Пиримқул Қодиров. Маънавият, модернизм ва абсурд

Гапни инсонга хос маънавий изланишлардан бошлайлик. Геологлар тоғу чўлларни кезиб қадри паст, арзимас нарсаларни эмас, қадри баланд, қимматбаҳо нарсаларни излашади. Шунга ўхшаб, инсондаги маънавий изланишлар ҳам унга азиз туюладиган, руҳий эҳтиёжларини қондирадиган неъматларга қаратилади.
Бутун табиат қуёш нури билан тирик. Аммо инсон қуёш нуридан баҳраманд бўлиш билан чекланолмайди. Инсон руҳи яхши одамларнинг сўзидан, сиймосидан, ижодидан тараладиган маънавий зиёга ҳам катта эҳтиёж сезади. Чунки ҳам табиий нур, ҳам маънавий зиё билан йўғрилган инсон ҳаётигина баркамол бўлади.
Маънавият — чексиз бир уммон. Шу уммоннинг бир қатраси шахсан менга насиб қилган бўлиши мумкин. Қатрада қуёш қандай акс этганини мен ўз ҳаётий ва ижодий тажрибам мисолида қисқача айтиб ўтмоқчиман.
Талабалик йилларимда мен учун энг азиз туюлган муддаолар — илму маърифатни эгаллаш, одамларга нафи тегадиган бир мутахассис бўлиб етишиш ва меҳру оқибатга асосланган оила қуриш эди. Шукурки, бу маънавий қадриятларга озми-кўпми эришиш ва шу ҳақда “Уч илдиз”ни ёзиш насиб этди.
Навбатдаги маънавий изланишлар Москвада аспирантурада ўқиган ва марказий ёзувчилар уюшмасида ўзбек адабиёти бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган йилларимда бошқача шаклларда давом этди.
Мусофир бўлмагунча мусулмон бўлмайсан, деганлари рост экан. Ватандан йироқда уни соғиниб яшаганда бошқа жойда топилмайдиган юз хил неъматларимизнинг қадри ўтаркан. Москвада менга қуёшли кунлар, оппоқ ўрик гуллари, ширин миллий куйларимиз, она тилимизнинг гўзалликлари етишмас эди. Ўзга элларда ватанни соғиниб яшайдиган одамга барча элдошлар бир бутун миллат бўлиб кўринади. Ватанда юрганингизда “фарғоналиклар ундай, тошкентликлар бундай, хоразмликлар бошқача” деган гапларни эшитамиз. Аммо ватандан йироқда маҳаллий фарқларнинг аҳамияти қолмайди. Мен, масалан, Москвада дўппи кийган одамни кўрсам кўнглим ёришиб кетарди. Атлас кийган аёллар Москва кўчаларида қуёшдан тушган париларга ўхшаб кўринарди.
Мен билан ўн йил бир бинода меҳнат қилган рус, украин, грузин, армани, латиш, эстон, қозоқ, тожик миллатига мансуб ҳамкасбларим ҳар бири ўз халқи ва адабиёти учун жон куйдириб ишлар эди. Уларда миллий ғурур ва маданий савия баландлигини сезганим сари ўзим ҳам шулардан қолишмасликка интилардим.
Мана шу ҳис-туйғулар йиллар давомида ўсиб, кучайиб, одамнинг ватанпарварлик ва миллатпарварлик эътиқодини шакллантирар экан. Бу эътиқод инсон руҳини тор худбинлик қобиғидан эл-юрт кенгликларига олиб чиқади. Бу кенгликларга ўрганган одам руҳан фақат ўз уйида эмас, балки шу уй жойлашган катта ватанда яшаётганини юракдан ҳис қилади. Фақат ўз шахсий миқёсида эмас, ватан, халқ миқёсларида ҳам фикр юритишга одатланади, ана шу миқёсларга мос келадиган катта мақсадларга интилиб яшайди.
Улуғ ғайрат улуғ мақсадлар йўлида туғилади, деганлари бежиз эмас. Абдулла Қодирий ва Абдулҳамид Чўлпон ватан озодлиги ва мустақиллигини ўз олдиларига улуғ мақсад қилиб қўйган эдилар. Ана шу мақсадга яраша улкан ижодий ғайрат ва жасорат “Ўткан кунлар”, “Кеча ва кундуз” каби ўлмас асарларни юзага келтирди. Бу асарларда миллатимизнинг ҳаётига оид теран инсоний мазмун ва бадиий маънолар кашф этилди. Ҳақиқат ва озодлик каби олий мақсадларга йўналтирилган бу романлар олий маънавий қадриятларга айланди. Абдулла Қодирий бошлаб берган ўзбек миллий романчилик мактаби Ойбек, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Ўлмас Умарбеков, Тоғай Мурод ва бошқа ёзувчиларимизнинг ижодларида давом этиб, янги бир тараққиёт босқичига кўтарилди. Чўлпон ижоди узоқ вақт таъқиқ остида қолган бўлса ҳам, унинг миллий дард ва ватан туйғуси билан суғорилган оловли шеърияти адабиёт майдонида пайдо бўлган янги шеърий истеъдодларга ўз таъсирини ўтказмай қолмади. Ўзбек адабиёти мустабид тузумнинг таъқибу тазйиқларига қарамай йигирманчи асрда А.Қодирий, А.Чўлпон, А.Фитратлардан бошланган ва Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Зулфия, Саид Аҳмад, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов ва улардан кейинги авлодларгача давом этган улкан бир янгиланиш ва юксалиш жараёнларини бошдан кечирди. Афсуски, бу жараёнлар ҳали адабиётшуносларимиз томонидан етарлича таҳлил ва талқин этилган эмас, муносиб баҳосини ҳам олгани йўқ.
