман сюжетини ташкил этади. Уларнинг ҳаммасида муҳаббат ғолиб чиқади. Роман сўнгида севишганлар висолга эришадилар. Синовлар тугаб, ошиқ-маъшуқа топишган нуқтада роман ҳам ниҳоясига етади. Уларнинг кейинги ҳаёти бу роман мавзусига, аниқроқ айтганда, синовга қурилган авантюр роман хронотопи доирасига кирмайди.

Авантюр роман дунёси авантюр замон билан бошқарилади. Бу замон йил, ой, соат, дақиқалар билан эмас, “бир куни”, “ўшанда”, “ўша куни”, “бирдан”, “шу пайт”, “кутилмаганда” каби авантюр замон бирликлари билан ўлчанади. Шундай замон бирликлари тасодифан иккига бўлиниб кетади, ошиқ-маъшуқа замонини бир-биридан ажратади. Шунда ҳар икки замон ўз тасодифлари, синовлари доирасида мустақил яшай бошлайди. Бундай замон айрилиқларини М.Бахтин тасодифий айнизамонлилик ва тасодифий айризамонлилик деган хронотоп терминлари билан белгилаган. Авантюр романда, асосан, замон етакчилиги кузатилади. Тасодифан денгиз ҳалокатига (рақиб фитнаси, қароқчилар ҳужуми, оилалар ўртасидаги душманлик, урушлар, бир манзилдан бошқасига кўчиш ва ҳ.к.) йўлиқиб, бошларига айрилиқ савдоси тушган ошиқ-маъшуқа шундай бир тасодиф туфайли қайта топишади, саодатли висолга эришади.

Шу ўринда М.Бахтин бу роман типига хос яна бир муҳим жиҳатга – қаҳрамонлар тасодифий синовлар гирдобига ташланган вақтнинг на астрономик, на биографик, на биологик замон қонуниятларига бўйсунишига эътибор қаратади. Асрларга татигулик синовлардан кейин ҳам қаҳрамонларнинг биологик ёшлари ўзгармаслигини, улар аввалгидек ёш ва навқирон, қалбларида муҳаббат ўти оловланган ҳолатда қолишларини айни типнинг хос хусусияти сифатида қайд этади. Бу типга хос сюжет, қаҳрамон ва хронотоп шаклларининг бугунга қадар янги шакл ва мазмун касб этароқ яшаб келаётганини, роман тараққиётига улкан таъсир ўтказганини тадқиқот давомида босқичма-босқич асослаб беради.

Иккинчи типини олим “маиший-авантюр роман” тарзида белгилайди. Бу тип роман хронотопини тадқиқ этишда, асосан, қадим юнон ёзувчиси Апулейнинг “Олтин эшак” асарига таянади. Қисман Петронийнинг “Сатирикон” асарига мурожаат этади.

Бу тип романларда ҳам синовга қурилган авантюр романлардагидек замон ҳукмронлиги етакчилик қилади. Ўша тасодифлар, ўша синовлар авантюр замоннинг “бирдан”, “шу пайт” сингари реал замон қонуниятларига бўйсунмайдиган мустақил шаклларида рўй беради. Саргузаштлар пўртанасига тушиб қолган қаҳрамон қаерда саёзлик ёки қирғоққа дуч келишини тасаввур ҳам қила олмайди. Аммо бу типнинг биринчи типдан фарқи сюжет воқеаларининг маиший хронотоп билан қоришиб кетганида кўринади. Бундай асар марказида ишқ-муҳаббат мавзуси эмас, кутилмаган саргузаштлар, қаҳрамоннинг ўта мураккаб синовлар ғужғон ўйнаган маконлар аро сарсон-саргардонлиги туради. Бунда ўқувчи ошиқ-маъшуқанинг синовнинг олис йўлларини оёқлатиб, висол саодатига эришувини эмас, тасодифлар гирдобига тушиб қолган қаҳрамоннинг асл ҳаётига қайтишини кутадилар.

Гарчи, бу тип романларда воқеалар маиший макон сатҳларида кечса-да, унинг асл хусусияти маишийликда намоён бўлмайди. Балки маиший сатҳ ва унга хос бўлган кўп воситалар асар марказида турувчи бир нарсага – метаморфозанинг туғилиши ва сюжет охирига қадар яшашига хизмат қилади. Бу типнинг биринчи типдан яна бир муҳим фарқи қаҳрамоннинг сюжет маркази бўйлаб ёлғиз ҳаракатланишидир. Метаморфоза жараёнини бошдан кечираётган қаҳрамон авантюр замон ва маиший макон сатҳи бўйлаб аслига томон интилиши ва шу аснода маънан ўзгариши, ўзини англаши авантюр-маиший романнинг етакчи хусусияти ҳисобланади. Айни тип романлар бу жиҳати билан романдан кўра кўпроқ қиссага ўхшаб кетади.

