Раъно Иброҳимова. Даҳонинг буюк орзулари

Алишер Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъайи сайёр”, “Садди Искандарий” каби достонларида акс этган буюк орзулар тасвири алоҳида аҳамиятга эга.
Уларда тасвир фантастика билан реалликнинг ўзаро туташган чизиғида тараққий этиб боради. Масалан, шоир фантастик махлуқлар — яъжуж-маъжужлар тўғрисида ёзар экан, Искандарнинг улар ҳужумига қарши девор бунёд этганини ҳикоя қилади. Бу девор тасвири ҳам фантастик бўёқлардан холи эмас. Унинг эни беш юз, узунлиги эса ўн минг қулочдан иборат. Аммо бу фантастик деворнинг тасвирида ўрта аср иншоотлари учун характерли бўлган хусусиятлар мавжуд.
Шу тариқа Навоий ижодида фантастик мотивлар реаллик билан ўзаро туташади. Улардаги хаёлий-фантастик ўринлар, ўз навбатида, хаёлотнинг яна бошқа кўринишлари билан алмашиниб туради. Чунончи, дастлабки боблардаги фантастика унсурлари сеҳрли эртаклар, шунингдек, илмий фантастика учун характерли хусусиятлар билан бойийди. Лекин бу ҳол Навоийнинг реал воқелик билан боғланмаган мутлақо хаёлий манзаралар яратганлигини англатмайди. Унинг достонларида реал ҳаёт тасвири фантастика билан ўзаро туташиб кетади.
Маълумки, “Фарҳод ва Ширин” достонида чин хоқонининг ўғли Фарҳоднинг арман маликаси Ширинга бўлган муҳаббати куйланади. Достоннинг ушбу етакчи мотивини очиш жараёнида А.Навоий яна бир қатор муҳим ижтимоий масалаларни ҳам кўтариб чиқади ва уларни ечишда реалистик, романтик ва фантастик бўёқлардан кенг фойдаланади.
Достон асосида Шарқда кенг тарқалган Хусрав ва Ширин ҳақидаги афсона ётади. Асарда бу афсона реал ҳаётдан озиқ олади. Тарихда Хусрав, Ширин каби шахслар ўтгани маълум. Мавжуд шахслар тақдири халқ оғзаки ижодида ўзига хос бир йўсинда қайта ишланиб, оғиздан-оғизга ўтган ва кейинчалик ёзма адабиётга ўзгача бир йўсинда талқин этилиб кириб келган. Навоий ўз достонида Хусрав, Ширин каби тарихий шахсларни сақлагани ҳолда масалани бутунлай бошқача ҳал этган. У реал ҳаётий материални ўз фантазияси оша ўтказиб, қайта идрок қилган.
Достоннинг бефарзанд Чин хоқони ҳақидаги кириш қисмида ҳеч қандай фантастика йўқлигини кўриш мумкин. Унда реал воқеа — катта давлат соҳиби бўлган хоқоннинг бефарзанд эканлиги тасвирланган. Лекин хоқон образи, Меҳинбону ва Искандар образлари ҳам А.Навоийнинг идеал шоҳ ҳақидаги орзуларининг тажассуми сифатида гавдаланади. Бу албатта, шоир қарашларидаги утопик томон. Чунки давлатни шоҳсиз тасаввур эта билмаган. Бу утопия у яшаган давр шароити билан изоҳланади. Демак, шу ўринда, реалликка риоя қилинган бўлса-да, шоирнинг одил шоҳ хусусидаги ўйлари романтик бўёқлар ёрдамида ифодаланган.
Достоннинг Фарҳод тарбиясига оид бобидан бошлаб фантастика унсурлари кўрина бошлайди: у кун сайин эмас, соат сайин ўсади, уч ёшида ўн яшарлик боладек тўлишади, ёйни икки буклаб, ҳалқа ҳолига келтиради.
Фарҳод шоирнинг ниятига кўра, воқеалар ривожи билан пайдо бўлаётган тўсиқларни енгиш учун жисмонан ўта кучли бўлиши керак эди. Шоир китобхонни Фарҳод шундай қаҳрамонликлар кўрсатишга қодирлигига ишонтириш мақсадида фантастик усулдан моҳирона фойдаланади. Шу тариқа Фарҳоднинг мислсиз жасоратлар кўрсатиши учун замин ҳозирланади. Фантастикага мурожаат этишнинг боиси ҳам асосан шунда.
