Собиржон Ёқубов. Араб лабиринти (2013)

Туниснинг чекка бир қасабасида амал-тақал кун кўриб юрган баққол йигитнинг ўз жонига қасд қилиши – бутун араб дунёсини саратондаги чақиндек ларзага солиши, ларзага солиш не, остин-устин қилиши, сокин ҳаётини тошқин дарёга айлантириши мумкинлиги ҳеч кимнинг хаёлига келмаганди.

2010 йил 17 декабрь. Сиди-Бузид бозорида савдо-сотиқ қилаётган 26 ёшли Муҳаммад Буазизий ва миршаб аёл Фаида Ҳамди ўртасида гап қочади. Йигитча ҳужжатсиз олди-cотди қилаётганидан хабар топган Ҳамди хоним унинг юзига тарсаки туширади, икки оғиз нордон гап айтиб, қўлига жарима паттасини тутқазади. Ҳе йўқ-бе йўқ ҳақоратланган, боз устига, “заифа” миршабдан тарсаки еган ялангтўш йигитча оёғини қўлига олиб, шаҳар ҳокимлигига чопади. Аммо унинг арзига қулоқ осадиган додхоҳ топилмайди. Ўзини таҳқирланган деб ҳисоблаган Муҳаммад Буазизий ҳокимлик биноси ёнида ўз устидан бензин қуйиб, ўт қўяди.

1914 йил 28 июнда Сараевода эрцгерцог Франц Фердинанднинг ўлдирилиши Биринчи жаҳон уруши бошланиши ва ундан кейин қирғинбаротларга баҳонаи сабаб бўлганди. Тарих яна такрорланди. Муҳаммад Буазизийнинг вужудини куйдирган олов кўп ўтмай даҳшатли алангага айланиб, бутун араб дунёсини ўз домига тортди. Янги давр тарихига “Араб баҳори” деган шоирона ном билан тиркалган тинч намойишлар қонли давлат тўнтаришларига уланиб кетди. Ўрмонга ўт кетса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади: сиёсий тартибнинг издан чиқиши барча соҳалар қатори фан, таълим, санъат, адабиётга ҳам хатарнок таъсир кўрсатди. Кўп асрлик ғафлат уйқусидан уйғониб, ўзлигини таниш йўлига ўтаётган араб олами кўз очиб юмгунча ҳарбу зарб майдонига айланди-қолди…

 

Тамаддун яратган халқ

Араблар – рубъи маскундаги шавкатли халқлардан бири. Бу тилда сўзлашувчи халқлар қадимги Миср, Шумер, Оссурия, Бобил, Финикия каби буюк тамаддунларга асос солган. Ғоят қулай жуғрофий ҳудудда жойлашган, Атлантика ва Ҳинд океанларига тўғридан-тўғри чиқиш имконига эга бўлган минтақа халқлари ўз даврида бу илоҳий тортиқдан ғоят унумли фойдаланган. Милоддан аввалги асрлардаёқ Нил, Фрот ва Дажла дарёлари бўйида кўҳна тамаддунлар нашъу намо топган.

Исо Масиҳ таваллудидан кейинги замонларда минтақа халқлари ўтмишдаги нуфузли мавқеларини бой берди, парокандаликка юз тутди. 622 йилда само билан робита қайта тикланди, Араб жазирасида ислом дини майдонга чиқди. Бу тарихий воқеа араб қавмининг ҳаёт тарзини тамомила ўзгартириб юборди. Исмоил зурриёдлари (манбаларга кўра, пайғамбар Иброҳим (а.с.)нинг ўғиллари Исҳоқдан яҳудийлар, Исмоилдан эса араблар тарқалган) жоҳилият даврининг ризолат ва иллатларидан воз кечиб, янги жамият қуришга бел боғлади. VII-X асрлар Араб тамаддунининг олтин даври сифатида мозий саҳифаларидан ўрин олди. Арабистон яриморолида ибтидоий қабила тузумида яшаб келган, аксари хат-cаводсиз саҳройи қавмни мутлақо таниб бўлмай қолди. “Илм олиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарз” деган маслакни маҳкам тутган Жазира араблари ўзигача мавжуд бўлган юнон, форс, рим, ҳинд ва хитой тамаддуни ютуқларини чанқоқлик билан ўрганишга киришди.

Илк ўрта асрлар дунё харитасининг қоқ марказини ҳайҳотдек Араб халифалиги давлати эгаллади. Умавийлар (661–750) ҳукмронлиги даврида бадавий араблар кўчманчи ҳаёт тарзидан воз кечиб, ўтроқлаша бошлади. Бу эса илм-фан ва адабиёт равнақига ҳал қилувчи таъсир кўрсатди. Араблар диний илмлар билан бирга дунёвий фанларни ҳам ҳарислик билан ўзлаштирди. Аббосий халифалар Ҳорун ар-Рашид (786–809) ва Маъмун (813–833) даврида илм-фан қулф уриб гуллаб-яшнади. Бағдод “Байт ул-ҳикма”сида халифаликнинг турли буржларидан келган пешқадам алломалар математика (риёзиюн), кимё, астрономия, тиббиёт, фалсафа сингари фанлар бўйича кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ихтиролар. Бағрикенглик, турли дин ва элат вакилларининг ягона маслак атрофида жипслашуви тараққиётга доялик қилди. Суриялик олим Мустафо Ҳусний ас-Сибаъий Байрутда 1987 йили бешинчи марта нашр этилган “Ҳазорамиз ажойиботларидан” китобида ёзишича, халифалар ҳузуридаги илмий ҳалқалар турли динга эътиқод қилувчи олимлардан иборат эди. “Байт ул-ҳикма” раҳнамоси Маъмун улкан салтанатнинг турли ҳудудларидан келган олимларга: “Хоҳлаган илмингиздан баҳс этаверинг. Фақат тоифакашлик қўзғалмаслиги учун ҳар бирингиз ўз диний китобингиздан далил-ҳужжат келтирмасангиз бўлгани”, дея уқтирганди. Улуғ рус адиби Николай Гоголнинг таъбири билан айтганда, “Ҳамма фирқаларнинг олимлари учун давлат эшикларини ланг очиб қўйган ал-Маъмуннинг космополитизми ақл бовар қиладиган чегарадан анча чиқиб кетганди” (“Ал-Маъмун”, 1834).