“Олтин эшак” асари қаҳрамони Люций ўзининг ўйинқароқлиги ва ноўрин қизиқишлари туфайли эшакка айланиб қолади. Унинг эшакдан одамгача ёки эврилган қиёфадан асл қиёфасига етиб келгунча босиб ўтган йўли синов ва ўз-ўзини топиш йўли сифатида метаморфозавий моҳият касб этади. Люций тушган вазият (яъни эшак қиёфасида яшаш, одамлар томонидан эшак каби хўрланиш) зоҳиран қараганда унинг фожиаси бўлиб кўринса ҳам, моҳиятан қаҳрамон шу қиёфа ва шундай ғайриинсоний вазият туфайли тозаради. Тамомила бошқа одамга айланади. Шу билан бирга, эшак қиёфасида дарбадар кезар экан, одамларнинг жамият кўзидан ниҳон норасмий турмушларини бевосита кузатиш, уларнинг энг нодир сирларидан воқиф бўлиш имконига ҳам эга бўлади. Люцийдаги қизиқувчанлик унга мана шундай имконият бериши билан бирга, мислсиз хўрликлар, азоб-уқубатлар ҳам келтиради. Шубҳасиз, асар муаллифи Апулейнинг асл нияти романдаги мана шундай тарбиявий жиҳатга урғу бериш, тубан ахлоқли одамнинг комилликка томон босиб ўтган йўлини кўрсатиш, бу орқали ўз ўқувчисини ибрат олишга чақирган. Аммо М.Бахтиннинг бу тип романларга хос мотивларни кейинги романчилик анъаналари билан қиёсан ўрганиб келган хулосалари, натижа Апулей ният қилгандан тамомила ўзгача бўлганини кўрсатади.

Қизиғи шундаки, “Олтин эшак”даги Люций функцияси Апулей давридан то XIX асргача бўлган Европа романчилигида изчил давом этган. Фақат ахлоқий юксалиш, ўзни англаш тарзида эмас, одамларнинг сирини билиш, ножоиз жойларга, тақиқланган парда оша мўралаш воситаси сифатида хизмат қилган. Эндиликда эшак қиёфасида оилалар сирига “маҳрам” бўлиб қолган Люций ўрнини бошқа қиёфадаги жосуслар – “учинчи одам”лар эгаллай бошлаган. “Худди шу – ғайрирасмий ҳаёт пардаси ортига мўралаш ва ундаги сир-асрорларни эшитиб олиш учун Люций-эшакнинг вазияти мутлақ қулайлик туғдиради. Шунинг учун ҳам бу вазият анъанага айланган. Романнинг кейинги тарихида ҳам унинг турли-туман вариацияларига дуч келамиз. Уларда эшак метаморфозасидан қаҳрамоннинг хусусий турмушга мўралаш, тинглаш имкониятига эга бўлган, айнан “учинчи одам” сифатидаги специфик моҳияти сақланиб қолади”[19], деб ёзади бу хусусда М.Бахтин. Эшак метаморфозаси таъсирида шаклланиб, улкан “фош этувчилик” вазифасини бажарган “учинчи”лар образи, айниқса, Д.Дидро, Бомарше, Д.Дефо, Лесаж, Э.Золя, Смоллет, Стендаль ва Бальзак сингари Европа романи қиёфасини белгилайдиган ёзувчилар асарларида яққол кузатилади. Европа замонавий романида метаморфоза жараёни ва ундаги асл моҳият четга суриб қўйилади. Аммо образнинг кўз илғамас остки қатламларида метаморфоза излари сезилиб туради. Ёзувчи ботинида метаморфоза жараёнини бошдан кечирган бундай образлар эндиликда айёр, авантюрист (таваккалчи, чапани), хизматкор, куртизанка, фоҳиша, қўшмачи, юрист, врач, судхўр қиёфасида одамзод ботиний турмуши – башарият ҳарамларига мўралай бошладиларки, бу маиший-авантюр роман типининг тарихий-поэтик синтезлашув нуқтаи назаридан ҳам бошқа типлардан фарқланишини кўрсатади.

