Усмонжон Қосимов. Навоий ва Саъдий

Алишер Навоий

Шеърият мулкининг султони Алишер Навоий номи ҳақли равишда жаҳон адабиётининг энг буюк сиймолари қаторида фахр билан тилга олинади. Энг аввало, Навоийнинг фавқулодда нодир истеъдоди ва улкан ижодиёти, ҳазрат Жомий ва Бобур таъбири билан айтганда, кўп ва хўб (яхши) ёзганлиги шоирни беқиёс улуғлик мартабасига кўтарди. Зотан, шоирнинг ўзи ҳам бир фахриясида буҳақиқатни шудай эътироф этган: 

Фалак кўрмади мен киби нодире,
Низомий киби назм аро қодире

Шу билан бирга Навоийнинг тенгсиз истеъдодига бамисоли бир қанот бағишлаган, уни бутун салоҳияти ва жилолари билан эрта намоён бўлишига имкон берган муҳим маънавий-эстетик омиллар борлигини ҳам унутмаслик лозим. Устоз шоир Э.Воҳидов таъкидлаганидек, ”Бир ёзувчининг адабиёт даргоҳига кириб, ундан ўз ўрнини топиши учун минг бир шарту шароитнинг тажассуми керак”. Навоий шеъриятдаги илк қадамлариданоқ ўзидан олдинги туркий ва форсийзабон шоирлар ижодига катта меҳр ва ихлос билан қаради, улардан ҳамиша руҳий мадад ва илҳом олди. Ижодий балоғат сари кўтарилаётган ёш шоир учун серзавқ, таъсирчан мутолаа ва кўнгилли мулоқот ҳамда улардан олинган унутилмас сабоқлар унинг тийрак онгу шуури ва поэтик тафаккурини нечоғлик бойитиб, маҳорат сирларига ошно этганлигини самимият билан хотирлайди: ”Йигитлиғим замони ва шабоб айёми овонида кўпрак шеърда сеҳрсоз ва назмда фусунпардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин абётидин 50 мингдан ортиқ ёд тутибмен ва алар завқ ва хушҳоллиғидин ўзумни овутибмен ва салоҳ ва фасодларига фикр этибмен ва махфий дақойиқига тааммул ва тафаккурлар била етибмен”.

Шуни ҳам ишонч билан айтиш жоизки, Алишер Навоий билан туркигўй салафлари ва форс адабиётининг улкан намояндалари ўртасида кечган устоз-шогирдлик том маънода ижодий йўналишда бўлган. Белинский ибораси билан айтганда, улуғ устозлар ижоди ва мўъжизакор сирларини ўрганиш ёш шоирга бамисоли ернинг бағридаги кучни уйғотган қуёш нурларидек ғоят самарали ва илҳомбахш таъсир кўрсатиб, унинг ўзига ва иқтидорига бўлган ишончини қанчалар орттирганлиги бўлажак даҳо учун, эҳтимол, тақдирнинг тенгсиз бир туҳфаси бўлгандир. Бинобарин, Навоий буюк сўз санъаткорлари ижодиётидан ибратли сабоқ олиш ва уларнинг қутлуғ анъаналарини муваффақиятли давом эттириш билан чекланиб қолмасдан, балки чинакам новатор шоир сифатида устозлари билан кўп жабҳада ижодий мусоҳаба ва мусобақага киришиб, улкан бадиий “кашфиёт”лар ярата олди.

Ани назм этки, тархинг тоза бўлғай,
Улусқа майли беандоза бўлғай.
Йўқ эрса, назм қилғонни халойиқ
Мукаррар айламак сендин не лойиқ… 

Бу – Алишер Навоийнинг юксак аъмоли, ижодий-эстетик дастури эди, дейиш мумкин. Дарҳақиқат, Навоий ҳаёт мисоли рангин, бой ва сеҳрли бўлган сўз мулки ичра сайр этиб, “бу бўстон саҳнида гул кўп, чаман кўп” эканлигини тўла исбот этди. Бунга ишонч ҳосил қилиш учун форс-тожик адабиётининг машҳур намояндаларидан бири – Саъдий Шерозий билан Навоий ижодининг ғоявий-ҳаётий манбаларига, бемисл тафаккури, дунёқарашининг узвий алоқадорлиги ва муштарак жиҳатларига бир назар солиш кифоя.

