Юнон мутафаккири Арасту ўзининг “Поэтика” асарида шоирга тавсиялар бераркан, метафора қўллашда ижодий моҳорат кераклигини алоҳида уқтиради ва таъкидлайдики: “… фақат шунигина ўзгалардан ўзлаштириб бўлмайди, бу қобилият (яъни метафора яратиш – О.К.) истеъдоднинг белгиси бўлиб хизмат қилади. Ахир, яхши метафоралар яратиш – ўхшашликни кўра олиш демакдир”[1] . Англашиладики, Арасту метафора яратиш қобилиятини туғма истеъдод билан боғлиқ тушунади, шунинг учун ҳам буни бошқалардан ўзлаштириб бўлмайди дейди. Албатта, файласуфнинг “ўхшашликни кўра олиш”га урғу бериши ҳам бежиз эмас. Сабаби бунинг учун санъаткорона нигоҳ керак, ўхшашликни кўра олиш образли тафаккур этишнинг энг муҳим шартидир. Яъни, гарчи Арасту таъкидлаб айтмаган бўлса ҳам, бу ерда поэзияга хос образли тафаккур назарда тутилаётганини билиш мумкин. Метафора шеъриятда образли тафаккур натижаси бўлиб яралади.
Метафора тил ҳодисаси бўлса ҳам, ўзининг бу хусусиятини поэтик нутқдагина тўла намоён этади. Бошқача айтсак, метафора поэтик нутқдагина бадиият ҳодисаси, яъни бадиий образ сифатида қабул қилинади. Зеро, метафора нарса-ҳодисани шунчаки атабгина қўймайди, балки уни бошқа нарса-ҳодисага қиёсан тавсифлайди, онгимизда аталаётган нарса ҳақида жонли тасаввур – образ яратади. Таъкидлаш керакки, бу образ поэтик нутқдагина асл ҳолича, яъни образ сифатида қабул қилинади, нутқнинг бошқа кўринишлари доирасида эса унинг пировард мақсади номинация бўлиб қолаверади ва тушунча сифатида қабул қилинади.
Мазкур қиёсдан метафоранинг поэзиядаги ўрни ва аҳамияти нечоғли катта эканлигини билиб олиш мумкин. Зеро, яхши маълумки, санъат, хусусан, поэзия образли тафаккур қилиш ва образли ифодадир.
Метафорани тафаккур жараёни билан узвий боғлиқ ҳолда ўрганиш ўтган асрнинг 20-йилларидан бошлаб кучайди. Немис файласуфи Э.Кассирер миф, тил ва санъатнинг генезисини битта ибтидога – руҳга боғлайди, улар азалда бир-бирига узвий боғлиқ бўлган ва шу сабаб уларнинг генезисини бир бутунликда ўрганиш лозим деб уқтиради. Кейин эса, инсонда абстракт (мавҳум) тафаккур қилиш имконининг ортиши баробарида, уларнинг орасидаги боғлиқлик сусайиб борган. Натижада, сўз ўзининг образли табиатини йўқотиб, нарса-ҳодисанинг абстракт номига айланган. Бироқ, олимнинг фикрича, руҳнинг бир соҳаси борки, унда сўзнинг образлилиги (тасвирийлиги) сақланадигина эмас, балки муттасил янгиланиб туради ва бу соҳа поэзиядир. Сабаби поэзия қадим илдизи – миф билан алоқани узмаган, аксинча, унинг энг сара намуналари миф билан мудом алоқада, унда оламга мифологик назар ташлаш қайта туғилади. Фақат энди поэзияда яшовчи руҳ сўз ва мифологик образни бошқаради, энди улар илоҳлар ё иблисларнинг мифологик оламини ҳам, абстракт тушунча ё муносабатларнинг мантиқий ҳақиқатини ҳам ифодаламайди. Аксинча, поэзия улардан фориғ бўлиб, тахайюл оламига айланади, бу оламда эса руҳ эркин парвоз қилади ва шунинг учун ҳам конкретлашган соф ҳислар ўз ифодасини топади. Зеро, бадиий ифода учун қўлланувчи сўз поэзияда ўзининг янги, эстетик ҳаётини бошлайди[2]. Кўряпмизки, Э.Кассирер поэзияни руҳ билан боғларкан, унда сўзнинг образли табиати ва оламга мифологик назар қайта туғилишини, шулар туфайли сўзнинг эстетик ҳаёти бошланишини таъкидламоқда.
