Раъно Иброҳимова. Жаҳон адабиёти ва фантастика

Абулқосим Фирдавсий ўзининг машҳур “Шоҳнома” достони бошланишида Эрон салтанати равнақини, шу билан бирга бутун инсоният тараққиётининг энг муҳим босқичларини ҳам реалистик услубда, ҳам бадиий-фантастик воқеалар орқали тасвирлайди. Севимли фарзанди Сиёмакдан айрилганига қайғуриб, дод-фарёд билан яшар экан, унга Олий тангри Хурмузд (“Авесто”да Ахурамазда — Р.И.) ёрдамга келади. У Қаюмарс ҳузурига элчиси — фаришта Сурушни юбориб, уни юпатади. Қаюмарснинг набираси, Сиёмакнинг ўғли Хушанг улғайиб, улуғ баҳодир бўлиб етишади, девларни тор-мор келтириб, отасининг ўчини олади. Бу ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Фирдавсий бу воқеада илоҳий кучларнинг аралашуви каби фантастик ҳодисани ҳаётда бўлган реал ҳодиса деб, ишонч билан тасвирлайди. Шу воқеада баҳодир Хушанг қўшинида ўргатилган арслон, йўлбарс, қоплонларнинг қатнашуви каби фантастик тасвир ҳам бор. Бизнингча, бу тасвирда арслон ва йўлбарс каби кучли йиртқич ҳайвонлардан аждаҳо ва девлар ҳам қўрқади, деган қатъий бир ишонч сингдирилган. Ўз навбатида, ёвуз Аҳриман ҳам Хушангни ва жангчиларини қўрқитиш учун одамларни чирпирак қилиб осмонга кўтариб, учириб кетиши мумкин бўлган қуюн ва ғайритабиий қўрқинчли шовқинлардан фойдаланади.

Мана шу жангда Аҳриманнинг ўғли — ёш дев билан баҳодир Хушанг яккама-якка олишади ва уни ҳалок этади. Яна бир фантастик тасвир — ёвузлик подшоҳи Аҳриманнинг кучли ва қўрқинчли ўғиллари бўлиши мумкин деб тасаввур қилиш, умуман ёвузлик кучларининг кўплигини билиш билан боғлиқдир.

“Шоҳнома”да зардўштийликдан ҳам аввалги оташпарастлик диний эътиқодининг вужудга келиши, оловнинг кашф этилиши фантастик тасаввурлигидан ташқари, ёвуз кучларга қарши кураш жараёнида юз берган тасодифий ҳодиса билан боғлиқ деб тасвирланиши қизиқарлидир.

Фирдавсийнинг тасвирлашича, Хушанг кашф этган деб ҳисобланадиган олов зулматли кечаларни ёритиб, паноҳ, бошпана бўлиши ҳам одамларда унга нисбатан ҳурмат уйғотади. “Шоҳнома” достонида тасвирланишича, қадимги одамларнинг ибтидоий тасаввурига кўра, кечалари олов ёқиш тонгда қуёшнинг чиқишига ёрдам берармиш. Бу тонготар байрамни эронийлар сада байрами деб атайдилар.

Қадимги шарқ халқларининг фантастик тасаввурларига кўра, дашту далаларга ёмғир ёғдирувчи булутлар Олий тангри Хурмузднинг гўзал хотинларидир. Шу тасаввурларга кўра, бу аёллар Ноҳид юлдузидаги дарёда яшайдилар ва Ердаги дарёлар қуриб қолмаслиги учун, доимий равишда, ўз вақтида қор, ёмғирларни ёғдириб турадилар. Шунинг учун қадимгилар қор, ёмғирни ҳам муқаддас деб билганлар.

Ёвузлик тимсоли Аҳриманнинг содиқ хизматкори Апаоша исмли Иблис гармсел шамолини пуркаб, экинзорларни куйдириб юборади. Қурғоқчилик, очарчилик бошланади. Лекин Ер сайёраси Сириус юлдузи буржидан ўтаётган вақтда Эзгулик тангриси Хурмузд юборган паҳлавон Тир қурғоқчилик Иблисини енгади. Яна ёмғир ёғиб, далалар яшнаб кетади.

