Султонмурод Олим. Мавлонолар мавлоноси

Ҳеч бир халқ ҳаётини миллий шеъриятисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шу эл вакиллари орасида ёд олиниб, мақол янглиғ машҳур бўлиб кетган байт ё мисралар бўлади. Лекин асли бошқа лисондаги бирор сатр ё қўшмисра ўзга тилда шуҳрат тутиб кетиши учун у, биринчидан, жуда кучли бадиий-ғоявий қувватга эга бўлиши, иккинчидан, камида ўша даражада ўгирилиши керак. Лермонтовнинг “Оқариб кўринар бир елкан”, Сергей Есениннинг “Шаҳинам, о, менинг Шаҳинам!”, Константин Симоновнинг “Мени кутгил ва мен қайтарман” каби мисралари бунга далил бўла олади.
Ўтган асрнинг 80-йилларида яна бир мисра жуда шуҳрат қозонди, шеър аҳли орасида ёд олинди ҳам. Бу Жалолиддин Румийнинг:
Кўзни юмгил, кўзга айлансин кўнгил! —
деган сатри эди. Уни рус адиби Радий Фиш “Ажойиб кишилар ҳаёти” рукни остида чоп этилган “Жалолиддин Румий” тарихий-биографик романининг «Қўрғон” деган бобига эпиграф тарзида келтирган эди.
Жамол Камол таржимасидаги бу асар ўша йиллари қўлма-қўл ўқилди, шу тариқа бояги мисра кенг ёйилди. Бугун адолат билан эсласак, мазкур таржима нашри миллий онг-тафаккуримиздаги катта бурилишларга туртки берган асарлар сирасига киради. Чунки, очиғини айтганда, роман оддий китобхонлар у ёқда турсин, ҳатто мумтоз адабиётимиз тарихи мутахассисларининг ҳам тасаввуф ҳақидаги қарашлари кескин ўзгаришига сабаб бўлган эди.
Ўрни келгани учун айтиб ўтиш керакки, агар бирон-бир нашриёт ҳозир шу таржимани қайта чоп этишга тутинса, кўп савоб иш бўлур эди. Чунки бугунги китобхоннинг бундай мавзуларга қизиқиши 20 йиллар бурунгидан чандон ортгани аниқ. Шундай экан, роман тезда тарқаб кетишига шубҳа йўқ.
«Мавлоно» сўзи — аслан арабча. Унинг ўзагида «соҳиб», «хўжайин», «ҳукмдор» («молик»), «йўлбошчи» («сарвар») маъноларидаги «мавло» калимаси мавжуд. Шунинг учун бу сўзни ҳар кимга нисбатан ишлатавериш мумкин бўлмаган. Буни ҳис этиш учун машҳур бир ривоятни эслаш ўринли кўринади.
Кимсан — Имом Абу Мансур Мотуридийнинг Самарқанддаги ҳовлиси. Дарвозани Бағдоддай муқаддас ердан улуғ шайх ва алломанинг шуҳратини эшитиб келган, башанг кийиниб олган, олифтанамо бир йигит тақиллатади. Ичкаридан ниҳоятда камтар, одмигина кийимдаги аллома чиқади. Салом-аликдан сўнг йигит билан ул зоти шариф ўртасида қуйидагича савол-жавоб бўлиб ўтади:
— Мавлоно қаердалар?
— Мавлоно — Тангри-ку!
— Хожа қанилар?
— Хожа — Муҳаммад Мустафо-ку!
— Абу Мансур қанилар?
— Абу Мансур фақирингиз каминаман…
Бу ривоят замирида, “мавлоно” сўзининг қадри баландлигини англатишдан ташқари ҳам, жуда нозик ва теран маънолар яширин.
Тарихимизда не-не зотлар ўтган бўлса ҳам, унча-мунча кишини «Мавлоно” дейишмаган. Бу сўз йирик олиму уламоларга ҳурмат рамзи янглиғ «устод» маъносида ишлатилган (масалан, “Мавлоно Лутфий”, “Мавлоно Муқимий” ва ҳоказо). Ҳозир ҳам тилимизда, асосан, шу маънода истифода этилади.