Кўплаб манбалардан маълумки, кўп асрли форс-тожик адабиётининг мумтоз вакилларидан бўлган Муслиҳиддин Абу Муҳаммад Абдуллоҳ ибн Мушрифиддин Саъдий Шерозий 1203-1210 йиллар орасида Эроннинг Шероз шаҳрида руҳоний хонадонида таваллуд топади. Ўрта ва Яқин Шарқ мамлакатларига узоқ йиллар давомида бир неча марта саёҳат қилган ва ҳаётнинг кўпдан-кўп машаққатлари ва рутубатли кунларини бошидан кечириб, пири муршид бўлиб танилган донишманд шоир 1292 йилда вафот этади.

Саъдий серқирра ижодкор бўлиб, жумладан, қатор шеърий девонлар яратган. Айниқса, Саъдийнинг бой ҳаётий тажрибаси ва теран тафаккурининг самараси ўлароқ майдонга келган “Бўстон” (1257) ва “Гулистон”(1258) номли дидактик-панднома асарлари на фақат Шарқ ва Ўрта 0сиёда, балки рус ва бошқа Европа халқлари орасида ҳам кенг тарқалган бўлиб, муаллифга беқиёс шуҳрат келтирди. Жаҳон адабиётининг кўплаб машҳур намояндалари ҳам Саъдий асарларига қайта-қайта мурожаат қилганлиги ва улардан ижодий таъсирланиб, қатор иқтибослар олганлиги бежиз эмас.

Чунончи, Саъдий ижодини ихлос билан ўрганган Лев Толстой унинг “Ду рафиқ”(“Икки ўртоқ”) ҳикоятини ижодий таржима қилиб, ўз мажмуасига киритганлиги ҳам шоир анъаналарининг илҳомбахш қудрати бардавомлигидан гувоҳлик бериб туради.

Алишер Навоий ва дўсти Ҳусайн Бойқаро болалик чоғиданоқ Саъдий асарларига ошно бўлганлиги Ойбекнинг “Навоий” романида ҳам ҳаққоний акс эттирилган. Саъдий ижодиёти Навоийни, энг аввало, чуқур ҳаётийлиги, юксак бадиияти ва ҳикматларга бойлиги билан ўзига мафтун этади. Шунинг учун ҳам Саъдий асарлари ва шахсини ғоят эъзозлаб, уни “Маъно аҳлининг нуктапардози” (гўзаллаштирувчи, сайқал берувчиси) деб таърифлайди. Саъдий ва Навоий асарлари ҳамда шахси билан яқиндан танишган ўқувчи шундай якдил бир хулосага келиши табиий: бу икки улуғ санъаткорнинг на фақат кенг тафаккур-дунёқараши, руҳияти ва маънавий эътиқодида, балки уларнинг бой шеърияти ва ижодиётида, ҳаёт ва инсонни талқин қилиш ва тасвирлаш маҳорати, қолаверса, сўз қўллаш санъатида ҳам ажиб бир муштараклик ва ғоявий ҳамоҳанглик яққол кўзга ташланиб туради.

