Ўзбекистондаги энг баланд чўққи – Ҳазрати Султон Бойсун тоғларида барқарордир. Шу тоғларда, шу улуғ тоғлар адоғида яшаб-яшнаб ётган эл-у халқнинг жамики орзу-армонларига тимсол бўлгудек бир неъмат бор. Бу – мўмиё! Мўмиё тоғнинг одам оёғи етмас жойларида силқиб, кўзёшдек томчилаб, йиғилиб қора мумдек сизиб пайдо бўлади. Унга кийик бора олади фақат. Ярадор кийик шу гиёҳдан еб тузалиб кетади. Бургутлар мўмиёдан чўқиб-чўқиб ейди, танига қувват олади. Мерган овчилар мўмиёни пастдан туриб отиб оладилар. Юраги катта қўрқмас алплар белига арқон боғлаб юқоридан осилиб-тушиб мўмиёга етишадилар. Унга ҳар ким ҳам етиб боролмайди. Нетонгки, минг дардга даво бўлган одамзоднинг бу таскинбахш ризқи ШОИР умрини ёдга туширади. Асл шоир шу мўмиё каби покликдан, умиддан, сабрдан, соғинч ва битмаган яралар доғидан дунёга келади. Асл шоирнинг пайдо бўлиши ортида жуда катта сабаблар бор. Булар ергагина тегишли эмас. Унда самовотнинг қўли бор, шубҳасиз. Кимгаки катта шеърий қувват берилган бўлса, бу катта асосга эга. Яратганнинг улкан меҳрибончилиги бор бу яралишда.
Мен бир кишини эшитгандим. Қирчиллаган қирқ ёшнинг нари-берисида бедаво бир дардга чалинган. Оддийгина хасталикмас, одамлар қўл билан кўрсатадиган касаллик. Афсуски, бу бедаво наслдан наслга ҳам ўтаркан. У киши бир азиз зотнинг қарғишига учраганини айтишарди. Худо азиз қилган кишининг дилини оғритиш Худонинг кўнглини оғритиш экан-да. Ҳарҳолда, у одам қай маънода элдан чиқиб қолган. Эл бу одамга ҳаромни кўп еган, номаъқул ишларни кўп қилган ва маст бўлиб келаётганида олдидан чиққан Туроб деган сувчини уриб, қўлидаги ойлик пулини тортиб олиб сувга оқизиб юборган дейди. Бу пул Туробнинг хотинига жуда зарур бўлган. Унинг хотини ўша куни туғруқхонада вафот этган. Бу нохуш воқеани эслашдан муддао одамнинг кўнглидаги куч кўп нарсага қодир эканини айтиш эди. Қўйингки, бир нотавон одамнинг элдан чиқиб қолиши шу қадар катта омиллар асосига қурилган экан, халқ даҳосининг маҳсули бўлиб, пориллаб майдонга келадиган шоирнинг ибтидосида янада буюк боислар бордир. Шоир элнинг тилови, уни очунга келтиргувчи ота-она томирида оқаётган қоннинг тозалиги, йиғилари, поклигидан, кўнгиллардаги буюк кучнинг сўроқларидан сўнг содир бўлади. Одам кўнглида ҳам табиатдагидек вулқонлар ҳам бўлиб туради. Шоир шу вулқонлар поёнидаги муҳаббатдан пайдо бўлади. Машҳур рус шоири шеърнинг яралиши ҳақида айтган гап бежиз эмас: “У айтиб турди, мен ёздим!” Ҳа, шоир Худонинг амри билан яралади, шеър ҳам. Шоир билан ҳазиллашиб бўлмайди. Бу гаплардан касби – аъмоли шеър ёзиш бўлган кишиларни мутаассибларча авлиё қилиб кўрсатмоқ ниятидамасман, аммо асл шоирнинг кўнгил торлари Яратганнинг даргоҳига туташлигини айтмоқчиман. Асл шоирда жуда кўп нарсалар йиғилган – муштарак: некбинлик, мардлик, адолатга, эркка бетийиқ ташналик, елкасини майиштирган юк билан кетаётиб ҳам ғарибга қўл чўзмоқлик… шу каби нодир ҳислар шоирга хос. Яна ғурур ҳам. Ғурурки, кибрдан холи. Мардона ғурур! Ана шу нарсалар бир кўнгил эгасида бўлса ва унга шеър санъатининг сири ҳам инъом этилган бўлса, бу энди оддий, кундалик ҳодиса эмас.
Мен ўзимни жуда бахтиёр одамлардан бири санайман. Негаки, хаёлимдаги, орзумдаги шоирга, шоирларга дуч келганман.
Уларнинг бирови, шубҳасиз, қадрдон Усмон Азимдир.
Усмон аканинг “Алпомиш ва Қоражон” деган ҳикоясида Холиёр бахши деган образ бор. Бу образ ҳаётий, чиндан яшаб ўтган бахшининг ҳаёти асосида яратилган. Ана шу юртдан бадарға бўлиб, қатағон довулларига учраб, доғ-у фироқда ўлиб кетган Холиёр тўқсоба Усмон акага қариндош бўлади. У кишининг Бойсун билан видолашув айтимлари ҳануз эл аро машҳур. Истеъдоднинг суяк сурадиган йўли борлиги рост, аммо Усмон акани шоир қилган нарса тоғлар мўмиёсидек азиз ҳасратдир – элнинг қарғиши эмас, дуоси, тилови, йўқлови, кўнгилларга доғ бўлиб чўккан ҳижроннинг теран хўрсиниқлари, яъни – Холиёр бахшининг азим армонлари ҳамдир. Эл фалакдан ёмғир сўраб илтижо қилади. Аммо “Худойим, бизга бир шоир юбор” деганини эшитмаганман. Бироқ шундай – тилга кўчмаган тилаклар кўнгилларда қоим бўладики, буни бир забардаст шоир майдонга келганидаги қувончдан англаш мумкин. Усмон Азимни адабиётимизга ана шундай палак берган.