Яна суриялик ас-Сибаъийга қулоқ соламиз. Унинг қайд этишича, улуғ араб олими Абу Юсуф ал-Киндий (801–873) Эйнштейндан анча аввал нисбийлик назариясини илгари сурган. Арифметика, геометрия ва психо-физиологияга оид фундаментал асарлар ёзиб қолдирган. Аллома Қутбиддин ибн ал-Ҳайсам (960–1039) эса физикадаги улкан кашфиётлари билан тилга тушган. Унинг қаламига мансуб “Китоб ул-манозир” (“Тасвирлар китоби”) 1270 йилда лотинчага ўгирилган, кейинчалик Германия, Португалия, Францияда чоп этилиб, Коперник ва Ньютоннинг оптикага оид асарларига манба бўлган. Хуллас, арабистонлик илм кашшофлари ҳақида кўп ва хўб гапларни айтиш мумкин.

Алқисса, араб лисони VII асрдан бошлаб дунё илм тили мақомига кўтарилди, Араб жазирасидан Пиреней яриморолигача ястанган улкан ҳудудда ягона мулоқот воситасига айланди. Шу тилда нодир илмий рисолалар битилди. Қадимги юнон алломаларининг қимматли асарлари аслиятдан ўгирилди. Осиё ва Европадаги Бағдод, Дамашқ, Қоҳира, Қуртуба (Кордова), Ғарнота (Гранада) сингари шаҳарлар араб тамаддуни бешигига айланди.

 

Европани уйғотган ўктам овоз

Сиёсий низом (бошқарув)нинг барқарорлиги, иқтисодий ўсиш, илм-фаннинг равнақ топиши, жамият ҳаётининг барча жабҳасида пешқадамлик тамаддунлар яратилишига тагзамин бўлиб келган. Анъана, дин, тил, ахлоқ каби маънавий узвлар эса унга руҳ ато этган. Араб тамаддуни ҳам шу асосда таркиб топди, башарият тамаддунлари занжирига мустаҳкам ҳалқа сифатида қўшилди.

“Араблар табиатан серғайрат, хушчақчақ кишилар, зукколиги, топқирлиги, сухандонлиги, меҳнатсеварлиги билан ажралиб туради… Анча-мунча одам тоб беролмайдиган авжи жазирамада, очин-тўқин ҳолатда меҳнат қилиб, суяги қотади. Соғлом фикр ва тажриба ҳамда аждодлардан мерос сақви табиий (инстинкт)га суяниб келади” – 1999 йили Москвада чоп этилган “Этнопсихологик луғат”да арабларга шундай тавсиф берилган. Албатта, заковат, матонат ва яратувчанлик ҳисси миллатнинг униб-ўсишида улкан аҳамиятга эга. Аммо, бизнингча, қадди дол арабларнинг алифдек тик бўлишида аждодлардан мерос сақви табиийнинг хизмати каттароқ.

Француз олими, жаҳонгашта файласуф Гюстав Лебон 1882–1884 йилларда Миср, Марокаш, Жазоир, Тунис, Ливан, Сурия, Ироқ мамлакатларига сафар қилиб, шаҳар-кентларни беармон кезади. Саёҳат асносида ғамлаган билимларини тўплаб, “Араб цивилизацияси тарихи” (1884) китобига тартиб беради. Фаранг олими ўз тадқиқотида арабларнинг дунё тамаддунидаги ўрнини юксак баҳолайди, Европа Ренессансига кучли туртки берганини таъкидлайди: “Арабларнинг интеллектуал таъсири туфайли Европа ўзига бегона бўлган илм-фан, адабиёт ва фалсафа оламини кашф этди. Кейинги олти юз йил давомида араблар цивилизацияда бизга устоз ва мураббий бўлди”. Европа қитъаси сарҳадлари етти иқлимга ёйилган Араб халифалиги алломалари (улар орасида юртимиздан етишиб чиққан улуғ зотлар ҳам талайгина) овозидан уйғонганини бошқа қатор тадқиқотчилар ҳам холис эътироф этганлар.

1130 йили архиепископ Раймонд испан Толедосида арабча илмий адабиётларни лотин тилига ўгиришни йўлга қўйди. Доктор Люсьен Леклерк “Араб тиббиёти тарихи” китобида биргина тиббиёт соҳасида арабчадан ўгирилган уч юздан ошиқ қўлёзмани санаб ўтади. Толедо мактабида мусулмон алломаларининг рисолалари қатори Аристотель, Платон, Архимед, Птоломей, Евклид каби юнон олимларининг асарлари ҳам қайта таржима қилинди. Европа ўз шонли ўтмиши – қадимги юнон фани билан араб тили кўприги воситасида топишди.

Арабларнинг Испания, Сардиния ва Сицилия орқали Ғарб маданияти ва илм-фанига кўрсатган таъсири эса алоҳида тадқиқотларга мавзу бўла олади.

Инглиз олими Арнольд Тойнбининг ҳисобига қараганда, Ер сайёраси ҳозирга қадар йигирма битта тамаддунга бешик бўлган. Тамаддун яратган миллат-элатларнинг аксари ўтмиш қатларида ғойиб бўлган, фақат олтитаси, жумладан, араблар бугунгача етиб келган.

