Саъдулло Қуронов. Модерн шеъриятда тасвир

ХIХ аср охири – ХХ аср бошларида Ф.Ницше, З.Фрейд, А.Бергсон, К.Юнг каби файласуф ва руҳшуносларнинг қарашларидан таъсирланган бир гуруҳ ижодкорлар янгича – модернизм йўналишига асос соладилар. Дастлаб Европа маданиятида кенг тарқалган мазкур йўналиш ХХ асрга келиб бутун дунёда оммалаша бошлади. Модернизм жаҳонда глобаллашув жараёнлари бошланаётган бир вақтда сиёсий, маданий, иқтисодий омиллар ўзаро кесишган нуқтада вужудга келади.

Модернистлар оламни мантиққа таянмаган, ҳиссий “тафаккур” асосидагина тўлақонли тушуниш мумкин, деб ҳисоблайдилар. Улар бунда мантиқий-таҳлилий мушоҳадага қарши туриб, иррационал онгни етакчи санайдилар. Шунинг учун модернистлар анъанавий методларни инкор этиб, абстракт, нореал ифода шаклларида ижод эта бошлайди. Бу йўналиш вакиллари ижтимоийликдан чекиниб, ўз шуури томон юзланади. “Яъни бу ўринда воқеликни акс эттириш эмас, ижодкорнинг ўз-ўзини ифодалаши устувор аҳамият касб этади”.[1]

Ўзбек адабиётига модернизмнинг кириб келиши ёки таъсири борасида олимларимизнинг қарашлари турлича. Хусусан, профессор У.Норматов ўтган асрнинг 20-йилларида Чўлпон, Қодирий, Фитрат, Боту, Ойбек каби ижодкорлар Ғарб модернизмидан кучли таъсирланганини таъкидлаб ўтади. Филология фанлари номзоди М.Йўлдошева ҳам ўз тадқиқотида жадид адабиётига хос баъзи хусусиятлар ўзбек адабиётида ХХ аср бошларидаёқ модернизмнинг бўй кўрсатганидан дарак беришини айтади. М.Холбеков эса модернизм ўзбек адабиётига ўтган асрнинг 80-йилларидагина кириб келган деган фикрни илгари суради. Умуман, модернизмга хос хусусиятларнинг адабиётимиз тарихининг турли даврларида учратиш мумкинлигини кўплаб олимларимиз тасдиқлайдилар. Адабиётшуносликда янги ҳодисага нисбатан қарашларнинг турлича бўлиши табиий, албатта. Аммо, бизнингча, адабий йўналишнинг муайян даврга хослиги унга тегишли хусусиятларнинг учраб туриши билан эмас, балки бутун бир ижтимоий гуруҳнинг шу йўналишга хос ижодий кайфиятда экани билан белгиланиши керак. Шу маънода, биз М.Холбеков кўрсатган давр (80-йиллар)ни ўзбек адабиётига модернизмнинг кириб келиши даври деб ҳисоблаймиз.

80-йилларнинг охирларида мафкура босимининг бир қадар пасайиши маданий ҳаётдаги жиддий ўзгаришларга туртки бўлди. Аввало, ижодкор кўнглидаги дардни айтишда нисбий эркинликни ҳис қилади. Айни дамда, қарийб бир аср давомида одамларнинг бутун фикр-хаёлини банд этиб, эътиқод даражасига кўтарилган коммунистик мафкуранинг асл қиёфаси ошкор бўлади. Қудратли ва улкан “империя” емирилаётган пароканда давр санъаткор руҳия­тига, унинг ижодига жиддий таъсир ўтказади. “80-йиллар охири 90-йиллар бошларидаги вазият бизда модернизм адабиётининг, абсурд инсон образининг туғилиши учун замин тайёрлади”[2]. Ўзбек модернизмининг “қайнаган” вақти 90-йилларга тўғри келади. Бунга сабаб ижодкорларни бирлаштирган бир хил кайфият ва шу кайфиятни таъминлаб турган “ўтиш даври” эди. Абдували Қутбиддиннинг “Тасаввур лаҳзалари” шеъри, Фахриёрнинг “Мучал ёши”, “Ёзиқ” каби достонлари, Баҳром Рўзимуҳаммад, Азиз Саиднинг бир туркум шеърлари, Назар Эшонқул ҳамда Улуғбек Ҳамдамнинг қисса ва ҳикоялари айни шу даврнинг маҳсули эди.

