Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг бир мисраси изидан
Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф тириклигида қандай бўлса, вафотидан кейин ҳам халқимизнинг қалб қўрида яшаяпти. Шоирнинг қуйма сатрлари шеърхонлар қалбига чуқур нақш бўлган, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Чунончи, “Ўзбекистон” шеъри, унинг биргина “Римни алишмасман бедапоянгга” деган мисрасини олайлик. Ҳурматли ўқувчи, мисра қатига яширинган маъно салмоғини ҳис қилишимиз, ундан завқ ва ифтихор туюшимиз учун, аввало, мисра конструкциясидаги “айбғина”ни қабул қилиб олишимиз, ундан ётсирамаслигимиз кераклигини айтмоқчиман. “Римни алишмасман бедапоянгга” мисрасида шоирга “тегишли бўлган мулк” Рим эмас, балки бедапоя. Шунинг учун ҳам тўғриси – “Бедапояни Римга алишмайман” бўлади. Шоир мисрада шу маънони кўзда тутган. Лекин шеър шундай бир алоҳида оламки, бу оламнинг ўз қонун-қоидалари бор бўлиб, гоҳида ҳаётий мантиқ билан зиддиятга ҳам киришиб туради. Худди шу мисрадаги каби. Шоир шеърдаги инверсия ҳодисасининг интизомига бўйсинади. Бўйсинишга мажбур бўлади. Инверсия (сўзларнинг ўрин алмашиши) шеърда алоҳида ўрин тутади. У шеърнинг ритмика, мантиқ ва урғусини белгилаб беради. Устига устак, қофия деган ўжар бадиий восита борки, натижада шоир айрим ғализликларга йўл қўйишдан шеърни қутқаролмай қолади: “Римни алишмасман бедапоянгга”. Бу мисранинг тўғри маъноси бағри кенг ўқувчи учун умумий матндан англашилиб тураверади. Шундай эмасми?.. Агар буни қабул қилган бўлсак, асосий гапимизга ўтсак ҳам бўлаверади…
Хуллас, бир неча йил муқаддам камина ёзувчи Асад Дилмурод ва шоир Икром Отамурод билан бирга водийга сафар қилган эдим. Шунда мезбонлик мақомидан фойдаланиб, Мингтепани ўзбекнинг бир шоирию бир носирига кўрсатган, кўҳна тепаликлар устига уларни таклиф қилгандим. Сўнг учовлон бир-биримизга ёрдам берган кўйи тепаликлардан бирининг устига кўтарилган эдик. Қаторлашиб турган ўнлаб тепаликлар ўртасида бедапоя ястаниб ётарди. Муҳаммад Юсуф жуда баланд пардаларда куйлаган ўша бедапоя! Хаёлимга бирдан шоирнинг ўша машҳур мисраси келди: «Римни алишмасман бедапоянгга!» Шеърни ўқиган, эшитган айрим одамларнинг хаёлидан: “Ола-а, Ватанни севиш ҳам эви билан-да! Ўзингникини улуғлайман деб ўзганикини ерга уриш яхшимас. Рим қайда-ю, сенинг бедапоянг қайда!” деган ўй кечиши мумкин ва бу табиий, албатта. (“Барча йўллар Римга олиб боради” деган қадимий гапнинг зимнида ҳам бу шаҳарнинг дунё тамаддуни тарихида нечоғлик юксак ўрин тутганлиги кўринади, ахир!) Ҳатто ҳозир сизга илиниб турганларимни устозимиз, профессор Умарали ака Норматовга айтиб берганимда, у киши ҳам “Шунга яқин ўйларни мен ҳам ўйлагандим, бахтни қарангки, шоир ошириб юбормаган экан”, дея шеърни илк бор ўқиганида кўнглидан кечганларини суҳбат асносида самимий эътироф этди. Хўш, гап нима ҳақида? Гап шоир тараннум этган ўша бедапоянинг оддий бедапоя эмаслигида! (Оддий бўлганда ҳам шоир уни Римга барибир алишмасди!) Балки бутун бошли хазина эканлигида! Хазина бўлганда ҳам ёши Римнинг ёшидан бир неча аср катта хазина! Демак, ҳаммасини бир бошдан сўзлаб беришим керак эканми? Унда эшитинг.