 

Абу Нувосдан Нажиб Маҳфузга қадар

Араблар азалдан сухандонлиги, нотиқлиги, шоиртабиатлилиги билан яқин-йироқ элларда ном чиқарган. Айниқса, VI-VII асрларда шеърият ва оғзаки ижод янги ривожланиш палласига кирган. Тоиф шаҳри яқинида ҳар йили мушоиралар, назм мусобақалари ўтказилар, музаффар шоирнинг шеърлари муқаддас Хонаи Каъбага осиб қўйиларди. Айни шу даврда айём ал-араб (араб кунлари) деб номланган жанр шаклланди. Шеърий ва насрий йўлда тўқилган мазкур жанрдаги асарларда асосан қабилалар ўртасидаги урушлар тасвирланган. Қаҳрамонлик қиссалари ва қасидалари илк ўрта асрлар араб адабиётининг асосий йўналишини белгилаб берди. Арабистон ярим оролига ислом дини ёйилгач, сўз санъати панд-насиҳат руҳи билан бойиди. Адабиёт ақл ва нақлдан қувват олди. VII асрдаги таниқли шоир Каъб ибн Зуҳайр Мадинада Муҳаммад (с.а.в.) ҳузурида машҳур “Қасидаи бурда”ни ёзади. Ривоятларга қараганда, қасидадан мутаассир бўлган Расулуллоҳ шоирнинг елкасига ўзининг муборак ҳирқасини ёпганлар. Алҳосил, ислом дини кишиларни эзгуликка бошловчи, маъсиятдан қайтарувчи қудратли восита сифатида адабиётга рағбатни оширди.

Қуръони карим араб тилида нозил бўлгач, бу тил фасоҳат ва балоғат лисони сифатида тенгсиз рутбага ноил бўлди. Араб қалам аҳлида бу тилнинг ифода имкониятлари чексиз, деган собит ишонч қарор топди. Абу Усмон Амр ибн Баҳр ал-Жоҳиз (775–868) адиб ва олим сифатида араб адабиёти ривожига катта ҳисса қўшди, хусусан, адабий танқиднинг тамал тошини қўйди. Малик ул-шуаро Абу Таммом (805–846) қасидалари билан тилларда достон бўлди. Куфалик машҳур шоир Мутанаббий (915–965) адабиёт осмонида шу қадар баланд парвоз қилдики, ўша даврларда “Мутанаббийнинг шеърларини кўр ҳам ўқийди, кар ҳам эшитади” деган нақл юрарди. Хамриёт жанрининг “ота”си Абу Нувос (IX аср) ҳассос лирикаси, аёвсиз сатираси билан араб ижодкорларига муаллимлик қилди. Абул Аъло ал-Мааррий (973–1058) чуқур фалсафий ашъори билан сўз санъати муҳиблари кўнглидан жой олди (Данте машҳур “Илоҳий комедия”ни ёзишда ал-Мааррийнинг “Ал-Ғуфрон” рисоласидан таъсирланган деган қараш ҳам мавжуд). Бадиъ уз-Замон Ҳамадоний (969–1008), Абу Муҳаммад ал-Ҳаририй (1054–1122) адабиёт хазинасини мақомот – cаж йўлидаги мухтасар ҳикоятлари билан бойитди.

Асрлар давомида сайқалланган “Минг бир кеча” туркумидаги эртаклар донишмандликнинг гўзал намунаси сифатида тилдан-тилга, элдан-элга кўчди. Саргузашт, романтика, дидактика, фантастика унсурлари билан суғорилган эртаклар замонавий араб прозасининг шаклланишига туртки берди. Европа “Минг бир кеча” эртаклари билан XVIII аср бошларида Антуан Галланнинг французча таржимаси орқали ошно бўлди. Европа ўқувчисини ошуфта этган саргузашт эртаклар турли тилларда бир неча юз топқир чоп этилди.

Буюклик, машҳурлик, қаҳрамонликнинг дунё халқларига хос умумий талаблари бор. Айни замонда, ҳар бир элда ўзига хос баҳолаш мезонлари ҳам амал қилади. Қадимги юнон жамиятида Олимпия мусобақаларида ғолиб чиққан чапдаст атлет қаҳрамон сифатида кўтар-кўтар қилинган, оламжаҳон иззатга муяссар бўлган. Ўрта аср араб жамиятида эса сўз аҳли, шуаро шундай беқиёс шарафга муяссар бўлган. Лекин инсонларнинг яшаш тарзи, ҳаётий аъмоли ўзгариши билан қаҳрамонлик мезонларига ҳам таҳрир киритилар экан. Вақт ўтиши билан араб жамиятида қалам аҳлидан кўра ҳарб аҳлининг обрўси ошиб кетди, нафис мажлисхоналар жанговар машваратхоналарга айланди, ҳассос шоирдан ёвқур аскарнинг сўзи ўткирроқ чиқа бошлади.

X-XI асрларда Араб халифалиги парчаланиб кетди. Фатаротга юз тутган халифалик ҳудудлари XVI асрдагина Усмонлилар империяси томонидан бирлаштирилди, бир замонлар ҳукмрон мавқеда турган араблар Усмонлилар қаламравидаги тобе миллат мақомига қаноат қилди. XIX асрда турк сулоласининг заифлашуви оқибатида араб олами Ғарб империялари томонидан хомталаш этилди. Узоқ вақт ғафлат уйқусига чўмган минтақа халқлари XX асрнинг биринчи ярмида илкис уйғонди. Буюк Британия, Франция назоратидаги мустамлака ҳудудларда бирин-кетин Сауд Арабистони, Кувайт, Қатар, Баҳрайн сингари мустақил давлатлар вужудга келди.