Қисман шунинг учундир, истиқлолдан олдин яратилган асарларни “даври ўтган” деб ҳисоблайдиган, уларни нуқул “анъанавий” деган юзаки сўз билан баҳолайдиган, фақат модерн асарларни янгилик сифатида тан оладиган адабиётчилар пайдо бўлди.
Масалан, З.Пардаеванинг бултур “Ёшлик” журналида чоп этилган мақоласида Ўткир Ҳошимов ва Тоғай Муродларнинг истиқлол даврида чоп этилган янги романларини ҳам “анъанавий” деган сийқа сўз билан баҳоланади. Айни вақтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида таниқли адабиётшунослар томонидан бир қатор жиддий камчиликлари кўрсатиб ўтилган “Капалаклар ўйини” романи модерн услубда ёзилгани учун “Адабиётнинг янги романи” деб баҳоланади, ушбу баҳо ҳатто мақоланинг сарлавҳасига чиқарилади.
Тўғри, мақола журнал томонидан мунозара тарзида эълон қилинган. Шуни ҳисобга олиб модернизм ҳақидаги баҳсларга тўхталиб ўтиш жоиз кўринади.
“Капалаклар ўйини” ёш ёзувчи Тўхтамурод Рустамнинг биринчи йирик асари эканини ҳисобга олиб, профессор С.Содиқ уни суяб ва аяб таҳлил қилади. Романда ҳали онги шаклланмаган ёшларни йўлдан оздирадиган ва ҳаётдан бездирадиган иллатлар фош этилганини, муаллифнинг истеъдодида ҳажвий йўналиш кучли эканини домла тўғри кўрсатади. Бироқ муаллиф гоҳ Жеймс Жойснинг онг оқимига, гоҳ М.Прустнинг экспрессив услубига амал қилади, аммо уларга хос юксак маҳоратни эгаллай олмагани учун тақлиддан юқорига кўтарила олмайди.
Гёте “Услуб — бу одам” деган эди. Ж.Жойснинг модернистик услуби ҳам унинг таржимаи ҳоли ва мураккаб тақдири билан боғлиқ бўлган. 1882 йилда Ирландияда туғилган Жойс ўз ватанининг Англия мустамлакасига айланганидан, она тилини унутиб, инглиз тилида асар ёзишга мажбур бўлганидан ўксинади. У ватанида юрганида ўзини иккинчи даражали одамдек ҳис қилади, “комплекс неполноценности” деб аталадиган қадрсизлик туйғуси учун ўз туғилган юртини ва унинг халқини айбдор деб билади. “Ўш санъаткорнинг портрети” деб аталган биринчи романида Жеймс Жойс ўз прототипи асосида яратилган Стивеннинг тилидан ватани Ирландия ҳақида шундай дейди:
— Биласанми, Ирландия нима? Ирландия бу ўз болаларини ўзи ейдиган кекса чўчқа! (“Ёш санъаткорнинг портрети”, 289-б.)
Ўз ватанини шундай ҳақоратомуз сўзлар билан таърифлаган Ж.Жойс 22 ёшида Ирландияни бутунлай тарк этади, Парижда ва Цюрихда яшай бошлайди. Ватандан йироқда юрганида ҳам Ирландияни “шол бўлган мамлакат” деб атайди, Ирландия пойтахти Дублинни “паралич маркази” деб масхара қилади (ўша китоб, 9-бет).
Жойснинг мухлисларидан бўлган Америка ёзувчиси Ж.Феррол ёзади: “Жеймс Жойс динидан, халқидан, ватанидан воз кечади, унга фақат сўз санъати муқаддас туюлади, шу сабабли бутунича санъат-санъат учун деган ғояга берилади” (ўша китоб, ХХII бет). Ж.Жойс чиндан ҳам инглиз тилининг улкан сўз санъаткори бўлиб етишади, унинг сўз санъати соҳасида қилган бадиий кашфиётларидан Э.Хемингуэй каби машҳур ёзувчилар ҳам баҳраманд бўлганларини тан оладилар.
Бироқ ватандан, халқдан, диндан юз ўгириш Жойсни маънавий тушкунликка ва ёлғизлик азобига маҳкум этади. Ўз халқини қадрламаган, ўз ватанини инкор этган, даҳрийликка берилган одам бутун тарихни, бутун дунёни ва одамзотни ҳам қоралашга тушиб кетиши мумкин экан. “Улисс” романида Жойснинг прообрази бўлган ва айнан унинг фикрларини айтадиган Стивен шундай дейди: “Тарих бу — даҳшатли туш, мен ундан уйғониб қутулишни истайман. Тарих — бу дунёнинг криминал хроникаси (жиноятлар солномасидир), чунки бутун одамзод жиноятчилар тўдасидир. Биз дунё деб атайдиган бу сассиқ гўнг уюмида ҳамма нарса омонат…” (“Ж.Жойс “Улисс”, Интернациональная литература” журнали. 1935 й. 2-сон, 46-бет.)
