Олмос. Шайх амаким (1989)

Мақсуд Шайхзода ҳақида ўйлар эканман, овози ёқимли, бағри кенг, меҳрибон, самимий одам кўз олдимда гавдаланади.

Мақсуд амакини эсимни таниганимдан бери оиламизнинг аъзоси, отамнинг укасидек яқин одам, деб билганман. Айтишларича, туғилганимда дадам билан Шайх амаким менга биргаликда исм танлашган экан. Бири Радий, бошқаси эса Сокина қўямиз дейишибди. Сўнг яна ўйлай-ўйлай, Радий номи бизда оммалашмагани, Сокина эса Шайх амакимнинг турмуш ўртоғи исми бўлгани учунми, ҳарҳалай ҳозирги исмимни маъҳул кўришиб, аямга туғруқхонага хат ёзиб киргизишибди. Шундан бери Шайх амаким мени «Сен менинг қизим эрурсан», дердилар. Сокина холам эса «Менинг Сокинамсан», дердилар.

Сокина хоним жуда чиройли аёл эди. Юзлари оппоқ, кўзлари катта-катта, чиройли, қошлари қалам билан чизилгандек ингичка, лаблари қип-қизил, қўнғир қора сочлари ўзига ярашиб турарди. Овозлари ҳам майин эди. Мақсуд деган сўзни худди «жоним»дек талаффуз қиларди

Уйимизга қачон меҳмон келса ёки байрамларда Шайх амаким Сокина холам билан бирга келишар, тонг отгунча суҳбат давом этарди. Айниқса, тарих ҳақидаги мунозаралар адо бўлмасди. Афсуски, бу суҳбатлардан бирортаси на қоғозга, на магнитофон лентасига ёзиб олинган. Фақат бугина эмас, қанчадан-қанча мушоҳадалар, ёддан айтилган шеърлар, ҳазил-мутойибалар ҳам қоғозлар юзини кўрмай қолган.

Дадам билан Шайх амакимнинг муносабатларини фақат дўстлик доирасида баҳолаш етарли бўлмас. Улар дўстдан ҳам яқин эдилар. Дадам агар бирор кун кайфиятсизроқ бўлсалар ёки ёзув-чизувлар важидан баъзан сиқувлар бўлганида, албатта, «Шайхга айтинглар тезликда уйга келсин», дердилар.

Шайх амаким бундай пайтда шоша-пиша уйга кириб келар, иккиси узоқ гапиришиб ўтиришарди. Сокина холам билан аямнинг ҳам гаплари тугамас, улар дуғами, дўлмами тайёрлашар, умуман овқатни бирга пиширишарди. Овқат тайёр бўлганда дадам билан Шайх амаким кайфиятлари чоғ, ижодхонадан тушиб келишар, бизлар биргаликда овқатланардик. Мен ҳар доим Шайх амаким ва Сокина холам ўрталарида ўтирардим. Улар эса каттагина бўлиб қолганимга қарамай мени ёш боладек эркалаб, овқат тутишарди.

Инсон ҳаётининг ҳар бир даврининг қувончлари, ташвишлари бўлади. У кунлар мана шундай ўтиб кетди. Ўша дамларни эсласам, унинг тушдай бўлиб қолгани учун қалбимда армон, лекин унинг шоҳиди бўлганим учун чинакам фахр туяман.

Мақсуд Шайхзода билан Ғафур Ғулом ижоди ўртасида яқинликлар жуда кўп. Чунки уларни бир давр тарбиялаб, вояга етказди. Ҳаётдаги янгиликлар, ютуқ ва ўзгаришлар ижодлари учун мавзу бўлди. Албатта, улар ижодларидаги ҳамоҳангликлар ҳақида кўп гапириш мумкин. Эҳтимол, булар ҳақда адабиётшунослар фикр айтишар. Мен Шайх амаким билан оиламиз ўртасидаги муносабатлар ҳақида тўхталмоқчи эдим. Албатта. Шайхзода фақат дадам билан эмас, С. Абдулла, Ҳабибий, Сайфий домлалар, Юнус ака, Юсуфжон қизиқ ва бошқа ижодкорлар ҳамда санъаткорлар билан ҳам яқин эдилар. Шунингдек, дадамнинг дўстлари Аҳмаджон заргар, Маҳмудхон аптекачи, Мирза Абдулла кабилар билан ҳам борди-келдилари бор эди. Агар Юнус ака уйимизда Шайх амаким борлигини билсалар албатта бирор озарбойжон муғаннийни ҳам бошлаб келардилар.

50-йилларда Шайх амаким бошига тушган туҳмат ҳақида албатта ўша вақтда ҳеч нарса билмаганман. Дадам бир кун уйимизга Пошабек амаки (Шайх амакимнинг дўсти, Зебо Ғаниеванинг отаси) ва озарбойжон хонандасини олиб келдилар. Ўшанда хонанда куйлаб чалди, маъюс қўшиқлар айтди. Дадам Пошабек амаки билан анчагача суҳбат қилдилар. Шу куни дадам йиғладилар шекилли, аямга «Шайх» деб эзилиб гапирдилар. Кейин аям ҳам йиғладилар.

