Умарали Норматов. Бедорликда ўтган умр

Тақдир мени ХХ асрнинг бир қатор моҳир сўз усталари билан танишиш, мулоқотда бўлиш, ҳатто оға-ини, сафдош дўст, шогирд, улфат тутиниш бахтига муяссар этди. Илктанишувдаёқ мени ўзига ром этган адибларданбири,шубҳасиз, Саид Аҳмаддир. Аллоҳ унга узоқ умр берди, роппа-роса саксон етти ярим йил яшади, бинобарин, ўзи айтганидай, саксон етти қиш, ёзни кўрди, бирини йиғлаб,бирини илҳом тўла ижод билан ўтказди…

…Бир вақтлар ёзувчининг илк китоби “Тортиқ” ҳақида кескин танқидий мақола билан чиққан устоз Абдулла Қаҳҳор орадан чорак аср ўтиб шогирдининг “Уфқ” романини олқишлаб қарши олади. “Уфқ”қа бағишланган мақоласини “Илҳом ва жасорат самараси” деб атайди, ўзи ҳам илҳом ва шавқ ила тўлиб-тошиб дилидагиларни тўкиб солади: “Бу – соф ҳаёт, ёзувчининг қалбини ўртаган, ардоқлаган, унга илҳом берган ҳаёт тасвири, оғир, шу билан бирга, гўзал, мунгли ва шу билан бирга фараҳбахш, мусибатга тўла ва шу билан бирга одамга қувват берадиган умид, унинг бошини “тошдан” қиладиган ишонч барқ уриб турган ҳақиқий ҳаёт манзарасидир”.

Асарни адабий жамоатчилик ҳам илиққарши олди. Бундан илҳомланган адиб, трилогиянинг “Уфқ бўсағасида”, “Қирқ беш кун” китоблари устида илҳом билан ижодий ишларини давом эттирди. Ҳар уч китоб ХХ аср миёнасидаги миллат тарихининг ёрқин кўзгуси сифатида адабиётимиз тарихидан муносиб ўрин олди.

“Уфқ” устида иш олиб борган ўн беш йиллик давр Саид Аҳмад ҳаётининг энг тотли, шукуҳли йиллари бўлди. Умр йўлдоши Саида опа оилада адиб учун ҳамма шароитни яратиб берди, трилогиянинг “Қирқ беш кун” китоби Андижонда, Катта Фарғона канали бошланиш қисмига яқин боғҳовлида ёзилди. Асарнинг қўлдан чиққан ҳар бир саҳифаси, бобларини Саида опа кузатиб, ўқиб, адибга рағбат, мадад бериб борди.

“Уфқ”дан сўнг Саида опа тириклигида адиб ижодидаги яна бир чўққи – “Келинлар қўзғолони” дунёга келди. Бу асар ҳам адибга катта шуҳрат келтирди.

Афсус, шундан кейин орадан бир йил ўтиб, кутилмаганда Саида опа оламдан ўтди. Адиб кейинги ўттиз йиллик умрини Дўрмондаги боғ-ҳовлисида ўтказди. Тенгдош ижодкор дўстлари, садоқатли шогирдлари уни ёлғиз қолдирмасликка ҳаракат қилдилар. Салкам ўттиз йил давомида бу даргоҳдан дўсту қадрдонларнинг, шогирдларнинг қадами узилмади; бу масканда кечган мароқли “мажолис-ун нафоис”лар, ҳазил-мутойибалар тилларда достонга айланди.

Шахсан камина ҳам улардан баҳраманад бўлганлардан бириман. Ўша йиллари Саид Аҳмад ака юртимиз бўйлаб кетма-кет сафарларга чиқарди, фақат ўзи эмас, яқин дўст, шогирдларини ҳам ёнида бирга олиб юрарди.

