Сотимбой Турсунбоев. Табиат мўъжизаси (Лопе де Вега)

Лопе де Вега тириклигидаёқ афсонага айланган ижодкорлардан эди. Унинг ижоди шу қадар сермаҳсулки, бошқа бирон бир драматургни бу борада у билан тенглаштириб бўлмайди. Шоир замондошларининг гувоҳлигича, унинг 1800 та кўп пардали, 400 га яқин бир пардали пьесалари мавжуд бўлиб, ўз даврида “Театр санъатининг султони” сифатида тан олинган. Лопе де Веганинг инсон дарди, алами, орзу-истаклари мадҳ этилган ижоди испан уйғониш даври театрининг чўққисига айланди.

Лопе де Вега 1562 йилнинг 25 ноябрида Мадридда деҳқон оиласида туғилган. У тили чиқар-чиқмас шеърлар тўқиши, беш ёшида испанча, лотинчада ўқий олиши, нафосат оламига фавқулодда қизиқиши билан кўзга ташланган. “Илҳом париси Феб қистовида учи тўмтоқ ручкамда, сариқ тумшуқли жўжаларимга атаб пьесалар ёзганман”, деб эслайди у болалик чоғларини.

Лопе де Веганинг ёшлиги ғаройиб саргузаштларга бой бўлди. У театр раҳбарининг қизи Еленани севиб қолади, унга тегажоғлиқ қилгани учун оқсуяк йигитни дуэлга чақиради, қизни эса хиёнатда айблаб, аччиқ, заҳарханда шеърлар ёзиб масхара қилади. Шу қилмиши учун уни авахтага ташлайдилар ва охири Мадриддан қувғин қиладилар. Мазкур воқеадан сўнг ёш драматург Валенсия шаҳридан қўним топади. Илм-фан, санъат анча тараққий этган бу шаҳар адибнинг ижодий такомилида алоҳида аҳамият касб этади. “Анжеликанинг ҳусни-жамоли” номли достони айни шу шаҳарда яралади (1588 йил).

Мадридда эса Лопе де Вега ижодининг янги даври бошланади. У эришилган тажрибаларга суяниб шундай изланишлар қиладики, натижада шоирона руҳ билан йўғрилган инсонпарварлик ғояларига лиммо-лим чинакам миллий драматургия дунёга келади. Унинг фикрича, саҳнада акс этган инсон ҳаёти асл ҳолатини йўқотмаган ҳолда янги шоирона тус-тароват ила акс этиши керак. Унинг пьесаларини қаҳрамонлик драмалари ва комедияларга бўлиш мумкин. Уларда зодагонлар ва деҳқонлар образлари ор-номус ва ахлоқий комиллик нуқтаи назаридан идрок этилган. Номус масаласи асарларда инсоннинг шахсий фазилати, чин инсонийлиги мезони тарзидагина эмас, балки буткул асарнинг концептуал асосини белгиловчи ғоя тарзида намоён бўлади. Масалан, “Севилия юлдузи” драмасида қиролга содиқлик туйғуси билан ор-номус туйғуси қарама-қарши қўйилган. Унда ўз ҳирсини жиловлай олмай Эстерепя хонасига бостириб кирган ҳукмдорнинг халқ олдида шарманда қилиниши ҳамда ўз синглиси ор-номуси ҳимояси йўлида қиролга қарши кураша олган ака жасорати тасвирланади. Пировардида, қирол халқ олдида изза бўлиб, кечирим сўрашга мажбур бўлади.

Лопе де Вега асарларида шоҳ образи тез-тез учраб туради. Унинг замонида якка ҳокимлик шоҳ тимсолида мамлакатни бирлаштирувчи куч сифатида намоён бўлган. Ёзувчи шоҳни ахлоқий жиҳатдан танқид остига олса-да, уни инкор этиш тарафдори бўлмаган. “Қўзибулоқ” (“Фуэнте овехуна”) Лопе де Веганинг энг йирик ижтимоий драмаларидандир. Асар тарихий воқеа асосида яратилган бўлиб, унда Қўзибулоқ қишлоғи деҳқонларининг бошлиқ бебошлигига қарши исёни ва унинг ўлдирилиши ҳақида ҳикоя қилинади. Бу ерда ор номус ғояси ижтимоий эркинлик ғояси билан уйғун тарзда ифода этилган. Лопе де Вега унда инсон шаъни, виждони, эътиқод туйғусини ажойиб тарзда ифода этади. Асардаги сюжетга кўра, Лауренсия севгилиси Фрондосо тўйи чоғида зўрлик билан олиб кетилади. Ўзаро уюшмаган, пароканда деҳқонлар қаршилик кўрсатмайди. Бу – драматург ўзларини ҳимоя қила олмаган деҳқонларни виждон азобига рўбарў қилиб, ор-номус туйғуларини жунбишга келтирувчи ўзига хос ифода усули эди. Шу усул орқали учинчи пардада қонга ботган жабрдийда Лауренсиянинг халққа қарата айтган монологи улкан ижтимоий даъватга айланади. “Фуэнте овехуна” асари Ҳамза номли ўзбек давлат академик драма (хозирги Ўзбек Миллий академик драма) театрида С.Сиддиқ таржимасида 1931 (реж. О.Деветев) ва 1944 (реж. Ш.Қаюмов) йиллари саҳнага қўйилган. Асар кейинроқ Ҳамид Ғулом таржимасида нашр этилди.

