Сувон Мели. Меҳрни оламга ёйган шеър

“Сен етим эмассан” шеъри поэтикасига доир

Машҳур шеърлар нафақат ўзининг маъно-мазмуни, балки ёзилиш шакл-шамойили билан ҳам онгимизда муҳрланиб қолади. Санъатшуносликда визуал хотира деган тушунча борки, у онгимизда муҳрланиб қолган шаклнинг (бизда, шеърий шакл) проекецияси, акси, тасвирини англатади. Ушбу буюк шеърни одатланиб қолган шакл, айтайлик, шоирнинг машҳур шеърлари “Соғиниш” ёки “Вақт” каби ёйиб, текис ёзилган тарзда тасаввур қила олмаймиз. Чунки шеър 6 ва 5 ҳижоли қисқа мисралар, ўрни-ўрни билан Маяковский усулидаги зинапоя сатрлардан иборатки, улар онгимизда худди шу тарзда ўрнашиб қолган.

Шеърнинг номи “Сен етим эмассан” – ҳам хитоб, ҳам нидо бўлиб, шу гапнинг ўзиёқ магик қудратга эга. Маълумки, урушнинг дастлабки йилида немислар вақтинча босиб олган юртлардан минг-минглаб аҳоли, хусусан, ота-онасиз қолган болалар мамлакатнинг урушдан олис гўшаларига эвакуация қилинди, яъни кўчирилди. Улар, жумладан, Марказий Осиёдаги беш жумҳуриятдан бош­пана топдилар.

Шу ерда ҳақли икки савол туғилади.

1. Нега айнан ўзбек шоири шундай шеър ёзди?

2. Нега бу шеърни айнан Ғафур Ғулом ёзди?

Саволлар бир-бирига боғлиқ, бири умумий, иккинчиси хусусий. Биринчи ҳолда миллатнинг қалб-сажияси, ўзбекнинг мушфиқ қалби ҳақида гапиришга тўғри келади. Меҳмондўстлик, ҳамдардлик, мусофирга раҳм-шафқат – халқимизнинг қон-қонига сингган фазилатлардир. Иккинчи саволга келсак, Ғафур Ғулом шу халқнинг фарзанди. Унинг ич-ичидан чиққан дилбанди эди. Бунинг устига, у, шеърда айтилганидек, етим ўтганди. Ва Аллоҳ измида бўлган тақдир уни йигирманчи йиллардаёқ яна етимларга рўбарў қилди. Шоирнинг “Кечмиш ва кечирмишларимдан” деб номланган таржимаи ҳолида ёзилишича, “1923 йилларда Маориф комиссарлиги болалар боқимсизлиги билан кураш жамияти билан бирликда болалар уйи – интернатлар очишини менга топширди. Ўрдада “Урфон” ўрта мактабини ташкил қилишда иштирок этдим. Унинг ёнида 150 болалик интернат – боқимсиз болалар уйи ҳам очилди”. Ушбу даргоҳда ишлаш пайтида Шоир ўзининг илк шеъри “Феликс болалари”ни ёзди. У шундай бошланади:

Биз одам боласимиз,
Одамнинг донасимиз,
Биз ўсиб улғаямиз,
Олим бўлиш ғоямиз.

Бу етимнинг арз-доди, бир пайтнинг ўзида, фахр сўзлари эди. Бундан келажакдаги “Мен одам эдим-ку, инсон фарзанди” сатри ўсиб чиққан бўлса, ажабмас. Булар ташқи ҳаётий воқеалар, шеър яратилишида уларнинг таъсири шаксиз. Лекин энг муҳим омил бу – Ғафур Ғулом буюк қалб соҳиби эканида. Демак, Ғафур Ғуломнинг қалб-руҳонияти буюк шеърнинг шакл-шамойилини вужуд­га келтирган, унинг таъсир кучи ва магик қувватини тайин этган. Зеро, “Ҳақиқий шоирнинг қалб тузилиши тиниш белгиларидан тортиб ҳамма нарсада акс этади”, деб ёзган эди буюк рус шоири Александр Блок.

