Шуҳрат Ҳайитов. “Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ”

Ўзбек  адабиётининг  йирик намояндаси шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур умрининг кўп қисмини от устида, жангу жадалларда кечирган бўлса-да, асарларида илм-фаннинг кўплаб йўналишлари: ижтимоий-табиий фанлар, адабиёт, тарих, фалсафа, фиқҳ, дин таълимоти, тилшунослик, жўғрофия, табиатшунослик,  маъданшунослик, деҳқончилик, боғдорчилик ва бошқа соҳаларга оид ҳанузгача ўз тарихий ҳамда илмий аҳамиятини йўқотмаган маълумотларни мерос қилиб қолдирган. Масалан, “Бобурнома”да  бир ярим мингдан зиёд шахслар номи зикр этилган бўлса, шундан, етти юз нафарга яқини шоҳлар, ҳокимлар, амир-амалдорлар, дин уламолари, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳиллари, деҳқонлар, ҳунарманд ва бошқа касб эгаларидир.

Бу шоҳ асарда, айниқса, илм-фан, санъат ва адабиёт аҳилларига катта ўрин берилгани алоҳида эътиборга молик. Навоий, Жомий, Биноий, Муҳаммад Солиҳ, Ҳилолий, Сайфи Бухорий, Мир Ҳусайн Муаммоий, Шайхим Суҳайлий, Юсуф Бадений, Аҳмад Ҳожибек, Беҳзод, Султон Али, Хожа Абдулло Марворий, Шоҳ Музаф­фар, Ғулом Шодий, Ҳусайн Удий каби бир қатор шоирлар ва санъткорлар ҳақида қизиқарли фактларнинг мавжудлиги бугунги кунда ўша даврни ўрганишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Асарда шунингдек, 180 га яқин умуртқали ҳайвон номлари, 150 дан зиёд ўсимликлар ҳақида қимматли маълумотлар учрайди. Шу боис ҳам Бобур Мирзо қолдирган бой  мерос, айниқса, “Бобурнома” мана неча асрлардан буён ўзбек ва дунё олимларининг доимий  диққат марказида бўлиб келмоқда.  Маълумотларга кўра, ҳозирга қадар дунё олимлари томонидан шоир ҳаёти ва ижодига дахлдор 10 мингдан зиёд илмий асарлар ёзилган бўлиб, кейинги йилларда ушбу тадқиқотлар билан ўзбек китобхонлари ҳам танишиш имкониятига эга бўлмоқда. Бу хайрли ишларда Бобур халқаро жамоат фонди ва унинг тасарруфида фаолият олиб бораётган Бобур ҳаёти ва меросини ўрганишга бағишланган халқаро илмий экспедициянинг ўрни беқиёсдир. Шу кунга қадар экспедиция томонидан 20 маротаба сафар уюштирилган ва бу сафарларнинг ҳар бири Бобур ҳамда унинг издош­лари, шунингдек, бошқа тарихий шахслар ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганиш, уларнинг тарихий, илмий ва маънавий меросини аниқлаб тадқиқот доирасига киритишда бениҳоя катта аҳамиятга эга бўлди.

Андижондаги “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи эса бугун шоир ҳаёти ва ижодини ўрганишда асосий аҳамиятга эга бўлган манбалар маскани, десак муболаға бўлмайди. Ноёб қўлёзмалар, китоблар ва тарихий ашёлар ўрин олган ушбу масканга Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 2 июнь кундаги ташрифи халқимиз, айниқса, бобуршунослик илми соҳибларини бениҳоя хурсанд қилди. Давлатимиз раҳбари: “Ҳар бир ҳудудга борганда ўша ернинг тарихини ўрганиш ва тиклашга эътибор қаратмоқдамиз. Бобур Мирзо халқимизнинг буюк фарзанди. Адабиёт, илм, маърифат нуқтаи назаридан у ҳамон яшаяпти. Бу мас­канни янада обод қилиб, тарбия ўчоғига айлантириш зарур. Ўзлигимизни англаб, буюк тарихимизни ёшларга тушунтирсак, илм-маърифатни ривожлантирсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз”, дея таъкидлаб ўтган эди.  Бугун “Боғишамол” номи билан машҳур мазкур истироҳат боғи янада обод қилинмоқда. Хусусан, “Бобур ва жаҳон маданияти” музейи таъмирланиб, фаолияти кенгайтирилмоқда. Бобуршунослик соҳасининг галдаги вазифаси эса ушбу эътибор ва ғамхўрликка  муносиб бўлиш, бобокалонимиз Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодининг очилмаган қирралари ҳақида  мукаммал илмий асарлар яратишдан иборатдир.