Одамзоднинг феъли ҳар турлидир. Ҳаётини ўзга ўлчов, ўзга равишларда тақсим қилгувчи талант эгалари қаторида Усмон аканинг ҳам хос феъл-атвори бор. Хоссатан, у кишининг ҳаётчан, ҳазил-мутойибага моил сўзлашув тарзини ёки унча-мунча чиновникнамо касларни ҳам кўрдим демай, айтарини айтиб олишини ва доим истеъдодли кишиларни ёқлаб юраверишини кўп кўраман. Усмон аканинг боши хам, маъюс бўлиб, домангир-у ғамга ботганини кўрмаганман – кўрмайлик ҳам – у бундай осон енгилиш, кечикиш шоирга хос эмас деган қонун асосида яшайди. Шу қонунни ҳам салафларидан ўрганганича ўрганган, қолганини ўзи яратиб олган. У мардона ва ҳалол, ғам келса ҳам мард бўлиб кўтара олиш вазифа, деб ўйласа керак. Келмишки ҳар ишни тақдирдан, Оллоҳдан бир хабар, унинг ёдида эканлигингдек қувончли мужда деб кета олиш; яна бир жуда мушкул иш – имкон қадар баланд бўлиб қолаверишни шу шоирда кўраман ва ўзимни, боя айтганимдек, бахтиёр санайман. Шундай яшаса ҳам, ўйласа ҳам бўларкан. Воажаб! Усмон ака бировдан нолиб ўтирмай, ўша кимсани кўрганида тўғри юзига айб-нуқсонини айтишни хуш кўрди доим. “Ўзига ҳам айтганман бу хатоларини. Таъсир қилмади. Қўйинглар уни – фойдаси йўқ” деган дамлар ҳайрон бўлган бўлсак, унинг ҳақлигига кейинроқ амин бўламиз. У аллақачон анов кимсанинг тузалмаслигини, амалпарастлиги ёки истеъдоднинг унга ҳайфлигини ёки ўртамиёналик касалига, қарсакбозликка чалинганини ёхуд ўша кимсанинг мутлақо ёлғончилигини таҳлил қилиб бўлган бўлади. Суҳбатларда эса иғво ва ғийбатга йўл бермайди. Гаплашадиган гап кўп, умр эса қисқа…
Тағин, Усмон аканинг феълида шоирлиги – шахсиятига олиб келувчи бир йўл, сабаб ҳам бор. Бу – унинг дунёнинг нақ эгасидай адл, ғоз туриши. Бутун тириклик жараёнларига ўзи дахлдор, эҳтимол бу чарх қуюнининг қоқ ўртасида ўзи тик тургандек яшаши, шундай ўйлаши, шундай қийналиши, шундай қувониши. Турганда ҳам ғам-у қувончни сокинлик, вазминлик билан қабул этиб, албатта, ўз баҳосини бериб, одамларга елкадош бўлиб, бироқ буни имкон қадар сездирмай енгил ва тик қолишидир. Унинг гоҳо қувлик – қувликки ҳаммага маълум, ўзи ҳам бундан завқланади – беозор мақтанишлари ҳам ўзига хўп ярашиб кетади шу онларда. Мен бунда фазилат кўраман, завқ туяман. Самимият ютиб кетишини боз ҳис этаман. Қани энди шундай қилиб мақтанолсанг, дейман. Ва давом қиламан: мақтанадиган ишларинг бўлса…
Ҳа, майли, муҳими бу эмас… унинг не ҳасрати бўлса шеър билан юзма-юз бўлган паллада айтажагини кейин, кейинлар, рости анча кеч тушунганман. Унинг адабиётимиз, санъатимиз, маданий ҳаётимиз тарихида катта ҳодиса бўлиши шубҳасиз бўлган, нашр этилиши негадир кечикаётган “Сўнгсўзлар” асаридан унда-мунда парчалар ўқигач айрим нарсаларни тушунгандай бўлдим. Шоирнинг вақти камлигини, унинг бисоти дунёнинг ўзи эмаслиги ва айни паллада бу дунё ҳам бор бўйича, бутун сарвати билан шоирники эканини, жаҳоннинг ғам-у қайғуси шоирга доирлигини англай туриб, ёнимда ана шундай ижод соҳиби турганини севиниб эсга оламан.