Шеър композицияси ва структураси (бу икки атама ўзаро яқин, фақат бири хусусий, иккинчиси умумий) мутлақо ўзига хос. У олти структур қисмдан иборат, уларни шеърда етти карра такрорланувчи поэтик формула –

Сен етим эмассан,
Тинчлан, жигарим.
Сен етим эмассан,
Ухла, жигарим.
Сен етим эмассан,
Менинг жигарим –

асар бадиий вужудини ажратиб, чегаралаб, бир пайтнинг ўзида, бирлаштириб, кавшарлаб туради. Айтилганидек, поэтик формула дастлаб “Тинчлан, жигарим”, ўрта қисмларда “Ухла, жигарим” (беш карра), охирда “Менинг жигарим” шаклини олади. Бундаги ўзгариш аниқ ­бадиий мантиққа эга. Ота-­онасиз қолган гўдакларни аввало тинч­лантирмоқ, шундан кейингина ором уйқусига чорламоқ мумкин эди. Асар сўнгида тўкиб солинган шунча меҳр-шафқат сўзларидан кейин улар – “етим эмас” гўдак­лар Шоир­нинг, Ўзбекистоннинг ўз фарзандига айланади. Улар энди “Менинг жигарим”дир.

Энди шеърдаги сюжет бекатлари – структур қисмлар ҳақида фикр юритсак.

Шундай қилиб, поэтик формула шеърни олти структур қисмга ажратади. “Сен етим эмассан, Тинч­лан, жигарим” деб бошланган шеър “Сен етим эмассан, Менинг жигарим” дея тугалланади. Яна қизиғи шундаки, шеърнинг барча ўрта қисмида поэтик формула икки жаб­ҳада ишлайди, яъни ҳам пастга, ҳам тепага бирдай хизмат қилади.

Биринчи структур қисм бегона жойга келиб қолган ота-онасиз гўдак­ларни тинчлантиришни мақсад қилади, бутун ифода кучи шу вазифага йўналтирилади: “Чўчима жигарим, Ўз уйингдасан” деганча шоир қисқа зинапоя мисраларни тизади. Ундан аввал “ота-онасиз қолган гўдак­ларга” ота-онанинг ўрнини босувчи нарса зарур эди, шу боис – “Қуёшдай меҳрибон Ватанинг – онанг” ва “Заминдай вазмину Меҳнаткаш, мушфиқ… Халқ бор – отанг бор” мисралари майдонга чиқади.

Биринчи структур қисм – текис ёзилган мисра – “Ва меҳнат нонини кўрамиз баҳам” билан якунланади. Шундан кейин янграган поэтик формула, юқорида айтилганидек, биринчи қисмга шуъла ташлаб, иккинчи структур қисмни бошлаб беради. Биринчи қисм зинапоялардаги қисқа сатр­лар билан ҳисоблаганда 17 мисра­дан иборат.

Иккинчи структур қисмда тазод усули давом этади. Болалар бошидан кечирган даҳшатли воқеалар тасвири ҳамда улар энди ортда қолганлиги ҳақидаги таскин мисралар –

Бу ерда музлаган
Аждар ҳалқумли
Ваҳшат тўпларининг
Қаҳқаҳаси йўқ –

ва шундан сўнг яна зинапоя усули қўлланади. Юқоридаги қисқа мис­ралар зинапояли узун мисралар билан алмашади. Шеърнинг визуал қиёфасида ўзгариш – ритмда кес­кин силкиниш содир бўлади:

Бу ерда –
одамзод шаклида юрган
лаънати девларнинг
Манфур, юқумли,
мараз намойиши
тополмас ҳуқуқ.

Бу шеърдаги нафрат туйғусининг биринчи портлаши, иккинчи портлаш бешинчи структур қисмда, Гитлер ҳақидаги кескир мисраларда янг­райдики, ўз ўрнида уни ҳам кўриб ўтамиз. Шундан сўнг яна сокин, таскин мисралар тизилади:

Улуғ жанг кунидир,
Жангки, беомон.
Лашкар деган ахир
Бехатар бўлмас
Отанг ўлган бўлса…

Шу ерда шеърда икки бора так­рорланувчи машҳур мисралар янг­райди:

Қайғирма, қўзим,
Кўзим усти
Миннатинг бошимга дурра.

