Ўзга халқлар маданий меросидан ўз жамияти ривожи учун зарур томонларни танлашда миллий адабиётнинг етуклиги катта аҳамият касб этади. “Ҳақиқий миллий адабиёт фақат бошқа халқлар адабиётлари билан самарали ўзаро алоқага киришгандагина тузилиши ва шаклланиши мумкин” (И.Р.Бехер). Шу боис, ҳар бир миллий адабиёт ўз тараққиёти жараёнида ўзга халқлар адабиётлари билан алоқада бўлиб, уларнинг тажрибасини ўрганиб, ўз миллий анъаналарига муқояса қилиб бойийди ва камолот босқичлари томон одимлайди.
Ўзбек адабиётининг халқаро алоқаларини ривожлантиришда миллат ва адабиёт фидойиси Абдулла Қаҳҳордек забардаст сўз санъаткорларининг истеъдод ва қобилияти катта кўмак берганлиги адабиёт ва адабиётшунослик тарихидан маълум.
Абдулла Қаҳҳорнинг жаҳон адабиётидан ўгирган таржималарини таъкидлаганимизда ҳам у адабиётимиз тарихида маҳоратли таржимон сифатида фахрли ўринга эга бўлар эди.
ХХ асрнинг биринчи ярмида жаҳон адабиётидан Абдулла Қаҳҳордек биринчи авлодга мансуб ижодкорлар томонидан қилинган таржималар, ўзга халқлар маданияти, анъаналари бадиий маҳорати билан ўзбек адабиёти ривожига самарали таъсир кўрсатганлиги адабиётимиз тарихида алоҳида қайд этилган. Ўзбек китобхони А.С.Пушкин, Л.Толстой, А.П.Чеховни буюк сўз сеҳргарлари сифатида таниган бўлса, бунга Абдулла Қаҳҳор ва кўплаб таржимонларимиз ҳиссаси беқиёс.
И.Боролинанинг хотирлашича, Абдулла Қаҳҳор ўтган асрнинг 50-йилларида Кибриёхоним билан “Уруш ва тинчлик”ни таржима қилишга киришган пайтларда Толстой қаҳрамонлари билан бақамти яшаш ниятида Москвадаги Арбат кўчасида яшайдиган танишларининг уйида турган ва роман қаҳрамонлари руҳиятига киришга интилган.
Абдулла Қаҳҳор ўзга халқ адабиётида воқеа бўлишга улгурган умрбоқий асар нуфузига сазовор бўлган қисса, роман ёки ҳикояни таржимада ўртамиёна асар ҳолига тушмаслиги учун курашар ва бошқа ҳамкасбларидан ҳам буни қатъий талаб қилар эди. Айни пайтда ўз асарларининг бошқа тилларда аслиятдаги даражасини сақлаб қолишни таржима мезони деб қарашларини уқтирар эди.
Абдулла Қаҳҳор асарлари сўзларининг мағзи бутунлиги, ортиқчалик ва бежамадан холилиги боис, уларни бошқа тилга ўгириш таржимонга мушкуллик туғдириши табиий ҳол эди. Бир гал ҳикояси таржимада қарийб икки ҳисса кўпайиб кетганини кўриб, таржимонни койиб берганлигини ёзишган. Шунда таржимон адибга эътироз билдириб:
– Тўғри, сиз ажойиб ҳикоя ёзгансиз. Лекин таржима қилган одам уни жиндек бўлса ҳам кенгайтиргиси, жиндек унга қўшиб қўйгиси келаверади. Бундай ҳолида эса у ўта сиқиқ, ҳаво етишмаётгандек… – деган эди.
Қаҳҳор барибир кўнмасдан:
– Майли, ёмонлигича, аммо-лекин меники бўлиб қолсин. Мен ёзган нарсани “яхшилашингиз” шарт эмас, – деган.
Ёки бошқа бир мисол. Абдулла Қаҳҳорнинг ўша пайтларда “Шоҳи сўзана” комедиясини Москванинг машҳур “Моссовет” театри “Янги ерда” номи билан қўймоқчи бўлганида, муаллиф эътироз билдиради. Бу ном Қаҳҳорга жўнроқ, публицистик номдек туюлади. Унинг устига миллий бўёқ, миллий руҳ йўқолиши мумкин. Абдулла Қаҳҳорнинг сўзида туриб олиши натижасида асар “Шоҳи сўзана” номи билан намойиш этилади.
Турли миллат вакиллари бўлган ижодкорларнинг ўзаро дўстлиги нафақат уларнинг ўзларига, балки улар мансуб бўлган адабиётларга ҳам наф келтириши табиийдир.
Абдулла Қаҳҳор ва Константин Симоновларнинг дўстона алоқалари ибратли ва манфаатли адабий ҳамкорлик намунасидир. Устоз адиб Одил Ёқубовнинг хотирлашича, К.Симонов 1959 йил кузагида Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” қиссасининг таглама (сўзма-сўз) таржимасини ўқиб чиққан, қисса унга маъқул бўлганидан сўнг таржима қилишга киришган экан.
Қаҳҳор замондошлари ўша йиллари К.Симоновни кўп бора Абдулла ака хонадонида бўлганини эслашади. К.Симонов Абдулла Қаҳҳор қиссасининг ҳар бир жумласига, сўзига эҳтиёткорлик билан ёндошиб, муаллиф фикрига диққат билан қулоқ солиб, ҳар бир жумла маъносига чуқур кириб боришдан ташқари, унинг нимага шаъма қилаётганини, ёзувчининг ўзига хос юморини илғаб олишга ва аниқ беришга ҳаракат қилган. Русчага қилинган яхши таржима туфайли “Синчалак” кўпгина хорижий тилларга ўгирилди. Воситачи тилдан “Синчалак” таржимон Э.Брюмлер томонидан немисчага ўгирилди. Табиийки, К.Симонов эришган ютуқлар ва йўл қўйган қусурлар немисча таржимада ҳам ўз ифодасини топган.
Абдулла Қаҳҳор асарларини ўзбек миллий турмуш тарзининг бадиий энциклопедияси дейиш мумкин. Бир сўз билан нишонга тегадиган деталлар, имо-ишора орқали ўзбекларга хос турмуш тарзини ифодалаш Абдулла Қаҳҳорга хос. Ўзбек ҳаёти ва турмуш тарзини билмайдиган таржимон буни таржимада ифодалай олмаслиги аниқ. Натижада, асарнинг бадиий ўзига хослиги йўқолади. Шу боис, у ёки бу миллий адабиётга дахлдор асарни таржима қилишдан олдин ўша халқ ҳаётини яхши ўрганиш мақсадга мувофиқ.
Абдулла Қаҳҳор асарларида халқона ибораларни бадиий қайта ишлаш ҳоллари тез-тез учраб туради. Натижада, фразеологизм маъноси янгиланади, иборалар таркибидаги ифода ўзгаради, жозибадорлик касб этади. Айни замонда, сиқиқлиги ва ифодалилиги халқона бирликларга яқин янги иборалар пайдо бўлади. Ўзбекча, русча ва немисча ибораларни муқояса қилганимизда ҳар учала тилда ҳам табиий жаранглаган ибораларга гувоҳ бўламиз.