Учинчи тип сирасига биографик романлар киради. Бу тип бугун биз тушунадиган маънодаги биографик роман шаклига кириши антик даврда рўй берган эмас. Шунинг учун М.Бахтин антик заминда мавжуд бўлган биографик ва автобиографик асарларнинг ҳали роман даражасига етмаган турли эпизодик шаклларини кейинги биографик романчиликка асос бўлган типлар сифатида кўрсатади. Уларнинг ҳар бири Европа биографик романига нима бергани ва айни типларнинг қайси томонлари замон тақозосига кўра тушиб қолгани ҳақида сўз юритади. Айни типларнинг етакчи пафоси, шу пафосни белгиловчи хронотоп шаклларини белгилайди.

Олим биографик асарларнинг биринчи типини, шартли равишда, платонча тип деб атайди. “Инсон ўз-ўзини автобиографик англашига доир бу тип мифологик метаморфозанинг қатъий шакллари билан боғлиқ. Унинг моҳиятида “асл илмни излаётган одамнинг ҳаёт йўли” – хронотопи ётади”[20]. Бу типга Платоннинг “Суқрот раддияси”, “Федон” асарлари киради. Маърифат ва тафаккур воситасида ҳақиқатни топиш ва бу йўл давомида ўз-ўзини англаш, асл моҳиятга етишув айни типнинг муҳим белгисидир. Иккинчи биографик тип эса антик юнон муҳитида турли маросимлар негизида вужудга келган риторик асарлар билан боғлиқ равишда шаклланган. Жамият кишиларидан ҳар томонлама устун машҳур шахсларни хотирлаш, уларнинг ҳаёт йўлларини тарбиявий аспектда ҳикоя қилиш, фаолиятларидаги эътиборли жиҳатларга урғу бериш, воиздан биографик нутқ ирод этиш маҳоратини талаб этган. Нутқдаги кўтаринкилик ва ошкоралик бу тип асарларнинг халқ билан тўлиб-тошган майдонларда сўзлангани, энг муҳими, қадим юнон муҳитидаги одамнинг ҳар жиҳатдан очиқ-ошкор бўлгани билан изоҳланади. Кейинчалик ижтимоий-сиёсий маросимлар (тантаналар, таъзия маросимлари) доирасида шаклланган биографик типлар негизида автобиографик асарлар ҳам майдонга кела бошлаган. Қачонки файласуфлар одам ўз-ўзини шарафлаши, ўзи ҳақида сўзлаши мумкинми, деган саволга жавоб топгач, автобиографик тип шаклланиши, тараққий этиши, бинобарин, Европа замонавий автобиографик романига таъсир кўрсатадиган мақомга кўтарилишига имкон туғилди. “Кейинчалик, инсоннинг расмий бутунлигига путур етган эллин-Рим даврида, Тацит, Плутарх ҳамда баъзи бошқа воизлар инсон ўз-ўзини шарафлаши мумкинми, деган ижтимоий масала қўйганлар. Бу масала ижобий ҳал қилинган”[21]. Аммо бунда антик заминда туғилган автобиографик асарлар том маънода ошкора, тарбиявий характер касб этган. Худди шу жиҳати билан бундай асарда этик идеал, педагогик нуқтаи назар етакчилик қилган. Фақат Рабле ва Гёте даврларига келиб, антик биография ва автобиография ички структурал ўзгаришга учраган.