Бу шоирга хос соф ғафурона мисралар бўлиб, уни мантиқ ва маъно жиҳатдан шарҳлаш қийин, балки самарасиз. Лекин унда меҳр-шафқат олий даражада ифода этилаётгани кўнгил кўзи билан сезилади – “Кўзим усти Миннатинг бошимга дурра”. Бошга дурра каби танғилган меҳр-шафқат. У қисм охиридаги “Кипригингга илинмас Йиғидан зарра” мисралари билан қофиявий муносабатга киришади: дурра – зарра. Бунда яна биринчи мисра якунидаги “қўзим” кейинги мисрадаги “кўзим” билан қофиядош­лиги ҳам тотли бир оҳанг ясайди.

Бу қисм ҳам зинапоя сатрлар ҳисоби билан 26 мисрадан иборат.

Учинчи структур қисм ретро, ортга, ўтмишга қайтиш тарзда битилган. У асар сюжетида вақтинча тўхташ бўлиб, Шоирнинг болалик етим ўтмишига бир саёҳат кабидир. 18 мисрадан ташкил топган мазкур қисм шеър таркибидаги мустақил асарга ўхшайди ва шу ҳолида шеър­даги асосий “воқеа”, урушнинг ота-онасиз қолган гўдаклари қалбига таскин малҳамини қўяди:

Ўнинчи йилларнинг
Саргардонлиги;
Иситма аралаш
Қўрқинч туш каби
Хаёл кўзгусидан
Ўчмайди сира.
Мен етим ўтганман,
Оҳ у етимлик…

Қизиғи шундаки, бу парчадаги “Мен етим ўтганман” мисраси илк вариантда “Мен етим ўсганман” бўлган экан. Бир ҳарф (“с” ўрнига “т”) ўзгариши билан маъно қандай кучайганига гувоҳ бўламиз шу ўринда. “Ўсганман” оддий ахборот, “ўтганман”да эса – ақл билан илғаб бўлмас маънолар тарами. Лирик чекиниш давом этади:

Вой бечора жоним,
Десам арзийди.
Бошимни силашга
Бир меҳрибон қўл,
Бир оғиз ширин сўз
Нондек арзанда.

“Нондек арзанда” ўхшатиши Ғафур Ғулом кашфиёти бўлиб, кейинчалик у бошқа асарларга, ўхшатиш ҳақидаги махсус луғатга “Нондай азиз, арзанда” тарзда кирган. “Нондай азиз” аввалдан маълум ва машҳур ибора, “нондай арзанда” эса охори тўкилмаган янги бадиий тасвир воситаси, яъни ўхшатишдир.

Қисм сўнгида бутун шеърнинг эмоционал чўққиси бўлмиш мисралар янграйди:

Мен одам эдим-ку,
Инсон фарзанди…

Бу сўзлардан барча етимларнинг аччиқ фарёди, алами кўзёш каби сизиб туради. Ғафур Ғуломнинг халафи, атоқли шоир Абдулла Орипов машҳур “Маломат тошлари” шеърида ушбу сўзларни келтириб, “Бу – етим Ғафурнинг маломат банди” деб ёзадики, биз бунда аламли мис­раларнинг янги маъно товланиш­ларига гувоҳ бўламиз.

Тўртинчи структур қисмга келибгина шеърдаги “воқеа” содир бўлиш жойи ва поэтик ровийнинг пайт-ҳолати аниқлашади. Шунда бот-бот такрорланаётган “ухла” сўзининг сабаби ҳам маълум бўлади. Яъни бу шоир, лирик субъектнинг етим болалар уйида, уларнинг ором олиш дамларидаги ҳолатидир:

Оталик ҳиссининг
Бебаҳо, лазиз
Тўлқинлари ичра
Ғарқ бўлиб кетиб,
Азиз бошинг устида
Телмурмакдаман.