Бутун одамзодни жиноятчилар тўдаси деб айблаш ва дунёни сассиқ гўнг уюми деб ҳақорат қилиш — инсоний одоб-ахлоқ қоидаларини қўпол равишда бузиш эди. Бунинг оқибатида Ж.Жойс атрофида жуда катта жанжал кўтарилади. ”Улисс” романи Англия, Франция ва АҚШда таъқиқланади. Машҳур фантаст ёзувчи Герберт Уэллс Жойсга ёзган мактубида шундай дейди: “Сиз оддий одамлардан юз ўгирдингиз ва ўзингизни жуда катта оляпсиз. Менимча, бу боши берк кўчадир”. Р.Оллингтон деган адиб “Улисс”ни “Одамзодга қарши айтилган ялмоғизларча туҳматдир” деб атайди. Америка адиби Эдвард Далберг “Улисс” романининг воқеалари бир кеча-кундузда бўлиб ўтишини назарда тутиб шундай дейди: “Улисс” — бу ахлатхоналар бўйлаб бир кеча-кундуз давом этган саёҳатдир.” (Д.М.Урнов “Джеймс Жойс и современный модернизм” М. 1964 й. 5-бет.)
Бу энди Ж.Жойснинг бутун дунёни масхаралаганига қарши жавоб масхара эди. Бизнингча, ҳар икки томоннинг ҳам масхаралари ёзувчилик одобига хилофдир.
Шунга қарамай, Ж.Жойснинг аччиқ киноя ва масхараларини юксак санъат ва жасорат намунаси деб ҳисоблайдиган, бу борада ундан ибрат олишга интиладиган одамлар, айниқса, ёш ёзувчилар ҳозир ҳам учрайди.
Юқорида эслаб ўтилган “Капалаклар ўйини” романида Жойсни эслатадиган киноя ва масхаралар энг аввало оддий одамларга такаббурона муносабатда кўзга ташланади. Ҳеч кимга зарари тегмайдиган, эшак миниб рўзғор тебратадиган камтар бир инсон Эшим бутун роман давомида “Эшим — эшак” деб камситилади. Романда олифтачилик билан ичиб-чакиб юрадиган, бирон фойдали иш қилмайдиган бекорхўжа-такасалтанглар “Эшим деганимиз бу — эшак демакдир” деган баландпарвоз шеър ҳам тўқишади. Муаллиф бу билан ҳам қаноатланмай, Эшим номидан қуйидагича умумлашма қилади: “Эшак ҳам худди одамга ўхшайди, фақат эшак одамдан эслироқ бўлади.”
Инсон зотини эшакдан ҳам паст қўйиб, бу қадар аёвсиз ерга уриш модернизм таъсирига берилиб инсонпарварликдан юз ўгиришга ўхшайди. Бир вақтлар Герберт Уэллснинг Жойсга қарата “Сиз оддий одамлардан юз ўгирдингиз” деган танқидини “Капалаклар ўйини” муаллифига ҳам айтишга тўғри келади.
Жойснинг оламдан ўтганига олтмиш йилдан ошди. Шундан бери жаҳонда ва адабиётда катта ўзгаришлар юз берди. Нуфузли доираларда “Европа виждони” деб тан олинган Альбер Камю Ғарб адабиётининг гуманизм йўлига яна қайтиб келишига ва маънавиятнинг астойдил қадрланишига катта ҳисса қўшди. Янги тарихий шароитда постмодернизм тарафдорлари ҳам гуманизм ва маънавият томонга бурилиш ясадилар. Шунга қарамай “Капалаклар ўйинида” ҳамон ўша Жойснинг нигилизмига, ўринсиз киноя ва масхараларига тақлид қилиш ҳоллари кўп учрайди. Муаллиф Тошкент вақтини “Бақаҳовуз вақти” деб ўзгартиради. Ҳатто киноя тарзида “Бақаҳовуз ҳақиқати” деган газета борлиги ҳам такрор-такрор қайд этилади…
Жойс ўзини ниҳоятда ёлғиз ҳис қилади, ўз санъатини ҳамма нарсадан баланд қўяди. “Улуғлик” чўққисида туриб ўз халқи ва бутун одамзод шаънига юқорида келтирилган номуносиб айбномаларни айтади. Модернизмда Жойснинг анъанасига амал қилувчи айрим ижодкорлар ҳам инсонлар ва ҳатто миллатларга нисбатан жуда баланддан келиб, катта-катта айблар қўядилар.
Бунинг бир мисолини истеъдоди кўпчилик томонидан тан олинган таниқли шоир Абдували Қутбиддиннинг “Шарқ юлдузи”да чоп этилган “Изоҳсиз луғат” номли достонида кўриш мумкин. Бу достонда ўтмишдаги мустамлака зулми остида яшаган инсоннинг фожиавий хатолари қуйидагича изоҳланади:

Ватанинг бор эди, сотдинг.
Онанг бор эди, отдинг.
Лаззатга, сафога, ишратга алмашдинг бору будингни
Чўчқага хизматга кирдинг,
Тўнғизнинг амрини бажардинг
Эсизгина одам, қизил ва сариқ шоқол,
Кўз узмай кузатиб турибди ҳар бир ҳаракатингни”.
Кўзингдан, бурнингдан битлар чиқмоқдалар амал-тақал қилиб.