Модернистик ифодада бадиий синтезнинг аҳамияти бошқа методларга нисбатан кучлироқ саналади. Зеро, модернизмнинг фалсафий асосида санъатларга бир бутун ҳодиса сифатида қараш ғояси туради. Умуман, модернизмни вужудга келтирган фалсафа замирида ҳам санъат турларига, кенг маънода, бутун инсониятнинг маданий ҳаётига яхлит ҳодиса сифатида қараш устувор бўлган.

80-йилларга келиб замонавий ўзбек шеъриятидаги баъзи ўринларда рангтасвирнинг модернизм йўналишига хос унсурлар қўлланила бошланди. Бундай ўзига хосликнинг илк намуналарини Рауф Парфи “чизган” манзараларда кўриш мумкин:

Юлдузларнинг аччиқ нурларига чирмашар,
Юлар ойнинг намхуш сочларини
Фалакка термулиб қолган кўзларинг.

Рауф Парфининг 1980 йилда ёзилган “Тонг саҳардан ўлтирибсан…” мисралари билан бошланган шеърида маъшуқа кўзлари билан кузатилаётган манзара тасвирланган. Шоир манзарани бевосита тасвирлашга интилмайди. У маъшуқанинг ҳолини ифодалашга уринар экан, ўз-ўзидан ўқувчида муайян табиат манзарасини кўриш имкони туғилади. Аммо бу ўқувчи ўрганган шеърий тасвирлардан жиддий фарқ қилади. Яъни шоир ақл бовар қилмас ўхшатиш билан инсон кўзларига “янгича вазифа”ни юклайди. Ўқувчи бир лаҳза бўлса-да, Ой ва юлдузлар нурига “чирмашиб” ўсиб бораётган нигоҳларни тасаввур қила бошлайди.

Рауф Парфи шеъриятимизга тасвирнинг ўзига хос, модерн кўринишларини олиб кирган ижодкорлардан биридир. Унинг ижодига визуал образларнинг ноодатий шакллари жило бериб туради: “Юлдузларнинг нурлари оғир”, “Қора пардангни ташла юзингга, тун”, “Юлдузларни тугма каби юлсалар”, “Деразамга урилади қор / Жаранглайди жарангсиз кумуш”, “Тоғларимга чўкди осмон” ва ҳ.к.

Замонавий ўзбек шеъриятидаги модернистик тамойилларни яхлит ҳолда тасаввур этишда “Ўзбек модерн шеърияти” номли тўплам аҳамиятга молик. Мазкур тўпламда йигирма тўрт нафар шоирнинг ижод намуналари жамланган. Тўплам тузувчилари ўтган асрнинг 20–30- ва 70-йилларида шеъриятимизда модернизмга хос хусусиятларнинг акс этганлигини қайд этсалар-да, китобга 80-йилларга келиб ижод эта бошлаган шоирларнинг шеърларини киритадилар. Китоб мундарижаси шоир Абдували Қутбиддин асарлари билан бошланганини ҳисобга олсак, тузувчилар уни ўзбек модерн шеъриятининг пешқадами сифатида кўради.

Абдували Қутбиддин ижодига назар ташлар эканмиз, унинг асарлари ҳам анъанавий услубда, ҳам модернизм йўналишида битилганини кузатишимиз мумкин. Шоир шеърлари рамзларга ўта бойлиги билан ажралиб туради:

Наҳрларда этаги йиртиқ
Лўли қиздай қарғанар осмон.
Соҳил бўйлаб кетмоқда йўртиб –
Оппоқ бия
Бедард,
Бедармон

Арқон каби тортилади ел,
Суғрилади офтобранг қозиқ.
Сапчиётган тўлқин учидан –
Яна тўрга
Тушади
Балиқ.