Лекин бу ўринда Фарҳод тасвири реал заминга эга. Зеро, бир йил ичида Қуръонни ёд билиб олиш, кимдир бир соатда бажариши мумкин бўлган ишни бир дақиқада адо этиши умуман реал ҳодиса. Тарихда ўта ўткир зеҳнли кишилар, минглаб мисра шеърларни ёддан билувчи шахслар оз бўлмаган. Улар ҳозир ҳам учраб туради.
Хуллас, Навоий ҳам фантастика унсурларидан, ҳам реал ҳодисалар тасвиридан фойдаланган ҳолда Фарҳоднинг катта қаҳрамонликларга қодир образини яратган. Ўта муболағали бу фантастик тасвир воқеа ривожида фантастиканинг бошқа кўринишлари билан алмашинади. Достоннинг асосий қисмига келиб, унда эртакларга хос фантастик унсур пайдо бўлади. Бу Искандарнинг кўзгуси бўлиб, унинг сири орқа тарафида баён этилган. Бу сирга кўра, кўзгуга эга бўлган киши унда ўз қисматида бор нарсаларни кўриши мумкин.
Навоий “Садди Искандарий” достонида ҳам сеҳрли ойнага мурожаат этади. Хитой хоқони томонидан Искандарга тақдим этилган ойна “Фарҳод ва Ширин” достонидаги ва халқ эртакларидаги сеҳрли ойнадан фарқли ўлароқ, икки томонлама бўлиб, унинг бир томони кишилар ўртасидаги низоларни бартараф этишга хизмат қилса, иккинчи томони ҳақ билан ноҳақликни ажратиб олишга кўмаклашади.
Кўзгунинг ўзи бадиий детал сифатида янгилик эмас. Эртакларда бундай фантастик ҳодисаларни тез-тез кўриш мумкин: ошиқ ва маъшуқлар бир-бирлари билан, одатда, кўзгу ёрдамида учрашадилар. Аммо бу ўринда у эртаклардаги кўзгулардан қатор хусусиятлари билан фарқланади. Навоий имкони борича тасвирни, деталларни аниқлаштириб беришга ҳаракат қилади. Оламни ўзида акс эттирувчи бу кўзгунинг кашшофи Искандар эканлиги айтилади. Шу тариқа шоир фантастик кўзгунинг ҳақиқатан ҳам мавжудлигига китобхонни ишонтирадиган биринчи чизиқни тортади. Искандар — тарихий шахс. Шунинг учун ҳам китобхон, эртаклардагидан фарқли ўлароқ, гарчанд шартли равишда бўлса-да, кўзгунинг мавжудлигига ишонч ҳосил қилади. Бу ишонч китобхон қалбида қатъий ўрин олиши учун кўзгуни коинот сирларидан хабардор бўлган ва ҳар бири илмда Афлотундан қолишмайдиган 400 нафар олим биргаликда яратгани айтилади.
Навоий ижодига хос бўлган хусусиятларнинг бири ҳам мана шунда. У фантастикадан фойдаланади, унга китобхонни ишонтириш учун юқоридаги каби реал ҳаёт билан боғлиқ деталларни олиб киради.
Искандар ойнасининг тилсимини очмоқ учун уч манзилни босиб, уч офатни енгиб, уч шартни бажармоқ лозим.
Кўриниб турибдики, достонга эртаклар учун хос бўлган уч анъанавий шартлар киритилган. Шарт асосида ҳам, бажарилишида ҳам фантастика етакчилик қилади. Ҳар бир шартни бажаргач, навбатдагисига киришиш имконияти туғилади.
