Сирожиддин Аҳмедов. Мунаввар қори (1992)

Чўқ мунаввар этди оламни Мунаввар қоримиз,
Кўрдимиз равшанлигидин феълимиз, атворимиз.

Ибрат олинг, ёшлар, деб тўкди кўздин ёшлар,
Нутқида таҳрир этиб, бизларни йўқ-у боримиз.

Чин кўнгилдан эшитдук чин инчунин айтган сўзин
Шунча бидъатларни билдук, вой, биз иқрормиз.
Тавалло

Эл учун куйиб-ёнган, маърифат чироғини ёққан кишиларнинг номи ҳеч қачон унут бўлмайди. Бундай инсонларни сиёсатбозлар қанчалик қораламасинлар, ўзлари эл, тарих, замон олдида тасқара бўлиб қолаверадилар. Зеро фидоий кишиларни эл ҳамиша қапб тўрида асраб-авайлайди. Халқимизнинг ана шундай унутилмас сиймоларидан бири — адиб ва педагог, маърифатпарвар Мунаввар қори Абдурашидхоновдир.

Мунаввар қори — исми жисмига монанд, маънавияти сажиясига хос инсон, асримизнинг биринчи чорагидаги халқимиз учун фалокатли йилларда «Мен сандамен, сен мендасен» ҳикматига мувофиқ элимиз, миллатимиз қалбига маърифат ва озодлик, эрк ва ҳурлик нурини сочиб, ҳаётнинг серташвиш йўлларини мунаввар қилишга интилган аллома эди. Афсуски, у зўравонлик ва зулмга асосланган тузумнинг қурбони бўлди. Шу сабабли унинг номи етмиш йил мобайнида фақат қораланди. У амалга оширган улкан ва улуғ ишлар ҳақида лом-мим дейилмади. Хайрият, тазор коммунистлар фирқаси маркази тугатилди. Одамларни, зиёлиларни, айниқса, олим ва адибларни каттакон ялмоғиз мошинанинг парраги ва мурватига айлантирган дев чалажон бўлди. Шу боис, бу буюк инсон ҳақида бир-икки оғиз илиқ сўзлар матбуотда кўрина бошлади.

Хўш, Мунаввар қори Абдурашидхонов ким эди? Нима учун унга шунчалик қаттиқ ҳужум уюштирдилар? Нега уни жисман йўқ қилдилар-ку, лекин маънавий йўқ қила олмадилар?

Абдурашидхон Сотиболдихон Олим ўғли Мунаввар қори 1878 йилда Тошкент шаҳрининг марказий даҳаси — Шайх Хованд Таҳурнинг Дархон маҳалласида мударрис Абдурашидхон ва Хосият отин оиласида дунёга келди. Мунаввар қори оиладаги учинчи фарзанд эди. Акалари Аъзамхон (1872—1919 й.) ва Муслимхонлар (1875—1954 й.) ҳам ўқимишли, зиёли кишилар бўлиб, бирлари мактабдор домла, иккинчилари руҳоний эди. Шуни ҳам таъкидламоқчимизки, унинг боболаридан бирининг номи Абдулмажидхон бўлган. Шу боис, айрим манбаларда уни «Мунаввар қори Абдулмажидхон ўғли» деб ҳам ёзишади.

Мунаввар қори отасидан етти ёшида етим қолади. Дастлабки таълимни онаси Хосият отиндан олади, хат-саводи чиққач, ўша даврдаги йирик мактабдорлардан бири — Усмон домлада ўқийди, сўнг Тошкентдаги Юнусхон мадрасасида таҳсил олади. Бироқ, ўша даврда Ўрта Осиёда илм маркази Бухоро эди. Шунинг учун у 1898 йилда Бухорога бориб, мадрасалардан бирида таҳсил кўра бошлайди. Аммо кўп ўтмай моддий қийинчилик туфайли Тошкентга қайтиб келиб, Дархон масжидида имомлик қилади.

Туркистон, Озарбойжон, Татаристон, Қрим туб халқларининг маънавий йўлбошчиси бўлган Исмоил Ғаспралининг ўқиш ва ўқитиш, мадраса ва мактаб ислоҳотига оид фикрлари, у нашр этган «Таржимон» жаридаси мусулмон ёшлари орасида янгича бир ижтимоий қараш уйғотди. Бу қараш 1900 йилдан бошлаб жиддий ижтимоий ҳаракатга айланди. Зиёлилар орасида табақаланиш содир бўлди. Тараққийпарвар кишиларни «жадид», қолоқ фикрлиларни «қадим» деб аташ расм бўлди. Ана шу ҳаракат туркистонлик, хусусан, тошкентлик зиёлилар орасида ҳам қувват ола бошлайди. Мунаввар қори ҳам тараққийпарварлар сафига қўшилиб, тез орада унинг йўлбошчиларидан бирига айланади. Бунда Боғчасаройда нашр этилган «Таржимон», Татаристонда чоп этилган «Вақт», «Юлдуз» жаридалари, турли йўллар билан Туркистонга тарқаладиган «Сироти мустақим» («Тўғри йўл», Истамбулда чоп этилган) мажалласи, мисрлик ватанпарвар ва инқилобчи Муҳаммад Абдуҳнинг (1849—1905 й.) ислом мамлакатларига ёйилган инқилобий ва ислоҳотчилик ғоялари муҳим аҳамият касб этади. У айниқса Исмоил Ғаспралининг «усули савтия» мактабига, чор ҳукумати мустамлака ўлкалардаги аҳолини қандай маънавий-маданий узлатда сақлагани ва ундан қутулиш чоралари ҳақидаги фикрларига ҳавас ва ихлос билан қарайди. Чунки бу даврда, биринчидан, эски араб ва форс мактаби услубида фаолият кўрсатувчи ибтидоий мактаблару мадрасаларнинг ўқув-педагогика ишлари анча эскириб қолган эди. Иккинчидан, чор ҳуқумати Туркистон ўлкасида маорифни ривожлантирмаслик учун астойдил ҳаракат бошлаган эди. Ўлка аҳолисини руслаштириш сиёсати биринчи ўринда турарди. Мустамлакачилар бу мақсадларини амалга ошириш йўлида турли найрангларни ўйлаб топардилар. Масалан, Тошкент Ўқитувчилар семинариясида (директори машҳур миссионер Н. П. Остроумов) ўзбек, қозоқ-қирғиз халқларини маърифатдан маҳрум қилиш ниятида турли йиғинлар ўтказиб туриларди. Шундай йиғинлардан бирида тарих-жўғрофия ўқитувчиси М. А. Миропиев «Рус мусулмон-ажнабийлари маорифининг асосида қандай Асосий Ақидалар бўлиши керакилиги хусусида мазкур семинариянинг йиллик мажлисида (1882 йил 30 август) нутқ сўзлаб («Туркестанский сборник», 361-том), Болтиқбўйи халқларига рус тилининг давлат тили сифатида жорий қилиниши ҳақида гапира туриб қуйидагича фикр билдирган: «Шундай қилиб, бу тилни руслар билан мусулмонлар орасида истеъмолга киритишдаги бизнинг истагимиз сўнггиларга уларнинг ҳуқуқини чеклаш ва халқини камситиш бўлиб туюлмоқда… Шундай қилиб, қўл остимиздаги бизнинг мусулмонларнинг таълими асосида уларни руслаштириш бош ва асосий ақида бўлиши лозим… ва шундай қилиб, мусулмонларнинг таълими асосидаги бизнинг иккинчи асосий ақида исломни писанд қилмаслик ва уни қабул қилишдан бош тортиш; қисқаси, умуман бизнинг ажнабий-мусулмонларни диний жиҳатдан менсимасликдан иборатдир». М. А. Миропиев рус миссионерлари мусулмонларни тамоман руслаштиришни талаб қилаётганини таъкидлаган эди. Унинг сўзига қараганда, ўлкадаги аслзода рус педагоглари мусулмонларнинг ақлий жиҳатдан руслаштирилишини мақсад қилиб олган эдилар.

Бу уриниш, кайфият, сиёсат фақат рус педагоглари орасидагина эмас, балки ўша пайтда Туркистонда яшаган оврўпаликларнинг аксарият қисми ўртасида ҳукмрон эди. Пировард мақсади миллатни йўқ қилишдан иборат бўлган бу маънавий тажовузни, айниқса ўзбек зиёлилари ҳар қадамда сезиб юришган, ҳис этишган. Бундан ташқари мустамлакачилар Туркистонга оч назар билан қараб, унинг бойликларини шафқатсиз ташиётганликлари, миллий озодлик ҳаракатларини қонга ботираётганликлари фақат оддий меҳнаткашларнинг эмас, балки бойлар ва зиёлиларнинг ҳам кўзини очиб, ҳаётга басират билан қарашга ўргатди. Халқни бу балолардан фақат мактаб таълим-тарбиясидаги кескин ислоҳот қутқара олар эди. Шу боис, Мунаввар қори рус-тузем мактабларига қарши ўз янги мактабларини очишга аҳд қилади. У халқ орасидаги буюмпараст, савдони тараққий эттирмай, ҳунармандчиликни ривожлантириш тўғрисида жиддий қайғурмай, судхўрлик орқали бойиган кишиларнинг лоқайдлиги, муросасозлиги оқибатида юзага келган миллий парокандаликни таг-томири билан қўпориб ташлаш учун маорифни мутлақо янгидан ташкил этиш зарурлигини англаган ҳолда девкор ишга бел боғлади.

Шундай қилиб, Мунаввар қори 1901—1904 йилларда қримлик дўсти Расим Кишод ёрдамида Тошкентда «усули савтия» мактабини очади. У мактабни аввал ўз ҳовлисида, кейин бошқа жойларда очишга ҳаракат қилади. Бу ишда унга тоғасининг ўғиллари Ҳасанхўжа ва Эшонхўжа Хоний яқиндан ёрдам беришади. Бу ҳақда ёзувчи Мўминжон Муҳаммаджонов автобиографик китоби — «Турмуш уринишлари»да қуйидагича ҳикоя қилади: «…Шайх Хованд Таҳур даҳалик Мирдадахўжабойнинг меҳмонхонасида мактаб очиб, бир-икки йилдан бери Абдусами қори деган бир киши билан бола ўқитиб турмоқда бўлғонин айтдилар. …Болаларнинг ўқишларини синф-синфларида юриб кўриб чиқдим. Ҳозирда тўрт синф бошланғич (ибтидоий) мактаб бўлиб, яхшигина тартиблик: парта, қора тахталар, ер юзи бўлакларининг (қитъаларининг) қисқача ҳам бутун хариталари бор экан.

…Бу янги тартиблик мактабларнинг бу Тошкент шаҳрида жорий бўлиб кетишига биринчи сабаб Мунаввар қори бўлиб, барчасининг проғромини шул тузуб берган» (245-бет).

Мунаввар қори «қадимчилар» томонидан «куфр уяси» деб аталган янги мактабга маърифат ўчоғи, янги маънавият, маданият маскани, чор мустамлакачилари зулми остида миллий ғурури, қадр-қиммати ерга урилган, таланган, юрагига қўрқув-даҳшат солинган халқини миллий мустақиллик учун курашга ҳозирлайдиган тарғиботхона сифатида қаради. У мактабни ислоҳот қилмай туриб, одамларнинг онгида ўзгариш ясаб бўлмаслигини яхши тушуниб етган эди.

