Кўпмаънолилик Шарқ мумтоз шеъриятининг бош хусусиятларидан. Лирикадаги анъанавий тимсолларнинг деярли ҳаммаси мажозий маънога эга эканини, кўпчилиги ҳатто тасаввуфий истилоҳ даражасига кўтарилганини биламиз[1]. Лиро-эпик шеъриятда эса воқеа муаллиф учун кўпинча бир баҳона, мақсадни ифодалашнинг бир воситаси бўлган холос. Аслида эса воқеалар заминида шоирнинг ғоявий ниятлари ётган. Демак, воқеалар аксарият мажоз вазифасини ўтаган. Бу масалалар кенг ва муфассал таҳлил талаб қилади.
Абдураҳмон Жомий “Саломон ва Абсол” достонининг сўнгги бобига: “Ишорат ба он, ки мурод аз ин қисса нест, балки мақсад аз он маънии дигар аст (таъкид бизники – С.О.), ки баён карда хоҳад шуд”[2] (“Бундан мурод қисса эмас, балки қиссадан мақсад бошқа маъно эканига ишора ва унинг баёни”), – деб сарлавҳа қўйган. Бу билан асардаги воқеаларга, косанинг тагида нимкосаси бор, деб қаранг, демоқчи. Ҳазрат Алишер Навоий “Лайли ва Мажнун”нинг сўнгги бобида шундай дейди:
Ёзмоқта бу ишқи жовидона,
Мақсудум эмас эди фасона.
Мазмунига бўлди руҳ майли,
Афсона эди анинг туфайли.
Лекин чу рақамға келди мазмун,
Афсона анга либоси мавзун[3].
Бу ерда афсона асар учун бир баҳона экани, у мазмунга либоси мавзун бўлгани, мазмунни воқеалар заминида ётган руҳдан қидириш кераклиги айтиляпти.
Мумтоз адабиётда ишоравийлик, мажозийлик, рамзийлик, истиоравийлик Шарқ мумтоз шоирлари ижодининг муҳим хусусияти ҳисобланади. Шунинг учун ҳам шеърий асарларга махсус шарҳлар ёзиш адабиёт илмининг ўзига хос соҳаси сифатида ривож топган. Лекин буюк шоирлар асарларининг сермаънолилиги шу даражадаки, ҳеч бир шарҳ ундаги жами маъноларни тушунтириб бера олмайди. Аслида, бу барча буюк ижодкорлар асарларига хос белги. Бироқ Шарқда шеъриятнинг сержилою сермаънолилиги – унинг жаҳон адабиётидаги ўзига хослигини белгилайдиган даражада камол топган хусусият.
Навоий ижоди шундай бир улкан уммонки, у назарий муаммоларни тадқиқ этиш учун ниҳоятда бой ва ранг-баранг манба ҳисобланади[4]. Сўзларнинг сермаъно жилоларидан фойдаланиш жиҳатидан-ку, эҳтимол, бошқа бирон Шарқ мумтоз шоири ижоди бу қадар камолотга эришмагандир. Бу, албатта, исботталаб даъво. Бироқ биз бекорга бу эҳтимолимизни илгари сураётганимиз йўқ.
Б и р и н ч и а с о с шуки, Навоий ижоди ўзигача бўлган Шарқ шоирлари эришган ютуқларнинг уйғунлашган ҳосиласи (синтези) сифатида юзага келди. Шоир салафлари эришган юксак ижодий чўққиларни эгаллади ва шеъриятни янада баланд поғоналарга кўтарди. Унинг салафлари даҳосига сира-сира шубҳа билдирмаган ҳолда шуни айтиш керакки, бу буюк соҳиби қалам шеъриятни ўзигача ҳеч ким эришмаган чўққига олиб чиқди. Эркин Воҳидовнинг: “Баъзан менга Навоий байтлари инсон фикратида пайдо бўлган эмас, балки илоҳий қудрат томонидан яратилгандек туюлади”[5], – дегани ҳам бежиз эмас.
И к к и н ч и а с о с шуки, туркий тилда сўзнинг кўпмаънолилиги ва шаклдошлигига асосланган санъатлар учун табиий имконият бошқа тиллардагига нисбатан кўпроқ. Буни Навоий алоҳида таъкидлайди: “Яна шеърда барча табъ аҳли қошида равшан ва мажмуъ, фусахо оллида мубарҳандурки, тажнис ва ийҳом бағоят куллийдур. Ва бу фархунда иборат ва хужаста алфоз ва ишоратда форсийдин кўпрак тажнис омиз лафз ва ийҳом ангиз нукта борки, назмга мужиби зеб ва зийнат ва боиси такаллуф ва санъатдир”[6]. Англашиладики, полисемия ва омонимия жиҳатидан туркий тил айрича бир хусусиятга эга. Тажнисларга, яъни шаклдош сўзларни қофияга олишга асосланган туюқ жанри ҳам фақат туркий шеъриятда мавжудлигини эсга олайлик. Туркийда эса ҳалигача шеъриятни Навоий қадар юксакка олиб чиққан, сўзга унинг каби жило берган шоир йўқ.
