Дилмурод Қуронов. Қалбларни ларзага солган хиргойи

Тоғай Муродни шахсан таниш, ҳамсуҳбат бўлиш насиб этмаган, лекин уни ёзувчи сифатида таниганимга анча бўлди. «Ойдинда юрган одамлар» қиссасини ўқиганимда исмсиз бир таассурот ичида қолганимни эслайман: мазза қилиб ўқиганим рост-у, бировга айтиб бергудек воқеаси йўқдек эди-да!.. Қаҳрамонлари ҳам бинойидек-у, иншо ёзганингда «Фалончига ўхшагим келади» дейдиган эмас-да!..

Бу янглиғ таассуротнинг сабабини кейинроқ англадим: адабиётимиз янгиланаётган пайт экан, Тоғай Мурод шу янгиланишни бошлаганлардан бири, бизнинг адабиёт ҳақидаги тасаввурларимизни янгилаган авлоднинг илғорида борган вакилларидан экан…

1

«Отамдан қолган далалар» нафақат долзарб мавзуси, балки бадиий жиҳатлари билан-да адабиётимизда жиддий воқеа бўлди. Асарнинг ўзига хос қурилиши, бетакрор ифода йўсини, тилдаги жозиб оҳанг, самимият – буларнинг бари унинг муваффақиятини таъминлаган асосий омиллардир. Бир суҳбатда асар хусусида сўз бориб, «Отамдан қолган далалар» жанр эътибори билан романми?» деган саволни ўртага қўйган эдим. Ҳа, жанрнинг рисоладаги талабларидан келиб чиқилса, бу саволни қўйиш асослидек. Зеро, роман марказида инсон тақдири турган ҳолда у тугал мақсад эмас, романий қаҳрамон дунёни бадиий идрок этиш, дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий контсептсияни шакллантириш ва ифодалаш воситаси, холос. Шунга кўра, одатда, романий қаҳрамон – ўз муҳитига сиғмаётган, муҳит билан зиддиятга киришган, изланаётган шахс сифатида намоён бўлади. Деҳқонқулда эса бу хусусиятлар кўрилмайди, у – кечаги кунини муҳит измида сассизгина яшаб ўтган, энди кечмишини мушоҳада қилаётган одам. Деҳқонқулнинг тўлақонли романий қаҳрамон сифатида бўй кўрсатишига ривоянинг биринчи шахс тилидан берилгани монелик қилган, айни чоғда, худди шу нарса асарда лирик ибтидони кучайтиргани ҳам яққол кўринади: асарнинг кўп ўринларида воқеани тасвирлаш эмас, уларга муносабат билдириш мақсади етакчилик қилади. Буларнинг натижаси ўлароқ, асарда лирик ибтидо салмоқли, бадиий жиҳатдан белгиловчи ўрин тутадики, «Отамдан қолган далалар» насрда битилган романик характердаги «поэма»дек, «достон»дек таассурот қолдиради. Асардаги ифода йўсини ҳамда воқеликни бадиий идрок этиш усулининг халқ достонларига эшлиги унинг муваффақиятини таъминлаган қўшимча омил эмасмикин?!

* * *

…романнинг мақсади дунё ҳақидаги, унинг жорий ҳолати ҳақидаги яхлит бадиий контсептсияни шакллантириш ва ифодалаш, романий қаҳрамон шунинг воситаси дедик. Шунга таяниб, «Отамдан қолган далалар» жанрнинг рисолавий талабларига жавоб беришига шубҳа ҳам билдирдик. Бошқа томони, ахир, унда воқеликни қалбидан ўтказиб, унинг таъсирида туғилган кечинмаларини, муносабатини ифодалаётган лирик қаҳрамон — Тоғай Муроднинг ўзи бор-ку?!. Дунё билан зиддиятдаги, насиб этган тақдиридан имкони кенгроқ бўлганидан муҳитга сиғмаётган, аниқроғи, элининг бир асрдан зиёд муҳит — мустамлака тузумига сиғмай келганини ўзида намоён этиб турган Тоғай Муроднинг ўзи рисоладаги романий қаҳрамон эмасми?!.