Оғзингдан семириб кетган қурбақа зўрға тушаётир —
кекиртагингни ёриб юборар.
…Эсизгина одам, ачинаман, афсусланаман…
Кечикмадикмикин? Одамни қутқармоққа?!. (“Шарқ юлдузи” 1990 й. 10-сон, 11-бет.)

Мустамлака зулми остида эзилган, алданган, ёмон хатолар қилган, бору будидан айрилган одамга шоир аввал баланддан келиб даҳшатли айблар қўяди, бит ва қурбақалар тимсолида унинг қиёфасига жирканчли тус беради. Сўнг айб фақат одамнинг ўзида эмаслигини, тузум, муҳит ҳам айбдор бўлганини тушунгани учун “Эсизгина одам!” деб унга чин дилдан ачинади. Ниҳоят, “кечикмадикмикин Одамни қутқармоққа!” деган савол билан ўз мақсадини англатади. Катта ҳарф билан ёзиладиган Одамни қутқармоқ эса эзгу мақсаддир. Шу тарзда достонга инсонпарварлик руҳи қайтиб келади.
Афсуски, достоннинг биз келтирган айрим сатрларидан ёш олима Наргиз Маматқулова “Модерн шеъриятда янгича талқин” деган мақоласида бутунлай бошқача хулосалар чиқаради. Англашилмовчилик келиб чиқмаслиги учун Н.Маматқулова кўчирма олган сатрларини бу ерда такроран келтиришга тўғри келади:
“Кўзингдан, бурнингдан битлар чиқмоқдалар амал-тақал қилиб, оғзингдан семириб кетган қурбақа зўрға тушаётир — кекиртагингни ёриб юборар”.
Бу хунук ва эстетикадан йироқ сатрларни Н.Маматқулова модерн шеъриятининг янгича талқини сифатида мақтайди. “Бу сатрларда, — деб ёзади олима, — миллатга нисбатан катта айблов мавжуд. Миллатнинг руҳий тарқоқлиги ва ҳашаротлар каби майдалашуви, қисқаси, улкан бир фожиа тасвирланади” (“Ёшлик” журнали, 2003 й. 4-сон, 29-бет).
Юқорида биз келтирган сатрларда гап миллат ҳақида эмас, мустамлака зулми остида эзилган, алданган, хатолар қилган одам ҳақида боради. Шоир бу одамга ачинади, ҳамдард бўлади, уни қутқаришни ўйлайди.
Модерн шеърият тадқиқотчиси эса бу одамни ўзгартириб, бутун бир миллатга айлантириб юборади. Алоҳида одамга тааллуқли айбловлар бутун миллатга тааллуқли бўлиб чиқади. Гўё бу мисраларда миллатнинг тарқоқлиги ва ҳашаротлар каби майдалашуви, қисқаси, улкан бир фожеа тасвирланган эмиш!
Мустамлака зулмига қарши курашда А.Қодирий ва Чўлпондан тортиб Мадаминбеккача, Мунаввар Қори ва Беҳбудийлардан тортиб Файзулла Хўжаевгача, ўзбек адабиётининг жаллодларига қарши исён қилган Абдулла Қаҳҳоргача минг-минглаб миллатдошларимиз озмунча қаҳрамонлик кўрсатдими? Энди бунинг ҳаммасини унутиб, шўро даврида яшаган миллатдошларимизни “ҳашаротлар каби майдалашув”да айблашга ёш олиманинг қандай ҳадди сиғди? Шоир қизил ва сариқ шоқол зулми остида эзилган, булғанган одамга ачиниб ва ҳамдард бўлиб ёзган сатрларни бутун бир миллатга қарши асоссиз айбловга айлантириш — миллий нигилизмнинг ашаддий бир кўринишидир.
Ҳар бир миллат таркибида яхши ва ёмон одамлар бор. Лекин бутунича ёмон миллат йўқ. Айниқса, ўз миллатига паст назар билан қараш ва унга адолатсиз айбловларни раво кўриш ҳаддан ортиқ катта кетиш ва камтарликни унутишдан келиб чиқади. Жеймс Жойс мана шунақа катта кетиш оқибатида ўз халқидан воз кечади, бутун одамзодни “жиноятчилар тўдаси” деб қоралашгача бориб етади, охир-оқибатда нигилизм ва интиҳосиз тушкунлик таъсирида кўзи кўр бўлади ва 1941 йилда вафот этади.
Ана шу даврда ижод қилган француз адиби А.Камю тушкунлик ва нигилизм тўғрисида қуйидагича фикр билдиради:
“Ўта тушкун аҳволга тушиб қолганидан шон-шараф ва ор-номусни ҳам унутиб, замонавий нигилизм ботқоғига ботиб қолганлар билан курашар эканмиз, улар адашаётганини тушунишга ҳаракат қилишимиз керак. Бироқ менинг юртимдаги ва Европадаги кўпчилик нигилизмни рад этган ва тарихни оқилона давом эттиришга киришиб кетган”. (“Жаҳон адабиёти”, 2002 й. 2-сон, 169-б.)