XX аср янги замон араб интеллектуал ижодкорларини тарбиялаб етиштирди. Ливанда туғилиб, кейинроқ Америкада ижод қилган адиб, файласуф ва рассом Жуброн Халил Жуброн (1883–1931) жамиятни беаёв тафтиш этар экан, асрий қолоқликдан қутулиш чораси сифатида маърифат йўлини тарғиб-таклиф қилди. Мисрлик адиб ва олим Тоҳо Ҳусайн (1889–1973) ота­шин публицистик чиқишлари билан фикр аҳлини ўз ортидан эргаштирди. 1973 йили унга БМТнинг махсус мукофоти берилди. Жазоирдан Муфди Закария (1908–1977), Мисрдан Нажиб Маҳфуз (1911–2006), Суриядан Низор Тавфиқ Қоббоний (1923–1998), Адунис (1930 йилда туғилган), Фаластиндан Маҳмуд Дарвеш (1941–2008), Марокашдан Абдуллатиф Лаъбий (1940 йилда туғилган), Ливиядан Иброҳим ал-Куний (1948 йилда туғилган) каби атоқли ижодкорлар етишиб чиқди. Мисрлик романнавис Нажиб Маҳфуз 1988 йили араб дунёсида илк бора адабиёт йўналишида Нобель мукофотига сазовор бўлди. Ўтган аср араб қаламкашлари учун ўзликни таниш, мутаассибликка қарши мўътадиллик билан курашиш даври сифатида ёдда қолди.

 

Жазирамада қолган Жазира

Мақолани тунислик йигитнинг қора қисматидан бошлаб қўйиб, олис мозийга сафар қилишдан муддао нима эди ўзи? Гап шундаки, “Араб баҳори” деб аталган воқеалар силсиласи ҳақида сўз бораркан, бу қавмнинг ярми ёруғ, ўн беши қоронғу тарихи, илм-фан ва адабиёти хусусида, жаҳон цивилизациясида тутган ўрни борасида бир сидра маълумот бериб ўтиш ғоят зарур туюлди. Зотан, юқоридаги тарихий чизгилар дунёни остин-устин қилиб юборган воқеаларни мағзини чақишда маълум даражада кўмак берса, ажаб эмас.

Бугун Жануби-Ғарбий Осиё ва Шимолий Африкадаги йигирмадан зиёд суверен давлатда 300 миллиондан ошиқ араб истиқомат қилади. Олатасир тўполонлар бу давлатларнинг аксарига бевосита, яна айримларига билвосита таъсир кўрсатди. Мақола аввалида ҳикоя қилинган воқеадан кейин Тунисда амалдаги ҳукуматга қарши кўпминг сонли норозилик намойиши бошланди. Ҳаш-паш дегунча норозилик тўлқини Миср, Яман, Ливия, Сурия, Жазоир, Марокаш, Иордания, Кувайт, Ливан, Сауд Арабистони, Судан, Жибути давлатларига ёйилди. Намойишчиларнинг қатъий талаби билан тўрт мамлакатда ҳокимият алмашди: 2011 йил 14 январда Тунис раҳбари Зин ал-Обидин бин Али Сауд Арабистонига бош олиб кетди; 2011 йил 11 февралда Миср президенти Ҳусни Муборак истеъфо берди; 2011 йил 20 октябрда Ливия етакчиси Муаммар Қаззофий қатл этилди; 2012 йил 27 февралда Яман президенти Али Абдулла Солиҳ лавозимидан воз кечди. 1990-йиллар фуқаролар уруши оғриқларини ҳали унутмаган Жазоир раҳбарияти намойишчилар талабини апил-тапил бажариб, фавқулодда ҳолатни бекор қилди. Сауд Арабистони ва Кувайт раҳбарияти зудлик билан ижтимоий соҳаларга катта маблағ ажратди. Иордания қироли Абдуллоҳ II ҳукуматни янгидан тузди. Марокаш подшоҳи Муҳаммад VI Конституцияга парламент ваколатини кучайтиришни кўзда тутувчи ўзгартиришлар киритди. Сурияда 2011 йил мартда бошланган норозилик чиқишлари эса ҳали-ҳануз давом этаётган фуқаролар урушига айланиб кетди.

1848 – 1849 йилларда Европанинг қатор мамлакатларида “Халқлар баҳори” деб аталган ялпи норозилик чиқишлари, инқилоблар рўй берганди. Ғарб матбуоти Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги бесаранжомликларни “халқлар баҳори”га “назира” ўлароқ баҳолади. Шу боис, гарчи қиш чилласида бошланган бўлса-да, қўзғолонлар “араб баҳори” ёрлиғи билан “сийланди”.

“Табиатан вазмин ва итоаткор арабларнинг бу қадар мисли кўрилмаган сиёсий фаолликлар кўрсатиши боиси нимада?” деган савол теварагида мулоҳаза юритиб кўрайлик.

Минтақа халқлари турли сабаб-омилларга кўра кўчага чиқди. Аммо “Араб баҳори” бўрони етиб борган барча мамлакатларга хос умумий сабаб сифатида иқтисодий қийинчиликларни келтириш мумкин. Жаҳон иқтисодий форуми маълумотларига қараганда, 2011 йил арафасида минтақа давлатларида ишсизлик даражаси 25 фоизни ташкил этган. Тунис ва Мисрда бу кўрсаткич 30 фоиздан ошиб кетган (ишсизларнинг асосий қисми ёшлар эди). Қоҳирадаги “Таҳрир” майдонига жамланган бир неча миллионлик издиҳом “Нон, озодлик ва ижтимоий адолат!” дея ҳайқиргани ҳам пичоқ бориб суякка қадалганидан шаҳодат бераётгандек.