* * *

«Отамдан қолган далалар»ни реалистик асар деганимиз ҳолда, унда реалистик шартлилик даражасининг юқорилиги ва бу нарса қатъий реализм талабларидан жиддий чекинишларга олиб келганлигини эътироф этишга тўғри келади. Бу нималарда кўринади? Аввало, вақтнинг шартлилиги: 20-йилларда эс таниган болакай 60-йилларда ҳам болалигича қолади. Бугина эмас, умуман асарда тасвирланган (ёки эслатилган, ишора қилинган) воқеалар, тафсилотлар реал хронологияга доим ҳам мувофиқ келавермайди. Ундаги қатор образлар (масалан, идеология, киночилар, мустамлакачилар…) реалистик образлар сифатида эмас, кўпроқ шартли, рамзий «маска» сифатида бўй кўрсатади. Шунга ўхшаш, асарда ҳақиқий фамилиялари остида ҳаракатланувчи шўро ҳукуматининг таниқли арбоблари (Полторатский, Колесов, Успенский…), мураккаб тақдир эгаси полковник Чанишевларнинг битта ҳаётий ҳолат – Ақраб қўрбошининг қўлга олиниши доирасида тасвирлангани ҳам шартлиликдан ўзга эмас. Булардан кўринадики, асарда мустабид тузумнинг том маънодаги реалистик образи эмас, унинг шартли образи яратилади: ўқувчининг кўз олдида инсонийликдан буткул маҳрум ёвузлик тимсоли гавдалантирилади. Асарнинг умумий руҳини, «хийла кескин – тендентсиоз» руҳини белгилаган бу каби усулнинг (ёвузлик лагерининг ўта шартлилигию эзгулик лагерининг ҳаётий тасвирланиши) илдизи ҳам аслида халқ оғзаки ижодидан озиқланади…

* * *

…меъёрдан ортган тендентсиозлик – қусур, унинг реализмга хос эмаслиги исбот талаб қилмайдиган айни ҳақиқат. Аммо «Отамдан қолган далалар» – даврнинг бадиий ҳужжати, унда жамиятнинг мустамлакачилик барҳам топиб, истиқлол неъматига ноил бўлган пайтдаги руҳияти акслангани ҳам бундан асло кам бўлмаган ҳақиқат. Зеро, унда ҳаммамизнинг – «деҳқон» («деҳқон» – ер эгаси демак эмасми?!) бўла туриб «қул»ликда умргузаронлик қилган сизу бизнинг кайфиятимиз, парчаланган занжирлар устида турганча кечмишимизга соғлом назар солган, мустабид тузумни яниб турган ҳолатимиз аксланган. Донишмандлардан бири «Инсоният ўз ўтмиши билан кулиб хайрлашади» деган экан. Асар ёзилган пайтда на Тоғай Мурод, на сизу биз ўтмиш билан кулиб, кулиш қайда, хотиржам хайрлашишга ҳам қодир эмасмиз, негаки, истибдод занжирлари қолдирган яралардан ҳали қон сизиб турганди. Шу маънода, «Отамдан қолган далалар» – узоқ йиллар йиғилган дарднинг мисоли вулқондай отилиши, мустамлака билан хайрлашаётган халқнинг йиғи – йўқлови. Йўқ, мустамлакага куйиб эмас, топталган қадри, ғурурини ўйлаб чеккан ноласи; юракни эзадиган, руҳни туширадиган эмас, аксинча, киши руҳини юксалтирадиган, қаддини тиклайдиган нола…

* * *

«Отамдан қолган далалар»нинг, умуман, Тоғай Мурод насрининг тили ўзига хос, услуби ўзига хос. Сираси, кўникиб олмагунча ғалат кўринса ҳам, эҳтимол. Эҳтимоли нимаси, асли ҳам шундай-да!.. «Отамдан қолган далалар»ни ўқиганда раҳматли бобомнинг Сўфи Оллоёрни ўқиши, ўқиши эмас, хиргойи қилишини эслайман, беихтиёр хиргойи қилишга ўтаман… Сиз ҳам уриниб кўринг-а, тилнинг нечоғли жозиб эканини ҳис қиласиз… Ҳа, дарвоқе, тилингиз хиргойи қилганида, қалбингиз сомеъ бўлсин: чанқовуз, най нолалари ортидан элас-элас жанг ноғоралари – довул сасини илғайсиз, борган сари бу сас кучайиб боради…