У ч и н ч и а с о с шуки, Навоийнинг ўзи “Ғаройиб ус-сиғар” девонидан жой олган маснавийида Фирдавсийнинг “Шоҳнома”ни ўттиз йилда ёзгани ҳақида гапириб, шундай фахрия қилади:
Ани дерга бўлса қачон рағбатим,
Эрур онча ҳақ лутфидин қувватим,
Ки ҳар неча нутқ ўлса коҳил сарой,
Битигаймен ўттуз йилин ўттуз ой.
Агар хосса маъни гар ийҳом эрур,
Анинг кунда юз байти ҳалвом эрур[7].
Ана шу уч асосга кўра, Навоий ижодида юқорида саналган санъатлар салафлари ижодидагига қараганда кўпроқ ва хилма-хилроқ қўлланган, дедик.
Бу ўринда яна бир масала бор. Ана шу полисемия ва омонимияга асосланган санъатларни шоир атай қўллайдими ёки улар ижод жараёнида тасодифан икки ё кўп маъноли қилиб яратиладими? Аввало, ҳеч бир шоир фақат бирор санъатда намуна яратиш учун қўлига қалам ушламайди. Санъатлар шоир мақсади ва асарда баён қилинмоқчи бўлган мазмунни юзага чиқариш учун восита вазифасини ўтайди. Лекин адабиёт, айниқса, шеъриятда фикрни қандай ифодалашнинг аҳамияти – ниҳоятда катта. Шу маънода шоир ифодани ўйламаслиги мумкин эмас.
Муаллиф кўпинча жумлани атай ийҳомбоп қилиб, яъни сўзнинг бир неча маъноси юзага чиқишига имкон яратиб тузади. Масалан, “Фарҳод ва Ширин”даги:
Деди бедилки: “От аҳли эмасмен,
Отим тутмоққа доғи арзимасмен…”[8] –
байтида Хусрав тарафидан келган вакил Фарҳоднинг отини сўрайди. Қўшмисра – Фарҳоднинг шунга жавоби. От аҳли эса – номи улуғ кишилар дегани. Отим тутмоққа деганда, албатта, отимни тилга олишга деган маъно ифодаланган. Лекин бу – биринчи маъно. Отимни биров тутиб юришига арзимайман деган маъно ҳам яширинган бу мисрада. Бунга от аҳлининг отини биров тутиб юриши одати борлиги асос беради. Ундан ташқари, шоир биринчи маънони отим айтмоққа деб ишлатиши ҳам мумкин эди, лекин иккинчи маънони ҳам яшириш учун у атайлаб отим тутмоққа дейди. Шу тариқа отим сўзи ҳам, тутмоққа калимаси ҳам иккитадан маъно англатиб келади.
Демак, муаллиф ҳар бир санъатни махсус, яъни санъат санъат учун қабилида яратмаган бўлса ҳам, матнда имкони бўлган ўринларда айни сўзни икки ё ундан ортиқ маънода қўллаш йўлларини излагани аниқ. Айниқса, ийҳомда шоирнинг махсус ҳаракати кўпроқ сезилади. Бироқ шеърхонни ижодий жараён эмас, балки унинг маҳсули қизиқтиради. Шоир бадиий санъатни атай қўлладими, у ижодий жараённинг табиий, ҳаттоки тасодифий маҳсули сифатида яратилдими, барибир, ўқувчи қоғозга тушган сўзлар замирида англашиладиган маънолардан баҳра олаверади. Бироқ шарқона санъаткорликнинг бу назокат сирларидан воқиф бўлиш қалам соҳибидан алоҳида малака талаб қилади, В. Раҳмонов ёзганидек: “Чунки ийҳом мушоҳадаси чуқур ва кенг ўқувчиларга мўлжалланади”[9]. Аксарият ийҳому шунга яқин санъатлар эса чинакам илҳом меваси, жўшқин ижодий жараённинг табиий маҳсули сифатида оқиб келади. Улар назарияда, яъни илмда бир-биридан ажратилиб, тасниф қилиниб ўрганилади. Аслида эса уларнинг бари асарда уйғун бир бадиият тизимининг ичида, унинг узвий қисми тарзида намоён бўлади.
Юқорида айтилган мулоҳазаларга кўра, сўзнинг бир матнда кўп маъно ифодалаб келишига асосланган санъатлар хусусиятларини ўрганиш учун нега айнан Алишер Навоий ижоди асос қилиб олинганини алоҳида изоҳлашга ҳожат бўлмаса керак. Бироқ Навоий ижодиёти шу қадар кенг уммонки, бу шоир асарларида шу типдаги санъатларнинг қўлланишини тадқиқ этишнинг ўзи ҳам бир неча илмий асарга мавзу бўлгудек. Шунинг учун биз унинг биргина асари – “Хамса”нинг иккинчи достони бўлган “Фарҳод ва Ширин”гагина таяндик. Шунинг ҳам фақат дастлабки бобларидан мисол изладик. Шунинг ўзи ҳам бундай санъатларни умумий маънода асарда тутган ўрнидан келиб чиқиб кузатиш имконини беради.
“Фарҳод ва Ширин” 11 минг 564 мисрадан иборат. У шоир шеърий меросининг ўртача ўндан бирини ташкил этади ва бу муаллиф бадиий маҳорати ҳақида фикр юритиш учун асос бўладиган каттагина манбадир. Ҳамид Олимжон таъкидлаганидек, бу асар: “Навоий… достонларининг энг зўридир”[10].