Романнинг уч антик юнонча типини тадқиқ этган олим “синовга қурилган авантюр роман”, “авантюр-маиший роман”, “биографик роман” деб номланган бу уч типни ҳаракатга келтирувчи замон шаклларининг манбаси қаерда, деган савол қўяди ва ўзи фольклорда дея жавоб беради. Сўнг мифология ва фольклор асарларида шаклланган замоннинг тарихий инверсия (ўрин алмашинув) йўли билан мазкур уч роман типига ўзлашганини асослайди. “Жаннат, Олтин аср, қаҳрамонлик асри, илк ҳақиқат тўғрисидаги мифлар – табиий ҳолатлар, асл ҳуқуқлар ва бошқалар хусусидаги бир қадар қадим тасаввурлар – айнан тарихий инверсия ифодаси ҳисобланади. Унинг бироз юзакироқ таърифини келтириб айтиш мумкинки, бу ўринда нимаики ўтмишда бўлиб ўтган дея тасвирланса, аслида келажакда рўй бериши мумкин ёки келажакда рўй беради. Моҳиятан, у ўтмиш воқелиги эмас, келажакнинг мақсади, бурчи ўлароқ намоён бўлади”[22]. Олимнинг бу кузатишлари ўта муҳим хулосаларни илгари суришга имкон туғдиради. Яъни “бугун” айнан тарихий, ҳаракатдаги замон. Ҳар қандай роман, қайси мавзу, қайси давр ҳақида ҳикоя қилмасин, бугунга тегишли. Ўзини бир қадар қуюшқондан чиққан дея ҳисоблайдиган бугун замон мезонларини доимо келажак олдидаги бурчларига содиқ ўтмишдан олади. Шу тариқа тарихий инверсия жараёни ишга тушади. Идеал, абадий замон шакллари антик романнинг белгиловчи замонига айланади. Бундан кўринадики, чуқур халқона асосга эга ҳар қандай бадиий асар ўз таркибида инсоният ўтмишининг саодати, мана шундай саодатга интилишнинг афзаллиги, аксинча бўлса, келажакдаги жазонинг муқаррарлиги ҳақидаги самовий ҳақиқатни сақлайди. Бу ўринда М.Бахтиннинг келажак, “эсхатология”, “қиёмат”, “жаннат”, “жаҳаннам” сингари тушунчаларга нисбатан хийла истеҳзоли муносабатини эса у яшаган советлар тузуми қўядиган қатъий талаблар, қисман ундаги материалистик нуқтаи назарга мойиллик билан изоҳлаш мумкин.

Антик юнон заминида шаклланган юқоридаги уч роман типидан кейин М.Бахтин аниқлаган тўртинчи тип ўрта аср Европа рицар романидир. Рицар романида ҳам, М.Бахтин хулосасига кўра, юнон романларидагидек авантюр замон шакли етакчилик қилади. Бир қарашда ушбу романларнинг сюжет қолипи ҳам, хронотоп дунёси ҳам ўхшаш. Аммо рицар романи мана шундай ўхшашликлар негизида қатор янги хусусиятларини намоён этганки, худди шу жиҳатлари билан Европа романи тараққиётида муайян роль ўйнаган.

Аввало, рицар романи қаҳрамонлари юнон романидаги қаҳрамонлар каби авантюра қуролига айлантирилмаган. Улар тасодифлар ичра туғиладилар, курашадилар ва ўз бахтларини шунда топадилар (яъни улар том маънодаги авантюр – тасодифлар ичида яшайдиган қаҳрамонлардир). Иккинчидан, юнон романи қаҳрамонлари ўзаро ўхшаш ва шу боис улар ҳақида фақат бир ижодкор, фақат битта асар ёзиши мумкин эди. Рицар романи қаҳрамонлари эса соф индивидуал қаҳрамонлар бўлиб, улар ҳақида туркум романлар ёзилган. Учинчидан, рицар романи қаҳрамонлари ҳаракатланадиган хронотоп майдони чегараланмаган. Улар дунёнинг исталган жойида турли саргузаштлар ичра яшайдилар, ғолиб бўладилар ва шарафланадилар. Бутун дунё уларнинг ватани. Улар муайян миллатга эмас, бутун башариятга оид қаҳрамонлар ҳисобланадики, бундай хусусиятлар рицар романи қаҳрамонларини эпос қаҳрамони билан туташтиради. Рицар романларидаги бундай умумбашарий қамров, бизнингча, уларнинг Европада “Инжил” таълимоти ёйилиб, политеистик қарашларга барҳам берилаётган даврларда майдонга келгани билан боғлиқ бўлса керак.

Бу тип роман юнон романидан замон ўлчовлари жиҳатидан ҳам фарқ қилади. Агар юнон романидаги авантюр вақт бирликлари реал кун, тун, соат, дақиқа билан тенг замонни билдирса, “Рицар романида замоннинг ўзи ҳам маълум даражада мўъжизавийлик касб этади. Замоннинг эртакнамо муболағалашуви рўй беради. Соатлар кун қадар узайса, кунлар лаҳза қадар қисқаради… Умуман, рицар романида замон билан субъектив ўйин майдонга келади”[23]. Худди шу замон шакли кейинчалик романтизм, символизм, экспрессионизм, сюрреализм вакиллари асарларига ўз таъсирини ўтказган.