* * *

…ҳозирча «Отамдан қолган далалар» танқидчиликда кўпроқ ғоявий-мазмуний жиҳатларидан келиб чиқиб баҳоланди, унинг поэтик хусусиятлари, бадиий ўзига хослигини атрофлича ўрганиш, асарнинг жозибасини таъмин этган омилларни очиб бериш бугун ва эртанинг вазифаси бўлиб турибди. Шунга қарамай, бир гапни дадил айтиш мумкин: «Отамдан қолган далалар»нинг жанрини роман деймизми ё бошқами, унда воқелик реалистик тасвирланган деймизми ё нореалистик, ёзувчи муносабатини тендентсиоз деймизми ва ё объектив – булардан қатъи назар, у юртимиз тарихининг муайян босқичида вужудга келган бадиий феномен, яхши ва бетакрор асарлигича қолаверади.

2

…адабиётимизни янгилаган авлод деб айтдик. Бу янгиланиш, аввало, инсонга муносабатда юз кўрсатди. Энди инсонни «буюк ғоя»га алоқаси ё унга қилган хизматидан келиб чиқиб баҳолаш эмас, уни бир инсон сифатида англаш, дарду қувончи, орзую армонларини кўрсатишга интилиш кучайди. Қарасак, атрофимизда елиб-ёниб ё ғивирсиб-тутаб юрган одамки бор, бари ИНСОН экан – ҳар қайсиси олам ичра бир олам экан. Тоғай Мурод шу оддий ҳақиқатни кўпчилигимиздан аввалроқ англаган, кал чавандоз ёки бефарзанд қарияларнинг ўй-ташвишлари, дард-армонлари, туйғу-кечинмалари анча-мунчадан қолишмайди, «кичик одам»ларда-да катта қалб бўлади, деган ақида билан ижод майдонига кирган экан…

* * *

Ботир фирқани кўпчилик «қизил» деб сўкади, унинг фахри бўлган орденларини улоқтиришни, эътиқод қилиб, яшаб ўтган умрининг мазмуни сифатида ҳар вақт ёнида ифтихор билан олиб юрган партбилетини ёқишни талаб қилишади…
«Бу дунёда ўлиб бўлмайди» романи худди шундай – минглаб «ботир фирқалар» оёқ қўйган замин бирдан йўқолиб, ўтмиш ва келажак орасида муаллақ туриб қолган бир даврда ёзилган…
Тоғай Муроднинг ҳеч бир асарида «қизиллик» кўрилмаган? У ҳеч вақт «қизил» бўлган эмас. Шундай экан, у ҳам кўп қатори Ботир фирқани ерпарчин қилса, бундан ўз вақтида мўмайгина «сиёсий дивиденд» ола қолса бўлмасмиди? Бўлмас эканки, Ботир фирқада бир инсон фожиасини кўришга интилган-да… чинакам санъаткор учун ғоя эмас, инсон бирламчи деган эътиқод билан қалам тебратган-да, ахир…

* * *

…«Олдин баҳор – охир хазон бўлди», нима бўлганда ҳам, Ботир фирқа умрини яшаб ўтди: Ботир қўшчи эди – «Ботир фирқа» бўлди, сўнгра «ўртоқ Эсонов» бўлиб давр сурди: кимгадир яхшилик қилди, кимгадир ёмонлик; нимадир қурди, ниманидир бузди… – барини элга хизмат қиляпман, эл учун қиляпман, эл саодати учун қиляпман деган ишончда қилди. Кун келиб, хизматлари бир пул бўлди: ёв қочган, кўпайган ботирлар уни «қизил» дедилар, миллатнинг душмани, дедилар…
Ахир, «Сиз кимнинг зурриётини бозорга олиб чиққанингизни биляпсизми?» дея эшонзодалар фожиасига куйган ҳам, «Шугина бир… гўдакни боқиб бўлмай қолдими?» дея эл аҳволидан юраги сел бўлган ҳам, «Азиз зотларни беваси, жуда табаррук зотларни зурриёти», дея уларни НКВДчилардан тилаб олган ҳам Ботир фирқа эмасми?! Қаранг-а, Саидхўжа эшон ҳонақоси бузилганида, «Эл-юрт нафас ютди. Эл-юрт сув сепмишдек жим-жит бўлди. Эл-юрт аза тутди», холос… Ботир фирқа бир тадбир қилмоқчи бўлганида, «фаол зоти бор – ўзини олиб қочди» – бежиз эмас. Ботир фирқа «яккаш ўзи ўйлади. Бир эскича, бир янгича ўйлади. Эскича билан янгичани қўшиб ўйлади» ва «юрак ютиб… бир ишга қўл урди»: ҳонақонинг «мумтоз усталар» ясаган дарвоза-деразаларини ўтинхонага яширди…
«Ўзингиз қандай бўлсангиз, сизга шундоқ амирлар қўйилур», дейилади муқаддас битикларда. Яшириб нима қилдик, ёв қочгач, ҳаммамиз-да ботирландик ва… борки кулфатлар учун айбни кечаги куннинг юрт оғаларига юкладик-қўйдик… Ўзни айбдор ҳис қилиш оғир, ўзгани айблаш осон – кўнгилни хотиржам этдик гўё. Тоғай Муроднинг безовта қалби бунга кўнмади, кўнолмади…