А.Камю “Шон-шараф ва ор-номусни унутиб, замонавий нигилизм ботқоғига ботганлар” деганда кимларни назарда тутганига изоҳ бериб ўтишимиз керак: Совуқ уруш авжига чиққан даврда модернизмнинг гуманимизмга қарши қаратилган оқими пайдо бўлади. Бу оқим тарафдорлари “инсон табиатан ёмон, уни аямай фош этиш керак” дейдилар.
Англияда Голдинг деган адиб “Найза” номли романида антигуманизм ғоясини тарғиб қилади. Джон Уэйн деган модернист танқидчи бу романдаги антигуманизмни қўллаб-қувватлаб ёзади: “Голдинг инсон деган тушунчанинг ўзини инкор этади. У ҳар янги романи билан “гуманизм” деб аталган нарсага қарши аёвсиз ўқ отади.”
Авангард модернистлар ўз халқларининг тарихидаги шон-шараф зарварақларини инкор этадилар. Улар тарихни ой нури каби ҳароратсиз нарса деб камситадилар ва “Йўқолсин ой нури!” деган шиор билан чиқадилар.
Бир вақтлар шўро даврининг пролеткултъчилари “Йўқолсин эски адабиёт! Йўқолсин Пушкин!” деган шиор билан чиққан, лекин орадан йиллар ўтиб, ўзлари йўқолиб кетган эдилар. “Йўқолсин ой нури!” деган модернистлар ҳам йиллар ўтгандан кейин худди пролеткултьчиларнинг аҳволига тушганини италян ёзувчиси Умберто Эко “Номи Роза” деб аталган китобда қуйидагича баён қилади: “Авангард модернизми тарихни инкор этади, образни йўққа чиқаради, уни қуруқ абстракцияга айлантиради, охири оқ қоғознинг ўзи қолади, сурат чизганда холстни тешик қилиб “Тасвир мана шу” дейишгача бориб етади”. Умберто Эко фикрини қуйидагича давом эттиради: “Авангард модернизм шу тарзда таназзулга учраб тўхтаб қолди, модернизмга хос нигилизм тарихни инкор этди, аммо ўтмишни йўқотолмади. Энди модернизм ўрнига келган постмодернизм тарихни қайта идрок этиб тасвирламоқда.” (Умберто Эко “Номи Роза”, роман, М. 1989 й. 461-бет.) Умберто Эко ўзининг бу фикрини амалда исбот этади, “Номи Роза” деб аталган тарихий детектив роман ёзади ва уни постмодернизм маҳсули деб атайди. Бу роман қизиқарли сюжет ва аниқ тарихий шахслар тасвирига бағишланган. Унда А.Камю айтганидек, тарихни оқилона давом эттириш тамойили кўзга яққол ташланади ва шу сифатлари билан Эко романи Жойс модернизмидан кескин фарқ қилади.
Яқинда ўзбек тилига таржима қилинган бразилиялик ёзувчи Пауло Коэлонинг “Алкимёгар” романи ҳам постмодернизмнинг анъанавий модернизмдан фарқи катта эканини кўрсатиб турибди. Жойс романларидаги диндан қайтиш, ватандан воз кечиш, нигилизм ва тушкунликка берилиш “Алкимёгар” романида мутлақо йўқ. Аксинча, бу романда замон ва макон аниқ кўрсатилади, сюжет ёрқин инсоний тақдирлар асосига қурилади, имону эътиқодли, тақдирга ишонадиган, маънавий ҳаёт кечирадиган одамлар бош қаҳрамон қилиб олинади. Бу ҳаммаси мумтоз реализмга хос энг яхши ижодий тамойилларни эсга солади.
Постмодернизм назариячиси Жон Барт ХIХ ва ХХ асрдаги мумтоз реалистик адиблар тажрибаси бугунги постмодернизм ёзувчилари томонидан ҳисобга олинаётганини махсус кўрсатиб ўтади.
Хуллас, модернизмнинг авангард каби турлари реализмга қарши бориб енгилди ва таназзулга учради. Буни амалда кўрган постмодернистлар мумтоз реализмга қарши туришдан воз кечдилар. Тараққиёт спирал шаклида айланма йўлдан бориши маълум. Постмодернистлар шу спирал бўйлаб мумтоз реализм йўлига қайтаётгандай кўринади. Фақат бу — орқага қайтиш эмас, балки спирал бўйлаб юқорига кўтарилиш бўлиши мумкин.
Мана шу келажакни А.Камю ўтган аср ўрталарида олдиндан кўра билгани учун ижодкорларни тушкунликка тушмасликка, замонавий нигилизмга берилмасликка даъват этган эди. Камюнинг Нобель мукофотини олиши муносабати билан сўзлаган нутқи ўзбек тилига таржима бўлиб, “Жаҳон адабиёти” журналида чоп этилган. Ана шу дастурий нутқда А.Камю “санъат — санъат учун” деб, фақат тор доирадаги шинавандаларга мўлжаллаб ёзилган, тушунилиши қийин бўлган асарларга ўз муносабатини қуйидигача билдиради:
“Санъат ижодкорларнинг ўз қобиғига ўралашиб қолишига йўл қўймайди. Санъат азоб-уқубатлар ва қувончларнинг кенг қамровли тасвирини яратиш орқали иложи борича кўпроқ одамларга таъсир қилиш усулидир.”(“Жаҳон адабиёти” т-л 2002 йил 2-сон, 168-бет.)
