Иккинчи жаҳон уруши йиллари Ўзбекистонга эвакуация қилинган рус ва бошқа миллат ёзувчилари маҳаллий ҳамкасблари билан яқин ижодий алоқада бўлишган. Жумладан, бадиий таржима соҳасида ҳам. Ўзбек тилига рус ва бошқа миллий адабиётлар намуналари таржима қилиниши баробарида ўзбек адибларининг асарлари ҳам рус тилига ўгирилган.
Ўзбекистонда 1941 йил 9 ноябрдан 1944 йил 13 майгача истиқомат қилган машҳур шоира Анна Ахматова ҳам бу жараёндан четда турмаган. Чунончи, у Лутфий асарлари таржимаси билан шуғуллангани ҳақида маълумотлар бор. Аммо шоиранинг чоп этилган таржима асарлари орасида ўзбек поэзиясидан намуналар учрамайди. Ваҳоланки, Лутфий ижодидан таржима қилаётгани ҳақида шоиранинг ўзи ёзган. Унинг “Яна бир лирик чекиниш” номли шеърида қуйидаги мисраларни ўқиймиз: “А мне переводить Лутфи // Под огнедышащим закатом”.
Анна Ахматова билан узоқ йиллар ёнма-ён бўлган таниқли рус адибаси Лидия Чуковскаянинг “Записки об Анне Ахматовой” номли китобида ҳам шоиранинг Лутфий асарларидан таржималар устида ишлагани икки бор қайд этилган. Ушбу маълумотларга таяниб Лутфийдан қилинган таржималар нега чоп этилмаганлиги борасида тахминий хулосага келиш мумкин.
Л.Чуковскаянинг китобида “19.12.41.” санаси остидаги ёзувда Лутфийдан таржимаси қовушмаётгани учун Анна Ахматова изтироб чекаётгани ҳақида сўз юритилади. Шоира умуман таржимани уддалай олмаслигини эътироф этиш билан бирга, машҳур шоирлар мисолида шеърий таржима аслида бесамар уриниш эканлиги ҳақида гапиради: “Пушкин ҳам таржима қилолмасди — кўпинча бошлагани қолиб кетарди ёки биринчи сатрдан кейиноқ таржима ўзининг асарига айланиб кетарди. Манделштам ҳам таржима қилолмасди… Мен таржималарга ишонмайман. Зарур бўлса, одамлар чет тилларини ўрганиб, керакли асарларни аслиятда ўқишаверсин… Мана, Пастернак Верленни таржима қилди, натижа — на Верлен эмас, на Пастернак” (Л.Чуковская. “Записки об Анне Ахматовой”. 1-жилд, 345-бет).
Иккинчи битик (13.09.42), айниқса, диққатга сазовор: “Олдинги гал ёзиб қўйишни унутибман: биз у билан (Ахматова билан — Қ.Н.) Беньяшникига бораётганимизда, Дўрмонда ўзбек тилини ўрганиш билан шуғулланиб, Лутфийни аслиятда ўқий бошлагани ва ҳатто ундан “Охирги қадаҳ сўзи” учун эпиграф танлаб қўйганини айтганди… жом ҳақида нимадир деганди. Лекин нима дегани ёдимда қолмабди” (470-бет).
“Олдинги гал” Беньяшникига боришгани 1942 йил 9 сентябр санасига оид гап; яъни битиклар муаллифи уч кундан кейин эслаб қолиб, муҳимлигини ҳисобга олган ҳолда кеч бўлса ҳам бу гапни 13-сентябрда ёзиб қўйган.