“Араб баҳори”га хос яна бир умумий манзара: аксар давлатларда намо­йишчилар нобоп бошқарувни қоралади, ҳокимиятни лаёқатсизликда айблади, сиёсий ислоҳот ўтказишни, фуқароларга эркинлик беришни талаб қилди. Албатта, ҳудуд давлатлари кўп йиллардан бери муайян етакчилар томонидан узлуксиз бошқариб келингани, сиёсий жабҳада турғунлик ҳукм сурганидан кўз юмиб бўлмайди. Биз оммавий ахборот воситалари орқали кўп бора муҳокама этилган мулоҳазаларни такрорлашдан тийилиб, парданинг ортига – давлат тўнтаришлари ва қўзғолонларга сабаб бўлган бошқа омилларга ҳам назар ташлаб кўрамиз.

 

“Олтин миллиард”ни рўёбга чиқаришга уриниш?!

XXI аср бошларида Яқин Шарқ ва Шимолий Африка гегемонлик кайфиятидан қутулолмаган давлатларнинг манфаатлари тўқнашган минтақа бўлиб қолди. Бир томондан, геосиёсий таъсир доираларини кенгайтириш қутқуси, иккинчи томонидан, углеводород захираларининг яқин 50-60 йилда таги кўриниши ҳақидаги ваҳималар минтақа учун курашни кучайтирди. Араб олами сайёрамиз бўйича нефть захирасининг 62, газнинг эса 40 фоизига эгалик қилишини назарда тутсак, ўртага дов ганак қанчалар қимматли эканини, унга эга чиқиш йўлидаги кураш қанчалар кескин кечишини тасаввур қилса бўлади. Сиёсий таҳлилчилар фикрича, араб дунёсида назорат ўрнатиш учун баҳри муҳит ортидаги давлат, “Эски дунё”ни ягона байроқ остида бирлаштирган иттифоқ ва шўро салтанатига ворис бўлган мамлакат рақобатлашаётир. Ливия табиий бойликларини қаттиқ назоратда тутиб турган яккаҳукмдор Муаммар Қаззофийнинг мухолифат қўли билан маҳв этилиши, Ироқ оккупацияси, тавбасига таянмаган Сурия раҳбари Башар Асадга қарши кучларнинг қуроллантирилаётгани ана шу курашнинг учқунлари, холос.

Сайёрамиз аҳолиси кўпайгани сари табиий ресурслар камайиб бораётгани бир неча асрдан бери илм ва сиёсат аҳлини ўйлантириб келмоқда. 1970-йилларда бу борада “олтин миллиард” концепцияси ўртага ташланган (мазкур назарияга XVIII асрда яшаган инглиз олими ва руҳонийси Томас Мальтус тамал тошини қўйган). Моҳият эътиборига кўра, бу қараш – сайёрамиздаги табиий ресурсларни ривожланган давлатларнинг бир миллиард аҳолисига қонунан хатлаб беришга уринишдир. Мазкур неолиберал утопия назариётчиларининг даъвосича, Ернинг асосий табиий ресурслари пешқадам мамлакатларга (жумладан, АҚШ, Ғарбий Европа, Япония) насиб этади. Россиялик олима, сиёсий фанлар доктори Наталья Комлева “Араб баҳори”ни буюк давлатларнинг “олтин миллиард” назариясини рўёбга чиқариш йўлидаги уринишларидан бири сифатида баҳолайди (Геополитика муаммолари академияси расмий сайти: http://akademiagp.ru).

 

Арабнинг иккинчи Болқонга айланишидан ким манфаатдор?

Ижтимоий муаммоларнинг сиёсий инқирозга омухта бўлиши минтақа халқларини намойишларга ундаган бўлса, геосиёсий манфаатларни кўзлаган дасти узун давлатлар, нафси ҳакалак отган корчалонлар ва пулни пулга уришга уста йирик корпорациялар ушбу вазиятдан унумли фойдаланиб қолишга уринмоқда. Таҳлилчиларга кўра, Яқин Шарқда нотинчлик ҳукм суришидан, минтақанинг XXI аср Болқонига айланишидан манфаатдор кучлар бор. Эскидан маълум, боши ғалвадан чиқмай қолган мамлакатни йўлга солиш осон кечади. Боз устига, етакчи давлатларнинг минтақада ўзига хос ҳисоб-китоби ҳам йўқ эмас.

Франция собиқ ташқи ишлар вазири Ролан Дюма (1988-1993) яқинда САНА ахборот агентлигига берган интервьюсида Суриядаги тўполонлар Ғарб томонидан уюштирилгани ҳақида гапирди. Ҳозирга қадар Шом заминидаги фуқаролар уруши 60 мингдан ошиқ одамнинг ёстиғини қуритди. Р.Дюманинг фикрича, Ғарб муросасиз Башар Асад билан ўзаро ҳисоб-китобга берилиб кетиб, бегуноҳ инсонлар қирилаётганини унутмоқда. Франциялик бошқа бир собиқ дипломат Мишель Рембо эса “Судан – парчаланган давлат” китобида (2012) ихтилофларни уюштиришда нодавлат ташкилотлардан усталик билан фойдаланилганини баён этади.

Ғарбда ишлаб чиқилган regime change (давлат тўнтариши) технологиясига биноан, тузумларни ўзгартиришда мухолифат қўлига қурол тутқазиш, гуманитар ниқобдаги интервенция ва рангли инқилоб каби усуллар фаол қўлланилмоқда. Араб давлатларидаги вазиятни кузатсак, мазкур уч усул баравар тажрибадан ўтказилганини кўрамиз.