З. Пардаева каби адабиётшуносларимиз эса ҳамон ўша тушунилиши мушкил бўлган бошқотирма услубидаги “Капалаклар ўйини”ни “Адабиётнинг янги романи” деб реклама қилишади.
Аллома Озод Шарафиддинов бир суҳбатида модернизмнинг кроссвордга ўхшаш бошқотирмасини ёқтирмаслигини айтган эди. Албатта, кроссворд ҳам ўз ўрнида керак. Лекин Абдулла Қаҳҳор адабиётни атомдан кучли деб таърифлаган, фақат унинг кучини ўтин ёришга сарфлаш керак эмас” деб огоҳлантирган эди. Устоз адибнинг шу фикрини қувватлаб, адабиётнинг атомдан зўр кучини кроссворд ечишга ҳам сарфлаш керак эмас, дегимиз келади.
“Бошқотирмасиз” ҳам яхши асар ёзиш мумкинлигини Улуғбек Ҳамдамнинг яқинда китоб бўлиб чиққан “Мувозанат” романида кўриш мумкин. Академик М.Қўшжонов романга ёзган бош сўзида унинг катта қизиқиш ва қониқиш билан ўқилиши сабабларини очиб беради. Асарда чинакам романбоп тақдирлар ва ўта драматик воқеалар янгича тафаккур асосида журъат ва маҳорат билан тасвирланади. Шахсан мен “Мувозанат”ни сўнгги ўн йилда чиққан ўзбек романларининг энг яхшиларидан бири деб ҳисоблайман.
Шу билан бирга, тушкунликка тушган ва нигилизмга берилган анъанавий модернизмнинг ўрнига келаётган ва жаҳон бўйлаб тан олинаётган бағрикенг, маънавияти бор постмодернизмга нисбатан хайрихоҳ бўлишимиз керак, деб ўйлайман.
Бу фикрга исбот тарзида Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Бозор” романини мисол келтирмоқчиман.
Бу романда имон-эътиқодли одамлар бор. Айниқса, бош қаҳрамон Фозилбекнинг тақдири ўқувчини қизиқтиради. Ёши етилган Фозилбекни ота-она ҳам, опа-сингиллар ҳам “Уйлан”, деб қисташади. Фозилбек мол-дуёнга тўла бозорда узоқ изланиб юради. Уйларида ҳам бойликнинг ҳисоби йўқ. Бой оилаларнинг гўзал қизларини унга кўрсатишади. Лекин тақдир тақозоси билан йигитнинг ишқи маънавий бойликлар йиғилган китобхона ходимаси, камхаржгина оддий жувон Қадрияга тушади. “Бозор” романи “Алкимёгар”дан олдин босилиб чиққан бўлса ҳам, Фозилбек образи нимаси биландир Сантягони эслатади. “Нимасидир” деганда биз ҳар икки романда ҳам маънавият олий қадрият сифатида кўрсатилганини назарда тутамиз. Демак, постмодернизм асарлари маънавиятни эъзозлаши ва мумтоз реализмнинг олий қадриятларига суяниши билан ҳам кўпчилик китобхонлар дилига йўл топиши мумкин.

* * *

Маънавият мавзусига қайтар эканмиз, унга нисбатан қарама-қарши қутбда турадиган абсурд тушунчасига дуч келамиз. “Маънавият” бу “маъно” сўзидан келиб чиқадиган юксак қадрият бўлса, “абсурд” луғавий жиҳатдан “маъносизлик” ёки “бемаънилик”ни билдиради.
Ҳаётда бемаъниликлар оз эмас. Уларни адабий асарларда ҳаққоний акс эттириш зарур. Фақат ҳаётдаги бемаънилик адабий асарда тасвирланганда унинг инсонга беҳуда азоб берадиган салбий моҳияти ҳам очиб берилиши керак. Бу мавзуда энг яхши асарлар ёзган адиб юқорида номи айтиб ўтилган Альбер Камюдир. Унинг “Сизиф ҳақидаги ривоят” асари абсурднинг қадим замонларга илдиз отган ҳодиса эканини кўрсатади.
Қадимги юнон Қаҳрамони Сизифнинг мудом баланд тоққа тош юмалатиб чиқиши, тош яна пастга юмалаб тушганда уни қайта ва қайта тоққа олиб чиқиши, юнон худолари уни умр бўйи шу бесамар иш билан шуғулланишга маҳкум этганлари абсурд тушунчасининг энг ёрқин бир мисолидир.
Иккинчи жаҳон урушини бошидан кечирган ва фашизмга қарши кураш олиб борган Камю халқ орасида “жигарранг вабо” номини олган фашизм балосини ҳам тарихнинг улкан бир абсурд ҳодисасидек тасаввур қилади. Ёшлиги Жазоирда ўтган Камю кичик бир шаҳарда каламушлар кўпайиб кетиб, вабо касаллигини қандай тарқатаётганини кўрган экан. Шу ёшлик хотираси улкан бир маъжозий образга айланиб, адибнинг шоҳ асари саналган “Вабо” романига асос бўлади. Жаҳон уруши даврида бутун одамзоднинг ўлим қуроллари ясаш учун қилган интиҳосиз, меҳнатлари Сизифнинг умр бўйи тош юмалатиб азоб тортганига ўхшаб кетгани ва миллионлаб бегуноҳ одамларнинг ўлимига сабаб бўлгани “даҳшатли вабо” каби бир абсурд деб баҳоланади.