Жалолиддин Румийни замондошлари “Мавлоно” деб ҳурматлади. Бора-бора бу сўз унинг тахаллуси каби машҳур бўлиб кетди. XIII асрдан бошлаб адабиёт оламида «Мавлоно» ёки унинг бошқача шаклий кўриниши бўлмиш «Мавлавий» сўзи учраса, билингки, Жалолиддин Румий кўзда тутилган бўлади.
Хўш, бу зот, асли, ким? Балхлик Баҳоуддин Валаднинг ўғли. Балх — ҳозирги Афғонистоннинг Мозори шарифи яқинидаги қадим шаҳар. Термиздан олтмиш-етмиш чақирим нарироқда. Енгил машинада бир соатда етиб олса бўлади.
Баҳоуддин Валад даврининг машҳур мутасаввифларидан, мударрис ва воизларидан бири эди. Абу Бакр Сиддиқ авлодларидан.
Жалолиддиннинг онаси эса хоразмлик саййидалардан, яъни шажарада у Муҳаммад пайғамбарга боғланар, яна кимсан — хоразмшоҳнинг қизи эди.
Балхлик бўлгани, Хоразмга боғланиши жиҳатларини инобатга олсак, Мавлоно Жалолиддин Румий бизга чин юртдош эди. Бизни маҳаллийпарастликда айблашга шошилманг. Чунки дунё пайдо бўлибдики, элу элатлар улуғларни ўзларига яқин олиш билан оворадек…
Одамнинг буюклик даражасини унинг қанчалар асл хонадонда таваллуд топганига қараб аниқлаб бўлмайди. Аммо инсонни охирги манзилга кузатиш даражасига кўра, унинг кимлигини тасаввур этиш мумкин.
Радий Фишнинг «Жалолиддин Румий» романидаги аллома вафоти билан боғлиқ лавҳада шундай сўзлар битилган: «Турклар ва хуросонийлар, юнонлар ва арманлар, православлар ва яҳудийлар — ҳамма шоир билан видолашишга келган, ҳар ким ўз русумида алвидо айтарди».
Орада фақиҳлардан бири «амир ул­умаро» Муиниддин Парвонага: «Ўз шайхини дафн этаётган мўминлар ичра насроний ва яҳудийлар не қилур?» — деб, уларни ҳайдашни сўради. Бироқ бу бефойда эди. «Қуёш Ер юзини ёритганидек, Мавлоно ҳақиқат нури ила бутун башариятни мунаввар этмиш. Қуёш — ҳамманинг мулки!» — деди насронийлар руҳонийси. «Мавлоно — нон кабидирлар. Нон ҳаммага зарур. Амирим, очларнинг нондан юз ўгириб кетганини қайда кўргансиз?..» — деди яҳудийлар раввини…
Мавлоно — ана шундай умумбашарий зот.
Яна уч йилдан сўнг унинг таваллудига 800 йил тўлади. Мана, етти юзу ўттиз бир йилдирки, унинг қабридан одам аримайди. Ҳозирлар ҳар куни ўртача 15 — 20 минг киши зиёрат қилади. Улар Ер юзининг турли бурчакларидан келган, ҳар хил миллат, турли рангу рўй, ранг­баранг эътиқоддаги кишилар.
25 минг 700 байтдан иборат «Маснавийи маънавий» (бу ҳажман Навоийнинг «Хамса”сига тенг!), 2703 ғазалдан иборат «Девони Кабир» (бу Навоий “Хазойин ул-маоний”идаги ғазаллардан сал кўп), “Фиҳи мо фиҳи» (бу асар ўзбекчага “Ичингдаги ичингдадир” деб таржима қилинган, асли, “Ўзим ўзимдаман” дейилса, тўғрироқ бўларди) каби фалсафий, аниқроғи, ирфоний-тасаввуфий асарлар муаллифи шунча асрдан буён мўъжиз ижодий сир-синоати билан дунёдаги фалсафа, тасаввуф, адабиёт, санъат, илм, умуман, маънавият аҳлини оҳанрабодек ўзига тортиб келади. Саккиз асрки, у яратган буюк ижод намуналари шарҳланади, турли тилларга ўгирилади, улар таъсирида янги­янги асарлар яратилади.
Мустақиллик йилларида Румийга қизиқиш бирдан кучайди. Улуғбек Абдуваҳоб «Фиҳи мо фиҳи”ни ўгирди (1996), Асқар Маҳкам “Маснавийи маънавий”нинг дастлабки жилди бир қисмини шарҳлари билан таржима қилди (1999).
