Отам зиёли бўлгани боис уйимизда анча-мунча китоблар бўлар эди. Бир куни отам менга Миркарим Осимнинг “Жайҳун устида булутлар” ва Шукур Холмирзаевнинг “Оғир тош кўчса…” китобларини совға қилди. Шукур аканинг китобига ишора қилиб: “Бу киши ўзимиздан чиққан Ёзувчи” дея қўшиб қўйди.
Шукур Холмирзаев билан Ўзбекистон Миллий университети журналистика факултетининг иккинчи курсида ўқиб юрганимда юзма-юз суҳбатлашишга муяссар бўлганман.
Талабаликка хос ғайрат, шижоат билан адиб ҳузурига борганман. Кейинчалик, аниқроғи, Ёзувчининг “Олабўжи” романи “Шарқ юлдузи” журналида чоп этила бошлагандан сўнг шоир Эшқобил Шукурнинг таклифи билан “Саодат” журнали учун суҳбат ҳам ёзиб келганман. Ҳажман каттагина ушбу суҳбат 1993 йил журналнинг 2-3-сонларида эълон қилинди. Кейинчалик биз қадрдон бўлиб кетдик.
Шукур ака юртимиз тарихини яхши биладиган, фолклорни, урф-одатларни нозик англайдиган, билимли ва истеъдодли Ёзувчи эди. Табиатида чўрткесарлик ҳам бор эди. Гоҳида адабиётга асоссиз даъво қилгувчи баъзи қаламкашлар ҳақида куюниб “Булар китоб ўқимайди, китоб ёзади”, деганларини бир неча маротаба эшитганман.
У киши “Адабиёт ўладими?” мақоласини Ёзувчилар уюшмасидаги катта адабий йиғинда тик туриб, гулдираган овозда ўқиб берганида одамлар уни шеър ёхуд достон каби тинглаганлари ҳамон кўз ўнгимда турибди. Йиғилиш қизғин мунозаралар билан якунланганди ўшанда. Адиб ҳаётининг сўнгигача такрорлаб кетган “Мен адабиётга хиёнат қилмадим” деган гапини энди-енди англаётгандекман. У киши адабиётни виждон деб биларди. Шукур ака меҳри тоғдек баланд, аммо қаҳри ҳам қаттиқ одам эди. Меҳри товланганни “ойнанай” дея кўпчиликнинг олдида бўлсин очиқ суяр, хуш кўрмайдиган одамини, масалан, “Ўтириб бўмийди, оғажон!” дер эди. Шукур аканинг Дўрмонда ўтган ижодий ҳаётини яқиндан биладиганлар яхши эслайди. У киши ўзининг адабий қаҳрамонлари каби мағрур ва ҳалол яшаб ўтди. Ўзига шароит яратиш илинжида бировга ялиниб бормади. Бозор иқтисодини, ҳаёт мураккабликларини баҳона қилиб йўллари айро тушган баъзи дўсту қадрдонларидан, беоқибат шогирду укаларидан гина қилса-да, кўнглида уларга нисбатан ғараз сақламади.
Адибдан бир пайтлар садоқатли шогирд бўлиб “Оқ йўл” олган, кейинчалик нашриёт раҳбари сифатида диний адабиётлар нашридан тижорат қилиб, адабиётни тамом унутган бир қаламкашнинг “Ҳалиям ёзаяпсизми? Ким ҳам ўқирди адабиётингизни!” деганида, аламдан “Ўзим ўқийман! Ҳе…” дея жавоб қилганини эшитган эдим. Китоблари нашр этилмай турган йилларда бироз асабийлашар, лекин яна ижод билан машғул бўлиб кетаверарди.
Ёзувчининг Дўрмондаги бойсунлик усталар тиклаган пешайвонли, икки хонали уйи жуда кўп адабий суҳбат ва мунозараларга гувоҳ. Боғ ниҳоятда меҳр билан парваришланган: турли атиргул ва мевали дарахтлар ҳар қандай кишининг ҳавасини келтирарди. Ерга бунчалик меҳрнинг сирини сўрасангиз:
— Боғига бир туп ниҳол қадамаган одамнинг Ватан ҳақида ёзганига ким ҳам ишонади?! –дея савол оҳангида гап қатор эди.