А.Қутбиддиннинг 1984 йили ёзилган “Наҳрларда этаги йиртиқ” мисралари билан бошланувчи шеърида абстракт, ўта рамзийлаштирилган тасвирни кўриш мумкин. Ўқувчи шеърнинг бадиий-ғоявий мағзини учинчи банддаги биргина мисра – “Муқаннани сотган хиёнат” орқали илғаб олади. Демак, шеър муайян тарихий воқелик ҳақида. Бу ўринда биз учун муҳими, тарихий воқеликнинг муайян тасвирда, тасвир бўлганда ҳам модернизмга хос абстракт йўсинда ифода этилганидир. Шеърни ўқиркансиз, шоир тасвирлаётган манзаралар билан Муқанна қисматини уйғунликда кўра бошлайсиз. Биринчи бандда кучли довул, момақалдироқ, чақмоқ тасвирланган бўлса, иккинчи бандда дарёнинг қоядай кўтарилаётган тўлқинларини кўрасиз. Айни дамда, шоир кичик деталлар билан Муқанна қисматининг характерли ўринларига урғу бериб ўтади: “Сапчиётган тўлқин учидан – Яна тўрга Тушади Балиқ”. Шоир шеър матнида тарихий воқеликка ишора қилса-да, аслида, ўз даври воқеаларига юзланаётганини англаш қийин эмас. У Муқанна сиймосида нафақат ўзини ва зиёлиларни, балки бутун халқни кўраётган бўлиши ҳам мумкин.

А.Қутбиддин ижодида шеъриятимизда биринчилардан бўлиб модернистик тасвир тўлақонли намоён бўлди. Ундан олдинги шоирларнинг шеърларида муайян модернистик визуал образлар яратилган бўлса, А.Қутбиддин бутун тасвирни, бутун манзарани модернистик услубда “чизади”:

Қор гулхани…
Биғиллаб қайнаётган човгун…
Бўғотларда ҳакалаб юрган қиш…
Қор чақмоғи…
Этаги куйган изғирин…
Қор бўрони… 
Ўйин тушаётган аёл…
Чарх уриб… Чарх уриб…
Чарх уриб…

“Тасаввур лаҳзалари” шеърий туркумидан олинган ушбу парчада шоир қиш манзараларини бу фаслга хос бўлмаган кўринишлар билан (“Қор гулхани…”, “Қор чақмоғи…” в.б.) тасвирлашга уринган. Албатта, бу ўринда муайян манзарани, шоир мақсад қилган бадиий ғояни англаб олиш жуда қийин. Чунки биз шундоқ ҳам тушуниш мушкул бўлган мисраларни катта ҳажмли шеър­дан ажратиб олганмиз. Аммо “Тасаввур лаҳзалари” шеърини тўла ўқиб, гап 90-йилларнинг аччиқ ҳаёти ҳақида кетаётганини тушунган ўқувчи юқоридаги “мантиқсиз” парчада ҳам муайян манзарани кўради, асосийси, лирик субъект кайфиятини ҳис қилади. Зеро, 90-йиллар ҳаёти ижодкор наздида шу каби алғов-далғов, сира ўхшаши йўқ манзаралардан иборат эди. Шоир ҳали ўзи ҳам тушуниб улгурмаган ҳаётий, ижтимоий манзараларни шу каби нореал тас­вир билан ифодалайди. Бу шеърнинг ифодавий ўзига хосликлари модернизмнинг дадаизм оқимида ижод қилган мусаввирларнинг картиналарини ёдга солади.

