Нусратулла Жумахўжа. “Мурувват барча бермакдур…”

Алишер Навоий

Кейинги йилларда Алишер Навоийнинг ижодиёти, шахсияти, дунёқарашини ўрганиш юзасидан анчагина илмий янгиликлар юзага келди. Биз уларни бир неча тадқиқот асосида таҳлил этиб, адабий таълим ва бадиий адабиётга татбиқи тўғрисида фикр юритмоқчимиз.

Филология фанлари доктори, Термиз Давлат университети профессори Аҳмад Абдуллаев кейинги йилларда ўзбек адабиётшунослиги илмига жуда ажойиб китоблар ҳадя этмоқда. 2009 йили унинг “Тасаввуф ва унинг намояндалари” рисоласидан баҳраманд бўлган эдик. Комил инсон ҳақидаги таълимот бўлмиш тасаввуф ҳақида айрим олимларимиз шу қадар мавҳум, мураккаб ёзишадики, уни ўқиб тушуниш қийин. Ўзбекистонда тасаввуф тўғрисидаги дастлабки содда, тушунарли, мағзи тўқ китоблар профессор Н.Комилов томонидан яратилган. Улардан кейин ўзбек тилида тасаввуф тўғрисидаги энг равшанбаён китоб А.Абдуллаев томонидан ёзилди. Унинг китобларида энг мураккаб тасаввуфий тушунчалар ҳам шу қадар оддий ва аниқ тушунтириладики, улардан оддий китобхонлар ҳам, мутахассислар ҳам бемалол баҳра топишлари мумкин. Маълумки, услубдаги равонлик ва аниқлик фикрнинг пишиб етилганидан, мустақиллигидан ҳамда тиниқлигидан келиб чиқади. Назаримизда, тасаввуф ва адабиёт тўғрисида худди шундай ёзган маъқул.

Олимнинг 2011 йили чоп этилган “Навоий ҳақида йигирма икки мақола” китоби ҳам кўп йиллик илмий кузатишлар, бирламчи манбалар устида ишлаш, чуқур таҳлил мевасидир. Муаллиф китобдаги йигирма икки мақоланинг ҳар бирида Навоий тўғрисида бирор илмий янгилик айтишга муваффақ бўлган. Навоийшуносликда улуғ мутафаккирнинг шахсияти, оилавий ҳаёти, фарзандлари ҳаммани қизиқтирадиган, айни пайтда, етарли ёритилмаган муаммодир. Китобдаги “Навоий фарзандлари” мақоласи шу жиҳатдан диққатга сазовор. Мақола буюк шоирнинг ҳаётда оддий бир инсон ва меҳрибон ота бўлганлиги ҳақидаги самимий сўзлар билан бошланади: “Биз биламизки, ҳазрат Навоий уйланмаган эди ва табиийки, унинг фарзандлари ҳам бўлмаган. Аммо у болаларни жуда яхши кўрган ва фарзанд иштиёқида яшаган. Бу шавқ ва ҳавас шу даражада бўлганки, ўзгалар фарзандини фарзанд билиб, уларга оталарча меҳр-муҳаббат кўрсатган. Бундай фарзандлар эса улуғ шоирда кўп бўлган…” Кейинги йилларгача навоийшуносликда Навоий асраб тарбиялаган бир йигит тўғрисида маълумот бор эди, холос. А.Абдуллаев Навоийнинг “фарзандларим” деб ўзи эътироф этган, тарбия берган уч фарзанди ҳақида фикр юритади. Ҳар бири ҳақида Навоийнинг ўз эътирофини келтиради.

Биринчиси илмда эътироф этиб келинган Мир Иброҳим бўлиб, Навоийнинг у ҳақдаги шундай таърифи “Мажолис ун-нафоис”дан келтирилади: “Султон Ҳусайннинг ўғлидур ва фақирнинг оғасининг набирасидур. Фақир они ўғилчилай асрабмен”. Бундан англашиладики, Мир Иброҳим Навоийга мутлақ бегона эмас, балки унга яқин кишиларнинг зурриёди бўлган. Навоийнинг оғаси Шайх Баҳлулбек бўлиб, унинг ўғли Султон Ҳусайн Хотамийнинг фарзанди Мир Иброҳимдир. Навоийнинг “ўғилчилай” сўзи илмий адабиётларда “ўғилчадай” дея талқин этилади. Бизнингча, бу сўзни сал бошқачароқ тушуниш лозим. Халқимиз, одатда, беш ёшлардан ўсмир ёшигача бўлган болаларни “ўғилча” деб атайди. Навоий “ўғилчилай асрабмен” иборасини ишлатганда, ўғилчалигидан – болалигидан асраб тарбиялаганман демоқчи бўлган.