М.Бахтин раблеёна хронотоп тадқиқига ўтишдан олдин яна бир масала устида тўхталишга зарурат сезади. Бу ўрта асрдан кейинги давр романи хронотопида фаол “фош этувчи” ролини ўйнаган телба, айёр ва масхара образларидир. Ушбу мослашувчан ва яшовчан образлар генезиси, олимнинг кузатишича, энг қадимги давр халқ ижодиёти намуналарида ҳам бор эди. Аммо уларнинг бевосита романга кўчиши ўрта аср Европа халқлари майдон театрларида ижро этилиб келган фабльио, шванк ва фарслар билан боғланади. Бу жанрлар таркибида майдонга келган образлар жамиятдаги очиқ-ошкора танқид этиш қийин бўлган иллатларга қарши курашувчи ўзига хос восита вазифасини бажаради: “Уларни фош этувчи куч сифатида (қишлоқи, шаҳарлик этикдўз шогирди, ёш бутхона роҳиби, умуман, турли тоифадаги дайдилар образидаги) айёрнинг ҳушёрлиги, қувноқлиги, фаҳм-фаросати, масхаранинг муқаллидона мазахлари, телбанинг содда анқовликлари қарши қўйилади. Оғир ва зим-зиё ёлғонга фирибгарона қувноқ ёлғонлар, ғаразу риёкорликларга телбанинг беғараз соддалиги, анқовлиги ва барча мажбуриятлар, ёлғонларга масхаранинг фош этувчи ҳаракатлари терс туради”[24]. Айни образларнинг романга кўчиши маиший турмуш, ижтимоий ҳаёт ёки алоҳида одамларга хос иллатларни пародиявий кулги воситасида фош этиш модусининг ёзувчилар томонидан ишлаб чиқилиши натижасида амалга ошди. Сервантес, Рабле, Лоренс Стерн, Гриммельсҳаузен, Вольтер, Смоллет, Филдинг ва бошқа кўплаб кейинги давр ижодкорлари насрида бу уч образнинг бири ёки ҳар учаласи учрашини кузатиш мумкин.

М.Бахтин ўрганган бешинчи тип роман хронотопи раблеёна хронотоп деб аталади. Раблеёна романни ўзигача бўлган тўрт роман типидан фарқлаб турувчи асосий жиҳат унинг реал олам горизонтал хронотопи томон интилишдир. Маълумки, Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэль” асарига французларнинг “Баҳайбат ва буюк Гаргантюа ҳақида буюк солнома” номли халқ китоби асос бўлган. Асардаги француз халқ майдон кулги маданияти поэтик усулининг етакчилик қилиши ҳам ушбу асос-манбанинг халқона табиати билан боғлиқ. Рабле мана шу омиллар воситасида ўзи яшаб турган ва ипидан игнасигача ўрганган француз ижтимоий, сиёсий, диний-маънавий ҳаётини пародиявий гротеск-сатира усулида тасвирлайди. Рабле асаридаги барча хронотоп шакллари астрономик, географик, математик, геометрик, тиббий ва фалсафий нуқтаи назардан ўзининг илмий асосига эга эди. Рабле асаридаги инсон танаси аъзолари, уруш манзаралари, жароҳат, ўлим каби ҳолатлар соф тиббий билим воситасида тасвирланади. М.Бахтин ушбу асардаги етти гуруҳни кўрсатиб ўтади. Булар: “1) инсон танасининг анатомик, физиологик бўлаклари; 2) кийим-кечаклар гуруҳи; 3) озиқ-овқатлар гуруҳи; 4) ичкилик ва маст қилувчи ичимликлар гуруҳи; 5) жинсий аъзолар гуруҳи (жинсий алоқа); 6) ўлимлар гуруҳи; 7) ҳожат чиқариш гуруҳи”[25]. Буларнинг барчаси Раблега илгари сурмоқчи бўлган бадиий концепциясини ифодалаш учун хизмат қилади. Роман хронотопи мана шу етти гуруҳнинг кесишуви, ёнма-ён келиши ва синтезлашуви натижасида ҳосил қилинади.

Роман концепциясини ифода этишда юқоридаги етти гуруҳнинг оддий халқ ва қаҳрамонлар гротеск дунёси билан синтезлашган шаклда намоён бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Халқ майдон кулги маданиятига хос ошкора фош қилувчилик руҳи Рабле мақсадининг амалга ошувини таъминлайди. Хусусан, ўрта аср Европа черков таълимотида инсон ва унинг ҳаёти, маънавий қадриятлар, дунё ва охират, эзгулик ва ёвузлик масалалари диний-маърифий, умуминсоний жиҳатдан бузиб талқин қилинар эди. Ёшлигидан монастирда ўқиб, мавжуд черков таълимотини чуқур эгаллаган Рабле халқнинг бироз қўпол, ошкора кулгисига таянган ҳолда бузилган черков таълимотининг асос-асосларигача зарба беради. Энг муҳими, Рабле ўрта аср француз черков муҳити шароитида илк бор инсонни Худонинг энг олий яратиғи, фикрловчи ирода соҳиби сифатида қарайди. Инсон ва унинг ҳаётига нисбатан гуманистик муносабатни илгари суради. Унинг қаҳрамонлари роман хронотопи (текисликлар, тоғлар, денгиз ва ороллар) бўйлаб асл маърифатни – Рабле тушунчасидаги ҳар хил бидъатлардан холи, ислоҳ қилинган христианча таълимотни қидирадилар. М.Бахтин раблеёна хронотоп доирасида ёзувчининг мана шундай қарашларини кўради. Уларнинг ўтмиш ва замонавий адабиёт билан муносабатини белгилайди.

М.Бахтин Рабле романи хронотопи асослари бевосита фольклорда эканини қуйидаги далиллар негизида асослайди. Яъни биринчидан, Рабле асарида истифода этилган замон оддий халқ меҳнат жараёнида белгилаган циклик (мавсумий) замондир. Рабле талқинича, бу замонга экиш, униш, улғайиш, кўпайиш жараёнлари хос. Бу замонда ўлим ҳам фожиа эмас, янги ҳаётнинг бошланиши деб қабул қилинади. Асарнинг макон кўлами эса ер, осмон ва ундаги барча мавжудотларни қамраб олган бутун борлиқдир. Рабле қаҳрамони буларнинг барчасига Уйғониш даври одами нуқтаи назарига кўра – ақл, тажриба ва муқояса усули билан ёндашади. Борлиқдаги циклик замондаги доимийлик ва такрорийлик Рабле бадиий замонига сингдириб юборилган. Кун, ҳафта, ой, йил, асрлар айланиб турганидек, инсон ҳаёти ҳам унинг авлодлари тимсолида айланиб туради. Яна бир муҳим жиҳати шуки, раблеёна хронотоп деҳқонча циклик замон уйғунлашган халқ маросимлари билан ҳам синтезлашиб кетади. Унда гротеск-сатирага хос бадиий талқиннинг етакчилиги ҳам шу билан белгиланади. Рабле романига хос бу жиҳатлар сўнгги даврлар романларида ҳам у ёки бу даражада давом этиб келяпти.

Ниҳоят, бевосита қадим фольклор анъаналаридан Рабле романига ўзлашган деҳқонча меҳнат ва маиший турмушга хос ишлаб чиқариш жараёнлари бевосита акс этадиган роман типи асосида олтинчи – идиллик хронотоп майдонга келган. М.Бахтин энг муҳим идиллик шакллар сифатида, муҳаббат, деҳқончилик, косиблик меҳнатига доир идиллияларни санайди. Шу ва шуларнинг оралиғида пайдо бўладиган идиллияларга хос хронотопнинг асосий хусусияти: “аввало, идиллиядаги замоннинг маконга муносабатида акс этади. Ҳаёт ҳодисалари она диёрнинг барча пучмоқларига, қадрдон тоғлар, водийлар, кенг майдонлар, дарё ва ўрмонлару туғилган хонадонга нақадар узвий боғланганида кўринади. Идиллик ҳаёт ва унга доир воқелик ушбу – боболар, оталар яшаган, болалар ва набиралар ҳам яшайдиган – конкрет макон бурчакларидан айри ҳолатда мавжуд бўла олмайди”[26]. Идиллик хронотоп замон цикликлиги, макон ягоналиги ва авлодлар давомийлигида акс этади. Ундаги кейинги хусусият ҳам шундан келиб чиқади. Яъни туғилиш, турмуш кечириш ва ўлим фақат мана шу хронотоп доирасида кечади. Бундаги сюжет воқелиги кундалик турмуш жараёнининг бадиий моделидир. Идиллик ҳаёт табиат мароми билан қоришиб кетган инсоний умр манзараларидир. Идиллик наср намуналари Гёте, Руссо, Т.Грей, Ч.Диккенс, Н.Гоголь, Л.Толстой, Стендаль, Бальзак, Флобер, Т.Манн сингари турфа оқим ва турли услубга эга ёзувчилар ижодида яққол кузатилади.