Бир гал иккимиз суҳбатлашиб ўтирганимизда устоз бирдан сардафтарини – бошдан кечирган мусибатларини сўзлай кетди. Ўша пайтга қадар бунақасини эшитмаган эдим. Лол бўлиб қолдим. Шунча кўргиликларни бошдан кечириб, бу хилда қувноқ, шўх-шодон ҳолда юриш, ичакузди, хушчақчақ асарлар ёзиш… Бунинг боисини сўраганимда, у шундай жавоб қилганди: “Чамамда, мени айни шу нарса – ҳазил-мутойибага ўчлик, юмор ҳиссининг кучлилиги сақлаб қолди. “Яратганнинг ўзи дард-офат билан бирга унинг давосини ҳам беради”, дейишади-ку! Агар менда айни шу кулгига ўчлик бўлмаганида аллақачон кулфатлар қуюнида ғарқ бўлиб кетардим. Эҳтимол, шу ғам-кулфатларни унутиш учун ҳам хушчақчақ нарсалар ёзгим келгандир. Пайти келганда, айтиб ўтай, кулги орқали одам боласи ҳар қандай бало-қазолардан, ҳатто ўлимдан ҳам ғолиб келганлигига кўп бор иқрор бўлганман…”.

Устознинг мени лол қолдирган яна бир хислати – ундаги бедорлик эди. Сафарларда, ёз ойлари Дўрмондаги боғ-ҳовлисида кўп бора шоҳид бўлганман. Тунлари унинг мириқиб ухлаб ётганини деярли кўрмаганман. Ҳар гал бехос уйғониб кетганимда уни сигарет тутатиб, хаёл суриб ўтирган ҳолда кўрардим. Бир гал у “Сенлар маза қилиб уйқуни урдиларинг, шундай чиройли тунни бекор ўтказдиларинг, мен эса миямда битта чиройли ҳикояни пишириб қўйдим, қани энди шу дамда машинкам ёнимда бўлса, ярим соатда уни қоғозга туширардим”, деганди.

Бу хилдаги бедорлик устоз учун туғма хислатмикан? Қўрқув салтанати ваҳми, таҳлика авжига минган йилларнинг адиб шуури, руҳиятидаги асоратларимикан? Ёки ижодий ўй-мушоҳада, тасаввур учун берилган имкониятмикан?.. Барча тахминларда қандайдир даражада асос бор. Шуниси қизиқки, бошқалардан фарқли ўлароқ, устозда кун бўйи тунги бедорликнинг ҳеч қанақа салбий оқибати сезилмасди. Бутун ҳаёти давомида уни ҳазил-мутойиба, юмор туйғуси билан баробар айни шу бедорлик хислати бало-қазолардан асраб қолган, деб бемалол айтиш мумкин. Бир суҳбатда у: “Жуда кам ухлайман, доим тетик бўлишга ҳаракат қиламан”, деганди. Умрининг аксар қисми сафарларда, одамлар, дўстлари орасида, ижодкор устоз, тенгдош, шогирдлар даврасида ўтган, ҳамиша давраларга ўзгача руҳ, шавқ бағишлаган бу аллома айни шу жўшқин давраларда асарлари учун бой хазина йиққан, тунги бедорлик чоғлари эса улар кўнглидаСаидаҳмадона бадиий шакллар тусини олган, сўнг қоғозга тушган. Адиб асарларини ўқиганимда давраларда, қувноқ гурунгларда айтилган лутф, латифа, ҳазил-мутойибаларнинг акс садосини шундоққина кўриб, ҳис этиб тураман. Жумладан, адибга катта шуҳрат келтирган, миллий комедиямизнинг “Майсаранинг иши”, “Шоҳи сўзана”дан кейинги намунаси, дея эътироф этилган “Келинлар қўзғолони” ҳам айни шу тарзда қувноқ, жўшқин давраларда туғилиб, бедорликда шакл-шамойилини топган. Асардаги ўта халқчил, пишиқ-пухта бадиий ифоданинг, сеҳрли кулгининг бош омили, замини ана шунда.