Айрим мисолларга мурожаат қиламиз. “Афлотуннинг қизи бўлсангиз ҳам гапни тонналаб олинг-у, граммлаб сотинг” (“Синчалак”, 30-бет). “Даже мудрецам советуют покупать слова пудами, а продавать золотинками” (“Птичка-невеличка”, 42), “Auch dem Weizen rat man die Worte pfundweise eunkaufen, aber grammveise zu verkaufen” (Sekräter Saida, 41). “Тўғри, жуда тўғри: игна билан битадиган ишга жуволдиз тиқиб ўтирмасаг-у, сизнинг ўрнингизга ўша одамларимиздан бирини киргизсак” (“Синчалак”, 41-бет). “Вот и мне кажется, что нечего лезть с шилом туда, где может и иголка справиться!” (“Птичка-невеличка”, 58). “…daβ man die Ahle nicht dort aussetzen soll, Wo die Nadel genugt!” ((Sekräter Saida, 65). “Афлотуннинг қизи”, “гапни тонналаб ол, граммлаб сот”, “игна билан битадиган ишга жуволдиз тиқма” каби фразеологик бирликлар ҳар икки тилда ҳам аслиятдагидек ўгирилган. Оригиналлик ва ифоданинг табиийлиги сақлангани муаллиф индивидуал услубини ифодалашда муҳимдир.
Ҳар икки таржимада ҳам сўзма-сўз таржима усулига таржимонлар тез-тез ва муваффақиятли равишда мурожаат этганлар. Қиссада Меҳри Саида ҳузурига келиб, ўзининг Зулфиқоров билан муносабатлари ҳақида алам билан сўзлайди:
– Мен бу итга қанақа қилиб иккинчи хотин бўлиб қолганимни ўзим ҳам билмайман, – деди Меҳри ўпкасини тутолмай. Саида унинг силлиқ қилиб таралган ва йилтиллаб турган сочига, ўз аҳволини идрок этиб, мусибатдан бирпасда сўлиган чўтирроқ, тўла юзига қаради ва ўзича гапиргандай, ўйчан:
– Ит очиқ қолган қозонни ялайди, – деди (“Синчалак”, 71-бет).
Бу парчада “ит” сўзи билан боғлиқ сўз ўйинини ўқувчи сезмаслиги мумкин эмас. Меҳри беписандлик билан Зулфиқоровни ит деб атайди. Саида унга жавобан “Ит очиқ қолган қозонни ялайди”, – деб жавоб қайтаради.
Мазкур ибора ҳам рус ва немис тилларига сўзма-сўз таржима қилинган. Лекин катта маъновий юк, образлилик ва лўндалик сақлаб қолинган.
Йиллар ўтиб, таржимонларда Абдулла Қаҳҳор ижоди билан хорижий китобхонларни кенгроқ таништириш истаги пайдо бўлганлиги унинг асарлари барча даврларда ҳам ўз долзарблигини йўқотмаганлигидан далолатдир. Ёш мутаржим Ойбек Остонов немис шоири Хайнц Эрхарднинг “Яна бир шеър…” китобининг таржимаси орқали машаққатли таржима амалиёти азиятларини ўзида синаб кўрди. Сўнгра Шарқ донишмандлиги ривоятларини тўплаб, “Буюк ипак йўли ҳикоятлари” номи билан немисчага ўгириб, немис ўқувчилари эътиборига тушди. Бу рағбат унга Абдулла Қаҳҳорнинг йигирмата ҳикоясини саралаб, немис тилига ўгириш журъатини берди. Натижада “Der Granatapfel” (“Анор”) дунё юзини кўрди. Таржимашуносликда ўз тилидан ўзга тилга ўгириш ҳамма вақт ҳам ижобий натижа беравермаслигини таъкидлайдилар. Дарҳақиқат, таржимада фақат тил билиш кифоя қилмайди, уни ҳис қилиш, ўша тилда яшаш, дунёни ўз тилингда идрок этиш даражасида фаҳмлаш зарур.
Ойбек Остоновнинг ўзбекчадан немисчага таржима қилиш майли ва хоҳишини оқлайдиган жиҳатлар бор. Биринчидан, ўзбекларнинг халқчил, забардаст адиби асарларини немисларга таништириш истагининг кучлилиги бўлса, иккинчидан, Абдулла Қаҳҳор ҳикоялари орқали халқнинг феъл-атвори, урф-одати, менталитетини намоён этиш имкониятининг кенглигида. Учинчидан, таржима жараёнида Ойбек Х.Биркли, Г.Фрич, Д.Клен, Ю.Варлес каби немис мутахассислар билан бақамти ишлагани, шунингдек, ўзбек германист филолог-таржимонлар Ҳ.Қўчқорова, Я.Эгамоваларнинг холис маслаҳатларидан самарали фойдаланишга интилгани Абдулла Қаҳҳор аслиятига яқин матнларни яратиш имкониятини берганлигини ҳам айтиб ўтиш жоиз.
Ўзбек нашриётида, ўзбек таржимони томонидан ўгирилган асар немис ўқувчисини топармикан, деган савол туғилиши табиий.
Шу ўринда таржимон Ойбек Остоновнинг мамлакатимизда равнақ топиб бораётган сайёҳлик саноатига дахлдорлигини айтиб ўтиш ўринли. У Германия, Австрия, Швейцария, Люксембург, Лихтенштейн каби немис тилли мамлакатлардан келган сайёҳларга юртимиз осори атиқалари, диққатга сазовор тарихий, меъморий ва маданий ёдгорликларини кўрсатади, улар ҳақида сўзлаб, меҳмонларни мамлакатимиз ҳақида кўп ва хўб манбалар билан ошно қилади. Сайёҳлар олимлар, шоирлар, санъат аҳллари қадамжоларини зиёрат қилганларида таржима қилинган асарлар қўл келади.
Европа туризм саноати тажрибасида машҳур шахслар номлари билан боғлиқ жойлардан сайёҳлар қадами узилмайди. В.Моцарт, И.Бах, С.Бетховен, Й.Гёте, Ф.Шиллер, Х.Хессе, М.Лютер ва бошқаларнинг қадамжолари чинакам зиёратгоҳга айланган. Австрияда саккиз миллион аҳоли истиқомат қилади, аммо ҳар йили ўн саккиз миллиондан зиёд сайёҳга хизмат кўрсатилади. Бу табиийки, мамлакат даромадининг катта улуши сайёҳликдан тушади, дегани.
– Қирғизистонда “Чингиз Айтматов манзиллари бўйлаб” туристик йўналиши мавжуд, – дейди таржимон Ойбек Остонов. – Шу маънода машҳур адибларимиз асарлари орқали дунё аҳлини юртимиз ва унинг одамлари билан таништириш иштиёқи боис мен ҳам Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом, Ўткир Ҳошимов асарларини, Шарқ ривоятларини немисчага ўгиришга қарор қилдим. Германия туризм саноатида ишлайдиган ҳамкасбларим билан ҳамкорликда Германиянинг ўн тўртта катта-кичик шаҳарларида китоб тақдимотларини ўтказдик. Натижа кутилганидан зиёда бўлди. Тадбирларимизда мингдан зиёд мухлислар қатнашди. Немисчага ўгирилган китоблар билан бир қаторда йиғилганларда Ўзбекистон билан танишиш истаги ҳам пайдо бўлганлиги таҳсинга лойиқдир.
Ўзбек тилининг кўрки – нафосатини, ширадорлигини, миллий ўзига хослигини ўзида мужассамлантирган ҳикояларни аслиятдагидек ўгириш улкан билим, тажриба ва малака талаб қилишини Ойбек Остонов яхши билади, таржимани меъёрига етказиш бўйича ижодий ишлар давом этаётганини назарда тутсак, қилинган ишлар хамир учидан патир эканлиги аён бўлади.
Абдулла Қаҳҳор асарларининг турли минтақаларда севиб ўқилишининг боиси, ёзувчининг ўз ибораси билан айтганда “халқнинг тили учида” турган гапларни айтганлиги ва умумбашарий муаммоларни кўтарганлигидадир.
Абдулла Қаҳҳорнинг “Шоҳи сўзана” комедияси инглиз, испан, немис, поляк, француз, юнон, вьетнам тилларига таржима қилинган. Абдулла Қаҳҳорнинг Ослода норвег тилида “Ҳикмат бобо”, Стокгольмда швед тилида “Анор”, чех тилида “Даҳшат”, поляк тилида “Адабиёт муаллими” асарлари эълон қилинган.
“Синчалак” қиссаси Р.Тренков таржимасида болгар тилида “Птичка-мничка” номи билан, Тху Хи Онг таржимасида вьетнам тилида, Эдемтрауд Брюммер таржимасида икки марта немис тилида, “Саида” номи билан румин тилида чоп этилган.
Абдулла Қаҳҳор асарлари хусусида германиялик ёзувчилар, танқидчилар газета ва журналлар саҳифаларида, илмий рисолалар, оммавий китобларда ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирганлар, адиб асарлари фазилатларини юксак баҳолаганлар. “Дие литературен дер Фёлкер дер Зовйетунион” (Лейпциг, 1967) тўпламида адабиётшунос Герхард Дудекнинг ўзбек адиби ҳақидаги фикрлари эътиборлидир: “Қўқонлик чилангар ўғли Абдулла Қаҳҳорнинг отаси билан Фарғона қишлоқларини кезганлиги унинг кейинчалик ёзган асарларида ҳаққоний ифодасини топди. Абдулла Қаҳҳорнинг ижоди кўп қиррали: у моҳир сатирик, йирик прозаик, атоқли драматург, рус ҳамда жаҳон адабиётининг моҳир таржимони”, – деб таништиради. Абдулла Қаҳҳорнинг сиқиқ, лекин мавзу муҳимлиги билан ўқувчиларга манзур новеллалари кўпгина мамлакатларда севилиб ўқилаётганлигини ёзиб: “Қозоқ Мухтор Авезов, ўзбек Абдулла Қаҳҳор, туркман Берди Кербобоев ва қирғиз Чингиз Айтматов халқаро миқёсда эътироф этилган, кўпгина халқларнинг ҳурматига сазовор бўлган санъаткорлардир”, – деб баҳолайди “Дие мултинационале Карактер дер Литератур” (Берлин, 1969) деб номланган тўпламда.
“Моҳир ҳикоянавис сифатида эътибор қозонган Абдулла Қаҳҳор адабиётнинг вазифасини тўғри ва чуқур тушунади. Унинг бу жанрга тез-тез мурожаат этганлигининг боиси давр ҳодисаларига муносабат билдиришда эпик жанрларга нисбатан кичик жанрларнинг оперативлик билан фарқланишидир. Ҳаётнинг тезкор одимига ҳамқадам бўлиш, турмушда шаклланиб бораётган янгилик куртакларини илғаш ва ифодалаш ҳикоя учун характерлидир. Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикояга мурожаат этишининг яна бир сабабини адибнинг ижодига хос принцип – ихчамликка интилиш тенденцияси билан изоҳлаш ўринли бўлар. Лекин ихчамликка интилиш майли, бадиий ифоданинг қашшоқлигини билдирмайди, албатта. Актуалликка, конкретликка мойиллик жамият ҳаёти ва тараққиётидаги типикликни бош масала қилиб кўрсатишга монелик кўрсатмайди, у, аксинча, маҳоратни намоён этадиган бир воситадир” – деб тўғри муносабат билдирилган мазкур асарда.
Германиялик адабиётшуносларнинг холис баҳоси адабиётимиз билан таниш, жаҳон маданияти тақдирига алоқадор мутахассисларнинг нуқтаи назари ҳамдир.
“Шарқ юлдузи” журнали, 2015 йил, 4-сон
Шавкат Каримов 1940 йилда туғилган. Тошкент давлат чет тиллари институти (ҳозирги ЎзДЖТУ) немис филолигияси факультетини тамомлаган. Республика ва хорижий нашрларда юздан ортиқ мақолалари эълон қилинган. “Диллардан дилларга”, “Тилшуносликка кириш”, немис тилига ихтисослашган академик лицейлар учун “Немис тили”, “Немисча-ўзбекча луғат”, “Ўзбекча-немисча луғат”, “Немис адабиёти тарихи” каби ўндан ортиқ китоб, монография, қўлланмалари чоп этилган.