Жумладан, Навоий ўзининг “Ҳайрат ул-аброр”каби йирик асарларидаги бир қатор мақолот ва ҳикоятларни яратишда Юсуф Хос Ҳожиб ва Аҳмад Югнакий достонлари билан бирга Саъдийнинг машҳур асарларидан ҳам таъсирланганлиги адабиёт ихлосмандларига маълум. Дарҳақиқат, улар икки халқ вакили ва турли асрда яшаган бўлса-да, бироқ уларнинг тасаввуф ва бошқа илғор оқим-тариқатлар таъсирида шаклланган ижтимоий-фалсафий қарашлари ва сермаҳсул ижодиётидаги ибратли муштараклик, айниқса, Ҳотам Тоий, Нўширавони одил, дарвеш ёхуд ит ва бошқа анъанавий дидактик образлар талқинидаги бир-бирини тўлдириб, бойитиб турувчи маънавий ва ғоявий-ахлоқий жиҳатлар ғоят салмоқдор эканлиги эътиборни тортади. Ҳали адабиётшуносликда етарли ўрганилмаган кўп қиррали бу ижодий жараённинг муҳим бир сабаб-изоҳи, бизнингча, шундаки, улар бадиий ижодда анъанавийлик ва новаторлик тамойилларига изчил амал қилган ва илоҳий бир шуур, ботиний нигоҳ билан кўплаб миллат ва халқларнинг муштарак орзу-интилишлари ва руҳиятини теран англаб етган (таъбир жоиз бўлса, башоратгўйлик салоҳиятига ҳам эга бўлган) буюк идрок соҳиблари сифатида ўзларининг ҳайратангиз тимсолу тасвирлари ва пурҳикмат назмий жавоҳирлари билан жаҳон адабиёти ва тафаккур оламида янги саҳифа очган улуғ мутасаввуф ижодкорлардир.

Саъдий ва Навоийнинг бой, мазмундор ҳаёти ва серқирра фаолиятини ҳайрат билан ўрганар эканмиз, уларга хос бўлган ибратли бир хусусиятни алоҳида таъкидлаш жоиз. Улар бутун умри давомида покиза иймон-эътиқод билан яшашида, энг аввало, Қуръони Карим ҳаётий дастуриламал бўлганидек, уларнинг ижодида ҳам илоҳий калом-оятларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс бўлганлиги адабиёт ва маънавият олами учун ҳам ноёб бир ҳодиса дейиш мумкин. Бу икки санъаткорнинг буюклиги яна шунда кўринадики, орадан неча асрлар ўтиб, ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам неча-неча янги авлодлар етишиб чиққани, дунё ва тафаккуримиз қанчалар ўзгаргани ва қалб-руҳиятимиздаги жиддий эврилишларга қарамасдан, уларнинг бебаҳо адабий мероси ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Чунончи, Саъдийнинг қуйидаги машҳур сатрлари бугун ҳам барча миллатлар учун одамийликнинг юксак ахлоқий бир мезони бўлиб жаранглайди десак, муболаға бўлмайди: 

Ту гар меҳнати дигарон беғами,
Нашоядки номат ниҳанд одами. 

Яъни: агар сен ўзгалар меҳнати, дард-ташвишига беғам бўлсанг, сенинг номингни одам деб атаб бўлмайди. Шу ўринда ҳазрат Навоийнинг миллионлаб комил инсонларнинг ҳаётий мақсад ва дастури ифодаланган доно ўгитларидан бирини қиёсан ёдга олайлик:

Одами эрсанг, демагил одами,
Оники, йўқ халқ ғамидин ғами

Адабиёт ва санъатнинг олий мақсади ва инсонпарварлик мазмун-моҳиятини намоён этиб, неча асрларки жаҳон шеъриятининг порлоқ саҳифаларини безаб турган бу ҳикмат нуқраларининг теран маъно ва шакли, вазни ва ҳатто хижолари билан қофияланиши ҳам бир-бирига монанд ва ҳамоҳанглиги тасодифий эмас. Улар Саъдий ва Навоийнинг юксак инсонпарварлик ва халқпарварлик ғоялари билан йўғрилган маслак ва орзуларининг муштараклигидан ёрқин далолат бериб туриши билан бирга, айни вақтда, мазкур шоҳ байтлар адабиёт ва жамиятнинг мангу муаммоларини ёритишда уларнинг якдил, ҳамфикр эканлигини кўрсатиб туриши билан ҳам эътиборли. Яъни, бутун ижоди ва руҳиятида ислом маърифати ва ақидалари устувор бўлган Саъдий ва Навоий кишиларни ҳамиша одамийликка, инсоний комилликка бошлаб, уларнинг ўзаро ҳамдард ва аҳил бўлишини на фақат эзгулик ва мурувватнинг олий бир намунаси деб, балки кишилик жамиятининг маънавий таянч-устунлари сифатида беқиёс қадрлаган. Шу тариқа улар ўз ижодини асрлар давомида эскирмайдиган ҳаётбахш, умуминсоний ғоя ва қарашлар билан музайян этган.