Биринчи шартга кўра, Искандар кўзгусига эришмоқ учун Фарҳод аждаҳонинг ўлдириши керак. Бу шартнинг нечоғлик мушкуллигини яққолроқ гавдалантириш учун шоир табиат тасвирида ёмонлик тимсоли бўлган қора рангдан кенг фойдаланади. Яъни унга тун ҳам қора, ер ҳам қора бўлиб кўринади, Фарҳоднинг тулпор оти ҳам бу манзара фонида қорайиб кетади, ҳамма нарсадан ўлим ҳиди анқийди. Навоий ана шу манзарани тасвирлаш билан Фарҳод бажараётган вазифанинг ниҳоятда мушкуллигини кўрсатишга эришади.
Фарҳоднинг иккинчи шартни бажариши олдидаги вазиятни тасвирлашда ҳам шоир шу усулдан фойдаланади. Шоир бу ўринда ҳам манзара тасвирини бериш орқали китобхонда маълум бир ҳолат яратишга муваффақ бўлади. Китобхон Фарҳод билан бирга аждаҳонинг макони сари боради, қуш учса қаноти куядиган даштдан ўтади. У ғолиб чиққунга қадар нафас олмай, воқеа ривожини кутади, ҳар гал Фарҳоднинг омон қолганини кўрар экан, унинг отаси ва аскарларига қўшилиб қувонади.
Шоир шундан сўнггина бобнинг иккинчи қисмига — жанг тасвирига ўтади. Фарҳоднинг аждаҳони енгиши учун фантастик шароит яратиб беради. Самандар ёғини ўзига, қилич-қалқонига суртиб олган Фарҳодга аждаҳонинг оловли нафаси зарар етказолмайди, уни ютиб юбориш учун оғзини очганда, Фарҳод тортган камон ўқидан ўлади.
Шоир Фарҳод образини яратишда ҳам фантастика унсурлари, ҳам реалистик тасвир воситаларидан бирдек унумли фойдаланади.
Тўсиқларни енгиб ўтиш жараёнида шоир Фарҳоднинг инсоний сифатларини очиб беради.
Фарҳод аждаҳони енггач, унинг хазинасидан фақат қилич ва қалқонни олади, холос. Бу унинг мол-дунёга ўч эмаслигини кўрсатиб, характеридаги яна бир қиррани ойдинлаштиради. Айни замонда бу қилич ва қалқон иккинчи шартни бажариш учун фантастик шароит вазифасини ўтайди. Қилич — оддий эмас. Унга эга чиққан одам юз аждаҳонинг калласини бир зумда олиб ташлаши мумкин. Бу, албатта, Фарҳоднинг кейинги жангларда ғолиб чиқиши учун ҳозирланаётган фантастик восита.
Шу ўринда фантастика Навоийнинг гуманистик қарашлари, орзу ва тилаклари билан туташиб кетади. Даҳонинг бутун ижодида ана шу буюк ғоя — яхшиликка яхшилик билан жавоб қайтариш, яхшилик билан ёмонликни фарқлаш, ҳамиша эл-юрт хизматида бўлиш орзуси қизил ип бўлиб ўтганини кўрамиз.
Искандарга совға қилинган кўзгу ҳам қилич каби тилсимотга эга:

Ҳакимики они тилисм айлабон,
Намойиш анга икки қисм айлабон,

Келиб бир юзи бўйлаким чунки шоҳ,
Сўрар чоғида маснад уза додхоҳ.

Ки бир-бирига эл даъви изҳор этар,
Агар кимса, даъвиға инкор этар.

Шоир ушбу байтларда ҳам ўз орзу-истагини ифодалаган кишилар сингари Навоий узоқ вақтлар юксак давлат лавозимларида хизмат қилган адиб ҳузурига одамлар адолат ва ҳақиқат излаб келар эдилар. Ана шундай пайтларда даъвогарларнинг қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканини билиш учун ниҳоятда одил ва оқил бўлиш талаб этиларди. Бундай машаққатли дақиқаларнинг кўплаб гувоҳи бўлган адиб ҳақиқатни аниқлашга ёрдам берувчи нарсани орзу қилади. Ана шу орзунинг тажассуми сифатида ижодида фантастик хусусиятларга эга бўлган кўзгу пайдо бўлади. Бу кўзгу соф маънодаги фантастикадир. Аммо бора-бора мазкур фантастик унсур ҳам ўзида реал ҳаёт аломатларини умумлаштиради. Кўзгунинг XV асрнинг реал воқелиги билан боғлиқ бошқа хусусияти ҳам бор:

Яна бир юзининг тилисми бу иш,
Ки шаҳ базм аро бода этса хуриш.

Анга мажлис аҳли назар қилсалар,
Тамошойи шахсу сувар қилсалар.

Маст кишининг кўзгуга қараб ўзининг шармандали қиёфасини кўриши реал ҳодиса бўлганидек, кўзгудаги хунук манзарадан ҳушёр тортиб, ўзини қўлга олишида ҳам фантастик ҳолат йўқ.
Шундай қилиб, Навоий халқ хаёли яратган мифологик образлардан унумли фойдаланади. Асарда гарчи фантастик воситалар ёрдамида бўлса-да, яхшилик ёмонлик устидан тантана қилади.
Навоий халқнинг орзу-армонларини тасвирлабгина қолмай, уларга фаол муносабат билдиради. Инсон тафаккурининг ҳали яратилмаган, лекин яратилиши мумкин туюлган сеҳрли самаралари — ажойиботлар ҳақидаги фикрлар буюк шоир ва мутафаккирнинг шахсий орзулари ўлароқ гавдаланади. Уларда фақат XV аср воқелиги эмас, балки келажак билан боғлиқ умид ва армонлар ҳам ифодаланган.
Шоир ижодидаги фантастика унсурларининг иккинчи тури, шубҳасиз, муайян илмий асосга эгадир. Бу турга оид унсурлар Навоий асарларида фантастиканинг бошқа кўринишлари билан аралаш ҳолда намоён бўлади. Лекин улар заминида маълум бир техник ғоялар ётадики, уларнинг айримлари бизнинг даврга келиб ҳаётга татбиқ этилган ва реал ҳодисага айлангандир.
Ана шундай ғоялардан бири “Садди Искандарий” достонидаги кўзгу билан боғлиқ.
Хитой хоқони тақдим этган ойна Искандарда янги бир фикр уйғотади. У атрофига олим ва фозилларни йиғиб, ҳам осмондаги, ҳам ердаги ҳодисаларни ўзида акс эттира олиш хусусиятига эга бўлган ойна яратади. Унга “Оинаи Искандарий” деб ном беришади. Искандар ташаббуси билан кашф этилган бу ойна ҳозирги телевидениенинг маълум маънодаги кўринишидир.
Фақат ХХ асрга келибгина ихтиро этилган телевидениенинг Навоий томонидан орзу этилиши ниҳоятда қизиқарли ҳодисадир.
Бу ғоянинг шоир ижодида ўрин олиши бежиз эмас. Ўз давридаги барча фанлардан хабардор олим ва фозил киши бўлган Навоий чинакам илмий асосга эга бу мотивни бадиий мужассамлаштириш жараёнида XV асрдаги фан ютуқларига суянганини ҳам намойиш этади. Шу жиҳатдан ёндашганда, мазкур ойнани ихтиро этишда 400 нафар олим иштирок этиши, улар орасида Афлотун, Арасту, Суқрот, Гиппократ каби олимларнинг бўлиши тасодифий эмас. Бу шоирнинг мазкур олимларнинг илмий фаолиятлари билан танишлигини ҳар бир ишга илмий асосда ёндашганини, ҳар бир ишнинг натижаси илм-фан тараққиёти билан белгиланишига астойдил ишонганини кўрсатади. Навоийшунос Б.Э.Бертельс айтганидек, бу ўринда Навоий яна ўз замонасида фақат орзу-хаёл бўлиб, бизнинг кунлардагина рўёбга чиқарилган техника кашфиётлари ҳақида башорат қилади.
Искандар — Навоий идеалидаги шоҳ образидир. Шоир бу образни яратар экан, ўз олдига дунёни забт этган тарихий шахс ҳақида, унинг ҳарбий юришлари ҳақидаги батафсид маълумот беришни мақсад қилиб қўймайди. Искандарнинг жаҳонгирлиги эмас, балки дунё сирларини билишга, уларни ечишга интилувчанлигини ёритишга ҳаракат қилган. Бу Искандарнинг денгиз сирларини эгаллаш борасида ишлари тасвирида ҳам кўринади.
Донишманд Суқрот ҳомийлигида сафарга чиққан Искандар дарёларнинг эни ва узунлигини аниқлаш ва кузатишларини қоғозга туширишни буюради. У денгиз остини текширишни буюради. У денгиз остини текшириш мақсадида шишадан қути ясаб, денгиз остига тушади ва юз кун сув остида бўлади.
Шарқ Уйғониш даврида фан ва техника ўз тараққиётининг маълум босқичига эришган бўлса-да, денгиз сирларини эгаллаш фантастика доирасидаги орзу-хаёл эди. Шубҳасиз, савдо ва маданий алоқалар ривожлана бошлаган XV аср шароитида денгизни забт этиш, океан ости сирларини эгаллаш каби масалаларга эҳтиёж катта бўлган. XV аср охирига келиб, бу соҳада маълум тажрибага ҳам эришилган. Лекин Навоий улкан ҳаётий эҳтиёж тақозоси билан “сув чиқариш”, “денгиз ости сирларини ўрганиш” каби масалаларни фантастик йўл билан ҳал этган. Бинобарин, фантастика бундай масалаларни амалга ошириш йўлидаги дастлабки қадамдир. Бундан ташқари, ривоятларга қараганда, Искандар ўзининг денгиз бўйича вазири Неарх билан шиша ойнаклари бўлган қутида денгиз тагига тушади. Бу “сузувчи” аппарат Арасту лойиҳасига кўра тайёрланган эди . Искандарнинг шишадан ясалган идишда сув остига тушиши билан боғлиқ фантастик унсурнинг Навоий асаридан ўрин олишида юқорида келтирилган ривоят манба вазифасини ўтаган бўлиши мумкин.
Шу билан бир қаторда Навоий қўллаган ушбу фантастик унсурнинг заминида халқ орзуси ҳам ётади. У узоқ ўтмишга, халқ оғзаки ижодига бориб тақалади. Денгиз ости сирларини билиш, халқ хаёлидан ўрин олган образлар — денгиз ости “аҳллари”: сув шоҳи, сув парилари билан мулоқотда бўлиш азалдан инсонларни қизиқтириб келган.
Бундан ташқари, эрамиздан юз йил олдин тошга ўйилган барельеф ҳам сақланиб қолган. Бу барельефда сув тагида ётиб, чарм мешдаги ҳаводан нафас олаётган суриялик жангчи тасвирланган. XIV аср француз миниатюрасида эса шиша идиш ичига кираётган Искандарни кўрамиз. Алишер Навоийнинг бундай тарих фактларидан хабардор бўлгани эҳтимолдан холи эмас.
Асрий орзулар ушалган бизнинг давримизда А.Навоийнинг бу орзуси ҳам рўёбга чиққан. Денгиз ва океан остидаги ҳаётни ўрганишга ёрдам берувчи Искандар орзу қилган батискаф каби қатор аппаратлар яратилган. А.Навоий хаёл қилган ва ҳозир амалга ошган ғоялар фақат шуларгина эмас.
“Фарҳод ва Ширин” достонидаги учинчи шартга биноат Фарҳод темир одам билан учрашмоғи ва унинг устидан ғалаба қозонмоғи лозим. Навоий томонидан қаламга олинган бу темир одам таърифи кейинчалик илмий-фантастика асарларда тасвирланган, ҳозир эса реал ҳодисага айланган роботларни эслатади.
Шоир талқинидаги темир одам илмий фантастиканинг энг ибтидоий шакли эди.
Навоий тасвиридаги темир одам қуйидаги сифатларга эга:

Бўлур дарвоза ичра ошкоро,
Темур жисмини қилмиш пайкар аро.

Эрур одамға монанду мушобиҳ,
Илигида темурдин ё қилиб зиҳ.

Навоий фантастик манзара ёхуд фантастик образ яратар экан, китобхонни ишонтириш мақсадида ўзи бу ҳодисанинг ҳақиқат эканига кафолат беради. Натижада бу бадиий усул тасвирланган фантастик ҳолатга нисбатан чуқур ишонч ҳиссини уйғотади.