Аслида, Э.Кассирернинг поэзияда оламга метафорик назар қайта туғилади дейишида ҳам асос бор, чунки бу ўринда мифологик тафаккур ўрнини эгаллаган поэтик тафаккур назарда тутилади. Э.Кассирернинг фикрларини бошқа олимлар фикри билан чоғиштирадиган бўлсак, рус олими А.Потебня метафориклик –“тилнинг доимий хусусияти” деганида ҳар қандай сўзни образ деб тушунишни таклиф қилади. Шу билан бирга, олим образ ва у ифодалаётган маъно бошқа-бошқа нарсалар эканлигининг идрок этилиши билан юзага келувчи метафорани ҳам фарқлайди ҳамда бунинг натижасида мифологик тафаккур йўқола бошлаганини таъкидлайди[3]. Мифологик тафаккурнинг йўқола бориши билан метафоранинг пайдо бўлиши орасида алоқадорлик мавжудлигига О.Фрейденберг ҳам эътибор қаратади. Фақат олима буни мифга ишонч-эътиқоднинг йўқолишига эмас, балки образли тафаккурдаги структур ўзгаришга боғлаб тушунтиради: образ аниқ ўхшатиб бериш (мимесис)дан ўқувчи диққат марказига талқин қилинаётган маънони қўйиш йўналишида ривожланди, натижада метафора юзага келди[4]. Хуллас, мифологик тафаккур ўрнини метафорик тафаккур эгаллаши инсон онгининг ўсиши билан боғлиқ ҳодисага айланиб борди. Поэзиянинг метафорага мойиллиги эса унда объектив олам – реал воқелик билан субъектив олам – инсон шахсининг тўқнаш келиши туфайли бўлиб, уларни орадаги ўхшашлик орқали англашга интилиш метафорани тақозо этади. Шунинг учун ҳам метафоранинг кенг тарқалган асосий кўринишлари жонлантириш ёки предметлаштириш асосида амалга ошади. Хусусан, жонлантириш асосидаги метафоранинг қадимийроқ экани унинг илдизлари мифологик тафаккурдан сув ичишидан далолат беради. Бу эса метафора мифологик тафаккур ўрнини эгаллади дегани бўлиб, поэзияда оламга мифологик назар қайта туғилади деган фикрни шу маънода тушуниш керак.
Юқоридагилардан поэзияда сўзнинг эстетик ҳаётини таъминлаётган асосий омил метафориклик экани маълум бўлади. Шунинг учун ҳам поэзияда метафоранинг ўрни ҳақида жуда кўп фикр билдирилган. Жумладан, структурализмнинг таниқли намояндаларидан бири Р.Якобсон фикрига кўра, “поэзия асосида ўхшашлик принципи ётади” ва шу жиҳати билан у “алоқадорлик”ка асосланувчи наср билан қарама-қаршилик ҳосил қилади[5]. Академик В.М.Жирмунский эса бутун бошли адабий йўналиш – романтизмнинг асосий хусусиятини метафорикликда кўради, чунки романтизм учун “метафора воқеликни романтик қайта яратиш усулидир”[6]. Шунингдек, кўп ҳолларда метафора, метафориклик алоҳида шоир услубининг асосий белгиси сифатида ҳам кўрсатилади. Масалан, В.М.Жирмунский А.Блокни, Р.Якобсон эса В.Маяковскийни “метафора шоири” деб атайдилар[7] . Бу эса метафоранинг услуб белгиловчи хусусияти ҳақида гапиришга асос беради. Шунинг учун ҳам В.М.Жирмунский метафорага ҳар доим бажараётган функцияси нуқтаи назаридан қараш керак, чунки метафоранинг қандай ишлатилаётгани шоир услуби ва дунёқарашининг ўзига хос хусусияти билан боғлиқ деб ёзади[8].
Х.Ортега-и-Гассет метафоранинг фан ва поэзиядаги ўрни ҳақида тўхталиб, метафора илмда ёрдамчи мақомида бўлса, поэзияда моҳиятни ташкил қилишини айтади. Бироқ, унинг ёзишича, эстетика метафорада фақат “гўзалликнинг жозиб жилвасинигина кўради”, шу сабабли унга ҳақиқат категориясини татбиқ этмай, билиш қуроли деб ҳисобламай келинади. Бу эса поэзияга тадқиқотчилик мақсадлари ёт эмаслигини, унинг ҳам фан каби позитив фактларни очиб беришга қодирлигини сезишга халақит беради. Ҳолбуки, поэзиянинг оламни билишда ўрни жуда катта, бироқ унинг бу борадаги аҳамиятини жуда кам одам тасаввур қила олади[9].