Фирдавсийнинг “Авесто”даги диний таълимотга асосан тасвирлашича, Вритра исмли Ёмонлик деви осмонни ёмғирсиз қора булутлар билан қоплаб, узоқ вақт Қуёш нурини заминга ўтказмай қўяди. Лекин Баҳром (Марс) сайёраси даҳшатли чақмоқлар юбориб, Вритрани ўлдиради, Ерни яна Қуёш қиздира бошлайди.

“Авесто”нинг муқаддас қонун-қоидаларини яхши билган Фирдавсий “Шоҳнома”да тасвирлашича, қадимги одамлар Қуёш нур сочган кундузни яхши кўриб, қоронғу кечадан қўрқар эдилар. Уларнинг фантастик тасаввурича, аниқроғи, диний эътиқодига кўра, қоронғу кечалари ёвуз Аҳриман юборган ажиналар, ёвуз руҳлар одамларни адаштириш, ҳалок этиш учун хилват жойларда изғиб юрадилар. Одамлар улардан қўрқиб, кечалари билан ухламай, жинларга қарши дуо ўқиб чиқадилар. Агар ухлаб қолсалар, яхшилик келтирувчи Пародарш исмли қуш қичқириб, ажина ва бошқа ёвуз руҳларни ҳайдаб юборади.

Қоронғу кечаларда одамларнинг осойишталигини қўриқлаб, қичқириб турадиган бу қуш Ҳаққуш (Феникс) ёки бойўғли (Филин) бўлиши мумкин.

Қадимги оташпарастларнинг эътиқодига кўра, ҳар бир уйда яхшилик фаришталари Фравашалар яшайди ва хонадон эгаларини ёвуз руҳлардан ҳимоя қилади. Фравашалар ва бошқа эзгу руҳлар турли қушлар ва ҳайвонлар қиёфасида одамларни, уй-жойларни, чорва молларини ва экинзорларни қўриқлар эдилар.

Қадимги оташпарастлар тасаввурича, тоғ йўлларида одамларнинг оғирини енгил қиладиган эшаклар ҳам муқаддас ҳайвон ҳисобланган. Уларнинг тасаввурича, Варахша кўлида (дарё ёки денгизида)яшовчи уч оёқли, олти кўзли Хара исмли эшак олтин шохи билан одамларга зарар етказувчи ҳайвонларни сузиб, ҳалок этади. Эшак Хара ҳанграётганида одамларга фойдали уй ҳайвонлари болалайди, ёмон ҳайвонларнинг болалари туғилмай, она қорнида ўлиб кетади.

Фақат ҳинд халқи учунгина эмас, балки бутун дунё адабиётининг дурдона бадиий асарларидан бўлган “Маҳобҳорат” достонида ҳам ибратли ҳаёт манзаралари, ғаройиб воқеалар бадиий-фантастик бўёқларда тасвирланади.

Абу Райҳон Беруний бу шоҳ асарнинг қадимий Ҳиндистон халқларининг диний эътиқодлари билан боғланган бадиий-фалсафий мазмунини чуқур очиб берган. Экин ва насл қолдириш билан дунё тўлиб бораверади, — деб ёзади Беруний “Ҳиндистон” китобининг 47-бобида, гарчи дунё чекланган бўлса ҳам, кунлар ўтиши билан бу икки ўсиш (экиш ва насл қолдириш) натижасида кўпайиш чекланмайди. Агарда ўсимликлардан ёки жониворлардан бирор хилининг ўсишига шароит бўлмай, ўсиш (ва кўпайиш — Р.И.)дан тўхтаса ҳам, бошқаларида бу аҳвол бўлавермайди (яъни, улар ўсиб, кўпайишда давом этади. Уларнинг ҳар бири вужудга келишда бирдан пайдо бўлиб, йўқолишда эса бирдан йўқолиб кетмайди). Бу фикрлари билан Абу Райҳон Беруний Европа файласуфлари — Г.Гегел, Л.Фейербах ва бошқалардан кўп асрлар илгари оламдаги барча ҳодисаларнинг сабабият ва оқибат, тасодиф ва зарурият, ўзаро алоқадорлик каби диалектика қонуниятларини кашф этганини кўрамиз. “Агар ер юзини бир хил дарахт ёки бир хил ҳайвон бутунлай қоплаб олса, бу ҳолда (кўпчилик) ҳайвонларнинг кўпайишига ҳам, бошқа дарахтларнинг ўсишига ҳам ўрин қолмайди. Шу сабабли деҳқонлар экинларини ўтоқ қилиб, кераксизини юлиб ташлайди. Асаларилар ҳам ўз жинсидан бўлатуриб, ишламай, кўзачадаги асални бекорга еб ётадиганларини ўлдириб ташлайди”1 .

Шуниси муҳимки, Беруний ҳинд халқ эпосида тасвирланган бадиий-фантастик воқеа-ҳодисаларга жиддий илмий нуқтаи назардан ёндошади. У ана шу фантастик ҳодисаларни, хусусан Васудева воқеасини, баъзилардек, чўпчак, афсона демайди, балки уларга инсоният маънавий тараққиётининг муҳим муаммолари сифатида қарайди ва таҳлил этади. Бизнинг назаримизда, Васудевани ислом мифологиясига кўра, Ер юзида адолат ўрнатиш учун юборилган фаришта дейиш мумкин. Лекин Васудева каби буюк зотларни ҳинд халқлари, мушриклар эътиқодига кўра, жуда кўп “худолари”дан бири деб ҳисоблайдилар. Беруний эса, Васудева ҳаётини табиатдаги ўсиш, ўзгариш, бузилиш ва тузалиш каби тараққиёт босқичлари сифатида талқин этади. Беруний шу тариқа ҳиндларнинг буюк эпосига жиддий эътибор ва чуқур ҳурмат билан қарайди. Беруний табиат, асаларилар ҳақидаги фикрларни инсоният жамиятидаги тараққиёт ва таназзул ҳодисаларига таққослаб, жамият тараққиёти табиатдагига ўхшамай, мутлақо бошқача эканлигини тушунтирди.

Абу Райҳон Беруний “Ҳиндистон” китобининг “Васудева” тўғрисида ва Бҳарата урушлари баёни деб аталган 47-бобида “Маҳобҳорат” асарининг мазмунини муфассал баён ва шарҳ қилади.

Матҳура шаҳрининг золим ҳокими Канс синглиси Девакининг тўйида ғойибдан “Сенинг ўлиминг синглингнинг боласи тарафидан бўлади” деган нидони эшитади. Шундан сўнг золим ҳоким синглиси туққан қиз ва ўғил болаларнинг барчасини ўлдиртираверади. Девакининг фақат саккизинчи фарзанди Васудева Худонинг марҳамати билан ўлмай қолади. Девакининг эри (машҳур лашкарбоши) золим подшоҳни алдаш йўлини топди. Иложини қилиб, саккизинчи ўғлини (Васудевани) подачининг хотинига бериб юборади. Бу аслзода бола пойтахтдан йироқда, қишлоқда яшай бошлайди.

Кришна исмли бу бола тимсолида худо Вишнунинг ўзи намоён эди. Унга “Худолар” томонидан ёвуз Кансни ўлдириш топширилганди. Шу боисдан унга сеҳрли хислатлар ато этилган эди. Болага битмас-туганмас куч, зўр донишмандлик, тенгсиз ҳусн ва истагига кўра ўз қиёфасини ўзгартира олиш санъатини бағишладилар.

Канс кўп ўтмай, (синглиси) Деваки ўз болаларидан бирини яширганлигини билиб қолади. Бироқ, боланинг қаердалигини, уни қандай топишни билмайди. Канснинг жизғанаги чиқади, итдек қутуради, мамлакатдаги барча чақалоқларни ўлдиришни буюради. Канснинг мулозимлари буйруқни шафқатсизлик билан бажарадилар.