Германия собиқ ташқи ишлар вазири Йошка Фишер (1998-2005) “араб баҳори”нинг юзага келишига Ироқ урушидаги хатолар ҳам сабаб бўлганини таъкидлайди (“Project Syndicate”, 2013 йил 18 март). Тажрибали дипломат Ғарб Яқин Шарқ бўйича сиёсатини гуманизм нуқтаи назаридан тубдан қайта кўриб чиқиши лозимлигини уқтиради. Ҳозирча 100 мингдан ошиқ инсон ҳаётига зомин бўлган “Араб баҳори” буюк давлатларнинг иккиёқлама стандартларга риоя этишини яна бир карра исботлади. Қолаверса, БМТнинг номинал ташкилотга айланиб қолгани, йирик ихтилофларни бартараф этишга амалда ожиз эканини кўрсатди.

Қарангки, минтақада посанги бўлиб турган Миср осмонидан қора булутлар аримай қолди. Бир йил аввал мамлакат президенти этиб сайланган “Мусулмон биродарлари” ҳаракати вакили Муҳаммад Мурсий 2013 йил 4 июлда ҳарбий давлат тўнтаришидан кейин лавозимидан четлатилди. Мурсий инқилобий умидларни оқлай олмаганликда айбланди. Тунисда ҳам мўътадил исломий партия ва мутаассиблар кураши тингани йўқ. Яманда айирмачилик кайфияти кучайган. Ливияда мафкуралар, қарашлар ихтилофи давом этаётир. Минтақада вестернизация ва девестернизация тарафдорлари, яъни Ғарб қадриятларини байроқ қилган сиёсий гуруҳлар ва уларга қарши кучлар зиддияти ҳам кузатилмоқда. Ҳарвард университети қошидаги Стратегик тадқиқотлар институти директори, профессор Сэмюэль Ҳантингтон ўз даврида катта шов-шув кўтарган “Цивилизациялар тўқнашуви?” (“The Clash of Civilizations?”, 1993) мақоласида янги асрда зиддиятлар ҳукмдорлар, давлатлар ўртасида эмас, цивилизациялар ўртасида кечади, деган мунозарали қарашни илгари сурганди. “Цивилизациялар тўқнашуви дунё сиёсатидаги энг муҳим омилга айланади. Цивилизацияларни ажратиб турувчи чегара чизиқлари келажакда фронт чизиқларига айланади”, дея қатъий ишонч билан ёзганди у. Афсуски, С.Ҳантингтон қисман ҳақ бўлиб чиқмоқда. Араб оламидаги тўс-тўполонларни синчиклаб кузатиш асносида ушбу ҳолатда ҳам цивилизациялар тўқнашуви бўй кўрсатмоқда, деган аччиқ хулосага келиш мумкин. Ҳар бир цивилизация эгалари (вакиллари) худо ва инсон, жамият ва индивид, давлат ва фуқаро, ота ва бола, эр ва хотин ўртасидаги муносабатларда фарқли қарашларга эга. Универсал дастуриламал сифатида тиқиштирилаётган Ғарб демократиясининг эса Шарқ мамлакатларига мос келмайдиган талай жиҳатлари бор. Назаримизда, сўнгги ўн йилларда араб дунёсига демократия ғояларини экспорт қилишга зўр бериб уринишлар натижасида цивилизациялар ўртасидаги мувозанат бузилди. Бу эса жамиятларни кучли руҳий ларзаларга дучор қилди, мафкуравий ихтилофларга замин ҳозирлади. Бири Францияда (Р.Дюма), бири Германияда (Й.Фишер), яна бири АҚШда (С.Ҳантингтон) туриб фикр юритаётган арбобларнинг фикр­ларидан айрим кучлар араб заминидаги қон тўкишларнинг давом этишига иштиёқманд, деган хулоса сизиб чиқмоқда.

Дунёда етакчи мавқени эгаллаб турган оммавий ахборот воситалари ғалвани катталаштиришга “баҳоли қудрат” қарашиб юбормоқда. “Ислом” ва “террор” сўзларини синонимлар даражасига олиб чиқиб, араб ва мусулмон оламига нисбатан ҳадик ҳиссини уйғотиб қўйган Ғарб матбуоти бу сафар ҳам улоқни бергиси йўқ. Уруш бошланса, энг биринчи қурбон ҳақиқат бўлади! Эскидан қолган бу нақл яна бир карра ўз тасдиғини топмоқда. Айрим Ғарб нашрларига ишонилса, Сурияда давом этаётган фуқаролар урушида Башар Асад томонидан кимёвий қирғин қуроли қўлланилди. Бошқа бир гуруҳ газета-журналлар наздида эса қирғин қуролини Башар Асад эмас, унинг мухолифлари ишга туширган. Ҳали у-ҳали бу томоннинг ноғорасига ўйнаётган ОАВ калтак раъият бошида синаётгани, қирғинбаротда асосан тинч аҳоли қони тўкилаётганини унутиб қўймоқда. Диний гуруҳлар, мазҳаблар ўртасидаги зиддиятларни ҳам атайин бўрттириб кўрсатиш тенденцияси яққол сезилади. Ғарбдаги айрим газеталар, телеканаллар элбурутдан Араб дунёси харитаси жиддий ўзгаришга учраши ҳақида фол очиб, нотинчлик тарафдорлари, айирмачиларнинг пилигини кўтармоқда. Бугун Араб олами бирлашиши, ўзаро тил топишиши ниҳоятда зарур. Мазҳаблар ўртасидаги тафриқаларга бот-бот урғу берилаётган бир пайтда эса муросани фақат орзу қилиш мумкин. Жорж Вашингтон университети профессори Марк Линчнинг хавотир билан ёзишича, ташқи давлатлар ҳамда айрим матбуот нашрлари Ироқда, Баҳрайнда, Сурияда сунний-шиа зиддиятини газак олдиришга зўр бериб уринмоқда (“Foreign Policy”, 2013 йил 23 май). “Сиёсий мақсадларга эришиш йўлида мазҳаблараро душманлик кайфиятидан фойдаланиш ҳалокатли оқибатларга олиб келади”, деб огоҳлантиради профессор М.Линч.