Мирзо Бобур қаламига мансуб асарларнинг бугунга қадар аниқланган қўлёзма нусхалари асосан Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон каби мамлакатлар китоб фондларида сақланмоқда ва уларнинг факсимелиси турли даврларда заҳматкаш олимларимиз томонидан юртимизга келтирилган. Масалан, айни пайтга қадар “Бобурнома”нинг 17 та қўлёзма нусхаси, “Бобур девони”нинг эса 9 та қўлёзмаси топилган бўлиб, кейинги тадқиқотларга кўра шоир Девонининг ҳали илм аҳлига маълум бўлмаган яна бир қўлёзма нусхаси ҳам мавжудлиги айтилмоқда.

Таъкидлаш жоиз, шарқшунос олимлар томонидан бобуршунослик илмига маълум бўлган қўлёзма манбалар асосида шоир ҳаёти ва ижодининг барча қирралари қамраб олинган минглаб илмий асарлар, рисола ва монографиялар нашр этилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилган ва бу ишлар бугун ҳам мунтазам давом эттирилмоқда. Бироқ, қанча кўп илмий изланишлар олиб борилмасин, бобуршунослик илмида ҳамон очилмай турган қирралар кўп. Биз шу пайтга қадар Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодига оид амалга оширилган  жамики ишларни эътироф этган ҳолда бу борада ҳали ечимини кутаётган айрим масалалар ҳақида тўхталмоқчимиз.

Эътибор берсак, тенгқурларимиз ва ёшлар орасида мумтоз адабиётга, хусусан, қўлёзмалар билан ишлашга бўлган қизиқиш кам. Бу борада мутахассис кадрларнинг етишмаслиги, бўлса ҳам саноқли эканлиги афсусланарли. Балки шунинг учундирки, бошқа кўплаб нодир қўлёзмалар қатори  Бобур Мирзо асарлари қўлёзмаларига ҳам кам эътибор қаратилмоқда. Тўғрироғи, бугун матн билан ишлаш амалиёти деярли йўққа чиқяпти. Қўлёзмалар табдили ва тавсифи билан боғлиқ мавжуд  камчиликларни бартараф этган ҳолда ягона бир илмий хулосалар берувчи илмий тадқиқотлар жуда оз. Масалан, Бобур асарларининг Париж, Истанбул, Теҳрон ва бошқа қўлёзма нусхалари ҳақида мактаб, коллеж, академик лицей ва яна қатор дарслик ҳамда ўқув қўлланмаларида “Улуғ шоир 1519 йилда Кобулда, 1528–1529 йилларда Ҳиндистонда шеърлар тўпламини тузган. Бу икки тўплам ўша жойлар номи билан “Кобул девони”, ва “Ҳинд девони” деб аталади. Аммо бугунга қадар “Кобул девони” топилган эмас” тарзидаги маълумотларга дуч келамиз. Ваҳоланки, шоир аслида битта девон тартиб этганлигини билмаймиз. Ҳалиям минг шукрки, кейинги йилларда “Бобур энциклопедияси”нинг тайёрланиб, кенг омма ва илмий жамоатчилик эътиборига ҳавола этилиши бу каби юзлаб хато ва чалкаш фикрларга ойдинлик киритди.