Фуқароларнинг йиғи-сиғилари оламни тутиб кетади. Канс барча девларни чақириб, Кришнани (Васудева)ни ахтариб топишни, ҳар қандай йўл билан уни ўлдиришни буюради.

Кришна ҳали ёшига тўлмаган эди, девнинг хотинларидан бири унга заҳарли сут бериш учун яширинча келади. Бола бешикда қуруқ қовоқдан ясалган кичкина шалдироғини ўйнаб ётарди. “… Кришна девнинг айёрлигини фаҳмлаб, уни чунон қаттиқ тишлайдики, у (дев-хотин) шу заҳотиёқ тил тортмай ўлади. Бошқа бир дев Кришнани икки яшарлигида ўрмонда учратиб, узун тирноқли чангалини ёйиб, болага ташланади. Бироқ Кришна девни оёғидан ушлаб, ҳавода айлантириб, дарахтга уриб, бошини янчиб ташлайди… Бошқа бир дев бўғма илон шаклида келиб, Кришнани ютиб юборади. Бола эса илон қорнида шундай тез ўса бошлайдики, сал ўтмай, уни бошидан думигача ёриб юборади”1 .

Иблисзода Канс машҳур қаҳрамонни макр билан меҳмонга чақириб, ўлдиришга аҳд қилади. Кришна меҳмонга келганида уни ўлдириш учун қутурган филларини қўйиб юборади. Енгилмас паҳлавон Кришна қутурган филларни ҳам, иблисзода Кансни ҳам ўлдириб, зиндонда ётган отасини озодликка чиқаради.

Мана шу каби бадиий-фантастик тасвирларда яхшилик тимсоли бўлган қаҳрамоннинг қудрати ёвузлик кучларига бас кела оладиган чексиз куч-қудрат касб этади. Бу фантастик воқеалар Ҳиндистондан қадим Юнонистон мифологиясига, юнонларнинг ҳам мушрикларча диний эътиқодларига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Юнонларнинг Геракл ҳақидаги ривоятида ҳам қаҳрамон болалигида бешикда ётганида душман маъбудлар юборган иккита илонни бўғиб ўлдиради. Геракл ҳам ғайритабиий куч-қудратга эга. У ўгай отаси Эфрисфейнинг маккорлиги туфайли кўп машаққатларга учрайди ва ўн иккита қаҳрамонлик кўрсатади, халқни қийнаётган золим ва йиртқич махлуқларни ўлдиради.

Беруний “Ҳиндистон” асарида баён қилишича, золим ҳоким Канс (аслида Иблис фарзанди бўлиб чиқади — Р.И.) девларига буюриб ҳам Васудевани ўлдиртиролмагач, унинг фавқулодда куч-қувватидан фойдаланишни, ўз паҳлавонлари қаторида шоҳга хизмат қилишини хоҳлайди.

Беруний Васудеванинг шу хизматдалик чоғида Геракл каби кўрсатган қаҳрамонликларини баён қилади. Васудева ёвуз Канснинг нилуфарини қўриқлаб ётган маст филни ўлдиради. Бу хабар Кансга етиши билан унинг юраги ёрилиб ўлади. Сўнг, юнон қаҳрамони Эдип каби ўзи ўлдирган подшоҳнинг ўрнида адолатли подшоҳлик қилади. У Пандавлар (яъни, Панду авлодлари)дан беш биродар — Юдҳиштҳир, Аржун, Саҳдев, Бҳимсен ва Накулгага ҳомийлик қилиб, уларнинг бениҳоя қудратли душманларини енгишга ёрдам беради2 .

Бадиий-фантастик ва фалсафий, саргузашт руҳидаги бу достонда ҳам худди “Авесто”даги каби яхшилик кучлари билан ёвузлик кучлари қаттиқ курашга киришадилар. Ҳар икки тарафдан жуда кўп халқ ўлиб кетади.

Беруний “Ҳиндистон” асарида Бҳарат авлодларининг ўзаро қирғин урушлари қайғули оқибатларга олиб келганлигини кўрсатади. Беруний талқинича, покдомон зоҳид-руҳонийни масхара қилиш ёки бир оғиз ёлғон сўз оқибатида жуда катта фожеалар келиб чиқади. “Ўша замонда, — деб ёзади Беруний, — Дурваса деб аталган фаришта зоҳид бор эди. Васудеванинг биродарлари ва унинг фитна кўтаришга қасд қилган қабиласи бор эди. Уларнинг бири кийими остига темир товани беркитиб туриб, зоҳидни масхара қилиб: “Қани, қурсоғимда нима бор, топинг-чи?” — деб сўраганида зоҳид “Қурсоғингда ўзинг ҳамда барча аҳлларинг ўлимига сабаб бўладиган нарса бор”, деб жавоб берган”.

Бу сўзни Васудева (Кришна) эшитиб, ғамгин бўлади, чунки у зоҳид нима деса, айтгани тўғри келишини билар эди. Сўнгра Васудева ўша темир товани эговлаб, майдалаб сувга ташлашни буюради. Буни бажарган киши темир тованинг озгина парчаси қолганида, менсимасдан, дарёга ўша ҳолича ташлаб юборади. Уни бир балиқ ютади. Балиқчи балиқни овлаб, уни тутиб олади ва темирдан ўқининг учига тиғ ясайди. (У ўқни овчига беради.) Овчи дарахт соясида ухлаб ётган жонзот кийик деб ўйлаб, отади. Ўқнинг тиғи Васудеванинг товонига тегади ва у шу яраси туфайли қувватидан айрилади.

Ҳайратланарлиси шундаки, “Маҳобҳорат” достонида бадиий-фантастик воқеалар қаҳрамонларнинг мўъжизавий хислатларини намоён этса ҳам, бу қудратли қаҳрамонлар ёки уларнинг хизматкорлари йўл қўйган хато туфайли ожизланиб, ҳалокатга учраши реалистик мантиқ асосида тасвирланади.

Ислом динида биринчи инсон (Одам Ато)га фаришталарнинг сажда қилиши ҳам одамнинг билимлари туфайлидир. Демак, исломда ҳам, ҳиндларнинг диний қарашларида ҳам ҳар қандай, оддий билимлар эмас, балки илоҳий, руҳоний билимлар юксак қадрланади.

Ҳиндларнинг диний эътиқодларида бу ғояга зид равишда, худодан бошқа, турли ҳайвонларга, ҳатто насл қолдириш сабабчиси бўлган инсон олатига сажда қилишларини Беруний аниқ-равшан қоралаб, хурофот натижалари деб ҳисоблайди. “Насронийлар ота, ўғил ва пок руҳ” деб уч аёлни бир-биридан ажратиб, жавҳарлари битта деганларидек, ҳиндлар ҳам хаюлоларни (руҳлар, тасаввур, хаёлларни — Р.И.) Бароҳим, Нороян ва Маҳодева деб, бир-биридан фарқ қилиб, манбаларини битта дейдилар. Ҳиндларнинг сўзлари текширилиб, натижа чиқарилганида аниқлангани ана шудир. Аммо бу ҳақдаги хабар ва ривоятларда хурофот кўп. (Шунинг учун) ҳиндларнинг биз фаришталар деб айтган Дева табақаси ҳақидаги сўзларидан ва ҳеч бир ақлга сиғмайдиган сифатларни у табақага лойиқ кўришларидан таажжуб қилмаймиз. Исломнинг калом олимлари ундай сифатларнинг фаришталарга берилишини ман этганлар…”

Абу Райҳон Берунийнинг бу фикрларини келтиришимиздан мақсад, буюк ватандошимиз қадимий халқларнинг диний эътиқодларига хос фантастик тасаввурларни бадиий санъатларга хос, кўчма маънодаги рамз ва ишоратлар деб эътироф қилишини кўрсатишдир.

Ҳинд эпослари “Маҳобҳорат” ва “Рамаяна” достонларида қудратли самовий кучлар — бадиий-фантастик тасвирларда ифодасини топган. Асарда турли қиёфаларда кўринувчи, “минг кўзли” Индр, “Худолар ичида енгилмас”, уч кўзли, қудратли Шива Ҳимолай тоғларининг осмонўпар чўққиларида яшайдилар. Пандавлар қиморда бутун салтанатни Кауравларга ютқазиб, ўн тўрт йил ўрмонда ёввойи мевалар билан тирикчилик қилиш учун сургунга юбориладилар. Эпоснинг мазмунига кўра, Бҳарат авлодларининг икки гуруҳ шаҳзодалари соққа ташлаб, қимор ўйнашига дев ва иблис Кали айбдор. Иблис Кали бировга зарар етказмоқчи бўлса, унинг руҳига кириб олиб, қимор ўйинига мойиллик уйғотади. Кўнглига, руҳига иблис кириб олгач, доно одамда ҳам қимор ўйнашга иштиёқ пайдо бўлади ва у қимор ўйнай бошлайди. Ҳалол ақлий ва жисмоний меҳнат билан мол-давлат топиш ўрнига меҳнатсиз, қимор ўйнаб, бойишга бўлган интилиш ислом таълимотида ҳам иблиснинг иши ҳисобланади. Ҳиндларнинг кўп худоларга сиғиниши буюк эпослардан маълум. Ҳинд худоларидан Шива билан Индр тасвири хаёлий, фантастик бўёқларга бой.

Юнон мифологиясида кўпчилик маъбудалар олий маъбуд Зевсга бўйсунганидек, ҳиндларнинг диний эътиқодига кўра, барча маъбудалар Индр, Шива, Кришнага бўйсунадилар. “Маҳобҳорат” достонида Индр қуйидаги фантастик хислатларга эга: Ҳимолай тоғларида, чўққиларнинг чўққисида “худолар” маскани бор. Улардан бири — улуғ Индр, у жанг худоси ва “худолар”нинг подшоҳи. Мингта кўзи бор. Индр ҳамма нарсани кўради-ю, бироқ ўзи ҳеч кимга кўринмайди (истаган вақтида одамларга кўриниши мумкин — Р.И.). Унинг қўлида (ҳеч ким бас келмайдиган) махфий, мўъжизали қурол бор.

“Маҳобҳорат” эпосининг мураккаб сюжетига кўра, Бҳарат авлодлари тожу тахт учун ўзаро қизғин уруш бошласа, ана шу мўъжизали қурол жуда керак бўлади, деб Пандавларнинг етакчиси Юдҳиштҳир укаларидан энг жасури ва кучлиси Аржунни шу мўъжизавий қуролни топиб келишга юборади. Уни излаш жараёнида баҳодир Аржун аввал Индрга, сўнг Шивага учрайди. Асарда Шиванинг қуйидаги фантастик хислатлари тасвирланган: “Худолар ичида енгилмас, уч кўзли, қудратли Шива… учинчи кўзининг ўти билан худолар ҳамда одамларни ёндириб кул қилиши мумкин. Аржун ўрмонда ов қилаётганида биринчи марта унга фантастик овчи (олтин юзли овчи) қиёфасида кўринади. “Маҳобҳорат”га кўра, ҳиндларнинг ахлоқ-одобида худоларга қарши жанг қилиб, худони ўлдираман, деб дўқ-пўписа қилиб, унга ўқ отиш “мақтовли” хислат ҳисобланади. “У (Аржун) тоғлик овчи (шу қиёфадаги Шива)нинг кўксига мингтача ўқ узди, бироқ, у қимир этмади”. Аржун сеҳрли овчини (Шивани) сеҳрли камонидан ўқ узиб, ўлдиролмагач, уни қилич ва мушт билан, дарахт ва қоятошлар билан урди, бироқ “тоғликни” енга олмади. Шунда тоғлик (Шива) ўзи курашга тушиб, бир зумда баҳодир Аржунни майсадай ғижимлаб ташлади. Аржун ўзига келиб қараса, тоғлик одамнинг пешонасида учинчи кўзи ҳам чақнарди. Шунда у (баҳодир Аржун) бўйсуниш лозимлигини англади. У рақиб қаршисида эгилиб, таъзим қилди:

