Биз Алишер Навоийнинг “Сегоҳ” куйи-ла айтилувчи “Холу хаттинг хаёлидин, эй сарви гулъузор” бу ғазалини шарҳлашни 40 йилдан бери орзу қиламиз. Лекин ўзимизда шунга етарли тайёргарлик ва журъат сезмаймиз. Бунга сабаб шуки, ғазалнинг мусиқий ижролари жуда баланд, авжли пардаларда куйланган. Шашмақом куйларининг ҳазин нолалари, маҳоратли ҳофизларимизнинг инсонларни ларзага солиб, юракларни ўртовчи фарёду фиғонлари ғазал сатрларига сеҳрли қўшимча маънолар юклаганки, асарни улардан ажратиб, фақат ғазал сифатида шарҳланса, гўёки жўн бир мазмун чиқадигандек туюлади. Шунинг учун ушбу ғазални ашула – санъат асари сифатида мукаммал шарҳлаш мақсадга мувофиқдир. Аммо биз мақоланинг имкониятини инобатга олиб, биринчи босқичда ғазалнинг ўзини алоҳида таҳлил этишга уриниб кўрамиз.
Сўз аро ғазалларни шарҳлашнинг ўзига хос назарий хусусиятига алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топамиз. Бу ҳақда устоз аллома Нажмиддин Комилов айтган эдиларки: “Шарҳ… том маънодаги адабий танқид ёхуд тадқиқот ҳам эмас, гарчи унда тадқиқотий ва интерпретацион хусусиятлар бўлса ҳам. Шарҳнинг бош мақсади … асарнинг (жумладан, ғазалнинг) қийин иборалари, кўп маъноли мураккаб ўринларини соддароқ қилиб тушунтиришдир”. Ушбу фикрни қувватлаб ва мантиқан давом эттириб, биз таъкидламоқчимизки, ғазал шарҳи том маънодаги илмий тадқиқот бўлмаса-да, илмийликдан холи ҳам эмас. У ғазал мазмуни ва бадиий хусусиятларини илмий асосларда имкон қадар мукаммал ёритиб беришга хизмат қилади. Таъбир жоиз бўлса, шарҳ мумтоз ғазалларни ўрганишнинг ўзига хос илмий-бадиий йўлидир.
Энди бевосита шарҳга ўтадиган бўлсак, мазкур асар Навоийнинг ишқий ғазаллари туркумига мансуб бўлиб, “Ғаройиб ус-сиғар” девонининг 171 ғазалидир. У Навоийнинг биринчи расмий девони “Бадоеъ ул-бидоя”дан ҳам (161) ўрин олган бўлиб, ҳар икки девонда ҳам ғазал 7 байтдан иборатдир. Ғазалнинг тўлиқ матни қуйидагича:
Холу хаттинг хаёлидин, эй сарви гулъузор,
Гоҳи кўзумга хол тушубтур, гоҳи ғубор.
Юзунгда хол сафҳада томған киби қаро,
Холинг малоҳати туз эрурким, қарода бор.
Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,
Ўт шуъласида айла гумон бир ўчук шарор.
Билман кўнгулда холларингнинг хаёлидур,
Ё кирпигинг тиканларин айлабсен устувор?
Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзум тийра бўлмағин
Билгай бировки, ёри эрур шўху холдор.
Машшотаи қазо безамиш холу хаттини,
Беихтиёрлиқда манга борму ихтиёр?
Мискин Навоий холи лабинг кўрса, жон берур,
Боқсанг не бўлди сурати ҳолиға, эй нигор?!
Нашрлардаги матнларда маъно-мазмунни ўзгартирувчи жиддий фарқлар йўқ. Шоир – ошиқнинг мурожаатлари “эй сарви гулъузор” ундалмасида мужассамлашган ёрга қаратилган. Бу – умумлашма бадиий образ бўлиб, биз уни бевосита шоирнинг ҳаётдаги севиклиси ёхуд мажоз тариқида тавсифланган илоҳий маъшуқ дея муайянлаштиришдан ҳозирча сақланамиз. Бу муаммо таҳлил жараёнида аниқлашиб боради. Ғазалнинг яратилишига холу хатти гўзал бир ҳаётий сиймо сабаб, асос бўлганлиги аниқ. Чунки ғазал бошдан-оёқ холу хат(т) тавсифига бағишланган.