Навоийнинг иккинчи фарзанди Ҳожи Муҳаммад исмли йигит бўлиб, у ҳақда шоирнинг шундай эътирофи берилади: “Машҳаддиндур, кўпроқ авқот бу фақир била мусоҳибдур ва фарзанд ўрниғадур, балки андин ҳам азизроқ”. Ҳожи Муҳаммад Навоийнинг истеъдодли, садоқатли ва меҳр-оқибатли шогирди бўлиб, унинг тавсифланган фазилатлари шоирда оталик туйғуларини уйғотганлиги изоҳланади.

Шоирнинг учинчи асраб олган фарзанди Мир Ҳайдар бўлиб, у ҳақда Навоийнинг шундай эътирофи зикр этилади: “Сабуҳий тахаллус қилур. Ота отадин бу даргоҳнинг бойриси, балки туғмасидур. Бу фақирға шиддати қаробатдин фарзандлиғ нисбати бор”. Сабуҳий тахаллуси билан шеърлар ёзган бу йигит ҳам Навоийнинг ўз қариндошларидан, аниқроғи, жияни бўлиб, унинг авлод-аждодлари улуғ шоир даргоҳининг садоқатли фарзандлари бўлганлар. Албатта, Навоий кейинги йигитларни Мир Иброҳимдек фарзанд сифатида асраб ўстирмаган, фарзандим деб такаллуф юзасидан айтган бўлиши ҳам мумкин. Навоийнинг назари тушган ва унинг тарбиятида камол топган бундай ёшлар кўп бўлган.

Навоийшуносликдаги чигал муаммолардан бири шоирнинг нима сабабдан уйланмаганлиги бўлиб, у олимлар томонидан турлича талқин этиб келинмоқда. Профессор А.Абдуллаевнинг қатъий иқрор этишича: “Уйланиш ва аёл зотига интилишни унинг маслаги, мафкураси ва тариқати кўтаролмасди ва у умр бўйи ёлғизликда, аммо Аллоҳ ҳамроҳлигида яшади. Сўфиёна поклик ва Аллоҳ дўстлиги шоирни(нг) уйланишини манъ этиб, унинг жисму жонига ҳузуру ҳаловат ва нуру зиё бахш этди. Улуғ шоир Аллоҳ сифатларини касб этиб, комил инсон бўлиб, бир умр Унинг ўзи каби фарду мужаррад (танҳо ва ёлғиз) ўтди”. Олим ушбу хулосасини XIII аср мутасаввуфи Азизиддин Насафийнинг “Зубдат ул-ҳақойиқ” асаридаги “ваҳдат йўлига ғов бўлган тўрт тўсиқдан биттаси “оила (хотин)га боғланиш” эканлиги” фикри билан асослайди. Унингча, Навоий вужудини пок сақлаш ва ваҳдатга эришиш учун “нафси аммора” билан курашиб, уни тор-мор қилишга муваффақ бўлган”. “Нафси шаҳвонийни қаҳрамонларча мағлуб этган”. Олим Навоийнинг уйланмаслиги сабаби жисмоний асосга эмас, балки ғоявий, мафкуравий, ахлоқий асосга эгалигини илмий жиҳатдан тўғри ёритиб берган.