Ва хаёлимни жамлаб, паришонликни қувиб Усмон Азимнинг – маяковскийча гулдуроснинг, тоғдан юмалаб келаётган катта тош ғайратининг, шу тошнинг қисматига ғусса-ла қараб турган Усмон Азимнинг шеър билан ёлғиз, юзма-юз қолишини тасаввур этиб кўраман. (Аслида) шеър билан ёлғиз қолиш, шер – арслон билан танҳо қолишдай гап. Бу гапда бўрттириш йўқ: ҳар лаҳзасини охиргисидек яшаган одам билади буни.) Довулли, бўронли бир зимистон кечада занжир-у ғулларини узгудай бўлаётган банди тулпорнинг ҳоли кўз олдимга келади. Ҳам ўртаниш, ҳам завқли алам, ҳам доғи ёқимли ғуссалар бир паллада ўртага олган юракни бошқа нимага ҳам қиёслаш мумкин. Усмон Азим ўзи тасвирлаганидек ловуллаётган иш столи теграсида ана шундай бир илҳом аро кезинади. Ўзбекпарварлиги, туркийпарварлиги, ҳақпарварлиги бир-бири билан мудом ўрин талашиб ётувчи, энг саводхон шоирларимиздан бўлган бу ижодкорда шеърлар жуда кўп. У чинакамига кўп ёзди. Шеърининг ўзи саккиз-ўн жилдлар чиқар-ов. Қизиғи, шунча шеър ичидан ёмонини, шунчакиси, замонабопини, урфдан қолганини тополмайсиз. Бу жуда катта ютуқ. Айтмоққа осон. Қон ва тер ҳисобига, юракнинг бетўхтов азоб билан ишлаши ҳисобига майдонга келган катта хирмон бу. Кейин бу ижодкорда ҳамма, ҳар хил шеър бор. Ҳамма шеърий шакллар, услублар, тажриба намуналари унда учрайверади. Мана, ўқиб кўринг:
Неча минг оламни меҳрда ювиб,
Заминга нур тараб етган товуш дер:
– Қуёш теграсида давронлар суриб,
– Айланишинг қалай? Яхшимисан, Ер?
– Шукур – дейди замин, – Ўзингга шукур!
Сенинг режанг ила иноним – ҳаддим!
Самода сайр этмоқ нақадар сурур!
Менга шаън тақдирни этгансан тақдим!
– Одамизод қалай?
– Не дейин?.. энди…
Уларга маконман раъйингга кўра.
Биласан, қадами Ойга ҳам етди –
Мен-ку кўникканман… ойдан ҳолдан сўра!”
Ғаройиб суҳбатдош, ҳар қандай ёшдаги, даражадаги одамга ўзига яраша гапини топиб айта оладиган, бу одам қаршисида туриб унинг чўнг дардларни олиб юрган кўксидан чиққан сатрларни ёдга оламан. Ва инсоннинг имконияти жуда катта, одамнинг кучи кўп нарсаларга етади, деб ўйлайман.
Ҳар бир Худо берган куни – туйғулар баҳсидан – ҳайрат-у ҳаяжоннинг таранг тортилган дори устидан қўрқмай юриб ўтмоқдан – умуминсоний, абадий мунгларни, беадоқ ғуссани ҳис этиб, ундан одамни, оламни, Оллоҳни танимоқдай заҳматлардан – умид ва қўрқув аро, шукрона-ю исён кесимларида юракни бутун олиб ўтмоқдан иборат бўлган Усмон Азим деган шоирни танимаган, билмаган одам, унинг:
Босиб келаётир дим ҳаво,
Бунча ҳувиллади бу адир.
Тоғлар танҳо, даралар танҳо,
Кетгим келаяпти қайгадир.
Шамоллар сойларда чўзилди,
Мезонлар учдилар бетақдир.
Сабрнинг энг сўнгги ипи узилди,
Хат ёзгим келяпти кимгадир.
Сездими кун кетар чоғини –
Қарғалар айланди фалакда бетин.
Қанотли чироқдек мени соғиниб
Биров келармикан?!
Шом тушар чоғида ғам жуда равшан,
Оқибатни аён кўради идрок.
Ҳеч кимга кўрсатмай бир йиғлаб олсам –
Қоронғулик тушсайди тезроқ!..
каби шеърини пичирлаб ўқиса, ўқиб қолса… беихтиёр ундаги мунгни аъзойи баданида туяди. Ва қаршисидаги мағрур-у, қувноқ одамга шубҳа билан боқса ҳам ажабмас.
Унинг Бойсун манзаралари акс этган ёки Элбек бахши айтганидек, ҳайқириб ўқиладиган шеърларидаги шашт ҳам ўқувчининг дилига кўчади ва селдай шиддат қошида шошиб қолади. Бундай шеърларни ўқиган ўқувчи,
Мен бу кеч кўнглимни тинглаб ўтирдим,
Дардига чидолмай мунграб ўтирдим.
Қайга кетди менинг азиз дўстларим,
Жавобин билсам ҳам, йиғлаб ўтирдим.
деган сатрлар ҳам шу кўнгилнинг теран садоси эканига лол бўлади, сўнг ишонади.
Усмон Азим катта маҳоратга эга, мозаик шоир. У юрак қирраларининг ҳар бирига бориб кўрган, юрак чўққиларининг ҳар бирини забт этган, туйғулар товланишларига алданиб қолмаган, аксинча кечимларнинг рангин оламини қўл билан ушласа бўладиган яқинликда ҳис этган ва буни қоғозга муҳр этолган зўр кашшоф, катта истеъдод.
“Баҳор келдими?
Гулладими дарахтлар?
Қушлар сайрадими?
…Сен кетсанг ҳам шундай ҳол рўй берадими оламда?!!!” – дейди-қўяди у! Лол-у ҳайратдан карахт қолади киши. Уч-тўрт сатрда одамнинг бутун умрлик сўроғини, дод-у фиғонини, пинҳон ғамларини қандай қилиб бунча оддий қилиб, зўр айтиш мумкин?!
