ХХ аср жаҳон адабиётининг улкан намояндаларидан бири, Халқаро Нобель мукофоти совриндори Ҳерманн Ҳессе (1877-1962) асарлари энг кўп мутолаа қилинадиган олмон адибларидан саналади. Унинг қатор роман, қисса, ҳикоялари, шеърлари, сиёсий, адабий-танқидий руҳдаги асарлари чоп этилган. Улар орасида, айниқса, “Чўл бўриси”, “Маржонлар ўйини”, “Демиан” каби китоблари довруғ қозонган. “Ғилдираклар остида” романи, “Нюрнбергга саёҳат” сафарномаси, “Курортдаги киши” қиссаси ва бошқа кўпгина асарлари ҳам машҳур. Адибнинг китоблари дунё миқёсида 55 тилда 100 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилган. Ҳ. Ҳессе 1946 йилда Швеция Қироллик академияси томонидан “инсонпарварликнинг мумтоз ғояларини ўзида тобора яққол намоён этаётган жўшқин ижоди, шунингдек, ёрқин услуби учун” Нобель мукофотига муносиб топилган.
Ҳерманн Ҳессе 1877 йил 2 июлда Калв (Вюрттемберг)да Йоҳаннес Ҳессе ва Мария Гундерт оиласида иккинчи фарзанд бўлиб дунёга келди. Отаси келиб чиқишига кўра болтиқбўйилик немис, онаси швейцариялик хонадонга мансуб эди. Ҳессенинг отаси маълумотли миссионер бўлиб, аввалига Ҳиндистонда қайнотаси Ҳерманн Гундертнинг ёрдамчиси сифатида фаолият юритган бўлса, кейинчалик Калвда ноширлик ишлари билан машғул бўлган.
Гарчи Ҳессе умрининг талайгина қисми чет элларда, ёт ўлкаларда ўтган бўлса-да, у ўзи туғилиб ўсган ватанини улкан қалб ила севган. “Агар мен шоир, ёзувчи сифатида ўрмон, дарё, қир-адиру кўкаламзорлар, каштан соялари ёки арчазорлар ҳақида ёзган бўлсам, билингки, улар Калвнинг қалин ўрмони, Нагольд дарёси, ажойиб каштанзорлари ва арчазорларидир. Буларнинг барчаси, ҳаттоки бозор майдони, кўприк ва кўчалар ҳам менинг китобларимдан жой олган. Мен Бремен, Неаполь, Вена, Сингапур каби дунёнинг гўзал ва улкан шаҳарларида бўлдим. Бироқ мен кўрган ҳамда билган шаҳарлар орасида энг гўзали Нагольд бўйида жойлашган мўъжаз гўша – Калв шаҳри бўлиб қолаверади…”
Ҳ.Ҳессе нафақат машҳур ёзувчи, балки ҳассос шоир ва мусаввир ҳам бўлган. Ҳ.Ҳессенинг илк китоби 1899 йилда нашр этилган – “Романтик қўшиқлар” назмий тўплами бўлиб, ундаги шеърлар соддалиги, самимийлиги ва оҳангдорлиги билан ажралиб туради.
Адиб кўҳна Шарқ оламига, Шарқ адабиёти ва фалсафасига алоҳида муҳаббат билан муносабатда бўлган, хусусан, ҳинд ва хитой мифологияси унда катта қизиқиш уйғотган. Шу ўринда унинг 1911 йилнинг кузида Ҳиндистонга сафари натижасида ёзилган “Сиддҳартҳа” романи (“Ҳинд достони”) кўҳна Шарқ фалсафаси ва маънавияти эътирофининг маҳсули эканини таъкидлаш жоиз. Ҳ.Ҳессе яна бир машҳур асари – “Маржонлар ўйини” романида Шарқ ва Ғарб донишмандлигини бирлаштириб, синтез усулини қўллашга муваффақ бўлади. Адибнинг маънавий-маърифий йўналишда яратилган асарларидан бири – “Ғилдираклар остида” номли романида қобилиятли бир ўқувчининг фожиали тақдирини очиб бериш орқали жамият ва шахс ўртасидаги зиддиятлар, жумладан, жамият, маориф ва мактабнинг ёш авлод тарбияси олдидаги юксак бурч ва масъулияти каби долзарб масалалар хусусида фикр юритилади. “Нюрнбергга саёҳат” сафарномаси ва “Курортдаги киши” қиссаси ҳам мазкур йўналишда яратилган асарлар сирасига киради. Сафарномада ёзувчининг 1924 йилнинг кузида Тессиндан Нюрнбергга қилган икки ойлик саёҳати қизиқарли тарзда баён этилади. Қиссага эса унинг Цюрих яқинидаги курорт шаҳарча Баден билан боғлиқ хотиралари асос қилиб олинган. Ушбу асар мазмун-моҳиятига кўра, муаллифнинг ўз шахсий муаммолари, руҳ билан вужуд орасидаги, шахс ва жамият ўртасидаги зиддиятлар ҳақида одатдаги бадиий тўқималар воситасида эмас, балки автобиографик қисса шаклида ҳикоя қилишга бўлган илк уриниш сифатида таассурот уйғотади.
Илк бор 1927 йилда босилиб чиққан “Чўл бўриси” романи теран психологик асар бўлиб, муаллифга оламшумул шуҳрат келтирди. ”Чўл бўриси”да ўз-ўзини таҳлил қилиш ва ҳал этилмаган маънавий-руҳий зиддиятларни енгиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар қаламга олинади. Унда муаллифнинг аввалги асарларида озми-кўпми акс эттирилган Руҳга мурожаат этиш услуби ўзининг якуний ҳамда тўлақонли ифодасини топган. Ёзувчи Томас Манн ушбу роман ҳақида шундай деган эди: “Чўл бўриси” экспериментал дадилликда “Улисс” ва “Faux Monnayeurs” сингари асарлардан қолишмайдиган китоб эканлигини айтиб ўтиришга ҳожат бормикин? “Чўл бўриси” менга анчадан буён ҳақиқий китоб мутолааси нималигини қайтадан ўргатган асардир.”
Дарҳақиқат, мазкур роман Ҳессе ижодининг дурдонаси ҳисобланади. Адиб ушбу асар устида 1924 – 1927 йиллар мобайнида ишлаган ва у китоб ҳолида дастлаб Фишер нашриётида 1927 йилнинг ёзида – ёзувчи 50 ёшга тўл-ган чоғида босилиб чиққан. Асарнинг яратилиши кўп жиҳатдан адиб ўтган асрнинг йигирманчи йилларида ўз бошидан кечирган руҳий инқироз билан боғлиқдир. Рут Венгер хоним билан бўлган никоҳнинг барбод бўлиши, ижо-дий ишларнинг мажбуран тўхтаб қолиши, ўша даврдаги пул қадрсизланиши ва бошқа иқтисодий қийинчиликлар билан боғлиқ танг аҳвол, шунингдек, Германиядаги сиёсий вазият – буларнинг барчаси ёзувчини тушкун бир ҳолатга, боши берк кўчага олиб киради.У ўзини чиндан ҳам ёлғиз, ҳорғин ва ҳолдан тойган “чўл бўриси” янглиғ ҳис эта бошлайди.
Бироқ яна шуни алоҳида таъкидлаш жоизки,“Чўл бўриси” ёзиб қолдирган эсдаликлар ёлғизланиб қолган невротик хастанинг шунчаки “патологик ёзишмалари”гина эмас, балки янада муҳимроқ бир нарсаки, у муайян давр ҳужжати, ”давр хасталиги”, яъни “Ҳаллер мансуб бўлган авлод чалинган невроз касаллиги тарихи” ҳамдир. Ҳессе ана шу хасталик аломатларини чуқур таҳлил қилиб, аёвсиз фош этади. Романнинг сўнгсўзида шундай сатрлар бор: “Мен, албатта, китобхонларга ушбу қиссамни қандай тушунишлари хусусида маслаҳат бера олмайман ва бермоқчи ҳам эмасман. Ҳар бир ўқувчи ундан ўзига керакли ва фойдали хулосани ўзи чиқариб олаверсин! Чўл бўриси ҳақидаги ҳикоя, гарчи хасталик ва тангликни тасвир этса-да, бироқ бу хасталик ўлимга олиб бормайди, бу танглик таназзул эмас, балки аксинча: шифо, даво, муолажадир.”
“Чўл бўриси” романида Ғарб ва Шарқ ғоялари, Ғарб ва Шарқ фалсафаси, шу билан бир қаторда инсоннинг ўз мураккаб “мен”ига бўлган қувноқ ва вазмин муносабати, ўз-ўзини билиш ва англаш, ўз-ўзини топиш сари концепция ёрқин ифодасини топган. Бу эса Ҳессенинг Шарққа, Шарқ фалсафаси ва анъаналарига азал-азалдан ихлоси ҳамда ҳурмати сарбаланд бўлганлигидан далолатдир. “Чўл бўриси” – теран мазмун ва чуқур фалсафий мушоҳадаларга бой психологик асар бўлиб, тили ҳам шунга яраша мураккаб дейиш мумкин, бироқ бу нарса асарнинг китобхон томонидан енгил ва равон ўқилишига асло монелик қилмайди.
“…Мен бутун бир асрлик олмон адабиёти билан шу қадар батафсил танишиб чиқдимки, – деб ёзади Ҳерманн Ҳессе ўзининг “Жаҳон адабиёти кутубхонаси” номли мақоласида, – ҳатто мутахассислар ҳам у билан менчалик кенг танишмаган бўлсалар керак. Бир қисми аллақачонлар эскириб кетган бу китоблардан мен учун бениҳоя қадрдон бўлган жонажон она тилим – олмон тилининг муаттар бўйи уфуриб турарди. Бу тил айни ХVIII асрда ўзининг гуллаб-яшнаш даврига қадам қўйиш арафасида турган эди. Олмон тилини мен ана шу мажмуалардан, ана шу чанг босиб ётган романлару қаҳрамонлик достонларидан ўрганганман.”
Ўзини у ёки бу миллат намояндаси деб билган ҳар бир киши учун Ҳессенинг қуйидаги фикрлари ҳам ибратомуздир: “Ўз тилини яхши билмаган, уни севиб ардоқламаган, парваришламаган ва ҳимоя қилмаган халқнинг шоири бўлиш уятдир.”
Чиндан ҳам Ҳессе асарларидан кўп нарсани ўрганиш мумкин.Унинг тили ширали, таъсирчан, камалак янглиғ турфа бўёқларга, тагдор, нозик қочиримларга, рамзлар, ўткир ибораларга, теран мазмун ва фалсафий мушоҳадаларга, фантазияларга бой. Бундан ташқари, адибнинг ҳар бир асари зиммасидаги “юк” ниҳоятда салмоқли.
Ёзувчи Ҳерманн Ҳессенинг бутун ҳаётини ҳам бағрикенглик ва сабр-қаноат билан яшашнинг намунаси, деб аташ мумкин. Адиб бутун умри мобайнида ўз ижодига суяниб яшади.У асарларида илгари сурган бутун дунёда тинчлик, хавфсизлик, ҳамкорлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатликка эришиш ғояларига бугун жаҳондаги барча халқлар, эл-элатлар интилиб яшаётганининг шоҳиди бўлиб турибмиз. Бу эса ёзувчи ижодининг умрбоқийлигига яна бир далилдир.
Шуниси қизиқки, Германиянинг ўзида Ҳессе ижодига адабий танқиднинг муносабати аксарият ҳолларда салбий бўлган. Адиб номи ўтган асрнинг иккинчи ярмида, айниқса, 1946 йили унга Нобель мукофоти берилгандан сўнг, бутун дунёга танилди. Ҳарвард университетининг собиқ профессори Тимоти Лири шундай деган эди: “Чўл бўриси”нинг якуний қисми бебаҳо дарсликдир.”
Улуғ адиб Ҳерманн Ҳессе 1962 йил 9 август куни 85 ёшида Монтаньола (Швейцария)да вафот этди. Унинг қолдирган бой маънавий мероси ҳали кўплаб авлодлар қалбидан ҳам муносиб ўрин олишига шак-шубҳа йўқ.
Мирзаали Акбаров тайёрлади
“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 7-сон