Бир куни дадамга қаламлар олиб келиб, «Очиб беринг» дедим. Дадам қаламни чиройли ва мустаҳкам қилиб очарди. У киши ҳамма қаламларни учладилар, сўнг қораларининг ҳаммасини бирлаштириб айлана қилиб, босма қоғозга чиздилар. Кейин кўзойнак, кўз, бурун, оғиз, ияк чиздилар-да менга бердилар.

— Бу ким? — дедилар.

— Шайх амаким, — дедим.

Дадам кўзойнакларини олиб кўзларини ишқаладилар.

— Шу амакингни жуда соғиндим. — дедилар.

— Мен ҳам соғиндим, нега келмаяптилар, бориб келайлик, — дедим.

Дадам: «Ширин қизим, сен унинг ҳам қизисан-да, яқинда ўзи келади», дедилар.

Афсуски, ўша чизган расмларини сақлаб қўймаганман.

Ҳақиқатан, кўп ўтмай Шайх амаким қайтиб келдилар. Лекин у киши ҳорғин, кўзларига аллақандай мунг чўккан эди.

Шайх амаким аям билан ҳам жуда яқин эди. Улар ўтган кунлар ҳақида кўп сўзлашардилар. Бунинг боиси Шайх амаким Хайруллахон тоғам билан кўп учрашган, Жўрахон тоғамга педагогика институтида дарс берган эканлар. Жўрахон тоғамни жуда истеъдодли йигит эди, деб таърифлардилар. Унинг ўлимидан афсусланардилар. Шунинг учунми, Шайх амаким аямга ўз сингилларидек меҳрибонлик қилардилар.

Қамоқдан қайтгач Шайх амаким кўп касалланардилар. Уйларига борганимда, ё касал ёки энди тузалган бўлардилар. Деярли ҳар куни 9 январь кўчасидаги уйларига дадамнинг хатларини олиб борардим ёки бирор овқатми ёки боғимиз мевалариданми элтардим. Сокина холам мени узоқ меҳмон қилиб сийларди

Тўйимга Шайх амаким касал бўлиб келолмай қолган. Бошимга тушган фалокатдан ғоят хафа бўлишган. Ўшанда касалдан тузалиб, Тошкентга қайтган кунимоқ бизникига келишди. Совға учун чиройли лак зийнат сақлайдиган қутича олиб келишди. Бу шеър битилган қутича ҳалигача Шайх амакимдан ва Сокина холамдан хотира бўлиб сақланади.

Фарзандларим туғилганда ҳам бизникига келиб табриклашган, неваралик бўлдик, чиройинг фарзандларингга кўчипти, деб қувонишганди.

Дадам вафот этганларида Шайх амаким қаттиқ куюнгандилар, ахир у киши дадам билан 21 ёшларидан бошлаб дўст, ака-ука бўлишган. Сокина холамни ҳам Бокудан биринчи бор бизникига келин қилиб олиб келган эканлар.

Бундай дўстни йўқотиш жуда катта мусибат эди. Шунинг учун Шайх амакимнинг сўнгги шеърларидан бири дадамнинг вафотларининг 100 кунлигига бағишланганди.

Шайх амаким вафотидан сўнг ҳам Сокина холам билан алоқамиз узилмади. У киши ҳам кўп касалга чалинадиган бўлиб қолдилар. Кўпинча уйларига борсам Шайх амаким ҳақида гапириб, у кишининг гуноҳсизлигини, одамларнинг туҳмати боис қамоқда соғлиқларини йўқотганларини айтиб йиғлардилар. Бир куни мени телефонга чақирдилар, бордим. Касал эканлар. Менга расмларини олиб кўрсатдилар, қўлёзмалар ичидан «Беруний» пьесаси Шайх амаким вафот этган кезлари йўқолганлигини айтдилар. Шу куни менга Шайх амаким қамалишига сабабчи булган ҳужжатларни ва у кишининг устидан қоралаб гапирганларнинг рўйхатини ҳам кўрсатдилар. Шуларни кўчириб олай, дедим. Шунда у киши: «Қўй, қизим, сен бу ишга аралашма, уларнинг ким экани бир куни барибир маълум бўлади. Улар ўз жазосини тортади. Лекин, афсус, мен буни кўролмайман», деди.

Шундан кейин кўп ўтмай Сокина холам ҳам вафот этдилар. Лекин Шайх амаким ва Сокина холам билан боғлиқ хотиралар қалбимда абадий муҳрланиб қолди. Ҳар гал 9 январь кўчасидан ўтар эканман, улар яшаган уйга кўзим тушиб, бўғзимга нимадир тиқилади. Шайх амаким халқимизнинг ўтмиш тарихидан бир қисмини кўз ўнгимизда тиклаб кетди. Хўш, бизлар-чи! Бу атоқли ижодкорнинг хотирасини ўз меҳнатига яраша улуғлай олдикми? Шайхзода номига кўчалар, мактаблар, маданият масканлари қўйсак, уйини уй-музейга айлантирсак, майдонлардан бирига ҳайкалини тикласак бўлмайдими? Албатта, бўлади. Булар бизнинг маънавий қарзларимиздир.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 27 январь