Унинг руҳида, оқарган сочларининг панасида болалиги яшаб келаётганини туйқус англаб қоламан. (Ҳа, бир зарур гап: болаликсиз адабиёт йўқ. Ва болалиги тарк этган одамда ҳам адабиёт йўқ, уни оламнинг бор гўзаллиги ташлаб кетган. У – ачингулик одам.) Чинакам санъаткоргина яшаб ўтадиган дарди силқиб турувчи умрга ёндош бўлган жуда катта яшовчанликнинг уйғун тарзига унинг шеърларигина шарҳ айта олади.
Ҳар куни шеър ёзишга тайёр бўла оладиган, ўзига кайфият топа олишга кучи етадиган, шеърни, адабиётни хусусий мулкидай авайлаб, не бир алағдаликда яшашни Ҳақнинг ҳукми деб билгувчи ва муҳими шеъри ҳаётидай, ҳаёти қалами битгандай – бир қирда, бир сирда умр кечириб келаётган бу шоир ўзининг оламини қурди. Унинг Мен уй эмас, Шеър қурдим, деган сатрларида жуда тоза иқрор бор. Устоз мунаққид Озод Шарафиддинов суҳбат асносида Усмон Азим ҳақида тўхталиб, “Абдуллажон, Эркинжонлар ҳам зўр шоирлар, лекин Усмон бошқачада”, деган эди. Ана шу “бошқача” бўлиш, назарда туриб қололиш, ўзини борича, айни дамда шу боричани ҳам йўл адоғигача елкада олиб боришдай заҳматни Усмон Азим ижодий йўлида кўрдик, кўриб ўсяпмиз.
Бир гал бир машҳургина шоирамиз “шоирликнинг юки оғир, уни аёл бошим билан елкалаб турибман” деган мазмунда гап айтди. Унга жавобан Усмон аканинг айтганлари эсда қоларли бўлди: “Эркак бошимиз билан ўзимизни шеърга бердик. Бу қурбонликни қилиш ўзи бир азоб бўлса, уни энди унутиш ўзи бир азоб. Эркалик эмас, эркаклик қилдик биз ҳам!” Залда кулги ҳам кўтарилгандай бўлди. Аммо дарров, ўз-ўзидан босилди. Бу гап кўпларга нашъа қилганди. Ҳа, эркак боши билан ҳарбий бўлмай, чавандоз бўлмай, полвон ёки ёяндоз ботир бўлмай, ҳеч бўлмаса футболчи, ҳисобчи ёки тракторчи бўлмай шоир бўлиш қисматини бир ўйлаб кўринг. Шоир! Кечалар ўзи билан ўзи сирлашиб, қоғоз қоралаб, бу битикларини Худодан бошқага инонмай юриш ва бир газетадами шеъри чиқса беҳад қувониш: “шу зайл чувалган тақдирнинг боши…” деганларидек, йўл бошида қалам тутиб турган кўзлари ёнган болаликни йўл сўнгигача хафа қилмай, дилини қаро қилмай опичлаб келиш бу шунчаки иш эмас. Бир гап айтсам ишонинг, бу иш фаришталар иштирокида рўй беради! Юқоридаги ишларни эса бошқа одамлар ўзлари эплашаверади.
“Ота-она фарзандининг шоир бўлиш орзусида эканини сездими, уни то бу хаёлдан воз кечгунича ёки бутунлай асл шоир бўлиб камолга етгунича ҳар куни калтаклаб туриши керак”, дейди бир немис файласуф муаллими. Бу гапда чуқур маъно бор. Истеъдод – интизомдир, деган гап бекорга эмас. Усмон ака айтганидек, эркак боши билан шеър ёзиш деганда ва қурбонлик дейилганда юқоридаги фикр-мулоҳазалар кўнгилга қалқиб чиқади ва бехос титраб кетаман: бу қанчалар мушкул иш экан ва буни Усмон ака қандай уддалабди! Шу мулоҳазаларни давом қилдириб бир хулоса қилишга ошиқаман: миллий адабиётимизга Усмон Азим берган энг катта нарса шеърнинг ғурур, нафсоният эканини англатганидир. Сўзнинг тақдирдан олинган қарз эканини тушунтирганидир. (эҳ, бировга йўлни тушунтириш қандай қийин бўлган дунёда, бу одам, кўп оғир иш бошлаган деб қоламан гоҳо).
Тўққизинчи синфдалигимда Усмон Азимнинг “Сайланма”си нашрдан чиқди. Гарчи шоир билан таниш бўлмасак-да, бу ижодкорни кўпдан бери “яхшилар”, ҳаттоки “энг яхшилар” қаторига қўшиб, ўзимизники билиб юрганим учун бу нашр мени ҳам қувонтирганди. Кейин у билан чинакам танишиш бошланган. Бу “Сайланма” нафақат мен – пучмоқдаги бир ўқувчи учун, балки бутун ўзбек шеърхони учун жуда катта воқеа бўлган. Бу китоб миллат шоирларининг кейинги авлодига маёқдай хизмат қилди. Бу китоб Усмон Азим забт этган баланд чўққилардан бири, шубҳасиз. Мактабимиздаги шеърхонлар Усмон Азимнинг “Сайланма”сини ўқиганлар ва ўқимаганларга ажралиб қолган эди. Шоирга Худо шундай бир машҳурлик келтирди. Шундай бир шараф берди. Маёқларсиз, кумирларсиз бизнинг ҳолимиз қанчалар нигун! Қанчалар ғариб бўлиб қоламиз уларсиз? Эй, Яратган! Берарингни кам қилма! Бу нидолар минглаб юракларнинг арзидир, асли!
Муаллифнинг кейинги ва аввалги китоблари ҳам ўзига хос нашрлар. Масалан, “Фонус” тўплами ҳам, “Коллаж” тўплами ҳам, “Куз” ҳам… буларнинг ҳар бирининг ўрни, вақтга ёр бермай келишларида ижодий кучнинг ва дил тақвосининг оғир меҳнати борки, бежизга мавжуд эмас. Китоб жавонда туриб умрини яшаб бўлган китоблар озми?
Бу оламда номингни пок тутиб туришнинг ўзи бир штат иш. Аммо зўр шоир ҳамда яхши одам деган номнинг ҳимояси эса яна ва яна қийин. Шу қийинлик, шу изтироб билан “тошлари тупроққа айланган дунё”га боққан шоир юрагининг ҳайратангиз саволини тингланг: “Наҳотки, дунёнинг эшиги йўқдир, Деразаси йўқдир бир зум қарашга?!”
Унинг “учиб кетаётиб ўлади бу қуш” деган бир азобли сатри бор. Бу сатрни тинглаш, ўқиш мушкул аъмол. Овчи дунё яралаган бу қуш бир бурчакда эмас, учиб кетаётиб жон бераяпти. Қуш-да! Унинг қайси қуш эканини ҳам бир муддат дард ютгач англайсиз. Бу шоирнинг “Тангрим, ёлвораман, қуш қилиб ярат, Ерга қўнмайдиган қушлар бормикан!?” дея ҳайқирган юрагининг қушга дўниши. Ва ярадор ҳолида қанот қоқиши. Бу ҳақда, бу мавзуда ўйлаганда Усмон Азим ижодида қуш тимсоллари галасига дуч келади ўқувчи. Унинг “Кузги боғ”, “Ёзги боғ”ларидаги қушлар сайри руҳни парвозга шайлаб юборади. Қафаснинг очилган тилла эшигидан бошини чиқариб кўраётган қушнинг маъсум тасвири, дунёдан дарича излаётган шоир юрагига жуда ўхшаб кетади.
Ушбу шеърни ўқинг:
Қушга қанот душмандан
қочиш учун берилган экан;
Қушга қанот ризқ топиш учун берилган экан…
Мен эса ҳур парвоз учун берилган деб юрибман.
Ёки мана бу сатрдаги соғинч юки, ҳарорати, улуғликка талпинишларни қаранг: “Тоғлар, виқорингиз қалбимда мангу!” Бундай сатрни ўйлаб, фикрлаб, тажриба орттириб ёзиш мумкин эмас. Буни Худойжон юборган! Тўртта сўздан иборат қандай баланд фард! Қадалган қиличдай туради! Бу сатр бир ўзи ҳам яшаб кетолади. Чунки уни пайдо қилган сўзлар улуғ! (Тоғ, Виқор, Қалб, Мангу) Ва бу сўзлар уюшиб келган юракнинг шиддати, савти кучли жуда! Тағин унинг “Юрак бўлиши ёлғонми одамнинг ичида?!” деган одамни эсанкиратиб қўйгувчи савол-сатрлари, “Мен уйғонсам, овоз бўламан” деган қанотли хабарлари ўқирманнинг ўлган ҳисларини такрор тирилтиради. Битта одамнинг ўлимидан кўра битта туйғунинг ўлими катта фожиа. Шу ҳисобга олинса, бу сатрлар ўқувчига Худонинг марҳамати эканини тан олиш керак!
Истеъдодли одам ҳақида гаплашиш, фикрлашиш зўр машғулот-да. Қийин бўлса ҳам, завқинг ҳалол кечади. Шундай завқ таъсирида англаб қолавераман: чин маънодаги профессионал ижодкорлар жуда ноёбдир бугун. Аслида доим шундай бўлган бўлса керак. Бундай ижод кишилари табиатнинг инъоми. Булар Омонхонадаги мўжизавий шифобахш булоқлар қанчалик ноёб ва бобаракот бўлса, шундай табиат ҳодисасидирлар. Аммо бизлар ҳамиша ҳам мўъжиза билан шунчаки нарсанинг фарқига, боравермаймиз.
* * *
Усмон ака ижодий ҳаёти ва ҳаётий ижодида мунтазам, собит, ҳамиша масъул бўлиб, 70 йилки шеър берган ҳайрат тафти элитиб, шеър билан бирга келаётир.
У бироз ёзиб, бироз саёҳат қилиб, бироз давлатмандлик ёки амалдорликка берилиб, яна ижодкорлиги эсига тушиб, эснаганча ўтмас қаламини қидириб қолувчилардан бўлмади. Бўлолмади. Унинг умри, яшаганига қиёсан қоплади.
У эллик-олтмиш йил бурун термизлик шоир Теша Сайдали нашр эттирган илк шеърларидан бугун ижтимоий тармоқларда таралаётган сатрларигача оғир, чидаш мушкул бўлган йўлни ижодий чўкишларсиз, талафотсиз босиб ўтди. Ёш билан боғлиқ кўтарилиш ва тушишлар унинг шеъриятига дахл қилолмади. У бунга шеърни кўндирди. Унинг кўксида уриб турган оташин юрак ижодий қисматга тик боқди. Бундай мунтазам тарзда, баланд пафосда шоир бўлиб қола олишнинг сири нимада?
Тақдир ўзбекнинг бу азамат шоирига жуда катта қувват, руҳий бардамлик берган экан. Бу қувват вужудга бўй берай демайди. Вужуд ҳам шу руҳий савт билан тенгма-тенг юришга интилади. У доим яхши шоир бўлди, доим зўр шоир бўлди. Мудом қаламидан адолат ва меҳр, жонфидолик, жўмардлик қони томчилаб турди. Нега? Қандай қилиб эришди бунга у? (Булар жуда муҳим, жиддий саволлардир.) Худо катта истеъдод ва руҳий куч бергани, жаҳоний адабиётдан бохабар саводхон бўлгани учунгина эмас фақат. Биламизки, ҳаётда истеъдоди ва ижодий қудрати бетакрор, аммо зўр адиб ё шоир бўлолмай қолганлар бисёр.
Усмон Азимни бугун адабиётда чинордай улуғ қилган нарса, аввало, унинг кўнгил тақвосидир. Бу тақво дунёнинг кир кунжакларида аждаҳо босиб ётган тиллодай нафсни ўзига тортувчи нимарсалардан ўзни тиймоқдир. Бу тақво чин сўзни айтиш лозим бўлган паллада айтолмай, тилни тишлаб, узоқ вақт ўзини кечиролмай юришдек оғир дамларда бузилган бўлади. У ҳалол яшади, юзинг-кўзинг демай ҳақ гапини айтиб ўтаверди ҳамиша. “Шоирлари ёлғон айтса ўлади эл” деган сатрларни кўнглига солган Тангрини юз-хотир қилди мудом. Доим мард бўлиб, танти, жўмард бўлиб қолгани учун ҳам тақдир уни ШОИР деган шараф билан сийлади. Усмон Азим доим ҳалолликнинг тарафини олди, юпун, ғариб, йўқсил бўлса-да, ҳақиқат томонда турди. Ҳар лаҳза безовталик билан қайғура олди бу ҳақда. Қисмат унинг танглайига шоирликнинг шундай чўғли тамғасини босганига кўп бор амин бўлдим.
Жуда яхши кўрган ука-сингилларининг ҳам адабиёт масаласида кўнглига қарамади. Зўрини тан олди, алқади, қўллаб-қувватлади. Ёмон бўлса, бетига айтди-қўйди. Уни ёқтирмаганлар истеъдодсизлар, чин гапни тан ололмайдиган, чидолмайдиганлар. Уни хушламайдиганлар сўзбозлик билан бодилик қилиб юргувчилар. У истеъдоднинг камолга етиши учун жон борича курашди. Қатағон қурбони бўлиб кетган қариндоши Холиёр бахшининг дўмбирасидай “ғай-ғайлаб” доим рост сўзини айтиб келди бу шоир. Хушламаган одамидан ёки ўзига ёқмаган мажлисбозликлардан қочиш учун бирор баҳона топиб бўлса-да тезроқ узоқлашади, чиқиб кетади. Мабодо, бундай ҳолатда меъёридан кўпроқ туриб қолса, “портлаб” ҳам кетиши мумкин.
Бу сўзларни айтиш, ёзиш, тавсифлаб баҳолаш оппа-осон. Бироқ бу умрни яшаб ўтиш кўп оғир, биродарлар. Унинг “Яхшилаб яшасанг бу умр – қийноқ” деган иқрорлари беҳикмат эмас.
Уни Яратган Эгам ана шу тақвоси учун баланд қилди. “Ҳасадгўй улуғ бўлолмайди”, дейди шайх Аҳмад Ғаззолий. Усмон Азим ҳаёти билан, ижоди билан шу ҳикматни исбот қилди. Яхшини кўрса қувониб, алқаб, асраб, ардоқлаб, номардни кўрса, минг йиллик душманини кўргандай дили қаттиқ оғриб, оғриниб, унга муносабатини яширмай айтиб келди у. Одам боласи бу дунёда кимгадир ўхшашни орзу қилиши, кимдандир уялиши, кимгадир ич-ичидан суяниши, кимдандир ҳайиқиб, кимдандир андиша қилиши керак! Ва албатта, кимдандир қўрқиши зарурат! Бўлмаса у тезда нобуд бўлиб кетади! Шоирнинг асл ишларидан бири ўқувчига ана шу гапларни ҳам эслатиб туришдир! У ўз оламини, ойдин қалбини пок тутгани учун ҳам Усмон Азим деган номни бунёд қилолди. У тақлид қилмади сира. Фалончидан ўтишим керак, деган ёки бошқа бирор иддао билан қалам сурмади, баҳс бойламади.
Унинг ижодида “Мамарайим бахшининг айтгани” деган шеър бор. Оёғингдаги поябзалинга қараб баҳо берувчи бу дунёда ялангоёқ яшаб, дунё устидан шу ҳолидаям кулолган бахшининг ҳоли Усмон Азимнинг дунёга қараган ойнаклар ортидаги нигоҳларида ниҳондир.
Тағин, кўпкарида оти ўлиб, эгар-жабдуқ, қамчисини қўлтиқлаб ғамгин қайтган одамга аёлининг берган таскини қарийб қирқ йилки юракларни ўртаб, улғайтириб, мардлик бахш этиб турибди:
Чавондоз улоқдан қайтди пиёда,
– Рангларингиз бир ҳол, айтинг не бўлди?
– Онаси, дардимни қилма зиёда,
Онаси, отгинам, отгинам ўлди.
Учиб борар эдим мисоли шамол,
Отгинам қоқилди ўтмасдан бир пас.
Жасади устида туриб қолдим лол,
Онаси, отимдан ажралдим, хуллас.
Чавандоз хўрсинди, уҳ тортди оғир,
Бир четга жимгина бурди юзини.
Балки, у эркак-да, истамагандир
Хотини кўришин ёшли кўзини.
Оламни тарк этди офтоб-у кундуз,
Чавандоз хўрсинар ўйлар отини.
Эрига боққанча майин-у маъюс,
Гапирмас, ўлтирар сассиз хотини.
Чавандоз хўрсинар, от қайда энди,
Энди қайдан бўлсин у роҳат, лаззат.
Хотини ҳам жим-жит ўлтирар эди,
На тасалли берди, ва на насиҳат.
Чавандоз хўрсинар, тонг отар эди,
Энг сўнгги юлдузлар борарди ботиб.
Хотини шивирлар: “Ҳеч хафа бўлманг,
Сизга от оламиз уй-жойни сотиб!”
Шу шеърни яқингинада излаб топдим, қайта ўқидим. Ва дедим: шуни ёзгандан кейин умуман ёзмаса ҳам бўлар эди. Мутлақо бошқа ишнинг бошини тутиб кетаверса ҳам бўлар эди. Ҳайрат-у ҳасрат, дилни ғижимловчи ўйлар, муҳаббат, дунёнинг қизиқлиги, ҳисоби бузуқлиги, яшашнинг асл маънолари ва ҳакозо ҳамма нарсани топиш мумкин бу шеър матнида. Беихтиёр, “Шундай шоиримиз бор-а!” деб юборасан, одам. Ўша шоир ҳануз ёзаётир.
Қандай қилиб? Савол қалқийди яна. Бу шоир тирикликнинг юз буриб кетиш қийин бўлган матоҳларига парво қилмади. Ўзининг ёруғ ижодий оламига, азиз оиласига, покиза дўст-у ёрлари, шогирдлари қошига мард, ҳалол, хотиржам ҳолда ёрқин табассум билан қайта олди доим.
Шу сабаблидир у жуда ўктам. Шиддати, журъати шеърларидан тошиб турган шоир. Унинг ижодида аралаш шеър йўқ: бироз худбинлик, бироз тантилик, бироз севги, бироз хиёнат қоришиқ мавҳум сатр йўқ. Чунки бу нарсалар унинг зуваласида йўқ. Унинг шеърида олмон шоири Рилке гадо аёл қўлига таъзим билан гул тутаверади. Шу паллада дунёни калхатдай айланаётган Сталин-у Гитлерларнинг топганлари шу биргина қизил гул қошида ҳеч эканлигига қаттиқ ишонасиз. Бу шеър ўқирманга жуда катта куч беради.
Унинг шеъри бирор жойда чоп этилган бўлса-ю исм-шарифи тушиб қолган бўлса ҳам қийналмай таниб олиш мумкин. Унинг ҳар бир шеъридан овози эшитилиб туради. Бу яхлит таассуротни, кўникмани шеърхон қалбида уйғотиш учун шоир ўз ижодий қисматига содиқ, шеър йўлига – имон йўлига садоқатли бўлиши керак. Аксинча бири боғдан, бири тоғдан келган оҳанжама, пала-партиш тизмалар пайдо бўлади.
Усмон Азимнинг доим шаштли, таранг тортилган ёйдай шеърияти унинг ўзигагина ўхшайдиган сувратидир. Бошқасига алишиб, адаштириб бўлмайди. У сира зўриқиб ёзмайди. Мажбурий, ўгай сатрларга дуч келмайсиз унинг шеърида. Ҳаммаси, шакли-ю мазмундан қатъи назар, дарди етилиб, вақти келгач дунёга келган ижод маҳсулларидир. Яна бир нарсани эътироф этиш зарурки, бу шоирнинг тил масаласидаги ижодий ишлари. У сўзлар, сўз қўшимчалари, қўшма сўзларни таҳлил қилди, янгиларини кўп топди, унут бўлганларин қайтарди – кўшиш қўшди. Бу масала рости, тилшуносларимиз учун алоҳида бир тадқиқот.
Усмон аканинг ёши етмишни қоралаб қолган бўлса-да, сира аламзада бўлиб, кимни кўрса, пошшодан, жамиятдан, хуллас, ҳаммадан нолийдиган бўлиб қолмади. Шунақа бўлишиям мумкин-ку. Андиша ҳам, назокат ҳам уни тарк этмади. Ҳатто мақтаниши ҳам ўзига хос – боладай қувонади, тингловчининг ҳам қулфи дилини очиб юборади.
Бунга, буларнинг барисига қандай эришди у? Жавоб оддий ва лўнда: унинг доим назари тўқ бўлди! Ухлаганда оёқ қоқмай ухлайдиган даражада хотиржамликни берган мардлиги унинг қалбини асраб келди.
Бу жуда қийин иш! Бундай ҳаловатга етиш жуда оғир кечади.
“Ёмон одамнинг қалби афсус-надоматга тўла бўлади” деган экан Арасту. Усмон Азимни ўксиниб, ғамгин бўлиб турганини кўрмадим десам ҳам бўлади. Доим қарсиллаб туради у. Сохтакорликдан қанча узоқ бўлса, кулгуси ҳам шунчалар табиийдир.
Усмон Азим шеърияти ҳамиша от устида туриб, ориятини ҳимоя этаётган ёвқур суворийнинг шахд билан келишига ўхшайди.
Ўша тўқназарлик, ўша парҳез шоир қалбини яланғоч бўлиб асрайди. Яланғоч қалбни шеър фаришталари тарк этиб кетади. Тарк этгач сира ортига қайтмайди. Жалолиддин Румий: “Қалб ҳам вужуд каби яланғоч бўлиб қолиши мумкин. Унинг либоси тақводир”, деган. Шоир эса буни бошқача тарзда изҳор этган: “Кўнглингга айт, умрингга лойиқ иш топсин!” “Лойиқ иш”ни топиш заҳматидан қўрқмаслик ҳам одамга кўп азоблар, мураккабликлар келтиради. Кўнгилнинг кўнглига қараб яшаш кўп мушкул. У яна бир ўринда:
Албатта, тоғнинг ўзи айбдор,
Ким айтди унга баланд бўлсин деб,
дея битади ҳасратли табассум билан. Бу сатрлар ҳам бежиз эмас, бу сатрлар ҳам кўнгилнинг мактубларидирки, ундан мудом хабар олиш керак.
…Унинг исталган шеърини ўқиш мумкин. Барчасида некбинлик, жўмардлик, оташин шавқ ғолибдир. Унинг бироз ҳорғин, дардчил, ўйчил, кузги боғдаги сайрдай ҳазин сатрларида ҳам бир тамойил устувор. Бу – мардона бўлиб, енгилса-да, ҳалол бўлиб, синса-да, ғужур билан, айрилиққа учраса-да, номусига эга ҳолда, мустамлака бўлса-да, топталмай қолишдек шиддатни, журъатни топгани, ўзига, сўзига сингдирганидир…
* * *
Усмон ака ҳақида, катта, бетакрор шоир ҳақида, зўр носир ҳақида, зийрак драматург ҳақида, публитсист ҳақида бир гап очилиб, гурунг бошланганда ҳамма гапни айтиб ташлашнинг иложи йўқ. Масалан, унинг эсселари ўзи бир ижодкорга етадиган, бир неча тадқиқодларга арзирлик ишлар. Бошқалари ҳам шундай.
Гап шундаки, мен бир куни Усмон аканинг роса 25 йил аввал ўқиганим бир шеърини эслаб, қўмсаб, ўша шеърдаги бир сатрни сарлавҳага олиб нимадир ёзишни жуда истаётганимни ҳис қилдим. Дам олиш куни, чой ичиб ўтиргандим. Аммо иш столига етиб бориш жуда қийин нарса. Бу йўл оғир йўл. Бироқ дардинг зўр келгач у ерга қандай етганингни билмай қоласан. Бироқ бу дард бўғзингга етгунича вақт керак экан. Вақт ўтди ҳам. Бир пайт ёнимизда, бир шаҳарда яшаб турган бу шоирни жуда кўргим, ҳеч бўлмаса сим қоқиб бир нарсалар ҳақида гаплашгим келди. Телефонни қўлимга олдим. Рақамини ҳам тердим. Аммо чақирув кетмасдан ўчирдим. Соат кечки 12 экан. Бирон нарса қоралаш истаги чошгоҳда келган бўлса, мен эса телефонни кечки соат 12 да қўлимга олдим. Шу ҳолда кун ўтиб кетибди-да, демак. Тавба. Лабим тинмай пичирлаб бир сатрни айтаверди: Тоғ бошига қор тушибди, қор…
Бу қор мени 25 йилки сеҳрлаган. Собир Ядиков ҳам пешонаси ярқираган одам. Шу шеърни шоир унга бағишлаган.
Алқисса, мен столдан бош кўтариб деразадан қараганимда Паркент тоғларида қорни кўрдим. Биринчи қорлар бўлса керак. Очиғи, тоғлардан кўз узолмай қолдим. Сиз юқорида ўқиган, мен ҳали нималигини билмай турган битикларимнинг тотли чарчоғининг номи ҳам шу кўзим кўраётган тоғлардагидек қорларга қоришиқ эдики, ҳаяжон келди. Худойим менга бу манзарани инъом қилганига инондим жуда. Енгил бўлиб қолгандим. Орадан бир тун ўтиб кетган. Бу тунда мен Усмон Азим деган тизманинг бир-икки жилғасига айланиб келдим. Фалак эса соғинчли қорини тоғларга ташлаб ўтибди. Худога шукр! Бор бўлсин, соғинч! Ўлмасин шоирлар!
* * *
Собир Ядиковга!
Деразанинг пардасин суриб,
Тонгда боқдим уфққа бекор…
Мен билмабман бепарво юриб,
Тоғ бошига қор тушибди, қор.
Деразадан тоғларга қадар
Узунлиги ҳаётимча йўл.
Бир даранинг устида каптар,
Чарх уради – қанотлари ҳўл.
Ярақлайди қишли, қуёшли,
Нур ва қорга беланган олам –
Унда мени жим соғинади
Кўзёшлари тугаган онам.
Деразадан бери – тўрт девор,
Тўртови ҳам доно, файласуф:
“Курашавер! Фақат олға бор!..”
Улар менга таълим берар… уф!
“Тўғри” дейман… аммо бир ларза
Қалбда портлар – кўздан оқар ёш…
Юрагимда соғинч ҳар лаҳза –
Улканлашиб боргувчи қуёш.
…Хайр, тоғлар, иш вақти етди,
Иш!.. бормасам тўхтайди замон.
Бағрингизда кўримсиз, митти
Тепа бўлиб қоламан қачон?
«Ёшлик» журнали, 2020 йил, 5-6-сон