Истиқлол йилларида адиб ижодининг яна янги қирралари намоён бўла бошлади. Истиқлолга эришганимизда устоз 72 ёшда эди. Кекса бўлишига қарамай, аввалги “қуш уйқуси”ни ҳам тарк этиб, бутунисича илҳом ва ижод оғушида яшади. Мана шу йиллари у кўпдан бери юраги дов бермай келган яқин кечмиш тарихимиздаги, ўз оилавий ва шахсий ҳаётидаги, Қодирий ибораси биланайтганда, “энг кирлик қора кунлар” фожиасини қаламга олишга чоғланди. Бирин-кетин “Сароб”, “Борса келмас дарвозаси”, “Тақдир, тақдир”, “Офтоб ойим” каби туркум ҳикоялари майдонга келди. Аммо уларни қоғозга тушириш осонликча кечгани йўқ. 2000 йил 5 май санаси билан “Халқ сўзи” газетасида эълон этилган каминага йўллаган хатида адиб бу туркум ҳикояларнинг яратилиш чоғидаги руҳий ҳолати, изтироблари хусусида шуларни ёзади:

“Азизим Умарали! Сиз ҳар кўришганимизда “Бошингиздан ўтган воқеаларни ёзинг!”, деб қистар эдингиз. Нима деб жавоб берганим эсингиздами?

У воқеаларни ёзмоқ учун хаёлан қамоқ лагерларига боришим, ўша азоб-уқубатларни қайтадан бошимдан кечиришим керак. Бунга энди юрагим бардош беролмас, дегандим.

Мана, “Борса келмас дарвозаси”га нуқта қўйдим. Ўрнимдан тураётганимда бошим айланиб ўтириб қолдим. Ичкари уйда телевизор кўриб ўтирган куёв ўғлим Маҳмуджонни чақирдим. У рангимни кўриб қўрқиб кетди. Шошиб томиримни ушлади. Ичкаридан аппарат олиб чиқиб, қон босимимни ўлчади: 200га 130.

Биламан, бу инсульт остонасидаги ҳолат.

Беш кун кечаю кундуз ухламай, ушбу хотирани ёздим. Гўё беш кун қайтадан қамалиб чиқдим.

“Сароб” деган ҳикоямни ўқигансиз. Унга ҳам нуқта қўйганимда шу аҳволга тушгандим. Ўшанда мени шу Маҳмуджон ўлимдан сақлаб қолганди. Кечаси соат учда неварам шаҳар уйимизга телефон қилиб, дадасига аҳволимни айтганида, у гўё Қибрайга учиб келган эди. “Тез ёрдам”ни чақириб, касалхонага оборган.

“Сароб”да ҳам лагерь, қамоқ воқеаларини ёзгандим. Юрак кўтаролмади. Шундоқ бўлишини билатуриб ёзган эдим. Қандоққора кунлар бошимизга тушганини биздан кейингилар билсин, деб ёздим.

Ўқиб кўринг, маъқул бўлса беҳад қувонардим.

Сизга самимий салом билан С.А.

2000 йил, 5 май”.

Ҳамдўстлик мамлакатлари халқлари, биринчи галда рус адабиётида лагерь ҳаёти тўғрисида жаҳонга машҳур асарлар бор. Ўзимизда ҳам айрим яхши роман ва қиссалар мавжуд. Уларда тоталитар режим ҳукмрон бўлган мамлакатни ГУЛАГ оролларига, бедаво “саратон корпуси”га қиёс қилишлар учрайди. Саид Аҳмаднинг бу мавзудаги ҳикоялари мавжуд асарлардан баралла ажралиб туради. Аввало, улар ўзбекона миллий руҳ билан йўғрилган, лагерь даҳшатлари ҳам ҳеч кимникига ўхшамайдиган Саид Аҳмадчасига ўзбекона бир нигоҳ билан идрок ва талқин этилади. Чунончи, “Борса келмас дарвозаси”га “халқ душмани” қизининг йиғлаб айтган қўшиғидан шундай сатрлар эпиграф – бош сўз қилиб келтирилган:

Бу ватан қандай ватандир, ҳар гўшасида турмалар,
Қўнгани бир ер тополмай осмонда йиғлар турналар…

Ватаннинг ўша йиллардаги манзарасини фақат Саид Аҳмадгина шу тарзда ўта миллий, жонли, бетакрор тарзда ифодалаши мумкин.

Ҳикоя яна ўша “халқ душмани” қизи куйлаган қўшиқдан олинган қуйидаги мисралар билан якунланади:

Сиз асир бўлган қафасни тишларим бирлан бузай,
Бузмасам маҳшар куни бағримни армон тирмалар.