«Наука и просвешение» мажалласининг маълумотига қараганда, Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг «Намуна» мактабида бир неча юз бола ўқиган. Бу мактабда тайёргарлиги анчагина жиддий бўлган истеъдодли ёшлар ўқитувчилик қилишган. Уларнинг қўлида таълим олган ёшлар орасидан кейинроқ Ҳамза, Қаюм Рамазон, Ойбек, Маннон Уйғур каби истеъдодли адиб ва санъаткорлар етишиб чиқишди.

Улуғ педагог олиб бораётган ишлар золим чор ҳукумати вакилларини анча безовта қилиб қўйган эди. Бу ҳақда «Турмуш уринишлари»да қуйидаги маълумотни ўқиш мумкин: «Олмаота (Верний)да ўрус муаллимларининг катта йиғини бўлди, шул йиғинда «Татарлар, қозоқлар билан бирга сарт болалари ўқитилмасун! Ўқумишли татарларға Туркистон ўлкасида туриш учун йўл қўйилмаслиқ керак! Чунки улар сарт, қозоқларға билим тарқатиб, кўзларини ва фикрларини очадирлар. Сўнгра бизга емак учун Туркистонда нон қолмайдир. 2-янги тартиб билан ўқитувчи муаллимлар, проғромлари, ўқитадурғон китоблари кимларнинг асарлари эканлигини «инспектор»ларга ёзиб кўрсатмагунча бола йиғиб ўқита олмайдурлар», деб қарор бердилар». Шу боис чор амалдорлари мактабларнинг дастурлари билан мунтазам танишиб борганлар ва имтиҳонларда иштирок этганлар. «Ҳукуматнинг ўрус ва мусулмон маъмурларидан (амалдорлар) ҳам имтиҳон кўриш баҳонаси билан келиб-кетиб турмоқда эдилар», — деб ёзади Мўминжон Муҳаммаджонов. Бунга сабаб мусулмон, ўзбек ёшлари орасида тараққиётга йўл қўймаслик эди. ВКП(б) Ўрта Осиё бюросининг аъзоси Г. Сафаровнинг ёзишича: «Бошқа ишлар билан бир қаторда чор ҳукумати бу ерда (аҳолини) руслаштириш билан шуғулланди. Қорагуруҳчи (черносотенец) «миссионерлар» Остроумов ва губернатор Ликошинлар «нонасроний»ларни православ мазҳабига тортишди ва уларни русча ўйлашга ҳамда ҳис қилишга ўргатардилар», дегани ҳам тасдиқлайди.

Чор ҳукуматининг ўлкадаги вакиллари бу билан чекланиб қолмаган. 1908 йили ўлка бош губернаторининг девони қошида «Туркистон ўлкаси ичкари ва ташқарисини текшириш (разведка) қилиш масалалари» бўйича махсус комиссия ташкил этилади. Мазкур комиссия ўзининг биринчи протоколида «Рус мусулмонлари орасидаги норозилик (1905 йилдан кейин) тинчигани йўқ ва ҳали қандай шакл олиши номаълум», деган хулосага келади. Шу боис тараққийпарвар кишилар орасига хуфялар қўйилади. Улар барча воқеа ва гап-сўзларни оқизмай-томизмай хатга тушириб, махфий полицияга етказиб турганлар.

Аммо бу қарши хатти-ҳаракатлар Мунаввар қорини мақсадидан қайтара олмади. У «Турон» жамияти аъзолари ва маҳаллий бойлар эътиборини маориф ишига торта олди. Яхшиси, шу тўданинг аъзоси, кекса санъаткор Абдураҳмон Акбаров хотирасига кўз ташлайлик. У қуйидагича ёзади: «Тўдадаги жадидларнинг бош раҳбари бўлган Мунаввар қори бир куни тўданинг мажлисига келиб: «Зиёли ёшлардан бир нечтасини Германияга юбориб ўқитиш керак», деб узоқ нутқ сўзлади. Шундан кейин тўданинг раҳбарларидан 7—8 киши Орифхўжабойнинг янги шаҳардаги ҳовлисида шу ҳақда биринчи марта мажлис ўтказдилар. Аммо «Тошкент боёнларининг кўпчилиги бўлиши маслаҳатроқ бўлади» деб иккинчи каттароқ йиғин мажлисини Шайх Хованд Таҳурлик Каттахўжа Хўжаевнинг уйида ўтказишга қарор қилдилар.

… 1916 йил охирлари эди. Орадан чамаси 15 кунлар кейин Каттахўжа Хўжаевнинг уйида иккинчи марта катта йиғин бўлди. Бу мажлисга Тошкентнинг энг машҳур боёнлари йиғилдилар. Жумладан, Орифхўжа бой, Саидкаримбой, Комилжонбой чойфуруш, Асил оқсоқол, Боқижонбой ва бошқалар.

Бу ерга тўпланганларнинг сони 50—60 га етарди. Буни ташкил қилишда кўпроқ ташаббус кўрсатган Мунаввар қори билан Илҳом самоварчи ва Муродхўжа Солихўжа ўғиллари эди. Ҳамма йиғилиб бўлгандан кейин мажлис очилиб, биринчи бўлиб Мунаввар қори сўзга чиқди. Мунаввар қори: «Ўзбек зиёли болаларининг Германияга юбориб ўқитишга жуда муҳтожмиз, болалар ўқуб, илм таҳсил олиб келсалар, миллатига катта хизмат қила оладилар», деган сўзлар билан узоқ нутқ сўзлади. Унинг кетидан Мунаввар қорининг сўзини қувватлаб Самиғ қори чиқиб сўзлади, охирда саволлар тушди: ким, неча кишини юборамиз, деб. Самиғ қори «борадирган кишиларнинг рўйхати бор», деб домла Муродхўжа Солиҳхўжа ўғлидан рўйхатни ўқиб беришни сўради… Германияга ўқиб келиш учун борувчилар шулар экан: 1. Шайх Хованд Таҳур даҳасидан Абдулваҳоб Муродий, яна бир киши хотирамда йўқ. Бешёғоч даҳасидан ҳам икки киши: 1-си Чақар маҳаллалик Муҳаммаджонов, 2-си Яланқари маҳаллалик Аъзам соатсоз ўғли, жами 4 киши экан.

Мунаввар қори яна ўрнидан туриб: «Жамоат, мана бу ёш, ўсмир болаларимизнинг Германияга бориб ўқиб келишлари фақат сиз боёнларимизнинг ёрдами остида вужудга чиқади», — дейиши билан ўтирган бойлардан бири Мунаввар қорининг қўлига анчагина пул берди… Пул тўпланиб, саналиб бўлгандан кейин Мунаввар қори ўрнидан туриб: «Миллатимизнинг келажакдаги бахту саодати учун шундай катта ҳимматларингизга кўпчилик томондан раҳматлар айтаман», деб ташаккур билдирди».

Хотирадан кўриниб турибдики, золимлар қандай ҳунар кўрсатмасинлар, Мунаввар қори маҳаллий бойларнинг бошини қовуштириб, маърифатга хизмат қилдира олди. Шунинг учун ҳам у бир неча бор ҳибсга олиниб, сўнг қўйиб юборилган. Аммо буюк инсон бунга парво қилмай курашаверган.

* * *

Мунаввар қори педагогик фаолият билан кифояланмай, илмий-педагогик ва бадиий асарлар ҳам ёзган. У Туркистон ўлкасида биринчилар қаторида «Адиби аввал», «Адиби соний», «Ер юзи» («Жўғрофия»), «Ҳавойижи диния» китобларини (1907 йилда) нашр эттирган. 1914 йилда Салим Исмоил Улвийнинг Қуръон қироати бўйича сабоқ берувчи «Тажвид»ини ўзбекчага таржима қилиб, Оренбургда нашр эттирган. «Садойи Туркистон» жаридасида босилган Камий, Хислат, Сўфизода, Ҳамза каби шоирларнинг шеърларини тўплаб «Сабзазор» номи билан чоп эттиргани маълум.

Улуғ мутафаккир бу ишлар билан ҳам чекланмади. Ўзига ўхшаш очиқ фикрли ёшлар — Убайдулла Хўжаев, Абдулла Авлоний, Тошпўлатбек Норбўтабеков, Карим Норбеков ва бошқалар билан ҳамкорликда 1909 йилда тошкентлик бир бойнинг раислигида «Жамияти хайрия» ташкил этади. Бироқ, бу жамият иқтисодий жиҳатдан бир неча ағниёларнинг иона ва ёрдамига суянгани учун эркин иш олиб бора олмайди. Лекин раис ўринбосари бўлган Мунаввар қори тиниб-тинчимаслиги орқали жамият тараққийпарвар ёшлар қўлига ўтади. Бу ҳақда у «Тошкентда мусулмон жамияти» мақоласида қуйидагича ёзади: «Ёшларнинг совуққонлик ва сабрликлари бу сана яхши натижалар берди. Бойларнинг ўзлари иттифоқ бўлиб, ўз ораларидан фақат бир кишини раис ва бир машварат аъзоси вериб, бошқа аъзоларнинг барчасин ёшлардан сайлатдилар…

Бу иттифоқнинг натижаси ўлса керак, Тошкент жамияти бу йил бутунлай бошқа тусга кирди. Уйқудан уйғониб, кўзларин уқалаб, атрофга назар сола бошлади. Қонунида зикр этилган моддалардан бирин-бирин фойдаланмакка шуруъ қилди, бошлаб бир неча йилдан бери қарор берилубда очилмай ётган «Дорул ожизин»ни расман очиб, бир неча мискин ва ожизларни тарбияга олди. Бир неча мактаб ва мадрасаларга юз сўм ва икки юз сўмлаб ионалар берди. Бир неча бева ва бечораларга ойлик ионалар бермоқда ва олтмиш қадар фақир ва қашшоқ болаларни турли мактабларда ўқитиб, тарбия қилиб турмакдадир.

Жамиятнинг янги аъзолари (яъни ёшлар — С. А.)… пул топмакка ҳам янги йўллар излади, бошлаб «Грамофон обшество»си-ла сўйлашиб, ҳар бир пластинкадан ўн тийин олмоқ шарти-ла бир неча ҳофизларни ва ўз тарбиясидаги мактаб шогирдларини(нг) товушини сотди, бундан фақат шу йил ичиндагина лоақал икки минг сўм кирса керакдир».

Мунаввар қори ва сафдошлари жамият орқали қашшоқ ва касалманд кишилар, ўқувчиларга ёрдам кўрсатиш билан чеқланмайди. Россия ва Туркиядаги олий ўқув юртларига талабалар юбориш билан ҳам шуғулланди. Тахминимизча ва айрим маълумотларга қараганда, шу жамиятнинг ёрдами билан Мирмуҳсин Шермуҳамедов Уфадаги «Олия» мадрасасида ўқиди.

Олдинга ўтиб шуни қўшимча қилиш мумкинки, буюк инсон бу савоб ишини Октябрь тўнтаришидан кейин ҳам давом эттирди. 1921 йилда Туркистон Халқ маорифи комиссари лавозимида (қисқа муддат) ишлаб турган пайтида Тошкентда «Кўмак» уюшмасини тузиб, Германияда таҳсил олаётган ўқувчиларга ва Москвадаги Санъат институтида таълим олган Маннон Уйғурга моддий ёрдам уюштирди.