Таржимашуносликка оид тадқиқотлар бадиий баркамол асарлар юзасидан олиб борилганда кўпроқ самара бериши исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Н. Комилов билан Т. Қаҳҳоров ёзганидек: “Шоҳ асарлар таржимаси адабий тил учун синовдир”[11]. Тилимиз имкониятларидан фойдаланиб яратилган бундай бадиий санъатлар жозибасини ўзга лисонда акс эттириш, қайта яратиш ва табдил этиш масаласи ўрганилгудек бўлса, бир асарнинг бир неча тилга ўтказилган нусхаларини қиёслаган маъқул. Навоийнинг бир неча тилга ўгирилган достони эса – айнан “Фарҳод ва Ширин”. Шоирнинг бошқа бирон достони тўрт-беш тилда нашр этилган эмас.
Келажакда адабий жараён ва бадиий таржима муаммоси ўрганиладиган бўлса, шу нарсани унутмаслик керакки, таржимани адабий ва лисоний анъаналарнинг таъсиридан айри тасаввур қилиш мушкул.
Кузатишларимизга таяниб айтиш мумкинки, “Фарҳод ва Ширин” сўзнинг бир матнда кўп маъно англатиб келишига асосланган санъатларни қўллаш жиҳатидан Навоийнинг бошқа барча достонларидан ажралиб туради. Албатта, бошқа достонларни ана шу масала нуқтаи назаридан синчиклаб кузатмасдан туриб бундай хулосага келиш қийиндек туюлади. Шунга қарамай, “Фарҳод ва Ширин”да бу санъатлар шу даражада кўп ва ранг-баранг истифода этилганки, бошқа достонларни изчил ўрганмай туриб ҳам юқоридаги хулосани айтиш мумкин.
“Фарҳод ва Ширин”да сўзнинг бир матнда кўп маъно англатиб келишига асосланган қанча санъат борлигини аниқлаш достонда қанча радиф[12], ҳожиб, тажнис каби лафзий ёки истиора, ташбеҳ каби маънавий санъат қўлланганини белгилашдек осон иш эмас. Яъни сўзнинг кўпмаънолилигига асосланган санъатларнинг сони ҳақида кескин бир фикр айтиш анча мураккаб. Сабаби мазкур санъатлар ўқувчидан, зийраклик, зеҳн, бунинг устига, пухта назарий тайёргарлик ва малака талаб қилади. Шунда ҳам қай бир ўринда санъатни сезмай кетиш ҳеч гап эмас. Ёки асоссиз равишда қайси бир сўзда ийҳом ё шунга ўхшаш санъат бор деб гумон қилиш хавфи ҳам йўқ эмас. Чунки Навоийда сўзни истиоравий, яъни кўчма ёки мажозий маънода қўллаш шу қадар кучлики, бу ўқувчини жуда кўп калималардан бир неча маъно излашга ундайверади. Ана шу жиҳатларига кўра, бундай санъатларнинг бир йирик шеърий асардаги миқдорини билдирадиган ҳар қандай рақамда нисбийлик бўлади.
Ҳар қанча нисбий бўлса ҳам, биз “Фарҳод ва Ширин”нинг 80 дан зиёд ўрнида сўзнинг матнда кўп маъно англатиб келишига асосланган санъат мавжудлигини аниқладик. Бу – жуда катта гап. Шу кўрсаткичнинг ўзи бу турдаги санъатлар достонда қўлланган бадиий тасвир ва ифода воситаларининг асосийларидан эканини кўрсатади. Бу Навоийнинг сўзни кўп маънода қўллашдаги туркий тил имкониятлари ва ийҳом яратишдаги шоирлик қудрати ҳақида ўзи айтган гаплари бежиз эмаслигидан далолат беради. Эҳтимолки, Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий “Хамса”лари, Абдураҳмон Жомий “Ҳафт авранг”идаги бирор достонда ийҳомангиз санъатлар Навоий “Фарҳод ва Ширин”и даражасида кўп ва хўб ишлатилмагандир. Келажакда илм бу эҳтимолларимизга аниқликлар киритар, деб умид қиламиз.
“Фарҳод ва Ширин”даги сўзнинг матнда кўп маъно англатиб келишига асосланган санъатларни биринчи бўлиб кузатган, уларнинг айримларини изоҳлаган олим – Садриддин Айний. У 1940 йили “Хамса”нинг қисқартирилган нусхасини нашрга тайёрлаб, чоп эттирди[13]. Бу нашрда энг кўп диққат қилинган достон – “Фарҳод ва Ширин”. Биринчидан, у бошқа достонларга нисбатан энг кам қисқартирилган. Иккинчидан, китобдаги жами 387 саҳифаости изоҳ ва шарҳнинг қарийб ярми – 187 таси айнан “Фарҳод ва Ширин”ни тушунтириш учун хизмат қилдирилган. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, изоҳ ва шарҳларнинг асосий қисми бадиий санъатларни қайд этиш ва уни китобхонга тушунтиришга бағишланган.