Бугунга қадар “Бобурнома” дунёнинг 17 та тилига ўша миллат вакиллари томонидан таржима қилинган (Ваҳоланки, бу маълумот ҳам турли манбаларда ҳар хил келади. Масалан, дунёнинг 22 та, 31 та, 41 та тилига тарзида. Аслида “Бобур энциклопидияси”даги энг охирги маълумотга кўра, асар дунёнинг 17 та тилига таржима қилинган ва айрим таржималарнинг қўлёзма нусхалари бор. Масалан, биргина форсча таржимасининг 20 та қўлёзма нусхаси мавжуд. 17 та тилга қилинган ҳар бир таржима эса турли даврда қайта-қайта нашр этилган). “Бобурнома”га мана неча асрларким катта қизиқиш билан қаралиб келинаётганини, хорижий тилларга қилинган таржималари қайта-қайта нашр қилинаётганлигини кўп бора ифтихор билан тилга оламиз. Аслида ҳам шундай. Бу бизнинг кимлигимизни, қандай бир аждодлар авлоди эканлигимизни яққол кўрсатади. Аммо шу билан бирга таржималардан сон-саноқсиз камчиликлар топамиз. Манбани қиёсий таҳлил қилиш,  камчиликларни кўрсатиш, тўғрилаш ҳам бир илм.  “Бобурнома”нинг инглиз, француз, рус ва турк тилларига қилинган таржималари айниқса, камчиликлардан холи эмас.

Япониялик олим Эжи Мано ёзади: “Дунё олимлари “Бобурнома”нинг фақатгина  икки эътиборли манба – 1857 йилда Н. И. Ильминскийнинг Қозонда ва 1905 йилда А. Бевериж хонимнинг Лондонда амалга оширган нашрларини тиклашга интилганлар. Уларнинг камчилиги аслиятни араб алифбосида кўрмаганликларидандир”. Бу ўринда япониялик олим фикрларини тўғри деб биламиз. Чунки ҳақиқатдан ҳам “Бобурнома”нинг деярли барча илмий нашрлари асосида Қозон ва Лондон нашр­лари туради. Шу жумладан, турк олими Рашид Раҳмати Арат томонидан қилинган таржима ҳам айнан шулар асосида яратилган. Бу ерда энг катта нуқсон иккала асос нашр ҳам араб алифбосида ёзилмаганлигида намоён бўлади. Барча таржималарда  киши исмлари, жўғрофий номлар кўрсаткичи, айниқса, Бобур Мирзонинг фармонлари тўлалигича келтирилмаган. Матнда кўплаб узилишлар  бор.

Эътибор қилинса, ҳар қайси  таржималарда учрайдиган умумий камчиликлардан бири матн ва сўзни илғамаслик, нотўғри тушуниш, у сўзнинг ўша тилда муқобили йўқлиги билан боғлиқ ҳолда кўринади. Бу фикр асарнинг барча тилларга қилинган таржималарга хосдир. Аслида бу каби  нуқсонларни кўп айтамиз. Бироқ савол бермаймиз: хўш шунча камчилик бор экан, нега биз ўзимиз уларга нуқсонсиз таржима қилиб тақдим эта олмаймиз? Нега энди, Бобур асарларининг орасида фақат “Бобурнома”гина хорижий тилларга таржима қилинган? Демак чет эллик шарқшунос олимлар бу асарга катта қизиқиш билан қарамаганида, майли камчиликларга йўл қўйсада таржима қилмаганида, нашр эттирмаганида шу кунга қадар бу буюк асарни дунё оммаси билмас экан-да? Бундан ташқари, шоирнинг бошқа асарлари, дейлик, шеърий асарларини хорижий тилларга мукаммал ҳолда нега таржима қилмаймиз? Бу каби саволлар кўп.

Тан олиш керак, олимларимизнинг кекса авлоди бобуршунослик соҳасида қатор салмоқли ишларни бажарди ва бугун ҳам улар томонидан муайян илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Масалан, заҳматкаш олимларимиз: Ҳамид Сулай­монов, Порсо Шамсиев, Сабоҳат Азимжанова, Абдурасул Абдуғафуров, Азиз Қаюмов, Саидбек Ҳасанов, Зокиржон Машрабов, Ҳасан Қудратуллаев, Абдулла Аъзамов, Ваҳоб Раҳмонов, Ҳамидулла Болтабоев, Неъматулло Отажонов, Эргаш Очилов каби­ кўплаб адабиётшунослар  Бобур Мирзо ҳаёти ва ижодини ўрганиш, қўлёзма нусхаларини қидириб топиш ва уларни илмий истеъфодага киритиш юзасидан қатор тадқиқот ишлари амалга оширгани, мазкур ишлар кейинги бу борадаги илмий изланишларга ҳам асос бўлиб хизмат қилаётганини мамнуният билан таъкидлаш жоиз.