 

Ўрмон қонуни: айрилганни айиқ ер

Араб давлатлари орасида ҳар доим ҳам очиқ муҳокама этилавермайдиган ўзаро ким етакчи бўлиши лозимлиги борасида ҳам рақобати мавжуд. Минтақадаги муваққат етакчилик тенденцияси турли даврларда Ироқ, Сауд Арабистони, Ливия, Миср ёки Сурия томонида бўлган. Сўнгги беш-олти йилда эса ўзи кафтдеккина ҳудудни эгаллаган бадавлат Қатар давлати ҳам ушбу рақобатга дадил қўшилди. Эълон қилинмаган кимўзарлик кураши авж олган шароитда минтақа давлатларининг ўзаро интеграцияси ҳаминқадар. Ҳозирда 22 давлатни бирлаштирган Араб давлатлари лигаси (АДЛ) тузилмаси БМТдан ҳам аввалроқ – 1945 йил 22 мартда таъсис этилган эди. Аммо, таҳлилчилар фикрича, ҳар ким ўз томонига тортаётгани сабабли жуда катта интеграция потенциалига эга АДЛ фаолияти ҳали жонланиб кетгани йўқ. Саддам Ҳусайн ва Муаммар Қаззофий ҳокимияти қулаши билан Ироқ ва Ливия етакчилик баҳсидан батамом чиқди. Икки йил ичида сиёсий инқироз кўчасига кириб қолган Миср ўз ички муаммолари билан андармон бўлиб қолди. “2011 йил Қатар йили бўлди. Ливия ва Суриядаги воқеалар минтақада яқин-яқингача ҳеч ким ҳисоблашмаган Қатарнинг етакчи мавқе касб этганини кўрсатди. Мўъжаз давлат улкан ҳудуд, кўпмиллионли нуфус ва қудратли қуролли кучларсиз ҳам катта сиёсатнинг фаол иштирокчиси бўлиши мумкинлигини исботлади”, деб ёзади россиялик таҳлилчи Сергей Балмасов.

Расмий Доҳа дипломатик босим, молиявий ёрдам ва ахборот кураши воситасида (“Араб баҳори”ни зўр иштиёқ билан ёритган “Ал-Жазира” телеканали айнан Қатар амири ҳомийлигида фаолият юритади) қўшни давлатлардаги ҳукуматга қарши чиқишларни очиқ-ойдин дастакламоқда. Ливан матбуоти хабарига қараганда, Суриядаги тартибсизликлар 20 миллиард АҚШ долларига буюртма қилинган ва бу маблағнинг ярми Доҳа ғазнасидан қопланган.

Ўрмон қонунига амал қилиб, бир-бирига зимдан чоҳ қазиш ҳаракатини фақат сиёсий курашлар билан изоҳлаш тўғри эмас. Минтақа давлатлари нефть ва газ бозорида ҳам ўзаро рақобатлашади. 2010 йили Сурия раҳбари Башар Асад “Тўрт денгиз” лойиҳасини таклиф қилди. Ушбу лойиҳа Сурия, Туркия, Эрон ва Озарбайжондан нефть-газ қувури ўтказишни назарда тутган. Мазкур қувур ишга тушгудек бўлса, қўшни давлатларнинг монополистик мавқеига таъсир этмай қолмайди.

Сиёсий таҳлилчилар бошқа бир хавотирли нуқтага ҳам эътибор қаратмоқдалар. Минтақа давлатларининг ўзаро “мушук-cичқон” ўйини шу тахлит давом этса, чегара муаммолари ҳам кун тартибидан жиддий ўрин олиши эҳтимолдан йироқ эмас. Араб монархияларининг бугунги чегаралари ўтган асрда ҳудудда ҳукмфармолик қилган Буюк Британия, Франция каби империя аъёнлари томонидан ўта усталик билан чизиб берилган. Америкалик таниқли сиёсий публицист Ноам Хомски “Ернинг эгаси ким?” мақоласида (“The New York Times”, 2013 йил 9 июль) ҳам бу хатарни эъти­бордан қочирмасликни тавсия этади: “Ер сайёрасини ларзага солаётган улкан зиддиятларга назар солсангиз, уларнинг аксари буюк давлатлар ўз манфаати йўлида чизиб берган қўлбола чегаралар туфайли келиб чиқаётгани, тўқнашувлар империяча жиноятларнинг маҳсули эканига амин бўласиз”. Қисқаси, бир тилда сўзлашувчи мамлакатлар ўзаро тил топиша олмаётган бир пайтда ички муаммолар етмаганидек, ташқи таҳдидлар ҳам ортиқча ташвишлар туғдирмоқда.

Уруш ҳамиша ўз ортидан қимматчилик, ишсизлик, озив-овқат тақчиллиги каби “оға-ини”ларини эргаштириб келади. “Интерфакс” ахборот агентлиги таҳлилларига қараганда, давлат тўнтаришини бошдан кечирган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти 2012 йил якунида 2,4 фоизга пасайиб кетди. Нефть ва газни қайта ишлаш кескин камайди, иқтисодиёт рецессия ҳолатига тушди, инфляция ва бюджет дефицити кучайди. Араб давлатлари лигаси Бош котибининг ўринбосари Муҳаммад ал-Тавожирий нотинчликлар келтирган молиявий зарарни 2012 йил 1 январь ҳолатида 75 миллиард АҚШ доллари миқдорида баҳолаган.