Ўзбекистон халқ шоири Жамол Камол олти китобдан иборат «Маснавийи маънавий”нинг тўлиқ таржимасини амалга оширди. Унинг тўрт жилди аллақачон ўқувчилар қўлига етиб борди. Бешинчи ва олтинчи китоблар ҳам нашрга тайёрлаб қўйилди. Шоир ва таржимон Жаъфар Муҳаммад барча жилдларни аслиятга қиёсан кўриб чиқиб, таҳрир қилганини ҳам алоҳида қайд этиб ўтиш керак.
Хўш, таржиманинг асосий хусусиятлари, ютуқлари нималардан иборат?
Аввало, шуни айтиш лозимки, аллома ҳақидаги роман таржимаси орқали китобхонларга Жалолиддин Румийни таништиришга мушарраф бўлган ижодкорнинг қалбида энди бу улуғ зот қаламига мансуб энг буюк асарнинг ўзини етказиш илинжи туғилмаслиги қийин эди.
Қолаверса, шу романни ўқимай, яъни Жалолиддин Румий ҳаёти ва фаолияти ҳақида етарли маълумот ё тасаввурга эга бўлмай туриб, «Маснавийи маънавий”ни тушуниш ва моҳиятига етиш жуда мушкул.
Яна бир жиҳат бор. XX — XXI асрлар таржимачилигимизда йирик асарларни ўз арузий вазнига солиб таржима қилиш тажрибаси йўқ даражада эди. Чунки аруз амалда шеъриятимизнинг асосий вазни ҳисобланмай қолганига анча бўлган. Ғазаллар, бошқа кичик жанрлардаги шеърлар бундан мустасно. Шу маънода, 25 минг 700 байтни айнан арузга — рамали мусаддаси ё маҳзуф вазнига, яъни «фоилотун фоилотун фоилун»га солиб таржима қилиш жуда катта ижодий жасорат ва жиддий бадиий уриниш саналади.
Арузда қалам тебратиш дегани — истанг-истаманг, мумтоз адабиётга яқинлашиш, ўтмиш сўз санъати хусусиятлари, тимсоллари, истилоҳлари, жамики нозикликларидан хабардор бўлиш дегани.
Бугун “Маснавий”нинг тўрт китобини варақлаб, “Қуръон”и карим оятларини бир сидра қайта ўқиб, мағзини чаққандек, ҳадисларнинг кўпини бир карра такрорлаб, моҳиятига теранроқ етгандек бўламиз. Чунки асар саҳифаларида дам ўтмай уларнинг шеърий-тасаввуфий талқинлари ё, камида, уларга нозик ишораларга дуч келаверамиз.
Асар бизни ислом маънавиятининг XIII аср ва унгача бўлган даврлар бой дунёсига олиб киради. Секин-аста миллий адабиётимизнинг энг юксак чўққиси ҳисобланмиш Алишер Навоий ижодиёти моҳиятини тушунишимиз ҳам бир қадар осонлаша боради. Чунки “Маснавий”ни ўқиган сари Румий ва Навоий ўртасидаги мустаҳкам ва чамбарчас боғлиқликни нозикроқ англай борамиз. Бу руҳу оҳангда ҳам, тарҳу талқинда ҳам, ҳаётга муносабату яшаш ақидасида ҳам, анъанавий қаҳрамонлару сайёр сюжетларда ҳам намоён бўлаверади.
Бинобарин, Алишер Навоий ижодидан бехабар ҳолда “Маснавий”ни бу руҳда таржима этиш имконсиз эди. Чунки ҳар қандай назмий таржима шу тилдаги шеърият тажрибалари ва имкониятлари доирасида, яъни миллий шеърий салоҳият майдонидагина яратилади. Дадил айтиш керакки, назарий жиҳатдан Навоийдек шоири бор халқ тилига ҳар қандай асарни ҳадди аълосига еткариб ўгириш мумкин. Гап фақат энди таржимоннинг шу мавжуд, яъни объектив имкониятлардан қай даражада фойдалана олишида.
Тарихий ва маънавий колоритни сақлаш мақсадида навоиёна оҳанглар қўллангани ҳам “Маснавийи маънавий” таржимасининг ютуғини таъминлаган. Масалан:

Офтоби маърифат ўчгайму ҳеч,
Ақлу жон осмонидин кўчгайму ҳеч?

ёки:

Қайга борсанг, манзилинг Машриқ бўлур,
Мағрибингга шарқлар ошиқ бўлур —

байтларидаги “ўчгайму”, “осмонидин”, “кўчгайму”, “бўлур” сўзларини бугунги тилимиз талаблари асосида «ўчарми”, “осмонидан”, “кўчарми», “бўлар” тарзида ишлатиш ҳам мумкин эди. Ҳатто, форсий “офтоби маърифат” изофасини соф ўзбекча қаратқич-қаралмиш билан “маърифат офтоби” тарзида қўлласа ҳам бўларди. Бироқ асарнинг маънавий ва тарихий руҳи айнан таржимон тутган йўлни талаб қилади.
Яна бир мисол. Таржимон олдида 25 минг 700 байт топиш (яъни 51 минг 400 мисра)ни ўзаро қофиялаш вазифаси турарди. Албатта, бир қисм байтлар таржимасида ўзбек тилида ҳам ўша маънода тушуниладиган қофиялар ишлатилган ва таржимон ўша оҳангдош сўзларнинг ўзини олиб қолиш йўлидан бориши мумкин. Бироқ бу қанча фоиз бўларди, дейсиз. Шубҳасиз, ўзбек тилидаги қофия имкониятларидан самарали фойдаланиш зарур эди. Кўплар қофияни тилдан излаш керак, деб ҳисоблайди. Мутлақ тўғри гап. Лекин сўз — тил ҳодисаси, қофия эса — адабиёт ҳодисаси-да. Шунинг учун амалда шоир ёки таржимон қофияни ҳам адабиётдан, яъни миллий сўз санъатидаги анъанадан излайди. Шу маънода таржимон қулоқлари остида табиий равишда Алишер Навоий қофиялари жаранглаб турган бўлса, не ажаб.
Навоийда энг кўп учрайдиган туркий қофиялардан бири — “иши” билан “киши”. Нега таржимон шундай “мўмай” имкониятни қўлдан бой бериши керак:

Ўйлаким, бозорга тушганда иши,
Мисни зар ўрнида кўргайму киши?

Бу ерда мисолларни қалаштириб ташлашга ҳожат йўқ.
Бир нарсага амин бўлиш керакки, таржимада шунга ўхшаш қулайликлар маҳорат билан ишга солинган.
“Маснавийи маънавий” — моҳият эътибори билан тасаввуфий, яъни ирфоний асар. Унинг таржимаси орқали миллий меросимиз бир буюк бадиий асаргагина бойиди, деб қарасак, хато қилган, яъни айни воқеанинг аҳамиятини камайтирган бўламиз. Чунки сўз санъатининг бу дурдонасини зўрлаб фақат бадиият майдонига жойлаб қўйишнинг сира иложи йўқ. У, ўз-ўзидан, маънавиятимиз, фалсафамиз, умумдунё қарашимизни, яъники ғоямиз, мафкурамизни янада мазмундорроқ қилади, кўламини кенгайтириб юборади.
Биз таржиманинг умумий, таъбир жоиз бўлса, ташқи хусусиятлари ва аҳамияти ҳақидагина тўхталдик, холос.
Энди ойдинлаштирилиши лозим бўлган бир муҳим масала бор. Бу — таржимоннинг ижодий қатъиятлари (принциплари), тутган муайян йўли, бир асарни иккинчи тилда қайта яратишнинг аниқ ва анъанавий муаммолари ечимида амал қилган тамойиллари, ўзига хос маҳорати, ўгириш жараёнида йўл қўйилган хато ва камчиликларини илмий адолат билан аниқлаб, кўрсатиш. Эҳтимол, ўшанда аслиятдаги арабий-форсий калималарни қўллашда бир оз суистеъмолга йўл қўйилгани, вазний сакталиклар йўқ эмаслиги янада ойдинлашар. Бу — бой ва катта тажрибага ўзбек таржимашунослигимизнинг навбатдаги долзарб вазифалари сирасига киради. Айни мавзу ўз тадқиқотчиларини кутмоқда.

Султонмурод Олим,
Таржимашунос
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 22-сонидан олинди.