Чор ҳукумати маҳаллий ёшлар орасидаги ижтимоий ҳаракатни ҳар йўл билан синдириш ва мағлуб этишга интиларди. Бундан мақсад, бир жиҳатдан маҳаллий аҳолини миллий зарарли бидъатлар кафанига ўлдирмай ўраш бўлса, иккинчидан, мустақиллик йўлини тўсиш эди. Шу боис «Чор ҳукуматининг полисиялари, охранний отделениялари бундай маданий ишларда ерлик халққа очиқ йўл бермади, бир томондан очилса, иккинчи томондан ёпа берди», деб хотирлаганди кейинроқ Мунаввар қори. Бироқ толмас курашчи ўз ниятидан сира қайтмади.

Мунаввар қори Абдурашидхонов миллий матбуот тамал тошини қўйган журналистлардан биридир. У 1906 йил сентябрда «Хуршид» («Қуёш») жаридасини нашр этиб, ўзи муҳаррирлик қилади. Бу жарида ўзбек халқининг кўзини очишга, фикрий уйғонишига, ўз ҳақ-ҳуқуқини танишига хизмат қилгани учун оқ пошшо малайлари томонидан тезда ёпиб қўйилди. Кейинроқ у «Нажот» (1917 й.), «Кенгаш» (1917 й.), «Хуррият» (1917 й.), «Осиё», «Сурат», «Ҳақиқат», «Турон»да бош муҳаррир, «Садойи Туркистон»да (1914—1915 й) бўлим муҳаррири бўлиб ишлади.

Мунаввар қори матбуотга элни ғафлат уйқусидан уйғотувчи буюк куч, маданият ва маърифатга чорловчи қудратли восита, ҳақиқат кўзгуси деб қаради. Юрагида йиғилиб қолган армонларини, таклифларини оммага ёйишда матбуотдан фойдаланди.

Ёшларнинг халқ орасидаги ижтимоий силжишларга сабаб бўлган ишларни бажариб, обрў топаётганларидан фахрланган Мунаввар қори «Тошкентда мусулмон жамияти» мақоласида шундай деб ёзади: «Тошкент жамиятининг исмини унутган ёки ҳеч бир жамият деган сўзни эшитмаган Тошкент мусулмонларининг етти яшаридан етмиш яшаригача жамиятнинг вужудидан хабардор бўлди, рус, яҳудий ва арманлар фойдаланиб юрган ўринлардан фойдаланмак мусулмонларга ҳам мумкин эканлиги очиқ билинди, бу эса Тошкент мусулмонларининг ҳийли руҳларин кўтарилмоғига ва жамиятга муҳаббат ила қарамоқларига сабаб ўлди».

Эл мураббийси ҳамфикрлари билан жамият ишларига халқ меҳрини уйғотгач, унинг тараққиётига ҳалақит берган нуқталарни, зарарли урф-одатларни рўйи-рост очиб ташлади. У Туркистон аҳлининг асирлик ва залилликка учраш ташхисини аниқ қўйиб, жамиятнинг ҳар бир қатламининг сажиясини очади. «… Бу замондан юз йилдан зиёдроқ муқаддам замондан бошлаб оҳиста-оҳиста миллат деворларининг ҳар тарафига раҳна пайдо бўлди. Мунга сабаб уламо ва умароларимизни(нг) ўз нафслари риоясида ҳаракат қилмоқлари бўлди, — деб ёзади Мунаввар қори 1906 йилда босилган «Никоҳ тўғрисида» мақоласида.— Подшоҳ ва хонларимиз бўлса, миллатга қилган хизматлари танҳо хотин олмоқ ва кучук уруштирмоқ ва беғайрат ва беҳаққоният диндор кишиларни бадарға қилмоқ ва тутиб ўлдирмоқ бўлди. Миллат нима ва шариат нима билмадилар. (Биз чиздик — С. А.) Шунинг учун мйллат деворини(нг) раҳналари тобора зиёда бўлди».

Адиб инқироз сабабларини тадқиқ қилар экан, ўзи мансуб бўлган дин аҳллари фаолиятини ҳам кескин қоралайди. Хусусан, у имомлар ҳақида: «Имомларимизни(нг) вазифалари қавмларига ваъз ва насиҳат бирла аҳком шариатни билдириб, ғайри машруъ ишлардан қайтармоқ бўлган ҳолда ўз вазифаларини адо қилмоққа тўй ва маърака ахтармоқдан қўллари бўшамас. Агар қавмларини олдига тушиб, тўй ва маъракага юрмасалар, ўшал куни имоматдан маъзул бўлур эмишлар. Чунки авомуннос эътиқодида имомлик қавмни олдига тушиб тўй ва маърака ахтармоқдан иборатдир ва аъёни қавмга ҳушомад қилиб, гирдин экмакдан киноятдир», — деб ёзади.

Буюк мураббий миллатнинг инқирозга учраш сабабларидан бирини «бўзахўрлик, қиморбозлик, баччабозлик… ларга ўхшаш амаллар»ни «… бизларни ота-боболаримиз расмларидир, деб истеъмол қилиганларида кўради. Чор ҳукумати бу инқирозни баттарроқ чуқурлаштиришга интилиб, масжид ва мадраса, қозихона ва қози сайлаш ишларига, вақфларга ўзларича аралашиб, хўжайинлик қилиб, қозиларни «народний судья» атаб, ишни ўз кўйларига солишганини ёниб сўзлайди.

Эл мураббийси бу билан сира тиниб-тинчимайди, ўша даврдаги барча жарида ва мажаллаларда фаол иштирок этади. Айниқса, «Садойи Туркистон» жаридасига турли мавзуларда бош мақолалар ёзади. Бу мақолалари асосан мактаб ва жамиятлар фаолиятига бағишланган эди. У мактабларни такомиллаштириш, имтиҳонлар ўтказиш ҳақида ёзар экан, «… Бутун дунёдаги маданий миллатларнинг қайғу ва ҳасратларина иштирок этмаган ва бу шодлик масарратларидан баҳра олмаган бир қавм ва бир миллат вор эса, ул ҳам Туркистон туркларидирмиз», — дейди.

Мунаввар қори бошланғич ва ўрта мактаблар фаолиятидан қониқмаслигини очиқ айтиш билан бирга мадраса ва муддаррисларнинг ҳам заиф эканини ошкор қилади: «Мадрасаларга имтиҳон жорий бўлса, кўп шогирдларнинг ва бир неча мударрисларнинг мадрасадан чиқармоқлари лозим келур».

Ҳар бир халқнинг миллат сифатида шаклланишининг биринчи белгиси мазкур халқнинг ўзлигини таниши ва ўзини ҳимоя қилиш туйғусининг уйғониши, миллий қадриятларини сақлаш ва тараққий этдириш, бу йўлда турли-туман жамият ва уюшмаларнинг вужудга келтиришидир. Буни у қуйидагича шарҳлайди: «Маданий миллатларнинг бутун тараққиёти диния ва эҳтиёжот майллари учун энг ишончли суянчиқ ва муттако эттоҳоз ўлинмиш ва уларда маданият нарвонининг биринчи босқичи мактаб, иккинчиси жамият экан». («Жамият қандай очилур», «Садойи Туркистон» № 22.26.6 1914 й.)

Мунаввар қори ҳар икки босқичга ҳам жиддий аҳамият берди. Шу икки таянч билан миллат болаларининг кўзини очди, чоризмга қарши кураш олиб борди. Мактабига юборилган Остроумов каби «попечител»лардан сира тап тортмади.

У 1914—1915 йилларда дўстлари Убайдулла Хўжаев, Абдулла Авлоний, Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Музаффарзода, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Шокиржон Раҳимий, Нўшравон Ёвушевлар билан бирга «Садойи Туркистон» жаридасини нашр этиб, ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий жиҳатдан юксак чўққига олиб чиқди. Мазкур жариданинг маданиятимиз тарихидаги ўрни ва роли ҳали тўла очиб берилганича йўқ. Масалан, атоқли ёзувчи ва шоир бўлиб етишган Абдулҳамид Чўлпон ҳам ана шу жаридада ижодкор сифатида бўй кўрсатиб, вояга етди, элнинг севимли адибига айланди. Шу жарида таъсири остида Хуршид (Шамсиддин Шарафиддинов), Лутфулла Олимий, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Мискин, Мўминжон Муҳаммаджонов, Ҳамза, Холид Саид, Фузаил Жонбоев (миллати қозоқ) каби адиб ва журналистлар камолга етдики, бунда Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг хизматлари беқиёсдир.

Мунаввар қори 1913 йилдан иш бошлаган «Турон» труппасининг ташкилотчиларидан биридир. У дўстлари Абдулла Авлоний, Илҳомжон Иноғомов, Комилбек Норбеков, Тўлаган Хўжамёров (Тавалло), Муҳаммад Пошшахўжаев, Убайдулла Хўжаев, Тошпўлат Норбўтабеков ва бошқалар билан бирга труппанинг барча ишларида қатнашди.

1913 йил июнь-июль ойларида «Турон» труппаси ўзининг норасмий спектаклини кўрсатди. Труппанинг ташкилий ва тарғибот ишларига Мунаввар қори фаол аралашади. Хусусан, труппанинг дастлабки спектакли ҳақида қуйидагича маълумот беради: «… шаҳар боғининг ёзлик театрусида бир мартаба спектакл қўйиб, олти юз сўмга яқин фойда қилди, бунинг устига ушбу августнинг 8-куни рамазон муносабати-ла Шайх Хованди Таҳур боғида биринчи мартаба «Томоша кечаси» ясади, ушбу томоша кечасининг даромад ва буромади ушбу тариқа бўлди: сотилган билетлардан 1387 сўм 54 тийин…» Мунаввар қори ва дўстларининг шу тариқа «…ҳеч кимнинг шикоят ва ҳақоратига қулоқ солмай қилган саъй ва ҳаракатлари…» жамиятга ҳам, халққа ҳам «… маънавий жиҳатдан кўп фойдалар келтирди».

Ана шу маънавий ва маданий-сиёсий, адабий-бадиий фойда туфайли ёш тараққийпарварлар, жумладан, буюк инсон Мунаввар қори «Мусулмон драма санъати ҳаваскорлари жамияти — «Турон»ни чор ҳукуматига расмий тан олдиришга эришдилар. Ҳукумат труппа устави билан танишиб чиққач, рухсат беришга мажбур бўлди. «Турон» труппаси ва жамиятнинг мақсади уставда қуйидаги тартибда баён қилинган:

«а) Халқ орасида жиддий ва саҳна ишига ҳамда хайрияга муҳаббат уйғотиш;

б) Халқ учун спектакль қўйиб, соғлом томоша кўрсатиш;

в) Туркистон ўлкаси ҳудудида яшовчи муҳтож мусулмонларга моддий ёрдам бериб, маънавий ва моддий жиҳатини яхшилаш».

Ана шу эзгу мақсадлар олдинга қўйилгани учун ҳам адиб театр санъатига муҳаббат билан қаради ва унинг ижтимоий ҳаётдаги ўрни ва ролини тўғри баҳолай олди.