А.Ахматова Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Дўрмон сиҳатгоҳида 1942 йил август ойида дам олган, аниқроғи, даволанган. Эътибор берсак, Чуковская битикларидаги Лутфийдан таржимага оид икки хотира орасидаги вақт тўққиз ойни ташкил этади. Ахматованинг бу ҳақдаги шеъри эса 1943 йил, тахминан, май-июн ойларида ёзилган. Демак, Лутфий асарлари таржимаси устидаги иш бир ярим йил давом этган. Аммо бундан келиб чиқиши мумкин бўлган асосий хулоса иккита: биринчиси, ўз ижодий принципларига содиқ шоира аслиятдан таржима қилиш ниятида ўзбек мумтоз адабиёти тилини ўрганишга киришган; иккинчиси ва энг муҳими, нозиктаъб, ўз ижодига ўта талабчан рус шоираси Лутфий шеъриятида ўзининг асарига, XX аср рус шеъриятига мос, ҳамоҳанг мисралар топган. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, қисқа муддатда А.Ахматова ўзбек мумтоз адабиёти тилини ўрганиб олиши амри маҳол эди. Шундай бўлса-да, эзгу ниятини амалга ошириш учун дадил ҳаракат қилгани таҳсинга лойиқ. Ваҳоланки, шоира ўша пайтда жиддий хасталикка чалинган ва узоқ вақт даволанишига тўғри келган. Ўша ҳолатда ҳам Лутфий асарларини аслиятда ўрганишга киришган, таржима санъатига масъулият билан қараган.
Шоира “Охирги қадаҳ сўзи” шеърини аслида 1934 йилда ёзган бўлса-да, 40-йилларда ҳам асарига қайта-қайта ишлов берган ва бу шеър “Разрыв” номли туркумга киритилган.
Л.Чуковскаянинг китобида ўша йиллари Тошкентда истиқомат қилган поляк офицери, бўлғуси ёзувчи Юзеф Чапский эсдаликларидан бир парча келтирилади. Бундан Чапский Ахматова билан учрашгани ва ўша ерда ҳозир бўлган бир неча рус зиёлиларига таниқли поляк шоирлари шеърларидан ўқиб бергани, бундан тингловчилар чуқур таъсирланганликлари баён қилинган. Учрашув давомида кимдир Ахматовага шу шеърлардан бирортасини рус тилига ўгиришни таклиф этган. Бунга жавобан шоира “Варшавада Мавлуд айёми” шеърини таржима қилиб беришини айтади ва шу ондаёқ: “Мен ҳеч қачон таржима қилган эмасман”, деб кесатиб қўяди (427 — 428-бетлар).
Назаримизда, таржимага аввал ҳам қўл урган бўлишига қарамай, “Мен ҳеч қачон таржима қилган эмасман” деганида шоиранинг ўзига ўта талабчан, амалга оширган таржималари санъат асари даражасида чиқмаганидан қониқмаганини англаш қийин эмас. Дарвоқе, кейинчалик шоира поляк адабиётидан таржималар эълон қилган, бироқ бу асарлар орасида “Варшавада Мавлуд айёми” шеъри учрамайди. Балки бу шеърнинг “тақдири” Лутфий ижодидан таржималарга уринишлар каби кечгандир.
Шоира 50-йилларда таржима билан жиддий шуғуллана бошлаган ва умрининг охиригача ўттиз тилдаги жами юз эллик нафардан зиёд шоирнинг асарларини русчага ўгирган. Унинг икки жилдли асарлар тўпламидаги изоҳларда таржимонлик фаолияти кам ўрганилгани, ҳатто библиография ҳам мавжуд эмаслиги қайд этилган. Ўзбек шоири Лутфийдан ҳам таржима қилгани алоҳида кўрсатилиб, бу иш ниҳоясига етмаган бўлса керак, деган тахмин айтилган.
Гарчи таржимага вазият талаб этганда қўл урган бўлса-да, ҳар сафар Ахматова “Билмайман!” “Уддалай олмайман!”, деб саркашлик қилган. Аммо кейинчалик турмуш қийинчиликлари таржима билан шуғулланишга уни мажбур этган. 1946 йилги машъум қарордан кейин унинг асарлари узоқ йиллар чоп этилмайди. Яшаш, оилани боқиш керак эди… Л.Чуковскаянинг ёзишича, Анна Ахматова ўзидан кўра кўпроқ атрофидагиларни ўйлаб таржима оларди: “Ўшаларни деб етмиш олти ёшли Анна Андреевна оғир бетоб бўлишига қарамай, таржима қиларди…”.
А.Ахматованинг таржима соҳасидаги фаолияти ўрганилмаган. Жумладан, бизни биринчи навбатда қизиқтирган Лутфийдан таржима ҳам, ўйлаймизки, архивларда ўз тадқиқотчисини кутиб турибди.
Қодиржон Носиров,
Наманган давлат университети доценти
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 22-сонидан олинди.