Камю ҳали ҳаёт бўлган 1950 — 60 йилларда одамзодни қириб ташлашга қодир бўлган ядро қуроллари яратилгани, совуқ уруш ва қуролланиш пойгаси авжига чиқарилгани ҳам романда вабо тарқатувчи жирканч каламушлар кирдикорига ўхшаб кетади. Роман қаҳрамонлари жонларини хавф-хатарга қўйиб бўлса ҳам, вабо тимсоли бўлган ёвуз кучларга қарши фидойиларча курашадилар.
Инсонни вабодан қутқаришга қаратилган бу кураш Камю романини теран бир инсонпарварлик руҳи билан суғоради. Каламушлар тарқатаётган вабо беъмани бир абсурд бўлса ҳам, бу вабодан инсон зотини қутқариш учун олиб борилган кураш туфайли романда юксак гуманистик маъно пайдо бўлади. Яъни ҳаётдаги маъносиз абсурдга ёзувчи ўзининг таланти, маҳорати ва гуманистик эътиқоди ёрдамида янгича бир маъно бахш этади. Шу тарзда роман маънавият хазинасидан ўрин олади.
Афсуски, Камюнинг абсурдга оид фикрларини нотўғри талқин этувчилар бор. Улар ҳаётда абсурд бўлгани каби, адабиётда ҳам абсурд асар, абсурд ижод бўлиши мумкин, деб ҳисоблайдилар.
Ҳолбуки, Камю ҳаётдаги абсурднинг ғайриинсоний моҳиятини доим ёдда тутишга ундайди. У абсурд оқимига тушиб нишабга қараб оқишни эмас, балки абсурд оқимига қарши сузиш зарурлигини қуйидагича таъкидлайди:
“Агар абсурд туйғуси бевосита ҳаракат қоидасига айлантирилса, унда бу туйғу қотилликка ҳам бефарқ қарайди, уни жойиз қилиб қўяди. Агар ҳеч нарсага ишонч қолмаса, агар ҳамма нарса маъносиз бўлса-ю, ҳеч нарсанинг қадр-қиммати бўлмаса, унда ҳамма нарса мумкин — ёвузлик ҳам, яхшилик ҳам жоиз ва аҳамиятсиз бўлиб қолади.” (А.Камю, “Избранное” Москва, 1990 й. 18-бет.) Ана шу ҳолатга тушмаслик учун А.Камю инсоний ҳақиқатга суянади. Унинг “Немис дўстимга мактублар” асарида инсонга ишонч ғояси олдинга сурилади. “Бу дунёнинг маъносини фақат инсон излайди, — деб ёзади у. — Бу дунёда ҳеч бўлмаганда битта ҳақиқат бор — бу инсон ҳақиқатидир. Шунинг учун, аввало, инсонни қутқариш керак” (ўша китоб, 18-бет.)
Камюнинг ушбу сатрларида инсонга меҳр ва уни турли азоблардан қутқаришга қаратилган олижаноб мақсад бор. Энди шу нуқтаи назардан шоир Ҳусан Карвонлининг қуйидаги шеърига кўз ташлайлик:

Мен ва сен, сен ва у, у ва мен — гаранг.
Лоҳасмиз, бекасмиз, бешамол, бедил.
Ҳамма бир-бирини ёмон кўради.
Нафратлар пишади иссиқда ҳил-ҳил.
(“Ўзбек модерн шеърияти”, 2003 й. 115-116-бет)

Бу сатрларда тушкунлик руҳи ҳукмрон, “Мен”, “Сен”, “У” — уч томонда ҳам меҳру оқибат йўқ, маънавият йўқ, уларнинг урнини абсурд бир нафрат эгаллаган, шунинг учун ҳамма бир-бирини ёмон кўради, ҳамма гаранг ва лоҳас. Бу ҳолдан чиқиш йўлини ҳар ким ўзи билганича кўрсатади. Масалан, Назар Эшонқулнинг ”Ёшлик” журналида чоп этилган бадиасида шундай шеърий фикр билдирилган:

Менга дўст керакмас, душмандан бошқа,
Муҳаббат керакмас “Нафратдан бошқа”.
(“Ёшлик”, 1903 й. 3 июн, 7-бет.)

Демак, Карвонлининг шеърида “ҳил-ҳил пишган нафратларни бадиа муаллифи керак деб ҳисоблайди. Ҳатто “Муҳаббат керакмас нафратдан бошқа” деган сўзлар билан нафратни муҳаббатдан ҳам зарурроқ санайди. Бунинг сабабини муаллиф қуйидагича изоҳлайди: “Одам ўзига дўст кўзи билан қараши фикрнинг турғунлигига олиб боради. Душман кўзи билан қараса-чи? Муҳаббат қўйилган нарсаларга нафрат кўзи билан қараса-чи?”
Менимча, бу саволларда абсурд фикр олға сурилаяпти. Чунки нормал одам ўзига душман кўзи билан қараёлмайди. Бобур Мирзо “Жонимдин ўзга ёри вафодор топмадим, кўнглимдин ўзга маҳрами асрор топмадим” деган фикрининг тўғрилигини бутун ижоди ва ҳаёти билан исбот этган. Чунки одам ўзини дўст билиб, ички дўстга ишониб, суяниб яшасагина нимагадир эришади. Акс ҳолда унинг умри дилидаги душман билан олишиб, доимо бир ҳадик ва хавотирлик ичида бесамар ўтиши мумкин.