М.Бахтин фақат орадан ўттиз беш йил ўтиб, роман хронотопига доир жиддий тадқиқотига хулоса ёзишни лозим топган. Тадқиқот моҳиятини англашда улкан аҳамиятга эга ушбу хулосани ёзиш учун олимга ўттиз беш йил керак бўлди, дейиш тўғри бўлмас-у, аммо мана шу йиллар ичида у шундай жиддий кузатувларни умумлаштирувчи кичик бўлим бағишлаш заруратини ҳис қилди. Ўлимидан икки йил олдин ушбу муҳим бўлимчани қойилмақом қилиб якунлади.

Хулосада олим етказмоқчи бўлган асосий фикр хронотопнинг назарий масалалари, хронотоп шакллари, хронотоп қийматлари масаласидир. Хронотопнинг учрашув, йўл, қалъа, меҳмонхона, кўча, қишлоқ, шаҳарча, остона сингари кўринишидан техник вазифа бажарадиган, аслида бадиий метафориклашув натижасида умуминсоний муаммоларни акс эттирадиган шакллари, улардаги замоннинг специфик функциясини мазкур хулоса ёрдамисиз англаш мумкин эмас.

Бевосита бадиий асар, хусусан, романга хос поэтик компонентлар нуқтаи назаридан қаралганда рўйхатнинг биринчи қаторига сюжет чиқади. Зотан, сюжетнинг бирор бўлаги (экспозиция, тугун, кульминация, ечим ва ҳ.к.) йўқки, у хронотопсиз бирор маъно касб этсин. Чунки сюжет (ва бир бутун асар) таркибида фақат хронотопгина: “замон ва маконнинг ягона моддийлаштирувчиси сифатида бир бутун роман тимсолидаги аниқлаштирувчи марказ ҳисобланади”[27]. Шунингдек, хронотоп жанр, композиция, образ, бадиий асар тили ва услуби, муаллиф, ўқувчи сингари энг муҳим бирликлар потенцияси ва табиатини белгилайди. Бу хронотоп шакллари асар таркибида ягона тизим бўлиб, узвий муносабатда яшайди ва ҳаракатдаги бадиият феноменини ҳосил қилади.

М.Бахтиннинг роман ва ундаги хронотоп шаклларига оид тадқиқоти икки жиҳатдан муҳимдир. Биринчидан, тадқиқотда роман жанри тарихий поэтика нуқтаи назаридан умумлаштирилган. Бунда олим, гарчи башарият маданияти тарихи ижтимоий формациялар мезонида ўлчанган шўролар тузуми даврида ижод этган бўлса-да, Европа халқлари тарихидаги уч улкан даврнинг ўзаро ва, асосан, тўртинчи даврга таъсирини кўрсатган. Яъни юнон романидан бошланиб, эллин-Рим даврига қадар давом этган, юқорида кўриб ўтганимиз уч антик типни майдонга келтирган полетеистик (кўпхудолилик) давр романчилиги; ўрта аср Европасидаги “Инжил” ва черков таълимотига таянувчи монотеистик давр рицар романи; черков қутқуларидан озод бўлиб, материалистик борлиқни англашга интилган ақл-тафаккур (Уйғониш, Рабле) даври романининг илм-фан, саноат, ижтимоий-иқтисодий сиёсат тараққиёти жадаллашган янги давр (XVII–XX асрлар)даги акс садосини роман жанри мисолида ёритиб берган. Олимнинг бундай кенг қамровли кузатишларидан маълум бўладики, башарият эстетик тафаккури, хусусан, бадиий ижоддаги етакчи концепциялар ҳар доим жамиятда ҳукмронлик қилган ишонч-эътиқод билан белгиланган. Башарият ўз тарихи давомида хоҳ у миф тарзида бузилган, хоҳ муайян бидъатлар билан қоришиб кетган бўлсин, илоҳий кўрсатма ва ахборотларга, Яратганнинг билдирганларига таянган. Ҳатто инсоният Худони унутиб, бир қадар даҳрийлашган замонларда ҳам бундай таълимотлар бадиий анъаналар тарзида яшаб қолган, адабиётнинг ҳаракатлантирувчи кучи вазифасини бажаришда давом этаверган. Иккинчидан, инсоният яратилгандан бери бир лаҳза бўлсин тўхтамаган замон ва макон ҳаракати ҳаётнинг бадиийлаштирилган моделини ишлаб чиқишга даъво қиладиган бадиий адабиётнинг ҳам энг муҳим шарти эканини назарий жиҳатдан исбот этган. Бадиий ниятнинг туғилишидан бошлаб, асарнинг ёзилиши, тугалланиши ва бундан кейин ўқувчи бадиий аурасида яшашигача бўлган жараёнлар ҳақида фикр юритган. Айниқса, тадқиқотдаги хронотопнинг ёзувчи, ўқувчи, реал муаллиф, муаллиф образида намоён бўлиш жараёнлари, хоссалари, уларнинг бадиий асар компонентлари билан тизимли муносабати ҳақидаги тезислар ривожлантирилса, жаҳон адабиётшунослиги улкан ютуқларни қўлга киритишига шубҳа йўқ.