Шубҳасиз, мазкур мисраларда тажассум топган мавзу-мазмун бирлиги ва ғоявий-руҳий яқинлик тасодифий бир ўхшашлик ёхуд шунчаки тақлид натижасида юзага келиб қолган эмас. Балки бу муштараклик, аввало, икки улуғ сўз санъаткорининг мустаҳкам ғоявий-диний эътиқоди ва гуманистик дунёқарашидаги теранлик билан, улар ижодида ИНСОНнинг асл моҳияти ғоят чуқур, санъаткорона талқин этилганлиги билан изоҳланса тўғрироқ бўлади. Бу ўринда шуни ҳам эътироф этиш зарурки, Саъдий ва Навоийдек буюк ижодкорларнинг қудратли тахайюл олами ва тафаккур ёғдусида ўзининг равшан ифодасини топган ва инсоният тамаддунига муносиб ҳисса бўлиб қўшилган муштарак эзгу ғоялар ва олийжаноб фазилатлар бизнинг кунларимизда ҳам машҳур адиблар томонидан яратилган етук асарларда маҳорат билан куйланиб, муқаддас қадриятлар сифатида эъзозланмоқда.

Бу ўрнида Саъдийнинг баъзи бадхулқ кимсаларга хос номарғуб хислатлар билан боғлиқ бўлган бошқа бир ҳаётий сабоғини кўздан кечирайлик: шоир айрим салбий ҳарактерли шахслар табиатида чуқур илдиз отиб кетган иллатларни қоралар экан, улардан китобхонни шундай огоҳ этади:    

Нокас бо тарбият нашавад, эй ҳаким, кас,
Дар боғ лола руяд ва дар шўра хору хас. 

Яъни, эй оқил киши, одам зотига ёт махлуқфеъл нокасни (кас-форсча, киши) солиҳ инсон қиламан деб, беҳуда уриниб, азият чекма, чунки унумдор заминдаги боғда гулу лола яшнаганидек, янтоғу шўразорда фақат тиканак билан хас-хашак битади. Инсон тийнатининг мураккаблиги ва у азалдан шу феъл-атвори билан бир-биридан тубдан фарқ қилишини фалсафий теранлик билан ёритувчи бундай ҳаётий ва таъсирчан шеърий ҳикматлар Навоий ижодида алоҳида ўрин тутади. Бу ҳол, албатта, шоирнинг беқиёс бадиий- эстетик тафаккури, истеъдод йўналиши ва ёниқ қалб туғёни билан бирга у яшаган носоз замон ва мураккаб давр муҳити билан ҳам бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлаш лозим:

Нокасу ножинс авлодин киши бўлсун дебон, 
Чекма меҳнат, яхши бўлмас касофат олами –
Ким, кучук бирла хутукка қанча қилсанг тарбият,
Ит бўлур, эшак бўлур, бўлмаслар асло одами. 