Дарҳақиқат, аввалига поэзияга хос ҳодиса, шунда ҳам нутқ безаги сифатида тушунилган метафора эндиликда фикрий фаолиятнинг барча кўринишларига ҳам бирдек хос эканлиги эътироф этилиши аён бўлиб бормоқда. Гассетнинг фикридан шундай хулоса келиб чиқадики, метафорани поэзияда ҳам фақат нутқ безаги эмас, балки бадиий тафаккур асоси сифатида тушунилса, тўғри бўлади. Чунки метафора шоирга ўзининг ички оламини (ташқи оламга қиёсан) ва ўзидан ташқаридаги оламни (ички оламига қиёсан) англашга ёрдам берувчи тенги йўқ воситадир.
Яхши маълумки, ҳозирги вақтда метафора атамаси нафақат нутқ воситасида амалга ошувчи бадиий коммуникацияга, балки бадиий информация етказишнинг бошқа турлари (масалан, рақс, кино, рассомлик)га нисбатан ҳам қўлланади. Шунинг учун ҳам Ортега-и-Гассет юқорида тилга олинган мақоласида агар масалага чуқурроқ ёндашилса, эҳтимол, “метафора” атамасидан воз кечишимизга тўғри келган бўлур эди, чунки у бизни чалғитиб қўйиши мумкин, деган фикрни билдиради[10]. Албатта, файласуфнинг бу фикрида жон бор. Биринчидан, юнонча “метафора” сўзининг луғавий маъноси “кўчириш” бўлиб, у дастлаб умуман кўчма маъноли сўз (троп) сифатида ишлатилган. Ҳозирда бу термин билан фақат ўхшашлик асосидаги кўчим юритилиши маъно торайиши натижасидир. Иккинчи томондан эса, ушбу атаманинг қўлланилиш доираси, маъно кўлами ҳозирда жуда кенг: метафора маънони билвосита ва образли ифодалашнинг ҳар қандай кўринишини англатмоқда (масалан, рассомлик санъатидаги тасвирий образ ҳам, агар кўчма маъноси бўлса, метафора деб юритилаверади). Бундан ташқари, метафора маъно кўламини бадиий адабиётда ҳам бениҳоя кенгайтирган. Натижада ҳозир биз ўхшашликка асосланиб кўчма маънода қўлланган биргина сўзни ҳам, матннинг бир бўлаги (мисра, банд; жумла, абзац;)да ифодаланувчи образни ҳам, баъзан эса бутун бошли асарни тўлалигича ҳам метафора деб атайверамиз. Тўғри, кейинги икки ҳолни баъзан “ёйиқ метафора” ёки “метафорик образ” деб аниқлаштириб ҳам атаймиз, лекин қисқа қилиб “метафора” дейиш кўпроқ учрайди. Демак, поэзияда метафора терминининг қўлланилиш доираси кенгайди, бу эса унинг маъно доираси ҳам кенгайганини билдиради. Яъни, агар аввалига метафора терминида маъно торайиши (умуман кўчма маънодаги сўз – ўхшашлик асосидаги кўчма маъноли сўз) юз берган бўлса, янги даврдан бошлаб унда маъно кенгайиши жараёни кузатилади. Натижада энди метафорани жуда кенг, яъни поэзияда (умуман санъатда)ги бир нарса-ҳодиса моҳиятини иккинчи бир нарса-ҳодиса орқали очиш деб тушунила бошланди.
Юқорида метафорани моҳиятан санъатнинг кичик модели дейиш мумкинлигини айтдик. Метафора бадиий тафаккурнинг асосий механизми эканлиги, бадиий тафаккур метафорик шаклда кечиши шундай дейишга асосдир. Буни қандай тушуниш керак? Аввало, санъатдаги, жумладан, поэзиядаги образ конкрет ҳис этилади, демак, у нарсанинг аксигина эмас, балки унинг ўзи бошқа нарсадир. Образ ўзи акс эттираётган нарсани англаш воситаси эканлигини эсга олсак, унинг ўзи табиатан метафорик эканлиги кўринади. Худди шундай ёндашув бутун бадиий асарга нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин, зеро, эстетика ва адабиётшуносликда бадиий асарнинг ўзи бутун ҳолича битта образга тенг деган қараш мавжуд[11]. Демак, поэзияда метафоранинг ўрнига жуда катта аҳамият берилиши, унинг асосида ўхшашлик принципи ётади дейилишига етарли асос бор. Сабаби метафора принципи поэтик асарнинг барча сатҳларида, тилидан бошлаб композицион қурилишигача амал қилади. Фақат муайян асарда бу тамойил сатҳларнинг ҳаммасида ҳам доминант хусусият сифатида яққол кўзга ташланмаслиги мумкин. Масалан, В.