Навоий асарларидаги фантастик ҳолатлар тасвирига оид учинчи хусусият шундан иборатки, улуғ шоир XV аср кишилари хаёл ҳам қила олмаган бундай ҳолатларни бениҳоя мукаммал ва муфассал тасвирлайди. Масалан, ҳозирги кунда “Титаник” кемаси ҳақидаги ахборотлар китобхонни ажаблантирмайди. Лекин XV аср учун Искандарнинг бутун дунёдан энг кучли кемасозларни йиғиб, уларга уч мингта кемани ҳамда “сузувчи” шаҳарни барпо этиш тўғрисидаги буйруғи ҳақиқий фантастика эди.
Бу хаёлий орзу ҳам “Титаник” кемаси мисолида бизнинг давримизда реал ҳақиқатга айланди. Шунинг ўзиёқ Навоий асарлари илмий заминга эга бўлганидан далолат беради.
Жумладан, Навоий томонидан тилга олинган Искандар кўзгуси маълум маънода узоқ шаҳарларни, коинотдаги ҳодисаларни кузатиш мумкин бўлган телевидениени эслатади.
Шоир “Фарҳод ва Ширин”да Фарҳодни ўз мақсади йўлидаги курашда Суҳайл, Хизр билан учраштириб, унга фантастик шарт-шароитлар яратиб беради, айни замонда ҳеч бир ишга меҳнатсиз, ижтимоий тараққиётсиз, илм-фан ривожисиз эришиб бўлмайди, деган фикрни ўтказишга ҳаракат қилади. Шоир Фарҳод тили билан инсон тафаккурини улуғлайди. Фарҳоднинг фикрича, инсоният нимани бунёд этган бўлса, уни аввало ўз тафаккури билан идрок этган.
Инсон тафаккури улуғланган асарда халқнинг асрий орзу-умидлари ўз ифодасини топиши табиий ва қонуний эди. Шунинг учун ишқий-қаҳрамонлик пафоси билан йўғрилган достонида ўз даврининг қатор ижтимоий масалалари, шу жумладан Шарқ халқлари учун хаёт-мамот масаласи бўлган сув муаммосини ҳам кўтариб чиқди.
Сувсиз ерларга сув чиқариш яқин йилларгача ҳам жиддий муаммо бўлгани маълум. Гарчи А.Навоий замони Беруний, Ибн Сино каби олимларнинг ғояларидан баҳраманд бўлган, бу даврда илм-фан тараққий этган бўлса-да, такомиллашган асбоб-ускуналар, юксак техника воситалари йўқ эди. Шунинг учун ҳам А.Навоий ўз асарида бу масалани фантастик йўл билан ҳал этиши табиий бир ҳолдир.
Ширинни излаб келаётган Фарҳод сув чиқариш учун тоғ қазиётган ишчилар устидан чиқади ва мушкул вазифани ўз зиммасига олади. Бу ўринда Фарҳоднинг йигитлигида Қорандан ўрганган касби — тош кесиш асқотади. У тешаларни тоблаб, ҳаммасидан битта катта теша ясайди ва тоғ қазишга киришади. Одамлар уриниб, уч йилда бажара олмаган ишни Фарҳод уч кунда бажариб, сув чиқаришга муваффақ бўлади. Ҳозирги бульдозер, экскаватор қабилидаги такомиллашган иш асбобини орзу қилган Алишер Навоий ана шундай фантастик сифатга эга бўлган тешани ўйлаб топади.
“Фарҳод ва Ширин”, “Садди Искандарий” достонларининг бадиий тўқимасидаги бундай нуқталар илмий-фантастика жанри билан ўзаро туташади. Улардаги илмий-фантастик тамойиллар гарчанд халқ эртакларига хос услубда намоён бўлса-да, ҳозир улар илмий-техник инқилоб асрида амалга ошган ғоялар билан йўқламага киришади.
Алишер Навоий фантастикадан ўз достонлари сюжетини жозибадор қилиш, уларни китобхон учун қизиқарли ва ўқишли қилиш мақсадидагина фойдаланмайди. Фантастика қаҳрамонлар характерининг фавқулодда фазилатларини очиш, уларни машаққатли синовлар силсиласидан ўтказиш ёхуд мушкул аҳволдан халос этиш зарур бўлган ҳолларда унга кўмакка келади.