Навоийшунос олим Қодиржон Эргашевнинг “Ўзбек насрида иншо” рисоласи диққатга сазовор тадқиқотлардан бири бўлди. Унда мавзу Алишер Навоийнинг “Муншаот” асари асосида ёритилган. Тадқиқотнинг 1-бобида иншонинг Шарқ адабиётида тутган ўрни ойдинлаштирилган. Ҳозирги замонда иншо деганда фақат таълим тизимида ёздириладиган ёзма иш тури тушунилади. Қадим Шарқда эса иншонинг маъно миқёслари кенг бўлган. Ўзбек мумтоз адабиётидаги мактубларни, хусусан, Жомий ва Навоийларнинг муншаотларини ўрганиш бошланганидан кейин, замондошларимиз иншонинг мактуб-хат маъносини ўзлаштирдилар. Рисоладан иншонинг бошқа, биз билмаган турлари ва луғавий маъноси ҳақида қуйидаги сингари янги маълумот олиш мумкин: “… “иншо” сўзининг луғавий маъноси “яратиш”, “ижод қилиш” демакдир. Иншо атамаси ҳам анча кенг маънода қўлланар, ёлғиз мактубларни билдирмай, бошқа расмий ёзишмалар, хон, султонларнинг фармон ва ёрлиқлари, турли давлат ҳужжатларини ҳам англатар эди”(6-7-бет). Қадимий қабр тошларидаги битиклар ва ҳукмдорларнинг ғалабаларини эълон этувчи фатҳномалар ҳам иншо деб юритилган. Давлат девонларидаги мирзо ва котибларнинг мансаб номлари “мунший” деб аталган. Муншийлар жамоасининг бошлиғи, яъни бош мунший “сармунший” деб номланган. Хуллас, мунший иншо санъатини юксак даражада ўзлаштирган ва у билан машғул махсус хизмат вазифасига эга касб эгаларини ҳам англатган. Иншо ёзма нутқ маданияти ва оғзаки нотиқлик санъати юксак даражада шаклланган шахсларда камол топган. “Фалон кишининг иншоси билан битилган”, “иншоси яхши”, “иншоси машҳур” ибораси сайқалдор ёзма услубни ифодалаган. Бу ҳолда иншо фикр, мазмунни равон, равшан, тушунарли, чиройли баён этишни англатган. Муаллифнинг таъкидлашича, Шарқда “Яхши иншо ҳар қандай асарни безайди, деб ҳисобланган”(11-бет). Иншо санъати усталаридан шоир ва ёзувчилар, дипломатлар, давлат арбоблари, донишмандлар етишиб чиққан.

Шарқда иншо дипломатик нутқ моҳиятига ҳам эга бўлган. Шарқона дипломатия эса, табиийки, сирли, сеҳрли ифодани, донишмандларча эҳтиёткорликни тақозо этган. Қ.Эргашев таъбири билан айтганда: “Санъатлар, бадиий воситалардан имкони борича фойдаланиш расмий иншолар учун ҳам, шахсий ёзишмалар учун ҳам бирдек хос эди. Бу тамойилнинг кучайиб бориши натижасида иншоларнинг услуби мураккаблашиб борган. Мактуб муаллифининг мақсади ҳам кўпинча пардали иборалар, рамзу ишоралар орқали изҳор қилинган. Аксар ҳолларда иншонинг нима муносабат билан ёзилганлигини ҳам аниқлаш қийин бўлиб қолган. Ўша даврда иншо қанча тушунарсиз бўлса, шунча яхши, деган қараш ҳам бўлган” (24-бет). Қизиғи шундаки, Қ.Эргашев ҳамфикр бўлган улуғ шарқшунос олим – Адам Мец: “Умуман, риторик аксессуарлар мактуб мақсадини шунчалик пардалаб қўядики, уни аниқлаш учун анча заҳмат чекишга тўғри келади” деса, Е.Э.Бертельс: “Аниқ-равшанликни давр услуби талаб қилмас эди – мактуб анчайин тушунарсиз бўлиши мумкин эди, у эффектли нутқ оборотларини ўз ичига олса, кифоя эди”, – деб ёзган.

Шу пайтгача Навоий мактубларини ўрганган олимлар С.Ғаниева ва Ю.Турсунов иншоларни мазмуни ҳамда услубига кўра замонавий тасниф этган эдилар. Қ.Эргашев эса уларни ўзига хос хусусиятларига кўра – мурофия, муросала ва риқоъ йўсинида битилган хатлар тарзида тарихий тасниф этиб ўрганган.

Ўтган асрнинг етмишинчи йилларида навоийшуносликда Навоийга ноқобиллик қилган фарзанд Мир Иброҳим деган фикр эътироф этилган эди. Бу фикр беш томлик “Ўзбек адабиёти тарихи” тадқиқотида акс этган ва ҳанузгача ўз кучида турган эди. Қ.Эргашев Навоий мактубларини бошқа тарихий манбалар билан қиёслаб, синчиклаб ўрганар экан, унинг таржимаи ҳолига оид мисқол-мисқол янгиликлар топади ва мушфиқ шоирнинг “ноқобил фарзанд”и бошқа киши эканлигини аниқлайди. Бу ҳақда олим: “Шоҳқули исмли ғижжакчи ҳақидаги маълумотни ўқиб, мен мазкур мактуб шу одамга ёзилган, олимларимиз кимлигини аниқламоқчи бўлган “ноқобил фарзанд” шу киши, деган хулосага келдим”, дейди ва Хондамирнинг Шоҳқули ҳақидаги маълумотини келтиради. Қ.Эргашевнинг бу камтарона тузатиши йирик навоийшунос олимларимиз томонидан қабул қилинди.