Ўзбек модерн шеъриятининг яна бир ёрқин намояндаси сифатида шоир Фахриёр эътироф этилади. Фахриёр ўзбек шеърхонини янгича образлар олами билан таништирган, ўз ташбиҳлари билан замонавий ўқувчи дидини ўстира олган саноқли ижодкорлардан бири. Шоир чизган манзаралар ўзига хослиги, ёрқинлиги, асосийси, ноодатийлиги билан ажралиб туради:

кўйлагини ечаётган аёлдай
тунни йиғиштириб олар табиат
борлиқ устидан
ва уни
фаришталар тахмонига солиб қўяди
тун худонинг омонати
юлдузлар омонатга тушган куядир
тунни илма-тешик қилиб ташлар юлдузлар

Фахриёрнинг “Тонг ташбиҳлари” номли шеъридаги образларни реал олам кўринишлари билан фақат узун ассоциатив занжир воситасидагина боғлаш мумкин. Шеърда туннинг тонгга яқин, осмондан юлдузлар бир-бир “терилаётган”, аста-секин қоронғуликнинг қуюқ ранги йўқолаётган паллалари тасвирланган. Бунда шоир, аввало, ўқувчини туннинг либос (мато) эканлигига ишонтириб олади. Шу боис энди ўқувчи бемалол юлдузларнинг куяга менгзалишини ҳам ҳазм қилади. Гўёки юлдузлар – куя, улар мато (осмон)ни илма-тешик қилиб еган, унда туйнукчалар ҳосил қилган. Мато ортида эса чексиз ёруғлик бор. Ҳар кеча, тун кўйлагини кийганида ёруғлик нурлари шу туйнук (юлдуз)лардан ўтиб келади…

Ўзбек модерн шеъриятининг рангтасвир билан алоқалари Баҳром Рўзимуҳаммад ижодида яққол кўринади. Б.Рўзимуҳаммад ўзининг тас­вирий лиракасида модернистик ифода услубларидан унумли фойдаланади. Аниқроғи, шоирга “ўтиш даври” уйғотган кайфиятни ифодалашда модернистик услуб жуда қўл келади. Шу маънода Б.Рўзимуҳаммаднинг тасвирий шеъриятида лирик қаҳрамон руҳий оламини, унинг кайфиятини ифодалаш биринчи планда туради.

Б.Рўзимуҳаммад шеъриятидаги тасвирлар модернизм оқимларининг манифестига жуда мос келади. Шоир шеърларидаги тасвирни модернист мусаввирнинг муайян картинаси билан бемалол таққослаш мумкин. Б.Рўзимуҳаммад ижодини диққат билан кузатар экансиз, шоир ифодада модернизмнинг назарий асосларига таянганига шубҳа қилмайсиз. У ўзининг “Чўлпон – тонг юлдузи демак” номли китобида санъатларнинг ўзаро якдилликда талқин қилиниши, ҳис этилиши, модерн шеъриятни тушунишда асосий калит эканини таъкидлайди. Бундан анг­лашиладики, шоир модернизмнинг синтетик ҳодиса эканини назарий билимлари эвазига яхши тушунади, ҳис қилади. Унинг тасвирий лирикасини модернизм­нинг рассомчиликдаги турли оқимлари билан қиёслаб, шоирнинг аксар асарлари шеърият ва рангтасвир ўртасидаги бадиий синтез асосида яратилганига гувоҳ бўлиш мумкин:

Тонг ўрнига нимадир отибди
бир эмас жуда кўп кундузлар жимирлар
тўртбурчак учбурчак кундуз ва кундузчалар
баъзиси ним пушти баъзиси жигарранг
баъзиси тундек қоп-қора
рангсиз баъзиси…

1905 йили Парижда бир гуруҳ ёш рассомларнинг ижодий кўргазмаси очилади. Ўзларини жамоатчиликка фовист мусаввир сифатида таништирган бу ижодкорлар чиндан ҳам рангтас­вирда катта бурилиш ясаган эдилар. Фовизм модернизмнинг дастлабки оқимларидан бири сифатида эътироф этилади. Фовистлар тасвирга, аввало, жуда қуюқ рангларни олиб кирадилар ва тасвирланаётган объект шаклини бузишга уринадилар. Шу сабабли фовистлар тасвирида синиқ чизиқларни, баъзан, геометрик шаклларни учратиш мумкин эди. Шоир Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Тонг ўрнига нимадир отибди” мисралари билан бошланувчи шеърида айнан фовизм оқимига хос тасвирийликни учратиш мумкин. Шеърда шоир лирикадаги анъанавий пейзаж тасвирларидан умуман фарқ қилувчи манзарани чизади. У табиатни турли геометрик шакллар воситасида (“тўртбурчак”, “учбурчак”), ўзига хос, ноодатий ранглар билан ифодалашга уринади. Албатта, табиат ўз ҳолича ҳам жуда гўзал, аммо унинг инсон кўзларидан яширин баъзи гўзалликлари ҳам борки, буни санъаткоргина бошқаларга кўрсата олади.

Баҳром Рўзимуҳаммаднинг “Ёз кечаси” номли шеърида энди сал бошқачароқ, аммо ноодатийликда олдингисидан қолишмайдиган манзарани кузатиш мумкин:

Чирилдоқ овози
ой нурига илашиб
чувалди қолди…

Шеърни ўқиркансиз, тахайюлда айнан ниманинг гавдаланаётганини тушунолмай ҳалак бўла бошлайсиз. Сиз реал ҳаётда кўришингиз ва эшитишингиз мумкин бўлган тун, ой ва чирилдоқ овозлари бирданига қоришиб, тасаввурда ўзига хос тасвирни ҳосил қила бошлайди. Агар бу шеърдаги “манзара”ни реал тасвирга “ўгирсак” осуда тунни, нурафшон осмонни – Ойни ва даланинг ҳар-ҳар жойида чириллаб тундаги сокинликни бузаётган чигирткаларни кўришимиз мумкин. Аслида, шоир манзарани жуда ҳам топқирлик билан, ўта нозик дид билан “чизмоқ”да. Чунки бундай нурафшон тун манзарасида фақат Ой ҳукмдорлик қилиши мумкин. Яъни Ойнинг ёрқинлиги тун бағрида жамики нарсани пардадай тўсиб қўяди. Лекин фақат “чирилдоқ” овозигина унга қарши чиқиши, Ой нури билан беллашиши мумкин. Аммо тасаввурни ишга сола олмасангиз, мазкур лирик манзарада ҳеч нарсани кўра олмаслигингиз аниқ. Зеро, бу тасвирда муайян композиция мавжуд эмас. Унда фақат ой нурига “илашиб, чувалашиб” қолган чирилдоқ овози бор, холос. Бу тур тасвир модернизмнинг дастлабки оқимларидан бўлган экспрессионизм­нинг ифода тамойилларига яқин туради. Экспрессионист мусаввирлар тасвирда предметлар шаклини бузишга, номутаносиб ранглар “уйғун”лиги асосида реал композицияни тўзғитишга уринганлар.

Модернизмнинг яна бир катта йўналиши сифатида абстраксионизмни кўрсатиш мумкин. Бу йўналиш ўзида модернизм оқимларига хос барча хусусиятларни жамлайди. Мутахассислар абстраксионизмни “предметсиз тасвир” деб ҳам аташади. Ҳақиқатан ҳам, бу йўналишга мансуб суратларда ҳеч қандай предмет тасвирланмаслиги мумкин. Абстраксионизм ҳам модернизм­нинг илк оқимлари билан бир қаторда вужудга келган. Унинг намояндалари фотография мавжуд оламнинг реал кўринишларини лаҳзага муҳрлаши мумкин, аммо олам моҳиятини тасвирда фақат ўзлари, яъни абстрактсионист­ларгина ифодалашга қодир деб билганлар. Кўпроқ рассомчиликда оммалашган бу оқимда мусаввирнинг лирик, айни дамда пароканда қалб кечинмалари акс эттирилган. Картиналарда саросимага тушган, шу билан бирга, мутлақо ёлғиз кишилар қалби тасвирланган. Абстраксио­низмнинг бошқа йўналишлардан фарқи унда лиризмнинг мавжудлиги эди. Мусаввир картинада жудаям эркин, “тўлқинланиб”, “сузиб” турган шаклларни турли “тебранма” ранглар воситасида ифодалашга уринган.

