Раъно Иброҳимова. Фантастикада анъана ва адабий таъсир масаласи

Ўзбек фантастикаси тараққиётининг биринчи босқичида фантастика эртакларда элемент сифатида иштирок этар экан, у эртак билан ўзаро боғлиқлиги билан ажралиб туради. Бу кейинчалик мустақил жанр сифатида шаклланган фантастик асарларда эртак элементларини қўллаш давом этганлигида кўринади. Анъана билан боғлиқ бу ҳол ўзбек фантастикасига хос қиёфасини ўзгартириб туриш хусусиятини кўрсатади. Бизнинг бу фикримизни ҳаётдан бевақт кўз юмган адибимиз Ҳожиакбар Шайховнинг “Телба дунё” фантастик романи тасдиқлайди.

Ҳ.Шайхов мазкур фантастик романида эртак персонажлари — қушлар, ҳайвонлар, ғайриоддий қудратга эга фантастик образлар ва турли ғаройиб саргузаштлардан фойдаланади. Романдаги воқеалар умумий бир чизиқда эмас, балки алоҳида-алоҳида қисмларга ажралган ҳолда, баъзан узилишлар ва воқеа давомида яна бирлашиб, ё ўрин алмашиб давом этади. Ёзувчи асарнинг композицион қурилишида ҳам эртак жанрига хос, хусусан, “1001 кеча”га яқин услубдан фойдаланган.

Романда ҳикоя қилинишича, Ер туркумига кирувчи галактикалар ўзга галактика билан дўстлик мулоқоти ўрнатиш тараддудида. Лекин улар ўз ички муаммоларини рўкач қилиб, фазовий мулоқотдан бош тортишади. Романда кечаётган воқелар силсиласи ХХI асрга тааллуқли бўлса-да, унда келажак моделини бериш мақсад қилиб қўйилмаган, аксинча, ХХI аср — келажакда кечиши хаёл қилинган воқеалар ҳозирги кун воқеаларидан фарқланмайди. Унда замонага хос бўлган камчиликлар — расмиятчилик, қадрсизлик, мансабпарастлик каби иллатлар фош қилинган. Фақат бу ўринда шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ерда кечаётган воқеаларни самога кўчиришдан муаллифнинг аниқ кўзлаган мақсади бор. У ердаги воқеаларни самога кучли танқид остида кўчиради. Инсонлар бир-бирини тушуниши, қадрлаши лозим, деган фикр роман сюжети марказида туради. Америкалик фантаст Айзек Азимов: “Мен фантастикадан жамиятни танқид қилиш учун фойдаланаман. Худди шундай бошқа ҳамма фантастлар ҳам бу соҳада айнан шу мақсадда фойдаланади”, дейди. Рей Бредбери фикрича эса: “Энг яхши фантастик асарни жамиятимиздаги ҳақиқий аҳволдан норози адибгина яратади ва у ўзининг норозилигини зудлик билан кескин ифодалайди”. Гарчи Айзек Азимов ва Рей Брэдберининг бу фикрларини илмий-фантастик асарларнинг яратилишига мутлақ асос қилиб олиб бўлмаса-да, улар билдирган фикрда жон бор. У мутлақ асос бўлмаса-да, илмий-фантастик асарларни яратишда туртки вазифасини ўташи мумкин.

Ҳ.Шайхов ҳам ўзининг “Телба дунё” романида айнан шу йўлни танлаб, танқид орқали тўғри йўлни тасдиқлаш учун аллегорик персонажлар нутқидан кенг фойдаланган. Масалан, асардаги мажозий образлардан тулки, “Аниқроқ айтганда, озодлик, демократия, ошкоралик деймиз-ку, лекин аслини олганда, ўрта бўғинга оид ўрмон раҳбарияти бизга ўхшаган майда ҳайвонларни ҳалиям эзишда давом этаяпти. Ўша-ўша зўравонлик, хушомадгўйлик, ўша-ўша таниш-билиш, маҳаллийчилик…”, — деган фикрни илгари сурган бўлса, чиябўри: “Мени бу йил яна ҳе йўқ, бе йўқ бутун ўрмон касаба уюшмалари ташкилотидан чиқариб ташлашди. Нега десангиз, қуйи ўрмондаги раҳбарият иш юритувчи Оқ уйда ҳеч кимим йўқ-да”, — дейди (31). Уларнинг бу фикрлари ижтимоий ҳаётдаги адолатсизликни фош этувчи воситадир.

Ёзувчи романнинг биринчи қисмида фавқулодда мажлис иштирокчилари: Бойқуш, Хўроз, Қуён, Тўти, Илон, Қорабайтал каби мажозий образлардан фойдаланади. Иштирокчиларнинг ҳар бири маълум бир юлдуз буржининг вакили, олий ақл эгасидир.

Аллегорик образлардан фойдаланиш адабиётимиз тажрибасида эртак, масалдан тортиб чистонларгача кенг тарқалган ва уларга турли мақсадларда мурожаат этилган. Алишер Навоийнинг “Лисонут-тайр” достонини бу борада мисол қилиб келтиришимиз мумкин. “Лисонут-тайр”да Навоий реал ҳаёт ва илоҳиёт ҳақидаги қарашларини, инсон, табиат ҳамда ҳаёт тўғрисидаги фикрларини Қуш тили ва қушларнинг хатти-харакатлари, саргузаштлари орқали аллегорик тарзда баён этади. Бу ҳақида Навоийнинг ўзи шундай деб ёзади: “Чун “Лисонут-тайр” илҳоми билан тараннум тузубмен, қуш тили ишораси билан ҳақиқат асрорин мажоз суратида кўргузубмен”.

И.В.Гёте ҳам ўрта асрда ҳукм сурган феодал жамиятини фош этиш ва унинг кирдикорларини танқид этиш учун ҳайвонот оламига мурожаат этган. У 1794 йилда “Рейнике-лис” деб номланган асарини ёзади. Асар қаҳрамонлари — ҳайвонлар: шер, тулки, бўри, қўй ва бошқалар ўзларини худди одамлардек тутади. Ҳайвонлар ўрмон шоҳи — шер Нобель ҳузурига тулки устидан шикоят қилиб келишади.

Тулки қилмишлари учун жавоб беришини талаб қилишади. Тулки турли хил баҳоналар билан судга келишдан бош тортиб юради. Уни судга чақириб келган айиқ билан мушукнинг кунини кўрсатади. Ва, ниҳоят, судга келади. Уни ўлим жазосига ҳукм этишади. Лекин тулки ўйлаб топган уйдирмалари туфайли жазодан омон қолади. Шоҳ Нобель тулкига Рим шаҳрига гуноҳларини ювиш учун боришига рухсат беради. Тулки яна жиноятлар содир этишда давом этади.

Шоҳ унинг орқасидан яна қоплон Гримбартни юборади. Тулкини шоҳ ҳузурига олиб келишади. У яна уйдирмалар ўйлаб топиб, яна жазодан омон қолади.

И.В.Гётенинг мазкур достони феодал жамиятни сатира тиғи билан фош этишга қаратилган. Ҳайвонлар ўзларини худди ўрта асрдаги феодаллардек тутадилар. Бир-бирлари билан уришадилар, тортишадилар, саройларини ҳимоя қиладилар, сайёҳатларга борадилар. Асарда иштирок этувчи ҳайвон образлари — шер, тулки, қоплон образлари тимсолида ёзувчи фош этаётган феодал жамияти аъзоларининг башараларини таниш қийин эмас. Одатда эртакларда яхшилик ёмонлик устидан ғолиб келади. Гёте бу анъанага риоя этмаган. Асарда унинг қаҳрамони айёр, босқинчи, сотқин, қотил тулки Рейнике-лис ғолиб келади. Ҳаётда тулкилар қопқонга тушиши, қочиши мумкин. Улар одамлардан қўрқадилар. Эртакда ҳайвонлар эртак қонун-қоидасидан келиб чиқиб ҳаракат этишади. Муҳими бу эмас, балки уларнинг образлари орқали инсонларга хос бўлган хислатларни очишга ёрдам беришидир. Лекин бу ёмонлик яхшилик устидан ғолиб келар экан, деган хулосага олиб келмаслиги керак. Ёзувчи “тухумини бойлар еб, пўчоғи камбағалларга тегувчи” жамиятни фош этар экан, эътиборни, уруғни тулкининг ғолиб келишига қаратмайди, балки яхшиликни ёмонликдан ажрата билинг, ёмонликдан нари юринг, яхшиликка интилинг, деган фикрни ўтказади. Гёте асарининг сюжети ўйлаб топилган сюжет эмас. У халқ оғзаки ижодида мавжуд тулки ҳақидаги ривоятларга қайта ишлов берган. Унинг асарини эртак билан тарих кесишган нуқтада юзага келган деб баҳолаш мумкин.