Шундай қилиб, Навоий тарбиятида камол топган ва навоийшунослик тан олган фарзандлар сони тўрттага етди.

Навоий ўз назарий қарашлари, амалий фаолияти ва шахсий турмуш тарзида ўзигача бўлган тасаввуф тариқатларининг энг яхши хусусиятларини синтезлаштирган. Масалан, у жавонмардлик (футувват) тариқати нуқтаи назаридан олижаноб жавонмард ва фатий бир зот бўлган. У машҳур фарди:

Мурувват барча бермакдур, емак йўқ,
Футувват барча қилмакдур, демак йўқ, –  

даги инсонпарвар ва халқпарвар ғояга, аввало, ўзи амал қилган. Жуда кўп тарихий манбалар ва тадқиқотларда, хусусан, филология фанлари доктори Шуҳрат Сирожиддиновнинг “Алишер Навоий. Манбаларнинг қиёсий-типологик, текстологик таҳлили” номли янги монографиясида ҳаққоний ёритилганидек: “Алишер Навоийнинг хайрия амаллари, бунёдкорлик фаолияти, уламо ва фузалога кўрсатган беҳад мурувватлари, фақиру ғарибларга пуштипаноҳлиги ҳақида ўз замонасидан ҳозирги давргача бетўхтов гапириб келинмоқда. У қурдирган Халосия хонақосида ҳар куни мингдан ортиқ фақир ва мискинлар зиёфат қилиниб, лазиз таомлар билан тўйдирилган. Ҳар йили муҳтожларга икки мингга яқин пўстин, босма чакмон, кўйлак-иштон, тоқия ва кафш улашилган. Машҳадда Имом Ризо боғида Дор ул-ҳуффоз қурдириб, ёнида ҳар куни муҳтож, заиф ва етимларга овқат бериш учун махсус уй солдирган…(Ахир, бу яссавиядаги: “Оқил эрсанг, ғарибларни кўнглин овла, Мустафодек элни кезиб етим ковла” таълимотининг нақд амалий ифодаси-ку! – Н.Ж.) Давлатшоҳ ўн иккита иншоот ҳақида гапириб ўтса, Хондамир юздан зиёдроқ хайрия бино ва иншоотларини, шу жумладан, ҳовуз ва кўприкларни санаб ўтади. Фахрий Ҳиротий “Амир Алишер 370 хайрия биносини қурган” деб умумий тарзда ҳисоб қилса, Сом мирзо бу сонга аниқлик киритиб, “уч юз етмиштадан тўқсонтаси работлардир” дейди”. Янада қизиғи шундаки, мазкур тадқиқотда таъкидланишича, тарихчилар буюк амирнинг шахсий ҳаёти ва амалий фаолияти билан боғлиқ кўп ибратли ишларни Навоийнинг ўз топшириғи ва раъйига қараб ошкор этмаганлар. Ана муруввату, мана футувват! Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда Алишер Навоий ижодиёти, шахсияти ва дунёқарашини ўрганиш юзасидан майдонга келган янгиликлар Навоий адабий сиймосини бирмунча янгича тасаввур ва тасвир этишга асос беради. Бироқ, ҳамон кенг халқ оммаси тасаввурида Навоийнинг адабий сиймоси “Алишер Навоий” драмаси ва бадиий филмидаги даражада турибди. Илмий тадқиқот натижалари ўз ҳаётий татбиқини кутмоқда. Илмдаги янгиликларни бадиий адабиётга олиб кириш ва улуғ мутафаккирнинг янгича адабий сиймосини жонлантириш фурсати етди, назаримизда. Бу соҳа ёзувчи ва драматургларимизнинг янги ижодий изланишларига муҳтож бўлиб қолмоқда. Айни вазияда юқори савияли бадиий, илмий асарлар яратиш, уларни таълим-тарбия жараёнига тадбиқ этиш бугуннинг долзарб масалаларидан биридир.

Нусратулла Жумахўжа, филология фанлари доктори

“Жаҳон адабиёти”, 2013 йил, 2-сон