* * *

Бежиз эмас, дедик… бежиз демадик…
Ботир фирқа очликдан нобуд бўлган ҳамқишлоқлари ҳақига дуо қилишга чоғланди ва шу он ёнида НКВДчилар борлигини эслаб, сезиб қолишмадими, дея ҳадикда қолди… Ботир фирқа очарчиликка қарши ғаройиб кураш усулини кўриб, «Ўз эл-юртингиз эмасми, одамга пича ботар экан. Унча-мунча малол келар экан», дея ожизгина эътироз қилди, дилидагининг озроғини тилига чиқарди. Бироқ НКВДчилар бу «Совет ҳукуматининг буйруғи! Совет ҳукуматининг хоҳиш-иродаси! Ёки совет ҳукуматидан норозимисиз?» дея уни дарҳол ўзига келтиришди: «Ана шунда, Ботир фирқа бир сесканиб олди»…
Сескангани гуноҳми? Дарҳол ўзини ўнглаб, қаддини тик тутганича «Яшасин, Шўро ҳукумати!» — дея тантанавор ҳайқиргани айбми?.. Айблашга ҳақлимизми?.. Дадил бир нарса дейиш қийин: бу ўринда ҳар кимнинг ҳукми ўзича тўғри, балки?!.
Тоғай Мурод қаҳрамонига эврилиб кўрди, Тоғай Мурод қаҳрамонига ёғилган таъна-маломатларни ўз танасида синаб кўрди… Тоғай Мурод тахминан шундай ўйлади, шу боисгина бизнинг ўй-мушоҳадаларимизни ҳам шу ўзанга солди, сола билди…