Уруш туфайли кўҳна шаҳарлардан сайёҳларнинг қадами узилди. Не ажабки, араб тамаддунининг уч мўътабар шаҳри – Бағдод, Қоҳира ва Дамашқ шомни ўқ овози билан кузатиб, субҳни ҳам шу тарзда қарши олмоқда. Ҳар уч шаҳардаги осори атиқалар бомба ёмғиридан зарар кўргани, Қоҳира, Александрия музейларида нодир экспонатлар вайрон қилингани ҳақида маълумотлар бор.

 

Шамолни қафасга қамаб бўлмайди

Яна бир неча ойдан кейин “Араб баҳори”нинг бошланганига уч йил тўлади. Айни пайтда давлат тўнтариши рўй берган Миср, Тунис, Яман ва Ливияда ҳам, фуқаролар уруши кечаётган Сурияда ҳам вазият ғоят мураккаб. Қилни қирқ ёрадиган арбоблар тилини тишлаб турибди, валломат оғзиботирлар каловланиб қолган. Ихтилофни кучайтириб, фитначилар тегирмонига сув қуйиб турган корчалонларнинг яна қандай томошалар ўйлаб топаётганини тасаввур қилишга юрак бетламайди.

“Инқилоб” деган жозибали сўзнинг оҳанжамасига маҳлиё бўлган кўпминг сонли оддий халқнинг умидлари ҳозирча оқланмади. Мисрдаги вазият шуни кўрсатмоқдаки, жилвагар шиору чақириқларга ўрганиб қолган, инқилобнинг туз-намагини тотган ёш-яланг ҳа деса намойишга чиқишдан қайтмайди. Демак, умидсизлик кайфияти чулғаган аҳоли қатламлари талабларига мос, уларни қаноатлантирувчи сиёсий дастурлар лозим. Муҳими, ўзгаришлар бир отанинг фарзанди бўлган элатларнинг бир-бирига қурол ўқталиши орқали эмас, тинч музокаралар йўли билан амалга оширилиши керак. Албатта, ҳеч бир жамиятда янгиликни амалга ошириш силлиқ кўчмайди. Давлат арбоби ва тарихчи Никколо Макиавелли таъкидлаганидек, “Янги тартибларни жорий этишни бошлаган ҳар бир одамни эски тартиб тарафдорларининг адовати, янгиларидан манфаатдорларнинг бепарволиги кутади. Бепарволикни қисман қонун ҳимоясидаги рақибдан чўчиш, қисман амалиётда ижобий баҳо олмагунча янгиликка ишонмайдиган одамларнинг ишончсизлиги билан изоҳлаш мумкин. Эскилик тарафдорлари имконият туғилиши ҳамоноқ шиддат билан хуруж қилганда, янгилик тарафдорлари сусткашлик билан мудофаага ўтадилар”.

Таассуфки, араб дунёсида бугун ана шундай турғун ва тушкун кайфият ҳукмрон. Ҳозирча ижобий ўзгариш аломатлари зуҳур этмаётир. Ялпи маъмурчиликка ваъда бераётган турли партия ва ҳаракатларнинг қоп-қоп ваъдаларида ҳам анчагина маҳобат бор. Зотан, одамлар илҳақ кутаётган ўзгаришлар учун бир авлод умри кетади.

“Яккаҳукмронлик ҳавосидан нафас олавериб арабларнинг ўпкаси қуруқшаган, андаккина эркинлик ҳавосига сармаст бўлиб, боши айланиб қолди” қабилидаги эътирозлар ҳам беписандликдан бошқа нарса эмас. Дунёдаги ҳар бир халқ эркин ва тўкин яшашга ҳақли. Таҳликали уч йил кўзлардаги пардаларни сидириб ташлади. Ундан чиқарилган сабоқлардан бири шуки, жамиятда ҳурфикрлилик (плюрализм), ғоялар хилма-хиллиги, кўппартиявийлик тартиби ҳукмрон бўлиши лозим, жамиятни сидирға битта тусга киритиб бўлмайди. Демак, ўзгаришлар илинжида ҳаловатидан воз кечган оддий халқ чапак чалиб қолмаслиги учун сиёсий партия ва ҳаракатлар мағзи тўқ, пишиқ-пухта режалар таклиф қилмоғи лозим.

Бизнингча, араб лабиринтидан чиқишнинг йўли бор. Бунинг учун минтақа мамлакатлари аслий қадриятларга суяниб, замонавийлик ва миллийлик ўртасидаги олтин ўрталиқни топиши керак.

“Мен мутараққий давлатларнинг энг илғор тажрибаларини ўрганиш ва ҳаётимизга татбиқ этиш тарафдориман. Велосипедни қайта кашф этиш оқилнинг иши эмас. Биз сарҳадлари тобора қисқараётган дунёда яшаяпмиз. Шамолни қафасга қамаб бўлмайди. Демак, чегараларни ёпган билан дунё айвонида кечаётган ўзгаришларнинг таъсиридан қочишнинг иложи йўқ. Айни замонда, кўз қорачиғимиздек асраётган муқаддас қадриятларимизга дахл қилувчи таҳдидларга қарши сабот билан курашиш керак”, дейди Сауд Арабистонининг Ўзбекистондаги элчиси, сиёсий фанлар доктори Абдураҳмон бин Абдулла ал-Шая биз билан мулоқотда.

Замонавий араб адабиётининг оқсоқоли Нажиб Маҳфуз 2001 йил 11 сентябрь воқеаларидан кейин “Юманите” нашрига берган интервьюсида янги асрда араб дунёси юзма-юз келган муаммолар ҳақида гапира туриб, “Имоним комил, соғлом тафаккур барибир устун келади!” дея умид билдирганди. Шояд, марҳум адибнинг ёруғ истагига фаришталар омин деган бўлса!..

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон