Шаҳноза Назарова. Пастернак йўли

Биз уни эшитмаганмиз, у ҳақида эшитганмиз. У шеърларни қандай оҳангда ўқиган, унинг оҳангида давр ва ижодкор руҳ овози қандай эди? Пастернакнинг 1989 йили Москвада нашр этилган (“Художественная литература”) беш жилдли асарларини варақлайман. Биринчи жилд саҳифаларида 20–40 ёш оралиғида яратилган шеърлар, поэмалар ловуллаб туради. Иккинчи жилддан 40–70 ёш ўрталигидаги тиниқ тортган туйғуларга тўла шеърлар, таржималар ўрин олган. У кимларни таржима қилди экан? Собиқ тузум умумшеъриятидан Н.Бараташвили, В.Пшавела, А.Церетели, Т.Табидзе, П.Яшвили, К.Каладзе, Т.Шевченко; Ғарбий Европа шеъриятидан У.Шекспир, Ж.Байрон, Ж.Китс, П.Шелли, П.Верлен, А.Жид, Э.Верхарн, И.Гёте. Унинг “Ҳамлет”, “Мефистофел” сингари шеърларида қаердан улги олгани мана энди маълум бўлаяпти. Сўнг “Доктор Живаго”, қиссалар, ижодкор умрининг шомида битилган мақолалар, очерклар, хатлар.

Борис Леонидович Пастернак 1890 йил 10 февралда (ўзи эса “Одамлар ва вазиятлар” асарида таваллуд санаси сифатида 29 январни кўрсатади) Москвада туғилган. Болалик ва ўсмирлик йилларида мусиқа ва тасвирий санъат орзуларига берилган. “Бутун нодирлик ва фавқулоддалик мусиқачилар, рассомлар, шоирлар дунёсидан дунёга келади. Ўсмир муҳташам септима[1]нинг дастлабки уч оҳангини (оҳанг, тасвир, сўз назарда тутилмоқда – Ш.Н.) илғади, танг қолди, товушларнинг ягона ғуж бирикмасидан шунчаки ўмарилмаган мусиқани қандай бунёд этиш мумкин – мисоли Александр Блокдек, “Фусункор”дек, “Оғу”дек; қандай мафтун этиш мумкин Рембо ва Лафоргни мафтун этган Пушкиндек”[2]. Пастернак ўз ғояларини асосли ва муқим шакллантириш учун 1909 йил Москва университетининг тарих-фалсафа факультетига ўқишга кирди, бир муддат Германияда таҳсил олди, охир-оқибат мусиқий, фалсафий қизиқишларини адабиётга кўчириб қўя қолди. 24 ёшда “Булутлар орасидаги эгизак” номли илк шеърлар тўпламини нашр этди. Ёшлик ёнғинларида футуризмга берилди. Аммо мусиқага ошуфталик, Шекспир, Гётега ошиқлик билан фақат футурист бўлиб қолиб кетиш мумкин эмас. Уйғунлик зарур, шаклда, оҳангда, фикрда уйғунлик, кенглик зарур. Насрий асарлар, драматик достонлар, фалсафий миниатюралар яратди. “Китоб куб шаклидаги чўғдек бўлак, тутаб турган виждон – бундан бошқа нарса эмас. Сайраб жуфтлашишга чорлаш – қушларни сақлаб қолиш учун табиатнинг ғамхўрлиги, қулоқларга урилган баҳорий жаранг. Китоб – чорлов жойи. У ҳеч кимни ва ҳеч нарсани эшитмайди, унинг қулоқлари батанг, у ўзига берилган. Унингсиз руҳнинг давомийлиги узилади. У гувраниб овоз бермайди. У қийшангламайди. Уни ёзадилар. У юксалади, ақлни тўлдиради, кўринишларни ифода этади – бу унинг кўпайиши, унда шундай. Унинг бори шу ва у айбдор эмас. У коинотнинг руҳоний тарзи. Яқин-яқинлардан ўйлай бошлашдики, китобдаги манзаралар – айни томошалармиш. Бу хатолик. Нега бундай бўлар экан? Бизнинг ўлкаларда бир нарсани унутишди: ҳаёт шовурини нотўғри талқин қилмаслик шартини. Топа олмаслик ва ҳақиқатни сўзлашдаги нўноқлик – иллат; ёлғонни хаспўшлаш бирор иқтидордан нишона эмас. Китоб – жонли хилқат. У бутун хотира ва бутун идрокка нақш этилган: манзаралар, тасвирлар – булар ўтмиш қаъридан олиб чиқилган, ёдга ўрнашган ва унутилмасдир”[3].

Ижодкор “Оғир хасталик” (1928), “Доктор Живаго” (асар дастлаб Миланда итальянча таржимада чоп этила бошланган, 1958 йилдан рус тилида босилган), “Одамлар ва вазиятлар” (1957) каби ўта кескин руҳдаги ижтимоий-адабий асарлари учун 1958 йил Нобель мукофоти билан тақдирланди. Пастернак турли рус қомусларида 1950–1991 йиллар авлодига мансуб кўрилади. И.Буниндан (1933) сўнг бу давр рус адабиёти тўртта Нобель лауреатларини берди: Пастернак (1958), М.Шолохов (1965), А.Солженицын (1970) ва И.Бродский (1987). Уларнинг ҳаммаси инсоний ҳамдардлик ва бахтсизликни аритиш истагида ёнганлар. Пастернакнинг “Нобель мукофоти” шеъри ҳам шу истакка алоқадор.

Хўрланган ҳайвондек охир битдим мен,
Қайлардадир яшар инсон, эрк ва нур,
Менга озодлик йўқ, озод бир йўл йўқ,
Изма-из қувадир тўполон-ғовур.

Тим қорайган ўрмон ва ҳовуз лаби,
Қора қарағайлар кесилмиш – тўнка.
Ҳар ёқдан тўсилмиш йўлнинг таноби.
Нима кечса кечар, фарқсиздир бунда.

Тубанлик ортида нелар қилдим мен,
Мен бир қотилмидим, тағин бадкирдор?
Менинг нурли, кўркли заминим узра
Дунёни чорловга тўлдирганим бор.

Аммо кўрмайсизми – йўқлик, нобудлик,
Аммо ишонурман, ўтгай фасллар –
Адоват ва қаҳр дағдағасидан
Енгиб чиқажакдир эзгу насллар.

Пастернак бу йил 125 ёшга тўлди. Унинг асарлари ҳануз бизга ва эртамизга дахлдор. Аммо ёшлик ва бехабарлик важидан саволлар қийнайди. Пастернакни чинакам таржималарда, тафти кафтни куйдирадиган ўзбек тилидаги китобларда қачон ўқир эканмиз? Қачон бемалол “Пастернакни биламан” дея олар эканмиз?

Жаҳон адабиёти, 2015 йил, 2-сон

[1] Септима – мусиқий истилоҳ. Еттинчи парда ва етти парда оралиғи.

[2] Пастернак Б. Собр.соч., т 4. –М., 1989, с. 365.

[3] Пастернак Б. Собр.соч., т 2. –М., 1989, с. 367.