Афсусланарлиси, бугун ёшларга кенг имконият берилаётган бир пайтда, камида 2–3 та тилни мукаммал биладиган ёш мутахассисларимиз мавжуд бўлган бир шароитда бу каби сусткашликка йўл қўяётганимизни ҳеч бир баҳона билан оқлаб бўлмайди. Такрор бўлса ҳам айтиш керакки,  матнни ўрганиш, уни қиёсий таҳлил қилиш ва шу асосида ҳақиқий илмий фикрлар, мукаммал асарлар, шу жумладан, Бобур тўла асарлари тўпламини яратиш борасида қилинадиган ишлар жуда кўп. Бобуршунос олимларимиз томонидан бир пайтлар бажарилган ишлардан илҳом олиб кўчирмакашликка берилиб юраверамизми? Агар уларда ҳам номукаммаллик бўлса-чи, биз яхши, энг эътиборли деб билган илмий тадқиқот, ё бўлмаса биз билган ва ўқиган адабиётларимизда маълумотлар хато кетган бўлса-чи, унда кимдир бу маълумотларнинг аниқ илмий фактини топиб илмий истеъмолга киритиши керак-ку? Жумладан, шу кунга қадар жамики адабиётларда Бобур шеъриятининг ҳажми, жанр хусусиятлари ҳақида турлича фикрлар илгари суриб келинган. Жумладан, шоир 400 дан ошиқ шеърий асарлар ёзган дейилади. Ваҳоланки, “Бобур девони” туркча таржимасини кузатар экансиз, улар сони 600 дан ошиши маълум бўлади. Балки бу фикрга кўпчилик қўшилмас. Бироқ, энг муҳими икки хил маълумот берилаётганлигида. Хўш, қайбири тўғри? Ҳарқалай бу яна ўша фикр, яъни қўлёзмалар билан ишлаш кўникмамиз йўқлиги эвазига содир бўлмаяптимикин? Бизнингча, шундай. Агар мавжуд 9 та қўлёзмани аллақачон қиёсий ўрганиб шу асосда Бобур шеърий асарларининг мукаммал тўпламини яратганимизда бу каби ҳолатларга йўл қўйилмасди балки, шоир шеърияти хусусида ягона бир хулоса чиқарилган бўлар эди.

