Юртимиз мустақилликка эришгач, заминимизда яшаб, ижод этган буюк алломалар фаолиятини ўрганишга киришилди. Мамлакатимиз ҳудудида яшаб, ўз илми билан жаҳон аҳлини ҳайратга солган шайх Абубакр Шиблий ҳам ўз даврининг тенги йўқ илм аҳлларидан бири ҳисобланган. Аллома Жунайд Бағдодийнинг шогирди Мансур Халлож билан бир даврда яшаб, ҳамфикр дўст бўлгани ва авлиёлик даражасига етгани тарихий битикларда қайд этилган.
Қарши шаҳрининг шарқий-жанубий қисмида жойлашган Шилви қишлоғи шайх Шиблий ҳазратлари яшаган манзилгоҳ саналади. Қишлоқнинг шарқий томонида шайх Шиблийнинг зиёратгоҳи жойлашган. Шу ердаги қадимий қабр эса у кишига нисбат берилади. Қабр яқинида улкан масжид ҳам қад ростлаб турибди. Масжид томи ёғоч меъморчилиги услубида ёпилган. Ўртадаги ёлғиз устунга сифатли ишлов, шакл берилган. Ёғочлар тўрт томондан ушбу устунга бирлаштирилган. Вассалар ҳам дид билан ишланиб, жуфтлаштириб терилган. Том вассалари ва ёғочлари ўз даврида табиий ранг-бўёқлар билан нақшланган. Масжиднинг уч тарафи айвон билан ўралган. Айвонларни тўққизта улкан устунлар кўтариб турибди. Масжид биноси тархининг тузилиши, уни ўз даврида шу атрофдаги асосий саждагоҳлардан бири бўлганидан дарак беради.
Ўрта асрда яшаб ижод этган олиму уламолар, шоиру тарихнавислар ўз исмига таваллуд топган шаҳар ёки қишлоқлари номини нисба сифатида қабул қилганлар. Демак, бу Шилви қишлоғи шайх Шиблий таваллуд топганига қадар ҳам мавжуд бўлганини билдиради. Сабаби шайх Абубакр Муҳаммад ҳам ўзига “Шиблий” нисбасини қабул қилиб олганки, бу билан Шибли қишлоғилик эканини англатади.
Халқаро Фирдавсий мукофоти соҳиби Шоислом Шомуҳамедов форс тилидан ўзбек тилига таржима қилган буюк мутафаккир шоир Абдураҳмон Жомийнинг “Баҳористон” асари сўнгида тузган изоҳида Шиблий ҳақида сўз юритиб, “Шиблий — Абубакр Муҳаммад ибн Халаф араб тилида ижод қилган тасаввуф шоири. Ўзи Ўрта Осиёдан чиққан (Бухоро). 945 йилда Бағдодда вафот этган” дейди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, бу қишлоқ ўтган аср бошларигача Бухоро амирлиги тасарруфида бўлган. Бундан ўн асрлар аввал ҳам ўз ўрнига эга экан.
Шайх Шиблий умр бўйи сафарларда бўлиб, илм-маърифат тарқатган ва кўплаб шогирдларга устозлик қилган. Баъзи манзилгоҳ — роботларда узоқ муддат яшаганлари сабаб, ўша ерлар қадамжо сифатида у кишининг ҳурмати юзасидан “Шибли”, “Шилви” деб номланган. Профессор Ҳамиджон Ҳомидийнинг “Тасаввуф алломалари” номли асарида битилган шайх Шиблий ҳақидаги мақоласида Хўжанд атрофи, Ўратепада ва Тошкент вилоятида ҳам Шиблий номидаги қишлоғу гузарлар, мавзелар учраши келтирилган. Муаллиф Қарши шаҳри яқинидаги Шилви қишлоғи ва зиёратгоҳи ҳақида эшитмаган бўлсалар керакки, бу манзилгоҳни қаламга олмаганлар.
Шайх Абубакр Шиблий ҳаёти, фаолияти ҳақида кўплаб тарихчилар, тазкиранавислар, олимлар баҳоли қудрат ўз асарларида тасвирлашга ҳаракат қилишган. Уларда алломанинг илм салоҳияти, кароматлари кўрсатиб ўтилган. Ҳатто буюк Алишер Навоий ҳазратлари ҳам машҳур “Насойим ул-муҳаббат мин шамойим ул-футувват” асарида 77 та шайх-авлиёларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида қисқа маълумот берар экан, шайх Абубакр Шиблийга ҳам маълум ўрин ажратган.
Шайх Шиблийнинг таъкидлашича, йигирма йил турли ровийлар (ҳадис ривоят қилувчилар)дан ҳадис ёзиб олиш ва йигирма йил фикҳ асосларини (фикҳ — ислом ҳуқуқшунослиги) ўрганишга умрини сарфлаган. Абдураҳмон Суламий, Абулқосим Каширий сингари донишмандлар ҳам шайх Шиблийнинг ноёб фазилати, хислатлари ҳақида ғаройиб ҳикоялар ёзиб қолдирганлар.