Санъатлар ичида энг кўп изоҳлангани – истиора. Сон жиҳатидан сўзнинг бир матнда бирдан ортиқ маъно англатиб келишига асосланган ийҳом ва шунга ўхшаш санъатлар иккинчи ва тажнис учинчи ўринда туради. Шу жумладан, Садриддин Айний ийҳомангиз санъатларнинг достонда айрича бир маҳорат билан қўлланганини сезган, изоҳ ва шарҳлашда эса уларга истиорадан кейинги эътиборли бадиий ҳодиса сифатида қараган. Қадимги Шарқ шарҳнавислиги анъанаси услубидаги бу ҳошия қайдларининг филологик аҳамияти ниҳоятда катта. Негаки навоийшуносликнинг биринчи вазифаси ҳозиргача ҳам шоир асарлари матнини тўғри ўқиб, тўғри тушуниб, тўғри талқин этишдан иборат.
Шу ўринда чехословакиялик таржимашунос Антон Поповичнинг Данте Алигьери ҳақидаги мана бу сўзларини Навоий ижоди мисолида ҳам айтиш мумкин: “Шу нарса мутлақ табиийки, Данте – ярим тушунарли, ярим тушунарсиз бир ижодкор – аввал-бошданоқ шарҳга муҳтож эди ва ҳозиргача ҳам муҳтож”[14].
Алишер Навоий асарлари 15 жилдлигининг 7-жилдини ташкил этган “Фарҳод ва Ширин”ни зукко матншунос Порсо Шамсиев нашрга тайёрлаган. Бу китобда 252 та изоҳ келтирилади. Уларнинг айримлари, чиндан ҳам, бадиий санъатларни тушунтиришга бағишланган. Улар орасида ийҳомлар ҳам бор[15]. Шунингдек, С. Эркиновнинг “Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”и ва унинг қиёсий таҳлили” монографияси “Навоий маҳоратининг лиро-эпик жилоси” бобида, бошқа санъатлар қатори, ийҳомлар ҳам қисман кўриб ўтилган[16].
Шуларга қарамасдан, достондаги сўзнинг матнда бирдан ортиқ маъно англатиб келишига асосланган санъатларни ўрганиш шу пайтгача бирор жиддий тадқиқотнинг мавзуи бўлган эмас эди. Бундай санъатларни умумасар миқёсида ўрганиш жараёнида шуни эсда тутиш керакки, ҳатто ийҳомангиз санъатлар достоннинг қайси бобида келганининг ҳам аҳамияти бор. Сабаби – “Фарҳод ва Ширин”нинг шўро даврида амалга оширилган оммавий деб чиқарилган бир неча нашрида дастлабки кириш боблар (ҳамду санолар), асарнинг якунланмасидаги сюжет билан у қадар алоқадор эмас деб ҳисобланган боблар йўқ. Ўзи достон ҳозирча бирон тилга тўлиқ таржима қилинган эмас. Русча, украинча, тожикча, озарбойжонча таржималар ана шу оммавий нашрлардан амалга оширилгани учун уларда шу боблар тушиб қолган. Биз шўро даврида, Навоийни бошқа тилларда ҳам аслида қандай бўлса, шундай тақдим этишимиз шарт, деган тушунчага кела олганимизча йўқ эди. Ҳукмрон мафкура бунга йўл бермаган. Чунки у даврда бизда ҳали, Навоий асарларини ўзбек тилида тўла ҳолида нашр этишдан бошқа йўл йўқ, деган тушунчанинг ўзи ҳам мавжуд эмас эди-да.
Бу мулоҳазаларни бекорга келтираётганимиз йўқ. Биз атайлабдан достоннинг ана ўша оммавий нашрларда қисқариб кетган дастлабки бобларида учраган сўзнинг кўпмаънолилиги ва шаклдошлигига асосланган санъатларни таҳлил этяпмиз. Шу нарса ойдинлашдики, воқеалар баёни бирламчи бўлган асосий бобларга нисбатан диний-фалсафий, маънавий-ахлоқий мулоҳаза-мушоҳадаларга бой бўлган бу бобларда ийҳомангиз санъатлар кўп қўлланган.
Биз ана шу дастлабки бобларда ишлатилган энг муҳим ийҳомангиз санъатлардан айрим намуналарни кўриб ўтамиз.
Қушининг нағмаси ҳижрон суруди,
Оқарсув барча сайли ашк руди[17].
Иккинчи мисранинг ошкора маъноси: “Оқар сув барча кўз ёшлари селининг ариғи”. Сатрда яна: “Оқар сув барча кўз ёшлари селининг руди”, – деган маъно ҳам яширинган. Рудни энди ариқ маъносида эмас, мусиқий соз маъносида тушунамиз. Бунга биринчи мисрадаги нағма ва суруд тушунчалари ёрдам беради.
Недин ошиқни ўртар шайни маъшуқ,
Чу ошиқ мунда келди айни маъшуқ.
Мазмуни: “Нега ошиқни маъшуқ доғи ўртайди, (ахир) ошиқ бу ерда айни маъшуқ бўлди-ку”. Бу билан шоир икки нарсага ишора қиляпти:
а) ф а л с а ф и й маънода, Худо – маъшуқ, инсон – унга ошиқ, ишқи ҳақиқийда шундай, лекин ишқи мажозий, яъни инсоний ишқда эса ошиқни биров севиши билан у ҳам худди маъшуқнинг ўзи каби бўлади-қолади;
б) в о қ е и й маънода, Фарҳод – ошиқ, Ширин – маъшуқа, аммо Ширин ҳам Фарҳодга ишқ қўйгач, Фарҳод ҳам маъшуққа айланди-қолди.