Ўзбек бадиий фантастикаси тажрибасида мажозий образлардан фойдаланишда Ҳ.Шайховнинг “Телба дунё” романи дастлабки уринишлардан бири, ўзига хос янгиликлардир.

Романнинг муқаддима қисмидан жой олган коинотнинг турли вакиллари иштирокидаги мажлиснинг кун тартиби, унинг бориши, мажлис иштирокчиларининг ўзаро мулоқотларига эътибор берсак, ҳикоя қилинаётган воқеалардан муаллиф кўзлаган мақсад англашилади. Биринчидан, халқ, хусусан, ер халқлари атрофидаги хоҳ у шаҳар ё мамлакат бўлсин, хоҳ коинотдаги бизга номаълум, лекин мавжуд деб фараз қилинаётган кишилар бўлсин, улардан ажралиб қолмаслиги керак. Чунки ҳар бир халқ ўзининг маданий-иқтисодий ривожи учун атрофидаги мамлакатлар халқлари билан ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётнинг барча соҳаларида ҳамкорлик қилмоғи, мулоқотда бўлиши шарт. Бу эса ўз навбатида мулоқотда бўлган халққа ақлни чархловчи ахборот оқимининг қуйилиб келишини таъминлайди. Акс ҳолда, халқни маънавий қашшоқликка маҳкум этиш мумкин. Шу боисдан Ҳ.Шайховнинг асарларидан асарига ўтиб келган ерликларнинг ўзга сайёра аҳли билан мулоқотга киришиши халқлар ўртасидаги дўстлик кўприги барқарор бўлиши кераклигига ишора бўлиб, ушбу ғояни тасдиқлашга хизмат этади.

Бундан ташқари, романнинг муқаддима қисмида кўрсатилган қушлар, ҳайвонлар мажлисининг бориши, қушларнинг эътирозлари, таклифларидан келиб чиқадиган хулоса — ҳозирги кунга хос мажлисбозликни, ҳаракатга нисбатан гап кўпайиб кетганини танқид тиғи остига олишдир.

Мажлис аҳли узоқ тортишувлардан сўнг уларни қизиқтирувчи Икс галактикасига беш-олти тафаккур эгаларидан иборат хуфия гуруҳни юборишга қарор қилади. Шу тариқа романнинг мустақил ҳикоя сифатида қабул этиш мумкин бўлган “Коинот мажлиси” хавфсизлиги кенгашига бағишланган қисми тугайди. Унда ёзувчи кўзлаган мақсадини ифодалашда мажозий образларга ўрин берса, романнинг кейинги қисмларида эртак шаклидан фойдаланади. Романдаги Ҳаким Амир Шайх образи барча қисмларни бирлаштириб туради. Унга муҳим маънавий вазифа юкланган. Бу образ ҳақиқат, тарих, эзгулик, адолат тимсоли сифатида талқин этилади. Ёзувчи унинг қиёфасида ҳар бир инсонда кўришни истаган хислатларни мужассамлаштирган. Ҳ.Шайхов инсонларни кучли, ватанпарвар, диёнатли шахс сифатида шаклланиш тарафдори. Улардаги куч-қудрат разолатга хизмат этмаслиги лозим. Унинг бу нияти Ҳаким Амир Шайхнинг роман қаҳрамонларидан бири подшо Нодиршоҳга айтган қуйидаги сўзларидан ҳам англашилади: “Ўғлим, ўрнингдан тур, ғафлатда қолма! Юртингни қирғинбарот уруш кутмоқда. Мен сенга шу кундан эътиборан ғайриоддий куч ато қиламан. Бу куч сенга Ватанингни мудофаа қилиш ва бошқа эзгу ишларда асқотади. Лекин ёдингда бўлсин: уни ёмонлик йўлида ишлатган кунинг — тамом бўлганинг! Шу кундан бошлаб сен оламдаги энг разил, бешафқат мавжудотнинг бирига айланасан” (20).

Икс галактикасига номзод Самандарнинг сафар олдидан кўҳиқофлик донишманд Ҳаким амир Шайх ҳузурига бориб, унинг оқ фотиҳа ва панд-насиҳатларини олиши лозимлигида ҳам, Самандарнинг ўтмиши, ижтимоий келиб чиқиши тўғрисида ҳикоя қилувчи ўринларнинг мавжудлигида ҳам маълум ҳикмат бор. Ўтмиш, тарих кишига келажакда сабоқ мактаби, устоз вазифасини ўташи керак. Романдаги Авлиё Ҳаким Амир Шайх билан Самандар ўртасида бўлиб ўтган суҳбатнинг мавзулари ҳам диққатга моликдир. Ёзувчи асосий мавзудан, мақсаддан четлашмаган ҳолда, экология, одам ва табиат, вақт ва фазо каби масалаларни ҳам кўтариб чиқишга муваффақ бўлган.

Ҳаётда эзгулик билан ёвузлик, адолат билан разолат ҳамиша ёнма-ён юради. Ҳаётнинг бундай мураккаб, курашга тўла томонлари романда Самандарнинг туш кўриши билан боғлиқ иштирокчилар — Тулки ва Чиябўри, Оқ каптар образларида яхши очиб берилган. Ёзувчининг фантастик деталь вазифасини ўтовчи туш усулидан фойдаланишида ҳам аниқ кўзланган мақсад бор. У Самандар ҳаётда енгиши лозим бўлган тўсиқларга ишора қилмоқда. Чунки келажак Самандар каби ишончли инсонларнинг қўлида бўлиши лозим. Акс ҳолда, мамлакат Нодиршоҳ каби халқ олдида масъулият сезмаган ёвуз кишилар қўлида қолиши мумкин.

Ёзувчи Нодиршоҳ тимсолида ёвузлик, разолатнинг қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини чуқур очиб берар экан, ундан бутунлай умидини узмайди, Авлиё Ҳаким Амир Шайх тимсолидаги эзгулик, меҳр Нодиршоҳ каби кимсаларни ҳам ўз йўлига туширишга умидворлик билдиради. Шу сабабдан ҳам романнинг хотима қисми мақаддима қисмидаги коинот хавфсизлик кенгашининг навбатдаги кенгайтирилган мажлиси билан якунланса-да, мажлис иштирокчиларининг нутқи, таклифларидан уларда юз берган ўзгаришларни сезамиз. Хуллас, ёзувчи бугунги кун муаммоларини фантастика ойнасида кўрсатишга муваффақ бўлган, бунда анъанавий эртак персонажларидан фойдаланган, ҳозирги даврда яратилган фантастик асарларда мажозий образлардан фойдаланиш Ҳ.Шайхов томонидан фантастик адабиётга олиб кирилган янги йўналиш — новаторликдир.

Адабий ҳаракатда бир-бирини алмаштириб, давом эттириб кета берадиган мавзулар, ғоялар, образлар, тасвирий воситалардан ташқари, жуда мураккаб жараёнлар, параллел ва эгри-бугри йўллар ҳам бўлади. Бу яна анъанани давом эттириш, уни пассив такрорлаб қўя қолиш эмаслигини, балки бу жараёнда ёзувчининг дунёқараши, билим доираси, ҳаётий малакаси, фантазияси иштирок этажагини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида ўзбек адабиётида келажакда яратилиши мумкин бўлган кашфиётларнинг бадиий модели ҳақида ҳикоя қилувчи, асар асосида илмий фаразлар, кашфиётлар ётувчи соф илмий фантастик асарлардан кўра ўзида эртак, саргузашт жанрларига хос деталларни қамровчи эртак, саргузашт, детектив жанрларнинг кесишув нуқтасида пайдо бўлган фантастик асарларнинг кўпроқ яратилишига олиб келди. Ўзбек фантастик адабиёти эртак замирида юзага келди, мустақил жанр сифатида эртакдан ўсиб, ажралиб чиқди. Лекин фантастика эртакдан ўсиб чиқиб, мустақил жанр сифатида яшар экан, эртак, саргузашт элементларидан фойдаланишни давом эттиришга нима зарурат бўлиши мумкин? — деган савол туғилади.

Бу, умуман, адабиётга хос хусусият ёки тараққиёт қонуниятларидан бири бўлмасдан, фақат ўзбек фантастик адабиётигагина хос хислатдир. Ўзбек фантастик адабиётида эртак, саргузашт адабиётига оид элементлардан фойдаланишга мойилликнинг кучлилиги шарқнинг ўзига хос миллий хусусиятлари билан боғлиқ. Ҳозирги замон фантаст ёзувчиларининг хаёлидаги дунёни реалистик бўёқларда ё аксинча, реал ҳаётни тасвирлашда эртак, саргузашт элементларига мурожаат этишнинг боиси ҳам шунда.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 8-сон