Ғазалнинг ҳар байтида хол билан хат(т) тасвири уйғун ифодаланган. Гўзал хотин-қизларнинг лаблари узра ёйилган, кўзга жуда ҳам ташланиб турмайдиган майин, нафис туклар хат(т) дейилади. Ушбу сўз луғатларда иккита “т” ҳарфи билан ёзилган. Йигитларнинг лаблари узра пайдо бўлган тукларга “мўйлови сабза урган” дея таъриф берилади, “хат(т)” дейилмайди. Ҳамма хотин-қизларнинг лаблари ҳам хат(т) билан музайян эмас. Демак, хат(т) ҳам илоҳий бир зийнатдир. Шунинг учун ҳам Навоий бир ҳуснда бир-бирига жуда мувофиқ тушган хол билан хатни тасвир объектига танлаган. Лабдаги хат(т) нафис, бир текис ёзилган ёзувга ҳам ўхшайди. Лабдаги тукларни хат(т) дейиш ана шу монандликдан келиб чиққан бўлса ҳам ажаб эмас.
Матла байтнинг мазмуни қуйидагича:
Холу хаттинг хаёлидин, эй сарви гулъузор,
Гоҳи кўзумга хол тушубтур, гоҳи ғубор.
Лирик қаҳрамон маҳбубага мурожаат қилиб, унинг кўркам холу хатти ўзини не кўйларга солганини изҳор этмоқда: Эй сарв қоматли, гул юзли дилбар, сенинг чеҳрангдаги хол билан хаттинг мени ўзига мафтун этиб, хаёлимни шу қадар банд этганки, гўёки гоҳо холинг кўчиб кўзимга ўрнашгандек, яъни кўзимга хол тушгандек. Хаттинг ғуборга ўхшагани учун, гўё гоҳи кўзимга ғубор оралагандек. Бу тасвирни яратиш учун шоир нозик ҳаётий тафсиллардан фойдаланган. Инсоннинг кўзига хол тушиши ҳаётда бор ҳодиса. Баъзан одамнинг кўзида нима сабабдандир турли тусдаги доғ, нуқта пайдо бўлиб қолади. Буни халқ “кўзига хол тушди” ибораси билан ифодалайди. Бу ҳодисанинг тиббий асослари бизга қоронғи. Айнан Навоийнинг кўзига хол тушганми ёки тушмаганми, биз буни ҳам билмаймиз. Бу ҳақда маълумот йўқ. Бироқ Навоий гўзал холнинг унинг вужудига таъсирини ана шу ҳаётий тафсил билан бадиий асослайди. Маъшуқа лабидаги хат(т) нимранг тусдаги ғуборга ўхшайди. Ана шундан қиёс олиб Навоий: “Сенинг хаттингнинг ишқидан менинг кўзимга ғубор инди, яъни чиройли хаттинг кўз нуримни ўзига тортганидан, кўзим хиралашиб қолди”, дея киноя қилади.
Иккинчи байтда Навоий тиниқ, оппоқ юзга ярашиб тушган холнинг силсилавий тасвирини яратади:
Юзунгда хол сафҳада томған киби қаро,
Холинг малоҳати туз эрурким, қарода бор.
“Юзингдаги хол қандай чиройга эга эканлигини ўзинг биласанми, –дейди шоир. – Юзингдаги хол гўёки оппоқ қоғоз саҳифасига бир томчи қора рангли сиёҳ томган каби манзарага эга. Ёки агар буни тескари тасвир билан англатадиган бўлсак, холингнинг гўзаллиги шундайки, у бир қора манзара устида ўрин тутган оппоқ тузга ўхшайди”. Тасвир жуда содда, лекин топилмас муқояса орқали яратилган. Айниқса, иккинчи мисрадаги образлар шу қадар сирли даражада соддаки, ундаги “туз” нима, “қаро” нима экан дея анча бош қотиришимизга тўғри келади. “Туз” сўзи биз билган оддий ош тузи эмас, “қаро” ҳам оддийгина қора тусли нарса эмасдек туюлади. Биз бу сўзлардан қандайдир сирли маънолар излаб кўрамиз. Луғатларни титкилаймиз. Аммо Навоий асарлари луғатларидан биз излаган маънолар чиқмайди. Сўзларнинг бирламчи оддий маънолари билан кифояланишдан ўзга чора қолмайди. Шоир тазод усулидан фойдаланиб биринчи ва иккинчи мисрадаги тасвирни ўзаро қарама-қарши қўйган.