Бу фикрларни навбатдаги байт ҳам тасдиқлайди.
Байтдаги бу фикрларнинг бари – байтдаги ошкора маънонинг жилолари холос. Қўшмисрада яна пинҳона маъно ҳам бор: “Нега ошиқни маъшуқа доғи ўртар экан, ахир, маъшуқа ҳам ошиқдек бу ёққа (ошиқ олдига) келди-ку!” Ошкора маънода биринчи мисрадаги ошиқ иккинчи мисрадаги маъшуққа, биринчи мисрадаги маъшуқ иккинчи мисрада ошиққа айланади. Кейинги – пинҳона маънода эса иккала мисрадаги ошиқ ҳам ошиқни, иккала мисрадаги маъшуқ ҳам маъшуқни англатяпти.
Икиси балки айни ишқ: фафҳам!
Тугонди борча сўз: валлоҳу аълам!
Бу байтнинг биринчи маъноси: “Иккиси бир ишққа айланди, тушунгилки, барча сўз тугади: яна худо билимдонроқ”. Иккинчи маъно эса сўз калимасининг форсийдаги маъносига асосланади: “Иккиси бир ишққа айланди, тушунгилки, барча ўртанишлар[18] тугади: яна Худо билимдонроқ”. Сабабки, олдинги байтда ишқдан ўртаниш ҳақида сўз боради, бу сўзнинг пинҳона маъносини англашга ёрдамлашади. Мантиқан ҳам, мажозий ва ҳақиқий ишқнинг бир ишққа айланиши – бу дунёда насиб этадиган васл эмас, ҳақиқий ишқ висоли бандага фақат қиёматдан сўнг насиб этиши мумкин, деб қаралади. Ҳақиқий ишққа эришилганда, яъни икки ишқ бир бўлганда, ўз-ўзидан, ўртанишлар тугайди, чунки бунда ошиқ жонини нисор қилган, унинг жисми ўртаниб тугаган бўлади. Инсоннинг руҳигина ҳақиқий ишққа муяссар бўлиши мумкин.
Шу мисол баҳонасида Навоий асарларидаги ийҳом қўллашнинг бир муҳим хусусиятини айтиб ўтсак. Демак, ийҳом (ё шунга ўхшаш бошқа бир ийҳомангиз санъат) баъзан бир байт доирасида сезилмаслиги ҳам мумкин. Сўзнинг бир матнда бир неча маъно англатиши “қўшни” (ё олдинги, ё кейинги) байтлар ёрдамида сезилади. Эҳтимол, бу ғазал жанрига тааллуқли асарларда унчалик кучли эмасдир. Бироқ маснавийда (айниқса, достонда) байтлараро боғлиқлик кучли экани, кўпинча воқеалар мавжудлиги учун бу хусусият “Фарҳод ва Ширин”да яққолроқ кўзга ташланади.
Навоий, телбаликни бартараф қил,
Яна бир лаҳза сўз бошига келгил.
Бу – достоннинг иккинчи боби ўрталаридаги байт. Шоир лирик чекинишларга чек қўйиб, гўёки ўзига ўзи: “Яна бир лаҳза сўзнинг бошига келгин”, – деяпти. Бу сўзбоши бирикмасининг ўз, яъни луғавий маъноси. Бироқ сўзбоши – истилоҳ ҳам. Мисрани истилоҳий маънода тушуниб ҳам мантиқан тўғри маъно чиқариш мумкин: “Яна бир лаҳза сўзбошига (яъни киришга) қайтгин”. Лирик қаҳрамон Навоийга мурожаат қилиб: “Ахир, сўзбоши ёзяпсан-ку, чалғима-да”, – демоқчи.
Эҳтимол, бу байтда Навоийнинг ўзи икки маънони кўзда тутмагандир. Бироқ, юқорида таъкидлаб ўтилганидек, матн бугунги ўқувчига шундай маъно чиқариб олиш имконини беради. Демак, сўзнинг бир матнда кўп маъно англатиб келишига асосланган санъатларни аниқлаш даврий табиатга ҳам эга. Ҳар бир замон ўқувчиси матнда ишлатилган сўзлардан ўзича маъно қидиради. Шунга кўра, уларни муаллиф кўзда тутган ва кўзда тутмаган санъатлар тарзида икки гуруҳга ажратиш ҳам мумкин.
Не маҳваш ҳуснига ким берди тазйин,
Ани айлаб жаҳон аҳлига Ширин.
Бу байтда и б ҳ о м санъати бор: Ширин – асар қаҳрамони, ширин – таъм (сифат). Демак, сўз ҳам луғавий, ҳам исм маъносида келган. Араб ёзувида бош ҳарф ифодаланмайди ва шунинг учун сўз бир хил (ﻦﻳﺮﻳ ﺸ) ёзилади.
Чу айлаб ғамзаси жонларға торож,
Қилиб васлиға хусравларни муҳтож.
Бу ерда хусравларни сўзи ҳам луғавий маънода подшоҳларни, ҳам исмни билдириб, хусравларни маъносида ибҳом бўлиб келган. Чунки Хусрав ҳам – достондаги персонажлардан бири.Келтирилган ана шу олти мисол ҳам достоннинг 2-бобидан олинди. Демак, баъзи санъатлар муайян боблардаги энг асосий бадиий хусусиятга айланар экан. Бунда сўзнинг бир матнда бир неча маъно англатиб келишига асосланган санъатлар уюшмаси кўзга ташланади.