Бу байт адибнинг ушбу туркум ҳикояларидаги бошқа бир ғоят муҳим жиҳатга ишорадир. Асарларда қаламга олинган ғам-ғуссага, мусибатларга тўла лавҳалар бағридан қандайдир одамга далда берадиган умид, унинг бошини “тошдан” қиладиган қудрат, зулматни ёритадиган сирли-сеҳрли нур барқ уриб туради.Энг муҳими, деярли ҳар бир ҳикояда ўзлигини, қалбидаги имон-эътиқод, она-юрт, ўзгаларга мурувват туйғусини йўқотмаган “боши тошдан” аломат матонатли инсонларга дуч келамиз. Жумладан, асарлардаги ҳикоячи – ровий (яъни муаллиф) образининг ўзи ана шундай сиймодир.

Адибнинг ХХ аср охирида чоп этилган “Йўқотганларим ва топганларим” китоби ҳам адабий-маданий ҳаётимизда муҳим ҳодиса бўлди. Ўз устозлари, тенгдошлари, издош-шогирдлари ҳақидаги эссе-бадиалардан иборат бу китоб ҳам адибнинг дилбар ҳикоялари, “Уфқ” трилогияси, қувноқҳажвия, комедиялари каби шавқ билан ўқилади, у аллақачон аср адабиётининг оғир ва шонли йўли, “ҳаётий лавҳалари”ни гавдалантирувчи жонли тарихи — ўқув қўлланмаси, деб тан олинган.

Бундай бетакрор китобни фақат қаламга олинган жамики ҳодисаларга жонли гувоҳ Саид Аҳмадгина ёзиши мумкин эди. Бу асар адибларимиз машъум замонларда қандай оғир шароит, вазиятларда яшаб ижод этгани, ўшандай замонларда ҳам ноёб бадиий дурдоналар яратишга эришгани тўғрисида ҳаққоний тасаввур беради. Китоб муаллифи улкан алломаларни қуруқҳимоя қилиш, нуқул улар шаънига ҳамду санолар ёғдириш йўлидан бормайди, уларни ҳаётда қандай бўлса, шундайича кўрсатади; шахсиятидаги, ижодидаги ожиз, зиддиятли ўринларни, уларнинг инжиқликларини ҳам рўй-рост айтади. Кези келганда, бу борада ўзини ҳам аямайди. Бу ҳол ўқувчига асло малол келмайди, аксинча, ўша улкан сиймоларга бизнинг ҳурмат-эҳтиромимизни янада оширади, уларни тўғри тушуниш, асарларидаги ожиз, зиддиятли жиҳатлар боисини англашга ундайди. Аслида адабиёт илмининг бош мақсади шу. Айни шу фазилати билан илмийликка асло даво қилмайдиган бу китоб баъзи саёз “соф” илмий тадқиқотлардан кўра илмийликка кўпроқ дахлдордир. Адибнинг “Киприкда қолган тонг” (2003), “Зилзила” (2005) китобларига кирган хотираларида ҳам шу руҳ давом эттирилди.

Шу тариқа истиқлол йилларида адиб ўзини чинакамига эркин ҳис этди, узоқ йиллар кўнглига бетиним ғулғула солиб келган “қўрқув салтанати” ваҳмларидан халос бўлиб, дилидаги оҳу зорларини тўкиб солишга эришди. Боз устига, адибнинг адабиёт, эл-юрт олдидаги хизматлари муносиб тақдирланди. “Буюк хизматлари учун” ордени, “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонлари билан мукофотланди.

Қисқаси, эл-юрт ардоғидаги бу суюкли адиб Аллоҳ инъом этган узоқ ва машаққатли ҳаёт йўлидан мудом бедорликда омон ўтди, жамики синовларга дош беролди. Яратган етук асарлари қаҳрамонлари каби ўзининг ибратли ҳаёти, беназир шахсияти, суҳбатлари билан ҳам халқимиз, адабиётимиз тарихи, замондошлари хотирасида ёрқин из қолдирди.

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 2010 йил 48-сонидан олинди.