Шоир юз узра зебанда жойлашган хол тасвирида бу билан ҳам чекланмайди. Ружу санъатининг ўзига хос кўринишини қўллайди ва тасвирнинг таъсирчанлигини янада кучайтиради:
Жонимни ўртаган юзу холингни билмасанг,
Ўт шуъласида айла гумон бир ўчук шарор.
Жонимга ўт ёққан юз билан холингнинг сифатини, суратини билмасанг, ловуллаб ёниб турган олов шуъласи сатҳида куйиб кўмирга айланган бир оташ, учқунни тасаввур қилгин. Ушбу тасвир олдинги байтдагидан чандон таъсирчан. Унда маҳбубанинг ўт шуъласидек порлаб турган нурли, тафтли, ҳароратли юзини ва бу юзда куйиб ўртанган учқун донасидек холни аниқ тасаввур этиш мумкин. Байтда нафақат ушбу бадиий тасвир аён англашилиб турибди, балки унда кўз илғамас параллелизм усули яширинган. Биринчи мисрада тасвирланган ошиқнинг ўртанган жони ва маҳбубанинг юзу холи иккинчи мисрада “ўт шуъласи” ва “бир ўчук шарор” образларида тескари тартибда жойлаштирилган. “Ўт шуъласи” ва “бир ўчук шарор” – истиоравий иборалар. “Ўт шуъласи” – маъшуқа юзини, “бир ўчук шарор” эса юз саҳифасидаги холни ифода этади. Демак, бу ерда истиора санъати қўлланган. Шу билан бирга, образларнинг ўрни алмаштирилиб, тарди акс санъати қўлланган. Образларнинг мисраларда остин-устун, ўзаро мутаносиб жойлаштирилиши таносуб санъатини ташкил этган.
Кейинги байтда тасвир ана шундай санъатпардозлик билан давом этади:
Билман кўнгулда холларингнинг хаёлидур,
Ё кирпигинг тиканларин айлабсен устувор?
Байтда шундай мазмун ифода этилган: “Билмайманки, холларингнинг хаёли кўнглимни асир этганми ё кипригингнинг тиканлари билан кўнглимни асир этганмисан ?” Мазкур мазмун “тажоҳули орифона”, яъни орифларча (донишмандларча) билиб-билмасликка олиш санъати асосига қурилган. Бугина эмас, байтда иҳом санъати ҳам мавжуд. Иҳомдек нодир бадиий санъатнинг вазифаси “Ё” юкламасига юклатилган. Биринчи қарашда “Ё” юкламаси “ё ундаймикин, ё бундаймикин” маъносидаги айириш юкламаси вазифасини бажариб турибди. Бу иҳом санъатининг яққол кўриниб турган юзаки маъносидир. Иҳомнинг шоир назарда тутган ва яширин ифодалаган иккинчи асосий, нозик маъноси шуки, у ёр киприкларини ёй – отиш қуроли ўқларига истиоравий равишда ўхшатади. Гўёки ёр киприги тиканлари, яъни ёр камонидан отилган ўқлар ошиқ кўнглини – юрагини қамал қилган. Бу ўқларнинг айлана шаклдаги қамали маъшуқа холига монанддир.
Аммо ошиқ – шоирнинг бу аҳволини ҳар ким билавермайди. Фақат “шўху холдор” ёри бор ошиқларгина билишлари мумкин:
Ҳар дам кўнгул ҳалоку кўзум тийра бўлмағин
Билгай бировки, ёри эрур шўху холдор.