Яқинда Марҳаматдан Ортиқали ака Ҳусанов Тошкентга келди. У киши тумандаги “Турон” ўқув марказининг директори, юртимизнинг улкан қалбли зиёлиси, чинакам жонкуярларидан. У киши шарафли бир вазифани – қадим Мингтепа (ҳозирги Марҳамат)ни ўлкамизнинг зиёратгоҳларидан бирига айлантиришдек улкан режани амалга ошираётган фидойи инсонлардан вакил сифатида пойтахтга ташриф буюрган эди. Ортиқали ака “Диёр” телеканали орқали Мингтепада Ўзбекистон ва Хитой олимлари ҳамкорлигида олиб борилаётган археологик қазишмаларнинг дастлабки натижалари ҳақида сўзлаб, жумладан, шундай деди: “Марҳамат туманидаги Мингтепа археологик ёдгорлиги ҳақида бутун дунё қадимшунослари яхши биладилар. Чунки ушбу ёдгорлик қарийб икки ярим минг йиллик тарихга эга олис мозийдан гувоҳлик берувчи, ЮНЕСКО рўйхатига киритилган бебаҳо осори атиқадир”.
Гап шундаки, қазишмалар айнан Мингтепа (Марҳамат)да жойлашган ва Муҳаммад Юсуф куйлаган бедапоя ҳудудида амалга оширилаётган бўлиб, у ердан ковлаб олинаётган топилмалар милоддан олдинги V ва IV асрларга оидликдан бошланар экан (хитойликлар уни VI ва V асрларга тегишли дейишмоқда, дейди Ортиқали ака). Тарихдан маълумки, Рим маданияти Юнон маданиятидан кейин, Милоддан аввалги III ва II асрларда камол топа бошлаган. Бедапоя остида ноёб хазина янглиғ кўмилиб ётган шаҳар – Марҳамат – Мингтепа – Эршининг ёши Римникидан камида 100-200 йил, ҳатто янада улуғроқдир. (Чунки топилмаларнинг ёши 2500 йил бўлгандан кейин, уларнинг барпо бўлишига қадар қанча вақт ўтган экан? Ахир, ёнимиздаги Ўшнинг ёшини қирғиз биродарларимиз 3000 йил дея нишонлаганига неча йил бўлди. Қадим Мингтепа – Эрши катта шаҳар бўлиб донг таратган вақтларда Ўш унинг ёнида кичикроқ шаҳар бўлган деган тахминлар рост бўлса, Мингтепанинг ёшини неча йил деб белгилаш жасур олимларимизнинг ҳимматларига боғлиқ бўлиб қолади. Албатта, бу ерда асосий масала ҳиммат эмас, балки тарихий фактлар, далиллар ва исботлардир). Мингтепа ҳақида “Ўзбекистон-Хитой қўшма комплекс халқаро экспедицияси раҳбари, ЎзР ФА Археология институти бўлим мудири, тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев, Хитой томонидан экспедиция раҳбари, профессор Джу Янгши, Андижон ДУ катта ўқитувчиси А.Мирзаев, ЎзР ФА Археология институти илмий ходими Х.Ҳошимовлар қазишма натижаларида шундай ёзади: “Мингтепа шаҳар харобаси 200 гектар майдонни (ички ва ташқи шаҳарлар) эгаллаган бўлиб, Марказий Осиё антик даврининг (милоддан аввалги V – милоднинг IV-V асрлари) йирик ва муҳим археология ёдгорлигидир». Хўш, Мингтепанинг ўтмиши ҳақида нималарни биламиз? Олимлар айтадики, қадим хитой манбалари Мингтепанинг Довон ёки Даван давлатининг пойтахти бўлганидан гувоҳлик беради. Довон “коса” деган маънони билдирар экан. Қадимги туркийчадаги маъноси эса “жуда чиройли, хушманзара жой”дир. Бош шаҳрининг номи Эрши бўлиб, айрим олимларнинг уқтиришича, қадимги туркийда “эр” катта, “ши” тош, яъни “катта тош” деган маънони англатади. (Бошқа олимлар эса Эрши “Урашт” деган шаҳарнинг хитойча талаффузидан (транскрипциясидан) келиб чиққан деган версияни илгари суришади. Масалан: А. Н. Бернштам 1948 йилдаги “Аравон тоғи чизма тасвирлари ва Довон (Фағона) пойтахти Эрши” номли илмий мақоласида ёзади: “Китайская транскрипция Эрши, несомненно, вариант одного и того же названия – Урашт. …он может быть локализован только в определенном месте, т. е. отождествлен с Мархаматскими развалинами”…). Ҳатто Марҳаматдаги археологик қазишмаларга қадар Эршининг қаерда жойлашганига доир қарашлар турлича бўлган. Қазишмалар кўп нарсага ойдинлик киритиб бораяпти). Эрши Довон давлатининг пойтахти ҳисобланган. Мамлакат шу ердан туриб бошқарилган. Эрши (Мингтепа) қадимда мингга яқин тепаликлардан иборат бўлиб, ички шаҳар қалъаси деворидаги тепаликларга айланган 64 та минорадан ҳозирги кунда 52 таси сақланиб қолган. Бу жой ўз вақтида Марказий Осиёни Хитой билан боғлаган, 70 та шаҳару вилоятнинг ўзаро алоқасини таъминлаган Буюк ипак йўли устида жойлашган бўлиб, ҳунармандчилик ва тижорат гуллаб-яшнаган. Учқур отлар боқилган. Хитойликлар айнан шу самовий отларга ишқибоз бўлиб, юртга бостириб келишади (милоддан аввалги II асрда, аниқроғи, эрамиздан олдинги 104 ва 101 йилларда). Бу ҳақда Манноп Эгамбердиевнинг “Сариқ аждар ҳамласи” деган романи ҳам бор бўлиб, асар ўтган асрда чоп этилган, тарихий асарлар ихлосмандлари томонидан қизиқиш билан ўқилган эди. Романда аждодларимизнинг ташқи душманларга қарши мардонавор кураши акс эттирилган. Китоб яқинда икки жилдда (1- жилд 2013 йили “Таҳдид” ва 2-жилд 2016 йили “Қувилиш” номлари билан) тўлиқ қайта нашр этилди. Буларнинг ҳаммасидан шу нарса аён бўлаяптики, Мингтепа (ҳозирда Марҳамат, қадимда Эрши) гўзал Ўзбекистонимизнинг яна битта қадим маданият ўчоқларидан бири бўлиб, шу ерда туғилган шоир Муҳаммад Юсуф унга тегишли оддий бир бедапояни ҳам бежиз бунчалар улуғламаган, бу мавзуга бот-бот қайтиб, бошқа бир шеърида “Мингтепани атайлик ўз номи билан”, демаган экан. Чунки шу ном билан унинг қадим шуҳрати янада ўзига ярашиб тушади, миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Ахир, шоир қалби сезувчан келади. Таъбир жоиз бўлса, айтай: Гёте савқитабиий орқали Уран сайёрасини (“Даҳо истеъдодларни қўлидан ушлаб юрадиган нарса кўпинча – интуиция. Гёте интуиция орқали Уран сайёрасини айтиб берган. Фақат йигирма йилдан сўнггина бошқа математик олим буни исбот қилиб беради”, деган эди маърузаларидан бирида жаҳон адабиёти фани ўқитувчиси, устозимиз Талъат Солиҳов), улуғ бобомиз Алишер Навоийдек Шарқ мумтоз шоирлари учар гилам ёки ойнаи жаҳон тимсолида ҳозирги самолёт ва телевизорни олдиндан тахмин қилган деган қарашлар бор. Албатта, буларни айнан қабул қилмаслик лозим. Айни пайтда, ижодкор қалби ҳассос қалб, унга бепарво қараб ҳам бўлмайди. Адабиётшунос Раҳимжон Раҳмат шоирларни жамиятда тутган ўрнига кўра организмдаги асаб толаларига ўхшатади. Буларнинг ҳаммасида жон бор. Лекин ижодкорларни башоратчига тенглаштириш уларга туҳмат қилиш билан баробардир, деб биламан мен. Шоирлар (умуман, ижодкорлар!) ўз савқитабиийлари – интуицияларига (албатта, билганларидан келиб чиқиб!) таянган ҳолда у ёки бу масала ҳақида фикрлар баён қилади. Шу холос. Лекин шугинанинг ўзи жуда улкан ҳодиса. Зеро, ўта кучли интуиция ҳақиқатни тарихлар, ёлғонлар ва ҳатто бедапоялар аро бехато кўради, кўра олади.
Ҳозирда Мингтепанинг ўша бедапоясида Ўзбекистон ва Хитой олимлари томонидан олиб борилаётган археологик қазишмалар натижасида бутун бошли бир кўҳна шаҳарнинг излари топилмоқда, дейди Ортиқали ака. Яна айтадики, Ватанимиз тарихи учун, келажак авлод учун, халқимизнинг моддий ва маънавий даромад олиши учун бу кўҳна шаҳар ёдгорлигининг аҳамияти беқиёсдир. Халқимизни, айниқса, ёшларимизни ўтмишимизга ҳурмат, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, Ўзбекистонимизнинг миллий давлатчилик тарихини ўрганишга ва ёритишга муносиб ҳисса қўшиш, ўлкамизга сайёҳларни жалб этиш, вилоятда туризмни ривожлантириш орқали янги иш ўринларини яратиш учун инсоният тамаддунининг бешикларидан бири, қадимий Довон давлати пойтахти Эрши шаҳрининг қолдиғи – Мингтепа тарихий-меъморий ёдгорлигининг аҳамияти, уни бус-бутун сақлаш лозимлиги, иқтисодий ва ижтимоий самараси, маънавий ва маърифий роли тўғрисида алоҳида етказиш кераклиги ҳақида ўйласам, ҳали жуда катта ишлар олдида турганимизни англайман…
Дарҳақиқат, қўлга киритилаётган топилмалар орасида исломдан аввалги, масалан, тотемизм (чунончи, туркийларнинг бўри культи билан боғлиқ қатор топилмалар), зардуштийлик даврларига оид қимматли тарихий анжомлар ҳам борлиги кишини ҳайратлантиради. Ер остида 2400-2500 йилдан бери яширин ётган ушбу шаҳар, умид қиламизки, очиқ музей сифатида ва жаҳонга кўз-кўз этилади ҳамда ўзимиз фахр туядиган Бухоро, Самарқанд, Хива каби кўзмунчоқ шаҳарлардек эъзоз топадиган тарихий масканлардан бирига айлантирилади. “Римни алишмасман бедапоянгга…”. Ахир, бу бедапоя чинданам оддий бедапоя эмас экан, унинг остида шунча тарих, шунча хазина бор экан…
Айтилганлар бир мисра остида яширинган моддий хазина, тарихий обидалар ҳақидаги ҳикоямиз эди. Энди шеърнинг, ўша биргина мисранинг халқимиз маънавий хазинасига қўшаётган ҳиссаси ҳақида эшитинг: Муҳаммад Юсуфнинг 60 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётган кунларда мен кўплар қатори Навоий вилоятига сафарга отландим. Қор қаттиқ ёғиб, шаҳар соҳир бир сукунатга чўмган, ҳаво муздек, йўллар ҳам ойнадек ялтираб ётарди. Аэропортга етиб бориш учун такси чақиртирдим. Тонгги 6.00 да машина етиб келди. “Йўл бўлсин!” деди ёши 60 ларни қоралаган такси ҳайдовчиси. “Навоийга кетяпман”. “Иш биланми?” сўради у яна. Мен: “Муҳаммад Юсуфга бағишланган тадбирга боряпман. Танийсизми шундай шоирни?” деб, кўзимни ойнадан ташқаридаги манзарага олдим. Қаранг, шу гапни айтиб нодонлик қилиб қўйибман-да! “Фикри-ёди фақат уч-тўрт сўм пул топишдан иборат бу ҳайдовчи амаки шоирни қайдан билсин?” дегандек бепарво қарагандирман-да унга. Ҳайдовчи эса бу ўйларим учун менга яхшигина танбеҳ берди: кутилмаганда баланд, бас овоз билан: “Римни алишмасман бедапоянгга!” дея хитоб қилиб қолса бўладими! Сўнг: “Шоир шу биргина шеъри билан, шу биттагина мисраси билан ўзбек халқи қаддини қанчалик кўтариб қўйди-а! Бўлмаса, Рим қайда-ю, бедапоя қайда! Ҳатто ўша машҳур Римга битта бедапоянгни бермайман, деяпти, қаранг! Бошқа жойда эса “Парижнинг энг машҳур ресторанларин Битта тандирингга алишмасман мен”, дейди. Юртни севдириш мана шунақа бўпти. Баъзан катта-катта маблағлар сарфлаб ҳам одамларга Ватанни бунчалар севдира олмайсиз. Шоир эса оддий сўзлар билан Ватанни нималиги кўнглингизга осонгина жойлаб қўяди-я!” дея шеър ҳақида шундай жўяли мулоҳазалар айтдики, баъзида унвонли, мартабали адабиётшунос олимлардан ҳам бундай асосли, ҳалол таҳлилларни эшитмайсан, киши. Бу энди ўша биргина – “Римни алишмасман бедапоянгга” деган мисранинг халқимиз қалбида чинакам маънавий хазинага айланганлиги эди, ҳа!
Азиз ўқувчим, мақолани ўқиб бўлиб, менга қарата: “Ҳой, мунаққид, андек ошириб юбордингиз, чамаси! Шоир ўз Ватанини улуғлаш мақсадида муболаға санъатидан фойдаланяпти, холос. Унинг хаёлига сиз ҳозир достон қилган маънолар асло келмаган”, дейишингиз мумкин. Тўғри, бўлиши мумкин, тушунаман. Лекин сиз ҳам менга тушуниш кўзи билан боқинг-да энди! Ахир, мен ҳам ўша Мингтепанинг бир фарзандиман. Болалигимдан Мингтепанинг тарихи ҳақида кўплаб афсоналарни эшитиб катта бўлганман. Отам болалик чоғларида Марҳаматнинг марказидан то қишлоғимизга қадар пойи пиёда қайтар экан, йўл бўйи баланд-баланд тепаликлар орасидан келар эдик, дея ҳали-ҳалигача эслаб туради. Муҳаммад Юсуф эса ёш жиҳатидан мендан катта бўлгани боис, ажаб эмаски, кўпроқ ва хўпроқ эшитган чиқар (чунки унинг ёшлигида Мингтепа ҳақидаги ҳикояларни биладиган кексалар кўпроқ ҳаёт бўлган-да). Эшитганлари йиллар мобайнида унинг тафаккур ва ҳисларига, тафаккур ва ҳислари эса “Римни алишмасман бедапоянгга” деган мисраларга айланган бўлса, ажаб эмас. Натижада бу мисра оддий мисрага эмас, худди бағрида бутун бошли хазинани яширган ўша бебаҳо бедапоя янглиғ олтин мисрага айлангандир. Энди, тарих ва адабиётга шунча саёҳатдан кейин сиз ҳам мазкур биргина мисра зимнида ҳам моддий, ҳам маънавий бойлик ётганини инкор қилманг-да!.. Зеро, ҳақиқий санъат асари, унинг бир парчаси, ҳақиқий шеър, унинг ҳатто биттагина мисраси ҳам миллий ва умуминсоний мерос эканига шубҳа йўқ. Севимли ва, албатта, омадли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг биргина мисраси остидан мана шунча моддий ва маънавий хазиналар чиқиб қолди. Бу тасодифми ё бошқа нарса – ажрими ҳар кимнинг ўзига ҳавола…
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 4-сон