Хўш, нега айнан шу бобда шоир кўпмаънолиликка бу қадар алоҳида урғу берди экан? Бу, бизнингча, асар моҳиятига ўқувчини олиб кириш учун бир калит ҳам. Чунки бобда, маълум маънода, достон воқеаларини қандай тушуниш ва талқин этишга ёрдам берадиган муаллиф концепцияси илгари сурилган. Юқоридаги айрим байтлар талқинида кўрилганидек, бу ерда ишқи мажозий ва ишқи ҳақиқий ўртасидаги муносабатлар, улар орасидаги узвий боғлиқлик гўзал тимсолий тасвирлар орқали очиб берилган. Боб достоннинг бошланма қисмига тааллуқли бўлгани учун шоир унда асардаги деярли барча персонажлар номини гоҳ бевосита, гоҳ билвосита бир-бир тилга олиб чиқади: қазо Фарҳоди, Фарҳод, хоқон, ақл Мулкороси, коргоҳи Монувийсоз, хирад Суқроти, Ширин, хусравлар, қадар Шопури, ажал Шеруяси, “Парвез”, баҳромвашлар, Фарҳоду Ширин (151).
Кўриниб турибдики, бу исмларнинг кўпчилиги ё икки маънода келган, ё истиоравий тимсолга айланган. Истиоравий тимсоллар моҳиятида ҳам, албатта, икки маъно ётади. Бироқ улардаги иккинчи маъно аксарият ҳолларда ишора тарзида намоён бўлади. Яъни байтни насрий жумлага айлантирганда, кўпинча икки мазмун келиб чиқиши мушкул. Лекин бунда Навоий (демакки, Шарқнинг бошқа мумтоз шоирлари) ижодидаги яна бир ўзига хос бадиий хусусият кўзга ташланади: истиора қўллашда ишоравий қўшимча маъно англатиш ҳодисаси юз беради.
Бу сўзни тутмасанг, ё Раб, мусаллам,
Яна бор турфароқ мундин сўзум ҳам.
Ошкора маъноси: “Бу гапимга ишонмасанг, эй Худо, бундан ҳам турфароқ сўзларим бор”. Пинҳона маъно эса сўз калимасининг форсий шаклидан (ўрнатиш, куйиш, куйдиришдан) келиб чиқади: “Бу ёнишларга ишонмасанг, эй Худо, бундан ҳам турфароқ ёнишларим бор”. Пинҳона маънони юзага чиқаришда бундан олдинги байт мазмуни ёрдам беради:
Берурсан гоҳ, анга дўзах била бийм,
Қилурсан гоҳ, жисмин ўтқа таслим.
Бу байтда дўзах, ўт ҳақида сўз боради.
Навоий, хомадек тортиб узун тил,
Не дерсен, охир, ўз ҳаддингни билгил!
Ошкора маъноси: “Навоий, қаламдек узун тил чиқариб нима демоқчисан, ахир, ҳаддингни билгин-да!”. Пинҳона маъноси: “Қалам навосидек узун тил тортиб (ёзув кўзда тутиляпти – С.О.) нима демоқчисан, ахир, ҳаддингни билгин-да!” Биламизки, наво сўзининг бир ўринда бир неча маъно англатиб келиши Навоий ижодида кўп учрайдиган ҳодиса.
Мана шу кейинги уч байт достоннинг 3-бобидан олинди. Демак, бу боб ҳам аввалгибоб каби кўпмаънолиликка асосланган санъатлар қўллаш жиҳатидан ажралиб туради. Улардан айримлари, эҳтимол, шоир истагидан қатъи назар, қоғозга тушгандир, лекин мавжуд матн бизга улардан ана шундай маънолар излаш ҳуқуқини беради.
Юзи гисуни чун пироя айлаб,
Ул оқшом кун юзига соя айлаб.
Бу ерда и б ҳ о м бор, у, биламизки, гап бўлакларининг ўзгариши (масалан, ҳар гал эга ва кесимнинг ўзгариб келиши) натижасида юзага чиқади. Санъат кун юзига сўзларида мужассамлашган. Биринчи маъно: “Юзи сочини (ўзига) безак қилганда (яъни ёпганда) у оқшом куннинг юзига соя қилди”. Иккинчи маъно: “Юзи сочини (ўзига) безак қилганда (яъни ёпганда) у кеча кун (ўз) юзига соя тортди”. Бу пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам мадҳига бағишланган бобдан олинди. Юқорида зикр этилган ийҳомни англаш учун насрий сарлавҳа ёрдамга келади: “Ул Қуёш рухсори васфидаким, тун киби гису Қуёшига соя солди ва Ва-ш-Шамс била Ва-л-Лайл сурасини анинг юзи Қуёши била зулфи тунига ўхшатилғонидин ҳар бири бир бийик поя олди, агарчи ул Қуёшқа соя йўқ эрди ва ул кечага манзил Қуёш устида-ўқ эрди. “Ва саллаллоҳу ало Шамси жамолиҳи ва зилли камолиҳи”.
Демак, баъзи ийҳомларни аниқлашда бобнинг насрий сарлавҳаси ҳам муҳим аҳамият касб этар экан. Бу ҳам достонлардаги кўпмаънолилик ва шаклдошликка асосланган санъатларга алоқадор хусусият. Масалан, ғазалда бундай имконият йўқ, чунки одатда ғазаллар сарлавҳасиз ёзилади. Яна бир хулоса ойдинлашдики, ийҳом қўллашнинг жанрий ўзига хосликлари мавжуд.
Муанбар зулфидек кам соя бўлғай,
Ки ул Хуршидға ҳам соя[19] бўлғай.
Байтдаги Хуршид сўзи ҳам, ҳам соя сўзлари ҳам – кўпмаъноли. Шунинг учун байтдан бир неча мазмун англашилади:
а) “Анбар (қоп-қора, хушбўй) сочидек соя кам бўлади, у Қуёшга ҳам соя бўлади”;
б) “Анбар (қоп-қора, хушбўй) сочидек соя кам бўлади, у Қуёшга ҳамсоя (қўшни) бўлади”;
в) “Анбар (қоп-қора, хушбўй) сочидек соя кам бўлади, у бу Қуёшнинг (Муҳаммад пайғамбаримизнинг) ҳам соясидир”;
г) “Анбар (қоп-қора, хушбўй) сочидек соя кам бўлади, у бу Қуёшнинг (Муҳаммад пайғамбаримизнинг) юзига ҳам соя бўлади”;
д) “Анбар (қоп-қора, хушбўй) сочидек соя кам бўлади, у бу Қуёшнинг (Муҳаммад пайғамбаримизнинг) ҳамсояси (қўшниси, яъни доимий ҳамроҳи);
ж) “Анбар (қоп-қора, хушбўй) сочидек соя кам бўлади, у бу Қуёшнинг (Муҳаммад пайғамбаримизнинг) юзига ҳамсоя (қўшни, доимий ҳамроҳ) бўлади”.
Бир байтдаги бор-йўғи 11 сўз орқали шу қадар ранго-ранг маъноларни ифодалаш жуда катта санъаткорликдан далолат беради. Бир байтга бир неча ийҳомангиз санъат жо этиш осон иш эмас-да. Бунда истиораларнинг тимсолий маъноси билан бирга ашёвий (предмет) жиҳати ҳам иштирок этганини кўрамиз.
Чу шаръий шориъи хаттин қилиб фош,
Аёқ андин чиқорғон топмайин бош.
Бу ерда шориъи ва аёқ андин чиқорғон сўзларини ҳам луғавий ва ҳам истилоҳий (ёки кўчма) маъносида тушунишдан икки мазмун келиб чиқади. Биринчиси: “Шариатнинг катта йўли чизиғини шундай тортдики, ундан оёқ чиқарган бошини тополмай қолди”. Иккинчиси: “Шариат қонун-қоидаларини тузувчи унинг чизиғини шундай тортдики, бунга амал қилмаган (киши) бошини тополмай қолди”.
Бу шориъ бирла топқон йўл яроқи,
Етиб манзилға андоқким Буроқи.
Бу байтда ҳам шориъ сўзини аввал луғавий, кейин истилоҳий маънода тушуниш мумкин. Биринчисидан шундай маъно келиб чиқади: “Бу шариат қонун-қоидасини тузувчи (яъни Муҳаммад пайғамбаримиз) билан йўл яроғини топган (одам унинг) Буроқидек (пайғамбаримиз меърожга чиқишда минган учар отдек) манзилга етади”. Иккинчиси: “Бу катта йўл билан юриш яроғини топган (одам унинг) Буроқидек (пайғамбар меърожга чиқишда минган учар отдек) манзилга етади”.
Ёшунди мушк ичинда чин ғазоли,
Дема чинким, фалак заррин ғазоли.
Бунда чин сўзи бирйўла икки тенг маънони англатиб келган. Биринчиси: “Чин (Хитой) ғазоли (кийиги) мушк ичида яширинди, (уни) Чин (Хитой) ғазоли дема, фалакнинг заррин ғазоли де”. Иккинчиси: “Чин (Хитой) ғазоли (кийиги) мушк ичида ёшинди, бу гапимни чин (рост) дема, Фалакнинг заррин ғазоли ёшинди”.
Яна бир мисол:
Навоийни демай, бир бенавони,
Ўкуш журму гунаҳға мубталони.
Бу ерда Навоий сўзи и т ф о қ санъатига намуна бўлиб келган. Биринчи маъноси: “Навоийни демай, бир бенавони, анча-мунча жинояту гуноҳларга мубталони дей”. Иккинчи маъноси: “Бир навони демай, бир бенавони, анча-мунча жинояту гуноҳларга мубталони дей”. Бу ерда Навоий сўзидаги ёйи ваҳдат (ﻯ) бирлик (бир наво) ёки ноаниқлик (қандайдир наво)ни билдиради.
Алар ишқида нўш айлаб ики жом,
Тутай Жомий майи мадҳин саранжом.