Тасвир объектидаги хол ва хат(т) ошиқ кўнгли ва кўзининг кушандаси. Унинг шўх, ўйноқи холи ҳар дам ошиқ кўнглини таҳликага солади. Бу ўринда “ҳалок” сўзининг ҳозирги ўзбек адабий тилидаги “ўлмоқ” маъносидан ташқари, форс-тожик тилидаги “чарчамоқ”, “ҳолдан тоймоқ” маъноси ҳам бор. Навоий ҳар иккала тилдаги сўз маъноларини мукаммал билган ва асарларида улардан ҳадди аълосига етказиб фойдаланган. Маъшуқанинг хатти эса ошиқ кўзига дам-бадам ғубор – тийралик солиб турган. Ушбу жабру ситамларни эса, Навоий таъкидлаганидек, шўх-шаддод ёри бор ошиқларгина билишади.
Мақтадан олдинги байтда Навоий ҳар доимгидек лирик чекиниш қилади. Ошиқ дарду ҳолининг сабабига ва ечимига оид фалсафий хулоса чиқаради:
Машшотаи қазо безамиш холу хаттини,
Беихтиёрлиқда борму манга ихтиёр?
Лирик қаҳрамон олдинги байтларда ёри холу хаттининг жабру ситамларидан оҳ-воҳ, фарёду фиғон билан изҳори шикоят қилиб келди. Навбатдаги байтда ушбу феъл-атвордан кескин равишда чекинади. Юз бераётган ишқий изтироблар сабабкори ҳақида узил-кесил хулосага келади. “Маъшуқанинг холу хаттини машшотаи қазо безаган экан”, дейди у. “Машшота” – биламизки, пардозчи. “Қазо” эса – азал, Яратувчи, Тангри-таолодир. “Машшотаи қазо” илоҳий пардозчидир. Демак, маъшуқа ҳусни малоҳатини мафтункор холу хат(т) билан азал пардозчиси, яъни Оллоҳнинг ўзи безаган экан. Унинг илоҳий ишқига, мафтункор ҳусну жамолига, ситамкор холу хаттига дучор бўлиш азал котиби томонидан ошиқнинг пешонасига ёзилган экан. Қисматидаги бу ишқни ихтиёр этиш ёки ихтиёр этмаслик ошиқнинг измида эмас. У шу қисматни тан олишга маҳкум. Буни шоир “Беихтиёрлиқда манга борму ихтиёр?” дея азал ҳукмига итоат сифатида жуда чиройли иқрор этади.
Бу ғазал дастлабки беш байтининг мантиқий-бадиий якуни бўлди. Ғазални шу ерда тугаллаш ҳам мумкин эди. Бироқ лирик қаҳрамон ёрнинг висолидан умидвор. Ана шу умидворлик ғазалнинг сўнгги – еттинчи байтини қуйидаги мазмунда вужудга келтиради:
Мискин Навоий холи лабинг кўрса жон берур,
Боқсанг не бўлди сурати ҳолиға, эй нигор?!
Лирик қаҳрамон маъшуқанинг холи лаби тимсолидаги висолига муштоқ. Унинг висолига муяссар бўлса, жонини қурбон қилишга тайёр. Қани энди Нигор – маъшуқи азал унинг сурати ҳолига бир қиё боқса-ю, ошиқ унинг нигоҳига ғарқ бўлса. Ғазалда шоир атиги икки марта ундалма қўллади. Биринчи мисра ва охирги мисранинг сўнгида. “Нигор” илоҳий маъшуқ образидир. “Нигор” сўзи “нигоҳ” сўзи билан маънодошдир. “Нигоҳ” сўзи “қараш”, “боқиш”, “кўз ташлаш” маъноларини англатса, “нигор” – “қаровчи”, “боқувчи”, “кўз қорачиғида асровчи” маъноларини билдиради. “Оллоҳ – нигоҳбон, Оллоҳ – меҳрибон” тушунчалари шундан. Дарвоқе, Яратувчи жамики бандаларига боқувчи, уларнинг ҳол-аҳволидан бохабар, паноҳ ва нажоткордир.
Хулоса қилиб айтганда, ғазалнинг дастлабки байтларида мажозий ишқ, яъни инсоннинг инсонга бўлган муҳаббати тасвирланган. Лекин охирги байтлар ҳақиқий ишқ тўғрисидаги фалсафий хулосалар билан якунланган. Бу Алишер Навоийнинг, профессор Н.Комилов таъбири билан айтганда, “мажозий ишқ орқали илоҳий ишққа қараб бориш” услубидир.
«Жаҳон адабиёти» журнали, 2020 йил 3-сон