Лопе де Вега асарларининг мавзу доираси ғоятда кенг. Пьесаларининг бир қисмини тарихий драмалар ташкил этади. Улар орасида қадимги Рим, Италия, Франция тарихига оид асарларни учратиш мумкин. Бу асарлар ижтимоий мазмуни билан эътиборли.

Драматургнинг бутун диққат эътибори ўз замини тасвирига қаратилган эди. “Рақс муаллими”, “Ўзига доно, ўзгаларга тентак”, “Валенсия беваси”, “Содда муғомбир маъшуқа”, “Кўза тутган қиз” каби пьесаларида уйғониш палласининг шукуҳи, манзараси кенг кўламда ифода этилган.

Ўзаро тенглик ғояси севги мавзусидаги асарларида ўз ифодасини топган. “Ит емас, отга бермас” комедиясида графиня Диана ўз хизматкори, қуйи табақадан чиққан Теодорони севиб қолади. Лекин олий табақали қизнинг оддий хизматкор билан никоҳга киришиши мумкин эмас. Диана табақа таомилига риоя қилишга қанчалик ҳаракат қилмасин, севги, кўнгил хоҳишига қарши боролмайди ва ўз хизматкорига турмушга чиқади. Диананинг ишқий шеърлар ўқиб, нозик имо-ишоралар, нозу карашмалар билан Теодорони ўзига ром этиши, кутилмаган мулоқотларда уни таъқиб қилиши бу югурук сюжетга яна ҳам жозиба бағишлайди. Шу енгил, шукуҳбахш ҳодиса остида инсоннинг ўз тақдирини ўзи белгилай олиши ғояси яққол аксини топади.

Гуманист Лопе де Веганинг инсон қадр-қиммати ва муҳаббат мавзусидаги комедияларида хотин-қизлар образлари феодал тутқинликдан қутилиб, ўз тақдирларининг чин эгалари бўлишга интилган аёллар тимсолида намоён бўлади.

Драматург “Бизнинг давримизда комедия ёзишнинг янги усули” рисоласида ўз ижоди табиатидан келиб чиқиб, испан драмасини мустақил ва эркин ижод маҳсули деб баҳолайди. Комедия инсон хулқ-атворини ифода этиб, ўткир мазмуни, киноя-қочиримлари билан кишида ҳис-ҳаяжон, ўй-фикр уйғотиши керак, дейди.

Лопе де Вега ижоди туб мазмун-моҳиятига кўра ўша даврда ҳукмрон услубга айланган классицизм поэтикасига зид равишда, жонли инсоний тимсоллар орқали ҳаётни кенг кўламда акс эттирувчи ижод намунасидир. Классицизм услуби трагедияни соф ифода этилиши, қаҳрамонларнинг юқори табақа вакилларидан танланишини талаб этади. Лопе де Вега асарларида эса фожеавий воқеалар атрофида кулгили ҳолатлар, эпизодлар ҳам учраб туради. Шунингдек, оддий деҳқонлар, ҳунармандлар қаторида аслзода зодагонлар образлари ҳам ёнма-ён гавдаланиши мумкин. Инсоннинг улуғворлиги, ор-номус ва маънавий етуклик – Лопе де Вега асарларининг энг муҳим жиҳатидир. Бу хусусият драматург ижодининг асосини ташкил қилади. Унинг ижодкор сифатидаги ноёб, мўъжизакор қудрати асарларида мужассам. Дарҳақиқат, Сервантеснинг уни “табиат мўъжизаси” деб атагани бежиз эмас.

Лопе де Вега 1635 йили ҳаётдан кўз юмди. Унинг кўпқиррали, сермазмун ижодий фаолияти, бой адабий мероси, шубҳасиз, умумжаҳон адабиёти ва санъатининг тарихий ривожланиш босқичларида муҳим аҳамият касб этди.

Сотимбой Турсунбоев,

санъатшунослик фанлари номзоди, профессор

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 11-сон