— Мени кечир. Сен уч кўзли худо эканингни ҳозир пайқадим. Мен шафқатингга муҳтожман. Ҳар ишга қодир Шива, мендан марҳаматингни аяма.

Шунда Шива баҳодир Аржуннинг жасурлигини мақтаб, тилагингни айт дегач, у мўъжизали қуролни сўрайди. Шива унга қуролни бераётиб, уни огоҳлантиради: “Ҳаддан ташқари эҳтиёж туғилмагунча буни ишлатмагин. Одамлар бу ҳақда ҳеч нарса билмасликларини ёдингдан чиқарма. Агар бундан эҳтиётсизлик билан фойдалансанг, у бутун оламни ёндириб юбориши мумкин…”

Бу сўзларга кўра, ҳинд донишмандлари тўрт минг йил аввал ҳам атом ёки водород бомбаси каби даҳшатли қурол борлигини тафаккур қудрати билан англаб етганлар. Бу — қудратли лазер нурларидан фойдаланувчи қуролнинг эскизи сифатида ҳам баҳоланиши мумкин.

Шива баҳодир Аржунга мўъжизавий қуролни бергач, ўзи ғойиб бўлаётганида осмон нурга тўлади, сўнг юлдузлар порлаб, бошқа худолар — ўлим “худоси” донишманд Ям, сўнг Еру осмондаги сувлар, уммонлар ҳукмдори Варун, сўнг ерости бойликларининг эгаси Кубер баҳодир Аржунга фантастик совғалар берадилар. Ўлим худоси баҳодир Аржунга душманларни, Ер юзида ноҳақлик қилувчиларни жазолаш қудратини беради. Уммонлар “худоси” Варун унга сеҳрли қармоқ беради. Нияти бузуқ кимсалар бу қармоққа тез илинади. Кубер уни кийганида кўринмас қилиб қўювчи маъдандан ясалган совут-зирҳли кийим совға қилади. Буюк инглиз фантаст адиби Герберт Уэллс “Кўринмас одам” асарини ёзишда, ўзбек фантаст адиби Тоҳир Малик “Ҳикмат афандининг ўлими” (1972) асарини ёзишида “Маҳобҳорат” эпосидаги фантастик ўринлар, Аржунга Кубер тақдим этган — кийганда кўринмас қилиб қўювчи маъдандан ясалган совут-зирҳли кийим туртки берган, илҳомлантирган бўлса, ажаб эмас.

Шундан сўнг, Еру кўкни ларзага келтирувчи гулдурос овоз билан Индрнинг элчиси жанг аравада келиб, Аржунни осмонга олиб чиқиб кетади. Аржун осмонда беш йил қолиб кетади, мўъжизавий қуролни қандай ишлатишни худодан ўрганади.

Биз бу фантастик ўринларга мурожаат қилишимиздан мақсад, Шарқ адабиётида бадиий-фантастика жуда қадим замонлардан буён мавжудлигини, айни бир вақтнинг ўзида фантастик тасвирлар ижтимоий-фалсафий, сиёсий-маънавий вазифаларни бажарганлигини эътироф этишдир.

“Маҳобҳорат” эпоси таркибига кирган “Нал ва Дамаянтий” афсонаси, қудратли ва донишманд маймун Ҳануман ривояти, тошқин ва донишманд Ману (ислом мифологиясида — Нуҳ пайғамбар) ривоятини ҳам бадиий фантастиканинг энг гўзал намуналаридан бири деб ҳисоблаш жоиздир.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2002 йил, 10-сон