1913 йил 27 февралда Тошкентдаги Колизей театри биносида, таниқли татар режиссёри, ўзбек спектаклларини саҳналаштирган санъаткор Зоки Боязидский — Валеевнинг сўзи билан айтганда, «миллий драматургия, миллий тил, миллий артистлар билан тайёрланган» ўзбек миллий театрининг биринчи мавсуми расмий очилди. Спектакль биринчи пардасини очиш Мунаввар қори Абдурашидхоновга топширилган эди. У мазкур тантанали маросимда шундай деган эди: «Туркистон тилида ҳануз бир театр ўйналмағонлиғи барчангизга маълумдир. Шул сабабли баъзи кишиларимиз театрға, эҳтимолки ўйинбозлиқ ёки масхарабозлик кўзлари ила боқурлар. Ҳолбуки, театрнинг асл маъноси «Ибратхона» ёки «Улуғлар мактаби» деган сўздир. Театр саҳнаси ҳар тарафи ойнабанд қилинғон бир уйга ўхшайдурки, унга ҳар ким кирса ўзининг ҳусн ва қабиқини, айб ва нуқсонини кўриб ибрат олур». (Биз чиздик — С. А.) «Театр саҳнасига чиқиб, юзига ун суртиб, бир масхарабоз шаклига кирган зотлар гўёки табиби ҳозиқ мисолидадир», деб у артист ва режиссёрлар фаолиятига юксак баҳо беради.

Ёшликдан ислом дини қонун ва кўрсатмалари билан озиқланган, ундан руҳланган кишининг театр санъатига бундай катта баҳо бериши улкан воқеа эди. Зеро ўша йилларда театр санъатига йўл очгани учун халқимизнинг севимли фарзанди Маҳмудхўжа Беҳбудий домла Васлий ва бошқалар томонидан қаттиқ танқид қилинган. Мунаввар қори, аксинча Беҳбудийни қўллаб-қувватлади, унинг саҳна асари Тошкентдаги театрда кўрсатилишида жонбозлик кўрсатди. Бу — унинг дунёқараши ниҳоятда кенглигидан, билимдонлигидан далолатдир. У ўзбек томошабинларига: «Биз бу зотларга (яъни артистларга) ва театрларга қандай кўз ила боқмоғимиз керак?» — деган савол билан мурожаат қилади ва ўзи шундай жавоб беради: «Муни ўрганмак учун биз ўзимиздан бошқа мутараққий миллатларга боқайлик: мисола, устимизга ҳоким бўлиб турган русларга, туркларга, немисларга, франсузларга, яҳудийларга ва бошқаларга. Кўп узоқ кетмайлик, энг яқин қўшниларимиз бўлғон тоторларға ва Қофқоз мусулмонлариға». Мунаввар қори, сўзсиз, ўзи шу халқларнинг турмушига чуқур назар ташлагандан, улар ҳаётида театр санъати қандай ўрин тутишини ҳар томонлама ўргангандан кейин шундай фикрни айтган.

Агар ўтган асрнинг охири ва асримизнинг бошларида Шекспир, Шиллер, Гюго асарлари турк, озарбойжон тилларига таржима қилинганини, Л. Толстой, А. Островский ва Н. Гоголнинг айрим асарлари татарчага таржима этилганини, Мунаввар қори эса форс, араб, рус, турк тилларини билганлигини ҳисобга олсак, у бу улуғ адиблар асарларини ўқиганлигига ишонч ҳосил қиламиз, Бундан ташқари у таниқли турк адиблари Абдулҳақ Ҳомид, Тавфиқ Фикрат, озарбойжон ёзувчилари Мирза Фатхали Охундов, Н. Наримонов, Ж. Маматқулизода, Н. Вазировларнинг ижодини, татар файласуфлари Ризоиддин Фахриддинов, Мусо Жаруллоҳ Бегиев, Аёз Исҳоқий, Зиёиддин Камолий асарлари ва ижтимоий-диний қарашларини яхши билган. Шу боис у ўзбек томошабинларига Охундов ҳаётини ибрат қилиб кўрсатади. Охундов туфайли катта ишлар амалга оширилганини таъкидлар экан, миллий театрни ташкил этган «Нажот» жамиятининг санъат «… миллатнинг номуси ва обрўсини ҳифз қилур» деган хулосасига қўшилади.

Шунинг учун миллат обрўсини юксалтиришни, ривожлантиришни ўзининг умр мақсади деб билди. У ўлкасининг қолоқлиги сабабини ахтараркан: «Бизим Туркистон мамлакати туфроғ, сув ва ҳаво жиҳатидан энг бой мамлакатлардин бўла туриб, на учун ўзимиз бундан фойдалана олмаймиз?» деб нола қилади. «Мана, кет-бакет етган бундай саволларга жавоб бермак учун нодонлиқ ва оламдан хабарсизлиқ демакдин бошқа чора йўқдир. Бу нодонлиқ ва дунёдан хабарсизлиқ балосидан қутулмак учун аввал орамизда ҳукм сурган бузуқ одатларнинг бузуқлиғини билмак ва ўрганмак керакдир», дейди у.

У театр санъатига «бузуқ одатларнинг бузуқлигини билмак» ва тузатмак муассасаси, юқорида айтилганидек, «Табиби ҳозиқ» деб қаради ва бу йўлда катта ишларни амалга оширди. Ана шундай ишлардан бири маҳаллий руҳонийларнинг театр саҳнасига қаршилигини синдириш бўлди. Адиб халқ бағридаги жаҳолатни юлиб олиб ташлади, эл юрагида янги санъат тури бўлган Оврўпа типидаги театрга муҳаббат уйғота олди. Бу фикримизга «Турон» труппасининг 1914 йилдан то 1919 йилгача фаолияти ёрқин далилдир.

Мунаввар қори театр санъати хусусиятларини, драматургия талабларини чуқур билган олимдир. Шу боис Ҳамза Ҳакимзода Ниёзийдек шоиру адибга устозлик қила олди. Буни Ҳамзанинг ўзи «Қайдлар»ида: «9. Пирлардан: муҳтарам устози олий муаллим Мунаввар қори Абдулмажидхон ўғли. … мулоқотимиз 1908 йил, 11 декабрда» деб тан олади. Ана шу учрашувдан кейин у доимо пири билан учрашиб турган ва хат ёзиб, маслаҳат ва ёрдам сўраган. Буни Ҳамзанинг қуйидаги хатлари ва Мунаввар қорининг жавоблари ҳам тасдиқлайди. Масалан, Ҳамза 1915 йил октябрь — ноябрь ойларида қуйидаги мазмундаги хат йўллайди:

«Ҳурматли Қори афандия!

Ушбу юбордиғим китобларни тезда адреси заказной бандерол ила юбормоғингизни рижо қилурман. Мумкин қадар қўлёзмалиги пўчта маъмурларина маълум ўлмийдирғон тарзда ўрамоқ лозим.

Қанча харажат бўлса, мен берурман. Адрес: Стар. Маргелан, чайний базар, г-ну. А. X. Зайнуллину. Ҳамза Ҳакимзода махсус.

Ҳисоблар нима бўлди? Тамом бўлиши учун қачон йиғин қиламиз? Шуни ҳам ёзиб юборинг!

Ҳамза Ниёзий»

Мактубдан сезилиб турибдики, Ҳамза ўз пиридан асарларини бостириш масаласида ёрдам сўраяпти. Жавобларни ҳам тез олишни истаяпти. Хўш, гап қайси асар хусусида боряпти? Нима учун қўлёзмалиги сир тутилмоқда? Бунга Мунаввар қорининг қуйидаги жавоби ойдинлик киритади.

«Биродари азизим Ҳамза афанди! Китобларингиз бундан бир неча ой муқаддам баним қўлимга тегмиш эса-да, тамоман кўриб чиқиб, бир фикр баён этмакка фурсат топа олмадиғимдан тўла мактубларингизга жавоб ёза олмағон эдим.

Ҳозирда тамом кўриб чиқдим. Шеърларингиз ила Ферузахоним»ингиз босилурлиқ. Фақат фикр ислоҳга муҳтож. Хусусан, «Ферузахонимининг мавзуи бик яхши: фақат ичиндаги «малъун», «бедин» каби адабдан хориж сўзларни чиқарилса, эшон ила бойни(нг) бедин ва малъунлигини сўз ила эмас, қилиқлари ила кўрсатилса (Биз чиздик — С. А) ҳамда «Чойи қўлида, сўзи бўғзида қолғон Норбобо ўрнидан турди-да, дўконга кетди» каби жумлаларни «Норбобонинг чойи қўлида, сўзи бўғзида қолди-да, ўрнидан туриб, дўконга кетди» равишда ёзилса, очиқ ва сучукроқ бўлур эди ҳамда Мансур ила Ферузаннинг ёзишкон мактублари бироз қисқароқ бўлуб, суҳбатлари бироз узайтирилса, муассир чиқарди. Шеърингиз-да, яхши, фақат «Марҳабо» каби баъзи шеърлар чиқарилуб, ўрнига кичикроқ шеърлар аралаштирилса, яна яхшироқ бўлур эди. «Турдиқул» ила «Икки мактуб» китобингиз менимча, мақбул кўрилмади. Агарда ислоҳ килиб юборсангиз шеър ила «Ферузахоним»ни «Туркистон кутубхонаси» нашр килиб кўради…

Муҳибингиз Мунаввар қори. 1915 йил, 4—5 ноябрь»

Ҳамза бу жавобга қониқмай, қуйидаги мактубни юборади.

«Ассалому алайкўм! Маънавий қори отамиз ҳазратларина!

Жанобингиза бундан муқаддамги мактубда ёзмиш эдим: … агарда ўз тарафиндан «Туркистон кутубхонаси» нашр қилмоқ ва сўнгра саҳная қўюлмоғи жамият тарафиндан мақбул кўрилиб, бир вақтда мавқуф қолдирилғон бўлса, айни мақсуд ўлмоқ узра, рисолаларни бутун қолдируб, ани хусусинда вақтлироқ, шитоб дегил мактуб ила қонеъ этмаклари мутаманнодир.

Ҳамза Ниёзий» (санаси йўқ — С. А.)

Мунаввар қори бу мактубга шундай жавоб беради:

«Ҳурматли Ҳамза афанди!

… «Ферузахоним» ила бошқа китобларингизни эса эртага пўчтадан иншооллоҳ юборурман. Агарда «Ферузахоним» ман айтқонча, яъни:

  1. Эшон ва бойларнинг малъун ва аблаҳликларини очиқдан-очиқ «малъун», «Жоҳил», «хоин», «палид», «нобакор» каби сўзлар ила эмас, қилғон ишларининг ёмонлиғи ила кўрсатилса;
  2. Мансур ва Ферузаларнинг мактублари бироз қисқартирилса, чунки бундай ёширин мактуб қисқа ва маъноли бўлур.
  3. Бир-бирлари ила кўришқондағи ҳоллари бироз узоқроқ тасвир қилинса; чунки романга руҳ киритадирғон ва ўқувчиларни қизиқсиндурадурғон ўринлари шул васл ҳоллари бўлур;
  4. Аввал тавсиялар зикр қилинуб, сўнгра сифатлар зикр қилинса, яъни, «ҳар бир назир килинмиш кизларни йигирма бир ёшиға киргизуб, сўнгра никоҳина олувга одатланган нобакор Тоҳир эшон» каби жумлаларнн «Ул Тоҳир эшон ҳар бир назир қилинмиш қизни йигирма бир ёшигача умрини ўткариб, сўнгра никоҳига олишга одатланган эди» каби қисқароқ жумлаларга таҳрир қилинса…

Ислоҳ килиб юборсангиз аввалги шарт ила буни ҳам бостируб нашр этмак ниятидаман…

Боқий иҳват дўстингиз, Мунаввар қори.

1916 йил, 1 январь».

Яна бир мактуб.

«…Ферузахоним»ни ҳозирда юбормай турингиз, чунки эҳтимол якин фурсатда ман ўзим хизматингизга бориб қолсам. Шунда кўришиб қарор берурмиз. Ҳозирда ҳар ерда қоғоз каҳатчилиги ҳукм сурмоқдадир. Биноаналайҳ ҳануз майдонға чиқғонларйни эса алхусус-алалхусус мактубларда жорий бўлғон китобларни бостирмак мумкин эмас. Шу сабабли, гар киммат тушса ҳам бостурмакдамиз.

«Миллий ашулалар»ингиз оз ва кичкина бўлғон сабабли бостирулди…

Дўстингиз Мунаввар қори 17 январь 1916 йил».

Мунаввар қори ва Ҳамзанинг ушбу ёзишмалари уларнинг ниҳоятда дўст ва қадрдон бўлганликларини тасдиқловчи ҳужжатдир. Шу билан бирга бу яна қуйидаги фикрларни майдонга олиб чиқади: Биринчидан, Мунаввар қори Ҳамзанинг тан олган пири, маънавий отаси; иккинчидан, Мунаввар қори «Туркистон кутубхонаси» нашрининг муассисларидан биридир; учинчидан, Ҳамза ўз асарларини бу нашриётда чоп эттирган ва қўлёзмаларини фақат «маънавий отасига»гина ишонган; тўртинчидан, Ҳамза қўлёзмалари чор ҳукумати томонидан доимо таъқибда бўлган, буни адибнинг: «мумкин қадар қўлёзмалиги пўчта маъмурларина маълум ўлмайдирғон тарзда ўрамоқ лозим» сўзи тасдиқлайди; бешинчидан, Ҳамза ўз мактубларини 1915 йил апрель-май ва 1915 йил декабрь — 1916 йил апрель ойларида ёзган кўринади. Буни Мунаввар қори мактублари остидаги саналар тасдиқлайди. Олтинчидан, Ҳамза ўзининг пьесаси ва яна бир асари хусусида фикр юритмоқда. Унинг «саҳнага қўюлмоғи жамият тарафиндан мақбул кўрилиб, бир вақтга мавқуф қолдирилган бўлса…» ва «рисолаларни бутун қолдириб» сўзлари бундай дейишга асос беради.

Мунаввар қорининг жавоблари ана шуларга ойдинлик киритади. Мактубдан маълум бўладики, асосан, гап Ҳамзанинг «Ферузахоним». «Миллий ашулалар», «Турдиқул», «Икки мактуб» номли асарлари («китобингиз» сўзига эътибор беринг) ҳақида боряпти. Бироқ мактубда сўнгги икки асарнинг жанри ҳақида ҳеч гап йўқ. Аммо «Ферузахоним» айрим тадқиқотчилар айтганидай, «Заҳарли ҳаёт» драмасининг биринчи нусхаси бўлмай, насрнй асардир. (Тадқиқотчиларни «эшон», Мансур, Феруза образларининг «Заҳарли ҳаёт» персонажларига ҳамоҳанглиги ва «малъун» каби сўзларнинг ишлатилиши чалғитган кўринади.) Мунаввар қори унинг жанрини аниқ кўрсатиб, ёзади: «…чунки романга (биз чиздик) руҳ киритадурғон ва ўқувчини қизиқсиндирадурғон ўринлар шул…» Демак, «Ферузахоним» Ҳамзанинг тақдири номаълум романидир. (Буни излаб топиш ва янада аниқлик киритиш ҳамзашуносларга ҳавола.)

Мактублардан яққол сезиляптики, Мунаввар қори тўғри талабларни қўйган ва ҳамиша шогирдининг ижодига хайрихоҳ бўлган. Бундан ташқари унинг яхши услубчи эканлиги ҳам кўзга ташланяпти.

Буюк инсон Мунаввар қори Ҳамза сингари қаламкашларга моддий ва маънавий ёрдам бериш билан чекланмади. У халқимизни истибдод чангалидан қутқариш учун астойдил киришди.

Маълумки, золим Николай II нинг 1916 йил 25 июнда «Фронт орқасидаги хизматлар учун Туркистон, Сибирь ва Кавказ инонародецларидан 19 дан 31 ёшгача эр кишилардан» мардикорликка олиш ҳақидаги 1526-рақамли фармони эълон қилинади. Бу ноқонуний фармонни ўлка қонини сўриб ётган губернаторлик ўбирлари бошбошдоқлик билан амалга оширадилар. Оқибатда Туркистоннинг кўпгина вилоят ва шаҳарларида аҳоли ўртасида норозилик туғилиб, талайгина жойларда расмий исёнга айланади. Исёнлар шафқатсиз равишда бостирилади. Ана шу паллада тошкентлик тараққийпарвар кишилар сукут сақламай, аҳолига ёрдам бериш пайига тушадилар. Ушбу ҳаракат натижасида «Туркистон мардикорликка олиш қўмитаси» ташкил этилади. Мунаввар қори шу қўмита раисининг ўринбосари этиб сайланади. Адиб Остроумов, Илминский, Наливкин каби миссионерларнинг алдовига учиб, бу мудҳиш воқеага мадҳия ёзган шерикларига ён бермайди. Уларнинг изидан бормайди. У чор ҳукумати олиб бораётган бу сиёсатнинг нотўғрилигини халққа тушунтирди ва бу масалада Петербургга вакил юборишни ташкил этиш ишларида фаол қатнашди. Чунки «…Туркистоннинг золим маъмурлари маълум 1916 йил июль фожиасини қўлда ясаб майдонга чиқардилар». Шунинг учун ҳам маҳаллий аҳоли бу фармонни «…Туркистон мусулмонларини ҳукуматга қарши оёқландуруб қирмак ва ерларини қочоқларға бўлуб бермак учун махсус чиқарилган интибоҳнома», деб қабул қилган эди (қаранг: «Нажот» жаридаси, 1917 йил, 26 март. «Мақбул қурбонлар»)

Еттисув, Жиззах, Тошкент қирғинларининг шоҳиди бўлган адиб, қоранамат ювса оқармаганидек, чор маъмурлари ҳам адолат ва инсофга келмаслигини, фақат ҳуррият катта, эзгу ўзгаришларни қилиши мумкинлигини идрок этади…

…Улуғ мутафаккир мактаб очиш, жарида чиқариш, жамият ташкил этиш сингари ишлар билан чекланмай, сиёсий фаолиятини кучайтириб борди. Унинг 1916 йил воқеаларидаги фаолияти бунга далилдир. Шуни афсус билан таъкидлаш зарурки, мардикорликка олиш воқеаларини ўрганган Ҳ. Т. Турсунов Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг фаолиятини чуқур ўрганмай, вульгар социологизм нуқтаи назаридан ёндошган. Мазкур масалани ёритиш учун ўтказилган суҳбат сохта материаллар асосига қурилганлиги кишини таажжубга солади.

Мардикорликка олиш воқеасининг салбий томонлари билан бирга ижобий қирраларини ҳам айтиб ўтиш лозим. Бу даҳшатли адолатсизлик гарчи кўпгина қон тўкишларга сабаб бўлган бўлса-да, Туркистон халқларини уйқудан уйғотди, кўзини очди. Ўз ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга отлантирди. «Тала ва бошқаларга ҳам талашга йўл бер» —ана шундай эди Русия мутлақ ҳокимлиги мустамлака сиёсатининг асл маъноси» (Г. Сафаров. «Туркистонда мустамлака инқилоби»), шу ақида асосида умргузаронлик қилаётган яримпошшо ва унинг қонхўр малайлари қиёфасини ўзбек, тожик, қирғиз, қозоқ, туркман халқлари вакиллари ўз кўзлари билан кўрдилар. Улар ўзларининг маданиятларини бошқа мустамлака халқлари (масалан, фин, латиш халқлари) маданияти билан солиштириш имкониятига эга бўлдилар. Чин маданият ва халқпарварлик, миллатпарварлик нималигини ўз кўзлари билан кўриб, ақллари билан ҳис этдилар. Бу эса уларни шарти кетиб, парти қолган чор мустамлакачиларига қарши фаол курашга чорлади. Қирғиз ва ўзбекларнинг қирғин қилиниши Туркистон халқларини янги тарихий-сиёсий йўл танлашга мажбур этди. Натижада ўлкада турли сиёсий тўгараклар, жамиятлар пайдо бўлди. Бунга мисол тариқасида Андижон ва Қўқонда «Ғайрат», Тошкентда «Уламо», «Шўройи исломия», Самарқандда «Иттифоқ» жамиятлари, Бухорода «Ёш бухороликлар», Хоразмда «Ёш хиваликлар» партиялари тузилганлигини айтиб ўтиш мумкин. Булар орасида ўзининг тор манфаати учун халқни чалғитиб, большевиклар билан тил топишиб, кейинчалик ўз хиёнатининг қурбони бўлган жамият — «Уламо» жамиятидир.

Мунаввар қори Абдурашидхонов 1917 йил май ойида тараққийпарвар мусулмон ёшлари ва руҳонийлар иштирокида ўтган қурултойда «Шўройи исломия» жамияти раисининг муовини этиб сайланди. Шу билан бирга шаҳар думасига ўтказилган сайловда ҳам эътибор қозониб, думага гласний (аъзо)ликка ўтади. Бу — Мунаввар қорининг обрўси халқ орасида тинмай ортаётганидан далолат эди. Шу давр воқеаларининг шоҳиди бўлган кишиларнинг фикрига ва матбуот материалларига қараганда, илғор фикрли ўзбек зиёлилари ва ёшлари Мунаввар қори атрофига тўпланганлар. Сабаби, Мунаввар қори уларга ҳурриятнинг йўлини кўрсатди: «Ҳуррият берилмас, олинур. Ҳеч нарса ила олуб бўлмай, фақат қон ва қурбон илагина олуб бўлур», — дейди у «Мақбул қурбонлар» мақоласида. Ва бу фикрни қуйидагича шарҳлайди: «…ҳазрат Одамдан шул вақтгача ҳеч бир давлат ва мамлакатда ҳурриятнинг берилгани, қон ва қурбонсиз берилгани тарихларда кўрилмайдур. Балки ҳар замон ва ерда ҳуррият берилмаган, олинган, ҳам кўп қурбонлар баробаринигина олинган».

Шунинг учун ҳам у ҳуррият учун курашдан бир дам тўхтамади. 1917 йил февраль — октябрь оралиғида «уламо»чиларга қарши курашди. Туркистон мухтор жумҳурияти барпо этилиши учун ҳаракат қилди, асосий кучини маорифга, тарғибот ишларига қаратди. «Шўройи исломия» жамияти вакилларини ҳурриятни қўлга киритишга чақирди ва унинг аъзоларини вилоят ва қишлоқларга юбориш билан шуғулланди. Бироқ у ҳам кўпгина сафдошлари, жумладан, Низомиддин Хўжаев, Муҳаммад Пошшахўжаев, Эшонхўжа Хоний, Абдулла Авлоний, Маннон Уйғурга ўхшаб Октябрь тўнтаришидан кейин большевикларнинг чиройли шиорларига учиб, фирқа сафига кирди. Хуллас, «жадидлар Октябрь инқилобини қучоқ очиб қарши олдилар». Бу фикрни Туркистон Марказий Ижроия Қўмитасининг «Известия» (1920 йил, 18 апрель) рўзномасининг «Эски Тошкентдаги митинглар» сарлавҳали хабари ҳам тасдиқлайди. Хабарда шундай дейилади: «3 апрель, яъни анъанавий халқ сайили куни Бешёғоч даҳасига қарашли Ҳожа Аламбардор мозорида митинг ўтказилди.

…Ўрт. Мунаввар қори «зулм» ва «озодлик» сўзларининг моҳиятини тушунтирди. Барча нотиқлар меҳнаткашларни партияга ўтишга чақирдилар, чунки, фақат угина озодлик бериши мумкин…»

Афсуски, большевиклар кўпчиликка манзур бўлган шиорлар ва декретлар орқали жаҳонга жар солиб ваъда қилган озодлик, тенглик, миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи амалда ўз ифодасини топмади. Туркистон мухтор ҳукуматининг ҳақиқий хўжайинлари Ф. Колесов, Тоболин, Вотинцев, Финкельштейн, Качуринер, Осипов, Успенский экани аҳолига тез орада маълум бўлди. Бу ҳукуматнинг таркибида биронта ўзбек йўқ эди. Бунинг устига маҳаллий аҳолидан юқори мансабларга сайламаслик фикри ўлка советларининг III қурултойида махсус қабул қилинган декларацияда (1917 йил 19 ноябрь) таъкидланди. Шу боис ўлка советларининг фавқулодда V қурултойида Авлоний, Мунаввар қори бошлиқ бир гуруҳ зиёлилар: «Сиз бизларга ишонасизми, йўқми? Инонсангиз бирга ишлаймиз, инонмасангиз биз четдангина фақат бир ёрдамчи бўлиб қолайлик» деб қатъий норозилик (ультиматум) билдирдилар. Ана шундан кейин, аниқроғи П. Кобозев (фавқулодда комиссар) келганидан кейин маҳаллий халқ вакиллари ҳукумат ишларига жалб қилинди.

Ф. Колесов ҳукумати, Тоболин бошлиқ эски партиячиларнинг нотўғри миллий сиёсати оқибатида Қўқонда 1917 йил 13 декабрда биринчи ўзбек жумҳурияти — Туркистон мухтор жумҳурияти тузилди. Аммо тоболинчилар, колесовчилар бу ҳукуматни тор-мор этиб, тинч аҳолини қонга ботирдилар. Бундан ташқари большевиклар томонидан 1918 йил декабрь ойида ўтказилган реквезиция (тинтув) бошбошдоқликка айланиб кетиб, аҳоли ўртасида норозилик туғдирди. Тошкент халқи, хусусан, Мунаввар қори бу ишларга қатъий норозилик билдирди. Тошкентда митинг ўтказилди. Шайх Хованд Таҳурда бўлиб ўтган бу митингда «большевикларнинг яғмо ва торожларини ва уларга баъзи мусулмон рабочийлар қўшилмоқда бўлғонларини» сўзладилар. Митингни шаҳарнинг улуғ кишиларидан бири — Абдувоҳид домла билан Мунаввар қори бошқардилар.

Ҳуқуқчи Т. Норбўтабеков 1920 йил сентябрь ойида Бокуда ўтказилган Шарқ халқлари I қурултойида сўзлаб, реквизиция ниҳоятда масъулиятсиз, беписандлик билан ўтказилгани, туб аҳолига нисбатан номуносиб муомала қилингани ҳақида бутун дунёдан келган вакилларга ахборот берди. Шу қурултойда Фарғона делегатлари сафида Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳам иштирок этган ва сафдошларига ҳамфикр, ҳамдам бўлган.

Ўзбек халқини маърифатли қилишга интилган буюк мураббий 1918 йил май ойида Тошкент шаҳрида «Турк ўчоғи» илмий-маданий жамиятини тузади. Ушбу жамият «Туркистон туркларини миллий туғ остига тўплаб, аларга миллий руҳ, миллий ғоя ва миллий тарбия бермоқ, миллий урф-одатимизга мувофиқ суратда илм ва маърифатларимизни, тижорат, зироат ва санъатимизни ривожлантириб, чин бир турк маданияти вужудга келтирмак ва шу тариқа миллатимизнинг руҳий ва жисмоний қувватини орттириш мақсадида» ташкил этилади («Турк сўзи» рўзномаси, 1918 йил, май). Мунаввар қори ана шу ғоя асосида иш олиб боради. Бироқ бу иш билан чекланмайди. Тошкентда дорилфунун очиш учун ҳам саъй-ҳаракат бошлайди.

Маълумки, 1918 йил бошида Тошкентда оврўпалик аҳоли учун халқ университети ташкил этилади. Бу ишда сўл эсер, Туркистон халқ маориф комиссари К. Успенский жонбозлик кўрсатади. Ана шунга жавобан татар ва ўзбеклар ҳам ўз имкониятларидан келиб чиқиб, халқ дорилфунуни очадилар. Ўлка Советларининг IV қурултойида (1918 йил, январь) жаноб Успенский: «Ўртоқ мусулмонлар! Шуни билингизки, биз сизларнинг катта оғангизмиз. Сиз кичиксиз ва тушунарлики, бизга бўйсунишингиз керак», деб шовинистлик маҳоратини намойиш қилганди. Аммо бу жаноб миллий дорилфунун учун жон куйдирмади. Бунга жавобан шу йилнинг 13 майида Тошкентнинг эски шаҳар қисмида, Викула Морозовнинг собиқ дўкони биносида мусулмон аҳоли учун ҳам «халқ дорилфунуни» очилади. Бу билан кифояланмаган Мунаввар қори 1918 йил 31 майда собиқ семинария биносида дорилфунуннинг ўзбеклар учун махсус ўқитувчилар тайёрловчи бўлими — «Дорулмуаллимин»ни очади. Унга Фитрат, Абдураҳмон Исмоилзода, Камол Шамс, Ҳайдар Шавқий каби адиб ва педагогларни ишга таклиф қилади. Ўзи мудирлик лавозимини бажаради. У бўлимнинг очилиш маросимида нутқ сўзлаб, қуйидаги фикрни билдиради: «…асримизда эса инсонларни милал соира (ўзга миллат) тарафиндан доим бир назар таҳқир ила кўрунган Туркистон миллатини қутилатурғон ва қутилтиратурғонларни тайёрлайдиган ёлғиз муаллимлар бўлғонидан, муаллимларнинг Туркистондаги жаҳолатни йиқуб, миллатни бу разолатдан, бу сафолатдан қутқармоқларини таманнила ва бу кунда ҳукуматларни бир-бирлари ила бўлган муждалари, муҳорабалари ҳам бир миллатни бошқа миллатга душманлигидан эмас, балки жаҳл бирла илм ғавғоси… яшасин илм ва маърифат!»

Мунаввар қори инсоннинг маърифатли бўлиб, кўзи очилмагунча виждони уйғонмаслигини, виждон уйғонмаса на ўзининг, на халқининг эркини муҳофаза қилаолишини, бу — имонсизлик эканини мутафаккирона нозиклик билан ўз асарларида турли шаклларда ифода этди. «Сўнгги икки йил ичинда, — дейди у, — Туркистон халқининг бошина келган фалокатлар ҳар бири ёлғиз нодонлик ва маорифсизлиқ орқасиндагина бўлғонлиғи ҳар кимга маълумдир. Келажакда бундай фалокатлардан қутулмоқ ва Туркистон халқи тилаган равишда идора қилмоқ ва душманлардан сақламоқ ёлғиз санойиъ ва маориф воситаси илагина мумкиндир» («Ўқитувчи тайёрловчи курслар очилиши ҳақидаги баёнот»дан).

Ҳа, бу Мунаввар қорининг имон-эътиқодидан, виждонидан отилган сўзлар эди. Зеро, тошкентлик жадидлар — тараққийпарварлар миллатни иллатдан, асоратдан маърифатгина қутқаза олиши ҳақидаги хулосага Туркистон халқи бошидан ўтказган исёнларнинг фожиали якунини кўриб, келдилар. Чунки хат-саводсиз замонавий пулемёту замбаракларни, темир йўлу телеграфни, замонавий талабдаги мунтазам қўшинни бошқариб бўлмасди-да. Бундан ташқари ҲУРРИЯТ фақат булар эмас. Қишлоқ хўжалигини механизациялаш, банк, сиёсий ва амалий иқтисод, элчилик ва бошқа кўпгина соҳаларга олий маълумотли мутахассислар керак эди. Тараққийпарварлар ана шунга интилишган. Бусиз инқилоб ҳам, истиқлол ҳам қўлга кирмаслиги барчага аён бўлиб қолганди ўша даврда.

Бироқ Мунаввар қори ва унинг сафдошлари йўлида оқпошшонинг маҳфий полициясидан тортиб, замбарагигача ғов бўлиб турарди. Афсуски, Октябрь тўнтаришидан кейин оқпошшо ўрнига «қизил пошшо» — коммунистлар келишиб, халқимиз маданиятини ривожлантиришга тўсқинчилик қилдилар. Бунга Тошкентда рус тилида бир неча жарида ва мажалла чиққани ҳолда ўзбек тилида биргина жарида нашр этилгани, ўзбек театри биносиз, маблағсиз кун кўрган бир пайтда рус, украий, яҳудий театрларининг «мой ичида қайнагани» далилдир. Жадидлар бу аҳволга қарши норозилик билдирдилар. Ҳукумат бунга жавобан Мунаввар қори ва унинг кўпгина дўстлари, сафдошларини тазйиққа олди. Ҳатто эски шаҳар Ижроия Қўмитасида Мунаввар қори фаолияти махсус кўриб чиқилди. У партия аъзолигидан воз кечди ва шу мажлисда фирқага нима сабабдан аъзо бўлгани хусусида гапириб шундай деди: «Мен ўзимни ўзбек халқим учун фойдали деб ҳисоблаганим учун коммунистик партияга кирдим, агар менинг халқим фойдаси учун қайси бир партияга кириш лозим бўлса, мен ўшанга ўтавераман.»

Тазйиқлар, қамоқлар буюк инсонни сира чўчита олмади. У танлаган йўлдан бораверди. 1922 йилда Туркистон маориф нозири, кейин эски шаҳар маориф бўлими нозири (инспектори) бўлиб ишлади, ўша йили 23—25 мартда ўтган 11-Умумтуркистон маориф ходимлари қурултойида иштирок этиб, мактаб бўлимига аъзоликка сайланди. Кейинчалик Навоий номидаги техникумда ва турли мактабларда ўзбек тили ва адабиётидан дарс берди. Дўстлари ва шогирди Қаюм Рамазон ва Шорасул Зуннун билан ҳамкорликда уч бўлимдан иборат «Ўзбекча тил сабоқлари» китобини (1925 йил) нашр эттирди.

Октябрь тўнтаришининг дастлабки қадамлариданоқ миллий зиёлиларга ишонч йўқлиги учун ҳар нафасда уларни каллаклаш ният қилинган эди. Шу боис буюк ватанпарварнинг фаолияти «Хом гўшт еб, одам қонини» ичадиган Бокий сингари ГПУчиларга, айниқса марказдан келган «ишбоши»ларга ёқмади. 1923 йил 5 майда Ш. Элиава, С. Оржоникидзе ўзбек зиёлиларини тўплаб, орангизда миллатчилар бор экан, деб уларни тутиб беришни сўрайди… Кўп ўтмай Мунаввар қори қамалади. Аммо бўҳтон иш бермайди, у тез озод қилинади.

Шуни очиқ айтиш керакки, 1917—1924 йилларда Туркистон мухтор жумҳуриятини мустамлакачилар эгаллаб олган эди. Т. Рисқулов, Н. Хўжаев, С. Қосимхўжаев каби иқтидорли кишилар турли йўллар билан ишдан четлаштирилган эдилар. Далилларга мурожаат қилайлик. Туркистонга жуда катта ҳуқуқлар ва махсус фармон билан юборилган М. Фрунзе Тошкентга келиб, аҳвол билан танишгач, 1920 йил 14 апрелда Ленинга қуйидаги мазмунда хат йўллаган эди: «Сиз биласизки, Туркистоннинг ўз заминидан униб чиққан асосий гуруҳлар иккита. Бири — маҳаллий «пролетариат»нинг вакиллари бўлиб, «мустамлакачилик» рангига обдан бўялган, бошқаси — ўзини кўпмиллатли Туркистон мусулмонларининг умумий фикрини акс эттирувчилар, деб кўрсатувчи мусулмон майда буржуазиясининг бир тўпидир. Бу ерда барча ва ҳамма ана шу гуруҳларнинг кураши атрофида айланади. «Мустамлакачилар» (гарчи улар буни ҳар йўл билан инкор қилишга интилсалар-да, уларни шу ном билан атайман) асосан темирйўлчилардан иборат, улар ўзларини ўлкага пролетариат диктатурасини тарқатувчилар деб ҳисоблайдилар ва давлатни бошқариш ролига даъвогарлик қиладилар». Ана шундан сўнг Тошкент темирйўлчилари, ишчилар, большевиклар ҳақида «буюк давлатчилар» («великодержавники») деган ибора пайдо бўлган эди.

Ленин Фрунзенинг хати билан танишгач, Коминтерннинг 1920 йил июль-августида бўлиб ўтган II конгрессида бунга ўз муносабатини билдирган эди.

Ленин «РКП(б)нинг Туркистондаги вазифалари»да шундай кўрсатма берган:

«1. РКП Марказий Кўмитаси РКПнинг Туркистондаги асосий вазифаси Россия самодержавиясининг эллик йилдан ортиқ давом этган империалистик сиёсати натижасида оврўпалик келгинди аҳоли билан туб халқлар ўртасида вужудга келган кескин муносабатларни тугатишдир, деб ҳисоблайди. Бу муносабатлар Мустамлакачилик психологияси билан ғоят заҳарланган рус ишчиларининг жуда кичик гуруҳи қўлида бўлган Совет ҳокимиятининг 2,5 йили мобайнида яхши томонга ўзгариши у ёқда турсин, балки ўзига хос «коммунистик» ҳаракатлар туфайли янада кўпроқ кескинлашиб кетди, қулликка туширилган туб аҳоли бу ҳаракатларни эски чор ҳокимияти агентлари ҳаракатларининг давоми деб билади, улар аслида шундай ҳаракатлардир.

  1. Шу кўрсатиб ўтилган муносабатларни тугатиш мақсадида дарҳол қуйидаги тадбирларни кўриш зарур:

б) Собиқ полиция, жандармерия ва охранканинг барча амалдорлари, Туркистонда фойдаланиш сиёсий жиҳатдан мақбул бўлмаган чор амалдорлари, чайқовчилар, йирик Россия корхоналарининг собиқ бошқарувчилари, партияга, Совет органларига, Қизил Армияга ва шу кабиларга суқилиб кириб олганларнинг ҳаммаси Туркистондан Россия концентрацион лагерларига жўнатилсин.

в) Партия кучлари қайта тақсимланиб, Туркистоннинг мустакамлакачилик ва буюк рус миллатчилиги билан заҳарланган барча коммунистлари Марказий Кўмита ихтиёрига юборилсин ва айни замонда марказдан Туркистонда ишлаш учун бир неча юз коммунист сафарбар қилинсин.

г) Йўллар халқ комиссарлигига Ўрта Осиё темир йўлининг, Тошкент мастерскойларининг ва Тошкент темир йўлининг бир неча юз ишчисининг иш жойини ўзгартириш ва уларнинг ўрнига бошқа одам қўйиш вазифаси топширилсин.

д) Бу қарор ғоят қатъийлик билан амалга оширилсин, уни амалга оширувчи органларга қилинаётган барча қаршиликлар бартараф этилсин, бу қарорнинг ҳақиқатда амалга оширилишига бирон-бир тўсиқлик қилувчи шахсларга нисбатан сургун қилиш тартиби кенг қўлланилсин».

Ленин ана шу буйруқ билан бирга ўлка фирқа ва совет ташкилотлари ходимларига «коммунизм қуриш эмас, балки феодализмни ағдариш умумий вазифа қилиб қўйилсин», деган топшириқни ҳам берган эди. Бироқ буларнинг ҳеч бири амалга ошмади.

Ўша давр воқеалари шоҳиди, Туркистондаги ўзгаришларнинг амалий ижрочиларидан бири ва большевикча сиёсатнинг тадқиқчиси «Қизил Шарқ» поездининг сиёсий комиссари Г. Сафаров вазиятни таҳлил қилиб, 1920 йилдаёқ деган эди: «Ўртоқлар, тўғрисини айтганда, ҳозиргача Туркистонда шўролар ҳукумати қурилмаган. Ҳукумат тепасига рус мустамлакачилари билан эски ҳукумат чиновник-тўралари, бойлар миниб олиб, ўз мақсадларига ишлаб, 95 фоиз ерли халқнинг манфаатига ишламаганлар.

…Бизнинг коммунистик партиямиз рус мустамлакачилари ва бошқа шунинг кабилар учун хизмат қиладими ёки камбағаллар учунми?

Биз Туркистон мухториятли бир ўлка деб ўйлаган эдик… Туркистон ҳуқуқинда ҳеч бир мухторият йўқ. Туркистон халқи дод-фарёдини асло марказ ҳукуматга эшиттира олмаган» («Иштирокиюн». 12.7.1920 й.).

Октябрь тўнтаришидан кейин пайдо бўлган большевиклар ҳукумати ўз қаддини анча тиклаб, заминини мустаҳкамлаб олган 1927 йилда ҳам бу кайфият бор эди. Акмал Икромов: «Бизда айрим партия аъзолари, агар бизда илгари капиталистик мустамлака бўлган бўлса, ҳозир бу ерда социалистик мустамлака, дейдилар», деган эди «Мафкуравий фронтнинг практикаси ва вазифалари» маърузаси хусусидаги якунловчи нутқида (1927 йил 20 март).

Мунаввар қори мана шундай оғир даврда яшади, ишлади. У мустамлакачилар ва уларнинг ҳайбаракаллачилари таъна ва тазйиқига жавобан маданият ходимлари қурултойида шундай деган эди: «Жадидлар Октябрь инқилобига ёмон қарағон бўлсалар эди, 20—21 йилларгача шўро идораларида ишлаб келмас эдилар…»

Унинг бу самимий сўзлари «хунвайбин»ларга таъсир қилмади. Улар арзимас баҳона топиб Мунаввар қорини чалпийверадилар, таъқиб этадилар. Ҳатто бу ҳаракат ошкора тус олиб, матбуотга кўчади. Масалан, «Биров» имзоли бир шахс «Қизил байроқ» рўзномасида имло масаласини баҳона қилиб, Мунаввар қори ўз асарларини сотиш учун янги имлога қарши чиқяпти, деб туҳмат қилади. Адиб буни эътиборсиз қолдирмади: «Бир вақтларда остроумовчилар, иккинчи вақтларда уламолар ҳужум этдилар. Мен онларнинг ҳужумлариға қарамасдан, ҳамон ўз маслагимда давом этдим. Бу кун «Бировлар ҳужум этар экан, ул ҳам мани ишдан ва маслагимдан тўхтата олмайдир», деб ёзди («Қизил Байроқ», 1-февраль, 1922 й.).

Мунаввар қори бу орада қисқа муддат Москвада ҳам бўлади, аммо у ернинг шароитига кўника олмайди, қайтиб келади. На сургун, на қамоқ, на фирқа аъзоларининг таҳқирлари буюк инсоннинг иродасини бука олмади. Охирида уни биринчи котибнинг ўзи таъқиб қила бошлади. Пичоқнинг сопи нодон халқнинг ўзидан чиқарилади. Акмал Икромов 1927 йил 20 мартдаги нутқида ва 1927 йил 4—5 октябрда Самарқандда бўлиб ўтган маданият ходимлари қурултойида Мунаввар қорини эскилик тарафдори сифатида кескин танқид қилади. Унинг аёллар ва мактаб хусусидаги фикрлари билан келишмайди. Кези келганда шуни очиқ айтиш керакки, ўша пайтларда А. Икромов Чўлпонга ҳам, Мунаввар қорига, Вадуд Маҳмудга ҳам ноҳақ ҳужум қилган эди. Унинг бу ҳужумларини бугунги кунда давлат арбобининг одилона фикри эмас, балки мияси утопик фалсафа — марксизм билан заҳарланган сиёсатчининг ғаразгўйлиги сифатида баҳолаш мумкин. Масалан, А. Икромов 20 мартдаги маърузасида зиёлиларнинг синфийлиги ҳақида фикр юритиб, шундай деган эди: «Ўртоқлар, бу ерда мен шуни айтишим керакки, Ўзбекистондаги (социалистик) инқилобнинг характерли кўриниши шундаки, бизда (сиёсий) муҳожирлар йўқ, агар бизда муҳожирлик бўлганда, албатта унинг сафида Мунаввар қори ҳам бўларди, у бундан беш йил муқаддам Маориф нозирлигида барчани йўлга соларди», деб унинг чет элга чиқиб кетишига ишора қилган эди. Икромов сўзида давом этиб, «Биз ҳозир зиёлиларнинг бу қисмини мафкура раҳбарликларидан сиқиб чиқариб, йўқотишимиз лозим», дейди. (Ўзбекистон КН МК қошидаги партия тарихи институтининг архиви ф. 58, оп. 3., д. 42., А. Икромов.)

Миллат мураббийси Мунаввар қори шўролар олиб бораётган ишларни кузатар экан, уларнинг халқ номидан сафсата сотиб, шиорбозлик қилиб, аслида эл-юрт учун ҳеч қандай фойда келтирмаётганликларини кескин қоралади. У «Нашри маориф» уюшмасининг аҳамияти» ҳақида ёзар экан, Октябрь давлат тўнтаришидан аввал маориф ва матбуот соҳасида фаолият кўрсатган кишилар «устал», яъни амал учун эмас, балки миллат фойдаси учун ишлаганликларини таъкидлади. «Буларнинг хизматлари, — дейди Мунаввар қори, — ҳаракати ўз халқи ва миллатларининг маданий даражасига, аҳвол руҳиясига мувофиқ бир суратда бўлғонлиғи учун, табиий, афкор омма, хапқ ва миллат буларга ёрдам берар ва орқаларидан эргашар эди». У жадидлар — тараққийларварлар амалга оширган ишларни бирма-бир санаб ўтгач: «Мана бу юқорида саналган ва бу кунда тарих саҳифаларига топширилган миллий-маданий хизмат ва ҳаракатларнинг ҳеч бири ҳукумат усталларида эмас, ёлғиз жамоат усталларида ишланган ишлардир», — деган эди.