Муҳаббат қўйилган насаларга нафрат кўзи билан қараш ҳам маъноси йўқ абсурдга олиб боради. Қайси нормал одам ёрига аталган гулдан нафис меҳрини ёки Она ватанига аталган илиқ муҳаббатини қаҳру ғазаб манбаи бўлган нафратга алмаштиради? Ким уни бунга мажбур қилаолади?”
Бунинг жуда мушкул эканини бадеъа муаллифи ҳам сезади ва “Муҳаббатнинг нафратга айланиши — фожиадир.” деб тан олади. Тўғри, муҳаббатнинг нафратга айланиши фожиа билан тугашини масалан, Шекспирнинг “Отелло” асарида яққол кўрамиз. Нега шуни билатуриб, муҳаббат қўйган нарсамизга нафрат билан қарашимиз ва муаллиф айтган фожиага учрашимиз керак? Бадеъа муаллифи бу саволга қуйидагича жавоб беради: “Фожиа руҳни янгилайди, қарашларни ўзгартиради, янги воқеликни яратади, эскисини инкор этади.” (“Ёшлик” журнали, 1903 йил, 3-сон, 7-бет)
Гап бу ерда театр саҳнасида кўрсатиладиган фожиа тўғрисида эмас, ҳаётда воқеликни янгилайдиган фожиа тўғрисида бораётир. Ҳаётда кўпинча ўлим билан тугайдиган фожиа қандай қилиб руҳни янгилайдию, қай тарзда янги воқелик яратади? Янги воқелик яратилиши — улкан тарихий жараёндир. Янги воқелик кўпинча инқилобий ўзгаришлар натижасида яратилиши тарихдан маълум.
Бироқ одамзод инқилобий ўзгаришлар фожиасини кўравериб роса безор бўлган. Бутун дунё ҳозир тинч эволюцион тараққиётни афзал кўради.
Абсурд назариясининг асосчиси ҳисобланган Камю ҳам ўша машҳур нутқида инқилобий таназзулларни, худоларни йўққа чиқарган мустабид мафкураларни, зиёлилари тубанлашиб, нафрат ва зулм малайларига айлантирилган ўтмиш даврларни қоралайди, адабиёт одамларни душманликка эмас, дўстликка даъват этиши кераклигини таъкидлаб шундай дейди: “Ўзувчининг истеъдоди одамларни бирлаштиришга, уларнинг орасида тотувлик кўпригини қуришга хизмат қилади. Ўзувчи ўз касбининг улуғворлигини белгилайдиган икки нарсани имкон қадар бажаришга рози бўлиши керак. Булар ҳақиқат учун ва озодлик учун хизмат қилишдир.” (“Жаҳон адабиёти” журнали, 2002 йил, 2-сон, 169-бет.)
Қарангки, А.Қодирий ва Чўлпонлар ўтган асрда ҳақиқат учун ва озодлик учун курашга ўз жонларини фидо қилган бўлсалар, улар билан бир асрда яшаб ижод қилган Камю ҳам ҳақиқат ва озодлик учун хизмат қилишни ёзувчилик касбининг улуғвор вазифаси деб ҳисоблайди. Ўйлайманки, бизнинг ҳозирги давримизда ҳам нигилизмга берилмасдан, маъносиз абсурд оқимларига тушиб оқмасдан, А.Камю каби инсон зотини абсурд азобларидан халос қиладиган маъноси зўр асарлар ёзиш ва шу йўл билан ҳам одамларнинг маънавий эҳтиёжларини қондириш ёзувчилик касбининг энг улуғвор вазифаси бўлиб қолади.
Тирик жонзотлар орасида фақат инсон китоб ўқийди. Китобдан маънавий озиқ олиб яшаш эҳтиёжи — инсон зотини ҳайвонот дунёсидан ажратиб турадиган улкан чегарадир. Шу чегара бузилса ва инсон маънавиятдан бутунлай маҳрум бўлса, яна орқага — ҳайвоний ҳирслар оламига қайтиб кетади.
Мамлакатимизда маънавиятга жуда катта эътибор берилаяпти. Маънавият марказлари барча худудларда ишлаб турганлиги, ҳамма таълим муассасаларида маънавият дарслари ўтилаётгани халқимизнинг маънавий соғлом ҳаёт кечиришига ёрдам беради, ёшларимизни четдан келадиган ҳаёсизлик, маъносизлик ва шафқатсизликлардан огоҳ қилади, уларни инсоний меҳру оқибат руҳида тарбиялашни мақсад қилиб қўяди.
Айниқса, халқ дардига дармон бўладиган ва инсон камолотига хизмат қиладиган миллий адабиётимизда энг самарали ижодий изланишлар маънавий изланишлар жараёнига қўшилиб боради. Шахсан менга бирон янги нарса ёзиш насиб этса, бу йўлда китобхоннинг маърифий ва маънавий эҳтиёжини озгина бўлса ҳам қондириш, унга мушкул туюлган муаммони таҳлил ва талқин этишда кўмаклашиш учун ўзимни бурчли сезаман. Ушбу бадиа ҳам ана шу бурчни баҳоли қудрат бажаришга қаратилган.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 12-сонидан олинди.