М.Жирмунский “метафора шоири” деб атаган А.Блок шеърларидаги метафориклик шеърнинг барча сатҳларида бирдек намоён бўлади. Худди шу олим Пушкин услубига метафориклик у қадар хос эмас деб ҳисоблайди[12]. Бироқ, гарчи метафора Пушкин шеърларининг тилида ёки композицион жиҳатдан уюштирилишида А.Блок шеърларидаги каби ҳал қилувчи аҳамият касб этмаса-да, барибир, поэтик образлари ёки шеърларининг ҳар бири кенг маънодаги метафориклик принципи доирасидадир. В.М.Жирмунский кўплаб дарслик ва қўлланмаларда эслатилувчи мазкур фикрига далил қилиб Пушкиннинг машҳур “Я вас любил” (“Мен сизни севардим”) шеърини келтиради. Дарҳақиқат, саккиз мисрали бу шеърда “севги сўнмаган” (“Любовь ещё быть может, В душе моей угасла не совсем”) тарзидаги биргина метафора ишлатилган. Лекин, табиийки, гап сонда эмас, шу биргина метафоранинг ўзи шеър мазмунининг асосини ташкил қилади. Чунки ўша “сўнмаган севги”, бир томондан, лирик қаҳрамоннинг шеърда мурожаат қилинаётган аёлга муносабатини белгилайди, иккинчи томондан, лирик қаҳрамон ички оламини очиб беради. Яъни шеър мазмуни, руҳи, ҳиссиётга бойлиги “сўнмаган севги” туфайли англашилади. Демак, бунда метафоранинг аҳамияти жуда катта, анъаналарга содиқ Пушкин тилга кўп эътибор беришига қарамай, у қўллаган биргина метафора ҳам функционал жиҳатдан ўта фаол, шеърда мазмуний ва ҳиссий жиҳатдан уюштирувчилик вазифасини бажаради.
Пушкин шеъридаги биргина метафоранинг аҳамияти ҳақида айтилган фикрлардан шундай хулоса келиб чиқадики, ҳақиқатан ҳам, метафорага ҳар доим функционал жиҳатдан қараш керак. Фақат бу ўринда юқорида келтирилган В.М.Жирмунский фикрини бироз тўлдиришга тўғри келади. Яъни метафорага функционал жиҳатдан қараш фақат шоирнинг услуби ёки дунёқарашини англаш учунгина зарур бўлмай, метафоранинг табиати билан боғлиқ юзага келувчи заруратдир. Шу заруратдан келиб чиқиб, бизнингча, метафорага функционал жиҳатдан қараганда, бир томондан, унинг шоирга дилидагини ифодалаш, иккинчи томондан, шеърхонга уларни ҳис қилишга қанчалик ёрдам бераётганини диққат марказига қўйиш муҳим. Зеро, метафора ижодий фаолият маҳсули экан, худди бадиий асар ёки образ каби иккала томонни, ижодкор ва ўқувчини бирдек назарда тутишни тақозо этади. Шунинг учун ҳам метафорани “тилнинг туши” деб атаган америкалик файласуф Д.Дэвидсон бу тушнинг таъбири туш эгаси билан таъбирчи ҳамкорлигида амалга ошишини уқтиради.
Обиджон Каримов,
филология фанлари номзоди
“Жаҳон адабиёти”, 2014 йил, 8-сон
[1] Аристотель. Риторика. Поэтика. – М.: Лабиринт, 2000. – С. 173.
[2] Кассирер Э. Сила метафоры // Теория метафоры. – С. 41-42.
[3] Потебня А.А. Эстетика и поэтика. – М., 1976. – С. 341.
[4] Поэтика: Труды русских и советских поэтических школ. – Будапешт, 1982. – С. 64-66.
[5] Якобсон Р. Два аспекта языка и два типа афатических нарушений // Теория метафоры. – С. 130.
[6] Жирмунский В.М. Введение в литературоведение. Курс лекций. – М.: Едиториал УРСС, 2004. – С. 335.
[7] Қаранг: Жирмунский В.М. Введение в литературоведение. – C.426-432; Якобсон Р. Работы по поэтике. – М., 1987. – С. 326
[8] Жирмунский В.М. Введение в литературоведение. – М., 2004. – C. 441.
[9] X.Ортега-и-Гассет. Две великие метафоры. //Теория метафоры. – М., 1990. – С. 72.
[10] X.Ортега-и-Гассет. Две великие метафоры. //Теория метафоры. – М., 1990. – С. 70 .
[11] Қаранг: Борев Ю. Эстетика. – М., 1987. – С. 148-154.
[12] Жирмунский В.М. Введение в литературоведение. – М.: 2004. – C. 341.