Шукур ака ўз қўли билан яратган боғда яйраб суҳбат қуришни жуда яхши кўрар, боғдаги ҳар бир туп гул ва дарахтни кимдан ва қаердан олиб келганини эринмасдан ҳикоя қиларди. Боғ ҳосилга кирган йил у киши учун унутилмас йил бўлди, десак адашмаймиз. Шиғил мевалар ва сабзавотлар кимларга насиб қилмади дейсиз. Ана шундай суҳбатларда мавзу айланиб такрор-такрор адабиётга тақалар ва Шукур ака устози Абдулла Қаҳҳорнинг ўтиришларда ҳикояларининг сюжетини айтиб пишириб олганларини мароқ билан сўзлар, ўзи ҳам кўпинча ёзилажак ҳикоя ва эсселарини образга кириб айтарди. “Банди бургут”, “Eркак”, “Қуёш-ку фалакда кезиб юрибди”, “Уҳ”, “Чиллак ўйин” каби ўнлаб асарлар сюжети ана шундай ўзаро суҳбат-гурунгларда айтилган.
Шукур ака насримизнинг шоири, таъби ниҳоятда нозик ва юқори эди. Навоий, Бобур, Машраб ғазалларини, Миртемир домланинг “Сурат” поемасини, Чўлпон, Усмон Носир, Абдулла Орипов, Хуршид Даврон, Усмон Азим ва бошқаларнинг энг зўр шеърларидан парчаларни ёд айтиб, охирида “Қалай? Зўр-а?” деб мамнун жилмаярди. Эсимда, бир газета муҳаррири бўлган шоирнинг китобига кирган айрим шеърларининг бутун-бутун қаторларини чизиб, саҳифаларга “шеър эмас, сўзбозлик”, “шеър шу ерда тугаган”, дея изоҳлаб кетганини кўрганман.
Шукур ака Ёзувчи одам шеъриятни яхши билиши кераклигини, шоир эса, аксинча, кўпроқ проза ўқиши лозимлигини уқтирарди. У ўзини туғишганларидан, Бойсундан, унинг ўзига хос характерли одамларидан айри тасаввур қила олмас ва мудом улар соғинчи билан яшар эди. Бир куни онаси —Ойша момонинг маъракаларидан сўнг Дилобар жиянининг машинасида Тошкентга жўнадик. Шукур ака билан мен орқага, ўғли Жамшид эса олд ўриндиққа жойлашдик. Деҳқонобод, Китоб, Булунғур, Ғаллаоролда кечган тонг отар суҳбатларнинг ўзи бир тарих. Адиб, айниқса, Булунғур туманидаги Фозил Йўлдош номидаги хўжалик ҳудудида яшовчи тоға ва жиянлари даврасида кўрсатилаётган иззат-икромдан, қолаверса, қариндошлик ришталари бардавомлигидан ўзини эркин ва қудратли ҳис қилганди ўшанда. Мен ана шу тўрт кунлик ўзига хос саргузаштларга бой бўлган сафар давомида Шукур аканинг тутинган укаларига, жигарларига айрича меҳри борлигини кўрдим.
Адибнинг дўсти, “Она тупроқ қўшиғи”, “Боботоғ” ва “Пайғамбар ороли” каби гўзал эсселари билан кўпчиликка маълум бўлган археолог Ёзувчи Менгзиё Сафаровнинг ўлими ҳақидаги хабар келган кун Шукур ака билан телефонлашдик. У тамом чўкиб, довдираб, дам-бадам уф тортар, аламли овозда “Менгзиё, Менгзиё!” дея каловланарди. Кейинчалик “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида “Сенинг қадринг ўтди” номли хотираси эълон қилинди. Иродаси мустаҳкам, чўрткесар, ўз билганидан қолмайдиган, танти Шукур ака бир умрлик қадрдони вафотини оғир қабул қилганди.
Шу ўринда айтиш жоизки, Менгзиё Сафаровнинг “Турналар учади” қиссаси икки ижодкор дўстнинг бир-бирига ёзган хатларидан иборат эканини, Менгзиё аканинг тарих, археология мавзуидаги суҳбатлари ва ўқиган китоблари таъсирида Шукур аканинг “Қадим Бақтрия тупроғида” номли эссеси дунёга келган эди.
“Алпомиш” достонининг 1000 йиллиги муносабати билан 1999 йилда Ўзбекистон телевидениесининг “Юзма-юз” кўрсатуви орқали Шукур ака билан суҳбат қилдик. Достоннинг аҳамияти ҳақида тўлиб-жўшиб гапирган адиб: “Мустақил бўлганимиздан буён учиб юрибман, оғам. Энди мен билан гаплашадиган одам йўқ”, деган эди.