Узоқ Жўрақулов,

филология фанлари номзоди, доцент

“Жаҳон адабиёти, 2014 йил, 11-12-сонлар

[1] Қаранг: Иброҳимов М. “Адабиёт – менинг борлиғим”. – Тошкент. Янги нашр, 2009, 15-бет.

[2] От составителя /Веселовский А.Н. Историческая поэтика. Составитель, автор комментария канд. филол. наук В.В.Мочалов. – Москва: Высшая школа, 1989, стр. 5.

[3] Қаранг: Веселовский А.Н. Историческая поэтика.-Москва: Высшая школа, 1989, стр. 5.

[4] Бахтин М. Проблемы поэтики Достоевского.– М.: Советский писатель, 1963, стр. 338.

[5] Ўша манба. Стр. 339.

[6] Ўша манба. Стр. 357.

[7] Бахтин М. Проблемы поэтики Достоевского. – М.: Советский писатель, 1963, стр. 3.

[8] Қаранг: Полифония [polyphonia] – мусиқашуносликдаги контрапункт назариясига кўра кўповозлилик тури. Бир ёки ундан ортиқ мусиқий линия (овоз)нинг бир вақтнинг ўзида уйғун янграши.

[9] Бахтин М. Проблемы поэтики Достоевского. – М.: Советский писатель, 1963, стр. 7-8.

[10] Бахтин М. Эпос ва роман (Романни талқин этиш методологияси ҳақида). Рус тилидан М.Олимов таржимаси //Филология масалалари, 2005, 3-сон, 222-бет.

[11] Шу манба. 227-бет.

[12] Бахтин М. Эпос ва роман (Романни талқин этиш методологияси ҳақида). Рус тилидан М.Олимов таржимаси //Филология масалалари, 2005, 3-сон, 228-бет.

[13] Бахтин М. Эпос и роман (О методологии исследования романа) (иқтибос-таржима бизники – У.Ж.) / В кн. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 454-455.

[14] М.Бахтин гарчи мазкур тадқиқотини “Эпос ва роман” деб номлаган бўлса-да, бу қадимий жанрга нисбатан “эпопея” истилоҳини қўллайди. Бизнингча, бунинг иккита сабаби бўлиши мумкин: биринчидан, олимнинг “эпопея” истилоҳини қўллашдан мақсади адабий тур маъносидаги эпос истилоҳига дахл қилмаслик бўлса; иккинчидан, тадқиқот ёзилган ХХ асрнинг 30-йилларида адабий жанрларга оид мунтазам атама шаклланмаган бўлиши эҳтимол (–У.Ж.).

[15] Бахтин М. Эпос ва роман (Романни талқин этиш методологияси ҳақида). Рус тилидан М.Олимов тарж. //Филология масалалари, 2005, 3-сон, 239-бет.

[16] Бахтин М. Эпос ва роман (Романни талқин этиш методологияси ҳақида). Рус тилидан М.Олимов тарж. //Филология масалалари, 2005, 3-сон, 241-бет.

[17] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 234-235.

[18] Қаранг: От издательства / В кн.: Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.:Художественная литература, 1975, стр. 4.

[19] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 275.

[20] Ўша манба. Стр. 281.

[21] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 283.

[22] Ўша манба. Стр. 297.

[23] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 305.

[24] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 312.

[25] Ўша манба. Стр. 319.

[26] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 374.

[27] Бахтин М. Вопросы литературы и эстетики. – М.: Художественная литература, 1975, стр. 399.