Шундай ҳолат, яъни Бобур ҳаёти ва унинг ижоди, асарлари қўлёзма нусхалари табдили ва тавсифи ҳақидаги маълумотларда ҳам учрайди. Демак, кўринадики, Бобур асарлари қўлёзма нусхаларининг тадқиқ этилишида фарқлар бор ва улар бугунги кун нуқтаи назаридан қайта ўрганилишга муҳтож. Масалан, биргина “Бобур девони”нинг Париж нусхасини бир пайтлар Александр Самойлович XVI–XVII асрларга мансуб деб қараган бўлса, Блоще бу нусха Кобулда 1515 йилларда кўчирилган деган тахминни илгари суради. Турк олими Южел Билол тадқиқотларида ушбу қўлёзмада  87 ғазал, 2 маснавий, 65 рубоий,  28 муаммо (2 рубоий, 26 мусарраъ байт), 1 қитъа, 9 туюқ, 15 матлаъ, 3 маснуъ шеър, 2 тугалланмаган ғазал, 1 назм, 5 мусарраъ байт, 1 муфрад борлиги айтилса, профессор Саидбек Ҳасанов қўлёзма, 51 варақ, (102 бетдан) иборат. 89 тугал ғазал, бир тугалланмаган ғазал, 13 рубоий, 1 маснавий, 11 туюқ, 1 қитъа, 29 муаммо, 21 фардни қамраб олганлигини айтади. Кўринадики, Саидбек Ҳасановнинг Париж нусхаси ҳақидаги тавсифи турк олими Южел Билолникидан фарқ қилади. Хўш, қайси фикр тўғри? Демак, Бобур асарларини ўрганишдаги мавжуд қарашларда чалкашликлар бор. Улар нималардан иборату ечими қандай бўлади. Ҳолбуки, бундай мисоллар яна кўплаб кузатилади. Йўқ, биз бу борада бобуршуносликдаги аввалги тадқиқотларни инкор этмоқчи эмасмиз, асло. Бироқ вақтнинг ўтиши илм-фанга оид янгича қараш ва маълумотларнинг юзага келиши, топилиши баъзан  эскиларини инкор этади ва уларга қўшимча ўзгартиришлар киритишга олиб келади, демоқчимиз. Масалан, афғонистонлик олима  Шафиқа Ёрқин томонидан 2004 йилда тайёрланган  “Девон” бир муддат ўз даврига қадар тайёрланган нашрлар орасида мукаммал деб ҳисобланган. Бобур шеърияти, унинг қўлёзмалари борасида олиб борилган чуқур тадқиқотлар, илмий-академик нашрлар, жумладан, адабиётшунос олим Эргаш Очилов томонидан 2007 йил “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Сочининг савдоси тушти” деб номланган тўплам ва бобуршунос олим Ваҳоб Раҳмонов томонидан 2008 йил шоир таваллудининг 525 йиллиги муносабати билан чоп этилган “Ғарибинг андижонийдур” номли нашрлар 2004 йилги нашрда ҳам камчиликлар борлигини кўрсатди. “Бобур девони”нинг Истанбул қўлёзмаси асосида тайёрланган туркча илмий матнни Абдурасул Абдуғафуров томонидан 1994 йилда тайёрланган нашр ва Эргаш Очилов ҳамда Ваҳоб Раҳмонов нашрлари билан ўзаро қиёслашимиз натижасида бир қанча фарқли жиҳатлар аниқланди. “Бобур девони”нинг туркча матнида келган айрим туюқлар Ваҳоб Раҳмонов нашрида учрамайди. Туркча нашр  ўзининг қитъалар сони кўплиги билан ҳам ушбу нашрлардан фарқ қилади. Абдурасул Абдуғафуров ва Ваҳоб Раҳмонов нашрида шоирнинг 13 та қитъаси берилган бўлса, Ю. Билол нашрида улар сони 19 та, Э. Очилов нашрида бу кўрсаткич  22 та эканлиги қайд этилади. Хўш, ўқувчи учун қайбири тўғри? Хуллас адабиётларда Бобур Мирзонинг деярли барча асарлари билан боғлиқ фикрларда ҳар хилликлар кузатилади. Демак, баъзан бобуршуносликда биз билган, ўқиб-ўрганиб келган айрим  маълумотлар мутлоқ ҳақиқат эмас, нотўғри эканлигини ҳам кўрсатади ва энг муҳими бу ҳақдаги энг тўғри хулоса қандай экан деган саволга жавоб излашни тақозо этади. Бир сўз билан айтганда, даврнинг ўтиши, бобуршунослик илмининг табора ривожланиб бориши, янгидан-янги маълумотлар билан бойиши бу борада янги бир қарашларни юзага келтиради. Натижада эса биз тўғри деб билган Бобур ҳаёти ва ижодига доир  айрим маълумотлар нотўғри бўлиб чиқади ёки уни инкор этувчи фикрлар пайдо бўлади.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 22 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида бугунги кунда мамлакатимиз китоб фондларида 100 мингдан зиёд қўлёзмалар сақланаётгани айтиб ўтилди ва ушбу қўлёзмаларни тадқиқ этиш вазифаси белгилади. Мурожатномадаги топшириқларнинг ижросини бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тамонидан “Йўл харитаси” дастури ишлаб чиқилди ва фаол ишлаш тизими жорий этилди. Сир эмас, биз ана шундай ноёб мерос ворислари, шундай бойлик эгалари бўла туриб, уларни ҳар  томонлама ўқиб-ўрганиш, халқимиз, аввало униб-ўсиб келаётган ёшларимизга, жаҳон ҳамжамиятига етказиш бўйича етарли иш қилмаганимизни очиқ тан олишимиз керак. Дарҳақиқат, буни биргина Бобур асарлари қўлёзмаларини ўрганиш мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Ўйлаймизки, “Йўл харитаси” дастури кўплаб соҳалардаги масалалар қатори адабиёт, жумладан, мамлакатимиз ва дунё китоб фондларида сақланаётган ҳали тўлиқ ўрганилмаган нодир китобларни, қўлёзма манбаларни тадқиқ этишда, жумладан, Бобур асарлари қўлёзма нусхаларининг чуқур ўрганилиши ва шу асосда шоирнинг мукаммал асарлари тўплами жилдлигининг  юзага келишига мустаҳкам асос бўлади.

«Шарқ юлдузи» журнали, 2018 йил, 2-сон