* * *

Қабристонларни зиёрат қилиб туриш буюрилган бизга. Бежиз эмас. Қабристон – ўтмиш билан келажакни туташтирган жой: ҳаммамизнинг аждодларимиз шунда, ҳаммамизнинг борар жойимиз – шу. Қабристон дунёнинг фонийлигини, инсон умри жуда қисқалигини, киши ўз амаллари учун ҳам ўтмиш, ҳам келажак олдида бирдек масъуллигини эслатиб туради…
Ботир фирқа руҳиятидаги бурилиш, янгиланишда қабристон зиёратлари ҳал қилувчи туртки бўлди… Жанозасиз кўмилган «райком Тўрақулов» қабри бошидаги беўхшов тиловати, «ҳунг-ҳунг йиғлаб қўя бергани… ўкириб-ўкириб йиғлаб қўя бергани» – Ботир фирқанинг тазарруси, қўлидан келганча амаллаган тавбаси.
Тиловат асноси «ўртоқ Ягода қиличларидан айланиб ўтган, Ежов ўқларига чап берган, Берия қамоқларидан эсон-омон ўтган» Ботир фирқа «уруш-уруш» ўйнаган болаларни КГБ фаҳмлаб даҳшатга тушди… Бежиз эмас: «Илон чаққан киши ола арқондан қўрқади»… Зарб излари калтакланган танадан кетар-у, калтакланган руҳдан асло кетмайди. Ботир фирқа муттасил қўрқувда яшади, шу қўрқув уни дилидаги норозиликни ўлдириб яшашга кўниктирди. Собиқ райком Тўрақуловни партиявий дафн этиш ҳақида партиявий топшириқ олганида, кўнгли бунга осонгина кўнган эмас: туни билан ухлаёлмай чиқади, лекин… эртаси марҳумни жанозасиз кўмдиради…
Инсонда танлов имконияти ҳамиша бор… Айтайлик, Ботир фирқада муттасил қўрқув остида яшаш ёки тик туриб ўлиш имконлари мавжуд эди. Фирқа биринчи имконни танлади. Тоғай Мурод танлаш унинг ҳаққи деб билади, қораламайди – тасвирлаб кўрсатади: ўқувчиси қаршисида танлов имкониятини яратиб, эътиқодига содиқлигича шаҳидлик йўлини тутганлар кўпайса дея умидланади…
…маъни деганлари жуда серқирра нарса: қай тарафдан қарама, унинг қатор қирралари нигоҳингдан пинҳон; қай томондан қарасанг, шунга мос қирралари кўз олдингда намоён: ҳамма қирраларни бирдан ва бирдек кўра олиш одам боласининг чекига тушмабди. Роман финалини ўзимча англадим, ўзимча мағзини чаққан бўлдим…
Ботир фирқа эккан чинорлар қўпориб ташланди, Ботир фирқа яратган боғ ўрнидан Буюк ипак йўли ўтар бўлди… Умр беиз кетди — умр беиз кетмади… Эл ўша чинорлар соясидан баҳра олган, боғ меваларидан элнинг оғзи чучиган… Э-воҳ, соя ўткинчи, тот ўткинчи… — умр беиз кетдими? Алҳазар… бунақада нафақат Ботир фирқа, умуман, инсон умри маънисиз, бенаф бўлиб чиқмайдими?! Йўқ, Ботир фирқа бунга кўнмайди… аниқроғи, Тоғай Муроднинг безовта қалби бунга кўнмайди, кўнолмайди — у жавоб излайди, ўртаниб жавоб излайди, юраги ёниб, жизғанак бўлиб жавоб излайди… Излаган — топади: Ботир фирқа ҳам жавоб топди, тўғрироғи, унинг воситасида Тоғай Мурод жавоб топди. Руҳий изтироблари адоғида ўзи излаган маънига яқинлашган Ботир фирқанинг ҳолатини кўринг:
«жони ачиди… тани куйди» — «тан-жони… шодланди»,
«ичи куйди» — «ичи кулди»,
«кўзларида қайғу бўлди» — «кўзларида байрам бўлди».
Ботир фирқа ўзи учун «Биз эккан чинорлар… Буюк ипак йўли бўлди» деган ҳақиқатни кашф этди, «Биз энди Буюк ипак йўлида юрамиз», дея фахр этди. Аввалги биз бошқа, кейингиси бошқа. Аввал у ўзини тамом ортиқча сезган, ўзини элдан ажратган эди — энди қўшиляпти, уни «қизил» дея чиқитга чиқармоқ бўлишганди — чиқаролмадилар: «Одамнинг чиқити бўлмайди»; уни сонга қўшдилар — у қайта тирилди…
Ҳа, ҳар қандай амал… эзгу ният билан қилинган амал-да ўткинчи, унинг маҳсули-да ўткинчи, фақат ЭЗГУ НИЯТнинг ўзигина собит, шунинг ўзигина боқий. Эзгу ният — авлодлар орасидаги кўринмас занжир, эзгу ният ўтмиш билан бугун ва эртани бирлаштиради — ҳаммамизни, ҳеч бир «чиқит»сиз битта томирга мансуб этади. Эзгу ният элни халқ, халқни миллат қилади, эзгу ният атрофида бирлашсагина Буюк ипак йўлида миллатнинг йўли унади… Тоғай Мурод англаган маъни — шу, тўғрироғи, унинг каминага аён бўлган қирраси — шу.

3

Тоғай Мурод эзгу ниятларни дилига тутиб ижод қилди…
Тоғай Мурод эзгулик мавқеида мустақим бўлишга интилди…
Тоғай Мурод эзгулик уруғларини қалбларимизга сочиб кетди…
Ўзида полвонларга хос тантилик, шоирларга хос инжалик, дарвешларга хос ғаройиблик, эл-юртига нисбатан беғараз муҳаббатни жам этган Ўзбекнинг катта адиби таваллуди 60 йиллиги барчамизга муборак бўлсин!

Дилмурод Қуронов,
филология фанлари доктори.
“Ҳуррият” газетасидан олинди.