Тасаввуф аҳлининг пешво пирларидан бири, шарқ адабиётининг ёрқин намоёндаси шайх Иброҳим Муҳаммад Фаридиддин Аттор Нишопурий ҳам ўзининг “Илоҳийнома” китобида шайх Шиблий ҳақида қуйидаги ҳикоятни келтиради: бир шаҳарда новвой яшар экан. У Абубакр Шиблийнинг шуҳратини эшитиб, шайхнинг ўзини кўрмай, унга кўнгил боғлаган экан. Аммо шайхни бир кўрсам деган иштиёқ билан юраркан. У кўриб ошиқ бўлмаган, балки эшитиб ошиқ бўлгани сабабли шайхнинг қиёфасини хаёлида гавдалантирар, ҳар хил одамларни кўз олдига келтириб кўрар экан. Нима бўлибди-ю, кунларнинг бирида шайх Абубакр Шиблий новвой яшайдиган шаҳарга кириб келибди. Шайх шаҳарни айланиб, ҳалиги новвой дўкони ёнидан ўтиб қолибди ва битта кулчани олиб ея бошлабди. Шу пайт новвой буни кўриб, нонни шайхнинг қўлидан тортиб олибди ва қаттиқ дашном берибди. Шайх Шиблий ноумид бўлиб, ўтиб кетибди. Новвойнинг ёнидаги киши унга қараб:
— Бу одам Абубакр Шиблий бўлади. Шайх Шиблийга шунча эътиқодинг бор-у, лекин бир бурда нонни раво кўрмай, қўлидан тортиб олдинг, — дебди.
Новвой аттанг қилиб, Шиблийнинг орқасидан югурибди. Шиблий аллақачон шаҳардан чиқиб, чўлга равона бўлган экан. Новвой унинг орқасидан етиб бориб, узр сўраб, садоқати ва муҳаббатини айтибди. Шунда Абубакр Шиблий унга:
— Бўлмаса бир зиёфат мажлисини ташкил қилгин. Мени зиёфатга чақиргин, — дебди.
Новвой бу сўздан хурсанд бўлиб, дарҳол шайхнинг айтганларини бажарибди. Шоҳона зиёфат уюштириб, шаҳарнинг казо-казолари, турли тоифалардан меҳмонлар таклиф этибди. Улар анвойи таомлар қўйилган дастурхон атрофига йиғилишибди. Шиблий дуога қўл кўтариб, барчага яхшиликлар тилабди. Меҳмонлар энди таомга қўл узатаётганда ўтирган азизлардан бири Шиблийга мурожаат қилиб сўрабди:
— Эй шайхи муршид, айтинг-чи, дўзахий ким ва жаннатий ким?
Шиблий ҳазратлари жавоб берибдилар:
— Агар дўзахийни кўрмоқчи бўлсанг, шу зиёфатнинг соҳибига назар сол. Шуҳрат учун шунча пул сарфлаб бизни чақиртирди, аммо Аллоҳ йўлида бир нонни дарвешга бермади. Агар у муҳтож дарвешга саховат, ҳиммат кўрсатиб, нонни берганида эди жаннатий бўларди.
Шайх Шиблий ҳар қанча илмли бўлиб, авлиёлик поғонасига кўтарилган бўлса-да, унинг атрофида кўнгли қора, илми ўзидан юқори кишиларни кўролмайдиган душманлари ҳам кам эмасди. Уларнинг бўҳтонлари сабабли аллома ўз қишлоғини тарк этиб, олис сафарларга отлангани тўғрисидаги ривоятлар ҳозир ҳам Шилви, Сарой ва Дашт қишлоқ аҳли орасида маълум. Шайх Шиблий ҳақида Алишер Навоий ўзининг “Насойим ул-муҳаббат” асарида “Отаси халифанинг соҳиб ул-ҳижоби эрди, Суламий табоқатида “Хуросониюл асл ва Бағдодул мавлид валмаишаъ” битибдур.
Асардаги “Хуросаниюл асл” — “Асл хуросонликдир…” мазмунини англатади. Аллома яшаган даврларда ҳозирги Қашқа воҳаси ҳудудлари ҳам Хуросон ноиблигига қараган ва Хуросон замини деб юритилган. Асарда “Умри саксон еттига етишди. 334 йилда (милод.945-946й) Зулҳижжа ойида дунёдин ўтди. Ва ҳам Жунайд дебдурки: “Ҳар бир қавмнинг тожи бор. Бу қавмнинг тожи эса Шиблийдир”. Ул дебдурки: “Ҳуррият — қалб ҳурриятидир, бошқа нарса эмасдир”. Юқорида келтирилган ривоят ва ҳикоятлардан кўринадики, алломанинг фарз ва суннат амалларига тўлиқ риоя қилиб яшаган умри мўмин инсонлар учун дастуриламал бўлиб қолган.
Хулоса қилиб шуни айтмоқчимизки, биз яшаётган юртнинг ҳар бир қарич ерини муқаддас атаса арзийди. Биз юқорида шайх Шиблий ҳазратлари ҳақида баҳоли қудрат сўз юритдик. Алломанинг Шилви қишлоғидаги муборак қабрига тўхталадиган бўлсак, азалдан эл меҳрини қозониб, эътиқодига сазовор бўлган улуғ шахсларнинг қабр — мақбаралари ва қадамжолари бир нечта жойда бўлганини биламиз. Масалан, ҳазрат Али ибн Абу Толиб, Моликаждар, Ҳофиз Шерозий, Беруний сингари шахсларнинг рамзий қабрлари шулар жумласидандир.
Олим Шоислом Шомуҳамедовнинг изоҳича шайх Шиблийнинг Ўрта Осиёлик (Бухоро) эканини ва Бағдодда вафот этганини ҳисобга оладиган бўлсак, ўз даврида қишлоқдошлари шайх Шиблийнинг ҳокини Шилвига келтириб дафн этишган бўлсалар не ажаб? Буни келгуси изланишларимиз албатта ойдинлаштиради, деб ўйлаймиз.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).