Эътибор берилса, Б.Рўзимуҳаммаднинг “Ёмғирда ивиган…” мисраси билан бошланувчи қуйидаги шеърида тасвирнинг деярли предметларсиз эканига гувоҳ бўлиш қийин эмас:

Ёмғирда ивиган
ўрик гулини
хўроз қичқириғига ўраб ушладим

гир атрофда шафақ
қуёшдан нур эмас
қон томаётгандек

оппоқ пар
икки ранг ҳокимлиги
мен ва теварак…

Кўряпмизки, шоир жудаям катта, кенг кўламли манзарани бир-икки детал билан “чизишга” муваффақ бўлади. У тасвирда, мусаввирона таъбир билан айтганда, минимализм тамойилига амал қилган. Шеърни ўқиркансиз, кўз олдингизда табиатнинг гўзал манзараси гавдалана бошлайди. Аммо ниманинг эвазига? Аслида, шеърдаги айни шу жиҳат уни абстраксионист мусаввирлар чизган картиналарга яқинлаштиради. У бир-икки тасвирий элемент билан кўз олдингизда бутун манзарани гавдалантира олади. Ўқувчи деталлар воситасида умумийликни эмас, балки умумлаштирувчи тасвир асосида бошқа предметларни кўриши мумкин. Масалан, “ўрик гули” баҳордан, “хўроз қичқириғи” тонгдан, қуёш ёмғирнинг тинганидан ва осмоннинг ўта мусаффо эканлигидан, оппоқ парлар эса қуёшнинг тафтидан далолатдир…

Рассом ўйлаб топган
бу қора ранг қоп-қораки
унга чизсанг тун кўринади
Бемалол чизаверинг қора мушукни
айниқса думини
қилларини…

Б.Рўзимуҳаммаднинг “Рассом ўйлаб топган” мисраси билан бошланувчи шеъри абстраксио­нистик ифода учун яққол мисол бўла олади. Шеърни ўқиркансиз, беихтиёр машҳур рус мусаввири Казимир Малевичнинг абстраксионизм йўналишидаги “Қора квадрат” картинаси ёдга тушади. Дунё санъатида ўзига хос мавқега эга бўлгал “Қора квадрат” сурати фақат қуюқ қора рангдан ташкил топган.

Шоир ҳам худди “Қора квадрат”нинг муаллифи каби фақат қора рангнинг аҳамиятини кўрсатишга уринган. Яъни у назарда тутган қора ранг шу қадар қораки, унинг устига бемалол қора бўёқ билан тунни чизиш мумкин. Шунда ҳам тун зулмати ажралиб, кўриниб туради. Бу ранг шу қадар қораки, агар чизсанг, унда мушук думидаги тим қора толалари ҳам ёрқин бўлиб кўринади… Шоир ҳатто рангни тасвирлай олмоқда. У битта яхлит рангга эстетик жозиба бағишлашга эришмоқда.

Санъат – ижтимоий ҳодиса. Ижодкор қайси даврда, қандай шароитда ва қандай истакда асар яратмасин, унда барибир ижтимоийлик акс этаверади. Чунки ижодкор – шахс мавжуд жамиятнинг бир бўлагидир. Шу маънода, ўзбек модернизмига муайян миллий-ижтимоий кайфиятнинг меваси сифатида қараш тўғри бўлади. Шундай экан, биз Ғарб модернизми ўзбек заминида айнан такрорланган дейиш фикридан йироқдамиз. Лекин 90-йиллардаги ижтимоий-маданий ҳаёт миллий адабиётимизда модернизмга хос бўлган хусусиятларнинг вужудга келишига туртки бўлди. Бунинг натижасида замонавий ўзбек шеърияти янги номлар, бетакрор асарлар билан бойиди.

«Ёшлик» журнали, 2018 йил, 9-сон

_________________

[1] Қуронов Д., Мамажонов З., Шералиева М. Адабиётшунослик луғати. – Т.: Akademnashr, 2010. – Б. 201.

[2] Норматов У. Умидбахш тамойиллар // Шарқ юлдузи, 1993. – № 10–11. – Б. 182.