“Фарҳод ва Ширин” достонидаги фантастик йўналишларнинг яна бири маккор кампир образи билан боғлиқ. Фарҳодни жангда енголмаган Хусрав уни макр билан қўлга олишга аҳд қилади. Хусрав ўз ниятини амалга ошириш учун Ёсуманнинг кўмагидан фойдаланади.
Ёсуман образи тўла маънода фантастик образ эмас. Лекин А.Навоий унга фантастик хислатлар беради. Кампирнинг макри шу қадар зўрки, ота қизини, ўғли онасини севиб қолиши, унинг бир оғиз сўзидан киши бутунлай йўқ бўлиб кетиши мумкин. У дуохонликда Буқротни ҳам йўлда қолдиради. А.Навоий кампирни ғайритабиий сифатларда тасвирлар экан, унинг инсоний моҳиятини ва энг муҳими, Хусравнинг чиркин дунёсини очишга муваффақ бўлади.
Навоий достонларида фойдаланилган баъзи фантастик мотивларни кузатар эканмиз, уларнинг объектив реаллик билан туташ алоқада эканини кўришимиз мумкин. А.Навоий аксар ҳолларда бу фантастик мотивларни реалистик далиллашга ҳаракат қилади. Денгиз чуқурлигининг Искандар томонидан ўлчаниши эпизоди бунга ёрқин мисол бўла олади. Денгиз ва дарёларнинг эни, бўйи ва чуқурлигини ўлчаш каби ҳозир оддий ҳодисага айланган жараёнлар А.Навоий даври учун фантастика эди. Шунинг учун ҳам шоир Искандарнинг денгиз сирларини эгаллаш борасида тутган тадбирларидан бири сифатида ана шу эпизодга — денгиз координатларини ўлчашга алоҳида эътибор беради ва асарга киритилган бу фантастик унсурни реалистик йўл билан далиллайди.
“Сабъайи сайёр” достонидаги фантастик ўринлар ҳам диққатга моликдир. Хусусан, ҳунарманд уста Зайд Заҳҳобнинг подшоҳ учун ясаб берган ғаройиб олтин тахти тасвири фантастик ғояларнинг гўзал намуналаридан биридир.
…Тахтнинг тузилиши саккиз қиррали бўлиб, шоҳ ўтирадиган жой ер юзидай кенг эди. Тахт бурчакларида саккизта минора бўлиб, тўрттаси баландда ва тўрттаси пастда. Пастки минораларда гапиришга ўргатилган тўртта тўти ва баланд минораларда тўртта товус турарди. Тахтнинг ҳам атрофи лаъл-гавҳарлар билан безатилган, олтин зинаси ҳам саккиз пояли. Заргар тахтни шундай санъат билан ясаганки, агар Жамшид мартабали шоҳ бу тахтга чиқадиган бўлса, пиллапоялари унинг қадам қўйиши учун пасайиб, бир-бирининг устига ётарди. Шоҳ шу саккиз поянинг ҳаммасини босиб ўтиб, тахтга ўтиргач, у зиналар яна баланд кўтариларди. Шоҳ ўтирганида тўртта тўти бирдан овоз беради. Тахтнинг оёқлари ўрнида саккизта устун бўлиб, гўё тахт саккиз қават осмон устида тургандек эди. Шоҳ қайси тарафга қараб ўтиришни истаса, озгина ишорат билан тахт ўша тарафга қараб айланар эди. Унинг айланиши учун ҳеч кимнинг овора бўлиши шарт эмас эди. Кўрамизки, ҳозирги эскалатор, жойдан қимирламасдан пульт орқали бошқариш каби реал ҳодисаларнинг фантастик вариантини А.Навоий анча илгари орзу қилган экан.
Шу нарса диққатга сазоворки, А.Навоий достонларига бевосита халқ эртаклари ва ривоятларидан кириб келган унсурлар эртак жанри меъёрларига бўйсунади. Илмий заминга эга бўлган фантастик ғоялар эса гарчанд эртакнамо бадиий либосда гавдаланса-да, фан ва техниканинг ҳозирги ютуқлари билан маълум маънода туташиб кетади.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2006 йил, 2-сон