Бунда ҳам и т ф о қ санъатининг ёрқин намунасини кўрамиз: ﻣﻰ ﺠا сўзи Жомий ва жоме деб ўқилиши мумкин, бунинг биринчиси Абдураҳмон Жомийни билдирса, иккинчиси бир жом деган маънода келади. Шунинг учун байтдан икки мазмун англашилади: а) “Улар (Низомий билан Деҳлавий) ишқида икки қадаҳ май ичиб, (бошқа) бир қадаҳ май мадҳини саранжом қилай”; б) “Улар (Низомий билан Деҳлавий) ишқида икки қадаҳ май ичиб, Жомий майи мадҳини саранжом қилай”.
Бу байтларнинг бари – достоннинг дастлабки беш бобида учраган санъатларга мисол. Оммавий нашрларда, демакки, улар асосида амалга оширилган барча таржималарда Навоийнинг бу санъаткорлигидан ўқувчилар бебаҳра қолган. Мазкур бобларнинг қисқариб кетгани асарга жиддий путур етказганидан ташқари, Навоий маҳорати ҳақида ҳам тўла тасаввур уйғотиш имконини йўққа чиқарган. Шоир айнан шу дастлабки бобларда кўп ийҳом ва ийҳомангиз санъатлар қўллаганини кўрдик. Бу, албатта, кириш бобларда воқеа ўрнига диний-фалсафий, маънавий-ахлоқий мулоҳаза-мушоҳадалар баён этилгани, асардаги кенг маънодаги кўпмаънолиликка ўқувчини олиб кириш лозимлигидан ҳам келиб чиққан.
Шу қисқа таҳлиллардан ҳам маълум бўляптики, ҳали Алишер Навоийнинг услуби, унинг сўз қўллашдаги ўзига хос юксак даражаси, бадиий маҳорати қирралари тўлиқ ёритилгани йўқ. Бу борада келажакда кўп иш қилиниши керак.
“Жаҳон адабиёти”, 2015 йил, 2-сон
[1] Бу ҳақда батафсилроқ маълумот олиш учун қаранг: Бертельс Е.Э. Заметки по поэтической терминологии персидских суфиев. В кн.: Бертельс Е.Э. Избранные труды. Суфизм и суфийская литература. М.: Изд. “Наука”. 1965. С. 109–125.
[2] Абдураҳмони Ҷомӣ. Осори мунтахаб. Дар панҷ ҷилд. Ҷ. 3. – Душанбе: Нашриёти “Ирфон”. Саҳ. 166.
[3] Алишер Навоий. Хамса. – Т.: ЎзССР Фанлар академияси нашриёти. 1960. 454-бет.
[4] Алишер Навоий асарлари тилида полисемия, синонимия ва шаклдош сўзларнинг ўрни ҳақида қаранг: Бафоев Б. Навоий асарлари лексикаси. – Т.: ЎзССР “Фан” нашриёти. 1983. 59 – 124-бетлар.
[5] Воҳидов Э. Шоиру шеъру шуур. – Т.: “Ёш гвардия” нашриёти. 1987. 47-бет.
[6] Алишер Навоий. Асарлар. 15 жилдлик. 14-жилд. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Бадиий адабиёт нашриёти. 1967. 112-бет.
[7] Алишер Навоий. Асарлар. 15 жилдлик. 1-жилд. – Т.: ЎзССР Давлат бадиий адабиёт нашриёти. 1963. 469-бет.
[8] Алишер Навоий. Хамса. – Т.: ЎзССР Фанлар академияси нашриёти, 1960. 266-бет.
[9] Раҳмонов В. Шеър санъатлари. – Ленинобод: 1972. 25-бет.
[10] Олимжон Ҳ. Сўзбоши ўрнида. // Алишер Навоий. Фарҳод ва Ширин. – Т.: Ўзбекистон ССР Давлат нашриёти. 1956. 3-бет.
[11] Комилов Н., Қаҳҳоров Т. Ижод елканини кўтариб. // Таржима санъати. 4-китоб. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1978. 159-бет.
[12] Бу ҳақда қаранг: Олим С. Маснавий таржимасида радиф. // Таржима санъати. 5-китоб. – Т.: Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти. 1980. 132–153-бетлар.
[13] Alisher Navoiy. Xamsa. – T.: “O’quvpednashr”. 1940.
[14] Попович А. Проблемы художественного перевода. – М.: Изд. “Высшая школа”. 1980. С.73.
[15] Қаранг: Алишер Н а в о и й. Асарлар. 15 томлик. 7-том. – Т.: Бадиий адабиёт нашриёти. 1964.
[16] Эркинов С. Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”и ва унинг қиёсий таҳлили. – Т.: “Фан” нашриёти. 1971.
[17] Алишер Навоий. Хамса. – Т.: Ўзбекистон ССР Фанлар академияси нашриёти. 1960. 150-бет. Бундан кейинги байтлар ҳам шу нашрдан олинади ва саҳифаси қавс ичида бериб борилади.
[18] Сўз туркий тилда калима маъносини англатади. Форсийда ҳам айнан шу шаклдаги сўз бор, лекин у куйиш маъносини билдиради. Форсий сўзни ўзбек тилига олиб ўтсак, энди шаклдошлик (омоним) юзага келади. Навоий бу ерда ана шу шаклдошликдан унумли фойдаланган.
[19] Нашрда ҳамсоя тарзида қўшиб ёзилган, демак, бу икки сўз фақат бир маънода тушунилган бўлса керак, биз ажратиб кўчиришни лозим топдик, шунда ўрни билан қўшиб ўқилади.