Шундан сўнг шеърни ягона оҳанг ва маъно меҳварида тутиб турувчи такрор – “Сен етим эмассан, Ухла, жигарим” ҳам тўртинчи қисмни якунлайди, ҳам навбатдаги, бешинчи қисмга дебоча бўлади. Умуман олганда, поэтик формула ҳар бир структур қисмни чамбарак каби ҳалқага олиб, ўраб туради. Ушбу ҳалқа туфайли муаззам шеърнинг ритмик ва маъно аураси шаклланади, реал бадиий куч ва воқеликка айланади. Асар бадиий яхлитлик касб этади.

Бешинчи структур қисм ҳажман энг катта, 44 мисрадан иборат бўлиб, бутун шеърнинг чорагидан ортиғроғини ташкил қилади. Бу қисм ўз навбатида иккига, гўдак хаёлидаги “мурғак тасаввур”нинг шакл-шамойили, фожиалари очилиши (дастлабки 20 мисра) бўлса, кейинги 24 мисрада “ота-онасининг тайини ҳам йўқ… Гитлер оқпадар”нинг сатирик тавсифи ҳамда унинг муҳаққақ ҳалокати башорат қилинади. Эсдан чиқарманг, шеър урушнинг дастлабки йили, 1941 йилнинг декабрида ёзилмоқда, ҳали 45 йилнинг майигача анча муддат бор. Лекин ҳозирданоқ шоир “қонли интиқом” ҳақида бонг урмоқда.

Кейинги тасвир-ифодаларда Гитлер номи қайта тилга олинмайди, у оддий бир матоҳ, “мундир” даражасига туширилади. Бундаги уч қисқа мисрада немис диктаторининг қуйма сатирик портрети яратилади:

Бир қўнғиз мўйловли,
Бароқ соч малъун,
Жигарранг бир мундир
Истаги учун.

Худди шу ерда сатр оралатиб уч карра “Наҳотки” билан бошланадиган мисралар эмоционал портлашни ҳосил қилади:

Наҳотки еримиз
Чаппа айланиб,
Наҳотки дарёлар
Оқар тескари,
Наҳотки одамлар
Кезар дарбадар?..

Сўроқ ва таажжуб-шубҳа маъносини англатувчи “Наҳотки”лар ортида ва зимнида бу нарсалар ҳеч қачон бўлмайди, деган қатъий ишонч ётади. Мазкур парчада уч таянч тушунча – Ер, дарёлар ва одамлар – мавжуд. Ер ҳеч қачон чаппа айланмайди, дарёлар тескари оқмайди. Демак, тагматнда хулоса қилади шоир, одамлар ҳам дарбадар кезмайди. Борлиқдаги илоҳий интизомга қарши ким дахл қилса, уни бузмоқчи бўлса қасос, “қонли интиқом” муқаррардир. Шу боис ҳам “Ахир, жуда яқин қонли интиқом” мисраларидан кейин шеърда учинчи марта портлаш эффекти содир бўлади.

Шундан сўнг поэтик формула қисмни якунлайди ва бир пайтнинг ўзида, олтинчи структур қисмни бош­лаб беради. Қисм ҳажман каттагина бўлиб (35 мисра), фақат олдинги қисмдан қисқароқдир. Бунда асар сюжети тўртинчи қисм “воқеа­лари”га қайтади, яъни у “Азиз бошинг устида Телмурмакдаман”нинг бевосита давоми сифатида воқе бўлади:

Сен кулаётибсан,
Балки бу кулги
Сўнгги ойлар ичра
Биринчи чечак…
Ва бунда акс этар
Порлоқ келажак.

Яна Шоирнинг таржимаи ҳолига мурожаат қиламиз: “Бир куни болалар боғчасидаги етим болалардан 15тасини бизнинг интернатга ўтказдилар. Мен бу гўдаклар билан бирга тунаб қолдим. Кечаси ухламай, кузатувчилик қилиб чиқдим. Шу кеча ўз етимлигим, бошимдан кечирганларим ва шу етим болалар аҳволи… тўғрисида шеър ёздим”. Шеър яралиш жараёнида салкам йигирма йиллик хотиралар тикланади ва меҳр-шафқат инжа лирика билан уйғунлашган юқоридаги мисралар қоғозга тушади. Шундан сўнг тонг ҳақидаги зинапоя мисралар янграйди:

Тонг яқин,
тонг яқин,
оппоқ тонг яқин.

