Шаҳло Аҳмедова. Араб адибалари

Форс кўрфази ҳудудидаги араб мамлакатларида аёллар ижодининг пайдо бўлиши, энг аввало, аёлларнинг таълим олиши ва умуман, бу мам­лакатларда таълим тизимининг кен­гайиши билан боғлиқ. Агар Миср, Сурия, Ливан, Ироқ, Фаластин каби араб мамлакатларида аёллар адабиёти етарли даражада ривожланган ва ХХ асрнинг бошидаёқ Мей Зияде, Ойша Теймур, Бинт аш-Шотий (Ойша Абдурраҳман), Фадва Тукан, Нозик ал-Малаика каби адабиётчи аёллар сиймосида кўплаб ўзининг йирик вакилаларига эга бўлган бўлса, Форс кўрфазидаги араб мамлакатларида бу ҳодиса ХХ асрнинг биринчи ярмида камдан-кам учрайдиган ҳол эди. Аммо вазият мазкур ҳудудда аёллар орасида ижод билан машғул бўлган зиёлилар мутлақо бўлмаган экан, деган маънони англатмайди, уларнинг аксарияти ўша пайтда ҳалқ оғзаки ижоди йўлларида ижод қилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, Кувайтда қизларнинг жамоавий таълим олиши Баҳрайндан ўн йил кейинроқ – 1937 йил, Қатарда – 1954, Араб Амирликларида – 1955, Саудия Арабистонида – 1960, Уммонда – 1970 йилда жорий қилинган. Таълим тизимини жорий қилишдаги фарқларга қарамай, аёлларнинг илк ижод намуналари ўтган асрнинг 50-йиллари ўрталарида пайдо бўлса ҳам, Хадая Султон ас-Салимнинг Фаластин фожеалари ҳақидаги илк публицистик мақолалари, шунингдек, Ибтисом Абдуллоҳ Абдуллатифнинг “Қизчанинг хотиралари” деб номланган мемуарлари 1948 йил Қоҳиранинг “Кувайт” нашриётида чоп этиладиган “Ал-Бааса” ойномасида нашр этилган .

“Араб адибалари қомуси” маъ­лумотлари бўйича, нашрлар сонига кўра Кувайт аёл ижодкорлар нашрлари бошқа мамлакатларга нисбатан кўпроқ бўлган. 60-йилларнинг бошларида нашр ишлари ва публицистиканинг авж олиши муносабати билан Форс кўрфази мамлакатлари рўзномалари аёллар муаммолари учун махсус саҳифа ажратди, вақти-вақти билан у ерда аёл ёзувчиларнинг қисқа ҳикоя, шеър ва адабий мақола кўринишидаги ижод намуналари берилиб турарди. Форс кўрфази мамлакатларида – Кувайт, Баҳрайн, Саудия Арабистони давлатларида аёллар ижоди намуналари алоҳида девонлар кўринишидаги нашрлар сифатида 50-йилларнинг охири – 60-йилларнинг бошида чиқарила бошлади, 70–80-йилларда эса булар қаторига Қатар, Араб Амирлиги ва Уммоннинг адибалари қўшилдилар.

Адабий жанрлар масаласида аёллар кўпроқ шеърлар ва ҳикоялар машқ қилишни афзал кўрардилар. ХХ асрнинг охирига келиб, араб мамлакатларида 113 та шеърий девон, 115 та новеллалар тўплами, 64 та роман нашр этилди.

“Араб адибалари қомуси”даги “Кувайт” бўлимида ёзувчи аёллар ижодида ҳикоянавислик 80-йилларнинг иккинчи ярмида энг юқори чўққига кўтарилганлиги қайд этилади. Бу гуллаб-яшнашнинг ёрқин мисолини Лайло Усмоннинг 8 та ҳикоялар тўплами, Фотима Али, Сурайё ал-Бақсамий, Лайло Муҳаммад Солиҳ, Муна Аш-Шофеъий ва Амина Шоиб асарлари тўпламлари ҳамда Бизза ал-Ботинийнинг илк тўпламлари тимсолида кўрамиз.

Замонавий Кувайт ҳикоянавислиги шаклланиши ва ривожланишида адибаларнинг фаол ижоди алоҳида ўрин тутади. Лайло ал-Усмон, Сурайё ал-Бақсамий ва Фотима Юсуф­ Али бошчилигидаги ёзувчи аёлларнинг асарлари араб ҳикоянавислигининг олтин фондига кирди. Ҳикояларнинг мавзу доираси, янги бадиий инновациялар, ўзига хос образлар ва янги баён шаклларини яратиш борасидаги изланишлар араб ҳи­коянавислигини бойитиш им­кониятларини кенгайтирди.

80-йилларда, айниқса, Кувайтда аёллар ижоди янги ва бой мазмун касб эта бошлади. Ҳикоялар мазмун жиҳатидан оила ва жамиятда аёлнинг тутган ўрни ва шу масала билан боғлиқ муаммолар, ижтимоий ислоҳотлар мавзусига бағишланган эди. Уларнинг айримларида романтик маъюслик ҳам мавжуд бўлиб, бунга Хайфа Ҳошимнинг “Даҳшатли қасос” ҳикояси мисол бўлади.

Ҳадая Султон ас-Салим ҳи­ко­яларида қаҳрамонларнинг севги ва бахт йўлларида урф-одатлар тўсқинлик қилади, улар тақдирдан нолиб, муҳаббати ва мақсадлари учун курашишга ҳаракат ҳам қилмайдилар. “Ёмғирсиз куз” ҳикоялар тўпламига кирган “Мен уни кўрдим”, “Аланга”, “Оловдан кучли”, “Хазон бўлган умрим” каби ҳикоялар шулар жум­ласидандир.

Ҳадая Султон ас-Салимнинг бар­ча қаҳрамонлари қанчалик суст кайфиятга эга бўлишмасин, оиласи учун ўзларини қанчалик қурбон қилишмасин, улар китобхон эътиборини аёлнинг жамиятдаги ўрнига, айниқса, ажрашган аёлнинг аянчли аҳволига қарата олдилар. “Хазон бўлган умрим” ҳикоясининг қаҳрамони ўз муҳитидан ажралиб қолган. Унинг истакларини ҳеч ким ҳисобга олмайди, ота-оналари биринчи учраган харидоргаёқ турмушга беришга тайёр. Ҳадая Султон ас-Салим бундай қаҳрамонлари ҳаётини ҳосилсиз ва ёмғирсиз кузга қиёслайди. (“Ёмғирсиз куз” “خريف بلا مطر” ҳикояси). Ҳадая Султон ас-Салим ҳикояларида энг кўп қўлланилган услуб ретроспектив услуб бўлиб, бунда ҳикоя персонажлари ўз ўтмиши ҳақида сўзлаб берадилар ёки ўзларининг хотиралари орқали хаёлан ўтган ҳаётларига қайтадилар.

Машҳур танқидчи Иброҳим Аб­­дуллоҳ Ғалумнинг фикрича, 60-йилларда Ҳадая Султон ас-Салим ва унинг замондошлари аёллар муаммоларига романтик нуқтаи назардан ёндашади. Бунда қаҳрамонлар анъаналар билан курашга ҳаракат қиладилар-у, улар олдида ожизликдан тўхтаб қоладилар. Худди шу каби, адибанинг барча қаҳрамонлари романтик нуқтаи назардан ёритиб берилади. Бунда ёзувчи ёлғизлик ҳиссиёти, қайғули тун, куз, саҳро, олов, алам-ситамлар, қийинчилик ва бошқа образли вазиятларнинг аёл ҳаётидаги ўрнини назарда тутади.

80-90-йилларда аёллар муаммолари ёритилган ҳикояларда ёзувчилар бадиий маҳоратининг ўсиши кузатилади. Шу билан бир қаторда, ўзини шахс сифатида англовчи, ўз имкониятлари, мустақиллигини баҳолаш қобилиятига эга бўлган аёлларнинг ўзгача образи намоён бўлади. Масалан, Мунир Насифнинг “Умид саройининг қулаши” ҳикоясининг қаҳрамони юқоридаги фикрларга айни мос келади. Асар қаҳрамони ўзи учун кураша оладиган аёл. Унинг эри ошиғи олчи тадбиркор, тараққиёт меваларига, янги технология-ю янгича бозор муносабатларига жуда тез мослаша оладиган одам. Унинг деярли бутун умри офисда, пул кетидан қувиб ўтади. Кечқурунлари эса дўстлари даврасида қаҳвахона ва ресторанларда улфатчилик қилади. У оиласини буткул ташлаб қўйган. Биргаликдаги ҳаётининг дастлабки даврида унинг оёққа туришига ёрдам берган, эндиликда унинг бефарқ бўлиб қолганлигидан таҳқирланган хотини болаларини олиб, уйдан чиқиб кетади. Ана шундагина бутун умрининг мазмунини бойлик орттиришда деб билган ҳикоя қаҳрамони оила ўчоғи сўнган уйда эркак қанчалик ёлғиз ва кераксиз бўлиб қолиши мумкинлигини англаб етади. Таъкидлаш лозимки, бу ҳикояда маҳаллий вазият ёки миллий руҳга ҳеч қандай ишора йўқ. Содир бўлган воқеа – курраи заминнинг хоҳлаган бир бурчагида рўй бериши мумкин бўлган манзара.

Лайло ал-Усмон, Фотима Юсуф Али, Сурайё ал-Бақсамийнинг кейинги ҳикояларидаги зиёли қаҳрамонлар ҳам мазкур ёзувчиларнинг илк ҳикояларидаги заиф аёл тимсолидаги қаҳрамонлардан тамоман фарқ қилади. Ҳозирги кунда ҳам муваффақиятли ижод қилаётган катта авлод ёзувчилари Лайло ал-Усмон, Сурайё ал-Бақсамий, Фотима Юсуф Али, Лайло Муҳаммад Солиҳ, ўрта авлод вакилалари Бизза Ботиний, Муна аш-Шофеъий, Алия Шаиблардан “эстафета”ни Хабба бу Хамсин (1977 й.), Мейд Муҳаммад аш-Шарад (1977 й.), Латифа Батиз ва бошқа иқтидорли ёш адибалар қўлга олдилар.

Лайло ал-Усмон, Сурайё ал-Бақсамий ва Фотима Юсуф Али ҳикояларидаги бадиий баён услубларига назар ташлар эканмиз, уларда қанча-қанча инсонлар ҳаётидан лавҳалар, қизиқарли вазиятлар, характерлар, тафсилот-деталлар мужассамлашганини кўрамиз. Адибалар бадиий воситаларни самарали истеъфода қилиб, воқеликни макон ва замон жиҳатдан эркин ўзлаштиришга эриша оладилар. Улар танлаган баён услуби инсон ички дунёсига кириб боришга, мураккаб хислатлар ва хусусиятларга бой, дои­мо ҳаракатдаги, шаклланаётган ёки ривожланаётган характерларни очишга имконият яратиб беради.

Адибаларнинг асарларида ҳикоячи образининг намоён бўлиши муҳим роль ўйнайди. Бу ҳам бадиий ифоданинг ўзига хос шаклидир. Ҳикоя қилувчи муаллиф ўқувчи-китобхон ва тасвир қилинаётган ҳодисалар ўртасида воситачи ролини бажариб, ҳодисалар шоҳиди ва шарҳловчисига айланади.

Масалан, Сурайё ал–Бақсамийнинг 70-йилларда матбуотда эълон қилинган ва кейинчалик “Қора тер” (1977) тўпламига жамланган илк ҳикояларини олайлик. Улар ёзувчининг ўз ижодини ижтимоий-маиший мавзуларда ҳикоялар ёзишдан бошлагани ҳақида хулоса қилиш имконини беради. Бу ҳикоялар денгиз бўйида яшовчи одамларнинг ҳаётини тасвирловчи реалистик лавҳалардан иборат бўлиб, баъзиларида муаллифнинг бир қадар узун мулоҳазалари ҳам учраб туради. Ёзувчининг “Қора тер”, “Мулла” ҳикоялари шулар жумласидандир. Бу ҳикояларда қийин вазиятга тушиб қолган ўсмирларнинг саргузаштлари тасвирланади.

“Мулла” ҳикоясида мулланинг раҳм­сизлиги ўқувчи Салимда норозилик ва ҳақоратлар учун қасос олиш истагини туғдиради. Унинг болаларча шўхлиги домланинг ғазабини келтиради. Мулла болани аъзойи бадани моматалоқ бўлгунича шафқатсиз равишда калтаклайди. Аламига чидолмаган Салим савдо ишлари билан кетган отасининг ортидан Басра шаҳрига қочиб кетади. Саҳрода адашиб қолган болани бадавийлар оиласи топиб олади ва уни то ота-онаси излаб келгунича парвариш қилади. Салим яна сершовқин шаҳарга қайтади. Лекин саҳродаги эркин ҳаёт ва меҳмондўст бадавийлар оиласида ҳукмрон самимият бир умр унинг қалбида сақланиб қолади.

Ҳикоя ўспириннинг монологи услубида ёзилган бўлиб, ўрни-ўр­нида диалоглар билан алмашинади. Қаҳрамон монологи ёзувчига ўз қаҳрамони ички ҳиссиётларини ишо­нарли тасвирлаш, руҳий қиёфалар яратиш имконини беради. Ҳикояда кичик шаҳарчадаги ҳали иқтисодий талатўп ва таълим соҳасидаги ис­лоҳотлар етиб келмаган эски мактаб тасвирланади.

Ўсмир руҳиятини бутун но­зикликлари билан ҳис этиш маҳорати ёзувчининг “Қора тер” ҳикоясида ҳам яққол намоён бўлган. Айнан шу ҳикоя адибага катта шуҳрат келтирди ва у 1971 йилдаги маданият фестивалида нуфузли мукофот билан тақдирланади. Бу ҳикоя ота вафотидан сўнг оиладаги тўнғич фарзандга “мерос” қолган касалманд она, беш нафар оч-яланғоч укани боқиш ташвишидаги ўсмир ҳақида. У оилада ягона боқувчи бўлиб, дўконда югурдаклик қилади. Бўш вақтларида эса денгиз суви пасайган паллада умид билан марварид чиғаноқларини излайди. У қўллари шилиниб кетса ҳам, ҳар бир чиғаноқни минг бир машаққат билан очиб кўради. Лекин унга қимматбаҳо марварид учрайвермайди. Қалбида умид чечаклари ўрнини надомат тиканлари эгаллайди. Гўё уни шарпалар таъ­қиб этаётгандек қоронғиликдан қўр­қадиган бўлиб қолади. Чунки у денгизда ҳалок бўлган, рисоладагидай кўмилмаган денгизчиларнинг руҳлари тинчимасдан, дарбадарликда тўзғиб юриши тўғрисида кўп ривоятлар эшитган эди. Шунинг учун ҳар бир шарпа ва шитирлашдан ваҳимага тушади. Кўз ўнгимизда оила бо­қувчиси эмас, балки қўрқувдан даҳшатга тушаётган ва ўзи ҳимояга муҳтож бўлиб қолган чорасиз ўспирин гавдаланади.

Мана шундай қаҳрамонни биз Лайло ал-Усмоннинг “Фатҳия ўз ўлимини танлади” ҳикоясида ҳам учратамиз. Ҳикоя биринчи шахс тилидан ёзилган бўлиб, аёл ёшлигида бўлиб ўтган даҳшатли воқеани эслайди, у ҳам бўлса – опаси Фатҳиянинг она калтагидан шикастланиб ўлиши. Бу кам учрайдиган ҳодиса – оилада тинч, тотув ҳаёт бўлмаганидан келиб чиққан вазият. Улғайиб, бахтли ҳаёт кечираётган бўлса ҳам, оилада энг кичик қиз бўлган қаҳрамон хотирасидан ота-онасининг жанжаллари, бу жанжалларда ҳар гал шаллақи онанинг устун келгани, ваҳший аёл онаси билан бирга ёввош эрни болалари олдида хўрлагани каби саҳналар бирма-бир ўтади.

Фатҳиянинг ота-онаси аж­ра­ша­­дилар. Бу юртдаги мусулмон одатларига кўра, оила ажралганда, болалар ота уйида қолади, бироқ икки томоннинг розилиги билан улар етти ёшгача онаси билан яшаши мумкин. Кўпинча шундай бўлади ҳам. Бироқ Фатҳиянинг онаси тўрттала қизини эрига ташлаб, яна турмушга чиқиб кетади, аммо одамларнинг гап-сўзидан қўрқиб, улар назарида яхши она бўлиб кўриниш учун ҳафтада бир марта қизларни уйига олиб кетади. Бу ташрифлар эса қизлар учун дўзахдан баттар туюлади. Онадан меҳр кўриш ўрнига улар ҳақоратланар, баъзан эса ёвуз она томонидан калтакланадилар ҳам. Журъатсиз ота эса собиқ хотиннинг зўравонлигига чек қўёлмайди ва ночор қизларни онаси билан учрашувга олиб бораверади. Фатҳия қатъиятли қиз бўлганлиги учун, бунга ўзи чек қўймоқчи бўлади ва бир гал касаллигини баҳона қилиб онасининг уйига бормайди. Асабий бўлиб қолган аёлни қизининг бу хил ўжарлиги қутуртириб юборади. У қизини эркалашлар ва совғалар билан алдаб-сулдаб уйига олиб келади. Она меҳридан маҳрум бўлиб юрган қиз бу хил алдовларга чиппа-чин ишонди. Уйида эса аёл қутуриб кетади, отани қарғайди, қизни ура бошлайди. Бошқа уч нафар қиз бир бурчакка биқиниб, қўрқувдан қалт-қалт титрайди, фақат ерга чалқанча тушган Фатҳиягина оёқ-қўллари билан онасининг зарбаларини қайтаришга ҳаракат қилиб ётар эди. Ғазабидан эс-ҳушини йўқотган ёвуз она қизини ўлгунча калтаклайди.

Бу ҳикоя композициясида икки сюжет чизиғи кузатилади. Бири – баён қилувчи қаҳрамон номидан опаси Фатҳия қисматининг сўзлаб берилиши. Бу сюжет чизиғи тугун ва ечимга эга. Иккинчиси ўша қаҳрамон катта бўлганида унинг ҳаётидан хотираларга ундовчи бир эпизод-лавҳадир. Бу икки сюжет чизиғи ҳикояда ўзаро алмашиб туради, натижада ҳеч қандай мантиқий тайёргарликсиз замон ва маконда кўчиш рўй беради. Адиба кино кадрларидаги коллаж усулини қўллаб, кейинчалик фрагментларни қўшиб бориш усули билан ҳикоянинг бадиятини юксалтирган.

Фатҳиянинг синглиси опасига ўша даҳшатли лаҳзаларда ёрдам беролмагани учун ўзини айбдор ҳис қилади. Бу ҳис-туйғу кейинги бутун ҳаёти давомида унга тинчлик бермайди. Бунга ўхшаш ҳолатлар ассоциатив англаш, “беихтиёр хотирлаш”, онгости тушунчалари билан боғлиқ ғарб адабиётида кенг қўлланиб келинган усуллардир. Бундай усул Флобер, ака-ука Гонкурлар ва айниқса, Ғарб модернизмининг ёрқин намояндаси Марсель Пруст ижодида кўп учрайди (“Йўқолган вақтни излаб” романи).

Танқидчилик “Фатҳия ўз ўлимини танлади” ҳикоясига ўз вақтида юксак баҳо берди. “Дар аш-шуруқ” нашриёти бу ҳикоянинг номини тўплам сарлавҳасига олиб чиқар экан, қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Қаршимизда танлаш имкони қолмаганда, ҳаётда хайрихоҳлар бўлмай, оёғимиз остидаги йўл оловли сўқмоққа айланганда – ўлим шарпаси кўзга ташланади. Фатҳия ҳам шу тахлит ўз ўлимини танлади…”

Бироқ Фатҳиянинг жисми ўл­ганлигига қарамай, унинг сиймоси гўзаллигича қолаверади. Чунки у, юксак бадиий даражада яратилган ва сўлмас гўзаллик билан тобланган образдир.

Шундай қилиб, Лайло ал-Усмон ўзининг “Фатҳия ўз ўлимини тан­лади” номли ҳикоясида бошқа барча асарларида бўлгани каби ассоциациялар билан фикрлаш, ички монолог, онг оқими, коллаж усули каби бадиий воситалардан самарали фойдаланади. Бу эса унинг замонавий бадиий адабиёт технологиялари билан жуда яхши таниш эканлигини билдиради. Бинобарин Лайло ал-Усмон мазкур янги услубларни Кувайт адабиётида биринчилардан бўлиб татбиқ этди. Таъкидлаб ўтиш жоизки, Лайло ал-Усмон араб жамияти олдидаги улкан хизматлари учун 2009 йилда Байрутда “Араб аёллари ассоциацияси” томонидан таъсис этилган махсус мукофот билан ҳам тақдирланди.

Араб ҳикоянавислигининг яна бир ёрқин намояндаси Фотима Юсуф Али ҳам ўз услубига, ўз бадииятига эга адиба бўлиб, у кўп қиррали қалам соҳибаси, фаол ижтимоий арбоб, истеъдодли журналист ҳамдир.

Қароргоҳи Қоҳира шаҳрида жойлашган “Араб мамлакатлари аёл­лар бирдамлиги жамияти” кен­гашининг фаол аъзоси бўлмиш Фотима Юсуф Али бир қатор асарлари билан “аёл муаммоларининг жўшқин куйчиси» сифатида танилди ва адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилди.

Фотима Юсуф Али адабиёт оламига 70-йиллар бошида кириб келди ва тез орада ҳассос ижодкор сифатида ном таратди. У бир нечта ҳикоялар тўпламларининг муаллифидир. Ушбу тўпламлар ичида “Та марбута” тўплами унинг энг машҳур китоби ҳисобланади.

Тўпламнинг барча ҳикоялари бир мавзуга, яъни араб аёлининг оила ва жамиятда тутган ўрнини кўрсатишга бағишланган. Адибанинг ҳикояларида аёл марказий шахс бўлиб гавдаланар экан, унинг саъй-ҳаракатлари, фазилатлари, ички озодлиги, фаол ва мустақил инсон бўлиши ўсиб келаётган ёш авлод тақдирига таъсир кўрсатади. Бу ҳақиқатни биз адибанинг мазкур тўпламдан ўрин олган “Аёлнинг оғриқлари босилмайди” ҳикояси мисолида яққол кўришимиз мумкин.

Мазкур ҳикоя марказида Лубна исмли аёлнинг ота-онаси бағрида ўтган болалиги ва турмушга чиққанидан сўнг, ўз фарзандлари билан бўлган мураккаб муносабатлари кўрсатиб берилган. Ҳикоянинг қаҳрамони Лубна чамаси 50 ёшлар атрофидаги чиройли, мафтункор ва бой аёл бўлиб, насл-насабли авлодга мансубдир. У таниқли адиба, унинг бир нечта китоблари нашр қилинган, асарлари шуҳрат қозонган. Бевақт вафот этган эридан 2 фарзанди, яъни 20 ёшли қизи ва талаба ўғли қолган. Эрининг вафотидан сўнг Лубна бошқа турмуш қурмаган. Лубна “озод аёл” маъносини ўзича тушуниб, ҳаёт неъматларини ҳамма нарсадан устун қўяди. Маишатга берилиб, бир қанча жазманлар ҳам орттирган. Ўз уйини номигагина адабиёт вакиллари учрашадиган маскан қилади-ю, баҳонада турли корчалонлар, нопок инсонлар йиғиладиган ишратхонага айлантириб олади. Онасининг бу хатти-ҳаракатидан фарзандлари номус қилиб, қўни-қўшни, таниш-билиш олдида бош кўтаролмай қолишади. Ҳулқи айниган худбин она ҳирсга қул бўлиб, нафсини қондириш, эҳтиросларга берилишни канда қилмайди. Оқибатда қизи онасидан буткул узоқлашади, ўғли талабалар ётоқхонасига кўчиб ўтади. Ориятли ўғил онасидан хабар олгани умуман келмайди, ёзда ишлаб, амаллаб пул топиб, ўқишининг шартнома пулини ҳам ўзи тўлайди. Онасидан ёрдам ҳам сўрамайди, чунки онасининг кечираётган ҳаёти унда фақат нафрат уйғотади.

Ушбу ҳикояда адиба маълум даражада Кувайт жамиятининг бой қатламларига хос бўлган ик­киюзламачилик, қўшхотинлик, му­нофиқлик, ахлоқий бузуқчилик ва ҳоказо иллатларни очиб беради.

Адиба ўз асарларида асосан аҳлоқий масалаларга катта эътибор беради ва бу мавзуни биринчи навбатда аёлнинг ҳуқуқи, унинг оиладаги, жамиятдаги тутган ўрни билан боғлаб тасвирлайди.

Фотима Юсуф Алининг ба­ди­ия­­­­тига тўхталадиган бўлсак, асар­ла­рининг тили лўнда, ифодавий-тасвирий воситаларни нисбатан кам ишлатишига гувоҳ бўламиз. У бутун эътиборини қаҳрамонларининг ички дунёси таҳлилига ва уларнинг хатти-ҳаракатларига қаратади, психоанализга урғу беради.

Юқорида номлари зикр этил­ган­ адибалар ижоди асосан иж­ти­моий таҳлилга ҳамда ҳаётни ас­лида қандай бўлса шундай тас­вирлашга йўналтирилган реализм контекстидадир. Шу билан бирга, уларнинг асарлари ичида воқеликни мифлаштириш (асотирлаштириш)га мойил ҳикоялар ҳам учрайди. Бундай ҳикояларда образлар онгости ва турлича ассоциациялар воситаси орқали ўзига хос маъно хусусиятига эга бўлади.

Ёзиш технологиясида адибаларнинг аниқ услубдан мураккаб услубга томон тараққий этиши кузатилади. 80-90-йилларда улар модернизм ва постмодернизм учун хос бўлган услублардан фойдаланганлар. Булар қаторига фрагментарлик, вақт ва маконда эркин ҳаракат, ички монолог, онг оқими, коллаж ва бир қатор бошқа услубларни, бундан ташқари магик (мўъжизакор) реализмга хос бўлган воқеликка фантастик ва ғайриоддий ёндошув унсурларини қўшиш мумкин.

Шундай қилиб, адибалар Лайло ал-Усмон, Фотима Юсуф Али ва Сурайё ал-Бақсамий ўз ижодий фаолиятлари билан адабиётга, хусусан, араб ҳикоянавислиги такомилига салмоқли ҳисса қўшган.

Замонавий араб новеллистикаси миллий ўзлигини йўқотмаган ҳолда турли ифодалаш воситаларини қўллаб жаҳон адабиётининг ютуқларини ҳам мунтазам равишда ўзлаштирмоқда. Бу эса араб бадиий адабиётининг янги имкониятлари очилишига, умумжаҳон адабий жараёни ўзанига дадил кириб боришига кўмаклашиши шубҳасиздир.

Шаҳло Аҳмедова, филология фанлари номзоди

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон