Шавкат Каримов. Эрта сўнган юлдуз шуъласи

(Вольфганг Борхерт ҳаёти ва ижодига чизгилар)

Урушдан кейинги олмон адабиётининг энг ёрқин ва иқтидорли намояндаларидан бири Вольфганг Борхертдир. У қисқа умри мобайнида (26 ёшида вафот этган) ўша даврга, урушга бўлган нафратини ёрқин чизгиларда кўрсата олган, антифашистик, инсонпарварлик позициясида собит тура билган ижодкор сифатида эътироф этилади.

1921 йилнинг 20 майида Ҳамбург шаҳрида дунёга келган Вольфгангнинг отаси ўқитувчи, онаси ёзувчи бўлганлигидан оилада доим ижодий муҳит ҳукм сурган. Бўлажак ёзувчи Ҳамбург шаҳрида мактабни тамомлагач, отасининг маслаҳатига кўра, китоб савдоси билим юртида таҳсил олади. Шу билан бирга уйдагилардан яширинча театр билим юртини тугаллаб, бир муддат Люнебург театрида актёрлик ҳам қилади.

1941 йилнинг май ойида Борхерт армия сафига чақирилади, уни Шарқий фронтга урушга жўнатмоқчи эдилар. Ўз ҳаётини санъат ва адабиётга бағишламоқчи бўлган В.Борхерт руҳиятига бу янгилик қаттиқ таъсир қилади, аммо, барибир, ҳукмрон мафкура ва уруш гирдоби қалбдаги пинҳон орзуларни амалга оширишга имкон бермас, мавжуд сиёсат оқимига қарши сузиб бўлмас эди. Ва қирғинбаротда қатнашмаслик йигирма ёшдаги ижодкор йигит қалтис йўл тутади, яъни бармоғига ўқ узиб, бошлиқларига гўё рус солдати билан олишувда милтиқ отилиб кетиб, шу аҳволга тушганини айтади. Аммо Вольфгангнинг сири фош бўлади ва раҳбарият уни ўзига қасддан зиён етказишда айблаб, Нюренберг турмасига жўнатади.

Суд жараёни бир кишилик камерадаги уч ойлик авахтадан сўнггина бошланади. Ҳарбий прокурор ўлим жазоси сўрайди, аммо суд раҳм-шафқат қилади, ўз айбини қон билан ювиш учун уни Шарқий фронтга юборади.

1943 йилда Вольфганг Борхерт чақув туфайли иккинчи бор қамоққа олинади. Ижодкор тўққиз ой Берлин шаҳрида жойлашган Маобит турмасининг рутубат тўла аччиқ ва зах ҳавосидан нафас олишга мажбур бўлади. Натижада оғир жигар хасталигига йўлиқади. Суд 1944 йил августда уни яна фронтга  жўнатади.

1945 йил бошларида адиб француз аскарларига асир тушади, кейин америкаликларга топширилади. Тинка-мадори қуриган шоир узоқ ва машаққатли йўл босиб, ниҳоят 1945 йилнинг май ойида она шаҳри Ҳамбургга қайтади. Бу шаҳарда Борхерт ўзи ёқтирган касб – актёрлик билан машғул бўлишни хоҳлайди. Ҳатто Г.Э.Лессингнинг “Донишманд Натан” асарини саҳналаштиришда режиссёр ассистенти лавозимига таклиф ҳам қилинади. Аммо турмада орттирилган касаллик туфайли 1945 йил кузида тўшакка михланиб қолади.

Тушкунликка тушиб, қўл силтаб қўйиш Борхерт табиатига ёт эди. Тўшакда ётаркан, ёзишдан, ижод қилишдан тўхтамади. У болаликдан шеър ёзар, илк машқларида Хёлдерлин ва Рилке таъсирини сезиш қийин эмасди. 17 ёшидаёқ экспрессионизм услубида шеърлар ёзган Вольфгангнинг ўз оҳанги, ўзига хос қобилияти бир қарашда кўзга ташланмас эди. Ижодкор суронли уруш йиллари ҳам ижоддан тўхтамади — жанг майдонларида ёзган асарларини уйига юборар эди. Урушдан қайтгач эса мазкур асарларни тўлдириб, янада мукаммаллаштирди.

В.Борхерт урушдан кейин икки йилгина яшади, аммо унинг асарлари ҳозиргача олмон адабиётининг сара намуналари ҳисобланади. Борхерт бошидан ўтган саргузаштлар, уруш таассуротлари ва турфа изтиробларни сўзга солиб, ХХ аср олмон адабиётида ўз авлоди бадиий қиёфасини акс эттирди. Хайнрих Бёлл бу ҳақида “У ўлим билан беллашувда ғолиб чиқиш илинжи билан ижод қилган”, деб ёзган эди. Қисқа муддат ичида битилган шеър ва насрий асарлари адибга катта шуҳрат келтирди. 1946 йилда унинг кейинги беш йиллик ижоди “Чироқ, тун ва юлдузлар” номи билан чоп этилади.

Борхертнинг такрорланмас ижодий муҳри яққол кўриниб турадиган ҳажман қисқа, мазмунан кенг қамровли ҳикояларида сюжет, персонажлар хронотоп нуқтаи назаридан чегараланган. Воқеалар, асосан, уруш ва урушдан кейинги оғир кунларда, қамоқхонада, қаҳратон қишда ва зиддиятларга бой, аммо қадрдон Ҳамбург шаҳрида содир бўлади.

Вольфганг Борхерт — қисмат кулиб боқмаганларнинг адиби. Унинг қаҳрамонлари эркка, яшашга ва бахтга ташна одамлар. Ижодкор асарларида фожиали тақдирлар, омадсизлик, турли бахтсизликлар сабаб ўз келажагини йўқотган минглаб инсонлар қисматини бадиий акс эттиради. Унинг устози — ҳаётнинг ўзи эди. “Агар қамоққа тушмаганимда “Момоқаймоқ”ни ёза олмаган бўлар эдим”, деган эди ёзувчи ўзининг илк ҳикояси ҳақида. “Момоқаймоқ” бир кунда, 1946 йил 27 январида ёзиб тугалланган.

Унинг иккинчи “Шу сешанбада” номли тўплами 1947 йилнинг ноябрида, адиб вафотидан сўнг дунё юзини кўрган.

В. Борхерт асарларида қўлланган шафқатсиз пародия, композицион кўчимлар, антитеза, парадокс, гротеск, кишини ҳайратга солувчи неологизмлар ва бошқа ифода воситалари тилнинг ширали, асарнинг ўқишли бўлишини таъминловчи омиллардир.

Нюренберг, Берлин қамоқларида ижодкор чеккан азоблар у ёки бу тарзда унинг шеърияти, насри ва драматургиясида акс этган. Эл назаридан қолган одамлар, танҳолик, дўстлик ва ўлим турли кўринишларда гавдалантирилган мазкур асарларда бор гўзалликлар — дарё узра қанот қоқаётган балиқчи қушлар, туман ичра ялтираётган чироқлар – барчаси одамларга тегишли бўлмоғи лозим деган бадиий ғоя илгари сурилади.

В.Борхерт ҳикояларини жозибали қилувчи хусусият ўзига хос тарзда такрорланиб турувчи мотивлар, доимий хавф-хатар, қувғин ва мусибат, дарбадарлик, киндик қони тўкилган гўшани қўмсаш каби туйғуларнинг самимий тасвиридир. Ҳикоя қаҳрамонлари учун тинч-осойишта муҳитда яшаш қўл етмас орзу, ўзлари туғилиб-ўсган масканга қайтиб бориш эса чексиз армон тарзида кўрсатилади. Туғилган уй ҳар бир кишининг интилиб яшайдиган, йўқотилган жаннати деб ҳисоблайди адиб.

Борхерт асарлари поэтикасини баённинг лўндалиги ва ассоциатив – оҳангдош эмаслиги таъминлаган (“Май ойида каккулар кукулаганда” ҳикояси)[1] . Борхерт асарларида такрор доимий услубий восита ҳисобланади. Бу, биринчидан, ҳамбургликларнинг сўзамоллигини кўрсатса, иккинчидан, ҳиссиётларнинг қизғинлигини ҳам гавдалантиради.

Борхерт одамларнинг ўзаро бир-бирларидан қалбан узоқлашиб кетаётганидан ташвишга тушади ва ўз тенгқурларини “оқибатсиз авлод” дея атайди.

Борхертнинг кўплаб ҳикояларини шафқатсиз реализм услубида яратилган ҳикоялар дейиш мумкин, чунки уларда уруш ва урушдан кейинги ҳаётнинг аччиқ ҳақиқати рўй-рост кўрсатилган. Аммо ёзувчи дунёда нафақат шафқатсизлик, айни пайтда яхшилик, эзгулик уруғлари одамлар қонида борлиги ва инсониятни фақатгина тинчлик тараққиёт йўлига олиб чиқишини таъкидлайди. Энг асосийси, ҳикоя қаҳрамонлари энг оғир шароитларда ҳам инсон эканликларини унутмайдилар. Адибнинг “Нон”, “Рождеcтво совғалари” каби ҳикоялари ҳам худди шундай шафқатсиз, айни пайтда ривоят жанрига хос фалсафий ва кўп маъно касб этади.

Ҳаётининг сўнгги йилида Борхерт урушни кимлар нима учун ва қай тарзда ўйлаб чиқишлари устида кўп бош қотиради. У бу саволларга ўзи кашф этган алоҳида жанр – “хрестоматик ҳикоялар” орқали жавоб бермоқчи бўлади. Бундай ном урушнинг сабаблари барчага аён бўлгандагина унинг олдини олиш мумкинлигига ишора қилади.

1947 йил январида саккиз кун ичида ҳаёт ва хаёл қоришиқ тасвирланган “Эшик ортида” номли пьеса яратади. Фантастик унсурларга бой пьеса қаҳрамони – уруш қатнашчиси Бекман. Ёши йигирма бешда, шундан олти йилини уруш талотўпларида ўтказган. Унинг бир ёшли ўғли бомбардимон пайтида ҳалок бўлган, хотини эса ўзгага турмушга чиқиб кетган. Бекманнинг ота-онаси жонларига қасд қилиб оламдан ўтган. Уйи­га бетайин фрау Крамер деган аёл сурбетларча жойлашиб олган. Оёғи ногирон, кўзлари ҳам хиралашган Бекман урушда бўлган инсонларга хос кайфиятда лоқайд, дунёга шубҳа ва саволлар билан қаровчи пессимист шахс. Фақат “Бу кўргиликларга ким жавобгар?” деган сўроққина уни безовталантиради. Худди мана шу савол Борхерт ижодининг лейтмотивини ташкил этади. Ёзувчининг ўзи мансуб бўлган замондошлари феъл-атвори асарлардаги безовта, саргардон қаҳрамонларда мужассамлашган. Бекман ўтмишдан, уруш даҳшатларидан ҳеч қачон халос бўла олмайди. У тинч, фаровон жамиятга сингиб кетолмайди, нимадир уни таъқиб қилиб, фикру зикри, ботини-ю зоҳирига дахл қилаётгандек туюлаверади. Келажак унинг учун мавҳум, қоронғи, ўтмиш эса фожиаларга тўла. Унга қайтишнинг ўзи даҳшат.

Гротекс усулида яратилган бу асар сюжети такрор ва антитеза каби тасвирий воситалардан таркиб топган. Драма бир қаҳрамон (актёр) театри, чунки барча персонажлар бош қаҳрамон ғоясини очишга йўналтирилган. Асар мағзини айбдорлик ҳисси ташкил этади. Бу ҳиссиёт ўзига тўқ, ҳаётда ўрнини топган катта авлод вакилларини ҳеч қачон ташвишлантирмайди. Аксинча, бу изтироблар уруш иштирокчилари бўлмиш ёш авлодни кўпроқ изтиробга солади, у ўзининг “Эшик ортида” қолганлигидан эзилади[2] . Пьесанинг номи рамзийлик касб этган. Ёзувчи ортга қайтмас ёшлик, тузалмас қалб жароҳатлари, маънисиз қурбонликлар учун жавоб беришни қаҳрамони номидан талаб қилади.

Асарини: “Эшик ортида” ҳеч қайси театр саҳналаштиришни хоҳламайдиган ва ҳеч қандай томошабин кўришни истамайдиган пьеса” деган илова билан якунлаган В.Борхерт янглишган эди. Уни 1947 йил февралида радиода эшитган тингловчилар муаллифни миннатдорлик мактубларига кўмиб ташлашади. Бу пайтда Борхертнинг саломатлиги тобора ёмонлашаётган эди. 1947 йил сентябрда дўстлари кўмагида Базелдаги (Швейцария) католиклар госпиталида даволанади. Таассуфки, саккиз ҳафталик муолажа ёзувчини оёққа турғиза олмади. Сўнгги кунларини яқинларидан айрилиқда ўтказган Борхерт 1947 йил 20 ноябрда шифохонада оламдан ўтди. Қисматнинг ўйинини қарангки, эртаси куни — 21 ноябрда Ҳамбургда “Эшик ортида” пьесасининг премьераси бўлиб ўтади, аммо муаллифга бу олқиш ва эътирофларни кўриш насиб этмади. Шунингдек, у ҳикояларининг кўп ададли нашрларда эълон қилинганлигини ҳам кўролмади. Борхерт тириклигида унинг саноқли асарлари дунё юзини кўрган бўлса, вафотидан сўнг Ҳамбургда икки жилдли ижод намуналари чоп этилди. Ўлимидан бир неча кун олдин у ўзининг сўнгги адабий матни — васиятини ёзиб қолдирди. Васиятнома даъват руҳида эди: “Урушга “Йўқ!” де, ҳаётни ҳимоя қил”.

В.Борхертнинг бутун ижодини “Уруш ҳақидаги исёнсиз сукунатга қарши портлаш” тарзида баҳолаш ўринлидир. У олмон адабиётининг уруш мавзусини, унинг дарду алами, асоратларини кичик асарларга жойлай олган етакчи адиби эди. Борхерт ҳеч қачон адабий намуналарга эргашиш, улардан андоза олишга интилмади. Унинг шахсий адабий тажрибаси асосида ҳаётдан ўрганганлари, тенгқурлари бошига тушган даҳшатлардан чиқарган сабоқлари ётади. Адиб ўзидан кейингиларга ушбу мавзуни кенгайтириш учун сўқмоқ очиб берди. Хайнрих Бёллнинг “Адам, қаерда эдинг?” (1951), Вольфганг Кенпеннинг “Эгасиз уй” (1954), Зигфрид Ленцнинг “Немисча сабоқ” (1968) асарлари фикримиз далилидир.

Хулоса қилиб айтганда, Вольфганг Борхерт ижоди ХХ аср олмон адабиётининг ривожида муҳим аҳамият касб этади. У асарларида тасвирлаган, бир умр интилиб яшаган ҳақиқат адабиётнинг бош аъмоли бўлиб келмоқда.

“Жаҳон адабиёти”, 2016 йил, 11-сон

________________

[1] W-Borchert. Gesammtwerk. Hamburg. Rowohlt-Verlag. 1994. S. 241.

[2] Kindlers Neues Literaturlexikon in 20 Bänden. Bn 2. München Kindlers Verlag. 1991. S. 928.