* * *

Мунаввар қори Абдурашидхонов ўзбек адиблари орасида халқимизнинг қолоқлиги сабабларини адабиёт ёрдамида биринчи бўлиб инкишоф этган сиймодир. У ўз мақола ва ҳикояларида халқимизнинг бидъатга ботганлиги, уламоларнинг тор масалалар билан ўралашиб қолгани («тўй ва маърака хурофоти», «соч ва соқол низолари», «узун ва қисқа кийим жанжаллари», «мактабда жўғрофия ва табииёт ўқитиш-ўқитмаслик ихтилофлари) ва унинг оқибатини мутафаккирона кўрсатиб берган эди. Зеро, адиб кўтарган масалалар бугун ҳам ўз аҳамиятини заррача йўқотгани йўқ.

Мунаввар қори инсонларни олий фазилатларга чорлади. Унинг шеър ва ҳикоялари шундай дейишга асос беради. У ўз бадиий ижодини қайси йиллардан бошлагани номаълум. Аммо унинг 1907 йилда босилган ўқиш китобига қараганда, дастлабки асарларини шу йилларда ёзган деб таҳмин қилиш мумкин.

Адибнинг биринчи ҳикояси «Садойи Туркистон» рўзномасида «Кичкина фельетон» рукнида чоп этилган бўлиб, «Бизда ҳамият» деб аталади. У негадир «Муҳаррам» тахаллусини қўйган. Афсуски, адибнинг болаларга бағишланган учта ҳикоя, олтита шеъридан бошқаси сақланмаган. Сабаби, ГПУ жаллодлари 1929 йил кеч кузда (ноябрь ойида) уни ҳибсга олишганда, барча қўлёзма ва босма асарларини, хатларини ёқиб юборишган. Шу боис унинг бадиий мероси бизгача етиб келмаган.

«Бизда ҳамият» ҳикоясининг қаҳрамонлари зиёлилардир. Уларнинг исмлари тўлиқ қўйилмай, ҳарфлар билан белгиланган, холос. Ҳикоянинг бош қаҳрамони муаллифнинг ўзи. Йўлда суҳбатлашиб турган зиёлилар олдидан кўзи ожиз, етим бола чиқиб қолиб, улардан садақа сўрайди. Улардан бири аччиқ тил билан ишлаш, ўқиш кераклигини уқтиради. Бола ожиз ва мажолсиз эканини айтади. Шунда, бояги зиёлилардан бири ўзининг жоҳиллигини фош этиб, жаҳл билан: «Оврўпаликлар кўр, қулоқсиз кар ва ҳоказо ўқимоғи мумкин бўлмаган инсонларга махсус этиб мактаблар очганлар ва у мактаблардан кўр, карлардан ўқиб чиққан инсонларнинг ҳад ва ҳисоби йўқ, сан ҳам шундоғ мактабда ўқи», дейди. Ҳикоя қаҳрамони зиёлининг нодонлигини гўзал фош қилади: «Сиз бу сўзларингизни қайси ерда сўзлаюрсиз? Берлиндами, ё Лондондамм, ўзингизни зан этарсиз… ақлингиз қаерда?» Ўз қилимишидан мулзам бўлган зиёлининг чеҳраси буришади. Дўстларидан аразлайди. Адиб қаҳрамони тилидан гапириб, ҳақиқий зиёли қандай бўлиши кераклиги ҳақида шундай дейди: «Зиёли миллат, Ватан нима эканими билур ва зиёли миллат учун жонини, молини фидо этар ва миллатнинг тараққийси учун доимо ҳаракат этар. Вақти келганда миллат учун ўзини ҳалокат картасига ташламоққа муҳайё бўлур». …«Миллат, ватан, маданият… шунга ўхшаш сўзларни билмак билан зиёли бўлмайдир».

Адибнинг «Туғишганлик севгиси» ҳикояси укасини бўрилар ҳужумидан сақлаб қолиб, ўзини қурбон қилган Ойхон исмли қишлоқ қизи ҳақида бўлса, «Дев печак»да эса бугунги ишни эртага қўймаслик, оталар касбини эъзозлаш тўғрисида гап кетади. Адиб ҳар бир асарида болаларни ростгўй, саводли бўлишга, ҳур ҳаётни қадрига етишга ўргатади. Шу жиҳатдан қараганда, «Қулликка қандай тушди?» ҳикояси эътиборга молик.

Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий, педагогик фаолиятига оид далил ва ҳужжатлар баёни ана шундан иборат. Энди унинг қисмати ва фалсафий қарашларига оид бир мулоҳазамизни ҳам айтиб ўтайлик.

Фазилатмаоб кўп марта таъқибга учради, қамалди. Сўнгги бор уни 1929 йилнинг ноябрида ҳибсга олишди.

Ҳозир Қўйлиқда Зулайҳо буви Қаюмова деган 87 ёшли саводхон кампир яшайди. Бу кампирнинг отаси Абдуқаюмхон Октябрь тўнтаришигача Петербургда ўқиб, ирригатор-муҳандис касбини эгаллаган. Йигирманчи йилларда Тошкент вилоятининг ариқ оқсоқоли (бош ирригатори) вазифасида ишлаб, вилоятда суғориш ишларини ривожлантириш борасида анча ишлар қилган. Бу киши Мунаввар қори билан дўстона муносабатда бўлган.

Зулайҳо буви Мунаввар қорининг 1929 йилда қамоққа олиниш сабабларини яхши эслайди. У бу ҳодисани шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўлими билан боғлиқ эканлигини таъкидлайди. Кампирнинг фикрича, Ҳамза ўлимидан кейин Ўрта Осиёда, худди Иттифоқда Киров ўлимидан кейин юз берганидек, ҳодиса юз берган экан. Яъни, жуда кўплаб кишилар қамоққа олинган. Кампирнинг айтишича, шоир Ҳамза Шоҳимардонда тошбўрон қилиб эмас, пичоқлаб ўлдирилган экан. Коммунист маъмурлар эса бу ҳодисадан руҳонийлар ва уламоларни, халқ орасида обрў-эътибори бўлган жадидларни ҳибсга олишда фойдаланиш мақсадида, Ҳамза диндорлар томонидан тошбўрон қилиб ўлдирилди, деб овоза тарқатишган. Шу баҳона бутун Ўрта Осиёдаги жами кўзга кўринган руҳонийлар ва уламолар, жадидлар ҳибсга олинган. Жумладан, Тошкент шаҳрининг ўзидан 41 нафар уламо ва жадид, шулар қаторида Мунаввар қори Абдурашидхонов ҳам ҳибсга олинган.

— Ўша кезлари менинг отамни ҳам туҳматчилар қаматишди, — деб эслайди Зулайҳо буви. — Унга суд ҳукми билан ўн йил берилди. Отам бошқа кўплаб маҳбуслар қатори Сибирга жўнатиладиган кунни бир танишимиз орқали билдик ва ўша куни эрталаб ҳозирги Олой бозори яқинидаги шаҳар қамоқхонаси дарвозаси (не ажабки, қамоқхона Москва номи билан аталган — С. А.) олдига бориб турдик. Бир маҳал қамоқхона дарвозаси очилиб, маҳбусларни саф-саф қилиб олиб чиқишди-да, вокзал томон ҳайдаб кетишди. Улар орасида отам ҳам, Мунаввар қори ҳам бор эди. Биз отамнинг ортидан пиёда шаҳар юк-товар станциясигача бордик. Ҳозирги Инқилоб ҳиёбонидан ўтганда отам бораётган саф Мунаввар қори бораётган саф билан тенглашди. Шунда мен қори аканинг ранг-рўйига разм солдим. Унинг юзидаги илгарига тиниқлик, таравотдан асар ҳам қолмаганди, сўлиб, ориқлаб кетганди.

Отам қори акага бош силкиб, унсиз саломлашдилар. У киши ҳам худди шу йўсинда алик олдилар. Бир маҳал Мунаввар қори:

— Абдуқаюмхон, сизнинг гуноҳингиз нима экан? — дедилар.

— Туҳмат балосига учрадим, қори ака, туҳмат балосига!.. — дедилар отам маҳбусларни қўриқлаб бораётган НКВД ходимларига олазарак қараб.

Тошкент юк-товар станциясида бир узун юк поезди турарди. Унинг қизил вагонлари салла ўраган, қари-қартанг маҳбуслар билан тўла эди. Суриштирсак, бу маҳбуслар Ҳамза ўлими баҳонасида Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида, Тожикистон ва Туркманистонда ҳибсга олинган уламо ва руҳонийлар экан. Тошкентлик маҳбусларни ҳам шу поездга жойлаштиришди.

— Отам Сибирнинг атрофни кечаю кундуз ним қоронғилик қоплаб, тинмай ёмғир шивалаб уриб турадиган олис бир жойида тўрт йил бўлгач, ўз ишларининг судда қайта кўрилишига муваффақ бўлдилар ва оқландилар, — деб эслайди Зулайҳо буви. — Аммо соғлиқларидан айрилган эканлар. Қодирия ГЭСи қурилишида бироз вақт ишлагач, 1934 йилда оламдан ўтдилар. Мунаввар қорини эса ортиқ кўрмадим.

Мунаввар қори Абдурашидхонов 53 йил умр кўрди. Бу умрнинг ўттиз йили ҳақиқий курашда ўтди. Буни мардона кураш дейиш мумкин. Зеро, у татар шоири Абдулла Тўқайнинг қуйидаги сатрларини такрорлашни яхши кўрар эди:

Жумла фикрим кеча-кундуз сизга оид, миллатим,
Сен саломат, мен фароғат, иллатингдур иллатим…

Унинг қисмати шу сатрлар бағрига сингиб кетган. Абадияти-чи?!

Мунавар қори ҳамон тирик, орамизда яшамоқда, биз билан ҳамнафас. Фазилатмаоб эртанги кунимизнинг сўқмоғини нурафшон ёритиб турибди. Шу билан бирга ўзига «миллатчи», «исломпараст», «туркпараст» деб айб қўйган жоҳилларга қарата «илми ҳол» билан миллатчиликни — шовинизм, исломпарастликни — диний таҳқирлаш, туркпарастликни — славянпарастлик ва озод ҳаёт учун интилиш вужудга келтиради, деб айтмоқда.

Аслида Мунаввар қори миллатчи ҳам, исломпараст ҳам, туркпараст ҳам эмасди. «Оврўпа ва Омриқо халқлари ҳавода учар, денгиз остида сузар, дунёнинг энг нариги бурчаклари билан воситасиз хабарлашар бир ҳолға, бир маданиятга етишдилар», деганида халқимизни каллаварам бўлиб қолмасликка, умумжаҳон маданияти ютуқларидан баҳраманд бўлишга ундаган эди. Ҳа, бу буюк инсоннинг ниятлари холис эди. У ўз халқининг ҳур, миллат сифатида шаклланган, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан баркамол бўлишини орзу қилган ва шу йўлда курашган эди. Уни мана шунинг учун ҳам қурбон қилишди.

Халқимизнинг Мунавар қори Абдурашидхонов, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ғози Юнус, Убайдулла Хўжаев каби улуғ фарзандларининг фожиали тақдири ҳақида ўйлар эканман, рус файласуфи Лев Шестовнинг (1866—1938 й.) қуйидаги сўзлари хотирамга келади: «Агар Лениннинг тарафдорлари Гегелдан ўзлаштирган ўша тарихни кўришни чуқурроқ мушоҳада қилганларида, улар тақдирнинг ўйинчоғи эканликларини тушунишган бўлишармиди — бундай ўйинчоқлар фақат бошга битган балодир. Эндиликда бу бало даф бўлаётгани рост бўлсин!

“Шарқ юлдузи” журнали, 1992 йил, 5-сон