“Шарқ юлдузи” журналининг 1988 йил 6-сонида Шукур Холмирзаевнинг 1987 йил ҳикоячилиги ҳақидаги “Мўъжиза бўлиб қолсин” сарлавҳали ўйлари берилган. Гарчи адиб камтарлик ила ўйларим, деб атаган бўлса-да, ушбу мақола Ёзувчининг миллий прозамиз, жумладан, ҳикоячилигимиз ҳақидаги жиддий чиқишларидан биридир. Муаллиф ҳикоячилигимизнинг ютуқ ва камчиликларини Ёзувчи нигоҳи билан кўради, тадқиқ қилади. “Бир нарсани БEМАЛОЛ қайд қилишим керак: кўпчилик ҳикояларимизда ЕЧИМ ЧАТОҚ”, дейди адиб ва Чеховнинг “Ҳикояга янги ечим топиш — янги ҳикоячиликни бошлаш билан баробар”, деган фикрини келтириб ўтади.
Мақолада насримизда бўй кўрсатаётган янгича йўл-йўналишлар ҳақида ҳам тўхталиб, айрим димоғдор, даъвоси катта Ёзувчиларга анчайин холис баҳо бериб: “Энди, умуман, МАҲОРАТ бобидаги тилак – ОЛАМни кенгроқ, ДУНЁВИЙРОҚ мушоҳада этиш, демак, ўзимизга ИЖТИМОИЙ ва БАДИИЙ талабларни каттароқ қўйиш, қолаверса, ижод ТEХНИКАСИ — профессионалликни мукаммалроқ эгаллашдан иборатдир”, деган эди. Мақоланинг дунё юзини кўрганига йигирма йилдан зиёдроқ вақт ўтди. Яқинда мақолани яна бир бор варақлаб, муаллифнинг эътироф ва эътирозлари жуда ўринли бўлганини, буни ўтган давр исботлаганини англадим.
Шукур аканинг “Шукур ўлди” деган ҳикояси бор деб эшитгандим. Устоз бу ҳикоя сюжетини ўзаро гурунгларда ҳазил-чин оҳангида айтиб, охирида ўтирганларнинг фикрини сўрар эди. Хуллас, ҳикояда ёзилишича, Шукур Холмирзаевнинг “ўлгани” ҳақидаги хабар Сурхондарёга, аниқроғи, Бойсунга етказилади. Ҳамма бир-бирини сим орқали хабардор қилади. Лекин Тошкентга тезроқ етиб бориш ҳақида ҳеч ким қайғурмайди. “Ўлик” беега қолади… Ҳикоя матбуотда эълон қилингани йўқ. Балки Ёзувчининг қўлёзмалари орасидадир, балки қоғозга тушмасдан, хаёл маҳсули сифатида қолиб кетгандир.
Адиб мустақиллик йилларида “Озодлик”, “Чиллак ўйин”, “Банди бургут”, “Аросат”, “Булут тўсган ой”, “Танҳолик”, “От йили” каби адабиётимизнинг чин маънода мулки бўлган ҳикоя ва қиссалар, эсселар ва “Олабўжи”, “Динозавр” номли икки роман битди. Лекин Ёзувчи ижоди, адабий мероси ҳаётлигида кам ўрганилди. Бугун ҳам ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлари кўп. Тўғри, адибнинг ҳикоячиликда мактаб яратгани Ёзувчи ва мунаққидлар томонидан бир неча бор эътироф этилган. Аммо Шукур Холмирзаев ҳикоячилиги кенг кўламда илмий-адабий жиҳатдан чуқур ўрганилгани йўқ.
Адиб “Сайланма”сининг учинчи жилдида қизи Сайёрага ёзган миннатдорлик мактуби бор. Унда шундай дейилади: “…мен бу ҳикояларнинг ҳар бирини дунё адабиёти ҳикоячилигига бўйлаб ёзганман. Булар қандайдир синтез жавоҳирлар эди, уларнинг фазилати катта. Болам, бу жилдлар дунё адабиётида ҳам янгилик, бойлик, ҳали бу асарлар ўз қадрини топади”.
Яхши асар ва Ёзувчининг умри боқий бўлади, дейишади. ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХI аср бошларидаги миллий адабиётимиз тарихида Шукур Холмирзаев ижоди алоҳида бир зарварақ. Бадиий сўз муҳиблари Ёзувчини ҳар қанча фахру ифтихор ила ёд этса арзийдиган сиймо.
Олим Тошбоев,
филология фанлари номзоди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2009).