Мазкур уч мисра икки жабҳада ишлайди. Эсингизда бўлса, муаллиф шеърини “оталик ҳиссининг бебаҳо лазиз тўлқинлари ичра” тонг арафасида ёзмоқда эдики, бу энди ростакам тонгдир. Бошқа тарафдан “тонг” рамзий маъно касб этиб, келажакдаги муқаррар ғалабани башорат қилмоқда. Бу тонг субҳи козиб, ёлғончи тонг эмас, ҳақиқий тонг, яъни субҳи содиқ эди. Ҳам ҳаётда, ҳам рамзиётда.

Шеърнинг хулосавий бўлаги:

Улуғ оиланинг
гўдак фарзанди,
билиб қўй энди –

зинапоя мисралари билан бошланади.

Сиртдан оддий кўринган бу уч мисра­нинг сири, бадиий сеҳри нимада? Икки мисра бошида турган “улуғ” ва “гўдак” сўзлари зиддий маъновий алоқага киришмоқда, улуғ – катта, гўдак – кичик. Лекин улар бир тану бир жондир. “Фарзанди” кейинги мисрадаги “энди” билан қофиядошлик муносабатига киришмоқда. Бунинг устига, ушбу мурожаатдаги юқорида тўкиб солинган меҳрга зид туюладиган кес­кин оҳанг – “билиб қўй энди” иборага ўзига хос жозиба бахш этади.

Бундан кейин келадиган олти ­мисра муаззам шеърнинг чинакам апофеозидир. Апофеоз – бирор воқеа ё ҳодисанинг зўр тантана ва ҳашамат билан тугалланишини анг­латадики, ушбу мисралар айнан шундайдир:

Бутун ер юзини
Қилур мунаввар.
Ҳақорат емрилур,
Зулм янчилур,
Жаҳонда бўлурмиз
Озод, музаффар.

Шеър поэтик формуланинг ўзгача товланиши билан якунланади:

Сен етим эмассан,
Менинг жигарим!

Ҳар бир бадиий асар, хусусан, асл шеърнинг ўз сир-синоати, ўз сирли эшиги бўлади. Уни очиш учун ёлғиз ўзига мос келадиган калитни топиш лозимдир. “Сен етим эмасан” шеъри учун, шундай калит, назаримизда, унга нақорат бўлиб, бошлаб, якунлаб, барча туйғу ва фикрларни ўз меҳр қуршовида тутиб турган поэтик формула “Сен етим эмассан, Тинчлан (ухла, менинг) жигарим”дир. Ҳар бир янг­раши билан у асардаги сюжет бекатларини белгилайди, шу билан структура, шакл яратувчилик вазифасини бажаради. Янаям аниқроқ айтганда “Сен етим эмассан” сўзи ва номининг ўзиёқ асарнинг бутун борлиғини қисқа, лўнда ва ўктам тавсифлаб туради.

Минг афсуски, ҳаёт ва ўлим бор экан, етимлик абадий муаммо. Инсоният борки, етимлик мавжуд. Ушбу ғамғусор ҳолат шеърга мангулик бахш этади.

Муқаддас динимизда мазлумларга ҳамиша раҳм-шафқат қилинади. Етимлар – тақдир ҳукми билан ота-онасидан айрилган мазлумлардир. Қуръони каримда етимлар ҳақида қатор оятлар борки, шулардан бирида дейилади: “Етимларнинг мол-мулкларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар, албатта, қоринларида олов еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (“Нисо” сураси, 10-оят). Бу илоҳий каломнинг зимнидан келиб чиқадики, етимларга раҳм-шафқат, меҳр-мурувват кўрсатганлар энг улуғ ажр – жаннатга сазовор бўлгайлар. Боз устига, “Сен етим эмассан”дай шоҳона меҳрни оламга ёйган ҳам, ўқиб завқ олган, шеърдаги меҳрга ошно бўлиб, ўз ҳаётида амал қилганлар ҳам шундай ажрга муносибдирлар, иншооллоҳ!

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 2023 йил 17-сон