Саъдий ва Навоийнинг ҳаёт ва табиат ҳақидаги шарқона тафаккури, миллий руҳ билан йўғрилган ижтимоий-эстетик ва ахлоқий қарашларининг уйғунлиги ҳамда уларга хос бўлган улуғвор мақсад ва ғоявий-бадиий ниятнинг халқона мажозий бир ифодаси ҳамдир. Шеърлар замиридаги ҳаётий тажриба-сабоқ, кучли мантиқ ва кескин ғоявий ҳамоҳанглик икки буюк мутафаккирнинг қатъий бир хулосаси, яъни разил ва тубан кимсалар хусусидаги чуқур фалсафий мушоҳадаси-нинг бадиий инъикоси сифатида инсон қалбини жунбушга келтиришини тасаввур қилиш қийин эмас. Айни пайтда, улар ижодида кенг ўрин тутувчи маърифат ва адолат, эзгулик ва саховат каби олийжаноб фазилатларни улуғлаш ва аксинча, жаҳолат, қабоҳат, ноҳақлик ва таъмагирлик сингари иллатлар инсониятга қанчалар катта зарар ва хавф туғдиришини чуқур бадиий таҳлил ва талқин асосида фош этиш маҳорати жаҳон адабиёти ва ижтимоий-танқидий тафаккур ривожига ҳам муносиб ҳисса бўлиб қўшилиши шубҳасиздир. Зотан,

Юз жафо қилса менга, бир қатла фарёд айламон,
Элга қилса бир жафо, юз қатла фарёд айларам,–

деган ҳаётий дастурига изчил амал қилган Навоий халққа ситам етказган золим ва разил ҳукмдорларга қарши ўзининг бутун ижоди ва ижтимоий-сиёсий фаолияти билан мардона курашганлиги ўзига хос бир жасорат тимсоли бўла олади. Шоирнинг замондоши машҳур муаррих Хондамирнинг “Макорим ул-ахлоқ” асарида баён қилинишича, Навоий подшоҳ Абусаиднинг адолатсизлиги халқнинг қаттиқ норозилиги ва арз-додига сабаб бўлганлигини фош этувчи бир воқеанинг шоҳиди бўлар экан, унга нисбатан кескин муносабати ва кўнглидаги нафратини Саъдийнинг қуйидаги ҳикмати билан ифодалашни лозим топади:

Гадоеки нон аз дари шоҳ жуст,
Ббоядки зи оби худаш даст шуст. 

Яъни: подшоҳ эшигидан нон умидвор бўлган гадо қўлини ювиб, қўлтиғига уриши, жонидан умидини узиши керак. Бадиий мукаммаллик намунаси бўлган бундай тагдор байтлар ва улар замирида акс этган ҳаётий муаммо-фожиалар, шубҳасиз, меҳнаткаш халқ дардига малҳам бўлишни ўзининг бош аъмоли деб билган Навоийни лоқайд қолдириши мумкин эмас эди. Профессор А.Ҳайитметов каби адабиётшунослар таъкидлаганидек, Саъдий асарларидан катта маънавий-руҳий озуқа олган ва бундай пурмаъно шеърларига алоҳида ҳурмат-назокат билан ёндошган Навоий ушбу анъанавий мавзуда ҳам ўзига хос масъулият ва журъат билан қалам тебратади. Замон талаб-эҳтиёжларидан келиб чиқиб, устозларининг шеърларини ҳам руҳан, ҳам маънан ижодий давом эттирар экан, гўё уларнинг ғоявий мазмун-кўламини янада кенгайтириб, таъсирчанлигини ҳам оширади; натижада, Саъдий мисраларига ҳамоҳанг қуйидаги залворли сатрлар, Шайхзода ибораси билан айтганда, ”жасур мазмунга эга” шеърлар вужудга келади. Энг муҳими, уларда кўплаб хунрезликларга сабаб бўлган золим ҳукмдорларнинг олчоқ табиати ва аждаҳо мисоли ёвуз қиёфасини яна ҳам кескин фош этиш билан бирга ўша қаттол замондаги оғир ижтимоий ҳаётнинг даҳшатли бир ҳақиқатини навоийона қатъият ва шижоат билан акс эттиришга муваффақ бўлади: 

Жаҳон ганжиға шоҳ эрур аждаҳо,
Ки ўтлар сочар қаҳр ҳангомида.
Анинг коми бирла тирилмоқ эрур –
Маош айламак аждаҳо комида.

Туркий тилимизда илк бор яратилиб, дунё адабиётининг юксак чўққиларини забт этган “Хамса” ва “Хазойин ул-маоний”дек буюк асарларнинг ғоявий-бадиий мазмун-мундарижасида муҳим ўрин тутувчи бундай назмий дурдоналар чуқур бир тарихий ҳақиқатни ифодалаши билан янада қимматлидир. Ўтмишда, хусусан, Навоий яшаган даврда туркий тилимиз ноҳақ камситилиб, “бу – нафосатдан йироқ, қашшоқ тил, унда гўзал, маънодор шеър-ғазал битиб бўлмайди” каби ғаразли, таҳқиромуз қарашлар анча кенг тарқалган эди. Навоийнинг мавлоно Лутфий ва Жомийдек тенгсиз устозларининг юксак эътирофу таҳсинларига сазовор бўлган ва ижод аҳлини ҳамиша ҳайратга солган мумтоз шеър-достонлари бу иддаоларнинг асоссизлигини ва ўзбек тилимизнинг нақадар бой, ифода имкониятлари чексиз ва сержило-оҳангдорлигини ҳам бадиий, ҳам илмий жиҳатдан исботлаб берганлиги, шубҳасиз, унинг чинакам ватанпарвар ва миллатпарвар ижодкор сифатидаги буюк хизматларидан бири эди. Зотан, Навоий ана шундай шарафли хизмати ва мислсиз фидоийлиги билан ҳам мангуликка дахлдор беназир сиймо эканлигидан халқимиз чексиз ғурурланади.

Кўринадики, Навоий ва Саъдий асарларидаги ғоявий ҳамоҳанглик, адабий жанрлар, образ ва талқинлардаги анъанавийлик ва муштараклик улар ижодиёти ва бадиий тафаккур оламининг муҳим бир қирраси сифатида намоён бўлади. Булар асло улуғ шоирлар истеъдодининг ўзига хослиги, мўъжизакор бадиий қудрати ва маҳоратини жўнлаштиришга ёхуд уларнинг бетакрор, беназир асарларига бирёқлама, юзаки ёндошиш ва баҳолашга асос бермайди. Бинобарин, Саъдий ва Навоий буюк мутафаккирлар сифатида ҳамиша кишилик жамияти тараққиётига муҳим хизат қиладиган ғояларни куйлаганлар ва на фақат ўз даврининг, балки бани башарнинг дард-ташвиши ва оғриқли ҳақиқатларини теран идрок этиб, уларни ҳаётий, таъсирчан образлар ва ғаройиб ташбеҳлар орқали санъаткорона ифода этганлар. Мана шундай фазилатлар уларни маънавий-руҳий, ғоявий-бадиий жиҳатдан бир-бирига яқинлаштиради ва улар ижодининг умуминсоний, байналмилал мазмун-моҳиятини янада чуқурлаштиради. Жаҳон адабиётида устувор аҳамият касб этаётган турли миллат, турли авлод ижодкорларига хос бўлган муштарак умуминсоний тафаккур, илҳомбахш ғоялар таъсири ва ҳаётий образлар заминида вужудга келган бундай самарали адабий-эстетик анъанавийлик ва бардавом маънавий-руҳий силсиланинг мустаҳкам олтин бир ҳалқасини, шубҳасиз, Саъдий ва Навоий ижодиёти ташкил этади. Бу эса улар истеъдоди, бадиий-эстетик олами ва ижодий анъаналарининг умумбашарий мазмун-миқёсидан ва жаҳоншумул аҳамиятга молик эканлигидан ёрқин далолатдир.

 Усмонжон Қосимов, филология фанлари номзоди, доцент

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон