Туркийлар тамаддуни, яъни туркий цивилизация кишилик жамияти тараққиётига, дунё равнақига беқиёс ҳисса қўшган жаҳоншумул цивилизациядир. Шарқда Буюк Хитой деворидан бошлаб, ғарбда то Ўртаер денгизи-ю, Қора денгиз соҳилларигача, шимолда Байкал – Бойкўл қирғоқларидан жанубда Ҳинд океани бўйларигача бўлган ғоятда кенг ҳудудда туркий цивилизация тенгсиз ўзлигини, беназир салоҳиятини намоён этганлиги барчага маълум. Ушбу цивилизация силсиласида эса темурийлар сулоласининг ҳамда мазкур сулола давоми бўлмиш бобурийлар салтанатининг алоҳида ўрни музайян эканлиги шубҳасиз.
XVI асрда буюк аждодимиз, шоҳу шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур томонидан асос солинган буюк салтанат Шарқ халқлари тарихида мангу из қолдирди. Аграда қад кўтарган маълуму машҳур Тож-Маҳал мақбараси туркий цивилизация гўзаллигининг олий тимсоли, бетакрор меъморчилик дурдонаси сифатида бутун жаҳон халқлари томонидан бобурийлар шаънига олқишу офаринлар айтилишига сабаб бўлиб келмоқда. Бобурийлар сулоласига тегишли яна бир дурдона мавжудки, унинг овозаси нафақат Осиёда, балки Европада ҳам довруқлидир. Сўз Бобурнинг бешинчи авлоди бўлмиш машҳур Аврангзеб Оламгир I нинг қизи, оташнафас шоира Зебуннисобегим ҳақида бораётир. Ижоди асрлар оша миллионлаб мухлисларни мафтуну маҳлиё қилиб келаётган тенгсиз ижодкор Зебуннисо ҳаёти ва фаолияти Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон, Тожикистон ва албатта Ўзбекистон халқлари учун ниҳоятда қадрли, алоҳида аҳамиятлидир.
“Аёллар Зебоси” маъносидаги исмга сазовор этилган Зебуннисонинг ҳаёти ва ижоди ўзига хос синоатлару тилсимларга бойлиги боис нафақат тадқиқотчи олимларнинг, балки кўплаб ёзувчиларнинг диққат-эътиборини жалб этиб, турли асарлар яратишга илҳом берганлиги бежиз эмас. Жумладан, “бенгал адабиётининг Вальтер Скотти” дея шарафланган таниқли адиб Бонкимчондор Чоттопадхай (1838–1894) ўзининг “Раж Сингх” номли тарихий романида Зебуннисобегим ҳаёти лавҳаларини акс эттирган. Шунингдек, фаранг адибаси Энни Кригер-Криницки томонидан яратилган “Тутқунликдаги малика ёки Зебуннисо Аврангзеб қизи” романи ҳам 1990 йили Парижда чоп этилгач, 2006 йили инглиз тилига таржима қилиниб, Оксфордда нашр этилган. Бу борада ўзбек драматурги Уйғуннинг “Зебуннисо” драмасини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.
Шоира ҳаёти ва ижодига доир турли маълумотлар Фазлийнинг “Мажмуаи шоирон” (“Шоирлар мажмуаси”), Ҳакимхон Тўранинг “Мунтахаб ут-таворих” (“Сайланган тарихлар”) асарларида ва бошқа тазкираларда қайд этилган. Ўтган асрнинг иккинчи ярмида эълон қилинган ўзбек олимлари Тўхтасин Жалоловнинг “Ўзбек шоиралари”, Турғун Файзиевнинг “Темурий маликалар” китобларида ҳам Зебуннисо ҳаёти ва ижодига алоҳида ўрин ажратилганини таъкидлаш жоиз. 1982 йили эса ҳассос олима Маҳбуба Қодированинг “Шоира Зебуннисо” тадқиқоти “Фан” нашриётида чоп этилган. Шоиранинг шеърлари Эркин Воҳидов, М.Муинзода каби ижодкорлар томонидан ўзбекчалаштирилиб, бир неча бор китоб ҳолида нашр этилган.
Зебуннисо хусусидаги турли маълумотларни Эрон, Афғонистон, Покистон адабиётшунослиги намуналарида ҳам учратиш мумкин. Хусусан, Шерхони Лудий “Мирот ул-хаёл” (“Хаёл кўзгуси”), Барелий “Тазкираи шоироти урду” (“Урду шоирлари тазкираси”), “Тазкират ул-ҳавотун” каби асарларида, “Олами Ислом”, “Қобул”, “Ҳунар ва мардум” сингари тўпламларда бу борада қимматли фикрлар баён этилган.
Зебуннисобегим Соҳиба 1639 йилнинг февраль ойида Шоҳжаҳонободда таваллуд топган. У бобурий ҳукмдор Шоҳжаҳон ҳамда Мумтозмаҳал фарзанди – Аврангзебнинг тўнғич зурриёди эди. Бўлғуси шоиранинг онаси – Дилрасобону Эрон шоҳлари сулоласи – Сафавийларга мансуб эди. Силсила бўйича Бобурнинг қизи Гулбаданбегим Зебуннисонинг катта момоси саналади.
Маълумки, Аврангзеб Оламгир, яъни Зебуннисонинг падари бузруквори бобурийлар салтанатининг буюк ҳукмдорларидан биридир. Унинг даврида бобурийлар империяси ҳудуди шу қадар кенгайганки, Аврангзебгача ва ундан кейин тахтга ўтирган бобурийзодалар ҳам салтанатни бу қадар юксалтира олишмаган.
Аврангзебнинг беш ўғли ва беш қизи ичида Зебуннисо болалигиданоқ ўз иқтидори билан ажралиб турарди. У ўз даврининг етук устозлари – Марям Отин ҳамда Мулло Жавондан, шунингдек, шоир ва аллома Мулла Муҳаммад Ашраф Исфаҳонийдан сабоқ олади, фалсафа, адабиёт, фалакиёт каби турли ижтимоий ва аниқ фанларни теран ўргана бошлайди. Зебуннисо хаттотлик санъати сирларини ўрганишга ҳам астойдил бел боғлаб, ўз ҳуснихати билан кўпларни лол қолдирган. Кейинчалик моҳир хаттотларни ёллаб, кўплаб нодир асарлар кўчирилишига бошчилик қилди.
Зебуннисо қадим ўзбек тили билан биргаликда форс, араб, урду тилларини чуқур ўрганиб борди. Манбаларда айтилишича, у етти ёшидаёқ Қуръонни ёд билган. Болалигидан шеъриятда ҳам ўз қобилиятини намоён эта бошлаган. Эҳтимол, отаси Аврангзеб шеъриятга мойил эмаслигини билгани боис ўша пайтда ўзига “Махфий” тахаллусини олган бўлиши мумкин. Шоиранинг вафотидан сўнг тартиб берилган ва олти юзга яқин шеърларни ўз ичига олган тўпламга ҳам “Девони Махфий” номи берилганлиги бежиз эмас.
Зебуннисо умрининг катта қисмини ижодга, адабиёт ва санъатга бахшида этди. Асосан форс тилида асарлар яратган Зебуннисонинг ижодий мероси саккиз минг мисрадан зиёд бўлиб, ғазаллар, етти қасида, беш таржибанд, бир мухаммас ва бошқалардан иборат. Шунингдек, у Қуръонга шарҳлар сифатида “Зеб ут-тафосир” (“Тафсирлар зийнати”) номли асар ҳам яратган. Шоиранинг “Зеб ун-нашот” (“Нашъаллар зийнати”) ва тасаввуф фалсафасига доир “Мунис ул-арвоҳ” (“Руҳларнинг содиқ дўсти”) каби рисолалар яратганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.
“Зебуннисобегимнинг унча катта бўлмаган девонидан биргина “Самарқанд ушшоғи”дай ўлмас ва оҳанрабо қўшиққа асос бўлган ғазал етиб келганда ҳам унинг беназир шоира эканлигидан далолат берарди”, деб ёзади Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон. Дарҳақиқат, Зебуннисо шеърияти ўзига хос гўзаллиги, маънодорлиги билан турли миллат вакиллари қалбида эҳтиром уйғотиши шубҳасиз. Унинг рус тилига таржима қилинган шеърларидан иборат “Огонь и слёзы” китоби Россияда бир неча бор чоп этилган. ХХ аср бошларида эса Зебуннисонинг инглиз тилига икки вариантда ўгирилган “Девон”и алоҳида-алоҳида нашр қилинган. Бу таржималарнинг биринчиси Маган Лал ва Жесси Д.Уэстбрук, иккинчиси эса Пол Уэллей томонидан амалга оширилган эди.
Зебуннисо маърифат, маданият, айниқса адабиёт ва санъат равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилган. Ўз даврининг етук уламоларини, хусусан шоиру олимларни маош билан таъминлаб турганлиги манбалардан маълум. Ҳиндистон мусулмонлари орасида ўзига хос дастуруламал вазифасини ўтаган “Фатвойи оламгирий” (“Шариат қонунлари мажмуаси”) асари Зебуннисо бош-қошлигида форс тилига таржима қилдирилган. “Олами Ислом” тазкирасида “Зебуннисобегим отаси ҳукмдорлик билан эгаллай олмаган шуҳратни илм ва одоби туфайли эгаллади” дея таъкидланади. Унинг шоири замон, “Маънолар отаси” дея улуғланган Мирзо Абдулқодир Бедил билан қилган мушоиралари тарих ичра маълуму машҳурдир. Бедил ўз қизи тарбиясини Зебуннисобегимга ишониб топширгани, у қиз шоира бўлиб етишгани ҳақида манбаларда қайд этилган.
Таъкидлаш жоизки, 1702 йили вафот этган шоира Деҳлидаги “Зарзарий” қабристонига, Низомиддин Авлиё, Амир Хусрав Деҳлавий каби улуғ зотлар ёнига дафн этилган.
Ҳусну назокатда ва фазлу малоҳатда беназиру бетакрор Зебуннисо умр бўйи ёлғиз яшаб ўтган. Бу борада ҳам қатор тахминлар мавжуд. Бирига кўра, Буюк Акбар тахтга талабгорлар сони камроқ бўлишини таъминлаш мақсадида ворис маликаларга оила қуришни тақиқлаган. Яна бир тахминга кўра, Шоҳжаҳоннинг истаги бўйича Зебуннисо шаҳзода Сулаймон Сикох билан унаштириб қўйилади. Лекин кейинчалик шаҳзода Аврангзеб фармонига кўра заҳарлаб ўлдирилади. Айрим манбаларга кўра эса, Зебуннисо ёшлигида Оқилхон Розий номли йигит билан севишиб қолган. Бироқ бундан хабар топган Аврангзеб йигитни қатл этган ва шундан сўнг Зебуннисо ўз юрагида бошқа ёр учун ўрин қолдирмаган. Умуман олганда, Зебуннисобегим ва унинг отаси Аврангзеб ўртасидаги муносабатлар масаласида ҳам талай тахминлар мавжуд.
Бобурийлар Осиё, бутун Шарқ тарихидагина эмас, жаҳон тамаддуни тараққиётида ҳам алоҳида мавқега, ўзига хос ўринга эга буюк сулоладир. Эзгу идеаллар куйчиси, оташзабон шоира, бобурийзода Зебуннисобегим тўғрисида кўплаб манбалар асосида серқирра тадқиқотлар, унинг ўзига хос гўзал образи мужассам бадиий асарлар яратиш даврнинг долзарб талаби, келгуси авлодлар олдидаги муҳим аҳамиятли вазифадир.
Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Афғонистон, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистонда Зебуннисобегим ҳаёти ва ижодига доир тадқиқотлар олиб бориш, бу борадаги тарихий манбаларни аниқлаш, жамлаш ва чоп этиш шоира ҳақидаги бизга номаълум тафсилотларни аниқлашга имкон беради. Шунингдек, Зебуннисобегимнинг турли йилларда ўзбек тилига ўгирилган шеърларини тўплаб, таржима қилинмаганларини ўгириш ва алоҳида китоб ҳолида чоп этиш ҳам шоира ижодий меросини бойитишда жуда муҳим. Зеро, Зебуннисобегим Соҳиба нафақат ўз замонасининг, балки барча замонларнинг зийнати бўла олгувчи буюк ижодкордир.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2019 йил 12-сон